«Кимсан» исмимнинг маънисига келсак, инс-жинсларнинг номи экан. Маълумки, инс-жинсларнинг қўними бўлмайди. «Ўғлим кўчанинг боласи бўлсин, касбимни эгалласин», деб отамиз шу шарифни каминага маъқул кўрганлар.
Бизнинг уруғ ёш бўлса, иккала лунжида қуртобаси бордай, кекса бўлса, сузмахалтадай лунжи осилган бўлади. Сабаби — уруғнинг бари карнайчи. Қариндошларимизнинг карнай чалишини кўрмабсиз, дунёга келмабсиз. Ҳар лунжларки, кўк бедага тўйган сигирнинг қорнидек икки томонга чиқиб-чиқиб кетади.
Отамиз, икки укам билан баҳоли қудрат насибамизни териб еб юргандик. Одамлар айтишдики, «Бундай қилиб юрманглар, бирор жойда ўқиб, ҳужжат олинглар. Ҳужжатинглар бўлмаса сизларни карнай чалдирмай қўйишади», деб. Биз ҳам бўш келмадик: «Ота-боболаримиз карнайчи ўтган, буни эл‑юрт билади, қолаверса, лойтомни устига чиқиб бир карнай чалайликки, оҳангидан отлар кишнасин!», «Бе, у замонлар ўтиб кетган, эндиликда ҳужжатсиз мардикорчилик ҳам қилолмайсан. Ҳатто одамнинг одамлигини аниқлашгаям ҳужжат суриштиради. Сал гумон туғилса, қўйни қўрага ҳайдагандай темир қўрага қамаб қўяди».
Одамларнинг гапи таъсир қилдими ёки кейинчалик тўнғичимнинг тирикчилиги ҳужжатсиз қийин ўтмасин дедими, отам авжи тўйлар қизиганда кўзни чирт юмиб ўқишга юборди. Ўқишга келдим. Консерваторияда тумонат одам. Ўқишга кирадиганлардан кўра унга қизиққанлар кўп, камига имтиҳон оладиган уйнинг кўчага қараган деразаси ланг очиқ. Йўловчилар ҳам ичкарида маймун ўйнатаётгандай тирбанд туриб олишган. Коридорда нафас олиб бўлмайди. Кенг ерда юриб ўрганиб қолганмиз, бир зумда шўрва ичган одамдай терга пишиб, кўйлак баданга ёпишиб бўлди. Тезроқ кириб чиқай, десам қўлига қизил боғлаган уч-тўртта талаба йигит ҳадеганда ўтказавермади. Жаҳлим чиқиб қолган экан, бор-э, дедиму карнайни ғилофдан чиқариб, «анжан полка»га чалиб тўғри имтиҳон оладиган хонага ўтиб кетавердим. Тартиб сақлаётган йигитлар пулини киссавурга урдирган одамдай ортимдан «ҳайҳай» лаганча қолди. Остона ҳатлаб ичкарига кирсам, карнайимнинг вата-вангидан имтиҳон олаётганлар ҳам, имтиҳон топшираётганлар ҳам ҳайрон бўлиб, менга қараб қолишди. Баъзилари ўзларини четга олди. Бир аёл урасолиб ташқарига қочиб чиқиб кетди. Кўзойнак таққан биттаси бир зумда мелиса бошлаб келди. Индамасам карнай-парнай билан қўлни қайриб, машинасига тиқадиган. Карнайни ғилофга жойладиму тўрда ўтирган катта домлага ялиндим:
— Ака, биз ҳам умид билан келганмиз. Карнайчининг боласи одаммасми? Ёмон кўрганни мелисага тутиб бериш эканда-а? Бари таниш-билишларингни рўйхатнинг олдига ёздирибсизлар. Биз орқада.
— Фамилиянгиз?
— Қаҳҳоров.
— Алфавит билан-да, ука!
— Бунақа экан, нимага олдинроқ айтмадинглар. Билганимизда Абдуллаев ёздириб келардик биз ҳам.
— Аттестатниям ёздириб келмаганмисиз, мабодо?
— Йўғ-э, ўзлари ёзиб беришган.
— Ўзи нимага келувдингиз?
— Ўқишга-да, ўқишга! Карнайчилик ҳунаримиз бор. Шаҳрисулувнинг Карнайчи қишлоғиданмиз. Ҳамма ўқиётганига биз ҳам бир ҳавас қилиб келувдик. Аслида ҳозир тўй мавсуми, уёқ-буёққа борадиган пайт ҳам эмас. «Ўқисанг ўқи!», деб отам ҳам зўрға жўнатди.
— Нотани биласизми?
— Биламиз-да домла. Мамлакат бошлиқлари берадиган нотами?
— Карнайни соладиган нота!
— Домла, энди хафа бўлмайсиз, қишлоқчилик, биз карнайни ғилофга соламиз. Бундан буёғига нотага солсак солаверамиз-да, асакамиз кетармиди.
Домла кулди:
— Карнайни эмас, куйини.
Куйиниям соладиган идиш бор экан-да, деб бошим қотди. Йўқ, яхши муаллим экан, мелисага бермади, ҳаммасини ўзимга тушунтирди. Ҳужжатларимни қайтариб олдим.
Қишлоққа қайтганим замон вилоятимиз марказидаги мусиқа билим юртига бориб нотани ўргандим. Мен йўқ, отам кучли-қувватли бир карнайчига мустарим бўлиб турган эканлар. Ўқишга киролмаганимдан суюниб, тўйларга бошлади. Қарасам, яна тўйга қизиқиб нотани эсдан чиқарадиганман. Қўшнимиз рассом Рафиқни ишга солдим. Жамики биладиган куйларимнинг ҳар биттасини биттадан чойшабга ёздирдим. Кимнинг тўйига борсам, тўй эгасининг деворига нота ёзилган чойшабни михлаб, ўшанга қараб чаламан. Мендан кейинги укамни ҳам бўйи чўзилиб, мўйлови сабза урган. Укамнинг оғзи карнайда-ю, кўзи меҳмонга келган қизларда. Унга ҳавасим келади. Мен тўй тугагунча чойшабга тикиламан. Олдинига бу иш қийин кўчди: одамлар ўрганмаганда! Чойшаб ёйиб қўйсам, куёвқайлиқ бу ёқда қолиб, одамлар менинг чойшабимни томоша қилишади: «За-ап чиройли палак эканда, шу гулни бахмалга урганда борми, роса айтарди-да, а?»
Одам боласи бир нарсага ўрганмасин экан. Олдин нотасиз ҳам чалиб юрардим, шундан кейин нотага қарамасам, чалолмайдиган қилиқ пайдо бўлди. Одам йиғилгач, томоша қилиш бошланадию чойшаб тўсилиб, мен нотадан чиқиб кетаман. Куй укамникига мос келмай, отамдан сўкиш эшитаман.
Одамларни нота ёзилган чойшаб палак эмаслигига ўргатгунча она сутим оғзимга келди. Қайси тўйга борсак, мезбонлардан бири қўлида гаврон билан бизнинг чойшабни қўриқлайди, бола-чақа, қиз-жувонларни яқинлатмайди.
Шундай қилиб, нотаниям ўргандим. Келгуси йили консерваторияга ҳам ўқишга кирдим. Энди ҳам кимсан-карнайчи, ҳам кимсан-студентман. Қишлоқда бошқа биров консерваторияда ўқимаган, обрў дегани олам-жаҳон. Аввалгидай карнайчи бола дейиш йўқ. Тухумдан чиққанигача студент дейишади.
Шу десангиз, ўқиш дегани бир бемаза нарса эканки, асти қўяверасиз. Бўлар бўлмасга қаердаги карнайга алоқаси йўқ китобларни ўқитади, ёздиради. Жуда зада бўлган эканман, биттаси тўйга айтиб келиб қолди. Уч-тўртта бешик тўй, келинтуширдилар бор экан. Бор-э, дедиму карнайни елкага ташлаб жўнавордим. Уёқни одамиям ўзимизга ўхшаган меҳмондўст экан. Сийласа юраверибман, ўқиш эсда йўқ. Салкам бир ой деганда машинага солиб, оламжаҳон ховадор, нимталанган қўй билан ўзлари ташлаб кетишди. Энди ўқишдан ҳайдалсам керак, деб ўйлаб, яхшироқ ном қолдирмоқчи бўлдим. Кетар жафосига ичаклариям музика чалиб чарчаган талабаларни ўша куни хурсанд қилдим: қўйни тарқатдим, зориққанларга уч-тўрт сўмдан улашдим.
Эртасига бизнинг ҳотамтойлик консерваторияда хўп овоза бўлибди. Ётоқхонадан кетишга тайёргарлик кўраётсам, «Қани, бизга атаганингни узат!», деб хонамга декан кириб келди. Ҳазиллашяпти, деб эътибор бермабман. Бир маҳал талабалар уюшмасининг муовини мени коридорга имлаб чақириб, «Домланинг улушини бер, бўлмасам ўқишдан ҳайдаласан», деб қолди. «Домлаям оладими?» десам, «И-е, шулар олади-да, сен нима деб ўйловдинг?!» дейди. «Ўқишда қолсам ҳисоб, бошқа нарса керакмас», дедим-да, ховадорга тушган пулнинг ярмини йигитга узатдим. Мен ташқарида қолдим, у кириб кетди. Анчадан сўнг домла кулиб чиқди:
— Эртадан дарсга боравер!
Эртасидан ўқишга қатнайвердим. Студентларни ҳисобламаганда, биров суриштирмадиям. Ҳатто ўқитувчилар менга илғор талабадек қараб, гапини тасдиқлатиб оладиган одат чиқаришди. Имтиҳонлардан сал оқсагудек бўлсам, фурсатни қўлдан бермай, дарров деканни «зиёрат» қилиб чиқаман. У ҳам хурсанд, мен ҳам. Шаҳарда нима кўп — одам кўп, нима кўп — тўй кўп, менинг вақтим кўп. Эшитган тўй борки, бегона қилмадим. Ўзим студентман-у, ҳар замонда отамга пул жўнатиб тураман. Ҳашпаш дегунча консерваторияни қизил диплом билан битирдим. Бошимда шляпа, бўйнимда галстук, маълумотим олий, мутахассислигим карнайчи. Мени мусиқа министрлигининг пуфлаб чаладиган асбоблар бўлимига ишга юборишди. Студентликда жамғарган пулим бор эди, кооператив уй сотиб олдим. Қишлоғимизда нотам ёзилган чойшабни томоша қилиб юрган қизалоқларнинг бўйи етиб қолган экан, шулардан биттасига уйландим. Эшитган қулоқ борки, бунақа студентни энди кўришимиз, деб тонгирқайди.
Мусиқа министрлиги менга кўп маъқул тушмади. Ўзимни ўзим роса койидим. Ҳақиқатан, нима қилардим қизил дипломга битириб? Декан сўраганида бизга кўкиям бўлаверади, деб қўявермайманми. Менга ким қўювди, бўлганига яраша қизил бўлсин, дейишни. Оқибати нима бўлди, қизил дипломга битирди деб, министрликка ишга юборишди. Кунимиз қуруқ ойликка қараб қолди, на бир тўйга бориб бўлади, на бирор ердан кирим бор. Номи улуғ супраси қуруқ. Айниқса, шу кунларда олий маълумотли бўлса ўзини тўйидаям ашула айтолмайди. Сен отарчисан, деб «Муштум»да дўмбира қилиб, уриб чиқишади. Министрликда ишлайдиганни-ку, гапирмасаям бўлади. Тағин-қайта талабалик йилларим, қишлоқда юрганларим кўзимга суртгудек яхши кўринди. Дўппимни олиб, мундоқ ўйласам, министрнинг декандан нима фарқи бор, унинг оғзи йўқ, деб биров кафолат беролмайди-ку. Дарҳол ишга киришдим. Хотинининг туғилган кунига кишибилмас бир донагина узук совға қилдим.
Орадан озгина вақт ўтиб, министрлик ҳайъати пуфлаб чалинадиган чолғу асбоблар бўлимининг катта инспектори сурнайчи Сувоновни ўз ишига номуносиб топиб, мени унинг ўрнига лозим кўрди. Министр ўз қабулига чақириб:
— Табриклаймиз янги лавозимлар билан. Асли сиз катта инспектор бўлишингиз керак экан. Мутахассислигингиз шуни тақозо этади. Пуфлаб чалинадиган асбобларнинг каттаси карнай бўлгач, унинг эгаси ҳам катта бўлсин-да, нима дедингиз? — деб қолдилар.
— Мутлақо тўғри ўйлагансиз! — дедим севинчимни ичимга сиғдиролмай.
Министр билан алоқамиз яхшилангач, менга унинг атрофидаги катталар ҳам дуппа-дуруст мурожаат қиладиган бўлишди. Ўша катталардан биттасининг ўғли бизнинг консерваторияни энди битираётган экан. Акахонимизнинг ўғиллари — укахонимизнинг мутахассислиги скрипкачи. Бахтга қарши министрликнинг торли асбоблар бўлимида бўш ўрин йўқ эди. Шу боис уни пуфлаб чаладиган бўлимга ишга жойлашни таклиф қилдим. Йигитча ишни бошлаб юборди. Шундан менинг ҳам ишим юришгандан юришди. Бўлим мудири, бошқарма бошлиғи, министр ўринбосари. Йигитча ҳам менинг ортимдан суриб кўтарилиб келар, бизга ҳеч ким тўсқинлик қилолмасди. Энди министрликни эгаллаш қолганди, холос. Бу анча қўл тутди. Уни ишдан олишга фактлар етарли эмас экан. Бу иш менга топширилди. Министримизнинг касби чилдирмачилик бўлиб, чилдирмачиликнинг ривожланишига кенг шароит яратилган. Телевизорларда чилдирма, радио — чилдирма, магазинлардаги чилдирмаларни айтмайсизми, ҳар хилидан бор. Озиқ-овқат магазинида ҳам бир-иккита осиғлиқ туради.
Яхшилаб қидирсанг камчилик топиларкан. Коллегияда ўзим сўз олиб, министримизни чилпарчин қилиб ташладим. Кейинги пайтда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, хусусан, гўштнинг камайиб кетишига чилдирмакашларни айбдор, деб санадим. Чунки бир пайтлар, яъни «акамиз» шу лавозимга ўтиргач, доирага эътибор ошди. Жамики ҳайвонлардан сўйилиб, терисидан чилдирма ясашга киришилди. Нене отларимиз, не-не қўй-эчкиларимиз, қанчадан-қанча чўчқаларимиз сўйилиб кетди. Натижада ҳозирги кунга келиб гўшт маҳсулотлари кескин камайди. Бунда шубҳасиз мусиқа министрининг кечирилмас айби бор. У шуларга бефарқ қараган, — десам залда ўзим аввал тайинлаб қўйган одамларим қарсак чалиб юборишди. Сўнг ниятимга етдим. Министр бўлдим. Жамики таниш-билишлар табриклагани келишди.
Бир Комил деган жияним политехника институтини битириб шаҳарда қолган эди. Анчадан буён ишидан нолиб юрарди. Хурсандчиликнинг шарофатидан шу йигитга, сенбоп иш топиб бераман деб мақтанворибман. Эртасига берган ваъдам эсга тушдию консерваториянинг ректорини кавлаштирдим. Суриштирсам, ҳайвонларнинг дўхтири экан, мусиқа соҳасига тўғри келмайсиз, деб ариза ёздирдим. Ўрнига Комилни ректор қилиб тайинладим. Қарасам, ҳамон чилдирманинг уни ўчмаган, ҳамма ёққа сим қоқтирдим. «Нима сизларга карнайнинг овози ёқмайдими?», деб қўйдим, вассалом. Қарабсизки, карнайни куни туғди. Эрталабдан радиода карнай марш қилади. Телевизорда карнайсиз концерт йўқ. Бир композитор «Муножот»ниям карнайда айттирди. Туғилган кунларгача карнайсиз ўтмайдиган бўлди. Тўртта одам тўпланди — карнай чалинади. Қайсидир бир жойда азада ҳам карнай чалворишибди. Карнайчиларнинг обрўсини кўринг, тўйларда аввалгини сингари навбат талашишлар йўқ. Карнайчилар келди, дейишса тамом, бошқалар микрофонларини йиғиштиришиб, секин ғойиб бўлишади. Ҳар карнайлар ясалдики, қараб тўймайсан. Одамлар бир-бирига карнай совға қиладиган бўлиб кетишган. Ўшандан биттаси ҳозир менинг уйимдаям бор, нақд икки газ келади. Уч киши ушлаб турса зўрға чаласиз. Қўйингки, карнайчилик борасида бурилиш ясадим.
Кунларнинг бирида мени ишдан олишди. Қайтар дунё экан, айбимни ўринбосарим, ўзимнинг укахоним — скрипкачи топди. Ҳайъат мажлисида консерваториянинг аввалги ректори нотўғри ишдан олинганлиги, янги ректор политехника иститутини битирганлиги учун мусиқани техникалаштириб, жозибадан маҳрум қилганлиги айтилди. Ва яна қўшимча қилиндики, карнай ҳаддан зиёд кенг тарқалганидан одамлар уйғониб кетяпти эмиш. Халқнинг уйқуси бизнинг тинчлигимиз экан.
Мажлис тугаб, хонадан чиққанимизда радиодан скрипканинг майин овози эшитиларди.
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 1-сон