ёхуд тортмаларда қолган номалар
Бу дунёда кимгадир икки энлик мактуб ёзмаган ёки кимдандир нома олмаган кишини топиш қийин бўлса керак. Ёзув инсоният ўйлаб топган энг буюк ихтиро экан, ундан умри давомида ҳамма ҳам, албатта, фойдаланади. Ўн тўққизинчи асрда Европада мактуб шаклида ижод қилиш урф бўлган.
Беҳбудий ўзининг “Хат ёзмоқ шартлари” мақоласида бадиий асар ёзишда бўлгани каби, хат ёзишда ҳам маълум қоида ва шартларга амал қилмоқлик лозимлигини уқдиради: “Хат бориб тегадургон одамни мулоҳаза қилиб, они фаҳм ва билишиға мувофиқ ёзмоқ лозим. Хатни камсўз, серъмано ёзмоқ керак. Ғазаб ва хафалик ва ё ниҳоят хурсанд ва беҳушлик вақтинда хат ёзмай, ҳолоти даражи эътидолға келганда мактуб ёзмоқ авлодур”.
Ғайбулла ас-Салом ва Сайди Умировнинг “Толибнома” китобида қуйидагиларни ўқиймиз: “Мактубнавислик ўзи бир санъат. Иншо, муншаот ҳам ижод. Абдураҳмон Жомий ҳамда Алишер Навоийларнинг бир-бирларига ва бошқа азиз инсонларга ёзган мактублари ниҳоятда нозик ва зариф, нуқтадонлик ва меҳрибонлик туйғулари билан суғорилган. Биз бу сингари инсонлардан улар ёзиб қолдирган бениҳоя гўзал бадиий асарлари учунгина эмас, балки бир-бирларига ёзган номаъи аъмол ҳамда хатлари, буларни жамлаб борганлари ва махсус мажмуа ҳолига келтириб, биз авлодларга туҳфа этиб қолдирганлари учун ҳам тоабад миннатдор бўлишимиз даркор. Сабаби, юксак бадиий ижод соҳиблари хатда ёзиб бўладиганларни бошқа бирон восита билан айта олмас эдилар. Ҳолбуки, ижод қанчалик ижод бўлса, ижоднинг сирлари, ижодхона мўъжизалари, иқрор ва инкор, тасдиқ ва раддия, муҳаббат ва нафрат… буларнинг бари, аксарият, шу хатларнинг қатига битилган бўлади”.
Мутахассислар эпистоляр жанр маҳсули бўлмиш ёзишмаларни таниқли сиёсатдонлар, жамоат арбобларига очиқ хат тарзида ёзилган мурожаатлар, ижтимоий юкли танқидий-таҳлилий мактублар, жамият ҳаётига оид бирор муаммо, ҳолат ёки бирор хавф-хатардан огоҳ бўлишлик юзасидан шахсий, аммо очиқ, куюнчак мушоҳадалар, талабнома, раддия ва ишқий номаларга бўлишади. Бундан ташқари, жаҳон адабиётида, шунингдек, ўзбек адабиётида ҳам мактуб шаклида ёзилган, қаҳрамонларнинг бир-бирларига дил изҳорлари асосида битилган асарлар бағоят кўп.
Алишер Навоий ўзининг Самарқанд, Астробод ва бошқа шаҳарларда туриб, турли кишиларга йўллаган мактубларини тўплаб, “Муншаот” номи билан чоп эттиргани маълум. Тадқиқотчи Ҳ.Тўраевнинг ёзишича, Хўжа Аҳрор, Абдураҳмон Жомий, Алоуддин Аттор каби замон улуғларининг Алишер Навоийга ёзган мактубларидан иборат жами 594 та мактубни ўз ичига олган “Мажмуаи мураққаъ” (“Мажмуаи муросалот”) ҳам мавжуд. Унга киритилган Абдураҳмон Жомийнинг иккита мактуби матни қуйидагича: “Ҳожатмандлик баёнидан сўнг арзимиз шулки, (бу хат) эгаси мавлоно Луфтуллоҳ толиби илм, яхши ва фақир кишидур. Бирор иложи билан унинг ҳожатига яраша вақфдан баҳраманд қилинса, шафқат ва марҳамат шевасига лойиқ бўлур эди. Муваффақият ёр бўлсин. Вассалом”.
Иккинчиси: “Ҳожатмандлик изҳоридин сўнг арзимиз шулки, жаноб мавлоно Алоуддин Али Қушчининг аҳли оиласи Самарқанддан (Ҳиротга) етиб келдилар ва унинг орқасидан бормоқчилар. (Улар) йўл нишонига муҳтождирлар. Сиздан илтимос шулки, иноят кўрсатиб, бир ҳаракат қилсангиз, чунки улар тезроқ (оталарига) етиб олишни истайдилар. Сизга (Аллоҳнинг) кўмаги ёр бўлсин”[1].
Таниқли олим Очил Тоғаевнинг фикрича, “Муншаот”га киритилган мактублар “буюк адибнинг турли ҳолат ва вазиятлардаги кайфиятини реалистик акс эттирган ноёб тарихий ҳужжатлар сифатида ҳам ғоят аҳамиятлидир. Навоий хатларида ўз ватани, халқи ҳақидаги ғамхўрлик туйғуси билан яшаган, халқ аҳволини яхшилаш ҳақида кўп ўйлаган, ўз сиёсий тушунчаларига мувофиқ амалий тадбирлар тақдим этган гражданин шоирнинг оташин овози эшитилади”.[2]
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигида ишлаган кезларим газетага йўлланаётган кўпдан-кўп мактубларни ўқиб, турли ҳолатдаги муаллифларнинг оғриқли овозларини эшитгандай, аламли ҳис-туйғуларини сезгандай, дард-ҳасратларини тинглагандай бўлганман. Уларда халқнинг ошкора, жасоратли овози бор эди.
Адабиёт газетаси истиқлол йилларида журъатли эркин минбар бўлганига қарамай, таҳририятга келган барча мактубларни ҳам эълон қила олмаганмиз. Бунинг сабаблари кўп. Чунончи, 1991–1993 йиллар таҳририят учун ўта оғир бўлган. Бир томонда янги замон тарафдорлари, уларнинг ошкоралик руҳида ёзилган ҳаяжонли хат ва мақолалари, иккинчи томонда иккиланиб, “мийиғида кулиб турган” (Ё.Хўжамбердиев) эҳтиёткорлар, тинимсиз ўзгараётган вазиятдан шахсий манфаат йўлида фойдаланиб қолишга интилаётганлар ва яна шунчаки ўзини бир кўрсатиб қўймоқчи бўлганлар. Бир таниқли арбоб газетада Усмон Носир, Абдулла Қодирий ҳақида мақолалар эълон қилганимиз учун Марказқўмга шикоят қилиб, у ерда бош муҳаррирдан тушунтириш хати олишган эди.
Кўп хатлар олов мисоли эди, десам, муболаға бўлмас. Қамоқхонада ноҳақ ётган бир маҳбуснинг мактуби мазмунини “Қирқ бешинчи бекат” китобимда келтирганман. Ўша хат: “Яқинда муддатим тугайди, аммо мен бу ифлос дунёга чиқмайман, бировни уриб, бошини ёраман-да, муддатимни чўздириб, шу ерда қоламан”, деган сўзлар билан якунланган эди. Ўзганда содир бўлган фожиалар чоғи уч норасида фарзандидан жудо бўлган онанинг мактубига илова қилинган суратларни кўриш учун одамнинг юраги, жигари ва кўзлари пўлатдан қуйилган бўлиши керак эди…
Фақат шу эмас, мақтовлар, газетани қўллаб-қувватлаш, эркинлик нашидаларидан ғурурланиш, муҳаррирга маслаҳатлар, “думалоқ” хатлар, дўқ-пўписалар, таҳдидлар, писандалар… Эҳ-ҳе, хат деганингизнинг сон-саноғи йўқ эди. Уларнинг кўпларини сақлаб қўйганман. Йўқ, йиллар ўтиб кимларнидир изза қилиш, уялтириш учун эмас, миллий матбуотимиз шу яқин ўтмишда қандай оғир йўлни босиб ўтгани, истиқлолнинг дастлабки кезлари қандай кечгани, мураккаб вазиятларда ким ўзини қандай тутгани ҳақидаги тасаввуримиз хиралашмаслиги, бу йиллар барча-барчани ўз йўналишида улғайтирганини унутмаслик учун, албатта. Бугун, пандемия боис уйда қолиб, уларни варақлар эканман, шахсий муносабатлар доирасидан чиққан, умумий ишимизга бевосита дахлдор айрим мактубларни муҳтарам журналхонлар ҳукмига ҳавола этишни лозим топдим.
Мактуб ва мақолаларнинг барчасида муаллифларнинг имлоси тўла сақланган.
* * *
1973 йил. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетининг 5-курс талабасиман, айни чоғда республика ёшлар газетасида ишлайман ҳам. Газета муҳаррири Рустам ака Шоғуломов декабрь ойининг сўнгги кунларида менга жиддий бир топшириқ берди: Ўзбекистон халқ шоири Миртемир домла билан учрашиб, устоздан Янги йил мавзусида газета учун мақола ундиришим керак.
Бироз ҳаяжон билан домланинг уста Ширин кўчасидаги ҳовлиларини топиб бордим. Ҳовли ўртасидаги айвонда ёнбошлаб ётган эканлар. Салом бериб, ўзимни таништирдим. “Келинг, муддаойингиз не, бўтам?” дедилар. Айтдим. Гап орасида шоир Турсунбой Адашбоев билан бир жойдан эканлигимни қўшиб қўйдим. – “Турсунбой ўзбекми ё қирғизми?” деб сўраб қолдилар.
– Ўзбек, оталарининг исми Адашвой тоға, – дедим.
– Ҳа, қирғизларда Адашвой деган исм йўқ, дарвоқе, аммо қирғизчани роса келиштириб гапиради-да, – дедилар. Кейин: “Майли, бўтам, ноумид бўлманг, бир-икки кун мухлат берсангиз, бирор нарса қоралаб берарман”, деб мени хурсанд қилдилар.
Орадан уч кун ўтди. Домланинг олдига боришим керак, деб тургандим, кутилмаганда устоз баланд пиллапоядан аранг кўтарилиб, редакцияга келиб қолдилар. Хонада мақола таҳрир қилиб ўтиргандим, ҳамкасбим Мирзакарим Пирматов ҳовлиқиб кириб келди-да, “Аҳмаджон, чиқинг, Миртемир домла сизни сўраяптилар”, деди. Минг хижолат бўлиб, коридорга отилдим. Устоз нафасларини ростлаб, “Мана, бўтам, заказингизни бажардим. Кўрарсизлар”, дедилар.
Бундан роса қирқ олти йил аввал сариқ газета қоғозига қалам билан дона-дона қилиб ёзилган ушбу мақолани ҳануз сақлаб келаман:
“…Менинг биринчи шеърим 1926 йили шу “Ёш ленинчи” саҳифасида ёруғлик кўрганлиги ҳар гал ёдимга тушганда миннатдорлик туйғуларим тошиб кетади. Ундан олдин мен мактаб деворий газетасида (Ўлка ўзбек эрлар билим юрти, Тошкентда) қатнашардим. “Ёш ленинчи” у вақтда бир варақлик (икки бет) газета эди. Кейин мени газета редакцияси (комсомол топшириғи тарзида) ишга олди. Газета редактори Сотти Ҳусайн менга даста-даста шеъру ҳикоялар келтириб ташлар, мен улардан танлаб, қалам текказиб, яна газетага элтиб берар эдим.
“Ёш ленинчи” ёшларнинг энг жанговар ва суюмли газетаси эди (Ҳозир ҳам шундоқ, албатта). Ахлоқ, ғоявий пишиқ ўсишлари − тобланишлари, ҳунар эгаллашлари, савод олиш, билим чўққиларини эгаллашлари, аскарий хизмат, ватанпарварлик, синфий онг – ҳаммаси газета саҳифаларида ёритилар, шу важдан ёшлар дилига яқин эди. Айниқса, адабий машқларга ўрин берилар ва адабий кенгашлар ҳам, ҳар қалай, кам бўлмас эди.
Шундай қилиб, биринчи шеърим “Ёш ленинчи”да пайдо бўлди. Лекин талтайиш ва димоғдорлик биздан неча фарсах узоқда бўлди. Масалан, ўша вақтда менинг шеърларим ўз мактабимда ё ўлка қизлар билим юрти ё бошқа бир мактаб саҳнасида ким томонидандир ўқилар, мен бўлсам, ҳамма қатори орқароқда ўтирар (ҳамма қатори оёқяланг) ва эшитар эдим. Ҳозирги ўрганувчи қалам эгаларида кўринаётган ўринсиз кеккайиш ва довруққа ўта ўчлик бизда йўқ даражада эди. Шундоқ тарбияланган эдик-да. Мен қаламкаш дўстларимни ўша йиллардаги комсомолга хос камтарлик, адаб ва ёшликка хос ҳаёга ундар эдим. Ўринсиз ва асоссиз талтайиш – бу иллат. Камтарликда ва адабда гап кўп. Бу биринчиси!
Иккинчисига келсак – бу кўп ва узликсиз ўқиш, китоб қўймай ўқишдир. Фақат ҳикоя-ю романлар эмас, ҳамма соҳадан бохабар қилгучи, чинакам ўқимишли-зиёли даражасига кўтаргучи китоблар ўқишдир. Биз у вақтда, ўз тилимизда китоблар йўқлиғидан, татар ва озарбайжонча китобларни талашиб ўқир эдик. Кейин таталаб рус тилидаги китоб(лар)га ташландик. Шубҳасизки, катта бир хазинага йўл топдик. Рус тилини билиш – бемисол бой маданият хазинаси калитига эга бўлишдай бахтдир. Ҳозир китоб етгулик, ҳамма соҳадан. Фақат ўқиш етмайди, ҳа.
Китоблардан билим уфқи кенгаяди, ёзиш-чизишда маҳорат ўрганиш мумкин. Лекин ҳаётдан четда бўлсангиз, билим билимлигича қолади, китоб китоблигича қолади. Ҳаётга шўнғиш учун биринчи мактаб – журналистика мактабидир. Энг атоқли, энг суюкли замон адиблари газетачиликдан кўтарилгани эсингизда бўлсин. Бу – ишчи ёшлар билан қалин бўлиш, колхозчи ёшлар ҳаётини кўз узмай кузата билиш, каналчи, тупроқшунос, кимёгар, дарға, бинокор, бўёқчи ва талабалар ҳаётидан лавҳалар, очерклар ёзиш, бу – ҳаётга шўнғишнинг биринчи қадамлари. Ўша ёшлар дилига кира билсангиз, ёзганингиз замонавий мазмун касб этиши аниқ. Ишчи ёшлар ва колхоз ёшлари, талабалар билан қалинлик, суҳбатлардан ҳеч ким эшитмаган ва ҳеч ким ёзмаган воқеаларга бой ва китобийликдан соқит асар дунёга келади. Бу училамчи!
Гап асосан шеър устида бораяпти. Мен биринчи бор ёшлар матбуотида кўзга кўриндим. Ёшлар газетаси мени ҳамиша қўллаб-қўлтиқлаб келди… Ҳозир айтганим – ёшлар дилига кира билиш деган гап − бугунги саводли, юксак дид эгаси, маданиятли ёшлар дилини жазиллатадиган шеър ёзиш деган гап! Албатта, ўнғай эмас. Мен шу ёшга келиб, ҳали-ҳануз “Комсомольская правда”га меҳрим ва ҳурматим сўнган эмас. Бу газета саҳифасида ҳамма вақт янги ном ярқираб пайдо бўлади ва дилни овлаб кетишга қодир, пишиқ, жўшқин. Бу газетадан ўргана олинг, ўхшай олинг.
Албатта, бу ёрқинлик шеър устида узоқ ва узлуксиз меҳнатдан. Қофиябозликдан озод, қуруқ гапдан озод, чинакам замон куйи, бахт куйи, эртанги кунга ишонч куйи, меҳнат қўшиғи, ёруғлик ва ўктамлик қўшиғидай жаранг берувчи шеър ниятида тер тўкинг! Устозлар кўтарилган чўққиларга интилинг. Чинакам интилсангиз – етасиз. Одамзот қўлидан, айниқса, ёш заҳматкаш қўлидан келмайдиган иш кам! Фақат астойдил манглай тери тўка олинг. Дастгоҳ ёнидаги ишчидай, йил ўн икки ой тиниб-тинчимас қишлоқ йигитидай! Ҳабиб оға Абдуллаевдай, Обид оға Содиқовдай, Тўлан Дадажоновдай! Мана бу – тўртиламчиси. Ҳозирча шу менинг кенгашим.
Оппоқ қалин қор – оппоқ қутлуғ Йилбоши билан қутлайман. Миртемир.
1974. Январь, 4”.
* * *
1990 йилнинг 20 март куни Ўзбекистон халқ шоири Туроб Тўла вафот этди. Ўша кезлари Ҳамза номида бўлган ҳозирги Ўзбекистон Миллий театри фойесида марҳум билан видолашув маросими ўтказилди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор ушбу шеърни шу ернинг ўзида бир варақ қоғозга ёзиб, мендан уни “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да эълон қилишимизни сўради:
Дўст ўлимига
Мен сени тушимда кўрдим чамаси…
Умр йўлларида бахт, дард, тўлғаниш…
Қандай ажойиб туш бунинг ҳаммаси!
Ва қандай мусибат – бирдан уйғониш!
Менинг ҳам баргларим тўкилаётир,
Қувонч маст қилмайди чопса омадим.
Нотаниш ночорлик солар хавотир,
Сени ҳам ардоқлаб қола олмадим.
Мен нима, мен фақат шомда бир шивир,
Мен – она кўзида йилтиллаган нам.
Ёки турналарнинг видо қўшиғи…
Фақат уҳ деёлдим бугун тонгда ҳам.
Мана энди атрофимда бўшлиқ…
Қаламимни қайга қўйгандим?..
Қандай ажойиб туш…
Нега уйғондим!
* * *
Газетачиликда нималар бўлмайди, дейсиз. Аммо 1990 йилнинг 30 март сонида адабиёт газетасида эълон қилинган “Етти бор ўйланганми?” сарлавҳали танқидий мақоламизга Ўзбекистон ССР Савдо вазирлигидан келган жавоб хатини Гиннеснинг рекордлар китобига бемалол киритиш мумкин.
Мақолада бир гуруҳ нуронийларнинг Ўрда, Чорсу, Фарҳод бозори каби гавжум жойларда тадбиркорлар ишга туширган товуқ димламаси (“табака”) сотувчи дўконлар орадан кўп ўтмай ёпиб қўйилгани, нима учун шундай қилингани хўрандаларга тушунтирилмаётгани айтилган эди.
Республика Савдо вазирининг ўринбосари имзо чеккан рус тилидаги жавоб хатида мақоламизнинг ”Етти бор ўйланганми?” сарлавҳаси “Семь раз женат?” деб таржима қилинган. Бундан ҳам қизиғи, жавобда товуқ димламасини тушунмай, аҳолига талаб даражасида бутерброд, кондитер, ун ва колбаса маҳсулотлари етказиб беришдаги мавжуд муаммолар айтилиб, мисол тариқасида касб-ҳунар билим юртлари ошхоналарини сосиска билан таъминлаш атиги 40 фоизга бажарилаётгани кўрсатиб ўтилган.
Мана сизга, ўзбек тилини чала-чулпа билишликнинг оқибати.
* * *
Ушбу мактуб хорижда яшаб қолган ватандошимиз Боймирза Ҳайитнинг Наманган вилояти Уйчи туманида истиқомат қилувчи ўғли Телмонжон Боймирзаевдан келган:
“Ҳурматли Аҳмаджон ака!
Севимли, сермазмун рўзномангизда чоп этилган ва “Мулоқот” ойномасидан олинган журналист Ислом Усмоновнинг Ғарбий Олмонияда яшовчи отам Боймирза Ҳайит билан қилган савол-жавоб анкетасининг айрим парчалари келтирилгани (“ЎзАС”, 1991, 7 июнь) ва “Ватан сизларники бўлгани каби меники ҳамдир” мақоласида битилган фикрларни газетхон(лар)га маълум этилиши шахсан мени – 50 йилдан ортиқ даврдан бери ота юзини кўрмаган ва менинг учун азиз, улуғ сиймо ҳисобланмиш отам тўғрисида илк бор хабарни билиш ва ўрганиш бахтига муяссар этдингиз, бунинг учун таъзим этаман, аминманки, қайта қуришнинг илк шабадаси эсаётган тарихий бир даврда, бозор иқтисодиётининг “мазаси” тортилаётган кунларда халқимиз барча йўқотган, эндиликда уларни топишга интилаётган бир пайтда сизнинг раҳбарлигингиздаги жонкуяр рўзнома олдимизда турган долзарб вазифаларимиз моҳиятини авом, тўғри, меҳнаткаш, имонли халқимизга ўргатмоқда.
Таҳририят аъзолари ва бу ишга бош-қош бўлганларнинг ҳамма-ҳаммаларига букилмас тетиклик, сиҳат-саломатлик, сабот, қаноат, қатъиятлилик тилайман ва қайта қуриш, ошкоралик йўлида ҳормай-толмай қилаётган меҳнат фаолиятингиз бардавом бўлишини ният қиламан. Иложи бўлса, ушбу мактубимни таҳрир билан рўзномангизда чоп этишингизни сўрайман. Тельмонжон 5.07.1991”.
* * *
Ушбу хат Чикагода яшаб қолган ватандошимиз Ғиёсиддин отадан келган:
“Ассалому алайкум!
Авваламбор, Сиз муҳаррирлик қилаётган рўзномага хат йўллаб, вақтингизни олаётганлигим учун маъзур тутинг. Мен асли насафликман (ҳозирги Қарши). Туғилган еримиздан, ота-боболаримиз нашъу намо сурган ердан чиқиб кетганимизга бу йил олтмиш сана бўлди. Олтмиш санадан бери Ватан орзуси қалбимизда яшади, бирор сония юртимизни унутганимиз йўқ, жисмонан хорижда бўлсак ҳам, қалбан Туркистонимиз, Ўзбекистонимиз, Қашқадарё бирлан бирга яшадик.
Ўтган йили рўзномангиз ўзбек олими Хайрулла Исматулланинг оиламиз ҳақидаги мақоласини босиб чиқарди (“Чикагодаги ўзбек оиласи”, 1991 йил, 1 февраль). Шу мақола босилиб чиққач, оиламиз Ватанимиз ўғил-қизларидан юзлаб самимий хатлар олди. Имкониятдан фойдаланиб, барча хат ёзган ватандошларга ташаккур айтмоқчиман! Шу сабаб, биз рўзномангиз мухлиси бўлиб қолдик.
1991 сана тарихий сана бўлди. Ватанимиз Мустақиллик эълон қилди! Бу қутлуғ айёмни биз қанчалик кутганимизни билсангиз эди. Буни сўз билан айтиб бўлмайди. Она юртимиз Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига қабул қилиниши ҳамда юртимиз байроғининг шу халқаро ташкилот олдида кўтарилиши эгилган бошимизни кўтаришга, дол бўлган қаддимизни ростлашга даъват бўлди. Ватанимиз босиб олинганидан кейин поймол этилган ғуруримизни тиклаш пайти келгани ҳақида бонг урилгандек бўлди. Халқимиз, сизлар қатори хорижий мамлакатларда бизга ўхшаб Ватан севгиси билан туну кун нафас олаётган миллатдошларимиз олдида турган эндиги вазифа мана шу Туркистонимиз, Ўзбекистонимиз мустақиллигини мустаҳкамлашдан иборатдир. Бир тан, бир жон бўлайлик. Ҳассамизни бир олдирдик, энди эҳтиёт бўлайлик. Йиқилганни суяш, хато қилганни тузатиш, беморга меҳр-шафқат кўрсатиш авлодларимизнинг ақидасидир. Биз ҳам шу йўлдан борсак, кам бўлмаймиз.
Ўзбекистонимизда бўлаётган буюк тадбирлар, ҳаракатлардан бизнинг оиламиз ҳам четда туришни ўзига эп билмади. Халқимиз топган гул, топмаган бир боғ пиёз, дейди. Қарайдиган кишиси йўқ, хаста қарияларнинг ёки ота-онасиз қолган гўдакларнинг корига ярар деган мақсадда оиламиз бир минг Америка доллари миқдорида маблағ ажратди. Биз бу пулни кимга юборишни сўраб Хайрулла Исматуллага мурожаат қилганимизда, у киши сизнинг рўзномангиз орқали ўзбек халқининг ўзидан маслаҳат сўрашни таклиф этдилар. Мазкур таклиф бизга маъқул келди. Сизлардан ўтиниб сўраймиз: оз бўлса-да кўпдек кўргайсиз. Бизнинг оиламиз ҳам савоб ишлардан четда қолмасин.
Ҳаммамиз мустақил Ўзбекистонга тезроқ бориш ниятидамиз. Фақат расмиятчилик бизни ушлаб турибди. Ҳужжатларимизни Ўрусия элчихонаси орқали тўғрилаш имконияти қийинлашди. Яқин кунлар ичида Америкада Ўзбекистон элчихонаси очилиши билан Ватанга ўзим учиб боришга тайёр турибман.
Яратганга минг бор шукур! Ватан тупроқларини кўзга суртадиган кунлар келди!
Сизларга Ҳақдан саломатлик, бахт-саодат, юртимизга фаровонлик тилаб қолувчи Ғиёсиддин Насафий. 16.03.92.
Кичик шарҳ: Ғиёсиддин ота Ўзбекистонга келганларида оила номидан ажратилган минг доллар пулнинг бир қисмини журналист Раҳматулла Шералиев билан биргаликда Қибрай туманидаги болалар уйига топширдик, бу хусусда туман газетасида кичик мақола эълон қилинди. Яна бир қисмига республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус савдо дўконидан тиббий жиҳозлар сотиб олиб, Ғиёсиддин ота туғилган Касби туманидаги қишлоқ медицина пунктини жиҳозладик.
* * *
1991 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг қурултойида уюшма “Ёзувчилар уюшмаси” ва “Адиблар иттифоқи”га бўлинди. Тафсилотларига тўхталиб ўтирмайман. Кўплар қатори таҳририят аъзолари учун ҳам мураккаб бир вазият юзага келди. Бир ижодий жамоамиз, аммо кимдир уюшма аъзоси, кимдир эса адиблар иттифоқи тарафдори. Газета икки ташкилот фаолиятини ўртада холис туриб ёритиши керак. Бу эса осон иш эмас. Нима иш қилиш кераклиги тўғрисида бош қотириб турганимизда ижодий ташкилотларни сиёсий тузилмалардан холи этиш тўғрисида қарор чиқиб қолди. Шу ҳужжатга асосланиб, таҳририят бошланғич партия ташкилоти фаолиятини тугатдик, жамоа аъзоларининг уюшма ва янги иттифоққа аъзоликларини вақтинча тўхтатиб туришни лозим топдик. Газетани мустақил нашр сифатида қайта рўйхатдан ўтказдик. Қуйидаги икки мактуб таҳририятга шу муносабат билан йўлланган:
“Ҳурматли бош муҳаррир!
Сизнинг ижозатингиз билан қуйидаги баёнотни муҳтарам ўқувчиларга маълум қилиб қўйишни ўз бурчим деб биламан:
Ҳафталикнинг ўтган йил (1991) 13 декабрь сонида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг конференцияси бўлгани ва унда уюшма ижодий кенгашларининг раислари сайлангани, жумладан, камина драматургия кенгашининг раислигига сайланганим ҳақида ёзилибди. Бундан мен орадан бир ойча вақт ўтгач ҳафталик орқали хабардор бўлдим, чунки сафарда эдим. Мендан сўрамай ғойибона сайлаб юборишибди. Ҳурмат-иззатлари учун ташаккур. Бироқ, ҳар томонлама ўйлаб кўриб, драматургия кенгаши раислигидан воз кечишга қарор қилганимни конференция қатнашчиларига ва жамоатчиликка маълум этаман.
Сабаб шуки, миллатимиз битта, Ватанимиз битта, давлатимиз битта, адабиётимиз битта, Навоийимиз битта бўлатуриб, бўлинган уюшманинг бир кенгашига бошчилик қилиш ҳаётий принципларимга зид экан. Ёзувчилар уюшмаси ҳам, адиблар иттифоқи ҳам, умуман, барча ижодий уюшмалар – фирқалар эмас, ҳамкасабалар гурунгидир. Балки яқин келажакда ҳозир биз тушунган маънодаги ижодий уюшмаларга ҳожат қолмас, ривожланган чет мамлакатлардаги каби клубларга айланиб кетар, бироқ Ўзбекистон мустақиллик йўлида илк қадамларини қўяётган шу мураккаб ва қалтис дамларда бирлик, ҳамжиҳатлик ҳар қачонгидан ҳам зарурдир. Шуни назарда тутиб, мен яна бир бор баралла айтаманки, Ёзувчилар уюшмаси билан Адиблар иттифоқи бирлашиши тарафдориман. Буни ҳаётнинг ўзи тақозо этяпти. Масалан, бирор ижодкор юбилейига, айтайлик, шоира Нодирабегимнинг 200 йиллигига тайёргарликни бўлинган ҳолда кўрмай, биргаликда ўтказиш самарали бўлиши турган гап. Ёки бўлмаса, қўшни ва олисдаги мустақил давлатларнинг адиблари билан ижодий алоқа ўрнатиш учун Ўзбекистондан расман Ёзувчилар уюшмаси қатнашадими ёки Адиблар иттифоқи вакил қилинадими?
Ёзувчиларни қайта бирлаштирувчи қурултойни ўтказишни ўз зиммасига олувчи бирор ҳомий топилса керак”. Абдуқаҳҳор Иброҳимов. 27.01.92”.
Шу мавзудаги иккинчи мактубни таҳририятга Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол йўллаган:
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”нинг шу йил (1991) 21 ноябрь сонида босилган “Бирлашиш учун… ажралиш” мақоласи ва фотосуратларни кўриб, аввал ранжидим: ёзувчилар орасида юз берган бўлинишни шу қадар кенг ёритиш шартмикин?.. Аммо ўқиб кўргач, бу фикримдан қайтдим. Нега десангиз, ўзи ўқиб, ўзи ҳукм чиқарсин учун ўқувчига имкон берилибди. Ўқувчи келадиган хулоса битта: бу гапларни айтиш учун ажралиш шарт эмас ва бу гаплар ажралишга баҳона бўла олмайди. Бўлинишга жиддий бир асос йўқ…
Масалага аниқлик, манзарага ойдинлик киритгани учун рўзномага раҳмат”.
* * *
Ушбу хатни менга 1992 йили АҚШнинг Колумбия университетида таниқли тарихчи олим Эдварт Оллворт ёзиб берган:
“Қарийб ўттиз йилдан бери Колумбия дорулфунуни идорасининг шарқий девори токчаларида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бу йил ва аввалги йилларда чиққан нусхалари сандиқларда авайлаб сақланади. Шунингдек, бу сандиқларда Ўрта Осиё ва Ўзбекистон илмий-маданий меросига оид жуда кўп қимматли манбалар ҳам ўрин олган.
Ўтган беш-олти йил ичида бу ҳафталикка ёзилган америкаликлар ўзлари учун ғоятда қизиқарли бўлган мақола ва рисолаларни ўқиб мамнун бўлмоқдалар. Шу давр мобайнида маълумотли ўзбеклар орасида мустақил ва теран фикр юритиш майллари кучайиб бораётгани сезилмоқда. Газета маданият, адабиёт ва меросга доир муҳиммотларни жиддият билан акс эттирмоқда. Саҳифаларида мазмундор суҳбатлар кўп. Мен ҳар сафар америкалик талаба ва олимларга икки нарсани кўзлаб албатта шу газетани ўқиш, ўрганишни тавсия қиламан.
Аввало, кимки замонавий ўзбек зиёлилари машғул бўлаётган мавзулар ва уларнинг қизиқиш доиралари билан танишмоқчи бўлса, албатта, шу ҳафталикни қўлга олиши керак. Иккинчидан, ўзбек зиёлиларининг фикр ва эътиқодлари ҳақида дунёдаги ҳар қандай ҳафталикдан кўра кўпроқ шу “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”дан ўқиб билиб олишлари мумкин.
Эдвард Оллворт
Колумбия дорулфунуни,
Нью-Йорк 1992 йил, 16 октябрь”.
* * *
1992 йили АҚШнинг Индиана университетида тадқиқотчи олим Виллям Диркс билан танишган эдим. Ўзбекчада анча дуруст сўзлайди. У билан қанча суҳбатлашсангиз, сизни шунча вақт сўроққа тутади: илмий ишлари мавзусига оид маълумотларга қизиқади, сўз ва ибораларнинг маъносини сўрайди, тушлик қилаётганингизда ҳам шундай. Ўзбеклар орасида ўсгандай, шева сўзларимизни қойиллатиб ишлатади. Муомаласи ёқимли. Орадан бир йил ўтгач, ундан қуйидаги мактубни олдим. Ўзбекистонда туғилиб ўсган, аммо бир оғиз ўзбекча билмайдиганларга сабоқ бўлсин деб, Америкада қанча пул эвазига тил ўрганган олимнинг ўзбек тилидаги мактубини айнан келтираман:
“Саломнома хат.
Ассалому алайкум, Аҳмаджон ака! Яхшимисиз? Ишлар билан чарчамасдан юрибсизми? Уйдагилар яхши юришибдими?
Биздан сўрасангиз, раҳмат. Эргаш акани жўнатдик (Тошкентлик зукко олим Эргаш Умаров Индиана университетида бир неча ой дарс бериб келди). Хайрулла ака (Хайрулла Исматуллаев) бу ерда яхши юрибдилар. Яна бир Абдузуҳур Абдуазизов деган тадқиқотчи келди, лекин кўринмай кетди.
Янги семестрни бошладик, ўқиш-пўқишлар билан овора бўлиб юрибмиз. Хотиним Нолон бону инглиз тили дарсларига қатнаяпти. Булар қиммат (7 ҳафталиги минг долларга яқин) бўлса ҳам, унга керакли. У яхши ўқияпти, доимо яхши баҳо олади, ҳамма муаллимлари уни яхши кўрар экан. Мен бу семестр тезисимни ёзиб (илмий ишнинг қисқа баёнини) битиришим керак. Тўртта дарсим бор, ҳафтада ўн икки соат. Уйда деярли кўришмаймиз китобдан бурун кўтаришга вақт тополмай.
Умида Ҳикматуллаева билан ёзаётган китобимизни Худо хоҳласа вақти билан тугатамиз, лекин тезис ишларим билан овора бўлиб, қўлим кўп тегмаяпти. Матнни ҳаммасини компьютерда ёзиб унга топширдим, тузатадиган, қўшадиган жойларини ишлаяпти. Ҳозир олган дарсларимнинг биттаси мўғил тили, дарслигимиз биз ёзаётган дарслигимизга ўхшайди: ичида фақат мўғил тили бор, орқасида ўрисча, инглизча луғат. Шу китобнинг камчиликларини ўз китобимизга қўшмаслик учун домламиз билан гаплашиб тураман.
Ёзаман деган мақоламни ҳали ёзганим йўқ, кечирасиз. Ёзсам сизга жўнатаман. Иш кўп, лекин.
Сиз мени таклиф қилиб, биза (виза демоқчи) олдириш ишларим билан овора бўлиб менга кўп яхшилик қилдингиз. Шу қарзни узиш учун етарли ҳаракат қилмадим. Бу ёқлардан бирон нарса керак бўлиб қолса, илтимос, хат ёзинг. Ёрдам беришга тайёрман.
Бу хатни сиз яхши билган Девид Тайсон Тошкентга обборади. Тошкентда қанақадир делегацияга таржимон бўлиб, ўн кун қолар экан. Иншоолло, сизга телефон қилиб, саломларимизни етказади.
Ҳозирча хайр. Саломат бўлинг. Укангиз Виллям Диркс”. 24.09.93”.
Мактубда тилга олинган Девид Тайсон ҳақида. У тадқиқот ишлари билан Ўзбекистон ва Қирғизистонга келиб, бир йил яшаб кетган. Ўзбекчаси жуда бурро, қитмирона. Индианадан Чикаго томон бораётганимизда, Девид бир жойда машинасини тўхтатиб, “Ака, оёқнинг чигилиги сал ёзайлик”, деди. Хўб дедим. Бироз дам олдик, шарбат ичдик. Девид соатига қаради-да, “Ака, қани сурдик”, деб машинасини ўт олдирди. Мана сизга, тил билиш.
* * *
Фарғоналик адабиётшунос Йўлдош Солижонов адабиёт газетасининг фаол муаллифларидан бири сифатида танилган олимлардан бири. У кишининг куюнчаклик билан ёзган мақолалари газетамизда кўплаб эълон қилинган, ўқувчиларга манзур бўлган. 1992 йили Фарғонада ўтказилган адабиёт кунларида Йўлдош акага “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”нинг водийдаги фаол тарғиботчиси сифатида махсус соврин топширганмиз.
Ижодкорнинг айтадиган фикри, қалбини безовта қилаётган дарди, тиғдор қалами бўлса, пойтахтда ёки вилоятда яшашининг фарқи йўқ. Йўлдош ака олим сифатида адабий жараённи, газета-журналлар ва янги нашрларни жиддий кузатиб, муаллифларнинг ютуқ-камчиликларига ўз вақтида муносабат билдиришни асло канда қилмайди. Янада муҳими, ёш истеъдодларни қўллаб-қўлтиқлаш борасида талабчан устозлик мақомига ҳам эга.
Шу ерда бир муҳим сирни очишимга тўғри келади. Йўлдош ака билан газетамизнинг самарали ҳамкорлиги, мен билан дўст-қадрдонлиги, икки ўртадаги ўзаро ишонч, борди-келди ўз-ўзидан юзага келмаган. Тошкентда туриб, вилоятларда ижод қилаётган ҳамма қаламкашларнинг ҳам кўнглини олиш мушкул иш. Кимдир, албатта, эътибордан четда қолади.
Солижоновга сал кечикиб бўлса-да, омад кулиб боқди. Акахонимизнинг мақолалари мен газетадан бошқа ишга ўтгунимча, ундан кейин ҳам бетўхтов чиқиб турди. Бундай бахтга… 1988 йилнинг 6 июнь санасида Йўлдош аканинг адабиёт газетаси бош муҳаррири номига жўнатган қуйидаги зардали хати сабаб бўлди. Бошқа ҳеч гап йўқ. Яқинда қутлуғ 80 ёшини қаршилаган фидойи устозга сиҳат-саломатлик, янги ижодий ютуқлар тилаб, фарғонача лутф ила ўша мактубнинг матнини келтираман:
“Ҳурматли ўртоқ бош муҳаррир!
Ассалому алайкум!
Сизга бир неча бор телефон қилиб, тутолмадим (“тушолмадим” эмас, матнда шундай). Гоҳ иш билан чиқиб кетган бўласиз, гоҳ мен тушолмайман (Ишонмасангиз, секретарь аёлдан сўранг). Охири ўринбосарингиз И. Ғафуров билан гаплашишга муяссар бўлдим. Аммо ҳали суҳбатимиз натижаси номаълум бўлгани учун энди Сизга хат орқали мурожаат қиляпман.
Мен газетангизга кўп мақолалар, ҳажвия ва пародиялар юбориб тураман. Ҳаваскор экан деб ўйламанг. Фарғона Давлат пединститутида ўзбек адабиёти кафедрасида ишлайман. Бироқ кейинги пайтларда ходимларингиз бепарво бўлиб кетишяптими ёки бошқа сабабданми, юборган нарсаларимнинг бирортаси босилиб чиқиши у ёқда турсин, ҳатто жавоб беришни ҳам эп кўришмаяпти, шекилли. Сатира ва юмор бўлими (мудири К. Бахриев) қўлида “Ароқбой Водкаев” номли некролог-ҳажвиям ва бир неча пародиям бир йилдан ортиқ вақтдан бери чанг босиб ётибди. Тошкентга борганимда К. Бахриев Москвада бўлгани сабабли хатлар бўлими мудири М. Туробовага учрашдим. Барибир жимжитлик.
“Тилга эътибор – элга эътибор” рубрикаси остида чиққан мақолага ўз фикрларим ва таклифларимни юборгандим. Йўқ бўлиб кетди. “А. Қаҳҳор замондошлари хотирасида” китобига тақриз ёзиб, М. Саъдийнинг қўлига топширганман. Маъқул деб олиб қолганди, ҳануз чиқмайди. Яқинда (бир ойдан ортди) Ўткир Ҳошимовнинг “Бир-биримизни асрайлик” очиқ хатига мен ҳам жавоб ёздим. Ўқиб кўринг, ўртоқ муҳаррир, бу шунчаки гаплар эмас, менинг кўпчиликка манзур бўладиган дардларим эди…”
Кичик изоҳ: Бундай хатларнинг муаллифга омад олиб келиши ноёб ҳодиса. Тасаввур қилинг: Йўлдош аканинг ўша “Ароқбой Водкаев” некролог-ҳажвияси ва пародиялари бетўхтов чиқиб кетганида, муносабат мақолалари тортмаларда чанг босиб ётмаганида нима бўларди – домла Солижонов бугунгидек таниқли адабиётшунос олим бўлмасди, қутлуғ ёшлари кенг миқёсда тантана қилинмасди. Мана сизга хулоса. Ким-кимга яхшилик қилганини ўзингиз билиб олаверинг…
* * *
Эълон қилинмаган ҳар бир хат ўз “тарихи”га эга.
Газетанинг 1991 йил 21 июнь сонида таҳририят ходими Бекқул Эгамқуловнинг “Эълон қилинмаган ҳукм” сарлавҳали мақоласи эълон қилиниб, унда Аҳмаджон Одилов ҳамда терговчи Обиддин Алибоевлар ишини кўриб чиқишда қонун талаблари бузилгани ҳақида сўз юритилган эди. Орадан кўп ўтмай бош муҳаррир номига Москвадан СССР Бош прокуратурасининг расмий бланкасида дўқ-пўписали қўйидаги хат келди:
Главному редактору газеты
“Литература и искусство Узбекистана”
Т. Мелибоеву А.
Редакция газеты “Литература и искусство Узбекистана” в №3129 за 21 июня с.г. опубликовала статью “Приговор еще не оглашен” за подписью Беккула Эгамкулова, содержащую информацию не соответствующую действительности, и утверждения, представляющие собой измышления клеветнического характера и порочащие меня как представителя власти и руководителя следственной группы Прокуратуры Союза ССР, проводивщего по поручению Генерального прокурора СССР расследование по уголовным делам Одилова Ахмаджона, Алибаева Абиддина и других соучастников совершения многочисленных тяжких преступлений.
На основании статьи 22 Закона Узбекской ССР “О средствах массовой информации” прошу Вас опубликовать в газете “Литература и искусство Узбекистана” в установленный законом срок опровержение, содержащееся в моей статье “На кого вы работаете, Б. Эгамкулов?”.
Кроме того, прошу Вас сообщить мне подлинные сведения об авторе статьи “Приговор еще не оглашен” – его фамилию, имя, место работы и адрес места жительства, которые необходимы мне для решения вопроса о привлечении его к уголовной ответственности за распространение клеветы.
Указанные сведения прошу сообщить мне по адресу: г. Москва, К-9, ул. Пушкинская,15а, Прокуратура СССР.
Старший следователь по особо важным
делам при Генеральном Прокуроре СССР
Государственный советник юстиции 3 класса Свидерский Б.Е.
Баъзан қулоққа: “Ҳе, ўша Гдлянми, таъзирини мен берганман, юзига тарсаки тортворганман”, деган гаплар ҳам чалинади. У йиллари марказдан келиб, бутун мамлакатни илма-тешик қилаётган, айби борми-йўқми, тўдалаб ҳибсга олаётган, мол-мулкини талон-тарож қилаётган муттаҳамларнинг юзига тарсаки тортиш у ёқда турсин, кўзига тик қарашнинг ўзи бўлмасди. 1989–90 йиллари газета саҳифаларига матбуотда шу чоққача юз кўрмаган кўплаб мавзуларни олиб чиқдик. Устоз Одил Ёқубов бошлаган жасоратли ишни янада кўламли қилиб давом эттирдик, таъна-дашномларга қолсак-да, ошкоралик йўлидан қайтмадик. Муҳими танлаган йўлимизнинг тўғрилигига ишончимиз бор эди. Шундай бўлса-да, Москвадан келган юқоридаги хат ва унга илова қилинган 16 саҳифали раддия-мақоладан, оз бўлса-да, қўрқув ҳисси пайдо бўлди. Орадан бир ҳафта ўтмай, жаноб Свидерский менга қўнғироқ қилиб, дағаллик билан раддия қачон эълон қилинишини сўради. Бу ишни пайсалга солсам ва Эгамқулов ҳақида сўралган маълумотларни Москвага жўнатмасам, унинг билан бирга менинг ишим ҳам прокуратурага оширилишини, охири ёмон бўлишини маълум қилди. Кайфиятим тушиб кетганини сездирмай, унга шундай жавоб қилдим: “Ўртоқ Свидерский, қонунга биноан раддия бир ой муддат ичида эълон қилиниши керак. Кутинг”, дедим. У ёқдан гўшакнинг шарақлаб жойига қўйилгани эшитилди.
Раддия-мақолани ўқиб чиқдик. Биринчи саҳифадан ўн олтинчи саҳифагача битта фикр айланади: Ўзбекистонда жиноятчилик, порахўрлик, давлат мулкини талон-тарож қилиш одатга айланган. Одилов ва Алибоевларнинг узоқ муддат ҳукмсиз ҳибсда сақланишига эса СССР Олий Советининг 1989 йил 30 июндаги СССР Бош прокурорига маҳкумларни ҳукм эълон қилингунича ҳибсда ушлаб туриш муддатини узайтиришга доир вақтинчалик ваколат бериш тўғрисидаги қарорини асос қилиб кўрсатади.
Қандай йўл тутиш кераклиги тўғрисида бир қарорга кела олмай, тажрибали мутахассислар, жумладан, прокуратурамизнинг таниш ходимлари билан гаплашдим. Ҳаммалари деярли бир хил: “Номига бўлса-да, раддияни эълон қилинг, булар билан олишиб бўлмайди, айниқса ҳозир”, деган маънода маслаҳат беришди.
Бу орада юртимиз мустақилликка эришди. Газета мақолаларини янада жонлантирлик. Руҳимиз баланд денг. Вақт эса ўтиб борарди. 16 сентябрь куни кундузи соат ўн иккида Москвадан қўнғироқ бўлди. Мустақил юртнинг эркин газетаси бош муҳаррири сифатида гўшакни мағрур кўтардим. Ўйлаганимдек, ўртоқ Свидерскийнинг шахсан ўзлари.
– Хўш, ўртоқ редактор, раддия нима бўлди? – сўради у мендан.
– Қайси раддия? – дедим хотиржамлик билан.
– Нима, мени танимаяпсизми, Свидерский бўламан, бир ой вақт ўтди, қани раддия? Керак бўлса, сизга ҳам иш очамиз, – дея жаҳл қилди у.
– Узр, мустақил бўлиб, ишларимиз кўпайиб кетди, эски тузумдан қутулиш қийин бўлади, шекилли. Дарвоқе, сизни негадир танимаяпман, биродар, мундоқ тушунтириб гапиринг. Қайси ташкилотда ишлайсиз? Ўзбекистонга дахлингиз борми ўзи?
Бу гапимдан кейин у шундай асабийлашдики, даҳанаки сўкинишдан бошқа чора топмай, гўшакни тарақлатиб жойига қўйди.
* * *
Газета саҳифаларида эълон қилинаётган ўткир публицистик мақолалар ижодкор зиёлилар билан бирга, турли касб эгаларини ҳам қизиқтириб, уларнинг кўпи қўлларига қалам олиб, таҳририятга хат-хабарлар йўллай бошладилар. Узоқ йиллар давомида ҳукм сурган ҳуқуқсизлик, миллий туйғуларнинг топталиши, урф-одатларимизга беписандлик, она тилимизнинг камситилиши, мамлакатда энг юқори даражага етган болалар ва оналар ўлими, экин майдонларига самолётдан сепилаётган заҳри қотил дорилар ҳақидаги мақолалар осон иш эмас, уларни газетада чоп этиш эса бошни кундага қўйиш билан баробар эди. Муҳаррир сифатида иш бошлаганимга ҳали бир йил бўлмай марказқўмга уч-тўрт марта чақириб, жиддий танбеҳ беришди. Бир неча марта тушунтириш хати ёздиришди. Аммо газетанинг шиддатли одимини сусайтириш, эскича иш услубига қайтиш мумкин эмасди. Адабиёт газетаси миллатнинг тақдири ҳақида чин маънода қайғураётган зиёлиларнинг эркин минбарига айланиб улгурган эди. Шу боис, газетанинг ҳар бир сонини тайёрлашда цензура ходимлари билан жанг қилиб бўлса-да, танлаган йўлимиздан қайтмадик. Марказқўмдагилар бизга босим ўтказишнинг бошқа йўлини танлашди. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси газета материалларини тайёрлашда нотўғри йўлдан бораётганимизни эслатиб, аввалига бизни икки-уч марта оғзаки огоҳлантиришди, йиғилишларда мулзам қилишди, “тартиб”га чақиришди.
Кейин… 1982 йилнинг 3 август куни бош муҳаррир номига момақалдироқ янглиғ қўйидаги мактуб келди:
“Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси ўз ваколатларидан келиб чиқиб, Сиз муҳаррирлик қилаётган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталиги қатор масаллаларни ёритиш ва таҳлил қилишда Қонун талабларига тўла риоя этмаётибди, деган хулосага келди. Сиз ва редакция ходимлари билан бир неча маротаба ўтказилган суҳбатларга қарамай, юқорида қайд этилган ноўрин интилишлар давом этмоқда…
Газета 1992 йил 16 январь куни талабалар шаҳарчасида бўлиб ўтган тартибсизликларга бир томонлама баҳо бериб, ўзини шу тартибсизликлар иштирокчиларининг ҳимоячиси қилиб кўрсатишга уринган. Газетанинг 24 январь сонида босилган “Истиқлолга отилган ўқ”, “Ёвузликнинг илдизи”, “Ҳуқуқсизлик оқибатлари” каби мақолаларда бир қатор асоссиз хулоса ва фикрлар борки, улар газетхонда жумҳурият раҳбарлари, маъмурий органларга нисбатан нохуш ҳислар уйғотади. Масалан, “Ёвузликнинг илдизи”да муаллиф А. Мелибоев 1985 йил баҳоридаги адолат умидлари оқланмаганини исботламоқчи бўлиб, шундай ёзади: “Мана унинг “буюк” натижаси: замон ғирромники, олғир ва муттаҳамники, юлғич ва безбетники бугун. Давлатнинг ўзи: “Ҳой мулла, битта маошинг билан кун кўра олмайсан, думингни ликиллат” деб аста қулоғимизга шивирлаб қўйди ва биз узун-қисқа думларимизни ликиллата бошладик”.
Газетанинг шу йил 14 февраль сонида Алишер Ибодиновнинг “Занжирбанд шер тўлғонганда” мақоласида 1989 йилдаги Фарғона вилоятида бўлиб ўтган фожиали воқеалар бир ёқлама ёритилган, мақола сўнггида редакция томонидан ёзилган шарҳда Ички ишлар вазири биринчи ўринбосарининг шу тўғрида айтган фикрлари шубҳа остига олинади…
Редакция раҳбариятини матбуотда давлат сирларини сақлаш Инспекцияси (собиқ цензура) ходимларига нотўғри муносабатда бўлаётганига эътиборингизни қаратамиз. Газетангиз саҳифаларидан оммалаштиришга йўл қўйилмайдиган, жамоатчилик фикрини чалғитадиган ўнлаб мақола, ибора, фикр, рақамлар олиб қолинди. Масалан, 14 февраль сонида эълон қилинган К. Матёқубовнинг “Хизматни ким қилади-ю, имтиёзи кимга?” сарлавҳали мақоласи: “Афсуски, бизларнинг мустақиллик йўлидаги ҳозирги ҳаракатларимиз ўзимизнинг ички кучимиз билан эмас, қандайдир кучларнинг мажбурий турткиси билан дунёга келаётганга ўхшайди”, деган жумла бор эди. 3 июль сонида эълон қилинаётган “Бизга асл ҳақиқат керак” умумий сарлавҳа остида берилаётган хабарлар ичида бухоролик С. Бафоевнинг “Аммо менга бу мустақиллик ҳақидаги сўз ҳам, уни байрам сифатида нишонлаш хусусидаги гап ҳам омонатдай туюлади. Чунки, мана бир йилдирки, бу мустақил жумҳуриятнинг йўлини аниқ белгилаб берадиган Асосий қонун йўқ, ўзини ҳимоя қиладиган қўшинига эга эмас, халқни иқтисодий жиҳатдан ҳимоялайдиган пул бирлиги қабул қилинмаган. Бу ишларнинг амалга оширилиши ўрнига собиқ империя ўрнида қад ростлаган “Мустақил Давлатлар Ҳамкорлиги” деб аталган, чок-чокидан сўкилган собиқ империя тартиботларини сақлаб қолишга мўлжалланган жамиятни ямаш, уни бут қилиш учун кураш олиб борилмоқда” мазмунидаги фикрларини мутлақо асоссиз деб ҳисоблаймиз… Муаллиф Ё. Хўжамбердиев газетанинг 24 июль сонида эълон қилинаётган “Мийиғида кулаётган халқ” мақоласида: “Раҳбар шахсларнинг пора олмасдан иложи йўқ. Чунки қўлларида хусусий мулки – бирон бир корхонаси, ширкати, дўкони йўқки, тирикчилигини ўшандан тебратса. Бизда раҳбарнинг хусусий мулки йўқ десам ёлғон бўлар, бор, бу – тутган ловозими, ўтирган ўриндиғи. Унинг фикрлаш тарзи жуда содда: қачонгача бу ўриндиқда ўтираману, бу лавозимда тураман. Ке, вақтни бой бермай, мол-дунё орттириб қолай, дейди у” тарзидаги уйдирма хулосалари халқда раҳбарларга нисбатан ғазаб ва нафрат қўзғашга, мавжуд ҳаётдан норозилик уйғотишга қаратилган қора ниятдан бошқа нарса эмас. Шу каби ғаразгўйликлар билан редакция нима мақсадни кўзлайди…”
Матбуот Давлат қўмитасининг хатида газетамизнинг яна бир неча мақолалари шу тарзда тафтиш қилинади. Чунончи, 24 июль сонида эълон қилишга мўлжалланган “Тунда таржимонни қайдан топамиз?” сарлавҳали луқмага даҳшатли айблов юкланади. Луқма нима ҳақида эди?
Истиқлол арафасида бир гуруҳ ижодкорлар (Шодмонбек Отабоев, Мирзо Кенжабек ва бошқалар) узоқ йиллар давомида камситиб келинган она тилимизнинг нуфузини кўтариш масаласида қатор чиқишлар қилишди, газетамизда ўзбек тилига давлат мақоми бериш таклифи айтилди. Қизғин муҳокамалар бошланди. Давлат тили иккита бўлиши керак, дегувчилар ҳам топилди. Шу пайт қўшни “Правда Востока” газетасида кичик бир мақола босилиб чиқди. Мазмуни шундай: “Ўзбек тилига давлат мақоми берилса расмий ҳужжатлар, ҳойнаҳой, ўзбек тилида ёзилади. Тасаввур қилинг: бирорта бошқа миллат вакили керагидан мўлроқ ичиб (бундай воқеа ким билан ҳам бўлмайди дейсиз), тунда милицияга тушиб қолса, табиийки, протокол тузилади. У одам ўзбек тилини билмаса, милиционер тунда таржимонни қаердан топади?”
Нечоғлиқ кулгили туюлмасин, нуфузли газета муҳаррирининг ўринбосари шу сатрларни ёзган ва биз буни ҳажв остига олган эдик. Ўшанда бошқа тилли ватандошларимизни қўятурайлик, анча-мунча ўзимизникилар ҳам ўзбек тилига даплат тили мақоми берилишидан чўчидилар. Матбуот қўмитасининг узоқни кўра олмайдиган мутасаддилари бизни “халқлар орасига нифоқ солишда, миллий муносабатларни қасддан мураккаблаштиришда, беодоблик ва найзабозликда” айбладилар. Айблов хати қўйидагича якунланган эди:
“Юқорида қайд этилган хулосаларга асосланиб, ҳафталик раҳбариятидан Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуни, газета Низомига зид бўлган, жумҳуриятда осойишталик, тотувликни таъминлаш ишига панд берадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларнинг олдини олишингизни талаб қиламиз… Акс ҳолда Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитасига берилган ваколатлар ҳамда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида ушбу Қонуннинг бузилиши қандай ниқобда бўлишидан қатъи назар, кескин чора кўришга мажбур бўлишимиз ҳақида Сизни огоҳлантиришни лозим топдик”.
Хатни таҳририятда ўқиб чиқдик. Тўғриси, руҳимиз тушиб кетди. Мустақиллик йўлига ғов бўлаётганлар, фитна-фасод уюштираётганлар, миллатлар орасига ғулув солаётганлар, асоссиз миш-миш тарқатаётганлар кимлару, биз – бу ёруғ кунлардан қувониб, халқимиз тилида, дилида йиғилиб турган фикрларни эмин-эркин баён қилаётган журналистлар киммиз? Узоқ йиллар халқдан, жамоатчиликдан яшириб келинаётган факт ва рақамларни адолат, ҳақиқат ҳаққи ошкор қилаётганимиз, ўтмиш тарихимиз юзига чапланган қора бўёқларни сидириб ташлайдиган мақолаларни журъат билан эълон қилаётганимиз наҳотки истиқлолга панд бериш бўлса? Ўткир тилли публицист Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Мийиғида кулаётган халқ” мақоласида кўтарилган бош муаммо – одамларнинг, шу жумладан раҳбарларнинг ҳам хусусий мулкка эга бўлиши жамиятда порахўрлик ва коррупция иллатини камайтиришга хизмат қилиши ўша кунлардаёқ кўпчиликка аён бўлган ва бу хусусда юқори идораларда дастлабки лойиҳалар пайдо бўла бошлаган эди. Шулардан келиб чиқиб, қўмита айблови нечоғлиқ оғир бўлмасин, газетанинг танқидий руҳини ортиқча эҳтиросларга берилмай давом эттиришга қарор қилдик.
Орадан бир ҳафта ўтгач, биринчисидан кўра ваҳималироқ иккинчи – сўнгги огоҳлантириш хати келди (10.08.92. Қайд рақами 04-788). Унда фотомухбиримиз Содиқ Маҳкамовнинг газетада эълон қилишга тайёрланган бир туркум суратлари республика ҳаётида фавқулодда ҳолат сифатида баҳоланган, шоир Анвар Обиджоннинг суратлар остига ёзган юмористик иккиликлари танқидчиларимизни ҳадсиз ғазаблантирган эди. Хатнинг хулосаси: “Юқорида баён этилган фикр-мулоҳазаларга ва ҳафтаномага берилган огоҳлантиришларга асосланиб, Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитаси Сиз муҳаррирлик қилаётган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафтаномаси раҳбарияти томонидан “Оммавий ахборот воситалари тўғисида”ги Қонунга зид хатти-ҳаракатлар тўхтатилмаса, нашрингизга нисбатан қатъий чора кўрилиши ҳақида сўнгги марта огоҳлантиради”.
Бу зарбага ҳам дош бердик. Биз учун бошқа йўл йўқ эди. Озроқ бўшашсак, мавқеимиз ўз-ўзидан тушиб кетарди. Таассуфли томони шундаки, гарчи ишимизни қатъият билан давом эттирган бўлсак-да, муросаи мадора учун баъзи мақолалардан воз кечишимизга ҳам тўғри келди. Улуғ бир инсон менинг ўша кунлардаги ҳолатимни кўриб, “Укажон, қаҳрамоннинг кимлигини биласизми? Душманнинг ўнта аскарини ўлдириб, ўзи ҳам ҳалок бўлган киши эмас, юзтасини жаҳаннамга қулатиб, ўзи омон қолган киши – қаҳрамон” деди. Бу гап таҳририятимизнинг барча аъзоларига маъқул келди. Чунки газетани жиловлаш ҳаракатлари аллақачон бошланиб кетган эди. Орадан кўп ўтмай энг яхши “бомба” мақолаларимиздан иборат “Фитна санъати” сарлавҳали икки жилдли китоб босмадан чиқди. Бу – бизнинг “зукко дўстларимиз”га жавобимиз эди.
Газетага тазйиқ янада кучайди. Очиғини айтганда, анча-мунча “айб”ларимиз ҳам бор эди. Улардан баъзилари қуйидагилар:
– қомфирқа ҳаётлигидаёқ газета пештоқидан дунё йўқсулларининг “Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз” деган шиорини олиб ташладик;
– Вали Қаюмхоннинг Олмонияда таълим олган туркистонликларнинг тақдири тўғрисидаги “Қийратилган қисмат” сарлавҳали мақоласини эълон қилдик (1992, 24.04);
– Боймирза Ҳайитнинг “Совет иттифоқи ва ҳур дунё нуқтаи назаридан туркистонликларнинг стратегик аҳволи” мақоласини чоп этдик (1992, 8 май);
– Миразиз Аъзамнинг “Боймирза Ҳайит шахсияти” мақоласи газетамизда босилди;
– Эдварт Оллвортнинг “Жадидлар ҳақида яширилган ҳикоялар” сарлавҳали мақоласи инглиз тилидан Малоҳат Комилова таржимасида чоп этилди (1992, 11 сентябрь);
– Шукур Холмирзаевнинг “Адабиёт ўладими?” сарлавҳали мақоласи жиддий шов-шувга сабаб бўлди (1992, 3 июнь);
– Аҳмад Заки Валидийнинг “Туркистоннинг туганмас дарди” мақоласи эълон қилинди (1992, 19 июнь);
– газета оналар ва болалар ўлими, аёллар жиноятчилиги, жазони ўташ жойлари муаммоларини кўтарди;
– Анвар Жўрабоевнинг “Қизил империянинг қора кўланкаси”, газета муҳаррирининг “Олий найранг”, Тоҳир Маликнинг “Европасиз яшай оламизми?”, Ражаб Қиличевнинг “Бизлар босмачи эмасмиз”, Бобомурод Даминовнинг “Қоч мушт, демократия келаяпти”, Озод Шарафиддиновнинг “Тирик сатрларнинг қийин қисмати”, Нафиса Содиқованинг “Талон-тарож қилинган мулк” мақолалари зиёли уйғонаётганидан далолат эди. Бу ва бошқа кўплаб чиқишларимиз, дин ва диний эътиқод эгаларига янгича муносабат совет тузумидан қолган матбуот учун мутлақо кутилмаган мавзулар бўлиб, кўпларни чўчитиб юборди. “Яхши иш қилибсизлар, одамлар ҳақиқатни билиши керак”, дегувчилардан кўра, “Ҳай-ҳай”, ўзларингни босинглар, ким билади, эртага сиёсат қанақа бўлади”, дегувчилар кўп эди.
* * *
Дўқ-пўписа мактублар четдан эмас, ўзимиздан ҳам келиб турарди. Мана, шундай хатлардан бири. Уни қўқонлик публицист биродаримиз ёзган:
“Ассалому алайкум Аҳмад ака!
Газетангизда эълон қилинган бир суҳбат муаллифининг (таниқли шоир) фикрича, Мустафо Чўқай бошлиқ “Қўқон мухторияти”нинг фаолияти “миллий ор-номусни ҳимоя қилиш” бўлган экан. Тошкент Қўқонга юборилган “ҳарбий гарнизон” ана шу “миллий ор-номусни ҳимоя қилувчилар”ни “қирган” экан. Демакки, миллий орзу-интилишларни зўрлов йўли билан бостирган экан.
Менимча, “Қўқон мухторияти”нинг фаолияти “миллий ор-номусни” эмас, янги туғилган миллий буржуазиянинг “ор-номусини” ҳимоя қилиш эди. Менинг катта отам – оддий ўртаҳол деҳқон айни ўша мухториятчиларга зид турганлардан эди. Мухториятчилар зўр келгач, “керпич”да – Худоёрхоннинг аркида қамалда туриб, Тошкентдан худди ўша “ҳарбий гарнизон” ёрдамга келишини сабрсизлик билан кутганлардан эди. Ёрдам келгач, мухториятчиларни, уларнинг лашкарбошиси Эргаш қўрбоши тўдаларини тум-тарақай қувганлардан эди. Катта отам ўшанда ишчи-деҳқон ор-номусини ҳимоя қиляпман, деб ўйлаган эди. Ва, менимча, тўғри ўйлаган эди. “Миллий ор-номус” ҳақидаги гап-сўзлар сиёсий чайқовчилик, холос. Мухториятчилар худди шундай чайқовчилик йўли билан ҳокимиятга эришмоқчи, ўзбек ишчи-деҳқонини Улуғ Октябрь ишидан ажратиб олмоқчи бўлган эдилар…
Менимча, газетани турли фикрларнинг омборига айлантириб қўйябсиз. Майли, у турли фикрлар омбори бўлсин. Лекин газетанинг позицияси аниқ-равшан англашилиб туриши лозим. Ҳозир эса, англашиляптики, газета тобора материалистик фикрловчиларнинг эмас, идеалистик фикрловчиларнинг, Марксча эмас, ахлоқ догмалари асосида фикрловчиларнинг, реалистик эмас, ҳавойи-демагогик (ҳиссиётга асосланиб) фикрловчиларнинг органига айланиб бормоқда. Ўзига маъқул келмаган фикрдаги мақолаларни чиқармаслик даражасигача етмоқда…
Шоир айтган инсоф, имон, адолат ва ҳоказо тушунчалар диний-идеалистик файласуфларнинг эски “мезон”ларидир. Улар шундай мезонларки, хамир, кўнглинг тусаган қиёфага солаверишинг мумкин. Улар билан ҳатто Мустафо Чўқайни ҳам, Боймирза Ҳайитни ҳам оқлайвериш мумкин. Мен тарихни, воқеликни материалистик-марксистик мезонлар билан ўлчаш тарафдориман.
Сиз-чи? Ё ўзингиз ҳам идеалистик фикрлаш тарафидасиз (ҳозир, албатта, ихтиёрингиз) ёки принципсизлик қилиб, идеалистик фикрловчиларнинг қўғирчоғига айланиб қоляпсиз. Ваҳоланки, қартани очиқ ўйнаш пайти келди. Ҳатто миллий ор-номуслар ҳам энди икки хил тушунилмоқда. Тўқнашувни Худо кўрсатмасину, аммо фикрлар тўқнашуви бўлиши аниқ. Бу тўқнашувда қайси томонда бўласиз? – ана шуни билишни жуда истар эдим. Хайр. Ш.Н. 21.12.89”
Қўқонлик ўқувчимизга қисқа хат ёзиб, “Агар рози бўлсангиз, мактубингизни ва менинг унга жавобимни ёнма-ён, бир саҳифада эълон қилишимиз мумкин, ким ҳақ, ким ноҳақлигини газетхонлар ҳал қилишсин”, деган таклифни айтдим. Орадан кўп ўтмай жавоб келди:
“Ҳурматли Аҳмаджон ака”
Хатингизни олдим. Таклифингиз ҳақида ўйлаб кўрдим. Шахсий хатимни газета минбарига олиб чиқишингизга рози эмасман. Ўқувчиларга “бечораҳол” кўринишни истамайман. Агар чоп этилишига кафолат берсангиз, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси аллақачон ноилмий, номарксистик фикрловчиларнинг, идеалистик фикрловчиларнинг, азалий ва абадий ахлоқ мезонлари (имон, инсоф, адолат, ҳақиқат ва ҳоказо мезонлар) асосида фикрловчиларнинг органи бўлиб қолганини исботлаб мақола ёзиб бераман, кейин жавоб ёзсангиз, баҳслашсангиз, унда бошқа гап.
Газетангиз титулига бобомиз Навоийнинг расмини қўйиб, Ҳамзанинг расмини қўйишни эса унутганликларингнинг ўзиёқ ҳозир редакциянгиз қандай ғоявий позицияда турганини яққол кўрсатиб турибди. “Литературная газета”га қаранг. Улар Пушкиннинг расмини қўйиб, Горькийннг расмини қўйишни унутишмаган. Ҳали унутишгани йўқ. Ақли бор одамлар учун шунинг ўзиёқ оламжаҳон маънога эга.
Дарвоқе, чоп этишга кафолат берилса, кейин мақола ёзаман деб ўтирганим йўқ. Асосан сизнинг газетангизда эълон қилинган мақолалар мисолида идеалистик фикрлаш қандай фикрлаш эканини ва ҳозирги пайтда қандай оқибатларга олиб бориши мумкин эканини кўрсатувчи катта мақола ёздим. Бир йил давомида ёзиб, яқинда тугалладим. Ҳозир уни қаерда эълон қилдириш масаласи ўйлантириб турибди мени. Ҳозир адабий газета-журналларимиздаги кишиларнинг аксарияти идеалистик фикрловчи кишилардир. Ва улар менинг мақолаларимни авваллари бўлганидек, жон-дилдан чиқаравермасликларига ишончим комил. Чиқармаяптилар ҳам бизнинг бу жаноби идеалист демократларимиз. Лекин мен бундан заррача тушкунликка тушмайман. Аксинча, адабий газета-журналлар билан муносабатим бундай эканини фикрим тўғри эканлигининг исботи деб тушунаман.
Ҳадемай матбуот тўғрисида қонун қабул қилинади. Ажойиб кунлар келади. Титулига адабий жиҳатдан Навоий бобомизнинг, ғоявий жиҳатдан Маркснинг шогирди бўлмиш Ҳамзанинг расми туширилган адабий газета-журналлар чиқарамиз. Ана унда мен мақолаларимни эълон қилиш имкониятига эга бўламан…
Сизга салом билан Ш. 26.02.90”
* * *
Мана бу маслаҳат-хат куюнчак олим, сўз ва иборалар устаси, ашаддий футбол ишқибози Эркин Жабборовнинг (“…ва бошқалар билан футбол” сарлавҳали тўплам муаллифи) газетамизга ёзган мақоласи қўлёзмасига илова қилинган. (Афсуски, вақти кўрсатилмаган, 91–92-йиллар бўлиши керак):
“Муҳаррир биродаримиздан илтимос:
Русча матндаги “и” боғловчиси келган жойларда “ва” ишлатилмаса (“ва ҳоказо”дан ташқари).
“Ёзлоқ” атамаси “дала ҳовли” деб тузатилмаса.
Радиода ишлатилавериб сийқаси чиқиб кетган “айтингчи” деган мурожаат қўшилмаса.
Хатбоши “Ҳаммамизга маълумки” деб бошланмаса.
“Икки жамоа ўзаро тўқнашди” дейилмаса.
Дарвозага гол эмас, тўп киритилади. Шу хато такрорланмаса.
Мақола иккига бўлиниб, “дум”и бошқа саҳифага ўтказилмаса”.
* * *
Истиқлол шарофати билан адабиёт газетасининг мавзулари янада кенгайди, олис мамлакатларда тақдир тақозоси билан қолиб кетган ватандошларимиз билан алоқаларимиз йўлга қўйилди. Вали Қаюмхон, Боймирза Ҳайит каби сиймоларнинг яқин ўтмишимиз тарихига оид илмий-тадқиқот мақолалари газета саҳифаларида эълон қилинди. Улар билан ижодий ҳамкорлик қилиш мақсадида ҳар икки олимга мактуб ёздим:
“Германия. Мюнхен.
Муҳтарам Вали Қаюмхон жанобларига.
Ассалому алайкум. Аллоҳга сонсиз шукрлар бўлсинким, мустабид тузумнинг умри тугаб, эзилган, хўрланган халқлар истиқлол йўлига чиқиб, жумладан, қадим Марказий Осиё мамлакатларининг ҳам пешонасига офтоб тегди. Истилолар заҳриморидан карахт ва пажмурда бўлган эллар қаддини, шукуҳ ва сарватини тиклашга киришди.
Тузум ўзгариб, янгича равишлар бошланаётган даврда давлат ва халқ ҳаётида турли-туман қийинчилик, етишмовчилик, англашилмовчиликлар бўлиши табиий экан ва биз ҳозир буларнинг барини бошимиздан кечирмоқдамиз. Шундай шароитда халқ онгининг уйғоқ бўлиши алоҳида аҳамиятга молик. Онгни уйғотиш эса тўлалигича мунавварлар зиммасида.
Муҳтарам устод! Сизнинг йигирманчи йиллар аввалида Европага таҳсил учун юборилган мунаввар ёшларнинг аламли қисмати ҳақидаги хотираларингиз газетамиз ўқувчиларида кучли таассурот қолдирди. Насллар бу тарихларни яхши билишлари ва зарур сабоқлар чиқаришлари керак.
Биз сиз билан бундан буён ҳам яқиндан ҳамкорлик қилишни ният қилиб қоламиз”.
Ҳурмат билан, Аҳмаджон Мелибоев. Тошкент, 1992, май, 22”.
Иккинчи хат:
“Муҳтарам Боймирза Ҳайит жанобларига!
Ассалому алайкум!
Қаҳратон кунлар, умидсиз йиллар орқада қолиб, истиқлол учун ғайрат билан белни маҳкам боғлаб хизмат қиладиган замон келди. Сизнинг асарларингизга миллий матбуотимиз саҳифаларида ойдин йўллар очилди ва эндиликда улар истиқлол учун, онгларнинг ёришмоғи учун хизмат қилажакдир.
Сизга шуни мамнуният билан маълум қилишим лозимки, газетамиз саҳифаларида чоп этилган мақолаларингиз, гарчи улар ҳали оз бўлса-да, ўқувчиларда кучли қизиқиш уйғотди. Сиз билан доимий ҳамкорлик қилишдан умидвормиз. Сизга бардавом соғлиқ тилаб, Аҳмаджон Мелибоев.
Тошкент, 1992, май, 22”.
* * *
Умрининг сўнгги йилларини АҚШда ўтказган, Индиана университетида талабаларга сабоқ берган, бир неча дарслик ва луғатлар, илмий тадқиқот мақолалари муаллифи Хайрулла Исматуллаев билан 1992 йили Американинг Индиана университетида танишганман. Собиқ тузум пайтида бошига оғир кунлар тушган ушбу ватандошимизга “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг АҚШдаги жамоатчи мухбири ваколатини берганимиздан кейин газетада “Махсус мухбиримиз АҚШдан хабар қилади” рукни остида қатор мақолалари эълон қилинди.
Хайрулла аканинг ушбу мактуби архивимда сақланади.
“Ассалому алайкум!
Мен ким Индиана университетида дарс бериб, бўш вақтларида кутубхоналарда адашиб-улоқиб юрувчи ватандошингиз бугун Сизни яна эслаб қолдим. Бунинг боиси, албатта, Сизнинг ажойиб газетангиз ва менинг ажойибдан узоқроқ мақолаларим.
1989 йили газетангизда А. Вамбери ҳақидаги бир мақоламни чиқарган эдингиз. Шунда А. Вамбери ўзи билан бирга Оврупога олиб кетган хивалик мулла Исҳоқ ҳақида ҳам қисқа маълумот бор эди. Кейинги йиллари мен Оврупо кутубхоналарида сақланаётган адабиётларни ўрганиб, мулла Исҳоқнинг тақдирига оид хийла кўп маълумотлар тўпладим.
Сизга маълумки, ўзбек филология фанидаги олибсотарлар Жирмунскийга ўхшаш бир қатор “….”ларни ўзбек фольклорининг отаси даражасига олиб чиқиб қўйишган. Ҳақиқатда эса. Ҳали Жирмунскийларнинг катта боболари туғилмасидан олдин ўзимизнинг мулла Исҳоқимиз Оврупони ўзбек халқ оғзаки ижоди билан таништирган ва ўзбек халқ ижоди намуналарини 1865 йилдаёқ Оврупода чоп эттирган. Бу ҳақиқатни ҳозир сизнинг газетангиз айтмаса, ким айтади, деб ўйладим ва мақолани Сизнинг номингизга юборишга жазм этдим. Лозим топсангиз, босиб чиқарарсиз.
Аҳмаджон домла, Сизга яна кичик мақолалар жўнатмоқчиман. Жаҳон кутубхона ва архивларидан Амир Темур ва темурийларга оид (Шоҳрух, Мироншоҳ, Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро, Бобур ва ҳ.к.) айрим ҳужжатларни қидириб топдим, нусхаларини олдим. Иложи борича, топилган ҳужжатларнинг баъзиларини – ҳозирги кунимизга ҳам асқотадиганларини газета саҳифаларида чоп этиб борсак, фойдадан холи бўлмасди. Яқин кунлар ичида Султон Ҳусайн Бойқаро чиқарган бир фармон ҳақида кичик хабар юбораман (фармоннинг нусхаси билан бирга).
“ЎзАС” (адабиёт газетаси) бу ерларга қонуний йўллар билан ҳали ҳам етиб келмаяпти… Қозоқча, туркманча, грузинча ва қандайдир чулчутча газеталар келади, аммо ўзбек газеталари йўқ… Ўзбек матбуотчиларига пул керак эмасмикин. Бизга ўхшаш ишқибозлар газетангизни турли ақл бовар қилмайдиган йўллар билан келтириб ўқияпмиз.
Дўстингиз Назиф Шаҳроний араб хотинидан ўғил кўрди. 40 кун бўлди, чилласи чиқди. Исмини Комрон қўйди. Шу кунларда у, менга ўхшаб, ёзда ҳам дарс беряпти. “Сизга нима бало бўлди?” деб сўрасам: “Эй, пул кирок, бала кўпайду”, дейди. Олдинги (хотинидан) боласига алимент тўлагани учун оладиган ойлигининг чўғи бироз ўчган кўринади. Бунинг устига, ҳозирги араб хотини ишламайди ва пулни бизнинг аёллар сингари ёмон ҳам кўрмайди.
Янгилик кўп. Ёзган билан адоғ бўлмайди. Келинг, шу ерда тўхтатай. Вақтингизни олмай. Сизга ва дўстларимизга кўпдан-кўп саломлар билан Хайрулла. 18.07.98”.
Хайрулла аканинг мактуб билан бирга жўнатилган “Қўнғиротлик мулла Исҳоқ излари” сарлавҳали мақоласи газетанинг 1998 йил 14 август сонида эълон қилинди. Яна бир мақола “Султон Ҳусайн Бойқаронинг фармони” ўша йилнинг 11 сентябрида газетхонлар ҳукмига ҳавола этилди. 27 ноябрда “Бобурнинг махфий васиятномаси”ни чоп этдик.
* * *
Ушбу мактуб Хайрулла Исматуллаевдан менинг номимга келган сўнгги нома бўлди:
“Ассалому алайкум, ҳурматли Бош муҳаррир жаноблари!
Ҳар сафар талабалар билан биргаликда Сиз таҳрир этаётган ҳафталикни ўқиётганимизда, албатта, даставвал Сизга ғойибона бўлса ҳам, бир салом айтиб ўтамиз. Бунинг боиси, биринчидан, Сизни қалбимизга яқин тутаётганимиз бўлса, иккинчидан, ҳафталик ҳозирги, бир оз қоғоз танқислиги шароитида ҳам ўз қиёфасини деярли йўқотмаганлигидандир. Газетани бизга Тошкентдан дўстларимиз 3–4 ойлик сонларини йиғиб юборишади. Бу ҳафталикка АҚШда ҳеч ким расмий обуна бўла олмади. Ҳайронман, наҳотки бошлиқчалар пул топиш йўлини билишмаса. Америкада бу ҳафталикнинг бир сонини 2–3 долларга сотиб олишга ҳамма тайёр. Фақат сотувчи йўқ. Баъзан бу ердаги сармоядорлар берган саволга жавоб топа олмай уялиб кетаман. Ҳали ҳам баъзи кимсаларда “Менга нафи тегмаса, давлат куйса куйиб кетсин” деган ўй қурт еган мияларидан кетмаганга ўхшайди. Бунга қачонгача чидаш мумкин, ахир?..
Назифнинг амакиваччаси Иноятилла Шаҳроний ҳам оиласи билан бу ерга (Блумингтонга) кўчиб келди. Ишсиз. Ўзи педагогика фанлари доктори. Докторликни АҚШда ёқлаган, ўта ақлли, ўзбеклик хусусиятларини тўла сақлаб қолган киши. Йигирмадан ортиқ китоб ёзган эканлар. Ўзбекистонда бўлганлар. Сиз билан суҳбатлашиб тўймаган Абдулла шайхдан ҳам салом. Баъзан ҳамсуҳбат бўлиб тураман. Ҳозир ҳам Маркс, Ленин асарларини ўқиб турадилар. “Туркистон” газетасида у киши ҳақида ёзганларингизни ўқиб бердим. Хурсанд бўлдилар.
Шу кунларда мен фақат ёзиш билан бандман. Бир қатор ишларни ёзиб тугатдим. Айримларини сизга юбораяпман. Лозим топсангиз ҳафталикда чоп этарсиз. Агар бу мақолалар ҳафталикка мос келмаса, уларни ўғлим Алишерга қайтариб беринг. Сиз Алишерни танийсиз. У дўстлик жамиятида ишлайди. Францияга кетаётганингизда Сиз билан учрашган, суҳбатлашган. Амир Темур ҳақидаги мақолаларимнинг бир қисми босилмасдан, ҳар кимнинг қўлида қолиб кетди.
Бир неча йил олдин Туркия олимлари жамияти Алишер Навоийнинг тўла асарлари тўпламини чиқаришга қарор қилган эди. Ҳозирги кунгача Навоийнинг бир қатор асарлари шу туркумда чоп этилди. Мени фақат биргина ДЕВОНини бошидан охиригача, эринмасдан, синчиклаб қиёсий ўрганиб чиқдим. Навоийнинг бизда, Ўзбекистонда босилиб чиққан энг мукаммал девонига қиёслаганда шу нарса аниқландики, биз ҳануз Навоийнинг 30 та ғазалини аниқламаган эканмиз. Бир девонда ўттизта ғазал етишмайди. Мана шулар ҳақида ёзгандим.
Буюк Чўлпон ҳақида бир тадқиқотни тугатдим. Унда шоирнинг шу кунларгача Ўзбекистонда чоп этилмаган бир қатор шеърлари бор. Бунинг жиддий сабаби бўлиши керак. Мен уларни икки йил давомида Чўлпонга оид Ғарбий Оврупо, Туркия ва Америкадаги архив материалларини оғдар-тўнтар қилиб топдим. Бу иш 30 саҳифадан ортиқ бўлганлиги сабабли, ҳафталикка катталик қилса керак, деган ўй билан уни ҳозирча юбормаяпман.
Аҳмаджон домла, мендан дўстимиз Хуршид Дўстмуҳаммадга салом деб қўйсангиз. Хуршиднинг икки ҳикоясини “ЎзАС”да ўқиб чиқдим. Унга хат ёзмоқчийдим, манзили номаълум бўлгани сабабли хатни Сизга йўллаяпман. Хуршиднинг айрим ҳикоялари менга ёқади, лекин уларни ҳозирги ўзбеклар тушунармикин, деган гумоним ҳам бор. Мен импрессионистлар ҳақида кўп ўқиганман. Назаримда Хуршиднинг “Ўзим” каби ҳикоялари психологик (руҳий) импрессионизмни эслатади. Бундай асарларнинг ғарб дунёсида бозори чаққон бўлади.
Ғиёсиддин ота билан (Чикагода яшаб қолган қашқадарёлик ҳамюртимиз) онда-сонда бўлса ҳам учрашиб тураман. Ҳозир улар янги, катта уй (боғи билан) сотиб олишган (1992 йили борганимда Ғиёсиддин ота умр йўлдошлари ва ўғиллари билан Чикаго аэропортининг шундоққина чеккасида, қўнаётган самолётларнинг ғилдираклари томга тегай-тегай дейдиган уйда яшашар эди). Жуда антиқа. Кенжа ўғиллари Нажмиддин ва набиралари (Сирожиддиннинг ўғли) Жамолиддин (Сизлар уйлантирган) ўзлари уй сотиб олиб, алоҳида рўзғорли, фарзандли бўлишди. Шу ёшларнинг шу даражада яхши уй-жойли, бола-чақали бўлишларига “ЎзАС” ҳафталиги сабабчи бўлди. Буни бандаси билмаса, Яратган билади-ку. “Яхшилик қил, сувга от − балиқ билар. Балиқ билмаса Холиқ билар” деганлари шу бўлса керак. Бир келсангиз ўзим олиб бораман.
Хайр, омон бўлинг. Дўстларга кўпдан-кўп саломлар билан Хайрулла Исматулла.
Р.S. Мен юборган мақолаларни набодо (матнда шундай) босиб чиқарсангиз, уларга тайинланган қалам ҳақини доимо машинистка қизларга беринг. 1997, август, 2”.
* * *
Яна бир муҳим хат:
Муҳтарам Аҳмаджон Мелибоев
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”
газетаси Бош муҳаррири жанобларига.
Авволан салом ва ҳурматларимни қабул қилувингизни истимос қиламан. Афсуски Туркистоннинг Ўзбекистон қисмида бўлган вақтимда зоти олингиз билан ҳамсўҳбат бўла олмадим. Бугун ушбу хатим билан сизга мурожот етиб, баъзи фикрларимни изҳор этмак ниййатида бўлдим. Лутф этсангиз, агар ҳукумат сензуридан рухсат олабилсангиз, менинг тубандаги фикирларимни газетангизда нашр еттирсангиз севинаман:
1. Ўзбекистон Олий Кенгашининг Фан, Халқ таълими Қўмитасининг ва Ўзбекистон Фанлар Академиясининг 25. май 1.5.1992 даги менинг ватанимга ташриф етишим ҳақидаги самимий давати учун қалбий раҳмат билдираман. Ушбу самимий даватнома билан Ўзбекистонда бўлиш шарафига ега бўла олдим. Менинг билан кўришган (иккита сўз ўқиб бўлмас даражада ўчирилган – А.М.) ҳамма ватандошларимга, уларнинг (иккита сўз ўчирилган) иззат-ҳурматлари учун қалбимдан раҳматлар билдираман. Шунингдек 52 йилдан кейин топа олган 126 жондан иборат бўлган қариндош-уруғларимга уларнинг менга нисбатан кўрсатган муҳаббатлари учун жонимдан шукрон – билдираман.
2. Мамлакатда бўлган вақтимда, айниқса, Тошкентда, дунёнинг ҳечбир йерида кўрмадигим ҳақоратни (шу сўз остига йўғон кўк сиёҳли чизиқ тортилган) кўрган бўлдим. Тошкентга келганимдан кейин “Президентимиз Сизни Наманганга бориб оилавий маросимларингизни ўтказиб келганингиздан кейин қабул қиладилар ва сиз ундан сўнгра фикирларингизни билдира оласиз” дедилар. Мен бунинг учун раҳмат билдирдим. 21.дан 22.7.га ўтар кечаси соат 2.5 да Тошкентга кирдик. 22.7.да Президент идорасида ишлайдирган масъул бир амалдор келди, “Президентимизни вақтлари бўлмагани сабабли сизни қабул қила олмойдилар” деди. Мен бу хабарни ғоят таъбиий бўлганли(ги)ни билдирдим ва раҳмат изҳор етдим. 23.7.да йуқари унвонли бир юртдошим “Сизнинг ҳақингизда Намангандан ёмон рапорт келди. Президентимиз хапа болдилар”, деди. Ёмон рапортнинг мазмунини билдирмади. Орадан бироз ўтгандан кейин бошқа бир юксак даражаси маъмур келиб, “Иккинчи дунё урушининг қатнашчилари Сизга қарши норозилик билдирмакдалар. Бунинг учун ҳафтанинг охирига қадар мамлакатдан чиқиб кетишингиз керак” деди. Мен бундай талабга бир оз жавоб бердим. “Мен “Сизларнинг менга қарши норозилик билдирмакда бўлган урушчиларингиз – Партия ва Сталин учун қасам ичганлар. Биз Туркистон миллий аскарлари Аллоҳ ва Туркистон истиқлоли учун қасам ичганмиз” дедим ва гапни чўзмасдан чиқиб кетишимни билдирдим. Бундан кейин ақлим йерига кирганлигини сездим. Халқимизнинг ва зиёлиларимизнинг бир қисми, муҳожирларимизнинг кўпчилиги Ўзбекистон ҳукуматининг масъул раҳбарларидан менинг ватанимга кириш учун рухсат берили(ши)ни талаб этмакда давом етган эдилар. Аммо, “бу одам келса олинажак тадбир тактикаси”ни ҳам аввалдан тайин етганлар. Ватанимдан қувладилар (Шу икки сўз ости чизиб қўйилган). Бунинг билан, Ўзбек халқининг ахлоқи билан ҳеч бир алоқаси болмаган ҳийлакорликни, менга қарши ески Комминизм-Социализм иғволарининг яшамоқда бўлганлигини ўргандим. Қаноатга келдимки, бугунларда ҳам ески Комминизм истиқлол байроғи остида нео-коммунизм шаклида ўзининг таъсирини кўрсатмакда.
Ўз ҳаётининг 50 йилини истиқлол учун кураш майдонида, Туркистон жумҳуриятларининг мустақилликлари эълон қилингандан сўнгра, истиқлолни мустаҳкамлаш йўлида фаолиятда бўлинган менинг каби бир ватанпарварни ватандан чиқармоқ халқимнинг эмас, балки ҳозирги ҳукумат атрофига тўпланган баъзи “Ошхўр жойнамоз ўғриларининг” ишидир.
Нео-Болшевиклар мени хато онгламасунлар: мен ватаним хизматида давом этаман.
Миллатимизга саломатлик, истиқлолимизга ҳар замон учун зафарлар тилаб тураман.
Эҳтиромларим билан
фалсафа фанлари доктори Боймирза Ҳайит
12.8.1992
* * *
Қуйидаги мақола ва унга илова қилинган изоҳ-мактубни газета таҳририятига 1994 йилнинг январь ойида мамлакатимиз маданий ҳаётининг таниқли намояндаларидан бири Азиз Оппоқович Тўраев йўллаган эди. Уни саҳифага қўйдик, аммо чоп этишнинг иложи бўлмади. Мустақилликнинг учинчи йилига қадам қўяётган бўлсак-да, ҳар эҳтимолга қарши эҳтиёт бўлиб туришни маъқул кўраётганлар кўп эди ўшанда…
“Ҳурматли бош муҳаррир!
Замон чархпалаги шиддат билан айланмоқда. Кечаги гап бугун эскириб, аҳамиятсиздек туюлиб қолаётир. Ўйласанг тасаввурингга сиғдира олмайсан киши: СССРдай давлат парчаланиб, миллий жумҳуриятлар, жумладан Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритишини бундан беш-ўн йил аввал ким ҳам башорат қила оларди? Ўзбекистонда совет замонининг энг йирик сиёсий арбоби Шароф Рашидовдек шахс кутилмаганда вафот этишини, дунё айланиб, мамлакатнинг биринчи раҳбари уни балчиқдан олиб, балчиққа қоришини, бу улуғ инсон шаънига асоссиз таъна тошлари отилишини, куни кеча унинг иссиқ бағрида бўлганлар эндиликда ундан азият чекканлар бўлиб қолишини ким ҳам ўйлабди дейсиз.
Бу улкан арбоб, ғоят мураккаб шароитда ҳам ўз халқи манфаатларини имкон қадар ҳимоя қилган инсон ҳақидаги уйдирмалар шу даражага бориб етдики, бир неча йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига бош бўлган, қатор роман, повесть ва достонлар битган истеъдодли ижодкорни нопок кимсалар сохта адибга чиқардилар. Асарларини ўзи ёзмаган, бошқалар ёзиб берган, деган иғво тарқатишдан ҳам тийилмадилар.
Вақт ҳамма нарсага ҳакам экан. Президентимиз халқимизнинг ардоқли фарзанди Шароф Рашидов хотирасини тиклаш тўғрисида қарор қабул қилдилар. Бундан руҳланиб, шахсий архивимда ўн йилдан бери сақланиб турган бир ҳужжатни муҳтарам газетхонлар ҳукмига ҳавола этишга жазм қилдим.
Бу ҳужжаи Шароф Рашидовнинг сўнгги “Дил амри” повести хусусида. 1982 йилнинг 23 июль куни адибнинг янги асари қўлёзмаси бир гуруҳ адиблар иштирокида муҳокама қилинди. Муҳокамада ижодкорлардан ташқари ўша кезлари марказқўмнинг мафкура бўйича котиби Оқил Умрзоқович Салимов, маданият бўлими мудири камина ҳам иштирок этганмиз. Одатга кўра, бундай йиғинлар стенограммалаштирилар эди. Аммо бу гал бу таомилга риоя қилинмади. Фикримча, Шароф Рашидович камтарлик қилиб, шахсий ижоди ҳақидаги йиғинни давлат аҳамиятига молик муҳим тадбирлар рўйхатига кириб қолишини хоҳламади. Мен эса, одатимга кўра, бошқа йиғинларда бўлганидек, муҳокамада сўзга чиққанларнинг мағизли фикрларини ён дафтаримга қайд қилиб бордим. Албатта, ўшанда мен бу фикрларни вақти келиб матбуотда эълон қилишни ўйлаган эмасман.
Ҳурматли муҳаррир!
Ушбу муҳокама матни билан танишиб чиқишингизни илтимос қиламан. Балким, уни эълон қилса бўлар. Эҳтиром билан А. Тўраев. 25.01.94
Муҳокама матни:
Воҳид Зоҳидов: Қисса юқори савияда яратилган, унда романнинг ҳамма элементлари бор. Асарнинг бош қаҳрамони Сергей тирик қолса маъқул бўларди.
Комил Яшин: Асарнинг халқаро аҳамияти катта. Сергейнинг пичоқланиб ўлгани маъқул.
Раҳмат Файзий: Айтишим керакки, Шароф Рашидовнинг ҳамма асарлари Ёзувчилар союзида муҳокама қилинган. Асар фақат ўзбек адабиётида эмас, балки рус адабиётида ҳам воқеа. Ўзбек адабиётида бу образлар бўлмаган. Асарнинг қимматли томони яна шундаки, у ихчам ёзилган. Тезроқ рус тилига таржима қилиш керак.
Ҳафиз Абдусаматов: Асарни ўқиб камчилик топа олмадим. Замонавий, тинчлик мазусига бағишланган. Ҳозирги кун учун актуал асар. Адабиётда янгилик. Образлар таъсирли, ишонарли, конфликтли, драматизм кучли, тили яхши, ўхшатишлар, афоризмлардан ўринли фойдаланилган. Яхши кинофильм бўлади.
Мирмухсин: Асар маҳорат билан ёзилган. Серёжа тирик қолса яхши бўларди. Шароф Рашидовнинг бу қиссаси адабиётимиздаги энг яхши асарлардан бири.
Ўктам Усмонов: Асарнинг қаҳрамонлари оддий одамлар. Образлар тобора қизиб боради, ниҳоятда замонавий. Сергей ўлмасин.
Саъдулла Кароматов: Асар тинчлик, халқлар дўстлигига бағишланган, урушни қораловчи, унга нафрат руҳида яратилган.
Иброҳим Раҳим: Шароф Рашидов адабиётда идеология яратаяпти, интернационализмнинг янги қирраларини илгари сураяпти. Асар адабиётга олиб кирилган жасорат. Матбуотга чиқса яхши бўларди.
Александр Удалов: Асар Бутуниттифоқ адабиётининг яхши намунаси. Ўзбек адабиётида қаҳрамони рус халқи бўлган биринчи қисса дейиш мумкин.Уни тезроқ рус тилига таржима қилиб, чоп этиш керак.
Рамз Бобожон: Бу асар номига муносиб қалб амри, юрак амридир.
Одил Ёқубов: Асардаги воқеалар, одамларнинг тақдири ниҳоятда мураккаб. Ундан катта адабиётнинг нафаси сезилиб турибди. Асар фожиали тугагани яхши.
Ҳамид Ғулом: “Дил амри” намуна бўладиган ибратли асар. У публицистиканинг чўққиси.
Асқад Мухтор: Қиссани кириш сўзи билан тез матбуотда чиқариш керак.
Туроб Тўла: Бу асар ватанпарварлик, байналмилаллик, инсон иродаси ҳақида қисса. Повестни ўқиб, беихтиёр Шолоховнинг “Инсон тақдири”, Фадеевнинг “Ёш гвардия” асарлари, уларнинг қаҳрамонлари кўз ўнгимга келди. Ўзбек адабиётида янги сўз бу. Уни тезроқ газетада чоп этиб, ўз ўқувчисига етказиш керак.
Шароф Рашидов: Асар сюжети 1942 йилдан бери мен билан бирга. Воқеа Новгород областида бўлган. 1977 йили меҳнат таътилида 12 соатдан ўтириб ёздим. Урушга лаънат ўқиш нияти билан ватанпарварлик, чекинмаслик руҳида ёзилган. Асарни роман даражасига кўтариш масаласида: агар асарга янги боб қўшилса, у бузилади, шунинг учун одамларнинг психологиясини кенгайтириш йўли билан кейинроқ роман қилиш мумкин. Муҳокама қатнашчиларига чин кўнгилдан миннатдорлик билдираман”.
* * *
Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Муҳитга сиғмаган юрак” сарлавҳали публицистик мақоласи машҳум ўттиз еттинчи йил қатағонининг қурбони бўлган шоир Усмон Носир ҳақида. Муаллиф Усмон Носирни ижод боғидан юлиб олиб кетган даврни қоралаш билан бирга, истиқлол арафасида, собиқ иттифоқ раҳбарининг “қайта қуриш” сиёсати авжига минган пайтда юзага келган маънавий инқирозга, катта-кичик минбарлардан янграётган эҳтиросли, аммо мағзи пуч ҳайқириқларга тўхталиб, шундай сатрларни қоғозга туширган: “Биз ижодкорлар неча истеъдодларга завол бўлган ўша муҳитни қоралар эканмиз, ҳозирги ўз муҳитимизга ақл кўзи билан, келажак кўзи билан боқсак, ёмон бўлмасди. Қайта қуришни ўзича тушунган, барча қадриятларнинг оёғини осмондан қилиб қўйишга уринаётган, давр эпкинида юзага чиқиб олишни кўзлаётган бадниятлар йўқ эмас. Улар Ёзувчилар уюшмаси минбарини эгаллаб, истеъдод эгаларига лой отаётганлари, ошкора таъқиб ва таҳқир қилаётганлари ўша ўттиз еттинчи йил муҳитини эслатмайдими? Мен у ўктам ваъзхонларнинг кимлигини айтиб ўтирмайман, кимга хизмат қилаётганларини ҳам гапирмайман. Фақат эслатмоқчиманки, уларнинг асосий қуроли — туҳмат, шаллақилик, ғазабкорлик ўша даврларда Усмон Носирга қарши ишлатилган қуролларга ўхшаб кетади. Фақат фарқи шуки, ўттиз еттинчи йилда бундай мажлислардан кейин шоирларга қамоқхоналарнинг эшиги очилган бўлса, энди касалхоналарнинг эшиги очилмоқда”.
* * *
Газетамизнинг 1992 йил 1 январь сонида Ўзбекистон Эркин аканинг кичик-кичик фикраларини эълон қилдик. Улардан иккитаси:
Ўчган овозлар
Бизга бешикдан таниш, тобутгача ҳамроҳ, жумла жаҳонимизни забт этган бир жумла бор. Бу икки сўздангина иборат: “Овозингни ўчир!”
Қулоғимизга, онгимизга, дилимизга, жонимизга чуқур-чуқур ўрнашган, ўзлигимизга айланиб кетган ибора!
Сен ҳали йўргакда экангда она сутига тўймай йиғлайсан. Тақчилликдан тани қуриган, меҳрга, ардоққа, бахтга зор онанг жонидан тўйиб сенга, фарёд билан айтадиган сўз бу: “Овозингни ўчир!”
Оламга ҳайрат кўзи билан боқиб кўксингдан отилган минглаб саволларга жавоб бу. Билишни истаган онгинг, учишни истаган юрагинг, ўсиш, камол топишни истаган вужудингга азалий хитоб бу.
Болалар боғчасининг аробасига тушгандан бошлаб ҳукумат қўшиғини айтасан: “Менинг бо-бом-лар…” Икки қўлинг тиззангда, икки кўзинг мураббияда. Ўтиришинг керак.
– Ахир мен боламан, – дейди ички овозинг мураббияга, – югуришим, гурпаклашишим, қийқиришим керак. Табиат мени шундай яратган.
– Овозингни ўчир, – дейди мураббиянг, – сенга тўполон керак бўлса, катталарга тинчлик керак.
Мактаб деворига “Ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш” деб эмас, “Ўчир, ўчир ва яна ўчир!” деб ёзилган.
– Менга ҳаётий илм беринг, – дейди овозинг ўқитувчига, – яшашни ўргатинг. Юрагимга гўзаллик ҳиссини солинг. Менга Людовиклар, Генрихлардан кўра ўз она юртим тарихи азизроқ, Темур бобом тўғрисида рост гапни айтинг. Бобур ва бобурийлар қисматини ҳикоя қилиб беринг. Мен учун Рур ҳавзасида йилига қанча кўмир ишлаб чиқарилиши қизиқ эмас. Ўз юртим хазиналаридан, унинг бойлиги ва қашшоқлигидан гапиринг. Менга туркий, форсий байтлар ёдлашни, ислом тарихи, шариат қоидаларини, дафн маъракасида икки калима Қуръон тиловат қилишни ўргатинг.
Юрагингда истакларинг кўп. Барига жавоб битта: – Овозингни ўчир. Вазирлик тасдиқлаган ўқув дастури бор.
Бора-бора англаш доиранг кенгаяди. Ҳаёт йўлида кўп бор қоқиласан, бошинг деворларга урилади. Қадамингда у шафқатсиз садони эшитасан: ўчир!
Юрагингдаги оловни ўчир, кўзингдаги нурни ўчир, ўзлигингни, тарихингни, хотирангни ўчир!
Тирикликнинг эҳтиёжлари сени минг бир хил маҳкамаларга етаклайди. Сарсону саргардонликлар сўнгида англайсанки, бу оғир эшикларга қопланган чармлар овозни ўчириш учун.
Овозингни ўчир! Тошнинг биллурга, изғириннинг япроққа, соҳибнинг қулга айтадиган сўзи бу!
Шаҳринг атрофига осмонўпар темир қурилмалар ўрнатилган. Улар овоз узайтгичлар эмас, билъакс овоз ўчиргичлар. Етмиш йил давомида бу қурилмалар дунё овозларини сендан, сени дунё овозларидан тўсдилар. Уларнинг ҳар бири “Овозингни ўчир!” деган ибора сўнгидаги ундов белгисига ўхшайди.
Қабристон сукунатига қулоқ сол. Бу сукунатда ўчган овозларнинг ҳайқириғи бор. Ватанингни англа. У ўчган овозлар ватанидир. Осмон – ер устига тўнкарилган қопқоқ. Сенинг овозинг парвардигорга бориб етмасин учун бу зич шиша қопқоқ яралган.
Ҳақиқатнинг қаердалигини билгунча қаддинг букилади, сочинг оқаради. Оқарган сочларинг ҳам аслида ўчган овозлар кулидир.
Овозингни ўчир! Оқибат бу садога кўнасан. Энди у ўз ичингдан янграйди. Биров сенга “ўчир” дейиши шарт эмас. Бу сўзни ўзинг ўзингга айтасан.
Бир кун барча тириклар каби сен ҳам тирикликни тарк этасан. Жонинг жаҳолатдан озод бўлади. Дунё сендан қутулади, сен дунёдан. У кунни интизор кутганлар қарсак чаладилар. Хайрият, овози ўчди-я, дейдилар. Лекин ғофил одамлар билмайдиларки, инсон руҳининг овозини ўчириб бўлмайди. Олам руҳлар фарёдига тўлиб кетган. Инграган шамол, тебранган дарахт, жавдираган юлдуз тирикликда садо чиқаролмай ўтганларнинг фарёди, алами, кўзёшларидир. Бу нолалар бизга уйқу бермайдилар.
Ҳақгўй девона
Йўқ, сиз уни юпатманг, кўнглини кўтарувчи сўзлар айтманг. У ўзи айбдор. Тўғрилиги, самимияти, боладай ишонувчанлиги учун айбдор. У навбатдаги мажлисдан бош эгиб чиқди. Унга, сен ҳақ эдинг, одамлар сени тушунмадилар, деманг. Яхшиси, унга бардош тиланг. Чунки бу феъли бор экан, у ҳали кўп бардошга муҳтож бўлади. Сиёсатдон керак сўзни, ҳақгўй юрак сўзини айтади. Юрак сўзи ҳеч кимга керак эмас.
Раҳбар курсида ўтирганда ҳамма уни кўкка кўтаради. У эса ялтоқлардан кулади ва боши дашномдан чиқмайди. Раҳбар гўрга кириши билан ўша маддоҳларнинг ўзи унинг шаънини ҳам гўрга тиқадилар. Ҳақгўй девона бунга ҳам чидамайди. Ўлганнинг орқасидан тош отувчиларга тош отади. Бу тош энг баланд биноларнинг деразасини синдиради. Қарабсизки, шўрликнинг боши яна тошбўронга қолади.
Вақт ўтади. Раҳбарнинг шаъни тикланади. Энди уни осмоннинг еттинчи қаватига кўтариб фаришталар сафига ўтқазишади. Девона яна чеккага ўтади. Посангисиз олам яна унинг юзига лой суради.
Йўқ, сиз уни юпатманг, кўнглини кўтарувчи сўзлар айтманг. Ҳар бир инсон ўз жонини эҳтиёт қилади. Худойим девонага шу туйғуни бермаган экан, демак, манглайига тақдири азалдан жазо битилган.
Узоқ Шарқ диёрларида “кета” деб аталган балиқ бор. У ҳамиша оқимга тескари сузади, дарёнинг манбаига бориб тоза сувлар бўйига уруғ қўяди. Бу йўлда у тошларга урилиб, дарёни қонга бўяйди, қирғоқларда жон беради. Лекин тоза сувларга интилади. Наслим тоза бўлсин деб, шундай қилади. Балиқчилар кета балиғининг бу одатини яхши билиб осонгина ов қиладилар. Найза билан шундоққина санчиб ола берадилар.
Ҳақгўй девонанинг кўксига найза санчиш осон. Не илож. У шундоқ яралган.
Эй сиз юрт тўрида ўтирган саркорлар! Сизлар девона ҳақгўйлардан эмас, ялтоқи иблислардан қўрқинглар. Оёғингиз остида ястаниб ётганлардан эҳтиёт бўлинглар”.
Бу икки фиқра “юқори”ни жунбушга келтирди. Эшитмаган гапимиз қолмади. Яна тушунтириш хати ёзишга тўғри келди. Фанлар Академиясининг “Фан” нашриётида чоп этилган “Фитна санъати” номли икки жилдли публицистик мақолалар тўпламига Эркин Воҳидов ёзган сўзбоши бизга анча далда бўлди: “Ўзим муштарий бўлган рўзнома ва ҳафтаномалар ичида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”ни алоҳида интизорлик билан кутаман ва иштиёқ билан ўқийман. Бу ҳафталикнинг ўзига хос йўналиши ва услуби бор. Унинг деярли ҳар бир сонида жумҳурият бўйлаб овоза бўладиган, одамлар бир-биридан “ўқидингми” деб сўрайдиган, рўзномачилар тили билан айтганда, “бомба” монанд мақола ё рисола бўлади. Албатта, бундай “бомба”ларни чоп этишнинг ўзи бўлмайди. Улар даставвал матбуот назорати идораларида портлайди, баланд-баланд бинолардаги катта-катта ўриндиқларни ларзага келтиради. Сўнг акс-садоси гоҳ муҳаррирга “қатъий огоҳлантириш”, гоҳ бўлим мудирига “ҳайфсан” бўлиб қайтади. Лекин бахтимизга ҳафтаноманинг дастёрлари бўлган қаламкашлар чумчуқ “пир” этса, юраги “шиғ” этадиганлардан эмас.
Кўпгина газетхонларда бўлган бир одат менда ҳам бор. Ўзимга маъқул бўлган чопилмаларни (газета материалларини) қирқиб олиб қўяман. Лекин бу ҳафтаноманинг саҳифаларини қирқишга ҳеч қўлим бормайди. Бутунича сақлайман. Ҳар гал газета уюмларига қараганимда, хаёлимдан бир фикр ўтар эди: “Қани эди, ҳафтаноманинг энг яхши мақолаларини жам этиб китоб қилинса-ю, уларни дам-бадам қайта ўқиб турсак, уйимизнинг ва кўнглимизнинг бойлиги қилиб сақласак. Мана, орзу рўёбга чиқиб, ўзимга таниш, бир вақтлар алоҳида-алоҳида ўқиган нарсаларимни биргаликда кўриб қувониб турибман. Бу китобдан баҳраманд бўладиган ўқувчиларни ўйлаб ҳам, шу асарларни яратган қаламкаш дўстларимнинг меҳнати яна бир бор қадрланганидан ҳам қувонаяпман.
Аслида, шоир, ёзувчи учун шеъру достон, қисса-ю рўмон ёзишдан дилбар иш йўқ. Ўзи ҳам хумордан чиқади, ўқувчи ҳам яйрайди. Публицистика – жоннинг азоби. Уни ёзиш бир азоб, нашр эттириш икки азоб, кетидан чиқадиган машмашаси уч азоб. Шунча меҳнат, ҳаяжонлар эвазига оладиган қалам ҳақинг акса урганга арзимайди. Боз устига, адабиёт сиёсийлашиб кетди, шоир, ёзувчилар бадиий адабиётни қўйиб, публицистикага ўзларини урдилар, деган таъналар ҳам эшитасан. Лекин, барибир, ёзувчи ҳар қандай шароитда ҳам замон гирдобларидан четда тура олмайди. Бир вақтлар келиб, бизнинг бу долғали кунларимизга баҳо берилганда ҳам эл назаридаги кишиларнинг сўзи, муносабати ҳисоб қилинади. Ким виждон сўзини айтгану, ким замонасозлик қилган, албатта, тарозига қўйилади…
Истеъдод замирида азалдан ҳақсизликка қарши исён ётади. Китоб қўлёзмасини қайта ўқир эканман, яна бир бор шунга амин бўлдим. Агар бу китобнинг мундарижасини энг қисқа баён этиш лозим бўлса, “Ўзликни англаш” деган бўлар эдим. Бу китоб миллатнинг ўзлигини англаш йўлидаги қийин, азобли уринишларини баён этади”.
2006 йил 16 январь куни Эркин акадан бир даста шеър билан қуйидаги мактубни олдик:
“Аҳмаджон дўстим!
Куни кеча юртимиз ижодий жамоатчилиги севимли газетамизнинг эллик йиллигини нишонладилар. Ўйласам, ярим аср аввал адабиётга кириб келган бир авлод қатори менинг ҳам ҳаёт йўлим шу газета билан боғлиқ экан. Унинг илк сонларида дастлабки шеърий машқларим босилган ва адабиётимиз бошига келган, газета учун ҳам ларзали бўлган оғир кунлар менинг қисматимда ҳам оғриқли излар қолдирган.
Рост сўз айтиш қаҳрамонлик саналган, мустақил тафаккур бурчакка тиқиб қўйилган замонларда “Ўзбекистан адабиёти ва санъати” биз учун мардлик майдони, жасорат минбари бўлган. Ўшанда бу газета кириб бормаган зиёли хонадон кам эди. Бугун юрт мустақил, тафаккур озод бўлган замонда унинг муштарийлари, билъакс, камайди.
Ўтган аср бошида шоир Завқий шундай байтлар битган эди:
Шоири бўлма замоннинг, бойи бўл, баззози бўл,
Ақчадан лангар чўп ушлаб, растанинг дарбози бўл.
Шеър ўқумайдир киши, даврон қулоғи кар анга,
Хоҳ замоннинг шоири бўл, хоҳи тийрандози бўл.
Орадан юз йил ўтиб шоир сўзлари долзарб бўлиб турибди.
Ҳар даврнинг ўз урфияти, устуворликлари бўлар экан. Шеърият салгина чекинган бўлса, санъатнинг бошқа турлари, ахборотнинг минг бир хили олдинги сафга чиқди.
Аҳмаджон, сиз муҳаррирсиз. Шеърият чекинди, деган сўзларим устидан чизиқ тортиб ташланг. Шеърият чекинмаган, чекинмайди. Лекин бу ҳақиқатни исбот қилиш биз шоирларнинг адо этолмаётган бурчимиздир. Мен бугун элликка тўлиб, адл қад кўтариб турган қадрдон газетамга дил ёзиб, янги шеърларимни олиб келдим. Уларга битта умумий ном қўйиш лозим бўлса, “Кўнгил фарёдлари” деб атардим. Ҳозирги кунда юрак дардини шеър қилиш ҳам, уни босиб чиқариш ҳам жасорат ҳисобланмайди. Сабру тоқат билан шеър ўқиш, мағзини чақиш – мана бу энди ҳақиқий жасоратдир.
Истеъдодли жамоангизга ёниб яшаш бахтини тилайман.
Эҳтиром ила Эркин Воҳидов
Ўзбекнинг буюк фарзанди, улуғ шоирнинг ўша пайтдаги кайфияти яққол акс этиб турган шеърларни ўқиш осон эмасди:
Ўлмас эди балки одамзот,
Бўлар эди дунёга устун.
Ақли бўлса жаҳлидан зиёд,
Сабри бўлса нафсидан устун.
Ажал дея аталувчи чоҳ
Ичра зинҳор тушмасди одам.
Бўлса эди озгина огоҳ,
Ўйлабгина қўйсайди қадам.
Иш ўлдирмас, ишкал ўлдирар,
Жон заволи юз ёшмас, кўзёш.
Инсон нега дунёдан кетар
Қувлаб унга отмасалар тош?!
Таҳқир заҳру ханжар билан тенг,
Туҳмат ортиқ ўқдан ва дордан.
Инсон ўлмас бири бирининг
Ўлишига бермаса ёрдам.
Инсон ўлмас, ўлдирмаса ғам,
Макон қилмас қаро турбатни.
Кўрса агар тиригида ҳам
Ўлганида топган ҳурматни.
Олам тўла фитна адоват,
Мангу қолиб нетар одамзот?
Бир кун чарчаб, излаб фароғат
Тинч дунёга кетар одамзот…
Орадан тўрт кун ўтиб, ушбу мактуб ва бир туркум шеърлар газетамизда эълон қилинди.
“Туркни туртиб туриш керак” деган гап бор. Баъзи муаллифлар айтадиган гаплари ичларига сиғмай турса ҳам ўзларини сипо тутиб тураверадилар. Уларга “Шу масалани кўтариш Сиздан лозим” десангиз, қаламлари сайраб кетади. Бир вақтлар, ёшлар нашриётида ишлаётганимда, шоир Нормурод Нарзуллаев билан устоз Миркарим Осимнинг уйига бориб, у кишини “Алжабрнинг туғилиши” деган рисола ёзишга кўндириб келганмиз. Газетада эълон қилинган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминовнинг “Ваҳшат чиғириғи”, Хуршид Давроннинг “Босқинчи қаҳрамон бўладими?”, Йўлдош Сулаймоннинг “Бағри қон Фарғона”, Шавкат Раҳмоннинг “Махфия” сарлавҳали мақолалари ҳам шу йўсинда ёзилган.
Эркин Воҳидов иштирокидаги суҳбатларда устоз кўпдан-кўп сўз ва иборалар, мақол ва маталларнинг маъноси, аслияти ва бугунги шакли, таъбир жоиз бўлса, “босиб ўтган ғаройиб йўли” ҳақида ғоят қизиқарли маълумотларни айтиб берардилар. Баъзи сўз ва ибораларнинг ўзи катта бир мақолага арзигулик бўларди.
Бир куни юрак ютиб, Эркин акага айрим сўз ва ибораларнинг ўзига хос “тарихи” ҳақида мақола ёзиб беришни илтимос қилдим. “Жуда бандман, майли, ҳаракат қиламан” дедилар.
Анча кутишга тўғри келди. Сабр қилиб турдик. Расмий йиғинлар, тўй-ҳашамлаарда кўришганимизда Эркин ака: “Аҳмаджон, яхшимисизлар?” десалар, бетўхтов: “Яхшимиз, қалам ҳақи ҳам яхши”, дейдиган бўлдим. Ниҳоят, у кишидан биз кутган даражадан ҳам аъло мақолани олдик. Унга қуйидаги мактуб илова қилинган эди:
“Дўстим Аҳмаджон!
Мақолага ниҳоят нуқта қўйилди. Электрон почта орқали юбордим.
Ростини айтсам, сўнгги бор ўқиб чиқишга ҳам мажол қолмади. Толиқибман. Шу кунларда турли издиҳомлар кўп бўлди, кечалари ёзишга тўғри келди. Агар Сизнинг “зулм”ингиз бўлмаса мақола ёзишнинг мавриди эмасди. Очиғи, яқин ойларда бўлмасди ҳам.
Сарлавҳани “Тирик хазина ёки жаҳонгашта сўз” деб атадим. Энди ихтиёр ўзингизда. Истасангиз, “Милтиқ тираб ёздирилган мақола” деб сарлавҳа қўйинг. Илтимос, яна бирор нарса қўшиб беринг, деб қистовга олманг. Чарчадим. Бу чарчоқ энди мўмай қалам ҳақини олганда тарқаса керак…
Майли, золим бўлсангиз ҳам Сизни ҳурмат қиламан, яхши кўраман.
Эркин Воҳидов 26.02.09”.
Мақола газетанинг навбатдаги сонида эълон қилинди. Биз учун қийини – таҳририятга қўнғироқ қилиб, Эркин аканинг мақоласи эълон қилинган газета сонини топиб бериш, жўнатиш, ўқишга бериб туриш каби илтимосларни қондириш бўлди. Мақоланинг ксерокопиясидан ҳам фойдаландик. Таҳририятга кўплаб мактублар келди. Улардан бирида: “Бу мақола тилимиз ҳақидаги энг муҳим илмий, академик тадқиқот бўлибди. Анча йиллардан бери бундай тадқиқотга кўзим тушмаган эди. Мақола муаллифи ва таҳририятга минг раҳмат ”, дейилган. Шу хатни Эркин акага кўрсатган эдим, устоз мамнун бўлиб, “Аҳмаджон, мақолани тилшунос олимлардан бошқа ҳамма ўқибди-я”, дедилар.
Бу мактубларнинг, шунингдек, ўнга яқин шеърларнинг муаллиф қўли билан ёзилган асл нусхалари шахсий архивимда сақланади. Улар орасида адабиётшунос олим Раҳматилла Иноғомовнинг вафоти боис Эркин ака ёзган қуйидаги тўртлик ҳам бор:
Аза уч кун,
Ота-онанг ўлса – йил,
Фалак битмас аза жонимга солди.
Дўстимдан айрилдим, йиғла, эй кўнгил,
Сенга то қиёмат йиғламоқ қолди. (8 дек.2004 й.)
Яқинда қоғозларимни титкилаб ўтириб, яна бир муҳим ҳужжатга кўзим тушди. 2001 йили август ойининг ўрталари эди. Мустақиллик байрамининг 10 йиллиги байрамига тайёргарлик авжида. Катта майдонда ўтадиган байрам тантанаси деярли тайёр бўлган. Юқори лавозимли масъуллар ҳар куни санъаткорларнинг чиқишларини жиддий томоша қилишади, дастурга нималардир қўшилади, нималардир олиб ташланади, эртасига яна тикланади. Хуллас, иш қизғин. Кимдир “Шоберди бахшининг термаларида халқлар дўстлиги, биродарлик, оға-инилик ғояси тўла ифода этилмаган”, деб қолди. Темур Алимов бу кемтикни тузатишни ишчи гуруҳи аъзоси Эркин Воҳидовга топширди. Эртаси куни Эркин ака шу шеърни ёзиб келди:
Шоберди бахши қўшиғи
Ўзбекнинг ёрони кўп,
Дўсти, қадрдони кўп.
Қозоғим-ай, бовур-ай,
Сенга деб эт қовурай.
Сенга ҳам, эй қирғизим,
Бор қимрону қимизим.
Озорийга най чолай,
Арманийга май солай.
Рус, украин, белорус,
Сизга оппоғи дуруст.
Тожикдай томирим бор,
Суянсам Помирим бор.
Уйғур билан хуш куним,
Лағмон эшган охуним.
Ўзбекнинг бағри кенгдир,
Дўстларнинг бари тенгдир.
Шеър ҳаммага маъқул бўлди. Шоберди бахши ёдлади ҳам. Аммо бир “ҳушёр” дўстимиз сабаб концерт дастурига кирмай қолди.
* * *
Қуйидаги шеърларни таҳририятга ким олиб келганини (жўнатганини) аниқ айта олмайман. Ёзувчи Э.Усмоновнинг вафотидан кейин орадан кўп ўтмай таҳририятда пайдо бўлиб қолгани ҳаммамизни ҳайрон қолдирган эди ўшанда.
Макр
Ўйинчоққа айланди имон,
Адаштирди содда касларни.
Туққан экан қайси бир илон,
Ҳизбий деган манфур насларни.
Талаб битта – топшир борингни,
Қурбон айла ҳатто ҳаётинг.
Мен-чи қучиб суйган ёримни,
Тотиб олай дунёнинг тотин.
Бу дунёга меҳрингни қўйма,
Ҳаром асли дунё лаззати.
Бола-чақанг ортиқча суйма,
Орттирмайди асло иззатинг.
Ажаб, дунё – бировга ўйин,
Биров учун зиндон уқубат.
Мумкин эмас товламоқ бўйин,
Бошга ёғар оғир мусибат.
Сенга азоб, сенга ғам-койиш,
Уларгачи маишат, роҳат.
Бўлиш керак қулларча ройиш,
Йўқса кутар шаксиз қабоҳат.
Оятларни айтишар тинмай,
Ҳадисларни қуяр қулоққа.
Бошинг қотар, оқибат билмай,
Тиқилади бошинг тузоққа[3].
Пушаймон
Чайқалади олдимда сиртмоқ,
Ортимдаги чирқираган жон.
Душвор экан тўғри йўл топмоқ,
Бўлар экан гоҳ умр вайрон.
Чирмаб олди макр тўрлари,
Афсунларин ўқийди илон.
Мунча чигал ҳаёт йўллари,
Ҳасратларим тўкилар – маржон.
Милтиллаган хира юлдузни
Гоҳ қуёшга менгзайди инсон.
Алмаштириб тунга кундузни,
Андуҳ чекар оқибат нолон.
Бугун менинг йўлларим боғлиқ,
Қўлларимда темир кишанлар.
Надоматдан юрагим доғлиқ.
Кемиради аччиқ пушмонлар.
Э воҳ, энди юзларим қаро,
Умидларнинг шомлари сўнган.
Пушмонлардан юрак садпора
Ҳаёт энди йўқликка дўнган.
Мен сиртмоққа тутаман бошни,
Алвидолар айтиб ҳаётга,
Юракдаги пушмон тошини,
Олиб кетгум бирга – абадга.
17.02.2001
* * *
Қанча умр нест-нобуд бугун,
Рўзғорлардан кетди фароғат.
Ечилгайми бу манфур тугун,
Аригайми бошдан қабоҳат.
Қуригайми кўздаги қонлар,
Кулгаймикин сарғайган юзлар.
Хазон бўлмай фараҳли дамлар,
Насибангга лойиқ нон тузлар.
Умидларим қуриган булоқ,
Олдимда-чи йўқлигу сароб.
Узилгайми бу маккор тузоқ.
Токи бўлмай ҳаёт хок-туроб.
17.02.2001
Муҳаррирлик бисотимда газета муаллифлари, менга тамомила нотаниш кишилардан келган ғоят кўп мактублар, мурожаатлар бор. Уларни варақлар эканман, ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида узоқ йиллар мудраб ётган кишанли жамиятда янгиланиш шабадалари эса бошлаганига, озод фикр эҳтиёжи юзага келаётганига яна бир бор амин бўламан. Улардан айрим намуналар:
“Ассалому алайкум, ҳурматли Аҳмаджон ака!
Ушбу мақолани эътиборингизга ҳавола қилмоқдаман. Чиқса хурсанд бўламан, чиқмаса – хафа бўлиш йўқ. Янги давр адабиёти ҳақида “ЎзАС”имизда катта бир мақолалар кўриниб турса, яхши бўлар деб ўйладим.
Ишларим яхши. Шеърлар, таржималар, мақолалар… биридан чарчаганда бошқаси билан шуғулланиб, ижодий умримни кечирмоқдаман. “ЎзАС”дан, сизларнинг эътиборларингиздан хурсандман.
Самимият ила Матназар Абдулҳаким. 15.02.05
* * *
“Азизим Аҳмаджон (А. Мелибоев)
Ким, ким, Сиздан яширадиган сирим йўқ. Менинг бир китобим олти йилдан бери Бухоро босмахонасида ётибди. Сигнал нусхаси чиққан. “Учрашув” мақолам газетангизда босилса савоб ишга яна ўзингиз сабабчи бўлиб, китобимга жон кирармиди деган умиддаман.Сизлар туфайли номим элга танилди. Шароф Рашидов ҳақидаги мақоламни эълон қилганингиз учун сизларни доимо дуо қиламан.
Ишни мумкин қадар тезлаштирсангиз.
Самарқанд пахтасини бажарди. Эҳтимол менинг 90 йиллик юбилейим ҳам яқинда ўтса керак. Буни сизга хабар қиламиз. Юбилейимга қатнашишингизни ўтиниб, ўтиниб сўрайман.
Сизга чексиз ҳурмат ва эҳтиром билан додангиз Бобомурод Даминов”.
28.10.04
* * *
Озод Шарафиддиновнинг хати:
“Ҳурматли Аҳмаджон!
Менинг “Тафаккур”даги мақоламга Андижондан бир мактуб келипти. Назаримда у шахсий муносабатлар доирасидан чиқадигандек туюлди. Агар уни газетангизда босиб чиқарсангиз, менингча яхши бўлар эди”. Озод.
15.04.05
* * *
Мана бу шўртаккина мактубча муаллифи устоз Саид Аҳмад. Устоз эски ёзув машинкасида Ғафур Ғулом ҳақида каттароқ хотира ёзиб, “Ёзувчи” газетасига юборган экан, у ерда номаълум сабабларга кўра босилмай туриб қолибди. Чиқиш-чиқмаслиги аниқ бўлмабди. Бунинг устига, ходимлардан бири домланинг бошқа бир мақоласини меъёридан ошириб таҳрир қилган экан, бундан жаҳллари чиқибди. Мактуб шу муносабат билан ёзилган:
“Ҳурматли Аҳмаджон! Салом, соғ-омонмисиз?
Ғ.Ғулом тўғрисидаги хотирани “Ёзувчи”дан бир амаллаб қайтариб олдим (Устидан яна бир кўриб бераман, деган баҳона билан). Конвертда иккита ноёб негатив бор. Содиқ (машҳур фотомухбир Содиқ Маҳкамов) кўчириб олса (менга ҳам бир нусхадан) газетада чиқарарсиз. Илтимос, “хотира”га …да қолган “дўстингиз” … қўлини тегизмасин. Саид Аҳмад. 27.01.97”.
* * *
Ҳурматли муҳаррир!
Атоқли шоирамиз Зулфия хонимнинг 90 йиллиги муносабати билан ихтиёрингизга “Бир байтнинг икки сатри” сарлавҳали эсдаликни ҳавола қилдим. Мабодо, маъқул бўлса, саҳифага қўйилганда юз кўришурмиз.
Қалам ҳаққисини редакция жамғармасига бахшида этаман.
Ҳозирча хайр!
Самимият ила Рамз Бобожон
17 февраль, 2005 йил.
Р.S. Хатга қўшиб юборилган фото омонат, керак бўлса, фойдаланарсиз, йўқолмаса бўлгани!
* * *
“Аҳмаджон /Мелибоев/ салом!
Мен – Шукур акангиз. Бу қиз – менинг фарзандим. Хабарингиз борми-йўқми – кенжа ўғлим Жаҳонгирнинг кўзлари заифлашиб қолди. Ўнгланмаслиги маълум бўлгач, инвалидликка чиқаришди. Аммо пенсияси 5000 атрофида белгиланибди. Қизим пенсия тайинлайдиганлар билан гаплашиб кўрса, улар жўяли маслаҳат беришибди. Шу хусусда Сиз билан гаплашиш учун борди.
Қолган гапларни ўзи айтиб беради. Сиз жасур одамсиз…
Акангиз Шукур”.
* * *
Андижонлик ҳассос олим Сайфиддин Жалиловнинг мактуби:
“Ҳурматли Аҳмаджон ака Мелибоев жаноблари.
Ушбу таъзияномани юрак зардоби билан ёздим. Чунки Комил Тошқин умр бўйи Ватанга етишмоқ, унинг мустақиллигини кўрмоқ орзусида яшади. Унинг ижодидан намуналар газетангизда бир-икки бор босилган эди.
Умид қиламанки, таъзиянома босилади ва газетани Саудияга бериб юборамиз.
Мухлисингиз Сайфиддин ҳожи Жалиловман. Ассалому алайкум.
22.02.06”
* * *
Қишлоқ хўжалиги ходими, таниқли олим Абдусаттор Амировнинг мактуби:
“Ҳурматли Аҳмаджон ака!
Ҳар жума, кунларнинг улуғи куни “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасини ютоқиб ўқийман. Ҳа-ҳа, ютоқиб, бундан бошқа сўз билан ифодалашим қийин. Кўнглим равшан тортади, кайфиятим кўтарилади. Бу газетани ўқийдиган бошқа газетхонлар ҳам шундай фикрда бўлсалар керак. Мен, бутунлай бошқа соҳа одами, таҳририятга биринчи марта борганимда менга ўзим кутмаган даражада эътибор ва ҳурмат кўрсатганингиз, газета учун ёзган мақоламдаги “Инсоният йигирманчи асрга от миниб кирган эди, афсус, ундан пиёда чиқиб кетмоқда”, деган фикримни юксак баҳолаганингиз мен учун мукофот бўлди.
Адабиёт газетаси, менинг назаримда, миллий маданиятимизнинг қайнаб турган булоғига ўхшайди. “Муҳаррир минбари” аёвсиз, аммо холис минбар. Ундаги фикрлар ўқувчини миллат тақдири ҳақида ўйлашга даъват этади. Таҳририятда ташкил этилган “Маҳорат мактаби” қалами ўткир ёш журналистларни тайёрлашга ва ижодкорлар қаторини янгилашга хизмат қилиши аниқ. Илоҳим, ўзингизга ва баракотли ишларингизга кўз тегмасин”.
2.03.06”
* * *
Ушбу мактуб олтиариқлик шоира Мақсуда Эргашевадан келган:
“Ассалому алайкум, Аҳмаджон ака!
Шеърларимни газетангизда эълон қилганингиз ва “Водийларни яёв кезганда” мақолангиздаги эзгу фикрлар учун беҳад миннатдорман. Сизнинг бу ишингиз менинг ҳаётимда қанчалар муҳим воқеа эканлиги бир мену бир Худога аён. Мен беш йилдан бери шеърларимни шу газетада чиқара олмаётган эдим. Сиз туфайли яна адабиёт оламига қайтдим. Ҳаётимдаги юлдузли онларим ушбу газета туфайлидир.
Аввал ҳам ушбу газетага муҳаррирлик қилганингизда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” миллатнинг бош газетасига айланган эди. Унда миллатнинг дарди, орзу-армонлари ўз аксини топарди. Ишончим комил, газета яна ўша шону шарафини топади…
Дунёда Сиздек яхшиларнинг борлигига минг бор шукурлар айтиб: Мақсуда Эргашева. 4.01.95
Кичик изоҳ: тўқсонинчи йиллар бошида газета таҳририятида истеъдодли шоира Мукаррама Муродова ҳам ишлар эди. Бир гал у Фарғона вилоятига хизмат сафарига бориб, қайтишда Мақсуда Эргашева деган шоиранинг маҳаллий ҳофизлар куйлаётган бир шеъри матнини қалам билан эски конвертнинг ичига ёзиб олиб келди, аммо сўнгги икки сатри йиртилиб, шеър тугамай қолгандай эди. Маъносига қизиқиб қолдик: “Мени кимдир ғийбат қилса ҳам, ҳасад қилиб, йўлларимни тўсса ҳам, руҳимни туширмайман, чунки меҳрибон Аллоҳ ниятимга яраша менга ризқ-насиба бераверади”.
Анча уринишлардан кейин шоирани топиб, ундан шеърнинг тўла матнини ёзиб олдик. Уни Қиличбек Тожиевдан кейин Маҳмуджон Азимов маҳорат билан куйлади, бошқалар ҳам куйлашди. Бир четда эътибордан қолаётган ёш шоиранинг номи элга ёйилди. Қўшиқ кўпчиликка ёд бўлиб кетди. Мақсуданинг туркум шеърлари адабиёт газетаси орқали шеърият ихлосмандларига етиб борди. У “юлдузли онларим” деб шу воқеани кўзда тутган бўлса керак.
* * *
Ноёб феъл-атвор, халқона сўз ва иборалар соҳиби Тўра Сулаймон билан мени шоир ҳамюртим Турсунбой Адашбоев таништирган эди. Бу икки дўстнинг ўзаро номалари, улардаги ҳазил-ҳузулларнинг ўзи бир асар. Тўра ака ҳар гал таҳририятга бирор нарса юборсалар, унга кичик мактубча илова қилишни унутмасдилар. Мана, ўша мактубчалардан бири. У менинг газетага қайтиб келишим муносабати билан ёзилган:
“Отадошдай азиз кўра келганимиз, жон аямас дўстимиз, кўнгилга яқин инимиз Аҳмаджонга саломларимиз, соғинчларимиз. От айланиб қозиғини топар, деган гапнинг ўзи бўлибди. Ўрганган, меҳр қўйган ерингиз. Қадрдонларингиз.
Хабарингиз бор, Жўрадан (ҳассос журналист, оқибатли дўст Жўра Умарқуловдан – А.М.) айрилиб қолдик. Турсунбой билан Яқубжон келди. Сизнинг ҳам келишингизни кутган эдик. Кейинги бир йил ичида Жўра тамоми ўзгариб қолган эди. Ҳайрон бўлардик. Ўта мулойим денг. Бир-биримизга роса суяниб қолган эканмиз. Жигаримнинг бир парчаси узилиб тушгандай бўлди. На чора, на илож.
Айтгандай, Миртемир ака ҳақида бир мақола (ёднома) юборган эдим. Устод буғдой пишиғи вақтларида таваллуд топганлар. Куни кўрсатилмаган.
Соғинганмиз. Борганда гаплашармиз. Насиб қилса.
Ўзларинг келинглар. Эл қатори мундай “отадиган” бўлиб келинглар лекин”.
* * *
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамовнинг “Тилхатнома”си:
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталиги бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоевга муаллиф Эркин Аъзамовдан
Тилхатнома
Шундай каттакон ҳикоямни (“Ёзувчи” ҳикояси кўзда тутилмоқда) мард бўлиб босиб чиқарганингиз учун менга тегишли қалам ҳақидан бутунлай воз кечаман. Пулим кўплигидан эмас, азбаройи миннатдорлигимдан. Имзо. 16.02.06”
* * *
Таниқли мунаққид Норбой Худойбергановнинг хати:
“Муҳтарам Аҳмаджон!
Эътиборингизга икки мақола ҳавола қиляпман. Ҳар иккаласи бамисоли сиёҳ билан эмас, қоним билан ёзилгандай, негаки, эълон қилинса, адолат ғалаба қозонади, аксинча бўлса, ноҳақлик ғалаба қозонади, деган фикрдаман. Борди-ю имконини топсангиз, сизга ура!
Аксинча бўлса, бошқа йўлларини излашга мажбур бўламан.
Эҳтиром ила Норбой акангиз. 11.10.05”
* * *
Ташлаб юбормасангиз кўп нарса йиғилиб қолар экан. Моҳиятини йўқотганлари, орадан кўп йиллар ўтиб, ҳозир ушласангиз ҳам қўлингизни куйдирадиганлари, юзингизда истеҳзоли ажабланиш пайдо қиладиганлари бор. Аммо, қўқонлик биродаримиз айтмоқчи, уларнинг бир қисми ўша пайтда ҳам, кейин ҳам ошкора қилиш учун ёзилмаган. Бундан кейин ҳам шу мақомда қолади. Алқисса, уларни ушбу мақолага қиритмадим. Чунки, нима бўлганда ҳам, одамнинг юзи, барибир иссиқ…
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2020 йил, 9-сон
________________________
[1] Тўраев Ҳ. “Машҳур хаттот”, “Бухоро мавжлари” журнали, 2005, 4-сон, Б. 32.
[2] О.Тоғаев, “Ўзбек бадиий публицистикаси”, “Фан”, 1973, Б.5.
[3] Шеър қўлёзмасида “Тиқилади бошинг сиртмоққа” деб ёзилган, муаллифнинг ўзи “сиртмоққа” сўзининг устига чизиқ тортиб, “тузоққа” деб таҳрир қилган – А.М.