Бадиий ва мемуар адабиётларда Америка қудратли мамлакат, сеҳрли диёр дея таърифланади. Бунга шубҳа йўқ ва шу боис у мана икки ярим асрки кўпларни ўзига мафтун этиб келади. Минглаб одамлар юлдузли орзулар қанотида океан ортига интилишади. Озодлик, шахс эркинлиги, ўзликни намоён этиш, бой-бадавлат бўлиш имконияти фақат шу ерда, инсон хоҳлаган нарсасига эришади, деб ўйлашади. Кинорежиссёр Стивен Спилбергнинг саргузашт фильмларида бу ҳолат шу қадар ишончли тасвирланадики, ўсмир томошабин қанот қоқиб, “Қайдасан, Амриқо?” дея океан ортига учгиси келиб кетади.
1983 йили ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида ўтган йирик адабий анжуманда маҳаллий ноширлар мендан ўзбек китобхонлари жаҳон адабиётидан қанчалар хабардорлиги ҳақида сўраб қолишди. Мен уларга француз адибларининг ўзбек тилига ўгирилган, такрор-такрор нашр этилган йигирмадан ортиқ асарлари рўйхатини кўрсатдим. Бальзакнинг француз ёзувчиларига мактубидан бир неча иқтибослар келтирдим. Эмиль Золянинг “Жерминаль” эпопеяси мазмунини сўзлаб бердим, машҳур публицистик мақолаларини тилга олдим. Ишонишлари қийин бўлди.
АҚШ сафари олдидан америкалик ёзувчиларнинг ўзим ўзбек ва рус тилида ўқиган “Мартин Иден” (Жек Лондон), “Қироллар ва карам” (О.Генри), “Бахтиқаро Керри”, “Америка фожиаси” (Теодор Драйзер), “Алвидо, қурол” (Эрнест Хемингуэй), “Бой ва камбағал” (Ирвин Шоу), Эдгар По новеллалари, Уолт Уитменнинг шеър ва эсселари рўйхатини тузиб олдим. Бирор суҳбатда адабиёт, китобхонлик мавзуси кўтарилиб қолса шумшайиб ўтирмай, Ўзбекистонда ғарб адабиёти ғоят кенг тарғиб қилинишини, халқимизнинг фаол китобхонлигини бўлажак суҳбатдошларимга уқдирмоқчи бўлганман.
Индиана университетидаги сабоқларимдан бирида бир гуруҳ ёзувчилар томонидан асос солинган “Бостон ижодий мактаби” хусусида жиддий баҳс бўлди. Гап шундаки, бу мактабга мансуб ижодкорлар Оливер Холмс раҳбарлигида бадиий адабиётнинг мутлақо янги (шундай дейиш мумкин бўлса), шу чоққача ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган ғаройиб вазифасини белгилаб оладилар. Бу вазифага кўра, адабиёт фақат гўзаллик ва нафосат ифодасидан иборат бўлмоғи керак, қашшоқлар, омадсизларнинг ҳаёти, уларнинг ўй-ташвишларини адабиётга олиб кириш асарнинг тилини дағаллаштиради, адабиёт оламига жамиятнинг юксак мартабали хос қатлами вакилларигина кириши мумкин.
Мэдисон университетидаги машғулотда ёш тадқиқотчилар менинг Ўзбекистонда нашр этиладиган кўп ададли газетанинг муҳаррири эканлигимни билиб, машҳур ёзувчи Эрнест Хемингуэйнинг журналистлик фаолияти ҳақида, Уолт Уитменнинг Бруклинда нашр этиладиган газетага муҳаррирлик қилгани, мақолаларидан бирида қулдорликни ёқлаш сиёсатига қарши чиққани учун зудлик билан ишдан бўшатилгани, Уолт Янги Орлеанга бориб, у ерда қулдорлик даҳшатларини ўз кўзи билан кўргани, 1848 йили Бруклинга қайтиб, “Эркин одам” газетасида ишлай бошлагани, принципиал қарашлари боис бу ердан ҳам ҳайдалгани хусусида менга батафсил сўзлаб беришди.
Уолт Уитменнинг шоирлигини билардим, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетининг илк битирувчиларидан бири Хайрулла Жўраев 1969 йили Мирзачўлда пахта тераётганимизда оқшомлари соатлаб Уолт Уитменнинг шеърларини баланд овозда томоқ қириб, ўқирди. “Бу шеърларни фақат шундай ўқиш мумкин, бошқача ўқиб бўлмайди”, дер эди.
Уитмен – исёнкор шоир бўлган экан. Шеърларидан бирининг мазмуни шундай: “Тақдиримизнинг меъморларимиз. Замон деворларига битгаймиз – ё курашлардаги жасоратимизни, ё жарангдор қофияларни…” Бошқа бир шеърида ўқиймиз: “Турмуш жанггоҳларида, ҳаёт лашкаргоҳида ҳамиша ҳозир бўл. Қул бўлма, енгилма, қаҳрамон бўл, Кўксингни жангда тобла!”
Сафарим чоғи жиддий мақолалари учун икки марта тепки еган муҳаррир касбдошим Уолт Уитменнинг муҳаррирликдан сўнгги ҳаётига қизиқдим. Ўша кезлари адабиёт газетамизда ҳам унча-мунча тепки-тарсаки бўлиб турарди. Фойдаси тегиб қолар, деб ўйлаган бўлсам керак. Индиана университети кутубхонасида ўзбек тилини ўрганаётган талабалар ёрдамида бир неча манбалар билан танишдим. Менга таъсир қилган нарса шу бўлдики, Уитмен муҳаррирликдан иккинчи марта ҳайдалгач, отасининг устахонасига келиб, дурадгорлик қилган экан. Извошчи киракашлар, портнинг қора юмушли ишчилари, ғариб-ғураболар билан суҳбатлашишдан завқ оларкан. Янада муҳими, дўстларидан бирортаси касал бўлиб қолса, беминнат унинг ўрнига ишлаб, топган пулини беморнинг оиласига олиб келиб берар экан.
Америка ғаройиб мамлакат. Унинг ғаройиблиги шундаки, бу ерга кўчиб ўтиб, кўп ўтмай дунёга машҳур бўлганлар, буюк ихтиролар қилганлар, йирик сармоядорга айланганлар оз эмас. Америкача яшаш тарзи ҳар қандай кишига ўзига хос шиддат бахш этади: камбағал, ўртаҳол, миллионер ёки миллиардер – ким бўлишидан қатъи назар, югуриб-елиши, ҳаракат қилиши, қидириши, тошни тошга уриб чақмоқ чиқариши зарур. Чўққига кўтарилган одам бир жойда тўхтаб туриши мумкин эмас. Америкада энг юқорига кўтарилган одам учун ҳам тааллуқли бу қоида. Бугун бой-бадавлатсиз, қўлингиз узун, аммо эртага ҳолингиз не кечади – буни ҳеч ким олдиндан айта олмайди. Коронавирус хавфи туфайли дунё бойлари бир ҳафта ичида 444 миллиард доллар йўқотишди. Мана сизга, бойлар олами. Таваккал қилишдан фойда йўқ. Шу боис иссиқ оғушини ташлаб Америка сафарига отланганларнинг ҳаммаси ҳам бу ерда омад қушига дуч келмайди. Негаки, Америка буюк ва қудратли бўлишига қарамай, ўзи бахт, ҳаловат, меҳр-оқибатга муҳтож. Мамлакат ҳудудига тинимсиз ёпириладиган тўфонлар, ўрмон ёнғинлари, фуқаролар қўлидаги сон-саноқсиз қуролларнинг ногаҳонда сайраб қолиши, қон тўкилиши, почта орқали келадиган хавфли жўнатмалар кўпчиликка тинчлик бермайди. Мамлакат тез-тез ҳадик, қўрқув, талофат ва қонли отишмалар оғушида қолади.
Нью-Йоркнинг машҳур Бродвейини кезмай Американи тўла тасаввур қилиш қийин. Кўчалар гавжум. Хаёлингиз қочди дегунча, бировга туртилиб кетасиз, тил масаласида ночорлигингизни билдирмаслик учун “Скюзми”, деб узр сўрайсиз. Ёш қизча қўлимга бир варақ қоғоз тутқазади. Ҳижжалаб ўқийман – сайлов тарғиботи. Чорраҳада ўтган-кетганга жўхори донидан тайёрланган ширинлик улашишмоқда. Оч-наҳорларга хайрия бўлса керак, дея четлаб ўтмоқчи бўламан. Аммо иложи бўлмайди. Зийрак йигит, худди фикримни уққандай, менга бир нималарни тушунтиради. Билсам, фирма ўзининг янги маҳсулотини реклама қилаётган экан. Кўча муюлишида ёш йигитча табуретка устига чиқиб, ҳайкалдай қотиб, қўлини олдинга чўзиб турибди. Бўйнига осиб олган қоғоздаги ёзувни ўқийман: “Истеъдодли, аммо ҳозирча ночор талабага хайр қилинглар, фақат 50 центдан кам бўлмасин!”
Бродвей билан ўттиз тўққизинчи кўчанинг муюлишида бир зум тўхтаб қоламан. Хаёлимда бир нималар жонлангандай бўлади. “Ўттиз тўққизинчи кўчанинг муюлиши…” Ё тавба, мен аввал ҳам шу ерда бўлгандайман, Худо ҳақи, аниқ бўлганман, бир эмас, бир неча марта. Жуда ҳам таниш бу кўча! Йўлаклар, дераза ойналари, иморатлар пештоқидаги хилма-хил ёзувлар, кўзни қамаштирувчи реклама чироқлари. Баъзи одамларнинг чеҳраларигача. Ана, биттаси шундоқ олдимдан ўтиб кетди, юз-кўзидан танидим. Бу – ўша! Аммо қачон, қаерда? Яна тавба дейман, нималар бўлаяпти, ўзи? “Бродвей, ўттиз тўққизинчи кўчанинг муюлиши, бешинчи авеню…”
Ниҳоят, ҳаммаси ойдинлашади – Теодор Драйзер, “Бахти қаро Керри”. Мафтункор, сарвқомат Керри Маденда! Бир вақтлар у айни мана шу кўчада сайр қилиб юрган. Шўрлик Герствуд очликдан силласи қуриб, сарсон-саргардон бўлган, ҳозиргина сартарошхонадан чиққан силлиққина кишига қўл чўзиб, “Сэр, марҳаматингизни дариғ тутманг, менга бирон нарса беринг”, деб эланиб турган пайтда уни тамомила хароб қилган соҳибжамол Керри бешинчи авенюдаги “Уолдорф” меҳмонхонасининг шинам хоналаридан бирида бамайлихотир “Горио ота”ни ўқиб ётар эди.
Беихтиёр бешинчи авенюга буриламан. Гарчи бу воқеалар буюк адибнинг бадиий тафаккури бўлса-да, ўша меҳмонхонани топгим, унинг романда маҳорат билан тасвирланган деразаларини томоша қилгим келади. Шу мақсадда ажиб бир қизиқиш билан кўчани икки бор айланаман, аммо “Уолдорф” меҳмонхонаси кўринмайди.
Орқага қайтаман. Йўл-йўлакай балки очликдан, балки бошига омад қушининг қўнишини кутавериб силласи қуриган, лекин ҳали ҳам қандайдир мўъжиза юз беришига умидворларни учратаман. Улар кўзимга Герствуд бўлиб кўринади. Драйзер айтмоқчи, “кундалик турмуш ахлоқининг қонун ва талаблари жуда малол келадиган” хилма-хил қиёфаларни, бу ерга бахт ва фаровонлик излаб келган, аммо уни топа олмай сарсон-саргардон бўлган ҳавойи орзумандларга” дуч келаман. Улуғ ёзувчининг фикрича, бундай одамлар кўзига омади юришган, орзулари амалга ошган, башанг кийинган, вақтни беҳуда ўткизмай, қаёққадир шошиб бораётган одамларнинг ҳаммаси хунук ярамаслар бўлиб кўринади. “Улардан менинг қаерим кам, нега мен бахтли бўлмадим, омад деганлари нега мени четлаб ўтди”, дея ўша – қаёққадир шошиб бораётганларга ҳасад ва нафрат кўзи билан қарашади. Қарашгани майли, шундай сўкинишадики…
Бруклинда бемалол ўрисча сўзлашиш мумкин. Бу ерни Американинг Одессаси дейишади. Кўпгина дўконларнинг эшикларига “Ўрисча гаплашамиз”, деб ёзиб қўйилган. Кечроқ нимқоронғи йўлакларда ўрисча бақир-чақир, болахонадор сўкинишлар қулоққа чалинади, гармоннинг юракни эзувчи ҳазин овози янграйди. Кўчада ўғирлик, майда жиноятчилик авж олган, киссавурлар етарли. Шу боис, кимдир хурсанд, кимдир маъюс. Тақдирига лаънатлар ўқиб, бор пулига ичиб, ерга ағанаганча “Москва оқшомлари”ни куйлаб ётган туппа-тузук одамларни кўрдим. Борди-ю бирортаси сени таниб қолгудек бўлса, оч бўридай ташланади: “Салом ҳамюрт, тупурдим Америкасига, ҳали биз бу муттаҳамларга кўрсатиб қўямиз, ҳозирча сен сигаретадан ол, юз грамм ароққа пул ташлаб кетсанг, яхши бўларди-да, оғайничалиш…”
Юз грамм ароқнинг пули Ватандан афзал.
Бадиий адабиётда орол ҳаётига асосланиб ёзилган асарлар кўп. Чунки ҳар қандай орол ҳаёти бадиий тафаккур учун чексиз имконият ва илҳом бера олади. Бор-йўғи 35 квадрат километр майдондан иборат Манхэттен мисолида буни яққол кўриш мумкин. Бу жойда Америка образи ўзининг тўла ижтимоий ҳамда маънавий ифодасига эга. Манхэттенни Американинг рамзи дейиш мумкин. Ҳар қадамда америкача зич, шошилинч, ўта ҳисоб-китобли турмуш тарзи кўзга ташланади. Оролда яшовчи ҳар бир киши ўзини бу ернинг чинакам эгаси деб ҳисоблайди, бундан ғурурланади, аммо бошига бироз ташвиш тушса борми, орқа-олдига қарамай, бўралаб сўкинишдан тоймайди. Манхэттенда инсон ҳаётига доир жамики оқ-қора, яхши-ёмон, ибратли ва тилга олишга арзимайдиган бемаза ҳолатларни учратиш мумкин. Бу ҳолатлар бир-бири билан шу қадар қоришиб кетганки, дабдурустдан бир нима дейишга ожиз қоласан.
Орол ҳаёти материкдаги ҳаётдан фарқ қилади, чунки ўта ғаройиб ва қизиқарли. Бу ерда турмуш маълум маънода чекланган ва шу хусусияти билан ҳам жозибали. Материкда қуруқлик ҳадсиз-ҳудудсиз кенгликларга уланиб кетади. Оролда бўлса, қайси тарафга қараб юрма, албатта, океан қирғоғига дуч келасан. Бу ерларнинг мавжудлигини башорат қилган Беруний бобомиз ёдингга тушади.
Америкаликлар ҳар икки гапларининг бирида “Биз америкаликлармиз” дейишади, мамлакат байроғига ҳурматлари баланд. Шукроналик байрамини баланд руҳда ўтказишади. Америка қудрати, америкача саховат, мурувват ҳақида тўхтовсиз, чарчагунча гапиришлари мумкин. Биздагига ўхшаб қаерлик эканлигингизни, қайси уруққа мансублигингизни, маошингиз қанчалигини суриштиришмайди. Бу – уларнинг ғоят муҳим фазилати. Аммо… қўшни Куба раҳбарига неча марта суиқасд уюштиришга уринганлари, Ироқда оммавий қирғин қуроли борлиги тўғрисида ўзларини ҳам, жаҳон жамоатчилигини ҳам чалғитганлари, мактаблардаги отишмалар тўғрисида гапиришни мутлақо ёқтиришмайди. Бу ҳақда гап очилди дегунча, сизга кучукчасининг ажабтовур қилиқлари ҳақида мароқ билан гапириб ўтирган суҳбатдошингиз ўрнидан даст туради-да, хайр-маъзурни насия қилиб жўнаб қолади.
Америка ўзининг ички хуш-нохуш воқеа-ҳодисалари билан ҳам машҳур. Мамлакатнинг Кеннектикут штатида жойлашган Ньютаун шаҳарчасидаги “Сенди Хук” бошланғич мактабида юз берган фожиа нафақат Американи, бутун дунёни ларзага келтиргани ёдимизда. Адам Лэнза исмли шахс аввал мактабда ёш болакайларга сабоқ бераётган онасини, сўнг йигирма нафар бошланғич синф ўқувчиларини, уларга қўшиб, мактабнинг бир неча ўқитувчиларини отиб ташлади. Мамлакатнинг ўша пайтдаги Президенти Барак Обама фожиа муносабати билан Америка халқига мурожаат қилар экан, бундай мудҳиш жиноятларнинг олдини олиш учун самарали чоралар кўриш лозимлигини таъкидлади. Ўша кезлари Нью-Йоркнинг мэри лавозимида бўлган Майкл Блумберг “Ньютаун фожиаси биз қандай дунёда яшаётганимизни яна бир бор кўрсатди”, деди. Бу – жуда умумий гап. Мэр жаноблари “Бу фожиа биз қандай жамиятда яшаётганимизни кўрсатди”, деса, тўғрироқ бўлар эди..
Расмий маълумотларга қараганда, ҳар йили Америкада 30 минг бегуноҳ киши аҳоли қўлидаги қуролдан ҳалок бўлмоқда. Шундай бўлса-да, қурол сотиш билан шуғулланаётган дўконларнинг бирортаси ёпилгани ёки бу борада бирор чеклов эълон қилингани йўқ. Аксинча, Ньютаундаги фожиадан сўнг қурол-яроғ ишлаб чиқарувчилар “Мактабларни жиноятчилардан ҳимоя қилиш учун ўқитувчиларни қуроллантириш керак”, деган таклифни киритишди. Ё алҳазар. Эчкига жон, қассобга ёғ қайғуси. Кўплар қурол сотиш таъқиқлаб қўйилишидан саросимага тушиб, худди “Катрина” ёки “Сэнди” тўфонлари яқинлашаётганида озиқ-овқат дўконларини шип-шийдам қилишганидай, қурол-яроғ магазинларига ёпирилишди. Натижада қурол-яроғ савдоси мамлакатда 25 фоизга ошди. Мамлакат Конституциясига киритилган иккинчи тузатиш, яъни одамларнинг қурол харид қилиш ва олиб юриш ҳуқуқи тўғрисида жиддий ўйлаб кўришни талаб қилаётган одамларнинг норозилик чиқишлари бошланди. Баъзи штатларда уйида қурол сақлаётган аҳоли маълум тўлов ҳисобига ўқотар воситаларни ихтиёрий равишда маъмурларга топширдилар. Аммо Мартин Лютер Кингдек миллат фидойисига ёки мамлакат Президенти Жон Кеннедига суиқасд уюштирилган Америкада қурол хавфи бутунлай бартараф этилгани йўқ. Бунинг сабаби, америкача мантиқ билан айтганда, қурол заводи ёки қурол-яроғ бозорида ишлаётган одамларнинг ҳам бола-чақаси бор. Улар ҳам маош олишлари, режани ортиғи билан бажараётганлари эса моддий рағбатлантирилиши керак.
Аҳолига қурол-яроғ сотиш тартибини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги мунозараларнинг тарихи узоқ. 1999 йили Колорадода икки нафар юқори синф ўқувчиси ўзлари ўқийдиган мактабда 13 кишини отиб ўлдиришди. 2007 йили Виржиния политехника университетида талабалардан бири 32 кишининг умрига нуқта қўйди. 2009 йили ҳарбий хизматчи Техасдаги Форт-худ базасида 13 кишини отиб ташлади. Маквей Тимоти деган шахс бутун бошли маъмурий бинони портлатиб юборди. Шу воқеалардан кейин ҳам америкаликларнинг қуролга эгалик ҳуқуқида ўзгариш бўлмади.
Қурол одам ўлдириш учун ишлаб чиқарилади! Бу воситадан бошқа мақсадда фойдаланиш мумкин эмас. Қурол бор экан ва у йилдан йилга такомиллашиб бораётган экан, фожиа одамлар ҳаётидан узоқлашмайди. Бир вақтлар Даманск оролида қуролли можаро содир бўлганида, шу ерда ҳалок бўлган солдатлардан бирининг отаси мухбирлар билан суҳбатда: “Анча йиллардан бери қурол-яроғ заводида ишлайман, яхши маош олиш учун кунлик топшириқни ҳамиша ортиғи билан бажараман, наҳотки менинг ўғлим ўзим режадан ташқари ишлаб чиқарган ўққа учган бўлса?” деган эди. Бу гапни эслаётганим, “Сенди Хук” фожиасини содир этган қотил ўғилнинг қўлидаги қуролни унинг онаси дўкондан сотиб олган экан.
Ҳар ким ўз ғанимини ўзи тарбиялайди, деган гап бор. Бугун Америкада, ривожланган ва икки бор жаҳон урушига майдон бўлган Европада ёшлар қандай қадриятлар, одоб-ахлоқ меъёрлари руҳида тарбия топмоқдалар? Телеканалларда, кинотеатрларда отишма, портлатиш, ўлдириш, ёқиб юбориш каби жиноий хатти-ҳаракатлар тинимсиз намойиш этилаётган, саргузашт асарларнинг саҳифалари шу каби фожиалар билан тўлиб-тошган бир пайтда ўсмир нимадан ибрат олади?
АҚШда содир этилган 11 сентябрь воқеаларидан кейин кўплар англаган ҳақиқат шу бўлдики, иқтисодий қудрат, ҳарбий салоҳият деганлари осмон қадар буюк бўлса ҳам, бу воситалар инсонларга хос оддий муаммолар ечими олдида ожиз. Минг километр наридаги нишонни бехато мўлжалга оладиган ракета билан ғурурланиш мумкин, аммо бу фахр бир кўнгли хуфтоннинг дилига чироқ ёқа олмайди. Инсон кўнглига етиб бориш Ойга қўнишдан ҳам мушкул иш. Бойлик, ҳарбий куч-қудрат деганлари чинакам халоскор, бемисл нажоткор бўлганида, Америкадек буюк мамлакат ўзининг наинки иқтисодий, айни чоғда маънавий-ахлоқий муаммоларини ҳам аллақачон ҳал қилиб олган бўларди.
Бу муаммо бугун ривожланган Европа давлатлари ҳаётига ҳам соя ташлаб турибди. Буни Норвегияда содир бўлган қонли фожиа мисолида кўриш мумкин. Ғарб дунёсида тобора чуқур илдиз отаётган ғаразли оқимлар, шовинистик гуруҳлар, қиёмат қойимлиги ҳақидаги васвасалар таъсирида ажал талвасасига тушган Андерс Брейвик исмли шахс бегуноҳ етмиш етти кишини отиб ўлдирди. Судда у бу ёвузликни Норвегия маданий ҳаёти тобора хилма-хиллашиб бораётгани билан оқламоқчи бўлди. Унинг ўзини хотиржам тутиши, тергов пайти куёвболадай кийиниши, атрофга жилмайиб қараши жиддий хавотир уйғотади, бу ўзга маданиятлар ва динларга нисбатан тоқатсизлик синдроми Европада қайтадан илдиз отаётгани белгиси эмасми?!
Америкаликлар ҳар йили Россиядан мингга яқин (турли манбаларда турли рақамлар келтирилади) ота-онасиз қолган болаларни белгиланган тартибда фарзандликка олишади. Уларнинг кўпи янги ота-оналарига кўникиб, соғликларини тиклаб, мактабларда ўқишмоқда. Бир қарашда, бунинг ёмон жойи йўқ. Чунки, қаровсиз, тарбиясиз, ўз ҳолига ташлаб қўйилган болалар жуда кўп. Биргина Иркутск шаҳрининг ўзида 8000 дан ортиқ шундай бола борлиги рус матбуотида такрор-такрор ёзилди. Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам шу аҳвол. Лекин ўзга юртларга олиб кетилган, бошқа қадриятлар руҳида тарбияланаётган болаларнинг тақдири нима бўлади?
Бу саволга жавоб қайтариш мушкул. Чунки биргина Россиядан хорижий мамлакатларга фарзандликка олиб кетилган болалардан йигирмага яқини янги ота-оналари томонидан ўлдирилган. Шимолий Каролинада яшовчи, бир вақтлар болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлаган 33 ёшли Пэтти исмли аёл Иркутск шаҳрида туғилган икки ярим ёшли Виктория Беженовани фарзандликка олади, аммо бола қайсарлик қилавергани, тинчини бузгани учун уни уриб ўлдиради. Ирма Павлис исмли аёл ўгай ўғли Алексни ўлдириб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилади. Жэн Кокран исмли “она” бўлса тарбиясига олган тўрт ёшли Кузманинг қулоғини қайчида қийиб жазолайди. Бунга сабаб – болакайнинг диний дуони инглиз тилида бийрон ўқий олмагани. Эр-хотин Крейверлар россиялик Ваня Скоробогатовнинг ўлимига сабабчи бўладилар, суд эса уларга 16 ойлик қамоқ жазоси белгилайди. Жессика Бигли исмли ўгай она эса асраб олган ўғли Даниил Бухаровни устидан муздек совуқ сув қуйиб, сирка ичириб “тарбия”лайди ва бу иши учун бор-йўғи 2500 долларлик жаримага тортилади.
Бошқа бир факт. Техаслик кўпболали аёл Элизабет Эскалона икки ёшли қизи хархаша қилавергани учун, аввалига юзига бир-икки шапатилайди, сўнг қўлига клей суриб, деворга ёпиштириб қўяди. Унинг бу жинояти Америкада кучли норозиликка сабаб бўлади, жамоатчилик бу воқеани мамлакат тарихида мисли кўрилмаган ёвузлик, дея баҳолайди. Суд Элизабетни узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилади.
Ўзга мамлакатлардан фарзандликка бола олиш даромадли бизнесга айлангани бугун ҳеч кимга сир эмас. Россия ўз фарзандларини Америкага сотиш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаб турибди. 2009 йили АҚШга Гватемаладан олиб келинган икки бола ўгай ота-оналари томонидан ўлдирилгач, бу мамлакат америкаликларга болаларини фарзандликка беришни қонун йўли билан тақиқлади. Россияда эса бола бозори тобора қизимоқда.
Бола савдоси бугун дунёда содир этилаётган энг мудҳиш жиноятлар билан чатишиб кетди. Бу иш билан шуғулланувчи агентликлар океан ортига жўнатилаётган ҳар битта боланинг ҳужжатларини расмийлаштириш учун уларнинг янги ота-оналаридан 40–50 минг доллар, баъзи ҳолларда, масалан, ҳужжатларни тезлаштириш (қалбакилаштириш) хизматлари учун бундан-да кўп миқдорда маблағ ундирмоқдалар. Шундай “даллол” ташкилотлардан бири йил давомида 4 миллион 600 минг доллар фойда кўрганини маълум қилган.
Дунё мамлакатларида ҳукм сураётган иқтисодий таназзул, жамиятнинг маънавий-ахлоқий қиёфаси, дунёвий ва диний мактаблардаги таълим-тарбия даражаси, оила муносабатларининг эркинлашувидан (оила институтининг заифлашишидан) келиб чиқадиган руҳий-психологик муаммолар, маънавий айнишлар тўғрисида жиддийроқ ўйлайдиган вақт келди. Юз бераётган фожиалар илдизини айни шу ҳолатлардан қидириш тўғри бўлади. Ёшлигидан ота-она меҳрига ташна бўлиб ўсган, ўз уйида меҳр кўрмай, кўча тарбиясини олган, ўзи учун ўзи курашиб оёққа турган бола онгида наинки уни шу аҳволга солган ота-онасига, бемеҳр жамиятга, тарбиясиз тарбиячиларга, мурғак қалбини таҳқирлаган жамики кишиларга нафрат туйғуси кучайиб боради ва бир куни, шубҳасиз, бу туйғу аланга олади. Негаки, бемеҳрликда ўсган, тажовузкор кучлар таъсирига тушиб қолган киши ўзгача фикрлайди, ҳаётга муносабати бошқаларникидан кескин фарқланади. Зомбилар, камикадзелар, террор ижрочилари мустақил ва эркин фикрлаш эркини бой бериб қўйган, имон-эътиқоди қасддан сустлаштирилган, миллий туйғу, маънавий илдизлардан узоқлаштирилган кишилардир. Хотира ва тафаккурдан мосуво бўлиб, манқуртга айланишнинг оқибати қанчалар даҳшатли бўлиши Чингиз Айтматовнинг “Кассандра тамғаси” асарида маҳорат билан кўрсатиб берилган. Асарда инсон онг-шуурига сунъий тушунчаларни, ғайриахлоқий қадриятларни зўрлик билан сингдириш орқали унинг хатти-ҳаракатини бошқаришга эришиш, ҳар қандай буйруққа сўзсиз итоат қиладиган ясама “одамча”ларни тарбиялаш каби қабиҳ ниятларнинг мавжудлиги ҳақида баҳс боради. Бу ният ёзувчининг бадиий тўқимаси эмас, ҳаётда бор ва кун сайин куч тўплаётган оловли вулқондир.
Америкада узоқ йиллардан бери муттасил амал қилиб келинаётган анъаналар кўп. Улардан бири – ҳар йилнинг октябрь ойида ўтказиладиган шукроналик байрами, иккичиси – мамлакат Президентлигига сайланган номзоднинг инаугурация маросими. Унда сўзланадиган нутқ ғоят катта аҳамиятга эга.
Жорж Вашингтоннинг инаугурация нутқи бор-йўғи 135 та сўздан иборат бўлган, 1841 йили Уильям Харрисон инаугурация маросимида очиқ майдонда, изғирин совуқда 8445 сўздан иборат салкам икки соатлик нутқи натижасида оғир шамоллайди ва орадан бир ой ўтгач вафот этади.
1861 йили Абрахам Линкольн ўз нутқида қуйидагиларни таъкидлайди: “Менда штатларимизда мавжуд бўлган қулчилик институтига бевосита ёки билвосита аралашиш нияти йўқ. Ишончим комилки, бунга менинг қонуний ҳақим ҳам йўқ”. Жон Кеннедининг 1961 йилги инаугурация нутқида: “Мен учун азиз бўлган америкаликлар! Ватанингиз сизлар учун нима қилиб беришини мендан сўраманг, сизлар Ватанингиз учун нима қилиб беришингиз лозимлигини сўранг. Қадрли дунё халқлари! Мендан Америка сизлар учун нима қилиб бериши зарурлигини сўраманг, биз ҳаммамиз биргаликда инсон эркинлиги учун нима иш қилишимизни сўранг”, деган сўзлар бор эди. 1981 йили мамлакат раҳбарлигига келган Рональд Рейган АҚШ иқтисодиётининг ўша пайтдаги оғир аҳволини назарда тутиб, бугунги ҳукумат билан иқтисодий таназзулнинг олдини олиш мумкин эмаслиги, чунки бу ҳукуматнинг ўзи таназзулга юз тутганини таъкидлайди.
Билл Клинтоннинг 1993 йилги инаугурация нутқида ўша пайтда кўплар эътибор бермаган бир тезис бор. Гап шундаки, қуролланиш пойгасида АҚШ билан муттасил рақобатлашаётган советлар иттифоқининг тарқаб кетиши океан орти сиёсатдонларининг илҳомини жўштириб юборади. Бир-бирига қарама-қарши турган икки “дев”нинг бири қулади, дунёда янги ижтимоий-сиёсий вазият юзага келди. Бундай вазиятдан максимал даражада фойдаланиб қолиш керак, деган фикр кўпларнинг хаёлини банд этади. 32 ёшида Американинг қирқ иккинчи Президентлигига сайланган ёш Клинтон ўз нутқида Парвардигорнинг ўзи улуғ Америкага бундан буён дунёга якка ҳоким бўлиш имконини берганини таъкидлади. Ота-бола Буш даврида мамлакат ҳудудларидан ташқарида амалга оширилган ҳарбий операциялар, Барак Обама пайтида Ироқнинг вайрон қилиниши ва бошқа кўплаб ҳолатлар ана шу яккаҳокимлик давосининг аянчли натижалари эканлиги сир эмас.
Барак Обама Оқ уйдаги фаолиятини ниҳоялагач, Берлин сафари чоғи сўзлаган нутқларидан бирида айтган фикрлари ғоят ажабтовур: “Кутилаётган ўзгаришлар дунёни янада мураккаблаштиради, аёвсиз ва жоҳил қилади, – дейди у матбуот конференциясида. – Борди-ю биз янги таҳдидларга дош бера оладиган кучли трансатлантик альянсга (яъни НАТОга) эга бўлмас эканмиз, болаларимизга ўта ёмон, хавф-хатарга тўла дунёни қолдирган бўламиз, олдинга қараб юриш ўрнига, орқага қайтамиз. Шу боис, АҚШда ким Президент, Германияда ким канцлер бўлишидан қатъи назар, бу ҳолатни унутмаслигимиз керак”.
Бу сўзлар Нобель мукофоти соҳиби Обаманинг отдан тушибоқ Европага ташрифи сабаблари ойдинлаштиради: у дунё сиёсий иқлимининг ёмонлашувига, “совуқ уруш” ҳолати қайта тикланаётганига АҚШ сабабчи эмас демоқчи. Бу гап юқорида келтирилган “Америка мактабларини жиноятчилардан ҳимоя қилиш учун мактабларга қурол сотиш керак”, деган қитмирликни эслатади.
Дональд Трамп сайловда ғолиб чиққач, дастлабки сўзида мамлакат раҳбари сифатида қуйидаги вазифаларни амалга оширишга ваъда берди: Россия билан муносабатларни яхшилаш; терроризмга қарши курашиш; мамлакатни ноқонуний мигрантлардан ҳимоя қилиш; марихуана сотувини легаллаштириш; ўлим жазосини бекор қилмаслик, америкаликларнинг қурол олиб юриш ҳуқуқини сақлаб қолиш; коррупцияга қарши кураш бошлаш; матбуотнинг ҳукмронлик мавқеини пасайтириш; солиқларни камайтириш; соғлиқни сақлаш бўйича Обама жорий этган дастурни бекор қилиш; камбағалларнинг болалари нуфузли мактабларга кириб ўқишлари учун шароит яратиш.
Бу ваъдалар янги Президентнинг инаугурация нутқига қизиқишни ғоятда кучайтирди. Кутилганидек, “Оқ уй”нинг янги соҳиби америкаликларга ва бутун жаҳон халқига мурожаат қилар экан, қуйидагиларни таъкидлади:
“Ушбу маросимнинг алоҳида аҳамияти шундаки, биз бугун ҳокимиятни наинки бир маъмуриятдан иккинчи маъмуриятга, бир партиядан иккинчи партияга топширмоқдамиз, асосан уни халққа қайтармоқдамиз. Узоқ йиллар давомида бир гуруҳ кишилар ҳокимиятнинг жамики имтиёзларидан фойдаланиб келишди, улар учун халқ пул тўлади. Вашингтон гуллаб яшнади, аммо у ўз бойликларидан халқни баҳраманд қилмади. Сиёсатдонларнинг ошиғи олчи бўлди, иш ўринлари эса қисқарди, заводлар тақа-тақ тўхтади. Олий табақа мамлакатимиз халқини эмас, асосан ўзини, ўз манфаатларини ҳимоя қилди… Ҳукуматни қайси партия назорат қилиши эмас, уни халқ назорат қилиши муҳим. 2017 йилнинг январи Америка тарихига халқ ҳокимиятни ўз қўлига киритган кун сифатида киради. Унутилган аёл ва эркаклар бундан буён унутилмайди… Бизга яхши мактаблар, хавфсиз турар-жой манзиллари, иш ўринлари керак… Мамлакатда камбағаллик мавжуд. Занглаб ётган заводлар қабрлар устидаги тошларни эслатади. Таълим тизимимиз ёшларни саводли қилаётгани йўқ, билим ҳам бермайди. Жиноятчилик, жиноятчи тўдалар, гиёҳванд моддалар кўпларнинг ҳаётига зомин бўлди, мамлакатни талон-тарож қилди. Америкага мансуб бундай қонхўрлик бугун шу ерда, ҳозирнинг ўзида тўхтайди… Узоқ йиллар давомида биз америкаликларга эмас, хорижий саноат корхоналарига маблағ ажратиб келдик, бошқа мамлакатларга ёрдам кўрсатдик. Бундан ҳарбий қудратимизга жиддий зиён етди. Биз бошқа давлатларнинг чегараларини ҳимоя қилдик, ўз чегараларимизни эса эътиборсиз қолдирдик. Хориж учун триллионлаб долларларни сарфлаётган кезларимиз инфраструктурамиз чок-чокидан сўкилиб кетди. Биз кўплаб мамлакатларни бой қилдик, ўз бойлигимиз, кучимиз эса сусайди, ишончимиз Америка уфқининг ортида қолиб кетди… Биз энди мамлакатимиз чегараларини компанияларимизни ўғирлаётган, иш ўринларимизни йўққа чиқараётган давлатлардан ҳимоя қиламиз. Бутун вужудим, ҳар бир аъзойи баданим билан сизларни ҳимоя қиламан… Америка яна ғалаба қозона бошлайди. Америка яна шоҳсупага қайтади. Биз иккита қоидага қатъий амал қиламиз: Америка маҳсулотларини сотиб ол, америкаликларни ишга қабул қил…”
Дональд Трампнинг 2017 йилги ғалабаси жаҳондагина эмас, АҚШнинг ўзида ҳам кўплар учун кутилмаганда содир бўлди. Хиллари Клинтон дастурини қўллаб-қувватлаган демократлар ғалаба нашидасини суришга чоғланиб, байрам дастурхони учун ноз-неъматларни тайёрлаб, ёғни қиздириб туришганида, омад улардан юз ўгирди. Сиёсий саҳнада янги ном, янги мулкдор, қарашлари бошқаларникига ўхшамайдиган, фикрлари гоҳ қуюқ, гоҳ фавқулодда мураккаб Президент пайдо бўлди. Аммо Америкадай давлатда бу даражадаги бўлажак раҳбарнинг узоқ вақт кўпчилик назаридан четда қолиши мутлақо мумкин эмас. Д.Трампнинг “Кенг фикрла, тўхтама” деб номланган китоби муаллиф ҳақида ўқувчига ғоят кўп қизиқарли маълумотлар беради. Унда ёзилишича, “Бой одамлар шунинг учун ҳам бойки, улар ўта мураккаб муаммоларни ҳам ҳал қила оладилар. Йирик компанияларнинг раҳбарлари катта миқдорда маош олишади, чунки улар бошқалар ҳал қила олмайдиган ишларни бажарадилар. “Сиз вужудингиздаги энергияни муаммоларнинг ечимига доир ғоялар билан бойитишга ҳаракат қилинг, – деб ёзади миллиардер Трамп. – Сиздаги энергия сиз ўйлаганингиздан кўра анча кўп. Бунга ишонинг. Кўпчилик одамлар ўз имкониятларининг 50 фоизинигина ишга соладилар, холос. Ҳамма ҳолатларда ҳам рақобатчига муносиб жавоб қайтаришга, орани очиқ қилиб олишга эришинг. Ҳаёт деганлари аёвсиз жанг, ғолиблик учун кураш эканлигини унутманг. Агар сиз бу жангда ғолиб бўлишни хоҳласангиз, кўп ҳолларда дуч келадиган “йўқ” сўзини эшитишга ва уни инкор қилишга ўрганинг. Бойлик ва муваффақият фақат кучли одамларгагина насиб этади. Бизнес ҳамма ҳам бош суқавериши мумкин бўлмаган сирли олам эмас. Зарур ҳолларда мушт ва билакларингизни ишга солинг, зарбага зарба, муштга мушт билан жавоб қайтаринг. Ҳеч қачон чекинманг, ҳар қадамингизни ўйлаб босинг, ҳар ҳаракатингизни тарозига солинг, аммо фурсатни бой берманг. Эришмоқчи бўлган ғалабангизнинг баҳоси нақадар юқори эканлигини ҳис этинг. Мураккаб муаммолар гирдобига тушиб қолганингизда, нопок одамларга дуч келганингизда, хатога йўл қўйганингизда қўрқманг, бу ҳолатдан чиқиб кетиш йўлларини қидиринг, сизга куч, ишонч ва шиддат бахш этадиган иштиёқни топинг. Ишингизга шу қадар берилингки, ҳар тонгни яхши ният-ла орзиқиб кутинг. Камроқ ухланг”.
Дональд Трамп 1946 йил 14 июнь куни аждодлари немис миллатига мансуб бизнесмен миллионер оиласида туғилган. Болалигида ўта чўрткесар бўлгани учун отаси Фред ва онаси Мэри уни яхши тарбия олиши учун ҳарбий академияга ўқишга беришади. Ўқишни тугаллагач, Дональд аввалига актёрликка қизиқади, аммо Фордем университетига кириб, иқтисод бўйича бакалавр унвонини қўлга киритади. Шундан сўнг отасининг компаниясида ишлай бошлайди. Ўзи учун мақбул соҳани танлаганидан хурсанд бўлиб, ишга жиддий киришади. Талабалик йиллариёқ отаси ҳомийлигида бир неча бизнес-лойиҳаларда қатнашади ва биринчи шартномаси эвазига 6 миллион доллар фойда кўради. Қурилиш бизнеси билан мустақил шуғулланиб, эллик саккиз қаватли осмонўпар Grand Hyatt меҳмонхонасини, кейинчалик Trump Plaza Hotel & Casinoни қуради.
Дональд Трампнинг “Бой бўлиш йўллари” китобида бизнес соҳасига кирганлар ва кираётганлар учун дастлабки бир миллиард долларни қандай топиш хусусида қуйидаги 10 маслаҳатга дуч келамиз:
Ижтимоий ва маданий даражангга яраша кийин. Кийим-бош деганлари унинг эгаси ҳали оғзини очмай турибоқ, кўп нарсани маълум қилади.
Атрофингдагиларни ҳайратлантир. Сен билан музокара олиб бораётган кишининг кимлигини билмоқчи бўлсанг, аввалдан чуқур ўйланган, аммо эшитган одамнинг капалагини учирадиган сўз ибораларни ишлат ва унинг қай ҳолатга тушишини кузат.
Ўзингга ўзинг молиявий эксперт бўл. Бу лавозимга бегоналарни олиб келма. Бундай кишилар ўзларининг “доно” маслаҳатлари билан кўпларни хонавайрон қилишгани маълум. Уларнинг ёрдамидан кўра бизнес журналлардаги ахборотларни ўқиб, маҳоратингни ошир.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзингни ҳимоя қила олишинг керак. Борди-ю сенга тазйиқ ўтказишмоқчи бўлишса, сен ҳам шундай қил. Ҳақоратга ҳақорат билан жавоб қайтар. Ҳеч кимга, ҳатто энг яқин дўстингга ҳам ишонма. У хоҳлаган пайтда хотинингга ёки бизнесингга кўз олайтириши мумкин.
Сочингни парваришлаб юр. Соч тароқ доимо ёнингда бўлсин. Бунинг учун мени кўплар танқид қилади, аммо мен бунга асло парво қилмайман, чунки сочнинг силлиқ туришида ҳикмат кўп.
Ҳамма билан қўл бериб сўрашаверма. Қўлни маҳкам қисиб сўрашиш оқибатида инфекция тушиши мумкин. Ҳамиша соғлом бўлишга не етсин.
Ички сезгиларингга қулоқ тут, инстинктларга амал қил. Олий маълумот тўғрисида қанча кўп дипломинг бўлмасин, кўнглингда туғилаётган туйғуларга бепарво бўлма. Баъзан шундай ишоралар келадики, улар сенга маълум тоифа одамлар билан учрашиш ёки учрашмаслик, бирор шартномани имзолаш ёки имзоламаслик лозимлигини айтиб туришади.
Кайфиятинг ҳамиша яхши бўлсин, ногаҳоний ютқизиқларга тайёр тур. Бу билан ички энергиянгни сақлаб қоласан, кутилмаган “совға”лар сени четлаб ўтади.
Ишда, йиғилишларда энг оддий ҳолатларга ҳам эътиборли бўл. Воқеа-ҳодисаларнинг тафсилотини, айтилган сўзларни, ишлатилган ибораларни, юзага келган ҳолатларни эслаб қолишга ҳаракат қил. Бундай қилмаслик кўплаб нохушликларга сабаб бўлади.
Никоҳ шартномаларини вақтида туз. Баъзан ҳиссиёт ақлдан устун келади – бу аёл билан бир умр бирга бўламан, никоҳнинг нима кераги бор, деб ўйлайсан ва йиллар давомида топган нарсаларингдан осонгина айрилиб қоласан”.
Ушбу маслаҳатларнинг сўнггида муаллифнинг қуйидаги шарҳи келтирилган: “Борди-ю мен ушбу кўрсатмаларга қатъий амал қилмаганимда, ушбу китобни мен эмас, кўп нарсасини йўқотиб бўлган бир жулдурвоқи ёзган бўлар эди”.
Трампнинг журналистларга муносабати оддий эмас. Аммо у ҳамиша матбуот эътиборида бўлишни ёқтиради. Бу тўғрида ўзининг Америкада ўта машҳур “Шартнома тузиш санъати” (1987) китобида шундай ёзади: “Мен анча аввал тушуниб етганим шуки, матбуот қизиқарли, фавқулодда кутилмаган, шов-шувли, ҳайратланарли воқеаларни қидириб юради. Бу йўналишдаги бизнеснинг табиати шундай. Гап шундаки, агар сиз бошқалардан оз бўлса-да қайсидир жиҳатингиз билан ажралиб турсангиз, бошқалардан кўра шартаки, қаттиққўл, бироз жанжалкаш бўлсангиз, ишингизда ҳеч кимнинг хаёлига келмаган лойиҳаларга қўл урсангиз, матбуот сиз ҳақингизда жон-жон деб ёзади. Салбий хусусиятлар боис ном қозониш сизни ҳеч ким танимаслигидан яхшироқ”.
АҚШ Президентининг ОАВ билан муносабатлари тарихи анча узун 1980 йили бўлажак миллиардер журналистларнинг “Ҳаётингизда яна қандай ютуқларга эришмоқчисиз, наҳотки миллиардер бўлишни хоҳламасангиз?” деган саволига: “Ҳа, чиндан ҳам миллиардер бўлишни хоҳламайман. Менга қолса, фойдали юмуш билан ҳамиша банд бўлишим, бугунгидай фаоллигим, ишимга қизиқишимнинг ўзи етарли. Ҳаётда шунга эришишнинг ўзи катта бахт”, деб жавоб қайтарган экан. Журналистлар ушбу жавобларни камтарлик ва одоблиликка йўйишган. Аммо, “Оқ уй”даги тор доирали брифингга либерал нашрларнинг вакиллари, тележурналистларнинг киритилмагани, бунинг устига, Трамп уларни “халқ душманлари”, “сотқинлар” деб атагани оловга мой сепгандай бўлди. Яна қидир-қидир бошланади. Иллат излаганга иллатдир дунё, деганларидек, қидирган киши, албатта, бир нималарни топади.
1985 йили Трамп “60 дақиқа” телешоусида қатнашар экан, мухбирлардан ўпкаланиб шундай дейди: “Журналистлар мени жуда ёвуз қиёфада тасвирлашади, мен мутлақо ундай эмасман”. 1990 йили Трамп СNN мухбири билан суҳбатлашаётиб, унинг шахсий бизнеси ҳақидаги саволларидан жаҳли чиқади ва ёқимсиз сўзларни айтиб, интервьюни ташлаб чиқиб кетади.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Лекин жаҳл қилиш ўз йўлига, Трампнинг матбуот билан ҳар галги можароси унга обрў-эътибор, демакки, мўмай фойда келтираётганига нима дейсиз? Трамп ва у каби шахслар Америкада бўладими, Осиё ёки бошқа бир жойдами, кутилмаганда ҳеч кимнинг хаёлга келмаган бир “қилиқ” қилишади, ажабтовур қарорларга имзо чекишади. Бора-бора бундай аниқ мақсадли манипуляция санъатига одамлар кўникишади.
Дональд Трамп бу санъатни жуда эрта эгаллаган деган фикрлар бор. Бунга мисол шуки, у 1991 йили “Реорlе” журналига қўнғироқ қилиб, ўзини Жон Миллер исмли шахс деб таништиради ва унинг номидан таҳририят ходимларига Дональд Трамп деган миллионернинг ишқий саргузаштлари тўғрисида батафсил сўзлаб беради.
Трамп дастлаб машҳур қурувчи сифатида ном қозонади. Унинг лойиҳалари бошқаларникидан арзонлиги билан ажралиб туради. Масалан, Уоллмен-Ринк муз катокини реконструкция қилиш учун шаҳар маъмурлари ажратган 3 миллион долларнинг 750 мингини тежаб, катокни муддатидан анча аввал ишга туширади. Матбуот Д.Трампнинг бу ютуғини эътироф этади. Лекин қурилиш билан боғлиқ ишлари ҳамиша ҳам омадли бўлмайди. 1989 йили банклардан олган қарзларини узишда қийинчиликка дуч келади. 1991 йили янги казиносини қуришда бу ҳолат яна такрорланади. Трамп қўлидаги қимматли қоғозларининг деярли ярмини аввалги эгаларига топшириб, бу ҳолатдан осонгина чиқиб кетади.
2015 йили Трамп Республикачилар партиясидан АҚШ Президентлигига номзодини қўйишга қарор қилганида унинг бу қарори кўплар учун кутилмаган бир ҳол бўлади. Аммо кўп ўтмай “кутилмаган номзод” жуда катта медиа майдонни эгаллайди. Унинг “Мен Американинг Худо яратган энг буюк Президенти бўламан. Мамлакатимизни буюклик мақомига қайтарамиз”, деган шиддатли сўзлари қанотли шиорга айланади. Матбуот Трампнинг болалиги, ўсмирлиги, ғаройиб ютуқлари, ажабтовур характери, турмуш тарзи тўғрисидаги хабарлар билан тўлиб-тошади. Айни пайтда, рақиблари унинг номини бадном қилишга, бўлмағур миш-мишлар тарқатишга, жумладан, Москвада ўтказилган “Дунё гўзали – 2013” танловида қатнашиб, енгилтак аёллар билан донлашганини исботлашга уринишади, Трампни Кремлнинг одами дея айюҳаннос солишади. Аммо бу ҳаракатлар ҳеч қандай натижа бермайди. Ўзига ғоят ишонган Трамп Хиллари Клинтонни “кутилмаганда” доғда қолдиради.
Трамп ўн тўрт йил давомида телевидениенинг “Номзод” шоусини олиб боради. Бизнес ишлари ғоят кучайиб кетгач, унинг ўрнини Арнольд Шварценеггер эгаллайди, аммо у кўрсатувнинг обрўсини ғоят тушириб юборади. “Гапи дағал, жуда уқувсиз бола”, дейди Трамп афсусланиб.
Америкада узоқ йиллар машҳур бўлган бу шоуда дастлаб мингдан ортиқ номзодлар, асосан, аёллар иштирок этадилар. Ҳар бир кўрсатув ўн уч ҳафталик оғир-енгил синовлардан иборат бўлади. Йирик компаниянинг ёғли лавозимини эгаллаш имкониятини қўлга киритиш учун номзодлар ғаройиб топшириқларни бажарадилар. Таниқли публицист Д. Антонионинг “Дональд Трамп. Ғалаба нашидаси” китобида ёзилишича, бир гал Трамп навбатдаги шоунинг якуний босқичи арафасида номзодларни балиқчилар яшайдиган, унча озода бўлмаган сассиқ ҳидли жойга олиб боради ва уларга айни шу ерда маҳоратларини ишга солиб (аврабми, кўз сузиб мафтун қилибми, бошқами), мижозларга иложи борича кўпроқ қаҳва сотишни топширади. Шарти – бир финжон қаҳва камида минг доллардан камига сотилмаслиги керак.
Номзодлардан бири ҳар финжон қаҳвани 3 минг доллардан уч кишига сотади, бошқаси икки кишидан 4 минг доллар ундиради. Ниҳоят, мутлақ ғолиб аниқланади. Аммо Трамп уни орадан кўп ўтмай, арзимаган камчилиги учун ишдан бўшатади.
Ушбу шоу одамлар кўз ўнгида сиёсат майдонига яқинлашиб келаётган Трампнинг ўзига хос образини гавдалантиради. Ҳар гал, шоунинг навбатдаги босқичи тугагач, Трамп қўлларини ёзиб, энг бўш қатнашган номзодга қараб, у ким бўлишидан қатъи назар, “Сиз бўшсиз” дейди. У ўзининг бу ҳайқириғини “Оқ уй”га келганидан кейин ҳам давом эттирмоқда дейиш мумкин.
Сайловда ғалаба қозонгач, Трамп “Агар мен “Номзод”да эмас, ўзимга тегишли бошқа бир шоуда қатнашганимда, бу қадар катта муваффақиятга эришмаган бўлардим”, деб бу билан телевидениенинг улкан имкониятини эътироф этади. Тадқиқотчи Артур Громовнинг фикрича, Трамп кейинги уч-уч ярим йил ичида мамлакат иқтисодиётини сезиларли даражада мустаҳкамлашга эришган экан, бунда телевидениенинг ҳам ҳиссаси бор. Чунки бўлажак Президентнинг иқтисодий қарашлари айни ўша “Номзод” шоусини суратга олиш жараёнида шакллангани ва қиёмига етгани сир эмас.
Машҳур публицист Д.Антонионинг китобида бағоят қизиқ бошқа бир факт ҳам бор. Трампнинг ҳеч кимникига ўхшамаган феъл-атвори, ноодатий қилиқлари, кутилмаганда зоҳир бўладиган кескирлигидан ақли шошган журналистлардан бири “Трампнинг ота-онаси одамсимон орангутанлар бўлиши керак”, дейди. Трамп бу оғир гапни хотиржамлик билан қабул қилади ва журналистга ота-онасининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари нусхаларини жўнатади.
Қисқаси, Трамп Хиллари Клинтонни ўзига хос тарзда мағлуб этиб, Оқ уйга келди. Президентлик фаолиятини сайловолди ваъдалари асосида шиддат билан бошлади. Унинг Оқ уйдаги уч йиллик фаолияти ҳақида бугун унга хайрихоҳ бўлганлар ҳам, бўлмаганлар ҳам ёзишмоқда. Чунки факт, рақам, иқтисодий натижа деган тушунчалар ғоят ўжар бўлади. Эътибор беринг: мамлакатда ишсизлик даражаси бугун кейинги эллик йил ичидаги энг паст даражага (3,6%) тушди, эллик олти фоиз аҳоли (баъзи сўровларда 52–54 фоиз) Президент фаолиятини ижобий баҳоламоқда. Демократлар “Оқ уй” соҳибини танқид қилиш, Трамп тарафдорлари таъбири билан айтганда, “социализм ҳақида хаёл суриш билан” машғул эканлар, Президент янги иш ўринларини кўпайтириш, солиқ юкини камайтириш, иқтисодиётнинг давлат томонидан бошқарилишини сусайтириш борасида ижобий натижаларга эришмоқда. Масалан, солиқларнинг оғирлиги боис офшор зоналарда сақланаётган 4 триллион (!) доллар пулни Америкага қайтариш билан боғлиқ ислоҳотнинг ўзи кўп нарсадан далолат беради. Чунки бу пуллар шунчаки, у чўнтакдан бу чўнтакка эмас, халқаро бизнес юритиш қоидалари асосида тезкор айланиш ва кўпайиш имкониятига қайтади. Бунга қўшимча, Трамп жаҳоннинг етакчи давлатлари билан савдо-сотиқ олиб боришда Америка манфаатларини қатъий ҳимоя қилаётганини сезиш қийин эмас. Аммо кузатувчилар Президент фаолиятига баҳо берганда бу ютуқлар билангина қаноатланиб қолаётганлари йўқ. Америкача фикрлайдиган бўлсак, биз ҳам долларнинг суратсиз иккинчи томонига назар ташлашимиз керак бўлади.
Трампнинг уч йиллик фаолияти фақат ютуқлардан иборат эмас. Инаугурация нутқида айтилган мақсадлардан бири амалга ошмади – шахсий қуроллар билан боғлиқ отишмалар давом этмоқда. Мамлакат аҳолисининг 12–14 фоизи камбағал. Моддий турмуш тарзи бўйича табақаланиш пасайгани йўқ. Обама пайтида ташкил этилган тиббий суғурта бекор қилинмади. Мамлакатнинг давлат қарзи кейинги уч йил ичида 19,9 триллион доллардан 23 триллион долларга етди (Аслида ҳар бир давлатда бўладиган бундай қарзнинг асосий қисми узлуксиз қўшимча қиймат ҳосил қилинадиган соҳаларга йўналтирилаётган бўлса, хавотирга ўрин йўқ). Янги маъмуриятнинг Кубага нисбатан янги сиёсати ўзини оқламади. Баъзи мусулмон давлатлар фуқароларини АҚШга киритмаслик тўғрисидаги қарор жиддий норозиликларга сабаб бўлди. Президентнинг Исроил-Фаластин муносабатларини юмшатиш билан боғлиқ ҳаракатлари, хусусан, Трамп раҳбарлигида ишлаб чиқилган “Аср келишуви” режасини Фаластин президенти Маҳмуд Аббос қатъиян рад этди, “Ал-Қудс сотилмайди, “Аср келишуви” фаластинликларга тўғри келмайди, бундай бирёқлама “келишув”ни тарихнинг тўкинди саватчасига жўнатиш зарур”, деди у қатъий туриб.
Йиллар чархи тинимсиз айланади. Собиқ Президент Барак Обама ўзининг хайрлашув нутқида баён қилганидек, фаолиятини якунлаётган “Оқ уй”нинг ҳар бир соҳиби ўзига ўта баланд баҳо қўйиши аниқ. Аммо ҳеч ким дунё бундан тўрт йил, саккиз йил аввал қандай эди, қочоқлар сони бугунгидек сон-саноқсизмиди, террорчилик, қўпорувчилик ҳаракатлари қандай эди, коронавирус деган бало қаердан чиқди, Европага ота-онасиз бориб қолган ўн мингга яқин болакайлар қаерда – буларни ҳисоб-китоб қилмайди. Кичик Буш, собиқ давлат котиби Мадлен Олбрайт каби виждон азобида қолиб, йўл қўйган хато-камчиликлари учун номигагина бўлса-да, тавба-тазарру қилмайди. Шундай бўлганида ҳам бундай тазаррулар уруш ҳаракатлари боис ота-онасидан, уй-жойидан, қўл-оёғидан ажраган болакай кўзидаги бир томчи ёш олдида ҳеч нарса эмас.
Ҳеч ким ўз хоҳиши билан қочоққа айланмайди, бегона мамлакат кўчаларида саргардон юрмайди, ахлат титмайди. Шундай экан, бу муаммони ғарб давлатлари ўз ҳудудларини сим девор билан ўраш, йўлларга тўсиқ қўйиш орқали эмас, мантиқсиз урушларни, замонавий босқинчилик, зўравонлик ҳаракатларини бас қилиш, ўзга минтақаларни сиёсий таъсир доирасига олиш ниятларидан воз кечиш, ҳар бир халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш, ўзига маъқул йўлдан юриш ҳуқуқини тан олиш билангина ҳал қилиш мумкинлигини тушуниб етишлари керак.
Инсониятнинг бугунги муаммолари фақат шулар эмас. Дунё пул, бойлик, шахсий манфаат ҳукмронлиги таъсирига тушиб бормоқда. Инсон мулкни эмас, мулк инсонни бошқаришга ўтаётгандай. Экологик вазият чигаллашиб, иқлим ёмон томонга ўзгараётир, миллион йиллик музлар эришда давом этмоқда. Олимлар кейинги қирқ йил ичида дунёда қушлар, балиқлар ва амфибияларнинг сони 60 фоизга қисқариб кетганини, бу жараён кейинги олти-саккиз йил ичида янада тезлашганини таъкидламоқдалар. Аҳвол шу даражага етиб бордики, бу она замин биздан кейинги авлодлар учун ҳам бешик бўлишини, ер, сув ва ҳаво уларнинг ҳам ризқи эканини унутиб қўяётгандаймиз.
Америка – қудратли давлат. Унга бугун, эртага ва биздан кейин ҳам кўплар интилади. Аммо бу сеҳрли диёр ҳеч қачон ҳаммага беистисно бахт улашадиган тубсиз омборхона бўлиб қолмайди. Ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек, “Ўз вужудингға тафаккур айлағил, Ҳар не истарсен, ўзунгдин истағил”.
Бу буюк ўгитни унутмасак бўлгани.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 2-сон