Абдунаби Ҳайдаров. Журналистика ҳангомалари

Унутилмас сабоқ

Ўшанда 1974 йилнинг кузи, аниқроғи, эндигина мактабни битириб, туман газетасида ишлаётган кезларим эди. Бир сафар илғор механизатор ҳақида мақола ёзиш юзасидан топшириқ олдим. Шунга кўра, йиғим-терим авжига чиққан далага бордим, механизаторни иш устида учратиб суҳбатлашдим. Ҳатто, тракторчиликдан хабарим борлиги боис, унга қўшилиб машинада пахта тердим. Кейин шу асосда лавҳа ёздим. У газетанинг шанба сонида чоп этилди.
Албатта, бу мен – бошловчи журналист учун катта ютуқ эди. Аммо қувончим узоққа чўзилмади. Душанба куни эрталаб хонада ишлаб ўтиргандим, эшик шаҳд билан очилди-ю, остонада қаҳрамоним кўринди. У мен билан номигагина сўрашди-да, қўққисдан муддаога ўтди.
– Ҳов, ука! – деди кўзларимга қаттиқ тикиларкан, зардали оҳангда. – Мен отим Итолмас эканлигини айтгандим, сен нега Етолмас деб ёздинг? Хўш, нимага етолмас, нимадан қуруқ қолар эканман?..
Кутилмаган саволдан аввалига эсанкираб қолдим, сўнгра олдимда турган газетага шоша-пиша кўз югуртирдим. Қарасам, исми ростданам Етолмас ёзилибди. Уни ким, қачон ўзгартирганини билолмай, тасодифан хонага кирган бўлим мудирига илтижоли боқдим.
– Ҳа, тинчликми? – Бўлим мудири механизаторга юзланди. Унинг дардини эшитгач, масалага ойдинлик киритди. – Айб бу укамизда эмас, – деди менга кўз қирини ташлаб. – Аслида сизнинг исмингиз эскича ва ножоизроқ экан. Шунинг учун газетага қўл қўйишдан олдин муҳаррир билан маслаҳатлашиб, сал ўзгартирдик.
– Нега?!. – Механизатор баттар жаҳл отига минди. – Ахир, эскичами-янгичами, ёқимлими-ёқимсизми, бу раҳматли ота-онам қўйган исм-ку! Улар мендан олдинги беш фарзанди турмагани учун шундай қарорга келишган. Бу боламиз яшаб қолсин, уни Худо ўз паноҳида ва ёмон кўзлардан асрасин, лоақал ит ҳам дахл этолмасин деган маънода шундай йўл тутишган. Сизларга бировнинг отини бузиб ёзишга ким ҳуқуқ берган? – У бир зум тўхтаб нафас ростлагач, пичинг аралаш сўзида давом этди. – Унда, ана, бир ҳамқишлоғимнинг исми форсчада Зарима, ўзбекчаси – “паст, тубан, ёмон”, эҳтимол, униям ўзгартириб берарсизлар?!.
Хуллас, Итолмас ака узоқ тортишди. Охири бизни тавбамизга таянтириб, узр сўраттирди.
Бу воқеа мен учун бир умрлик катта сабоқ бўлди. Шу-шу мудом одамлар исмини тўғри ва тўлиқ ёзишга, мазмунига эътибор беришга одатландим. Кейинчалик република миқёсидаги нуфузли газеталарда ишлаган чоғларим айнан ши мавзуда бирмунча чиқишлар қилдим. Энг муҳими, исмларга қизиққаним сайин барчаси ўзига хос теран маъно-мазмунга ва “таржимаи ҳол”га эгалигини чуқурроқ англай бошладим.

Бобом раҳматлининг “васияти”

2001 йил кўкламида “Халқ сўзи” – “Народное слово” газеталарининг ўша даврдаги Бош муҳаррири Аббосхон Усмонов ажойиб ташаббусга қўл урди: дебочасига таҳририят ижодий ходимларининг барчасига биттадан компьютер олиб берди. Сўнгра соҳа мутахассисларини  ёллаб, бир ой давомида бу технологиядан қандай фойдаланиш лозимлигини ўргатди.
Табиийки, ёшлар компьютер сабоқларини тез ўзлаштириб олишди. Мен тенги қирчиллама ёшлиларниинг ҳам кўп ўтмай қўллари анча келишиб қолди. Фақат йиллар оша қўлёзмаларини ёзув машинасида ишловчи аёлларга тердиришга ўрганган ёши улуғларга қийинроқ бўлди. Улар ҳадеганда бу янгиликка кўника олишмади. Жумладан, 38 йиллик бой тажрибага эга, кўпчилик учун устоз мақомидаги бир оқсоқолимиз ҳам анча мушкул аҳволда қолди. Аммо қарта ўйнашни қойиллатадиган, унга азбаройи ружу қўйганидан кўпинча шошилинч материалларни ҳам вақтида туширмайдиган, баъзан тушликка чиқмайдиган бўлди.
Охири аҳвол шу даражага бориб етдики, Аббосхон ака унинг компьютерини олдиртириб қўйди. Барибир фойдаси бўлмади. Энди оқсоқол қўли ишдан бўшади дегунча, ўзи бошқараётган бўлим ходимларининг компьютерини эгаллаб олиб, “қартавозлик” қиладиган одат чиқарди.
Бир куни ўша хонага бош суқсам, оқсоқол ҳар доимгидек аъло кайфиятда берилиб компьютер ўйнаяпти. Бошқалар ўз юмуши билан банд. Фақат компьютернинг эгаси – ёши мендан сал каттароқ “акахон” бурчакдаги стулда қўлини қовуштириб, қуролини йўқотган суворийдек хомуш ўтирибди. Мен “Тинчликми?” дегандай кўз уриштирдим. У “Кўрмаяпсизми, ҳар кунги аҳвол” деган маънода тескари ўтирган оқсоқол томонга журъатсизгина ишора қилди. Бояқишнинг ич-этини мушук тирнаётганини сезиб, аввалига раҳмим келди, кейин қитмирлигим тутди.
– Менинг бобом раҳматли хўп ажойиб одам эди, – дедим хонанинг ўртасида ғоз туриб олганча, овозимга тантанавор тус бериб. – У 1975 йил 5 февраль куни эрталаб соат ўндан ўн беш дақиқа ўтганда жон бериши олдидан бир этак набиралари орасидан шахсан мени қошига чақириб, бир гап айтган. Аниқроғи, “Болам, компьютер баччағарнинг олдида кўп ўтирма, соғлиғингга зарар!” деган.
Бу гапимни эшитиб, бошқалар мийиғида кулиб қўйишди. “Акахон” эса “Қачон?.. Қачон дедингиз?” дея ўрнидан туриб кетди. Мен яна такрорладим:
– 1975 йил 5 февраль куни эрталаб соат ўндан ўн беш дақиқа ўтганда, қор уриб ёғаётган пайтда!
– И-е! – “Акахон” баттар таажжубланди. – Ахир у вақтларда бунақа нарсалар йўқ эди-ку?!.
– Э, менга қаранг, қанақа овсарсиз? – Ўзимни аччиқланганга солиб, унинг сўзини чўрт кесдим. – Ўша пайтда нима бўлган-бўлмаганининг ҳозир нима аҳамияти бор? Муҳими, сизга  манави компьютерингизни олиб берсам бўлдими?..
Илмоқли гапим оқсоқолга энди бориб етди, шекилли, тўсатдан ўрнидан қўзғалди-ю, “акахон”га “Ана, олинг, матоҳингиз бошингиздан ордона қолсин”, деди. Сўнгра менга хўмрайиб, “Билдик, бобонгиз жа-а ақлли бўлган экан!” деди-да, лабига сигарета қистирганча, ташқарига чиқиб кетди.
Хонада гур-р этиб кулги кўтарилди…

Тепада “суриштирув”, пастда “уриштирув”

Журналистикада иш куни, иш ҳафтаси деган гаплар нисбий тушунча. Чунки бу касб эгалари учун вақт олтиндан-да қиммат. Аксарияти кечқурун уйига боргач, апил-тапил овқатланади-ю, ярим тунгача ижод билан шуғулланади. Шанба-якшанба кунлари ҳам дам олиш ўрнига долзарб мавзуга бағишланган яхши мақола ёзиш илинжида қоғоз-қаламга ошно тутинади. Таҳририятдаги аҳвол эса маълум: ишга эрта келиш бору, эрта кетиш йўқ!..
Ҳамон эсимда, ўшанда авжи ёз чилласи эди. Соат саккиздан ошган, аммо газетанинг эртанги сонини тайёрлаш ҳали ниҳоясига етмаганди. Шу боис раҳбарлар, навбатчилар ва мусаҳҳиҳлар ўз ўринларида эди. Мен эса ижодий ходимларга ажратилган ҳайҳотдек залда танҳо ўзим ишлаб ўтирардим. Бир маҳал ўртадаги чор тарафи очиқ даҳлиздан котибият томонга ўтаётган Аббосхон ака мени кўриб, юришдан тўхтади:
– Ҳа, Абдунаби, бугун навбатчимисиз?
– Йўқ, – дедим ҳозиржавоблик билан, – сизнинг топшириғингиз бўйича бир ҳафтадан  буён навбатдаги “Журналист суриштируви”ни ёзаётгандим. Ҳозир шуни давом эттираяпман. Ҳар қалай, ҳеч ким йўқ, тинчгина. Хаёл бўлинмайди…
– Ҳм-м, тушунарли, – Аббосхон ака негадир лабларини қимтиб, сирли жилмайди. – Демак, бугун тепада суриштирув, пастда уриштирув экан-да.
Бу “хушхабар”дан илкис ҳушёр тортдим. Чунки боя маош олаётганимизда кимдир “Бугун бир отамлашамиз. Ҳар ким атаганини чиқаради. Учрашув жойи – пастдаги ошхона, вақти – ишдан кейин!” дегандай бўлувди. Шуни эсладиму, оромим йўқолди. Аббосхон ака котибият томонга бурилиши биланоқ компьютерни ўчириб, лаш-лушларимни йиғиштирдим-да, пастга шошилдим.
Лифтнинг олдига етганимда ортимдан таниш овоз янгради:
– Ҳов, афанди, йўл бўлсин? Ё пастдан “ваҳий” келдими, бунчалар шошмасангиз…
Мен “Йўқ, уйга кетаяпман! Кутилмаганда меҳмонлар келиб қолишибди. Ҳозиргина келинингиз телефон қилиб айтди!” дедиму, эшиги ланг очилган лифтга ўзимни урдим.
 
“Статистика жанрининг пири, ошхона паловнинг зўри”

Бу биродаримиз роппа-роса ўттиз йилдан буён мухбирлик қилади. Лекин китоб ўқимайди, қўшиқ тингламайди. Бошқалар тугул, лоақал ҳамхоналари ижодига ҳам қизиқмайди. Инчунин, сўз бойлиги ҳам шунга яраша, қалами тўмтоққина. Яккаш деҳқончилигу чорвачиликдан икки томчи сувдек бир-бирига ўхшаш, нуқул ғиж-ғиж рақамлардан иборат алламбалолар ёзиб юради. Яна денг, ёш болагаям маълум нарсаларни сўрайвериб ғашга тегади, сал ёрдамлашворсангиз, ўзидан-ўзи “Битта ошхона палов мендан!” деб катта кетворади-ю, амалда лафзида турмайди. Шунинг учун биз уни ҳазиллашиб, “Статистика жанрининг пири”, “Ошхона паловнинг зўри” деймиз.
Бир сафар хонасига кирсам, “пир ҳазратлари” даста-даста ҳисоботларни олдига қўйиб олиб, одатдагидек “статистик ижод” қилаётган экан. Уни синамоқчи бўлиб, сўз қотдим:
– Менга қаранг, дўстим, сиз иқтисодиётнинг ўнг енгидан кириб, чап ёқасидан чиққан журналистсиз. Модомики, шундай экан, бир саволимга жавоб берсангиз: шолини ким яратган?
У мақтовимдан талтайиб қаддини керди, зукко файласуфлардек, маънодор қилиб, “Ҳа-ҳа, ҳа-ҳа”, деб қўйди. Бироқ жавоб беришга келганда каловланиб қолди. “Билардим-билардим… Қаердадир ўқигандим. Фақат шу… ҳозир… ҳозир эслолмаяпман” дейишдан нарига ўтолмади.
 Унинг ёлғон гапираётганини сезиб, мен ҳам ёлғонга ўтдим:
– Унда эшитинг, ёдингизга соламан: аллазамонлар Кореяда Шо Ли деган зўр деҳқон яшаган. У ғалланинг янги турини яратиш устида тинимсиз изланган. Ҳар хил бошоқли донлар уруғларини ўзаро чатиштира-чатиштира, охири шолини ихтиро қилган. Шунга кўра, кашфиёти унинг номи билан “Шо Ли” деб аталган. Кейинчалик бизнинг аждодларимиз ҳам бу экинни етиштирадиган бўлишган. Шу асно икки сўзли номини битта қилиб, шоли деб қўя қолишган. Тушундингизми?
– Бўлди-бўлди, тушундим-тушундим. Раҳмат, раҳмат сизга! – У яна ялтоқланди.
Мен ташаккурни “бажонидил” қабул қилиб, “илмий нутқ”имни тағин-да зўрайтирдим:
– Давомини суриштирсангиз, ўша Шо Лининг Су Ли деган жияни бўлган. У тоғаси изидан бориб, кейинчалик ўз исм-шарифи берилган сулини яратган. Қойилмисиз?
– Қойилман-қойилман, раҳмат сизга, раҳмат! – “пир” оёққа қалқиб, қўлини кўксига қўйди.
Мен темирни иссиғида босиб қолишга интилдим.
– Э, шошманг! – дедим кўзларига синчков тикилиб, – Нима, сиз мендан кенг оммага номаълум  шунча қимматли маълумотларни билиб олиб, қуруқ раҳмат билан қутулмоқчимисиз? Йўқ, бунақаси кетмайди. Бозор шароитида мушук ҳам текинга офтобга чиқмайди. Уқдингизми?
– Бўлди-бўлди, уқдим-уқдим. – У ранг-рўйи оқариб, хона бурчагидаги соатга бир қараб қўйгач,  – Обедда битта ошхона палов мендан, – деди.
Қисқаси, тушликда иккимиз нотаниш Шо Ли “яратган” мўъжиза неъматдан тайёрланган ошхона палов едик. Бироқ “пир” қурумсоқлигига бориб, бу сафар ҳам ваъдасига вафо қилмади. Мен “бебаҳо ўгитларим” зое кетганига ачина-ачина, ўзим олган ошнинг пулини ўзим тўладим.

“Чунончи” дорисини биласизми?

Қайсидир ёзда таҳририятимизга амалиёт ўташ учун бўй-басти келишган, қошу кўзлари попукдек икки нафар талаба қиз келди. Уларга раҳбарлик қилиш менга топширилди. Дастлаб иккаласини газетамиз йўналиши, таҳририятнинг иш тартиби, бўлимларнинг вазифалари билан таништириб, мақола ёзиш ва таҳрир қилиш маҳоратидан баҳоли қудрат сабоқ бердим. Аммо орадан ҳеч қанча ўтар-ўтмас, сездимки, бу қақажонларнинг касбимизга қизиқишлари ҳаминқадар. Чамамда, улар журналистика факультетига адашиб кириб қолишганга, амалиётни ҳам номигагина ўташ учун келишганга ўхшайди. Ўзларига қўйиб берсангиз, эртадан кечгача компьютер ўйнаш-у телефонда чақ-чақлашишдан бўшамайдилар.
Шу боис уларни вақтни беҳуда ўтказмасликка, ишга масъулият билан ёндошишга, жилла қурса, жамоамиздаги таниқли қаламкашлар тажрибасини ўрганишга ундадим. Ўз навбатида,  танишиб чиқиб, фикр билдиришлари учун қўлларига биттадан мақола бердим. Қизлар маслаҳатларимни тўғри қабул қилиб, ўқишга киришдилар.
– Домла, – деди бир маҳал новчароғи хаёлимни бўлиб, – “чунончи” қанақа дори?
Мен унинг дабдурустдан берган саволидан ҳайрон бўлиб қолдим. Шу асно “чунончи” асли форсча сўз бўлиб, шундай, шундай қилиб, шунчалик, шунча, шу қадар, роса маъноларини англатиши, грамматик жиҳатдан сўзловчининг баён қилинаётган фикрга муносабатини, гап кимга тегишлилигини, фикрнинг умумий баҳосини ёки олдинги фикр билан алоқасини билдирувчи “дарҳақиқат”, “дарвоқе”, “ҳақиқатан”, “менимча”, “сизнингча”, “айтгандай”, “айтганча”, “албатта”, “шубҳасиз”, “сўзсиз”, “шекилли”, “чоғи”, “чамаси”, “афтидан”, “эҳтимол”, “балки”, “хуллас”, “умуман”, “демак”, “ниҳоят”, “зеро”, “бинобарин”, “қисқаси”, “аксинча”, “аввало”, “авваламбор”, “зотан”, “хусусан”, “айниқса”, “зора”, “кошки”, “яхшиямки”, “хайрият”, “аттанг”, “афсус”, “ажабо”, “таажжуб”, “яъни”, “эҳтимол”, “балки” сингари гап бўлаклари билан синтактик боғланмаган кириш сўз вазифасини ўташи, унинг “жумладан”, “масалан” каби арабча муқобиллари борлиги ёдимга тушди. Шу боис эндигина “Чунончи” – дори номи эмас”, дея гап бошламоқчийдим, талаба қиз шошқалоқлик қилди:
– Йўқ, бу дорининг номи экан. Ишонмасангиз, мана, кўринг, шунақа деб ёзилибди…
Мақолада “Қон қуюқлашганда уни суюлтирувчи дори воситалари, чунончи, индапамид, метокард, аторис, кардиомагнил истеъмол қилиш тавсия этилади” деган жумла битилган экан. Демак, қизи тушмагур гап маъносини фаҳмламай шошилинч хулоса чиқарган. Бир ниятим бу кетишда ундан журналист чиқмаслигини айтиб, танбеҳ бермоқчи ҳам бўлдиму, аммо дугонасининг олдида уялтиргим келмади.
– Агар шубҳалансангиз, – дедим босиқлик билан, – ўша сўз ўрнига тире қўйиб қўя қолинг.
Шу пайт иккинчи қиз ажабланган кўйи суҳбатга аралашиб:
– И-я, унда беморлар бу доридан бехабар қолишади-ку, домла! – деди.
“Фотима-Зуҳро”ларнинг саводи бунчалар ғовлаганига кулишимни ҳам, куюшимни ҳам билолмай, бирпас жим қолдим. Пировардида йўлини топдим.
– Бўлмаса, бундай қиламиз, – дедим жиддий оҳангда. – Ҳозир сизлар бирор кутубхонага бориб, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” ҳамда “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”дан шу “дори” номининг асл маъносини билиб келасизлар. Кейин уни мақолага киритиб, газетада эълон қиламиз. Қарабсизки, одамлар оламшумул янгиликдан бир зумда воқиф бўлишади. Қани,  энди шахдам қадамлар билан олға!
Гапимдаги пичингни ҳам, коса тагидаги нимкосани ҳам илғамаган қизлар сумкачаларини елкаларига илиб, кутубхонага шошилишди. Мен чуқур хўрсиниб, ишимга тутиндим.

Керакли “точка”

Газетада жиддий хато кетди. Бош муҳаррир вазифасидан олиниб, ўрнига бошқа одам тайинланадиган бўлди. Аввалги раҳбарнинг “ўнг қўли” бўлиб юрган, янгисини орқаваротдан ўта қаттиққўл ва талабчан деб эшитган хўппа семиз, тепакал мухбирнинг пайтавасига қурт тушди.
– Энди мен нима қиламан? – деди у уч-тўрт ҳамкасбига қарата ошкора хавотир билан. – Ишдан ҳайдаламанми?..
Ходимлар бир-бирига маъноли қараб, жим қолишди. Фақат озғин-қотмадан келган фельетонлар бўлими муҳаррири жаҳлини босолмади.
– Йўқ, тақсир, сиз ишдан ҳайдалмайсиз, – деди кесатиқ аралаш истеҳзоли кулиб. – Хушомад ҳаммагаям ёқади. Эски ҳунарингизни қўлласангиз, янги бошлиқ учун ҳам “любимчикка” айланасиз-қоласиз.
– Қандай қилиб? – Мухбирга жон кирди. – Айтинг, ака, хўжайинди кўнглига йўл топишди керакли точкаларини айтинг, жон ака!..
– Сизга ўргатишнинг ҳожати йўқ, шусиз ҳам ўзингизга керакли ҳар қандай одамнинг пинжига кириб кета оласиз. – Бўлим муҳаррири шундай дея, жиддий қиёфага кирди. – Маслаҳатим, одатдагидек, мақтовга зўр беринг. Мана, масалан, янги бошлиғимизнинг акаси адабиётшунос, катта олим экан. Мавридини топиб, ана ўша кишини бир-икки давраларда раҳбаримизнинг қулоғига етадиган қилиб мақтанг. Иложи бўлса, ёзган асарларини номма-ном эслаб қолиб, парчалар ёдланг. Қарабсизки, ҳар доимгидек ошиғингиз олчи бўлади-қўяди.
– Э, минг раҳмат сизга! – Мухбир хонадан чиқиб кетаркан, қўшимча қилди. – Бу яхшилингизни унутмайман. Худо хоҳласа, ўн карра ортиғи билан қайтараман.  
 Бўлим муҳаррири тўғри айтган экан. Кўп ўтмай мухбир ростданам Бош муҳаррирнинг энг ишончли, энг содиқ кишисига айланди. Ҳатто жамоада ўтказилган “тозалаш” жараёнида ҳам фаол қатнашиб, кимни олиб қолиш кераклигини, кимнинг жавобини бериш лозимлигини аниқлашда қимматли “маслаҳат”ини аямади.
Тунов куни бўлган навбатдаги йиғилишда у сўзга чиқиб, шундай деди:
– Ўртоқлар, мана, ҳаммангиз гувоҳ бўлиб турибсиз, сўнгги тўрт-беш ой ичида газетамиз аввалгига нисбатан тубдан ўзгариб, мутлақо янгича қиёфа касб этди. Берилаётган мақолалар ҳар жиҳатдан пишиқ-пухта, савияси баланд. Мавзулари ҳам ранг-баранг. Бунда шахсан Бош муҳарриримизнинг хизматлари катта. Биз у кишидан қандай ишлаш кераклигини ўргандик. Энг муҳими, шунча йиллар ўтиб, ҳақиқий раҳбарга энди ёлчидик.
Бу гап Бош муҳаррирга мойдек ёқди шекилли, у мийиғида кулиб, маънодор томоқ қириб қўйди. Бироқ бошқаларнинг ҳафсаласи пир бўлди.
– Менга қаранг, сизда озгина виждон борми ўзи? – деди фельетонлар бўлими муҳаррири ўтирган жойида чидолмай. – Яқингинада айнан шу гапларни эски бошлиғимизга қарата айтардингиз, энди бунисигами?..
– Тавба, мен нима дедим? – Мухбир заррача хижолат чекмай елка қисди. – Бор ҳақиқатни айтдим, холос. Ахир, янги Бош муҳарриримиз келиши биланоқ жамоамизга тоза ҳаво кириб, газетамиз ростданам ўзгарди-да…
Бўлим муҳаррири шаҳд билан бошини кўтарди. “Санга ўхшаган лаганбардорларга журналистика ҳайф!” дегандай, жаҳл билан қўл силтади. Буни кўриб, бошлиқниг қовоғи осилди. Ҳамон ўртада тик қотиб турган мухбир эса икки қўлини кўксига қўйиб, у томонга жилмайиб боқди:
– Мен сизга бу акамизнинг ўзи чўрткесар, тили заҳар, кези келганда, отасини ҳам аямайди, десам, ишонмовдингиз. Тили қанақалигидан қатъи назар, қалами ўткир бўлса бўлди, газетамиз обрўси учун унинг ўзи эмас, мақоласи керак девдингиз, мана, аҳвол…
…Бир ҳафтадан сўнг таҳририятда яна жузъий ўзгаришлар бўлди. Ушбу газетанинг таъмал тошини қўйганлардан бири ҳисобланмиш фельетонлар бўлими муҳаррири ўз аризасига кўра ишдан бўшаб, бошқа газетага ўтиб кетди. Уч йилгина бурун иш бошлаган мухбир эса унинг ўрнига бўлим муҳаррири этиб тайинланди.  
 
Суюнчи

Касб байрамимиз арафасида телевидениега суҳбатга таклиф қилишди. Бордим. Кўрсатув бошловчисининг соҳамизга доир саволларига қурбим етганича жавоб бердим.
Эртаси эрталаб мулоқотимиз эфирга узатилди. Уни кўпчилик ҳамкасбларимиз ҳам кўришган экан. Ишхонага келишим биланоқ табриклашди. Айниқса, узоқ йиллардан буён ёнма-ён хонада бирга ишлаб келаётган, ўзини сал каттароқ тутадиган бўлим муҳаррири оғзидан бол томиб гапирди:
– Аммо-лекин қойилман, жўра! Барчамизнинг кўнглимиздаги гапларни рўй-рост айтдингиз. Журналистикамиз муаммолари сабабларини аниқ далиллар асосида исботлаб бердингиз. Маладес, офарин сизга!
У қўлимни қайта-қайта қисиб, хонамдан чиқиб кетди. Худди шу пайт тўрт ойча бурун сафимизга қўшилган ёш ходимимиз менга юзланди:
– Устоз, шу акамиз сал иккиюзламачироқми дейман?
– Нега? – ажабланиб унга тикилдим.
– Негаки, боя – сиз келмасингиздан сал олдинроқ даҳлизда туриб олиб, мутлақо тескарисини айтувди. “Телевизорга чиқиш учун шундан бошқа одам қуриб кетганми? У на Бош муҳаррир, на бўлим мудири, бор-йўғи оддий мухбир бўлса, бутун журналистлар номидан гапиришга қандай ҳақи бор?” деяётган эди. Энди эса…
Бу “хабар”ни эшитиб, хафа бўлиб кетдим. Йўқ, шусиз ҳам феъл-атворини ўзим яхши биладиган нариги ҳамкасбимдан эмас, унинг гапини оқизмай-томизмай менга етказиб, суюнчи олмоқчи бўлган ёш ходимимиздан…

Абдунаби ҲАЙДАРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.