Энвер Хуршут. Абдулла Қодирий ва тарихчи Ҳакимхон тўра (1987)

Атоқли адиб Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» ва «Меҳробдан чаён» каби Қўқон хонлиги давридан ҳикоя қилувчи тарихий романлари муаллифнинг кенг кўламли тарих билимдони эканидан дарак беради.

Ёзувчи яна «Амир Умархоннинг канизи» номли учинчи тарихий роман ёзишни ҳам ният қилади, лекин бу ният рўёбга чиқмай қолади. Маълумки, Абдулла Қодирийнинг бу романни ёзиш фикри 1929—30 йилларда туғилади. Роман учун зарурий материал, ўша даврга оид жуда кўп тарихий воқеаномаларни ўрганиш, турли кишилар билан суҳбатлашиш ва ёзилажак асар воқеалари содир бўладиган жойларни бориб кўриш орқали тўпланади.

Абдулла Қодирий шу мақсадда бир неча бор Қўқон, Фарғона, Наманган ва бошқа шаҳарларда бўлади. Бу шаҳарларда у кекса кишилар билан суҳбатлашади, ўтган замон воқеаларининг шоҳиди бўлган кишиларнинг сўзларини ёзиб олади.

Ёзувчи шу тариқа қариялар хотирасидан ҳали ўчиб кетмаган тарихий воқеалар ҳақидаги оғзаки маълумотларнинг дастлабки тўпловчиси ва шарҳловчиси бўлади. Тарихий воқеаларнинг яхши изоҳи, ҳикояларсиз ёзувчи мазкур асарни тасаввур қилолмасди. Бинобарин, адиб учун тарихий маълумотларнинг ўзигина эмас, балки мазкур ўтмиш воқеалари халқ хотирасида, унинг ҳикояларида, афсона ва нақлларида қай тарзда ифодаланганини билиш ҳам муҳим эди.

«Мен бир асар ёзишдан аввал, шу ёзмоқчи бўлган нарсам ҳақидаги материалларни пухта ўрганиб чиқаман. Бирор жой тўғрисида асар ёзмоқчи бўлсам, ўша жойни неча маротаба кўрган эсам-да, яйа бориб текшириб, яхшироқ ўрганиб келаман», — деб ёзган эди А. Қодирий 1935 йили «Қизил Ўзбекистон» газетасида.

Шундай қилиб, ёзувчи ҳам ёзма, ҳам оғзаки материалга эга бўлган. Роман ёзиш учун бу тарзда материал тўплашни машҳур француз адиби Эмиль Золя ўзининг «Романнавис ҳуқуқи» деган мақоласида шундай баён қилади: «Ҳар сафар роман ёзишга чоғланганимда, мени қизиқтирган масалага доир жами китобларни тўплаб оламан, бу масалага дахлдор бўлган барча билимдон кишилар билан суҳбатлашаман, жойларни бориб кўраман, мазкур мамлакат, ўлка билан танишаман, одамлари ва уларнинг урф-одатлари билан танишаман».

Мазкур ўринда Абдулла Қодирий романнавис-ёзувчи сифатидагина эмас, балки тадқиқотчи-олим сифатида ҳам иш кўриши даркор эди.

Ёзувчи янги романи учун зарур материал тўплаган бўлса-да, лекин унинг яратилиши орқага сурилиб кетди ва оқибатда ёзилмай қолди. Биринчидан, маълум сабаб ва шароитларга кўра, аввал «Обид кетмон» қиссасини яратишга киришади, шунинг учун мазкур роман устидаги иш, табиийки, кейинга сурилади. Иккинчидан, Абдулла Қодирий тўпланган материалларни тарихий маълумотлар билан қайта текшириб чиқиш кераклигини яхши биларди. Ҳабибулла Қодирий отасининг «…тарихий асар ёзганда бирор шахснинг хоҳ оғзакидир, хоҳ ёзмадир берган шоҳидлигига дарҳол ишонавериш бўлмайди, уни обдан текшириб, мантиқ андозасига солиб, сўнг асарга киритиш керакким, китобхонда эътироз, шубҳа туғилмасин…» деган сўзларини эслайди ўзининг «Отам ҳақида» деган китобида.

Бу сўзлар ёзувчининг ҳалоллигидан, ўзига нисбатан ниҳоятда талабчанлигидан дарак беради.

Демак, муаллиф айтмоқчи, тўпланган материалнинг ҳаққонийлигини яхшилаб текшириш зарур эди. Буни эса фақат ишончли ёзма манба асосидагина амалга ошириш мумкин. Хўш, Абдулла Қодирий шундай манбанинг борлигини билармиди? Ўғлининг сўзларига қараганда бундай манбадан ёзувчи хабардор бўлган: «Дадамнинг шундай деганлари ёдимда: «Романга керакли материаллар етарли бўлиб қолди. Энди, Тошкент Шарқ кутубхонасида Умархоннинг укаси (янглишмасам, шундай деган эдилар шекилли. — Ҳ. Қ.) ёзган, ўша давр тарихига оид нодир бир қўлёзма бор экан, шу китобни ҳам бирор ой ўтириб ўқиб чиқсам ва Бухорога бир бориб келсам, бас. Уй-рўзғор ишларидан хотиржам бўлиб олиб, бир қиш қаттиқ ўтирсам, романни ёзиб битираман…» (197-бет).

Бу сўзлар Абдулла Қодирийнинг ўша замон воқеалари тўғрисида баён қилувчи ишончли манба борлигини билишига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди.

Ҳ. Қодирий ўша қимматли манбани шоир Ғайратий тилидан яна бир карра шундай эслайди: «Қўқонда Абдулла акамнинг Мирзойи Ҳўқандий номли таниқли бир ошналари бор экан. Ўзи анча кекса, лекин тетик, ўқимишли, шоирнамо, кўпни билувчи, янглишмасам, у Жоме масжидининг мутаваллиси бўлиб ишлар экан… Хотирамда, бир куни Мирзойи Ҳўқандий бизни бир кишининг уйига меҳмонга бошлаб борди. Бу киши ҳам кексароқ ёшда, кўп тарихларни билувчи… кейинги чоқларда чамаси китобфурушлик билан шуғулланар экан. Абдулла акам бу киши билан узоқ сўзлашиб ўтирдилар. Китобфуруш сандиғини очиб, ундан иккита фото расм ва бир қўлёзма китоб олиб кўрсатди. Бу китоб амир Умархоннинг жияни бўлмиш Ўратепа ҳокими Ҳакимбек тўра томонидан ёзилган тарихий хотира бўлиб, унда Умархон ва Мадалихон даврлари тасвирланган экан. Бироқ у (Абдулла акамга кўрсатилган) китоб — қўлёзманинг асли эмас, аслидан бирмунча қисқартириб кўчириб олинган нусха эди. Асли эса Тошкент Шарқ кутубхонасида сақланар экан.

Тошкентда тўлиқ нусхаси борлиги учун бу китоб (менингча юқорида ёзганимдек, «Тошкент кутубхонасида бир китоб бор, шуни ўқисам»… деб дадам шу китобни айтмадилармикин? — Ҳ. Қ.) Абдулла акамни унча қизиқтирмади» (198—199-бетлар).

Шуниси диққатга сазоворки, Ҳ. Қодирий отаси ва Ғайратий тилга олиб ўтган қўлёзма китобнинг ҳар иккиси ҳам айни бир китоб эканини, гарчи бу соҳада мутахассис бўлмаса ҳам, тўғри белгилайди. Лекин Ғайратийнинг эсдаликларида бир нуқсон бор. Аввало, мазкур қўлёзма китоб муаллифи гоҳ «Умархоннинг укаси», гоҳ «Умархоннинг жияни» деб нотўғри айтилган. Иккинчидан, «Ўратепа ҳокими Ҳакимбек тўра» деган сўзлар ҳам тўғри эмас.

Хўш, шундай қилиб, «ўша давр тарихига оид нодир бир қўлёзма»нинг номи қандай экан? Унинг муаллифи ким? «Амир Умархоннинг канизи» романи учун тўпланган материаллар йўқолиб кетган. Бунинг устига, ҳали айтилганига кўра, мазкур нодир қўлёзма муаллифининг номини ёзувчи ҳам, унинг ўғли Ҳ. Қодирий ҳам ўз эсдаликларида тилга олишмаган.

Биз бу хусусда олиб борган текширишларимизга суяниб юқоридаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Абдулла Қодирий ўзининг ният қилган «Амир Умархоннинг канизи» деган янги тарихий романини яратиш йўлида олиб борган дастлабки тайёргарлик ишларида, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, ўша замонга оид форс, ўзбек тилларида ёзилган жуда кўп қўлёзма манбаларни кўздан кечирган. Улар орасида энг нодири ва мукаммали бўлмиш «Мунтахаб ат-таворих» китоби, шубҳасиз, ёзувчининг алоҳида диққатини ўзига жалб қилган. Бу манбанинг муаллифи бўлмиш Ҳакимхон тўранинг исми Ғайратий томонидан тилга олинганлиги ҳам бу фикримизни тасдиқлайди.

Хўш, Ҳакимхон тўра ким ўзи?

Муҳаммад Ҳакимхон тўра 1806 йилда Қўқонда ўз замонасининг ҳур фикрли илғор кишиси бўлмиш Маъсумхон оиласида дунёга келади. Ўзининг тараққийпарвар сиёсий қарашлари учун Ҳакимхон тўра Қўқон хони томонидан мамлакатдан бадарға қилинади. Унинг кўп умри саёҳатларда, сарсон-саргардонликда ўтади. Бу жаҳонгашталик йиллари Ҳакимхон кема ҳалокатини, қароқчилар босқинини, турма азобларини, сувсиз саҳро азобини, бир неча бор ўлим хавфини бошидан кечиради.

У Россия, Туркия, Сурия, Фаластин, Миср, Арабистон, Эрон ва Афғонистон мамлакатларини кезиб чиқади.

Ҳакимхон тўра узоқ саёҳатдан қайтгач, аввал Бухорода, кейин Ўратепада яшайди. (Бу вақтда Ўратепа ҳокими унинг дўсти Муҳаммад Раҳим девонбеги эди. Ҳакимхон Ўратепа ҳокими эди, деган мулоҳаза тўғри эмас). Шунингдек, у Шаҳрисабзда ҳам анча вақт истиқомат қилади.

Ҳакимхоннинг отаси Маъсумхон Қўқон хони Олимхоннинг туғишган синглиси Офтоб ойимнинг эри эди, демак, Ҳакимхон хонга жиян эди.

Ҳакимхон тўра ўзи яшаб турган хон замони тўғрисида, саройга яқин тарихий шахсларнинг ҳаёти ва ўша даврнинг диққатга сазовор сиёсий воқеалари тўғрисида «Мунтахаб ат-таворих» номли ажойиб асар ёзади. Бу асар XIX аср ўзбек адабиётининг энг яхши намуналаридан саналади.

Бу тарихий асар муаллифи Абдулла Қодирий ўз романида акс эттирмоқчи бўлган даврга замондош бўлибгина қолмай, балки унда кечган жами воқеаларнинг фаол қатнашчиси ҳам эди. Бунинг устига у Абдулла Қодирийнинг бўлғуси романи қаҳрамонлари билан шахсан таниш эди.

Шу айтилганларга кўра, адиб роман учун материал тўплар экан, тарихий манбалар орасида «Мунтахаб ат-таворих»ни алоҳида ажратиб, унга суяниб иш кўрган бўлиши табиий. Бу китоб ёзувчига энг қимматли ҳужжатли материаллар манбаи бўлиб хизмат қилган.

Марказлашган давлатнинг вужудга келиши, Россия билан савдо-сотиқ ишларининг жадаллашиши ва шу сингари бир қатор омиллар XVIII-XIX асрларда Қўқон хонлигида маънавий ва маданий ҳаётнинг ўсишига олиб келди. Бу давр ичида Қўқон хонлигида бир қанча тарихий асарлар битилди. Булар жумласига мулла Юнус додхоҳнинг «Хадоиқ ал-анвар» («Нур бўстонлари»), Мирза Қаландар Исфарағонийнинг «Шоҳномайи Умархони» («Умархоннинг шоҳномаси»), Зиёвутдин хўжа Андижоний Тўра хўжанинг «Миръат ал-футуҳ» («Ғалабалар кўзгуси») каби асарларини киритиш мумкин.

Қўқонда яратилган асарлар орасида XIX асрнинг биринчи ярми охирида яратилган «Мунтахаб ат-таворих» асари алоҳида аҳамият касб этади. Бу ҳақда бизга рус ва совет олимларининг асар тўғрисидаги мулоҳазалари яққол далолат бериб туради. Жумладан, Е. Каль, А. А. Семёнов, В. В. Бартольд каби олимлар мазкур асарни Ўрта Осиё халқлари тарихини ёритувчи жуда муҳим манба деб билганлар.

Ҳакимхоннинг бу асари умумтарихий асарлардан бўлиб, дунёнинг вужудга келган вақтидан бошлаб, XIX асрнинг ярмигача бўлган даврни қамраб олади. «Мунтахаб ат-таворих»нинг биринчи қисми XVIII асрнинг ўрталаридан XIX асрнинг ўртасига қадар бўлган даврдаги Бухоро амирлиги тарихига тааллуқлидир. Бу қисмда автор Бухоро амирларининг ягона марказлашган давлат қуриш учун олиб борган курашлари, уларнинг Хива ва Қўқон хонлари ҳамда мустақил Ўратепа ва Шаҳрисабз ўлкалари билан бўлган алоқалари ҳақида ҳикоя қилади.

Асарнинг иккинчи қисми эса Қўқон хонлиги ташкил топганидан бошлаб (XVIII аср) XIX асрнинг ярмига қадар бўлган тарихни ўз ичига олади. Бу ерда ҳам худди олдинги қисмдаги сингари Ҳакимхон Қўқон хонлигининг ташкил топиш тарихи, унинг қўшни давлатлар билан алоқалари, шу жумладан Хитой билан муносабатларини батафсил ҳикоя қилади.

Асарнинг учинчи қисми, олдингиларидан фарқли ўлароқ, муаллиф саёҳатларини ташкил этади.

Кўриниб турибдики, Ҳакимхоннинг «Мунтахаб ат-таворих» асари Ўрта Осиё халқлари ва унга қўшни бўлган давлатлар тарихи ҳақида муҳим манбалардандир. Бу асар меҳнаткашларнинг аҳволи, оммавий ҳаракатлар ҳақида жуда кўп материалларни қамраб олганлиги билан бошқа тарихий асарлардан алоҳида ажралиб туради.

Асарнинг яна бир диққатга сазовор ери шундаки, муаллиф сарой тарихчиларидан бўлган эмас. Аксинча, у ўзининг демократик эътиқоди учун Қўқон хонлигидан ҳайдаб чиқарилган ва бутун умрини дарбадарликда ўтказган.

Ҳакимхон ўз даврининг машҳур шоирларидан бўлган Ҳозиқ, Нодира, Султонхон Адолар билан шахсан таниш эди. У ўз асарида юқорида номлари тилга олинган ўзбек шоирларининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида қимматли материаллар бериб, уларнинг бир қанча шеърларидан намуналар келтиради.

Яна шуни қайд этиш керакки, Ҳакимхон афғон халқининг инглиз колонизаторларига қарши курашини бошқарган Афғонистон ҳокими Дўст Муҳаммадхон билан ҳам шахсан таниш бўлган.

Ҳакимхон асарида юқорида таъкидлаб ўтилган муҳим мулоҳазаларни ёзиш жараёнида, ўз ҳаётини ҳам таърифлаб ўтади. У XIX асрнинг биринчи чорагидаёқ рус тилини бемалол гаплаша олиш даражасида ўрганиб олган биринчи ўзбеклардан саналарди.

Ҳакимхоннинг «Мунтахаб ат-таворих» асари ўзбек классик адабиётининг йирик намуналаридан биридир.

Юқорида келтирилган фактлар Ҳакимхоннинг йирик тарихчи, географ, адабиётчи, маърифатчи бўлганлигини кўрсатади.

Энвер Хуршут,

тарих фанлари кандидати.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1987 йил, 4-сон