Сигарет чекилмайдиган умр

Хорижда чекувчиларнинг сонини камайтиришга бўлган ҳаракат шунчалик кучайганки, Буюк Британиянинг етакчи Гуардиан газетаси 2004 йил Америка кучлари Ироққа бостириб киргани ҳақида ёзар экан, мақолага «Ироқ ёняпти, биз эса сигарет оловини ўчириш билан ўралашиб қолганмиз» деган ғайриоддий сарлавҳа қўйганди.

Буни бироз изоҳлаш учун ўша вақтда Европада «сигаретага қарши кураш» ҳукуматлар диққат марказида турганини ва энди иккинчи масала сифатида «АҚШнинг Ироқдаги тинчликпарвар ҳаракатлари» кун тартибига киритилганини айтиш кифоя. Аммо минг афсуски, иккала уруш ҳам то ҳозиргача муваффақиятсиз давом этмоқда. Ироқдаги олов ҳам, чекувчиларнинг лабларидаги сигарет олови ҳам ҳануз ўчирилгани йўқ.

Сигарет ҳақида роман ёзса бўлади. Чекувчиларга қарши олиб борилаётган кураш ҳақида ҳикоя қилиш учун эса, рости, роман ҳам камлик қилса керак ҳозир.

Хўш, сигарет чекувчиларга қарши урушда қачондир ғалаба қозониш мумкинми ўзи?

Бу жанг ҳозир шу қадар аёвсиз тус олганки, ўша Англия ҳожатхоналарида баъзан қуйидагича ёзувларга кўзингиз тушиши мумкин: «Илтимос, сигаретингизни унитазга ташламанг, нам тортиб, ёндиришга қийинлашиб қолади».

«Англияда-я?! Ким ҳам уни унитаздан олиб чекарди?» деб ажабланарсиз. Ажабланиш ўринсиз, инглизларнинг истеҳзосини тўғри тушунинг – янги сигаретни чекиш нима-ю, унитаздан олинганини чекиш нима?!

Расмий ҳисобкитобларга қараганда, ҳозирги пайтда вояга етганлар орасида ҳар уч кишидан бири сигарет чекар экан. Ер аҳолисининг ростмана кашандалари сони эса 1,3 миллиард кишини (1,1 миллиард эркак ва 230 миллион аёл) ташкил қилармиш.

Сигарет билан алоқадор касалликлар натижасида жаҳонда ҳар йили 5 миллиондан ортиқ одам вафот этади. Агар тамаки саноати ҳозирги ривожланишида ўзгаришсиз давом этадиган бўлса, 2010 йилга бориб сигарет билан алоқадор касалликлар сабабли вафот этадиганлар сони йилига 10 миллион кишини ташкил қилади. (Бутунжаҳон соғликни сақлаш ташкилоти маълумотлари).

Фактлар қанча маҳаллийлашса, шунча қизиқарли бўлади, дейишади. Келинг, интернетдан ўғирлаб газетага босиш осон саналган «жаҳон статистикаси»ни бошқа нашрларга қолдирайлик-да, аҳолисининг аксар қисмини балоғатга етмаган ёшлар ташкил қиладиган Ўзбекистонда кашандаликка муносабат қанақа экани билан танишайлик.

1994 йилдан бери Ўзбекистонда оммавий жойларда, тиббиёт масканларида, жамоат транспортида ва мактабларда чекиш расман таъқиқланган. Бошқа биноларда эса чекиш фақат махсус ажратилган жоилардагина мумкин, холос. Пойтахтимиз Тошкентнинг барча етакчи меҳмонхоналари чекувчилар ва чекувчи бўлмаганлар учун алоҳида қаватларга ажратилган. Қиммат ресторанларнинг умумий хоналари чекиш таъқиқланган жой ҳисобланади, Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпанияси эса жаҳонда биринчи бўлиб «барча самолётларида чекиш расман таъқиқланган» авиакомпания сифатида ном қозонди. Бизда давлат томонидан молиялаштирилган «Чекмасдан ёшлик гаштини сур!», «Мен ўз йўлимни танладим», «Чекишга қарши кураш – соғлом яшаш тарзи» каби ҳаракатлар амалга оширилган ва ҳатто сигарет рекламасини чегаралаш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилган. Ўзбекистон Республикасининг 2002 йилги «Реклама тўғрисида»ги қонунидан бери тамаки маҳсулотлари рекламасининг 5 фоиздан кам бўлмаган жойи унинг зарарли экани ҳақида огоҳлантиришга ажратилиши шарт қилиб белгиланган. Рекламада шунингдек сигарет чекиш жараёнини кўрсатиш, ва уни фойдали деб тарғиб қилиш қатъиян таъқиқланган. Сигаретни реклама сифатида балоғатга етмаганларга бепул тарқатиш ҳам Ўзбекистонда мумкин эмас. 2005 йил Ўзбекистонда «Сиҳат-саломатлик йили» деб эълон қилинганида эса чекишга қарши кураш давлат дастур-лари орасидан жой олди. Аммо мамлакат Соғликни сақлаш вазирлиги хавотирланаётганидек, чекиш барибир бизда кўпайишдан тўхтаётгани йўқ.

Ўзбекистон айни пайтда чекувчиларнинг мамлакат аҳолиси нисбатига кўра жаҳонда 35 ўринни эгаллаб турибди (чекувчилар сони вояга етган аҳолининг 49 фоизини ташкил қилади). Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги эса юртимизда ҳар ой 50 миллион қути сигарет сотилиши ҳақида расмий маълумот берган. Энди бунга метродан чиқаверишда «Сигарет!», «Сигарет!» деб бақириб турадиган аёлларнинг савдосини ҳам қўшиб ҳисобласак, анча ваҳимали манзара намоён бўлади кўз ўнгимизда.

Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти ахборотига кўра, Ўзбекистонда чекилаётган сигаретлар сони киши бошига йилига 361 донани ташкил қилади, бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистонда ҳар бир одамга ҳар куни биттадан сигарет чекиш тўғри келади (365кун, 361 дона сигарет). Гарчи бу жаҳон миқёсида паст кўрсаткич саналса-да, КУНИГА МАМЛАКАТИМИЗДА 25 МИЛЛИОН ДОНА СИГАРЕТ ЧЕКИЛАЁТГАНИ шу сигарет тутунини ҳидлаб яшашга мажбур бўлаётганлар сифатида мен ва менга ўхшаш чекмайдиганларни кўпроқ ваҳимага солиши турган гап.

«Ҳозир Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида 350 та ширкат тамаки етиштириш билан шуғулланяпти, ишлаб чиқарилаётган хомашё ҳажми эса йилига 6300 тоннани ташкил этади» деб ёзилади мамлакатимизнинг етакчи «Халқ Сўзи» газетасида (26 центябр 2006 йил). Бир килограмм тамакидан тахминан 60 қути сигарет тайёрланишини ҳисобга олсак, Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида расмий маълумотларга қараганда, йилига 378 миллион қути сигарет ишлаб чиқаришга етарли хом-ашё тайёрланмоқда. Экспорт, импорт натижасида бу рақам бошқача кўриниш акс эттириши табиий, аммо хомаки ҳисоб-китобга кўра, бу – киши бошига 15 қути, ёки 302 дона сигарет дегани. Яна ўша рақам – 365 кунга 302та сигарет! Ҳар биримизга!!

Яқинда мамлакатимиз нашрлари у ердаги «оммавий жойларда чекиш 1000 сингапур доллари (тахминан 760 АҚШ доллари) миқдоридаги жарима билан жазоланиши»ни ҳавас қилишга арзийдиган жиҳат деб таърифлаб ёзишди. Аммо бизда чекиш учун кимдир, қачондир, қаэрдадир жарима тўлаганини эшитганмисиз? Жаримани қўя турайлик, ўша расмий маълумотлардаги Ўзбекистон аёлларининг чекувчи беш фоиз қисмига «Менинг олдимда чекманг!» деб, «Илтимос» сўзини қўшмасдан ва овозингизни юмшатмасдан гапириб кўринг, луғат заҳирангизни анча бойитиб оласиз!

Эсимда бори – 2002 йил 31 май куни мамлакатимизда кечки соат 8 дан 9 гача «сигарет чекилмайдиган соат» деб расман эълон қилинганди. Чекадиган ҳамкасбларим «яхшиям Жаҳон чемпионати Осиёда ўтказиляпти, йўқса мусобақанинг илк учрашувида Франтсиянинг Сенегалдан мағлубиятга учраганини сигаретсиз томоша қилган бўлармидик» деб ҳазил қилишганди ўшанда. Лекин биз учун, вояга етган аҳолисининг 49 фоизи чекишни одат қилган мамлакатучун «Сигарет чекилмайдиган соат» кам! «Сигарет чекилмайдиган кун» ҳам етарли ҳисобланмайди. «Сигарет чекилмайдиган умр!» деган шиорни ўртага қўйиш вақти келди! Акс ҳолда, ҳазилкаш америкаликларга ўхшаб «Бизда ҳар куни мингта одам чекишни ташлайди чунки ҳар куни шунча одам вафот этади!» деб зўрма-зўраки факт ясашга одатланиб қоламиз.

Аваз Бердиқулов
“Одамлар орасида” газетасидан