Ҳикоя ҳақида ҳикоя

Сўзнинг қудратидан тўғри фойдаланиш, уни беҳудага исроф қилмаслик яхши асар яратиш омилларидан биридир. Умуман, ҳар доим Сўзга эҳтиёжимиз борлигини, Сўз кучига таяниб иш юритишимизни унутиб қўймаяпмизми? Ҳозир Сўзга, бадиий адабиётга бўлган ҳурматсизлик, истаган кишининг китоб чиқараверишини кўриб, ҳайрон қоласиз. Кўпгина хусусий газеталарда чоп этилаётган саёз асарларни ўқиб, яхшигина безак берилган “китоб”ларни варақлаб, шундай хулосага келади киши. Ўқувчига эстетик завқ бермайдиган, фикрлашга, мушоҳада қилишга ундамайдиган, аксинча, руҳиятига салбий таъсир қиладиган енгил-элпи «асар»ларнинг кўпайиб кета­ётгани, ҳақиқатан ҳам, ачинарли ҳол. Уларнинг “ҳикоя” ёки “қисса” номи остида берилишини қандай тушуниш мумкин?

Ушбу “ҳикоя”ларнинг аксариятида бирхиллик кўзга ташланади. Такрорий жумлалар, мантиқсиз гапларни айтмаса ҳам бўлади. Баъзи беўхшов гаплар ўқувчининг ғашига тегади (“Сира пайқамаган эканмиз, Мавжуда опанинг соч­лари сақичдай(?) қоп-қора, майин жингалак толалари ялтираб тураркан”, “Бўлади кулги! У кишининг юзлари лавлагидай(?) қизаради”).

Бундай асарларнинг “сюжет”и ҳам деярли бир хил: қишлоқдан ўқиш ёки ишга келган қиз шаҳарлик бир йигит билан танишади. Ораларида ишқий муносабат пайдо бўлади. Натижада қиз… Ота-онаси олдига боришдан, одамларнинг гап-сўз қилишидан номус қилиб ҳаётида бир фожеа ясайди. Мана шу “икки оғиз гап” бутун асар давомида кенгайтирилиб, қизнинг руҳий ҳолати, азобларини ёзиш билан “бойитилади”. Воқеалар кўпинча қизнинг кундаликлари тарзида баён қилинади.

Бу каби хом машқлар ўқувчига нима бера олиши мумкин? Деярли ҳеч қандай тарбиявий аҳамиятга эга бўлмаган (кўпинча “кимларгадир сабоқ бўлиши учун ёздик” қабилидаги гаплар билан асар камчилиги хаспўшланади) “кўча ҳикоялари” хусусий газеталарда нега бу даражада кўпайиб кетяпти? Уларнинг “ҳикоя”, “қисса” деб берилиши баттар асабга тегади. Ахир, ҳикоя (қисса) ёзиш хамирдан қил суғуришдек осон иш эмаски, истаган киши қўлига қалам олиб ижод қилаверса… “Эри қўшниси билан юриб кетибди, қизи ўқишни баҳона қилиб кайфу сафо суриб юрган эмиш” каби ғийбатнамо гаплар қачондан бери адабиётга ҳикоя жанри сифатида даъво қиладиган бўлиб қолди? Адабий тилнинг оддий қоидалари талабларига ҳам жавоб бера олмайдиган “пойинтар-сойинтар” жумлалардан иборат “ҳикоя”лар бадиий ижод намунаси бўла оладими? Ваҳоланки, шунчаки зерикканда, бекорчиликда ўқила­ётган асар ҳеч қачон бадиий асар даражасига кўтарила олмайди. Уларнинг деярли бир хил сарлавҳаларига эътибор беринг: “Нафс бандалари”, “Ҳирс бандалари” ва ҳоказо.

Минг афсуски, “янги ёзувчи”ларнинг “мухлис”лари ҳам кўп. Улардан бу ҳақда сўрасангиз, асарнинг зўрлигини, “маза қиладиган” жойлари кўплигини айтишади. Наҳотки, уларда ҳам ҳақиқий адабиёт шундай бўлади, деган тушунча шаклланган? Лекин мутолаа қилишга, фикрлашга ўзида куч топа олган (айниқса, бугунги тезкор замонда бу жуда муҳим) киши ҳақиқий асар билан оддий тўқимани ажрата олади. Бинобарин, қимматли вақтини бундай “кўча ҳикоя”ларини ўқиш учун сарфламайди.

Бадиий асарда мазмун ва шаклнинг бир-бирига мутаносиблиги жуда муҳим. Жумладан, ҳикоя ва қиссаларда ҳам. Ҳикояни дунё халқлари адабиётида энг кўп ривож топган жанр деб айтиш мумкин. Ўзбек ҳикоячилигининг энг яхши намуналарини яратган Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор асарларини қайта-қайта ўқиб, зерикмайсиз… Аслида, номлари келтирилган буюк адибларимизнинг юксак истеъдоди замирида яратилган асарлар билан биз айтаётганларни бир-бирига солиштириш бироз эриш туюлиши мумкин. Чунки улар билан хусусий газеталарда берилаётган “ҳикоя”лар ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Қаҳҳорона ҳикояларни ўқимаган кишининг ҳикояга бўлган муносабати ва у ҳақдаги тушунчаси ҳаминқадар бўлади.

Истеъдодли ёзувчи, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири ўринбосари Луқмон Бўрихоннинг бу борадаги фикрлари шундай бўлди: «Ҳикоя жанри ижодкордан бадиий, тўлақонли тасвирни талаб қилади. Фақат баёнчилик билан чекланиб қолиш ҳикоя ёзиш дегани эмас. Афсуски, кундалик, ҳафталик нодавлат, ҳаттоки давлат матбуот нашрларида ҳам бундай талабга жавоб бера олмайдиган ҳазми енгил асарлар кўпайиб кетди. Ачинарлиси, муаллифлар ушбу “ҳикоя”ларини жамлаб, китоб қилиб чиқаришяпти.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: улар бадиий асар даражасида бўлмаса ҳам, одамлар қўлдан қўймай ўқишяпти-ку? Мен бунга кўпроқ ёзувчиларнинг ўзлари айбдор, деб ўйлайман. Чунки бадиий жиҳатдан етук асарлар кейинги йилларда кам яратиляпти.

Орада пайдо бўлган бўшлиқ туфайли олди-қочди “ҳикоя”ларнинг «бозори чаққон» бўлиб кетди. Натижада ўқувчи диди ўтмаслашиб, ҳар қандай енгил асарни ҳам бадиий асар сифатида қабул қила бошлади. Аслини олганда, бу ҳам катта муаммолардан бири. Бунга ечим топиш фақат 2-3 кишининг ёки маълум бир жамоанинг иши эмас, бу адабий жамоатчилик миқёсидаги масалага айланиши керак. Чинакам адабиёт намуналарини чоп этадиган жиддий нашрларга моддий жиҳатдан ёрдам бериш лозим, деб ўйлайман».

Бизнингча, бу борада адабиёт муаллимлари зиммасига ҳам катта масъулият юкланади. Улар ёш авлодга бадиий асар, хоҳ у ҳикоя бўлсин, хоҳ қисса ёки роман, қандай асосга қурилиши, чинакам асарнинг оддий тўқималардан фарқини тушунтириб беришлари, ўқувчиларда эстетик дидни шакллантиришлари лозим. Адабиёт дарсларида ўқувчиларга нафақат ўқиган асари мазмунини гапириб ёки шеърни ёддан ифодали ўқиб беришни топшириш, балки адабий жанрлар, бадиий асарга қўйиладиган талаблар ҳақида ҳам кўпроқ билим бериб бориш талаб қилинади. Токи эртага улар савияси паст, саёз асарларни ўқиб, вақтларини зоэ кетказмай, онгу шуурларини ҳақиқий адабиёт намуналари мутолааси билан бойитсинлар.

Бу ҳақда Тошкент Молия институти қошидаги академик литсейнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Раъно Эгамшукурованинг мулоҳазалари шундай бўлди: «Адабиёт – сўз санъати, деймиз. Санъат нима? Эстетик аҳамиятга эга бўлган, инсонни руҳан озиқлантирадиган ва ҳис-туйғуларини тарбиялайдиган, энг муҳими, уни ҳайратга соладиган гўзалликнинг уйғунлашувини санъат дейиш мумкин. Адабиёт инсон руҳини тарбиялайди. Шу маънода, адабиёт қуроли сўз бўлиб, унинг Абдулла Қаҳҳор айтмоқчи, “атомдан кучли” эканлиги ҳам шунда. Ҳикоянавислик, қиссанавислик, умуман, бадиий асар ёзишнинг ҳам ўз меъёри ва қонун-қоидалари бор. Кўча газеталарида чиқаётган воқеалар баёни бадииятдан анча йироқ бўлган, баёнчиликка асосланган тўқима ёки уйдирма воқеалардир.

Ҳикояда воқеалар тасвирланар экан, албатта, қаҳрамон руҳияти ўзи яшаётган муҳит билан уйғун ҳолда ёритилади. Бу, ўқувчини ўша образ билан яқинлашишга, атроф-муҳитга эътиборли бўлишга ундайди. Биз назарда тутаётган “ҳикоя”лар бундан батамом узоқ. Уларни ўқиган катта ёшдаги кишилар агар бадиий асар қандай бўлишини яхши тушунса, энсаси қотиб, газетани қайта қўлига олмас, лекин эндигина адабиётни тушунаётган, балоғат ёшидаги ўсмир йигит-қизлар учун бу маънавий-руҳий зарба бўлиши мумкин. Ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини билмаган ёшлар ота-онасининг ёки синфдошининг бир оғиз оғир гапи учун ўзини осиб қўйган қаҳрамондан қандай тарбиявий жиҳатни ўрганиши мумкин? Ёки йўлдан адашган беномус қизнинг пуллари эвазига унга “ёрдам берган” гинеколог аёлнинг қилган иши – “ёрдам”и нотўғри эканини “янги ёзувчи” билади-ю, уни бу иши учун бир ҳафта ичида “жазолайди”: ўша қиз унинг ўғли уйланаётган келин бўлиб чиқади. Гинеколог бунга дош беролмай, ўз “сир”ини айтолмай кўз юмади. Худди шу воқеа бошқа газетада гинеколог эркак қаҳрамон иштирокида берилади. Унда на руҳий азобланиш, на сўзнинг таъсир кучи бор. Бу каби “ҳикоя”­лар шундоқ ҳам нур тезлигида ўтаётган умримизни бекорчи нарсалар учун сарфлашга сабаб бўлиб, ҳис-туйғуларимизга салбий таъсир кўрсатмоқда. Оқибатда, бизда фикрлашга, тафаккур қилиш ва мантиқий сўзлашга бўлган эътибор йўқолиб бораверади. Ахлоқсизликни баён қилувчи бу каби уйдирмаларнинг зиёни кўп. Бу борада ҳамма фаол бўлиши керак. Ахир ҳар бир ижодкор ўз халқининг маънавий қиёфаси-ку».

“Кўча ҳикоялари” психологик жиҳатдан ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани бор гап. Қаҳрамон йўлини тутиб, охирини ўйламай нотўғри иш тутаётганлар йўқ дейсизми? Кўпчилик муаллифлар бундай тўқималарини асосан қалам ҳақи олиш учун ёзаётгани сир бўлмаса керак. Таҳририят жамоасидан буюрт­ма олиб ёза­ётганлар ҳам бор. Қалам ҳақи асар савиясига қараб берилса, ушбу “ҳикоя”ларнинг мухлисга таъсир кўрсатадиган баҳоси қандай бўлар экан?

Тўғриси, таниқли ёзувчилар, эл назаридаги адибларнинг бадиий жиҳатдан етук асарларини бундай газеталарда деярли учратмаймиз. Эҳтимол, уларнинг ўзлари буни хоҳлашмас. Аммо чинакам бадиий асарлар билан газета мавқеини ошириш керак эмасми? Жаҳон адабиётининг ноёб дурдоналари ҳисобланган асарларни ўзбек тилида ўқишни ким истамайди, дейсиз? Афсуски, аслиятдан таржималар жуда кам. Бу ҳам бир муаммо.

Хуллас, бу борадаги фикр-мулоҳазаларга якун ясашнинг иложи йўқ. Ҳозирча эса мавзуга эмас, мақолага нуқта қўйиб турамиз.

Беҳзод Фазлиддин