Бугун Инсон шошаяпти. Лекин ҳеч нарсага улгуролмаяпти. Сабаби — вақт зиқ. Вақт йўқ. Тараққиётнинг ҳалокатли уммонида жони ҳалак. Елади, югуради. Тонг отади — кун ботади. Лаҳзада умрнинг бир куни кетади. Сивилизатсия гўёки инсоннинг оғирини енгил, узоғини яқин қилаётгандай. Ҳа, тсивилизатсия узоқни яқинимизга олиб келди — дунёнинг нариги бурчи ҳам биз одамларга бир қадам бўлиб қолди… Нега унда биз ҳеч нарса, кўп нарса қилишга улгуролмаяпмиз?. Вақт қисқармоқдами? Кун қисқармоқдами? Тараққиёт наҳотки вақтимиз қисқариши эвазига тантана қилмоқда?
Тараққиёт вақтимизни емириб бораяптими? Дунё кашфиётлари вақтни тобора қисқартириш эвазига содир бўлаяптимикин? Наҳотки нимадир йўқолиши эвазига нимадир пайдо бўлса?
Биз нимани йўқотаяпмиз? Оддийгина одамгарчиликни йўқотаяпмиз! Кўнгил хотиржамлигини, қалб оромини, дийдор завқини йўқотаяпмиз. Меҳр ришталари мустаҳкам кунлар минг чақирим йўлга отланганмиз. Яқинларимиз рухсорини кўриш, кексаларимиз дуосини олишга ошиққанмиз, ҳамма-ҳаммасига тўй-таъзияга улгурганмиз. Бугун-чи, бугун? Қишлоқдами-шаҳардами, чўлдами-саҳродами қаерда бўлмайлик, тсивилизатсия олисни оёғимиз остига олиб келиб ташлади — мана, қўл телефон бор, онамизга қўнғироқ қиламиз, синглимизга СМС жўнатамиз, опамизга интернет орқали хат йўллаймиз, ҳа шундай, олиснинг муаммоси қолмади. Бироқ, шундай бўлса-да, нега вақтимиз зиқ, нега вақтимиз етмаяпти, ўйлаяпсизми, нега ботинимизда аллақандай ришталар узилиб бораётганга ўхшайди?.. Ахир биз яқинларимизнинг ёниқ нигоҳига кўз тикиб юзма-юз сўзлашиш, уларнинг дийдорига тўйишдан кўра, емирилаётган вақтимиз касрига тсивилизатсия матоҳларига тобора боғланиб қолмаяпмизми? Сивилизатсия вақтимизни қўшиб ўзимизни ҳам емириб бормаяптимикин?
Одамга хос бўлган азиз туйғулар ва ҳиссиётларга чанг солувчи ҳар қандай кашфиёт одамга сиртдан нечоғли хизмат қилмасин у барибир одамнинг душманига айланиб қолади. Бугун, эртага, индин, қачон бўлмасин одамни тамаддун (тсивилизатсия) маҳсули — интернет ҳам, бошқа ўта замонавий қурилмалар ҳам, ҳатто манови қўл телефонлар ҳам қутқариб қололмайди — одамни одамга бўлган меҳр, инсонлар орасидаги самимий илиқ муносабатлар асраб қолади. Агар ер юзида кашф этилган, мақсад-иддаоси инсониятга зуғум ва таҳлика туғдириб, она сайёрамизнинг қоқ юрагига қаратилган қурол-яроғларни ҳам инобатга оладиган бўлсак, ХХI аср тамаддуни аллақачон инсоният измига бўйсунмай қўйганлигини ҳис қиламиз. Заминни «порох бочка»си устига ўтқазишга уринган тсивилизатсиянинг совуқ кашфиётларига муккасидан кетганлар эмас, Леонардо Да Винчининг битта сувратию, Навоийнинг «Хамса»сини қарши қўяётган, қалбида ёниқ туйғулар олови ўчмаган инсоният бу ҳаётни давом эттиришига ишонаман.
Инсоннинг қалби, руҳияти кенгликлари, туйғу ва ҳиссиётлари инсон билимининг маҳсули бўлган нимарса (матоҳ)ларга, тсивилизатсия унсурларига ҳеч қачон кўчиб ўтмайди. Бироқ, бу кашфиётлар бизни ўз измига бўйсундириб, ўз комига оҳанрабо янглиғ тортиб оларкан, ХХI асрни кашфиётлар асри деб эмас, инсониятнинг йўқотиш асри, инсоннинг инсонийликдан узоқлашиш асри деб тушунаман. Тўғри, бугун ҳамма нарса бор… Бироқ вақт йўқ… Вақтимизни тсивилизатсия йўриғига мослашиш учун сарфлаяпмиз.
Балки Сиз тсивилизатсияни ҳозирги глобаллашув жараёни — дунёнинг яхлитлашуви мезони деб ўйларсиз. Фикрингизга қўшиламан. Бани-башар бахт-иқболи, тинчлик-осойишталик, эзгулик йўлидаги глобаллашув учун хайрихоҳмиз. Бироқ ҳинд халқининг севикли фарзанди Махатма Ганди айтгани каби ташқаридан соф ҳаво, қуёш нури кирсин деб уйимиз дераза-ешикларини очиб қўйсак, ичкарига ўрлаб уйимиз томини учириб, бизни хонавайрон қилиб кетадиган бўрон янглиғ тўс-тўполонли глобаллашувнинг тарафдори эмасмиз, асло. Умуман олганда ахлоқ, маънавият ва маданият бир халқ ёки миллатга тегишли ўзлик тушунчасига соя ташлайдиган жиҳатни глобаллашув деб бўлмайди. Шунингдек, миллатимизга хос улуғ фазилат ва менталитет ўзга таснифдаги маданият, маънавият, ўзгача урф-одат ва ғайри қарашлар билан чатишиб кетмайди ҳам. Бунга асло йўл қўйиб бўлмайди. Глобаллашув ҳеч қачон бир жойдан бир жойга ғоя ташимаслиги керак. Ўзимиз киядиган тўнни бировга қараб, ўзгага ўлчаб бичганимиз маъқул эмас. Сивилизатсия бизнинг хонадонларимизга ёт мафкура уруғларини ташлаб кетаётганини ҳаммамиз ҳам англаб етаяпмизми?
Сивилизатсия фарзандимиз, неварамиз-чеварамиз онгига ўзгача қарашларни сингдираётганини фаҳмлаяпмизми? Йўқ. Чунки бу тўс-тўполонли асрда, глобаллашув бўрони остида бу ҳақда ўйлаш, мушоҳада қилиб кўришга бизнинг вақтимиз йўқ. Вақтимиз зиқ. Юқорида айтганимиз каби давр шиддати бизни вақт чархпалагида чирпирак қилмоқда. Шундай экан, бугун ўғлингиз ё набирангиз менинг дадам ёки бобом саркарда Жумонг каби зўр деса парво қилмайсиз. Ғуруримиз қўзғалмайди. Шиддат, «вақтсизлик шиддати» Сизни карахт қилиб бормоқда.
Нега энди Жумонг каби зўр бўларкан, нега энди соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Бобур Мирзо ва ҳоказо қанча жасур боболаримиз каби зўр бўлмас экан. Нима бало, ўғлингиз ё набирангизнинг қон-қондошими Жумонг? Ғоя тарқатувчи тсивилизатсия ўғлингиз ва набирангизни ўз домига тортиб, ТВ қаршисига михлаб қўйди. Бу Сизга алам қилмайдими? Ўғлингиз ва набирангизнинг вақтини нима ўғирлади, нима емирди? Ўғлингиз ё набирангиз Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Бобур Мирзо билан фахрланмаяпти, балки уларни билмас ҳам, бу Сизга, бу бизга фожиа бўлиб туюлмаяптими? Йўқ, бу ҳақда ўйлашга вақтингиз йўқ… Вақтингиз зиқ! Қизингиз Тангендан улгу олади. Танген маданияти, Танген маънавияти унинг руҳиятида илдиз отмоқда. Нега? ўйлаб кўрганмисиз? Йўқ, вақтингиз йўқ!. Вақтингиз зиқ! Ўғлингиз ё набирангиз «Қашқирлар макони»даги Пўлат Аландарга ҳавас қилади. Мурғак қалбига мардлик ва жасорат зўравонликда деган фикр сингаяпти. Сезаяпсизми ғоя ташиган тсивилизатсия нима қилаяпти? Йўқ, ўйлаб кўришга вақтимиз йўқ. Вақтимиз зиқ. Наҳотки ўз келажагимизни миллатпарвар этиб тарбия қила олиш, улар шуурига миллат туйғусини сингдириш даражасига етмаган бўлсак. Тафаккурни чароғон этиш «эскирмоқдами»? Бу борада бонг уравериб матбуот ҳолдан тойди. Сивилизатсия қалб хоҳиши, тафаккурга соя ташлай бошлади. Биз миллатни, одамийликни ушлаб турадиган илдизларимиз заҳм отишига бепарво бўлаяпмиз.
Китоб ўқиш эскирмоқдами? Шу йўлда сарфланмаган умр умрми?
Ҳа, бепарвомиз. Чунки парво қилишга арзимайди, деб қўл силтаймиз. Сабаби, ўйлаб кўришга вақтимиз йўқ. Дунёнинг қайси бир бурчагида бўлаётган анжуманга, фойдаси тегиб-тегмайдиган йиғинга боришга вақт топамиз. Бу дунёда борлигимизни билдириб қўйгимиз келади. Лекин маҳалламиздаги бетоб Қулмат акани кўришга вақт қайда? Аллақайси давлатдаги анжуманга бир кун олдин етиб борамиз, бандаликни бажо келтирган қишлоқдошимиз раҳматли Қумри холанинг фотиҳасига боришга вақт тополмаймиз. Вақт қайда? Йўл узоқ. Ўғил ёки набирадан яна ўша қўл телефон орқали ҳол сўраб қўйишдан ийманмаймиз. Шу даражагача бориб етаяпмиз…
Сезмаяпмиз, шовқин асри, ҳиссизлик бўҳрони кўнглимизни мавҳ этаяпти. Бу вақтсизлик, вақт етишмаслик шовқини! Франтсиянинг Страсбург шаҳрида бўлиб ўтган дунё шоирлари анжуманида фаранг шоираси нолиб қолди: «Асримиз шиддатли. Вақтимиз эса зиқ. Биз ҳеч нарсага улгуролмаямиз…» қозоқ шоири, «Адашган тараққиёт» достони муаллифи машҳур Мухтор Шохонов мийиғида кулиб оҳиста шундай жавоб қайтарди: «Вақт югурмаяпти. Фақат инсониятнинг кўнгли осойиш ва хотиржам эмас, кўнгил хотиржамлиги етишмаяпти инсониятга…» Хоним таажжубланди: «Бу нима деганингиз?» Мухтор оға муддаога кўчди: «Дунё алаҳсияпти. Шунинг учун одамият кўнгли саросимага тушиб қолди. Масалан, қўлингиздаги қадаҳни ичиб тугатсангиз кайфиятингиз тетиклашади. Иккинчиси беҳузур қилади. Учинчиси эса алаҳситади. Дунё ҳам худди шундай. Керагидан ортиқча, инсоннинг юрак зарбига қарши, ҳиссиётларига қарши ортиқча кашфиётлар комида алаҳсиб ётибди. Шундай экан ўзини ўнглашга қийналаётган одамзот вақтни қандай қилиб ўз измига бўйсундира олсин, одамзотнинг қаердан ҳам бўш вақти бўлсин…» Хоним анграйиб қолди. Шарқона, керак бўлса файласуфона жавоб уни эсанкиратиб қўйди.
«Инсонни енгиб бўлмайди» дейди улуғ адиб Эрнест Хемингуэй. Менинг назаримда инсонни енгса бўлади. Инсонни енгиш учун уни ўзидан узоқлаштириш кифоя. Ўзидан узоқлашган осонгина ўзгага бўйсунади. Бугунги тамаддун бизга дунёни яқин қилиб қўйди. Дунё яқинлашгани сайин эса биз ўзимиздан узоқлашиб бораётгандаймиз. Олислашаётган ўзликни қайтаришга вақтимиз етармикин? Наҳотки шунчалар вақтимиз зиқ бўлса?..
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).