Ойбек. Гулнор опа (ҳикоя)

Кўчаларни чангитиб тўп ўйнардик. Мен янги сотиб олган қора тўпимни ташлаганда, Вали усталик билан бир урган эди, тўп ғиз этиб юқориланди-да, қайтиб кўчага тушмади. Ўйновчилар турган жойларида қотиб қолишди:
– Аҳ, қандай яхши тўп эди, Шокир аканинг боғчасига тушди-я. Эссизгина…
Фаттоҳ катталардек қўлини орқасига ташлаб:
– Тағин тушиб ўтирма, биласан-ку Шокир аканинг феълини, худди оёғингни синдиради, – деб насиҳат қилгандай бўлди. Болалар бирин-сирин тарқалиб кетишган эди. Мен ёлғиз қолгандим, ўйнаб тўймаган тўпимнинг алами ичимда ҳар минут сайин зўрайиб борарди. Фақат Шокир аканинг боғчасига кириш жуда қўрқинчли эди. Бир ярим танобча жойни эгаллаган боғча баланд деворлар ила ўралган, ичида ўрик, шафтоли, гилос, кўксултон ва шунга ўхшашлар. Бу мевалардан бирон донасини чет киши кўрмас ва кимга сотиладирганлигини-да ҳеч ким билмасди. Ҳатто, “анжир билан анор гулини тўкиб, кўзга илинадиган бўлганда Шокир ака санаб қўяди”, – деб гаплашарди маҳалладагилар. Менинг қора тўпим, шубҳасиз, мана шу боғчада. Фақат, қандай қилиб олиш мумкин? Шундай кишининг боғчасига тўп қидириб тушиш ҳазил гап эмасди. Мен кўп ўйладим, ахир тушишга қарор қилиб, қулай бир жой ахтара бошладим. Жин кўчадан боғчага кириб кетадирган ариқнинг онбори бир оз катта бўлиб қолган экан. Иштонимни тиззамга қадар кўтариб, онборга бош тиқдим, ўтиш қийин бўлди, деворни қўлим ила увалаб тешикни катта қилдим-да, секингина ўтдим. Ўт орасига биқиниб, ҳар ёққа қараб олдим, боғча жимжит…
Ранг-баранг кийимларга беланган келинчак гулларнинг устида, жимжима қафасдонли савадонларни ва боғчани пойлаган каби ҳарёққа тез-тез қараб қўярдим.
Бутун диққатимни кўзимга тўплаб қидиришга тутиндим, тўпимни онбордан 20-30 қадам нарида, ўт орасидан топдим, кўнглим тинчиди. Қайтишга ҳозирланиб, атрофга бир қараган эдим, деворга чирмашиб ўсган токнинг тагида Шокир аканинг қизи Гулнор опа ила Турди сартарошнинг ўғли Асадга кўзим тушди. Дарров ўт орасига чўзилдим. “Шокир ака йўқ экан, булар бу ерда” дедим-да, ёта бердим.
Гулнор опанинг устида бир оз тўзишга бошлаган атлас кўйлак, сарпинка рўмол елкасида. Тўла оппоқ билаги Асаднинг бўйнига ўралган, дам Асаднинг чиройли юзига қарайди, дам бошини йигитнинг кенг, кучли кўкрагига қўяди. Асад бир қўли ила Гулнор опанинг белига тушган қора сочларини силар, юзларидан узилмаган гулни ҳидлаган каби секин-секин ўпар ва нималарнидир сўзларди.
Менга англашилмаган бир сирнинг оғирлиги кўкрагимни сиқар, яшил ўтлар орасига кўмилган бошимда шу вақтгача яшириниб ётган фикрлар учқунланар эди.
Кўчадан ўтган ҳар бир қизнинг паранжисидан тортиш, ҳатто, ҳассага суялган кампирларнинг бандагини бошига илишдан завқ олувчи тўполончи кўнглим бундай фурсатдан фойдаланмайин жимгина чиқиб кетишга маслаҳат қилмасди. Уларни бир чўчитиш лозимда. Битта-битта эмаклаб онборга яқинлашдим-да, “Гулнор опани билиб олдим” дея қичқиришим ила Асад бир нимадан қаттиқ ҳуркиб, арқонни узган от каби ўзини бир ёққа отди, қўли қалтирар, куч йўқ. Баланд деворга сакрайди, йиқилиб тушади, яна туриб бутун кучи ила ирғийди, яна йиқилади.
Гулнор бир зумда боғчанинг иккинчи ёғига ўтган бўлса-да, қўрққанидан боғча эшигининг занжирини туширолмасдан типирчиларди.
Бу ишим мени шу қадар севинтирдиким, онбордан қандай чиқиб кетганимни сезмай қолдим.
Кечқурун сутга чиққанимда Хайри хола сигир соғишга ҳозирланиб турган экан. Қўлимдан бир мирили чақани олдида:
– Бадалжон, холаси ўргилсин. Гулнор билан кириб майдондан ўтин олиб чиққин, кейин бир коса лиммо-лим қилиб сут бераман.
– Гулнор, Гулнор, Бадал билан бирга кириб қуруқ-қуруғини олиб чиқа қол, – дея молхонада туриб қизига буюрди.
Гулнор опа уйдан чиқди. “Опоси, келақол”, дея мени бошлаб кетди. Менга тикилиб қаролмасди, майдонга кирганда атлас кўйлагининг икки енгини шимарди, кумуш билакузукларини ҳам юқорироқ суриб қўйди-да, титрак бир товуш ила:
– Бадал, опоси, тағин ҳалигини бировга айта кўрма, – деди.
– Нимани, Гулнор опа? – сўрадим.
– Ҳалиги… Ман товушингдан билдим. Нимага боққа тушган эдинг?
– Тўпимга… – Мен кўйлагимнинг енгини тишлаб ҳечнарса билмаган кишидек турар эдим.
– Шундоқ қўрқиб кетдим-ки… қўл-оёғим бўшашиб йиқилаёздим, – деди Гулнор опа.
Йирик, қора кўзларидан марварид томчилар унинг чиройли юзига юмалаб туша бошламиш, узун киприклари намланмишди.
– Яхшики, уйдагилар эшитмаган. Хайри холанг мени худди ўлдиради-я…
Қуёшнинг сўнг нурлари баланд дарахтларнинг учларида порларди. Боғчада қушлар шохдан-шохга ўтиб, кечани ўткизиш учун ўнғай жой қидирарди. Қаршимда йиғлаб ва ялиниб турган Гулнор опа қалбимга ҳам ғурур, ҳам алам соларди, Гулнор опани қандай қилиб ишонтиришни билмас эдим.
– Йўқ, энди ҳеч билиб олдим демайман, ҳеч кимга айтмайман, ҳечкимга, йиғламанг. Гулнор опа, йиғламанг, – дедим. Товушимда ялиниш, ўтиниш бор эди.
Гулнор опа бирдан севиниб кетди, узун, нозик бармоқлари ила юзларимни силади: “Опоси-я, яхши укам ўзи”, дея эркалади. Нимчасининг чўнтагидан икки чақим, усти бир оз кирланган қанд олиб берди-да, ариқ бўйига келиб кўзларини ювди.
Майдондан ўтинларни ташиб бўлгач, Хайри холадан “лиммо-лим” сутни олиб кўчага чиқдим. “Нега мунча ялинади, нега Хайри хола ўлдиради”, дея ўйлаб кетаркан, оқшом менга Гулнор опанинг бахти, эрки каби бўш ва сирли кўринганди.

1930 йил 5 октябрь.