Ҳамид Эрғалиев (Хамит Ерғалиев) Гурьев вилоятининг Новобогат туманида дунёга келган. Қозоғистон Давлат университетида ўқиган. Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси. Илк шеърлари матбуотда 1936 йилдан эълон қилина бошлаган.
1981 йилда “Олтин заранг” шеърлар тўплами учун Абай номидаги Қозоғистон Давлат мукофоти билан тақдирланган. “Қозоғистон халқ шоири” унвонига сазовор бўлган.
Шоирнинг “Икки достон”( 1949), “Бизнинг овулнинг қизи”(1950), “Сенинг ўзагинг”( 1953), “Ёйиқ қўшиқлари”(1955), “Қурманғози” (1958), “Давр овози”(1963), “Ҳаётнинг ўз кўзиман”(1965), “Куй достон”(1970), “Қутлуғ қўниш” (1974), “Кўзларимда думалоқ замин” (1978), “Олтин заранг” (1981) каби тўпламлари нашр этилган.
ОЛТИН КОСА
Бизнинг Жамбул юртимизни куйласа —
Шеърлар айтиб тунни-тунга уласа,
Эшитганлар қалбин нурга тўлдириб —
Турар эди олдида олтин коса.
Олтин коса, наздидаги шу коса
Тортар эди доим Жамбул хаёлин.
Қўлга олиб оқин унинг тубида
Қимиз эмас, кўрарди юрт жамолин.
Бугун ўқиб оқиннинг кўп шеърларин,
Мен англадим олтин коса сирларин:
У оқинга айтиб турар экан-да,
Фараҳли тонг, қутлуғ кунлар келарин.
Қар бир сўзи қуйма гўёки пўлат,
Бугун улар мағзин чақдим ниҳоят:
Кўп замонлар қақраб ётган саҳролар
Гулзор бўлар, деб қилганин башорат.
Билсам, отам сўзи ҳикматли экан:
Олтин коса — ичи тўла барака,
Хосиятли шу идишни тўлдирсанг,
Ҳар бир кунинг айланади байрамга.
Заранг коса туби теран, бил сирин,
Боли этган қанча тилларни ширин.
Отам лаби теккан шу ажиб коса —
Не бахт, қаранг, бўлмиш менинг тақдирим.
Ўзгармагай олтин косам ҳеч қачон,
Янгиланиб турса ҳамки бу олам.
Тотган болим ўрнин яна тўлдириб,
Уни сенга қолдиргайман, жон болам.
Ҳабиб Саъдулла таржимаси.
ЗАРАФШОН БЎЙИДА
Муқаддас бу замин, қадим тупроқда
Гуллар қайси замон қовжираб сўлган?..
Бу чашма қайси ошёндан?
Бободеҳқон билан чин сирдош бўлган
Зарафшондан, ахир, Зарафшондан!
Қорли чўққилардан ошса беқадик,
Кўпчиб оқ булутлар навбақор фасли —
Яйрар ер абри найсондан.
Ушбу дур томчилар қаердан асли?
Зарафшондан, ахир, Зарафшондан!
Ойдин кўлга қўнса сайрон оққувлар.
Қолмас юрагингда ғамнинг ғубори,
Бу дамлар азиздир жондан.
Қайдан бу кўқликнинг, кўркнинг ифори?
Зарафшондан, ахир, Зарафшондан!
ТАҒИН КЕЛДИМ ТОШКЕНТГА
Тағин келдим Тошкентга — керагимга,
Етдим тағин ардоқти тилагимга.
Ўзбекнинг муқаббати — менга деган,
Тугамас, оқаверар юрагимга.
Жўр бўлганда хуш айём созинг — унинг,
Чин роқатдир ўзбек-ла кечган кунинг.
Дили оқдир нақ кумуш пахтасидай,
Ипагидай майиндир феъли унинг.
Энтиктирар кўнглимни доим висол,
Ошиқаман нақ Амударё мисол.
Ўзбек дўстим мени хуш кутиб олар,
Мирзачўлнинг тонгидай юзлари ол.
Дил ёлқини ортар йил ўтган сайин,
Ҳар қозоқнинг ўзбек-чун меҳри тайин —
Олмаотадаги уйимга иссиқ берган
Бухородан келувчи оловдайин.
Хуш этмоққа ҳар қадам дўстларим шай,
Дилим равшан Тошкентнинг осмонидай.
Қозоқнинг кўкси баланд ҳамишалик,
Виқорлидир Навоий достонидай.
Жаҳонда не эзгулик — бизда бари,
Туғишган эл гинадан тургай нари.
Дўстлигим салобати қурч ва буюк,
Мисли Темур саройин гумбазлари.
Шеърларимиз нақ баҳор лоласидай,
Қовжирамас забунлар ноласидай.
Уланимни эшит-да, суюб қўй-чи,
Бизга берган қизингнинг боласидай.
Мулозамат қилма сен, айт чинингни,
Сина нозик даврада ўз инингни.
— Олинг, олинг, десанг гар эриб кетиб,
Ётиб олиб емасман узумингни.
Мирпўлат Мирзо таржимаcи