«Халқ Комиссарлари Советининг 1920 йил 20 декабридаги қарори:
Туркистон ва Озарбойжон Совет Социалистик республикасида пахтачилик маданиятини қайта тиклаш ва янада ривожлантириш мақсадида Халқ комиссарлари Совети қарор қилади:[1]
- РСФСР деҳқончилик Халқ Қомиссарлари зиммасига қуйидаги тадбирларни амалга ошириш юклансин:
а) икки хафталик муддат ичида Туркистон Автоном ва Озарбойжон Совет Социалистик Республикаларининг тегишли комиссариатлари билан келишилган ҳолда пахта етиштирадиган хўжаликларнинг (жамоа ва яккахўжалик) ер ва сувдан фойдаланишдаги янги хўжалик иқтисоди тўғрисида қўлланма ишлаб чиқилиб, керакли тадбирларни 1921 йилнинг 1 январидан кечиктирмай амалга ошириш.
б) Пахтачилик районларининг барча совхоз ва колхозларида пахта етиштиришни ўстиришга асос бўладиган омилкорлик усули — алмашлаб экишни йўлга қўйиш;
в) Авваллари ишлаб турган тажриба ва уруғчилик станцияларини қайта тиклаб, шу турдаги янги станциялар барпо этиш.
г) РСФСР территориясидаги барча пахта чигити миқдорини ҳисобга олиш ва соғлом сақлаш, Наркомвнешторгга шундай маҳсулотларни ўз вақтида чет элдан сотиб олишни топшириш.
- Наркомпутга Наркомземнинг топшириқларига биноан уруғларни 1921 йилнинг 15 январидан кечиктирмай тегишли пахтачилйк районларига етказиб бериш.
- ВСНХ ва унинг тегишли шўъбаларига суғориш иншоотлари қурилишини тартибга солиш учун биринчи галда бажарилиши жоиз вазифаларни 1921 йилнинг баҳоригача охирига етказиш.
- Пахтачилик хўжаликларини, биринчи галда кишлоқ хўжалиги қуроллари ва минерал ўғитлар билан таъминлаш шартли имконият сифатида тасдиқлансин.
- ВСНХга Наркомпрод ва Наркомзем билан келишган ҳолда бир ой муддат ичида пахтакорларнинг меҳнатини рағбатлантириш йўли билан уларни керакли моддий буюмлар билан таъминлаш режасини ишлаб чиқиш ва товар фондини ажратиш юклансин.
- НКПСга пахтакорларга тегишли барча жиҳоз, техника, ускуналарни пахтачилик районларига экин экиш ишлари бошланмасдан бир ой бурун, ўз вақтида етказиш юклансин.
- Туркистон ва Озарбойжон Совет Социалистик республикалари Халқ Қомиссарлари Советларига халқ топширган пахтасига алмаштириш шартномалари асосида халкни озиқ-овқат, керакли товарлар билан таъминлашни кенгайтириш масъулияти юкланади.
- Қайси турдаги корхона (ёки махкама) бўлишига карамасдан, пахтачилик бўйича мутахассислар уюштирилиб, улар ВСНХ ва Наркомзем қарамоғига ўтказилсин.
- Пахта етиштириш, уни дастлабки қайта ишлаш, суғориш иншоотлари, корхоналари, маҳкамалари милитаризациялансин.
- Шу қарорда кўрсатилган комиссариатларга Ж. Ногиннинг топшириғи бўйича Главтекстилнинг ҳузурида ушбу қарорнинг амалга оширилишини назорат қилиб бориш учун мажлис ўтказиш топширилсин. Ж. Ногиннинг маърузасини тинглаш икки ҳафтадан сўнг белгилансин.
Халқ Қомиссарлари Советининг раиси В. Ульянов (Ленин).
Халқ Комиссарлари Советининг ўринбосари (қўл қўйилган)*.
Мирзачўл хамда унга ёндош Жиззах чўллари асрлар давомида қақраб ётган, мўл фойда олиш кўзда тутилган ерлар эди. Мирзачўл қанчадан-қанча пахтакор умрининг эгови бўлмади! Ўтган асрнинг аввалида Мирзачўлни ўзлаштириш харакати бошланган. Россия подшоси фармони билан 1913 йили Романовский (ҳозирги Киров) номидаги канал қазиб ишга туширилди. Бу канал ёрдамида 45 минг гектар янги ерни суғориш мўлжалланганди. Аммо ўзлаштирилган ер 20 минг гектарга етмай қолди, кўплар шўрланиб кетган ерда хеч нарса ундира олмай турли юқумли касалликлардан қирилиб кетди. Подшо амалдорлари қанча қаққайма бўлмасинлар, улар Мирзачўлда хар гектар ернинг 2-3 метр қатламида 500 тоннадан 1000 тоннагача тупроқ туз бор эканлигини ва ер ости сувларининг озгина кўтарилиши эса тез орада Мирзачўлнинг истиқболини йўққа чиқаришини тушунган эдилар. Энди биз асримизнинг бошида ақлли одамлар бошидан кечирган хатоларни 50-йилларда яна такрорлашга билиб туриб қарор қилдик. Ўзбекистоннинг шу йиллардаги раҳбарлари Оролнинг қуришини билган ҳолда чўлларни ўзлаштириш кўрсатмасини амалга оширишга киришиб кетдилар. (Буни катта сиёсат билан қандай боғлиқлигини Л. И. Брежневнинг «Қўриқ» асарини ўқиб кўрсангиз биласиз).
«Голодностепстрой» бошқармасининг бошлиғи И. А. Гамбург билан учрашганимизда Мирзачўлда бор-йўғи мингдан ортиқ «чўлқувар» яшаган вақтларда 250 минг гектар ер ўзлаштирилганини, ҳозир 500 минг одам янги ерда яшаётганини ва жами 450 минг гектар ер ўзлаштирилганини билиб олдик. Умуман, бир миллион гектар ернинг 800 минг гектарини ўзлаштиришнинг ўзи ҳам кифоя килади деган ёвуз фикр ҳали ҳам бор. Бир гектар ерни ўзлаштиришга 9-10 минг сўм ажратилади. Бир совхоз очиш учун 30 млн сўм керак булади. Шунинг ярми совхозга, қолган ярми сув хўжалигига сарфланади. 1960 йилдан шу бугунга қадар янги ўзлаштирилган ердан 5 млн. тонна пахта олинган, холос. Жиззах чўли ҳам Сирдарёнинг сувини ичиб, Орол фожиасига «ҳисса» қўшади. Ҳали ҳам кеч эмас. Бу ерда етиштирилаётган 40 минг тонна пахта толаси шундай курбонликка лойиқми?.. Бу йилига 180 минг тоннадан тўғри келади. Йилига, ўрта ҳисобда Сирдарёнинг 15 кубометр суви қўриққа оқизиляпти. Демак, йилига Оролнинг 430 кубокилометрлик суви ва майдони ўзлаштирилган ерлар қурбони саналади. Бу сувнинг озгина захарга тўйиниб‑тўйинмаган қисми Сирдарёга қайтиб тушаётир хам дейлик. Шундай бўлса-да, норасо зарурат учун тирик денгизни бой бериш инсофданми, ахир?! Орол ўзининг сув улушини олиши керак. Ёки ҳозир унинг сувсиз қолган 26 миллион гектар Шўристонини хам ўзлаштиришга киришиш керакдир балки? Сўнгги йилларда хўжаликлар орасида иқтисодий тенглик издан чиққан, улар озиқ-овқат билан ўзини-ўзи таъминлай олмайди. Еримиз саховатли, лекин, сувга баҳо қўйиб сотиш талаблари илгари сурилаётганига қайси шаҳрингизни берасиз? Ер, сув, қуёш нури сотилмаслиги керак. Миллатнинг қадимий Ватани ҳам!
Ҳамон чет элдан кўплаб озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олаётирмиз. Баъзан ўзимиз етиштирган маҳсулотни бизга қайтариб қимматига сотишяпти. Умуман боши берк кўчага кириб қолган, ҳал қилиниши керак бўлган масалалар жуда кўп. Булар ҳақида амалий тадбир қўлланмасдан, фақат гапириляпти. Матбуотда хам кўп ўқиймиз, кўзимиз толиқади. Кўп гапирамиз, Орол ҳақида бир талай марсия, олёрлар ҳам битилди. Мабодо мўъжиза рўй бериб, дил сўзларимиз ҳароратидан кислород ва водород пайдо бўлиб, реакцияга киришиб сув ҳосил бўлганида Орол аллақачон тўлган бўлар эди. Афсус, Она табиат бундай мўъжизага қодир эмас!
Орол муаммоси тўғрисида тилини қайраб юрган айрим чечанлар, ҳалигача калаванинг учини топа олишмаган шекилли. Уларнинг аксарияти музқаймоқ олиш учун катта пул майдалашни армон қилиб ошиқаётган зумрашага менгзайди. Йўқса илмий муҳит доирасида донг таратган олимларнинг Сибирь дарёлари суви Ўрта Осиёга бошқарилмас экан, Оролни қутқариш асло мумкин эмас деб хулоса чиқаришлари нимаси ахир?!
Тошкент жамоатчилиги Орол муаммосини чуқур ўрганиб, тугал ечимли аниқ программага эга эмас. Маҳаллий маъмурий-якка султон аппаратнинг манфаати Цельводхоз ва унинг ҳамтовоқлари манфаати билан чамбарчаслигидан, бу муаммога лоқайд муносабат ҳануз барқарор. Энг асосийси, миллий интеллигенцияда миллии чегараланиш Орол муаммоси инсоният муаммоси эканлигини халкка етказишга тўскинлик қилаётир.
Биргина Ўзбекистоннинг ўзида пахтанинг 26 нави экилар экан. Уларнинг ҳаммаси ҳам бирдай тўқимачилар талабига жавоб беравермайди. Ҳосилнинг қандай бўлишини на деҳкон, на бригадир, на раис олдиндан билади, билъакс юқори курсида ялтоқланиб бармоғини сўриб ўтирганлар режалаштираверади, режалаштираверади. Оқибатда эса Тожикистон ва бошка районларда пахтанинг кунжарасини беш минг чақирим йироқдаги Болтикбўйи жумҳуриятларига туҳфа айлаймиз-да, ўзимиз 2 минг чақирим шимолдан Оренбургдан беда пичанини елкалаб ташиймиз, устига товон ҳам тўлаймиз.
Пахтачиликни хўжалик ҳисобига ўтказиш масаласи дадил, асослаб қўйилмаётир, бу аҳволда деҳқоннинг ҳаёти не кечади, билмадим. Ҳар қалай, бу йўналишда кўндаланг турган муаммолар оз эмас!
Тожикистон ССР (Минводхози) сув хўжалиги министри ўринбосари Б. И. Гавриковнинг айтишича, Тожикистоннинг сув лимити 13 кубокилометр, шундан 12 кубокилометри ерларни суғоришга сарфланади. Фойдаланилган сувнинг тенг ярми — 6 кубокилометри қайтиб Аму ва Сирдарёга тушади… Бир кубометр сув, сарфланган капитал харажатни қўшиб ҳисоблаганда 4 тийинга тушади. Ҳозир икки районда сувга баҳо қўйиб сотиш тажрибаси ўтказиляпти, бир куб метр сувнинг нархи 1 тийин. «Сувни қандай ўлчайсиз», деб сўраганимизда, «Ўлчов қуролидан оқсаяпмиз, ҳозирча эскичасига таёқ усулидан фойдаланаётирмиз» деб жавоб берди Б. И. Гавриков. Бир кубометр сувнинг фойдаси (унуми) 3 сўмга тушар экан. Сувдан бундай фойдаланиш тўғримикан?!
Орол фожеаси Помир тоғларига таъсир этмаслигига ким кафил бўла олади? Бундай вақтда қўшни мамлакатлар — Хитой, Ҳиндистон, Покистон экологияси хам зарарли таъсирга дучор этилмоғи тайин.
Андижон ва Наманган вилоят партия ташкилотларидаги учрашувларда вилоят раҳбарлари пахта якказироатчилиги 70-80 фоиз эканлигини айтишди…
Тўғри, пахта керак, лекин халқнинг соғлиғини қурбон қилиш ҳисобига бўлмаслиги даркор. Дейлик, Фарғона водийсида суғоришга 17 кубокилометр сув сарфланадиган 1 млн. 209 минг гектар ер бор дейлик. Шундай расмий маълумот бўйича 504,4 минг гектарига пахта экилади ва шу ерлардан 1985 йилда 1 миллион 613.1 минг тонна пахта етиштирилган, яъни гектаридан 32 центнердан ҳосил олинган. 1960 йилда эса, яъни Орол қуримасдан олдин 460 минг гектар ерга пахта экилиб, гектаридан 22,7 центнер хосил етиштирилиб, 1 млн. 45 минг тонна пахта давлатга топширилган. Бироқ шу йиллари бу ерда қанча сув сарфлангани ҳакида маълумот йўқ. Аммо ўша йили Сирдарё Оролга довур оқиб келар эди-ку?..
Чиндан айтганда мен шу фактларнинг қайси бирига ишонишимни билмай қолдим. Умумий суғориладиган ер 1 млн. 209 минг га. бўлса, шунинг 504,4 минг гектарига пахта экилса, пахта якказироатчилиги суғорма ерларнинг 40 фоизидан кўпроғини ташкил этади. Икки ёлғондан бир бутун ҳақиқат чиқмайди. Суғориладиган ернинг кўлами орттириб кўрсатилган (бу чамаси Минводхознинг кўникилган катта рақами бўлиши мумкин), ёки пахта экиладиган майдон атайин камайтириб кўрсатилган. Бу Госагропромдан кутса бўладиган «ишончли» маълумот… Чамаси икки маҳкама ҳам халқни кўпроқ алдашда мусобақалашганга ўхшайди. Махаллий маҳкамалар-чи? Улар Тошкентга кўз тикадилар. Тошкент Москва нима дер экан, дейди… Бироқ ерли халқнинг турмуши дарё ўзанининг бошидаги қашшоқ турмушдан бироз яхши бўлса-да, уларнинг ҳам ўзига яраша дардлари бор-ку?
Биз қўшиқларда Наманган олмаси, Фарғона чиллакиси, Хоразм қовуни деб, довруқ солишга кўникиб қолганмиз. Аслида, бу ерларда олма-да, узум-да, қовун-да пахта олиялари кўланкасида қолиб кетган. Айқаш-уйқаш каналлар хам, сув омборлари ҳам пахтага, унга ўғит етказиб бераётган қатор кимё корхоналарига хизмат килмоқда. Пахта етиштиришдаги ўсиш Оролга 30 йил ичида етиб бормаган сувлар ҳисобига бўлаётир…
Андижонда ҳар квадрат километр ерга ўртача 400 киши тўғри келади. Бу кўрсаткич аҳолишунос социолог Пареведенцевнинг айтишича, Москва области кўрсаткичидан анча юқори. Андижоннинг ўзида 120 000 дан ортиқ меҳнатга яроқли аҳоли иш тополмай сарсон-саргардон. Уларнинг 70 фоизи ёшлар ва болали аёллар. Вилоят суғорма ерларини кенгайтиришнинг ҳеч бир иложи йўқ. Пахта якказироатчилигидан воз кечилса ўрнини босадиган бирон вақо борми? Ернинг унумдорлигини ошириш, қаерда нима экишни деҳконнинг ўзи мустақил ҳал қилиши керак.
Наманган вилоятида суғорма ерларнинг 72 фоизига ғўза экилади. Бундай шароитда алмашлаб экиш тўғрисида сўз қўзғаш қийин.
1987 йили денгизга 9,5 кубокилометр сув оқизилди, бу йил 23 кубокилометр сув қуйилиши кутилаётир. Биз Помир‑Олой тоғларидаги дарёларнинг ўзанлари бошида бўлганимизда сув запасларининг ҳеч қандай ўзгармаганлигининг шоҳиди бўлдик. Орол давлат томонидан ўйланмай режалаштириш асосида қуритилганлиги кундай равшан бўлди-қолди. Оролни «қуритиш»га Минводхоз билан Минэнерго ўйламай‑нетмай неча миллиардлаб пул сарфлади. Энди эса уни қуткариш керак деган вактда улар аввалгидан беш баттар кўп пул талаб этишаётир… Шунда биз 3 йилдан бери денгизга тушган 30 кубокилометрдан ортиқ сув учун миллиардларни Минводхозга эмас, сувни ато қилган – Аллоҳга беришимиз керак эмасми?!
Бизга, Фарғона ерларидан Сирдарёга оқиб тушаётган коллектор-дренаж сувларининг запаси кўламини ҳеч ким айтиб беролмади.
Деҳқончилик маданияти Орол масаласи билан бирга кўпгина бошқа масалаларни ўртага қўяди.
- Мамлакатимизга қанча пахта керак?
- Кичкина территориядаги кишиларни ҳар бир қарич ер, томчи сув учун талаштириб қўйгунча, пахта экишни икки ҳисса қисқартириб, Фарғонада ота-боболар удуми — боғдорчилик, чорвачилик маданиятини тикласа бўлмайдими?
- СССРда жон бошига 27 килограммдан пахта етиштирилади. Қўшни Хитойда эса бу рақам 4 килограммни ташкил этади. Шундай экан, нега биз устимиздаги кийим-кечакларни Хитой, Покистон ва бошқа биздан пахтани кам етиштирадиган мамлакатлардан сотиб олиб, киямиз?
Қайроққум сув омбори 1954-1955 йиллари қурилган, 4,5 кубокилометр сувни сақлайди. Мақсад Мирзачўл ва Жиззах чўлларини суғоришга хизмат қилиш. (Тожикистон территориясида жойлашган). Йилига унинг майдонидан 0,6‑0,7 кубокилометр сув буғланади. Сув омбори отига мос қумликка жойлашган. Қанча сув қумга сингиб кетаётганлиги тўғрисида маълумот йўқ. Қайроққум сув омборими ё буғ қозони?
Ленинобод ва Фарғона областларидаги ҳал қилинмаган масалаларнинг давоми, яъни дехкончиликнинг экстенсив усулидан қутула олмаслик, шу ерлик амалдорлар халқнинг сони ошиб бораётир деган турмуш талаби билан янада янги ерларни ўзлаштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Йирик хўжаликлар Мирзачўлнинг бир бўлаги — Зафарободда янги ер очиш ишларини давом эттираётирлар. Бу янги ўзлаштирилган ҳар гектар ерга кетган пул харажатларини ҳисобламаганда қўшимча 15-20 минг кубометр сув талаб этади. Шу сувнинг ялпи миқдори 513 км2. Қайроққум кўли улуши ҳисобидан янги ерларни очишга хизмат килиб келаётир. Қашшоқ деҳқонларнинг ўзлари Орол тўғрисида нималарни ҳам биларди. Одамларда бебаҳо табиат бойликларидан кўпроқ тортиб олиш, таъмагирлик, очофатлик, ўтган даврларда пишиб етилган шекилли. Экин-тикинга ер етмаётир деган чексиз талаблар билан янада кўпроқ ер очишга интилишлар шунинг натижаси эмасми? Орол суви беармон чайқалиб ётган пайтларда Мўйноқ районида 48 минг халқ яшар эди. Ҳозир шулардан тенг ярмиси Олис Россия, Украинадан ишга, балиқ тутишга келганлар ўз вақтида жуфтакни ростлаб қолишди. Мўйноқ аҳолисига денгиз дам олиш учун эмас, мангу ҳаёт кечириш учун керак эди. Бу «Мирзачўлни Мирзагулистонга айлантирамиз» деган ҳавойи шиоримизнинг салбий оқибати. «Союзгипроводхоз» бундан 5-6 йил бурун Оролбўйи сувларидан техника, экономика асосида фойдаланиш тўғрисида ТЭТ ишлаб чиқди. Бунда тавсия этилишича, Амударёнинг ўнг ва чап соҳилларига канал қазиш керак экан. Ўшанда кўрсатилган зарур рақамлар бугунги кунга келиб «қариб» колди. Орол бўйидаги вазият кескин ўзгарди. Амударё ва Сирдарё ўзанига тўплаб чайинди сувларни захкашлар орқали юборсак, биринчидан, икки улуғ дарёнинг ўзанида тоза сув оқими тўхтатилади. Иккинчидан, Қорақум билан Қизилқумдан кесиб чиқарилаётган захкашларнинг заҳарли сувлари яйловларга қандай таъсир этади, ярми қумга сингиб ёки буғланиб кетса Оролга қанча заҳар томчиси етиб боради экан? Оролга захкашнинг оқава сувларини қуйдирамиз деган режа билан Амударё ва Сирдарёнинг бор сувини далаларга талош этсак, дарёларда тош оқадими? Чордора ва Туямўйиннинг қуйисида яшаётган халқларнинг ахволи нима кечади, азизлар?
«Украинада 1950 йили пахтачилик нозирлиги тузилди. Нозир лавозимига аввал пахтачилик билан шуғулланганим учун мени тайинлашди… Ўша йиллари Ўрта Осиёнинг кўпчилик ҳўжаликларида 14-15 центнердан ҳосил олинар эди. Аммо у ёқда пахта суғориб экилади, бу ерда суғормасдан экилади…» Бу сўзлар Е. Е. Алексеевскийнинг «Мен бу ерни севаман» китобидан олинган. Бундан чиқди, ўша йиллари Украинада пахта экилган ва маълум даражада юқори ҳосил олинган. Нега ҳозир шу тажрибани давом эттириш мумкин эмас? Оролнинг бошига етган Ўзбекистоннинг пахтачиликдан иборат итоаткор халк хўжалиги-чи? 60-йилларда ўзим, мактаб ўқувчиси 3 млн. тонналик хирмонга ҳисса қўшганман. Украинада эса пахтачилик министрлиги 3 йилгина яшади. Бизда боқий синоат бу!
Маълумки тарихда йирик каналлар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Минводхознинг яхши кўрадиган эртагидай дунёнинг барча Фарҳодлари йиғилиб, Ширинлари учун жон қурбон қилиб, Беломор Болтиқ ёки ёнимизда оқио турган Қизкетганни қазимаган. Қадимги замонларда бизнинг еримизда беклар билан миробларнинг қамчисидан кон томизибгина бойларнинг ерларини суғорганлар. Бугунги Минводхоз системасининг (мен буни яқиндагина матбуотда ўкиб билдим) репрессия даврида сиёсий тутқунларнинг, турмага қамалганларнинг «меҳнат тарбияси»га ўргатувчи зўрлик қуролидан пайдо бўлганини ўқиб, нима учун бу системанинг факат ўтмишидагина эмас, бугунги фаолиятида ҳам сир сақлашга хумори борлиги аён бўлади-қолади. Совет ҳукумати қурилишининг дастлабки йилларида министрлик сиёсатининг устиворлиги бизнинг социалистик революциямизни исканжага олиб, унинг натижасини хавф остига қолдирганда, ўзимизни ўзимиз қўриқлашимиз керак эди. Биз ички ва ташқи душманларни бир ёқлик килиб бўлганимиздан сўнг, ғалаба халқ кўтаринкилигини пайдо қилганда халқимизнинг руҳий моддий потенциалидан қандай максадларда фойдаландик? Ўз хўжалигининг манфаатини ўйлайдиган одам энг аввал бозорга бориб, нарх-навони билиб олади, кейин бозорга нимани чиқаришни, қандай фойда олишни ўйлайди. Пахтанинг қанча кераклигини ҳисобга олмасдан миллион тонналар учун курашавермаслик керак.
Қўшиб ёзиш, юзаки маълумотлар берган хўжалик бошлиқлари қонун олдида жавоб бераётирлар. Ўша даврларда нозирликнинг тенг ярми харажатини сарфлаган «сувчилар» нега ҳеч нарсани билмаган, кўрмагандай пусиб турибдилар, уларни ҳеч ким титкиламади. «Сувчилар» яна сувдан қуруқ чиқишмоқчими?! Министрликнинг фақат кейинги йилларда пахтачиликка сарфлаган харажати 130 миллиард сўмдан ошиқ эканлиги, бу пул мамлакатимизнинг космосни ўрганишга сарфлаган бутун ҳаражатидан икки ҳисса ортиқ эканлиги кечикиб бўлса-да бизга маълум қилинди.
Сирдарё ва Амударёни юқоридан кузатганингизда дарёларни эмас, томирлари кўкариб кетган, жони халқумига келиб, дод солаётган беморни кўрасиз. Бу бечора аҳволлик хотирангизга муҳрланиб қолади, руҳингизнинг бир гўшасида фарёдга айланади.
Ихтиологларнинг фикрича, Орол Ўрта Осиё учун ёзда совутгич, қишда иситгич хизматини ўтаб келган. Денгиз регионининг иқлими ўзгараётган бир пайтда, яқин атрофдан космосга учирилаётган ракеталар ҳаво озон пардасига таъсир этиб, чекинаётган денгизда бўрон пайдо қилади. Бундай кучли денгиз тўлқинланиши 60-йилларда 6-7 марта, 70-йили 15, 80-йили 20 марта, 88-йил биринчи ярмининг ўзида 24 марта бўлганлиги кузатилган. Тасаввур килиб кўринг-а, «Сатурн-5» маркали космик кема учирилганда, планетамиздаги барча халкларнинг бир марта нафас олиши миқдорида кислород сарфланар экан. Бу қанақасига фан ютуғи бўларкан?
Ўрта Осиёнинг ягона денгизи 80-йиллардаёқ биологик жихатдан инқирозга юз тутди. Унинг ҳайвонот дунёсини энди фақат полеоцтологларгина ўрганиши мумкин. Денгизнинг озиқ-овқат етиштиришга бўлган катта таъсирини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайди. Сувсизликдан ҳайвонот дунёсининг қирилиб кетиши, озиқ-овқатга яроқли ўсимликларнинг ҳосилдорлиги камайиши бунинг далилидир. Лекин хозир Япониянинг саводли халқи етарлича табиий ресурсларга эга бўлмай туриб, биздан кўп озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чикараётганлигини қандай далиллаймиз. Америка Қўшма Штатлари бўлса ўзининг табиий бойликларидан иложи борича кам фойдаланаётгани маълум-ку…
Ҳозирги кунга келиб денгиз суви учдан бирга қискариб, сувнинг тенг ярмидан ози қолганлигини хамма билади. Авваллари салқин соҳиллари билан қучоғига тортадиган денгиз, бугун оғзидан олов пуркаётган аждарҳога ўхшайди. Тарихчиларимизнинг тасдиқлашларига қараганда бурунги замонларда ҳам икки марта Оролни қуритишга уриниб кўришган. Биринчи марта Чингизхоннинг катта ўғли Ботухон укаси Жўжихон билан денгиз бўйидаги халқларни босиб олишга кўзи етмагач, дарёни боғлаб енгишга эришган. Иккинчи марта Темурланг Қўҳна Урганчни сувга бостириб таслим қилдириш, қарам қилиш максадида Амударёга бўғов солган. Учинчи марта Минводхоз ва Мннэнерго бир-бирини қўллаб дарёларга бўғов солишди. Лекин уларнинг денгизни сақлаб қолишга, ҳатто тўлдиришга ҳам қурби етади. Улар буйруқ билан ишлашга ўрганишган. Лекин юқоридан нимагадир хануз «Оролни тўлдирасан» деган буйруқ берилмаётир.
Денгиз қирғоклари қорақалпоқ, қозоқ, ўзбек, туркман ва бошқа турли миллатлардан таркиб топган, уч ярим миллиондан ортиқ халқларга макон бўлган ер. Аҳвол шундай давом этаверса, бу ерда истиқомат қилаётган кишилар янада ночор шароитда қолишлари шубҳасиз.
Қорақалпоқлар қадимда кўп сонли, жўмард халқ бўлишган. Узоқ давом этган урушлар, кирғинлар, кўчишлар, халқнинг камайиб кетишига олиб келган. Октябрь инқилобидан кейин корақалпоқ халқига мамлакат мақоми ва эркинлик берилди. Лекин автоном республика номини олган халқ Қозоғистон ССР таркибига, кейин РСФСР ихтиёрига, сўнгра сталинчилик даврида Ўзбекистон таркибига қўшилди. Автоном республиканинг миллий чегараси советлар даврида ўнлаб марта, ҳар сафар сиёсий харита янгидан босилганда ўзгартирилиб, қисқара борди. Чегараларнинг ўзгараверганидан юқори қорақалпоқлар ўзларининг миллий тилларини, маданиятини йўқотавердилар. Ишонган денгизларидан ажралишни ҳис қилаётган халқ энди нимага ишонишни, суянишни билмай қолди. Қуйидаги фактларга эътибор қилинг: 1983 йили Бутуниттифоқ миқёсида болалар туғилиши юқори кўрсаткичга етган бўлса, Қорақалпоғистонда туғилиш икки фоизга камайиб кетди. Бизлар энг жабр кўраётган халқмиз. Халқ ишониб сайлаган СССР Олий Совети депутатлари эса, денгиз қуриётганини неча йиллардан бери билатуриб халқдан яширишган. Уларни ўзларига суянчиқ деб билган халқни заҳарли, харом сув билан сийлаяптилар. Энди маълум бўлишича, Минводхоз Сибирь сувларини денгизни қутқариб қолиш учун эмас, Ўрта Осиё ва Қозоғистонда янги ерлар очишни давом эттириш мақсадида олиб келмоқчи экан.
Яқинда «Правда Востока» газетасида москвалик лингвист Трескова деган киши «қорақалпоқ каби майда халқлар тилида мактаблар ва университет очиб ўтиришнинг ҳожати бормикан» деб ёзди. Бу халқни таҳқирлаш, камситиш ва бемаъниликдан бошқа нарса эмас. Трескова каби ақллиларга айтишимиз мумкинки, ҳозир Қорақалпоғистоннинг 650 дан ортиқ мактабида ва Т. Г. Шевченко номидаги Нукус Давлат университетида ва йигирмага яқин техникум ва махсус билим юртларида ўқиш қорақалпоқ тилида олиб борилади. Бугунга келиб Қорақалпоқ педагогика олий билим юртининг ёпилиб қолишига сабаб, автоном республикада тил биладиган ўқитувчиларнинг етишмаслигидир. Москванинг лингвистика кабинетларидан келаётган бундай ақлсиз сафсата бизнинг юрагимизга оғир ботади.
Хозирги кунда Қорақалпоғистонда деҳқончилик ва гигиена маданияти юқори деб ҳисоблайдиган бўлсак, бизнинг халқ шу маданиятга етмаган пайтларда, қайтага ҳозиргидан яхши деҳқончилик қилиб, соғлом авлод қолдиришган. Оналар ва болалар ўлимининг юқорилиги маданиятнинг, замонавий медицинанинг аҳволидан дарак бериб турибди. Қорақалпоқ аёлларининг 93,7 фоизи камқонлик касалига мубтало бўлса, бу табиий шароит таъсиридан, тўйиб овқат емаганликдан, организмга керакли витаминларнинг етишмаслигидан эканлиги аён-ку! йигитларимиз харбий хизматга яроқсиз, масала ўз-ўзидан тушунарли. Қорни тўймаган халққа 3-5 процент пестицидли ва тузлилиги, ифлослиги нормадан уч ҳисса ортиқ сув бериб қўйгандан кейин, бунинг устига фонд ажратиш вақтида қорақалпоқ халқига жон бошига ҳисоблаганда, иттифоқ кўрсаткичидан 4-5 ҳисса кам гўшт ажратилганидан кейин, ҳар уй ҳисобига бир эмлаш хоналари, иккитадан дорихона очиб қўйишнинг нима фойдаси бор?
Биз бугун алданган аҳволда турибмиз. Сибирдан мўл сув келади деб ўйладик. 340-қарор чиқди деб қувондик, мана яқинда 1110-қарор билан яна юпанмоқчимиз. Қани айтинг-чи, қарорлардан қайси бири ўз вақтида амалга оширилиб, Оролга, халққа фойдаси тегди. 340-қарор чиқар-чиқмас бекор қилиб ташланди. Туямўйин-Мўйноқ сув тарновлари ўтказишни ҳам оқлаб бўлмайди, чунки Туямўйин билан Нукус оралиғидаги сувнинг тузлилиги, бор-йўғи 0,3—0,5 грамм литр фарқ қилади. Демак, сувни ўзанида, дарёдан оқизиш иқтисодий ҳамда экологик жиҳатдан фойдали. Яна масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Биз сувни тарновлар орқали тарқатиб, далаларни заҳарли сувлар билан суғорадиган бўлсак, тарқоқ жойлашган уйлар секин-аста бир жойга жамланиб, бизнинг аграр республикамиз бора-бора водопровод жўмрагига ёпишиб ўтирадиган республикага айланиб қолмайдими?! Бизнинг қорақалпоқ овулларимизда яроқли сув тармоғи фақатгина ўн фоизни ташкил қилади.
Хозирги Ўрта Осиё ва Қозоғистон аграр комплекси дарёларнинг бор сувидан экин экишда фойдаланиб, Оролга иложи бррича бир томчиям сув туширмасликка маҳкум этилган. Республикалар орасида ҳам сув миқдори шу асосда бўлиб олинган. Биз биринчи галда денгизга етарли сув юбориб, шундан ортган сувга деҳкончилик қилиш тарафдоримиз. Денгизнинг тақдири — бошқа халқлар тақдири қатори, қорақалпоқ халқининг ҳам тақдиридир. Қорақалпоқ халқининг шу региондан бошқа ҳеч қаерда тарқалган уруғи йўқ. Фақат Конимех районида 16 минг қорақалпоқ кун кўради, холос. Тенг ҳуқуқли халқлар қаторида яшар эканмиз, Иттифоқдаги барча автоном республикалар қатори қорақалпоқ давлат мақомини бошқатдан кўриб чиқиб, сиёсий иқтисодий мақомни бир звено орқали бошқаришни ўрнатиш зарур. Регионал хўжалик ҳисоби охир оқибатда шу мақбул сиёсатни амалга оширади. Хўжалик хисоби жорий қилиш Қорақалпоғистоннинг бу кунги танг иқтисоди билан халк хўжалигида бир талай қийинчиликлар туғдиради. Шунинг учун меҳнат ресурсларини ҳисоблаб ва автоном республикада транспорт ва машина ишлаб чиқариш корхоналари очиш, енгил саноат ва озиқ-овкат саноатини ривожлантириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ҳали бизда демократия тўла илдиз отиб, мустаҳкам заминга эга бўлганича йўқ. Яқиндагина мени автоном республикамиз прокуратурасига чақириб, 1988 йил июнь ойида Нукус университетида бўлган бир учрашувда қатнашиб, нималар деганлигим тўғрисида тушунтириш хати ёздириб олишди. Мен бу учрашувда денгизимизнинг нима сабабдан қуриб бораётганлиги тўғрисида гапирган эдим.
Мен Туямўйинда кўп марта бўлганман. Унинг олтита трубасининг ҳар бири 25 мегаватт қувватга эга. Умумий майдони етти кубометр сув сақлайдиган, тўртга бўлинган Междуручье, Қапарас, Кўшбулоқ, Султон Санжар қўлларидан иборат. Туямўйин сув омбори қурилиб ишга туширилгандан кейин ҳосилдорлик камайиб кетди. Унинг энергетика аҳамияти ҳам юқори эмаслиги айтиб келинаётир. Бу сув омборининг қурилиши давлатга 450 миллион сўмга тушганлиги, унинг буғ қозонига айланганлиги, факатгина Султон Санжар қисмида сув остида 40 миллион тоннадан ортиқ туз кони қолганлиги ва бу тузли эритма сув танқислигида Амударёга чучук сув билан аралаштириб оқизилаётганлиги хеч кимга сир эмас. Бунинг устига Оқчакўлдан сув олиб оқиб турган Кўкдарё коллектори зах суви билан Амударё сувини қаттиқлаштирмоқда.
Тошҳовуз каналини қазиш тарафдорлари ва муаллифлари қўллаб-қувватлаётган лойиҳа тузилишини кўриб, кўз олдингга келтириб, қазилса яхши бўларди дегинг келади. Лекин секундига 500 кубометр сув оқадиган каналнинг қандоқ натижа беришини, қанча сув қумга сингиб, қанча сув далага етиб боришини тасаввур қилиш қийин. Яна бир томони шуки, ер ости сувларининг кўтарилиши натижасида намчил Тошҳовуз ерлари билан Қорақалпоғистоннинг чап тарафини зах сувларга бостириш хавфи кутилади.
Тошҳовузнинг зах сувларини Оролга қуйиш масаласи бугунги кунда ҳам кун тартибида турибди. Областнинг кўҳна Урганч ва Октябрь, Қорақалпоғистоннинг Шумонай, Ленинобод, Қўнғирот районларида, ер ости сувларининг кўтарилиши натижасида ерларнинг шўрланиши юз бермоқда.
Тошҳовуз каналининг қазилиш сабабини туркман мелиораторлари Хоразмга ағдарадилар. Хоразм бўлинган сув лимитининг 80 фоизидан ортиқ олиб, Шовот канали орқали Тошҳовузга тегишли сув етиб бормайди, ичимлик сув ҳам яхши эмас, биз қачонгача Хоразмдан қолган сувни ичамиз, деб тушунтирадилар. Коллектор-дренаж сувларини ўз территориямиздан ўтказганимиз учун бизга пул тўланиши керак, дейишади. Икки ўртада оқибати яхши бўлмаган тортишув ҳамон давом этмоқда. Амударё сувини Қорақум, Қарши, Аму‑Бухоро каби бир неча каналлардан ташқари Оролдан Нуреккагача 491 та сувда сузадиган насосларнинг хаммаси торта берса, Оролдан учган туз тўзонлари экиладиган майдонларни босиб кетмайдими?! Денгиз ўрнида 26 млн. гектар қум ва тузли ер пайдо бўлганлиги бунинг асоси эмасми? Асрлар давомида донолик билан яшаб келаётган халқимизга бугун келажак ҳисобига яшаш тан эмас.
Туркманистонлик олимларнинг фикрича коллектор-дренаж сувларини биологик йўл билан тозалаб, қайтадан суғоришда фойдаланиш мумкин. Бундай шароитда дарёдан сув олмасдан экиладиган майдонларни суғориш имкони туғилади.
Аму-Бухоро канали 4,7 кубокилометр Амударё сувини қудратли насослар орқали 112 метр баландликда кўтариб ҳайдаяпти. Аму-Бухоро канали ишга тушмасдан олдин Бухорода 200 минг гектар суғориладиган майдон бор эди. Ишга туширилгандан кейин эса 258 минг гектар майдон деб кўрсатилмоқда. Бухоро «сувчилари»нинг оғзидан чиққан бу маълумот одамни ҳайратга солади. «Сувиинг ҳам сўрови бор» дейишади. Ернинг-чи? Қанча ерга, нима экиб, нима ундиришини билмай меҳнат килган деҳқончилигимиз юкори бўлармикан?!
Ҳозирги экиладиган майдонларнинг структураси мамлакат экономикасига тўғри келмайди. Планни қандай бўлмасип бажариш керак деган чақириклар табиий офатнинг сабабларидан биридир. Шунингдек, бир регионнинг хисобидан иккинчи регионни қутқариб колиб бўлмайди. Қорақум каналининг Оролга таъсири масаласини олиб кўрадиган бўлсак. Қорақум канали Амударёнинг 20 фоиз сувини тортиб олади. Лекин шу билан бирга, Туркманистоннинг тўрт миллион халқидан уч миллиони Қорақум каналидан умидвор. Бу тарафларини ҳам ўйлаш керак. Қорақум каналининг ҳар кубометр сувига 6 килограмм лой ва қум қўшилиб оқади. Бундай аҳволда 2-3 йилдан кейин канални бошкариш қийин бўлиб қолади. Сувни тиндириб юбориш учун қурилаётган Заид сув омбори 5 кубометр сиғимга эга, у 1990 йили ишга тушиши керак.
Қорақум канали ишга тушгандан бери йигирма беш йил ичида 225 кубометр сув оққан, бу Волга дарёсининг бир йиллик сув оқиши билан тенг сўз. Каналдан 1,6 ҳисса кўп сув олинмоқда…
Амударёнинг суви Туркманистондан Қизил Атрекка бориши керак эди. Канал қурилиши учинчи бўлагида тўхтатилди. Сув етмаётган экан, Сумбар ва Атрек дарёларидан сув олса бўлмайдими? Бу дарёларнинг ўзани Эрондан бошланади. Фақат мавсумий тошқиндагина оқади. Сумбар дарёсидан насослар билан сув олиниб, ер ўзлаштириб деҳқончилик қилинаётир, лекин сув етарли эмас. Эронликлар билан келишиб дарёлар сувидан фойдаланилса бўлмайдими?
Қорақум канали олиб келингандан сўнг Копеттоғнинг этагидаги ерлар ўзлаштирилиб, экин экила бошланди. Бу эса Ашхобод ер ости сувларининг кўтарилишига олиб келди. Ҳозир 170 та қазилган қудуқ орқали сув тортилиб, Қорақум канали устидан ошириб ўтказилиб, Ашхободдан 18 км. наридаги қумга оқизилаётган экан. Ер ости сувларининг тузлилиги ҳар литрга 17 граммдан тўғри келяпти. Қорақум каналининг зонасидаги 100 минг гектар ўтлоқли яйловлар зах сув остида қолди. Келажакда Қорашар чуқурлигига 20 кубокилометр ташландиқ сув жойлаштириш ният қилинмоқда. Ҳозир Сариқамишда 30 кубокилометр сув бор, демак, Қорақумда хам келажакда Сариқамишдай кўл пайдо бўлиши мумкин.
«Хива хони ҳузурига борилсин, ўша дарё ёқалаб йўлга тушилсин (Ўзбой, яъни дарёнинг Каспийга қуйиладиган эски ўзани назарда тутилмоқда — Тарж.), агар имкони топилса ўша сувни эски ўзанга буриб юборилсин. Шу билан бирга Орол денгизига куйилувчи бошқа ўзанлар ҳам тўсилсин…»
— Бу Пётр I нинг 1714 йилдаги буйруғи. Князь Алексаидр Бекович Черкасскийга Пётр I томонидан берилган икки ярим аср олдинги буйруқни бугунги Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқ хўжалигини планлаштирувчилар, уни амалда бажарувчилар, айниқса, СССР сув хўжалиги министрлиги амалга оширишга мушарраф бўлишди. Россияни оёққа турғазган Пётр I нинг Ҳиндистон билан сув йўли орқали боғланиш ғояси учун қадим замонлардан қолган тарихни айблаш уят, лекин подшо Россиянинг шу вақтларда колониал мақсадлари борлиги аввалдан сир эмасди.
Бугун эса, денгизни қуритишда айбли одамларга «Эй, сен ўз халқингга колониал сиёсат юргизаяпсан» десангиз, нафсониятига теккан бўласиз, «Бизлар юқоридан келган буйруқни бажардик» дейишади, вассалом. Уларнинг бу ишда қўллари бўлганлиги учун, ўзларига қарши айтилган фикрнинг эгасини миллатчиликда айблашади. Уларга қарасанг, Чингизхонни, Амир Темурни, Пётр I ни, Сталинни тирилтириб, худди шулар буйруқ беришларини исташади. Пахта ва шоли учун тирик денгизни бой бериш совет тузуми шароитида миллий шармандачиликдангина иборат. Лекин пайҳон бўлиш хавфи остидаги 35 минг йиллик тарих-чи. Бунга кимлардир жавобгар бўлиши керак-ку! Фақат бегуноҳ кишилар тақдири, келажаги бунга жавобгар бўлмаслиги керак…
Бир тонна пахтадан 15 минг. м2 газлама тўқилишини ҳисобга олсак, бир тонна пахтага тўланадиган хақнинг қанчалик паст эканлигини, деҳқон меҳнатининг қадрсизлигини тушуниб етасан, ўксинасан. Бунинг устига ингичка толали пахтадан сифатсиз газлама тайёрланганини, ёмон кийим тикилганини кўрсанг, юрагинг орқага тортиб кетади. Пахтанинг ҳосилдорлиги ва сифатини оширишга олимдан тортиб деҳқонгача ерларимизнинг шўрланиб бораётганига қарамасдан, ризқимиздан қийиб миллионлаб тонналаб пахта берсаг-у, ёмон кийим кийсак…
…Ҳозирги кунда Чоржўй сув хўжалигининг бош муаммоси, зах сувларни қандай қилиб бўлса ҳам йўқ қилиш мақсадида вилоятнинг ҳозирги зах сувлари аввалги лойиҳа бўйича катташарга қуйилиб турибди. Ундан нарига қирқ километрлик канал қазилибди, бу Каспийга олиб борадиган Транс-туркман коллекторига қўшилиши керак. Орол бўйича қарорда регионнинг барча зах сувлари Каспийга эмас, Оролга қуйилсин дейилган-ку?! 340-қарорда эса Амударёга зах сувларни қуйдирмаслик тўғрисида кўрсатма бор.
Шунингдек, карор «Қорақалпоғистонни социал иқтисодий ривожлантириш тўғрисида» эканлиги маълум. Лекин моянага кўшилган озгина қўшимчадан бошқа амалий ҳеч нарса бажарилмади. Очиғини айтганда, маҳаллий ҳукуматлар қарорни бандма-банд бажаришни мақсад қилиб қўймади. Ўзбекистон ўзига тегишли қарорни бажармагач, бошқалар, яъни Туркманистон ўзининг зах сувларини Амударёга оқиза берди. Айниқса, Чоржўй вилояти, қўшни Бухоро, Қашқадарё билан дарёни ким кўпроқ заҳарлаш мусобақасини давом эттираётир. Амударёга оқизилаётган зах сувларнинг тузлилик даражаси Чоржўй вилоятида 2.5-4,5 грамм-литр, Бухорода 5-9 г. л. Қашқадарёда 9-14 г. л. Яна Ўш вилоятини қўшганда йилига 7-8 кубокилометр захарли зах сувни дарёга оқизилаётганига нима дейсиз? Қани 340-қарорнинг тўлиқ ижроси? Чоржўйликлар қарор бўйича Амударёга зах сувларни қуйишни тўхтатиши мумкин. Лекин Бухоро ва Қашқадарёнинг зах сувлари тушиб турган кўллари тўлиб кетганидан бу сувларни дарёдан бошқа ерга оқизиш имкони йўқ. Майли, улар қарорни бажариб чиқинди сувларни бошқа ерга, бўлмаса коллектор қазиб, Оролга қуйдира қолсин ҳам дейлик. Унда дарёнинг икки қирғоғидаги коллекторлардан 7-8 кубокилометр сув оқадиган бўлса, дарёнинг ўзидан нима оқади? Бу можародан ҳам мантиқ топиш мушкул-ку?
Хўжайли-Нукус оралиғида Амударёдан йўловчи ташиган теплоходнинг сўнгги рейсни бажариб, қуруқликка чиқиб қолганига ўн беш йилча бўлди, Чоржўйда шундай теплрход сузиб юрибди, лекин Амударёнинг шу аҳволи бўлса, кичик кемалар қачонгача қатнар экан. 1955 йилларгача Орол денгизидан 322.0 минг тоннагача юк ташилар эди. 1975 йилга келиб, юк ташиш 81,7 минг тоннага тушиб қолди. Орадан 4 йил ўтган, сўнг денгиз транспортлик аҳамиятини биратўла йўқолди. Бу денгиз: «Оролкўл»га, «Кемалар қабристони»га айланди. Амударёнинг транспорт хизматини йўқотишида, қурилган ГЭС сабаб бўлди. Тахиатош ГЭСи қурилишида кемаларни ўтказадиган шлюзалар бор эди. Туямўиин қурилишида эса Амударёнинг транспорт хизмати мутлақо ҳисобга олинмаган. Туямўйинга шлюзалар қўйилмаган. Демак, дарёнинг қуриши олдиндан режалаштирилган бўлиб чиқади. Аральскдан Термизгача флотдан айрилиш, истиқболини ўйлаган ҳеч бир халққа, республикага обрў келтирмайди. Чоржўйдаги раҳбарларнинг эса Амударёга автомобиль кўприги ёки бўлмаса, худди шу ердан ГЭС қургиси келяпти; Негаки, СССР денгиз флоти нозирлигидай қудратли маҳкама учун Орол ҳам, Амударё ҳам хеч нарса эмас, боридан йўғи…
Мен таҳлил қилаётган бу рақам ва кўрсаткичлар киши қалбига оғриқ бўлиб тегаверади. Хато ва камчиликларга шунчалик кўп йўл қўйилганки, гангиб қолиш ҳеч гапмас. 1977 йилдан бошлаб, ўн йил давомида ўзлаштирилган Ўртачўл массиви, бугунда йўқолган маконга ўхшайди. Аввал бу ерда 9 та совхоз тузилган эди. Ҳозирда эса 3 тагинаси қолибди. Ўзлаштирилган 11 минг гектар ернинг 4 минги экишга яроқсиз бўлиб қолди. Ҳосилдорлик гектарига 15 центнердан режалаштирилиб, 12 центнердан ҳосил олинаётир. Ўн йилнинг ичида 26 миллион сўм зиён кўрилди; Ҳозир чўл ерда 4000 ишчи вахта усулида шаҳардан қатнаб Ишлайди. Шўрланиб кетган тошлоқ ерни ўзлаштиришнинг нима кераги бор эди? «Гипроводхоз» планлаштиргани учунми? Ўртачўлни ўзлаштириш натижасида юзага чиққан рақамлар кўп ва ҳар хил. Қайси бирига ишониш кераклигини билмайсан, лекин қанча ҳисоб-китоб қилиб, бош қотирманг, бу массивни ўзлаштиришдан келган фойдани топиш қийин…
Қашқадарё вилоятида Қарши канали қазилгандан бери Амударё сувидан 226 минг гектар ер суғорилади. Қарши чўли ўзлаштирилишининг «қаҳрамонлари» ҳақида матбуотда кўп ёзилган. Қашқадарё вилояти 1983 йили 621 минг тонна ҳосил етиштириб, шундан 123 минг тоннаси ингичка толали пахта бўлса, 1984 йили етиштирилган 404 минг тонна ҳосилнинг 139 минг тоннаси ингичка толали пахта эди. Демак, қайта қуриш давригача вилоят пахта ҳосилдорлигини қўшиб ёзишлар билан ошириб келган бўлиб чиқади. Қўшиб ёзишларнинг илдизини, менимча, Қарши чўлини ўзлаштиришдан излаш керак. Албатта, хозир ўзлаштирилган ерлар минглаб одамлар тақдири бўлиб қолди. Лекин Қарши чўлидаги 55 та совхознинг ҳеч қайсиси шу пайтгача лойиҳада кўрсатилганидек, гектаридан 20 центнердан ҳосил ололмаган. Фақат қўшиб ёзишлар билангина олдинга силжиш бўлган. Вилоят Амударёдан 5 кубокилометр сув олади, шу сув билан янгидан очилган ерларнинг ҳосилини зўрлаб бўлса-да, планга мос келтириш шартлиги, бугунги раҳбарларни уйдирма маълумотларга йўл қўйишга мажбур қилди. Бу уйдирма Минводхознинг янги ерларни ўзлаштириш нормативларига ҳам киргизилган эди. Лойиҳада бир одамга ўн гектар экиладиган ер тўғри келади, аслида бир одамга тўрт гектардан мос. Балки, очилран майдон эмас, унумдорлик хисобига олинганда тўрт одамга бир гектардан экиладиган майдон тўғри келганда ҳам одамларнинг яшаш шароитлари юкори бўларди.
Ҳозир ҳам қўриқ ерларини очишга жалб қилинганларга бошпана етишмаяпти, қонунсиз посёлкалар қуриляпти. Министр Василевнинг сахийлигидан гектарига сарфланадиган ҳаражат 6 минг сўм ўрнига 8 минг сўмдан ошиб кетди. План бошқа, турмуш бошқа бўлиб чиқяпти. Амударёнинг бўйларида ҳеч қандай планга кирмаган шолизорларни кўриш мумкин. Бу ерлар планга кирмаган, бунинг устига дарёнинг қирғоқларига экилган. Шолига солинадиган химикатлар билан дарё суви заҳарланяпти. Ахир бусиз ҳам Амударёга биргина Сурхондарё вилоятидан 18 та коллектор дренажнинг заҳарли сувлари қуйилаётир. Мелиорация билан шуғулланиш хеч кимни қизиқтирмаётир.
Қашқадарё деҳқончилигини Амударёдан бошқа майда дарёлар ҳам сув билан таъминлаб турибди. Лекин бизнинг сув хўжалигимиз кишиларни ичимлик сув билан таъминлашни эмас, балки биринчи галда пахтага сув етказиб беришни мақсад қилиб қўйган. Қўпчилик қишлоқларда эса халқ булоқ бошида ўтириб мазали сув ичолмаётир. Пачкамар сув омбори атрофидаги аҳолига ичимлик сувнинг зарурлиги бунга мисол.
Бир вақтлар Сурхондарё ва Қашқадарёлар хам Амударёга қуйиб турган… Ҳозир эса аксинча, Амударёдан сув олиниб, пахта экиляпти. Мутасаддилар буни халқнинг озиқ-овкат маҳсулотларига бўлган талаби ошиб бораётганлигидан, уларни иш билан таъминлаш зарурлигидан деб тушунтирадилар. Демограф В. Переведенцев эса Ўрта Осиёда иқтисодий-маданий аҳвол яхшиланиши ўрнига ёмонлашиб бораётганлигини далиллаб беряпти.
Вахшда қурилаётган Роғун сув омбори Орол тугул Амударёни янада ёмон ахволга солиб қўйиши мумкин. Бу сув омборида 250 метр баландликда 19 кубокилометр сув сақланишини ҳисобга олсак, Вахш дарёси бир неча йил шу сув омборини тўлдириш учун оқади, чунки Вахшнинг йиллик сув оқими 30 кубокилометрни ташкил этади. Роғун ГЭСи қурилиши бош инжёнери М. С. Цойнинг айтишига қараганда, сув омбори атрофида 17 минг гектар ерни сув босади, 15,5 минг аҳолини яшаётган элидан кўчириш керак бўлади. Шундай экан, Роғун нега қурилаётир? Жавоб жуда содда. Кучли электр энергияси ва Амударё қуйилишидан 300 минг гектар ерни суғориш учун экан. Германиянинг «яшиллар партияси» вакиллари эса бу сув омбори баландлигини 250 метр эмас, 150 метрга туширишни таклиф қилишди.
Орол денгизига етиб бормаётган сув запаслари кўп. Орол ўз улушини олиши зарур. Одамзотнинг табиат устидан ноқонуний ҳукмронлик қилишга уриниши тўхтатилиши керак. Шундагина экологик офатдан омон қолиш мумкин.
Қорақалпоқ тилидан Ойбек Раҳим таржимаси
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 3–сон
[1] М. К. Александров. Пахта, уни сақлаш ва қайта ишлаш. Тошкент, Ўздавнашр. 1949 йил.