Саидраҳмон Мирзаев. Мироблар — асосий куч (1990)

Мана, Ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон ССР Олий кенгаши Халқ депутатларининг биринчи анжумани ҳам тарихга айланиб қолди. Анжуман кунлари халқ вакилларининг фаолиятини кузатиб ўтирганлар ўзларининг холис ҳукмларини чиқарган бўлса ажаб эмас. Улар узоқ йиллардан буён кейинга суриб келинган масалалар босиқлик билан, катта идрок билан, бугундан кечиктирмай ечилиши зарур эканлигини шубҳасиз англаб етдилар. Умуман олганда, жумҳурият миқёсида Олий кенгаш биринчи марта шундай ошкора, эркин, демократик руҳда ўтишининг ўзи катта гап. Аммо бу ҳали кўтарилган ялпи масалалар эрта ёки индин, биргина халқ депутатларининг шижоати, саъй-ҳаракатлари билан ҳал қилинадиган бўлди, дегани эмас.

Жумҳуриятимизда ўз ечимини кутиб турган муаммоларнинг кўлами шунчалар кўпки, ҳатто мамлакат миқёсидан кам эмас. Шунинг учун ҳам иттифоқдош жумҳуриятлар орасида биринчи бўлиб ўлкамизда президентлик лавозими таъсис этилди. Шундай қилиш айниқса иқтисодий, сиёсий ва миллий масалалар ниҳоятда чатнаб турган бир пайтда жуда ҳам зарур эди.

Маълумки, жумҳуриятимиз иқтисодий, сиёсий ўзгаришлар арафасида турибди. Бўлиб ўтган анжуман ана шу янгича иш юритиш таомили олдидан ўзига хос чамалаш вазифасини ўтади. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозимки, давлат аҳамиятига молик масалаларни ҳал этишда бир мунча бўшанглигимиз аниқ билиниб қолди. Аксарият ҳолларда халқ вакиллари ўзларининг тегишли билим ва тажрибага эга эмасликларини ошкор қилиб қўйдилар. Бу айниқса, жумҳурият Асосий қонуни (Конституцияси)га ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш масаласини кўришда, Ўзбекистон Олий судини сайлаш чоғида яққол кўзга ташланди. Шунинг учун ҳам бу борада қабул қилинган қарорлар аввалгиларидан деярли фарқ қилмади.

Ношукур бўлмайлик, иш бор жойда хато ҳам бўлади. Йўл қўйилган камчиликларни кейинги анжуманларимизда сўзсиз тузатиш имконияти бор. Энг муҳими қонунлар, қарорлар жумҳурият ва унинг аҳолиси манфаатини ўйлаб: уларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиб, келажак нуқтаи назарини кўзда тутиб қабул қилинди. Тан олишимиз керак, булардан ҳам аҳамиятлироқ тадбирларни белгилашимиз мумкин эди.

Айрим депутатларимизнинг Олий анжуман кун тартибида турган масалаларнинг моҳиятини англаб иш тутишларида бироз билимлари, бироз журъатлари етишмади. Бу ҳол Табиат муҳофазаси ва табиий бойликлардан самарали фойдаланиш доимий комиссияси фаолиятида очиқ-ойдин намоён бўлди. Нуқсонларни дарҳол англаб етдик… Тезкорлик билан комиссия аъзолари ўртасида машғулотлар ўтказишга қарор қилинди. Демак, анжуман сабоқлари ибратли бўлди.

Халқ вакиллари келажакда амалга оширилиши лозим бўлган ишларини яна бир марта чамалаб кўриш имкониятларига эгадирлар. Энг муҳими, ноибларимиз парламент ишларини юритиш тартибларини, фикр алмашиш маданиятини ўзлаштириб оладилар, деган умиддамиз. Буларсиз келажакда кўзга кўринадиган ишларни бажариш мушкул.

Анжуман кунлари табиатни муҳофаза қилиш, табиий бойликлардан самарали фойдаланиш ҳақида умумий гаплар жуда кўп гапирилди. Қабул қилинган қарор ҳам ана шу гаплардан ўзгача бўлмади.

Орол денгизи ва Орол бўйи муаммолари яна очиқлигича қолди. Шу ўринда сув хўжалигининг раҳбар ва мутасаддиларини қайта сайлаш, уларни иқтидорига, мавжуд муаммоларга халқчил руҳда ёндашишларига қараб жой-жойига қўйишда демократик имкониятимиздан тўла фойдалана олмаганимизни очиқ айтиб ўтиш лозим. Маълумки, халқ хўжалигининг бу муҳим тармоғида ишловчиларнинг фаолиятига жуда кўп нарсалар боғлиқ. Чунки, ўтган йиллар давомида бу соҳада жуда кўп суиистеъмолликларга йўл қўйилди. Бундан балки кенг жамоатчиликнинг хабари йўқдир. Лекин Орол денгизи фожиаси сабаб — сув иншоотлари қурилиши билан машғул бўлган бир қур оммага умумий аҳвол аён. Минг афсуски, сув хўжалиги вазирлигини сайлаш чоғида ана шу жиҳатларга аҳамият берилмади. Халқ вакиллари ҳам масаланинг моҳиятини тўла англамасдан иш тутдилар. Ваҳоланки, жумҳуриятда сув иншоотлари ва тармоқларини тўғри йўлга солиш — жуда ҳам аҳамиятли масала. Бунга иккинчи даражали иш деб қараш мутлақо ножоиздир.

Мен анжуман минбарида туриб жамоатчиликнинг эътиборини ана шунга қаратмоқчи бўлдим. Ҳозир ҳам ўз фикримда собитман. Гап бу ерда биргина сув хўжалиги вазири этиб сайланган Рим Абдулович Гиниатулин хусусида эмас, аксинча, унинг жумҳурият табиати тушиб қолган ночор аҳволни қандай қилиб бартараф этиш режалари ҳақидадир. Агар вазиримизнинг «Правда Востока» газетасининг шу йил 28 январида босилиб чиққан суҳбати матни билан танишар экансиз, унинг эътибори Орол ва Оролбўйи муаммоларига қаратилмаганига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз. Улкан йиғинда ҳам у мазкур муаммони иложи борича четлаб ўтишга уринди. Демак, мамлакат миқёсида улкан муаммо бўлиб турган Орол масаласига ўз раҳбарларимизнинг назари шунчалар паст бўлар экан, ғойибдан ҳеч қандай мўъжиза кутишимизга ҳожат қолмайди. Эндиликда жумҳуриятимизда Орол денгизи тақдирини бир ёқли қилмай туриб, эзгу ишлардан умидвор бўлишнинг ўзи чўпчакка ўхшаб қолди. Ахир, ҚҚАССР аҳолиси тақдири, Хоразм воҳаси, Бухоро вилоятидаги эзгин табиий аҳволи биргина мана шу масаланинг ечими билан боғлиқ-ку!

Афсуски, вакилларимизнинг аксарияти ҳушёр эмаслар. Мени бир нарса ташвишга солади: ахир, ҳар бир бўлажак депутат сайловолди учрашувларида ўз дастурларини оммага баён қилганларида табиат муҳофазасига, юртимизнинг табиий бойликларига, халқимизнинг сиҳат-саломатлигини таъминлайдиган ҳар бир ишга ўзимни фидо қиламан, деб тўтидай сайраган эдилар-ку! Наҳотки, амалий тадбирлар белгиланадиган вақт етганида халққа берган ваъдаларини эсдан чиқариб қўйган бўлсалар?!

Жумҳуриятимиз муаммолар исканжасида турган бир пайтда сув хўжалиги вазири Орол тақдирини четлаб ўтиб омма эътиборини устакорлик билан бошқа масалага — сув иншоотларини таъмирлаш даврида иқтисод қилинган сувни зор қақшаб ётган Орол денгизига эмас, балки яна 1 миллион гектар ерни ўзлаштиришга йўналтиришга қаратди. Бу усул бир пайтлар Орол тақдирига панжа орасидан қараган Иттифоқ Сув хўжалиги вазирларининг сийқаси чиққан иш усулларини ёдга солмайдими? Ва бу ҳолат халқ тақдири билан мутлоқ ҳисоблашмасликнинг ўзгинаси эмасми? Афсуски, жумҳуриятимиз тақдирига молик сув масаласи кўрилаётганда халқ сайлаб қўйган вакиллар «олма пиш, оғзимга туш» қабилида иш тутдилар.

Мазкур масалалар қизғин муҳокама қилинаётганда САНИИРИ директори Виктор Абрамович Духовний Орол денгизининг ҳалокати муқаррарлигига ҳаммани ишонтирмоқчи бўлган ва бу фожиадан заррача изтиробга тушмаган эди. Аксинча, халқ бошига тушадиган кулфатни қалбан ҳис қилиб, жон-жаҳди билан Оролга кўмак зарурлигини эътироф этганларга қарата беписандлик билан: «Сизларнинг ҳаракатларингиз карвон ортидан ҳуриб қолган кўппакнинг ҳаракатини эслатади», деган эди. Олма узилса ўз тагига тушади, деган гап бор. Мана сизга халқпарварлигу юртпарварлик!.. Биз шундай одамларни қўшқўллаб қулоқнинг бошига — мироб қилиб сайладик!

Ҳозирги пайтда Сув хўжалиги вазирлиги ўтказаётган сиёсат мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилмаган. Масалан, Амударёнинг ўнг қирғоғи йўналиши бўйлаб «Сурхондарё — Орол» зовури ҳалигача лойиҳасиз: 1-босқич лойиҳаси — ТЭО га эга эмас, шунга қарамасдан сув иншоотларини қурадиган — Бухоро ташкилоти Сўх сув омбори қурилиши тўхтатилганига қарамай, «Сел омбори»ни қуриш баҳонасида ишлар давом эттирилаяпти.

Анжуманда, СССР Мелиорация ва Сув хўжалиги вазирлиги номига айтилган ва айтилаётган танқидий муносабатларни тўғри деб биласизми ва уни қандай қилиб, қайси мутахассислар билан тузатмоқчисиз, деган саволга ҳурматли вазиримиз Рим Гиниатулин қониқарсиз жавоб берди. У камчиликларни тўғри деб тан олган бўлса-да, ўтган йиллар давомида айнан ана шу хатоликларга йўл қўйган ўртоқ Шутко ва Сускинларни ўз паноҳидан айирмади. Аниқроғи, келажакда ҳам улар билан иш юритиш мақсадини билдирди. Демак, бу ҳолат яқин орада сув хўжалиги вазирлиги фаолиятида туб бурилиш бўлмайди, деган хулоса чиқаришга асос беради.

Хўш, жумҳуриятимизнинг бу ночор тармоғида иш юритиши мумкин бўлган бошқа мутахассислар йўқмиди, деган савол туғилиши табиий. Бор эди ва ҳозир ҳам етарли. Аммо уларни жўшқин фаолият бағрига торта билиш керак. Биз сув масалалари билан иш кўрадиган мутахассисларга шу нарса аёнки, ўтган 1983 йиллардан бошлаб бу соҳанинг кўпгина етук мутахассисларини йўқотиб қўйдик. Бунга турли сабаблар рўкач қилинди. Соҳанинг етакчи мутахассисларидан саналган фан доктори ўртоқ Н. Р. Ҳамроев, А. Рустамов, У. Муслимов кабилар сабабсиз қувғин қилиндилар. Бугун йўл қўйилган ана шу хатоларимизни тузатиш ҳақида бош қотирмасдан осонгина, мавжуд муаммолар билан шуғулланмаган номзодни вазирликка сайладик. Яна ҳакамлик қилиш вақтнинг зиммасида қолди. Ишқилиб, кутиб-кутиб яна бир имкониятни бой бермасак бўлгани.

Саидраҳмон Мирзаев, Ўзбекистон ССР халқ депутати

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 6-сон