Шариф Юсупов. Ҳофизлар сардори (1990)

…Маҳалладаги тўйда, тавонхонада дунё юзини кўрган мурғак чинқириғи тўй устига тўй қўшиб юборди. Хотин-халаж уни йўргаклаб, бир оғиздан «Тўйчивой, Тўйчивой» деб суя кетдилар. Маҳалла дастурхончиси ва ҳаммом ходимгаридан таваллуд топган, ўзи ҳам эр йигит ёшига етгунча ходимгарликдан бўшай олмаган бу оддий ўзбек фарзанди замонанинг зайли билан фақат Туркистон ўлкасида эмас, аксарият хорижий Шарқ мамлакатларида ҳам ўз хонишлари билан ўн мингларча, юз мингларча тингловчилар қалбини забт этди!

…Тошмуҳаммад ходимгар ўғли Тўйчивойни мактаб ёшига етгач, ўзлари яшайдиган Гулбозор маҳалла масжиди қошидаги мактабга, Абдулла қори қўлига ўқишга берди.

Абдулла қори шарқ классиклари китобларини кўп мутолаа қиладиган зукко зиёли эди. Бунинг устига Фурқатнинг «Саргузаштнома»сида келтирилганидек, эски мактабда Ҳофиз, Саъдий, Жомий, Навоий, Бедил, Фузулий каби забардаст шоирларнинг асарлари ўргатилар эди. Бўлажак ҳофизда форс-тожик, ўзбек, озарбойжон классик шеъриятига иштиёқ ўша вақтлардаёқ туғилган, кенг муҳофаза ва кучли хотира қувватига эга Тўйчивой бу тилларда ўнларча ғазал, мураббаъ, мухаммас ва шеърларни ёдлашда бошқаларга ибрат эди.

Тўйчивой ўқишдан бўш пайтларида ҳозирги Октябр колхоз бозори ёнида жойлашган «Дўппибозор ҳаммоми»да отасининг ходимгарлик ишларига ёрдамлашарди. Ҳаммом эса ғалати жой: унга шоҳ ҳам, гадо ҳам келади. Ўзига тўқроқ одамлар иссиқ ҳаммомдан дарҳол кўчага чиқиб, шамоллаб қолмаслик учун аччиқ чой буюриб, бир-икки соат ҳангомалашиб ўтиришарди. Зийрак Тўйчивой уларнинг гапларига қулоқ солади, айниқса, қаерда, қачон катта сайил ёки тўй бўлишини билиб олади. Чунки у ерларда ҳамиша ҳозиру нозир Исаҳофиз, Мирза қосим, Сайидаҳмад аскиё, Исохон аскиё, Абдулла Фонус, шунингдек, Фарғонадан тез-тез келиб турадиган Мадумар пучуқ, Абдуқаҳҳор, Фарзинча, Макайлик ва бошқаларнинг қўшиқлари, қизиқчилик ва рақсларини томоша қилиш мумкин эди.

Устозларнинг авжи фалакка етгучи хонишлари Тўйчивойнинг оромини ўғирлади. У ўша катта йиғинлардан қайтар экан, эшитган ашулаларини хиргойи қилар, тенгдошлари эса: «Яна айт, яна айт», деб қўйишмасди. Халқда: «Овозинг ашулага ярашини билмоқчи бўлсанг, ҳаммомда айтиб кўр, жарангидан биласан», деган гап бор. Тўйчивойга эса ҳаммом ўз уйидек гап. Уни одамлар келишидан олдин ва ҳамма кетиб бўлгандан кейин тозалар экан, ашулани ванг қўярди. Бундай қараса, овози усулга тушиб, бинойидек ёқимли бўлиб қопти. Бўйи чўзилган сари овози ҳам тўлишиб борди.

Тўйчи ҳофиз (биринчи қаторда ўртада) ўз дўстлари Сафо Муғанний (чап томонда). Ҳожи Абдулазиз (ўнг томонда), Домла Ҳалим Ибодов (иккинчи қаторда чапдан биринчи), Тўхтасин Жалилов, Юнус Ражабий ва Шерозий Ёқубовлар билан бирга (30-йилларнинг ўрталари).

Ходимгар Тўйчи ҳофизнинг халқ ўртасида шуҳрати кундан-кунга ортиб, у ўзининг ота касби билан хайрлашди, жиянлари Шожалил, Шораҳим ва Чимкентдан келган танбурчи Шобаротни ёнига олиб, янги-янги қўшиқлар ижро этиб, тез орада бутун Туркистон ўлкасининг машҳур ҳофизига айланди. Кишилар катта йиғинларга узоқ шаҳарлардан унинг хонишларини тинглашни орзу қилиб келадиган бўлиб қолдилар. Унинг хонишларини турли давраларда эшитган Муқимий, Фурқат каби шоирлар бирин-кетин унинг ижроси учун ғазал, мураббаъ, мухаммаслар битиб берадиган бўлишди. Шунингдек, Тўйчи ҳофизнинг ўзига бағишланган кўп ва хўп шеърлар битилди. Фурқат, Нодим, Хислат, Мутиий, Абулқосим Лоҳутий, Ғафур Ғулом, Чустий меросидаги айрим намуналар шулар жумласидандир.

Фурқатнинг 1890 йилда ёзган ғазалларидан бири Тўйчи ҳофиз номига мувашшаҳ қилинган. Ёш ҳофизнинг никоҳ тўйида шоир шахсан иштирок этгани манбаларда қайд этилади. Ўзбек демократик адабиётининг йирик намояндаларидан Нодим Намангоний эса, Тўйчи ҳофизга эҳтиросли мухаммас бағишлаган ва бу мухаммас шоирнинг «Танланган асарлар»идан ўрин олган.

Ҳофизнинг машҳур шогирдларидан бири Ҳалима Носированинг кейинчалик Тўйчи ҳофизга «XX асрнинг буюк қўшиқчиси» дея берган баҳосининг ҳаққонийлигига тан берасан киши.

Асримизнинг бошида Рига грампластинкалар заводи тарихда биринчи марта ўзбек куй ва қўшиқларини оммавий тарзда чиқаришга бел боғлаб, Тошкентга махсус овоз ёзувчилар бригадасини юборганида, бригада аъзолари, табиийки, ўша даврнинг энг йирик хонандаси Тўйчи ҳофизга келиб учрашган, Туркистон бўйлаб қилинажак сафарда ҳамроҳликни таклиф этган эдилар. Тўйчи ҳофизнинг фидойилиги туфайли Шожалил, Шораҳим, Шобарот, Ҳамроқул қори, Абдулла фонусчи, Набихўжа сингари санъаткорларнинггина эмас, балки Адолхоним, Моҳзодахон, Нетайхон ва бошқа ўнга яқин аёл хонандаларнинг ижролари ҳам граммофон пластинкаларига ёзилиб, Туркистон, Бухоро, Хоразм ва кўпгина хорижий Шарқ мамлакатларига ҳам тарқалган эди. Йирик санъаткор ижодининг тадқиқотчиларидан бири ҳақли равишда таъкидлаганидек, Шарқий Туркистонга Фурқат биринчи бўлиб газеталар олиб борган бўлса, Тўйчи ҳофиз рус техникаси мўъжизаси бўлмиш граммофон ва пластинкаларни илк бор етказган эди.

Тўйчи ҳофиз ўша йилларда ўзбек санъати ва адабиётини кенг тарғиб этишнинг бошқа йўлларини ҳам топди. Дастлаб чинни идишлар тайёрловчи зукко табиатли кишилар билан биргаликда мингларча пиёла, коса ва лаганларга ўзи ижро этадиган қўшиқлардан парчалар ёздириб, уларнинг ҳар бир хонадонга кириб боришига эришди. Кейинроқ эса, шоир дўстлари Хислат ва Сидқий Хондайлиқий ёрдами билан ўзи ижро этадиган қўшиқларнинг матнини тўла келтирган ҳолда қайси куйда ижро этилишини айтиб, 238 саҳифадан иборат ноёб китоб нашр эттирди. Тўйчи ҳофизнинг ташаббускорлиги, фидойилиги туфпйли чиқарилган бу ноёб китоб мусиқашунослар ва адабиётшунослар томонидан қунт билан ўрганилса, бу кўпгина масалаларда янги илмий тўхтамларга келинишига ёрдам бериши мумкин, деб ўйлаймиз.

Беназир санъаткор, санъат ва адабиётнинг фидойи тарғиботчиси Тўйчи ҳофиз халқнинг аксар қисми оч яшаётган шароитда хонандаликдан келган даромад билан камсуқумгина ҳаёт кечирар, унинг бутун бойлиги қўшиқлари эди. Бунинг устига шундай бир шароитда унинг умр йўлдоши Зебинисо оламдан ўтди. Оиладаги беш фарзандга у ҳам ота, ҳам она бўлиб қолди. Энди ҳофиз хазинасида «Баёт», «Ушшоқ», «Гиря», «Нолиш» каби юракларни зардобга тўлдирувчи қўшиқлар кўпайиб борди.

Кунлардан бирида Шаҳрихонга катта йиғинга таклиф этилди. У ижро этган хонишлар мухлисларини шу қадар сархуш этган эдики, машҳур косиб Зияфаранг ўртага чиқиб: «Халойиқ, ўзларингиз биласизлар, бўйи етган зебо заифам бор, совчилар эшигим зулфини бузишаяпти. Ҳаммасига рад жавобини бериб келдим. Энди шу қизимни, агар рози бўлса, Тўйчихонга узатаман. Қизим йўқ демаса керак. Бундан ортиқ қаллиқ қаёқда дейсиз», деб юборганини ўзи билмай қолди. Ўша давр таомилига бир тарз зид ҳисобланган бу гапни эшитиб, оломон бир лаҳза ҳайрон бўлди. Шунда ўзига тўқ бир кекса одам: «Хўп бўлади. Мен қайнота бўлиб, келинни уйимга тушираман. Барча тўй харажатлари ҳам зиммамда. Тўйчихон Шаҳрихонга куёв бўлиб, тез-тез келиб туриши ҳаммамиз учун катта бахт», деди.

Уч-тўрт кундан сўнг тўй бўлди. Шаҳрихон гўзали Отинчахон Тўйчи ҳофизнинг фарзандларини оқ ювиб, оқ таради. Улар яна уч ўғил, икки қиз кўрдилар.

Инқилобдан сўнг машҳур халқ ҳофизи ўзбек совет санъати бешигини тебратганлардан бири эди. Унинг Ҳамза Ҳакимзода, Маннон Уйғур, Қори Ёқубов, Сафо Муғанний, Ҳожи Абдулазиз, Домла Ҳалим Ибодов ва бошқа санъаткорлар, В. Успенский, Н. Миронов, Р. Глиэр, С. Василенко каби рус бастакор ва мусиқашунослари билан ҳамкорлиги ажойиб самаралар берди. У дастлабки ўзбек музикали драмалари ва операларининг яратилишида асосий маслаҳатчилардан бири бўлди, ўзининг ва бошқа хонандаларнинг овозларини нотага ёзиб олишда жонбозлик кўрсатди, инқилобдан кейинги дастлабки ўн йил ичида театрда, 1927 йилдан умрининг охирига қадар Ўзбекистон радиосида етакчи хонанда бўлиб ишлади.

Тўйчи ҳофизнинг шогирдларини санаб адо қилиш қийин. Афсонавор мақом усталари Юнус Ражабийдан тортиб Муҳаммаджон Каримовгача, овози фалак авжини кўзлаган Жўрахон Султоновдан тортиб Акбар Ҳайдаровгача бўлган ялла усталари, халқ куйларининг тенгсиз ижрочилари ака-ука Сўфихоновлардан тортиб Назира Аҳмедовагача, Ризқи Ражабий ва Ориф Қосимов сингари соз сеҳргарларигача — бари-бари Тўйчи ҳофиз яратган улкан мактабнинг истеъдодли талабаларидир.

Ҳофизнинг халқ олдидаги улкан хизматлари партия ва ҳукуматнинг ҳамиша эътиборида бўлди. Шуни айтиш кифояки, Ҳамза Ҳакимзодага Ўзбекистон ССР халқ ёзувчиси унвони берилган йили Тўйчи ҳофизга Ўзбекистон ССР халқ ҳофизи, Меҳнат Қаҳрамони фахрий унвонлари берилди.

Тўйчи ҳофиз бошлаган ишни унинг жиянлари Шораҳим, Шожалил Шоумаровлар, Шоқосим, Шоолим, Шоакбар Шожалиловлар, Абдумутал Абдуллаев ифтихор билан давом эттирдилар. Улуғ ҳофизнинг фарзандлари Абулқосим ва Эркин ўзбек давлат концерт бирлашмасида, неваралари Ўткир Тўйчиев ўзбек академик опера театрида, Маъмура Жабборова «Шодлик» ансамблида, Темур Маҳмудов Юнус Ражабий номидаги мақом ансамблида хизмат қилмоқдалар.

Ўзи қолдирган ҳайратомуз бой қўшиқ мероси билан, етиштирган юзлаб шогирдлари, невара-шогирдлари билан Тўйчи ҳофиз ҳануз халқ наздида ҳофизлар сардори бўлиб қолмоқда.

Шариф Юсупов

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 1-сон