Тил — онгнинг, ёзув ва китоб эса ҳар иккаласининг амалий, ҳақиқий ифодаси эканлиги азалий ҳақиқатдир. Шу жиҳатдан миллий тил ва ёзув битилган китобларни шунчаки саводхонлик белгиси деб изоҳлаш, нари борса, бир ёқламалик бўлур эди: аслида уларни муайян миллатга мансуб кишилар тараққиётининг асосий шартларидан бири сифатида баҳоламоқ зарур. В. И. Лениннинг миллий масалага доир назарий мероси, миллатлар ва тиллар тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш юзасидан берган амалий маслаҳатлари ҳам шундай хулоса чиқаришга даъват этади.
РКП(б)нинг X, XII съездлари миллий масала юзасидан қабул қилган ленинча қарорлар туфайли жойларда миллий тилларда ўқиш-ўқитиш йўлга қўйилди. ВКП(б) Марказий Комитетининг «Бошланғич ва ўрта мактаб тўғрисида»ги 1931 йил 25 август қарорида бу ҳақда шундай дейилади: «… она тилида ўқитиш Совет Иттифоқининг маданий жиҳатдан энг қолоқ бўлган халқларини қамраб олди ва у 70 тилда огиб борилмоқда». Шу билан бирга Марказком техникум ва олий мактаб учун фан асосларини (физика, кимё, математика, она тили, география ва б.) яхши биладиган тўла саводли кишиларни тайёрлаш масаласи қониқарсиз қал этилаётганлигини уқтирди.
Ўз-ўзидан равшанки, таълим-тарбия тармоғи Ватанга саводхон кишиларни етказиб бермоғи учун билимнинг барча соҳаларига оид китобларга бўлган эқтиёжни қондириш талаб этилади.
1922 йилнинг охирида Москвада Шарқий Марказий миллий нашриёт, 1924 йилда эса СССР халқлари Марказий нашриёти — «Центриздат» тузилиб, оммавий-сиёсий, қишлоқ хўжалиги, илмий ва ўқув адабиётларни миллий тилларда чиқариш бирмунча тартибга солинди. «Центриздат» ўз нашрларини 1924 йилда 25 тилда чоп этган бўлса, 1928 йилга келиб у 51 тилда 4 миллион нусха дарслик ва ўқув қўлланмаси етказиб берди.
Миллий ўлкаларда ҳам ноширлик иши социалистик негизда қайта қурила бошлади. Масалан, Туркистон АССРнинг Миллий ишлар халқ комиссарлиги ҳузуридаги нашриёт бўлими ўзбек, тожик, қирғиз, туркман, қозоқ тилларида варақалар, рисолалар чиқаришни йўлга қўйди.
Бироқ, минг афсуски, «миллатлар отаси» И. В. Сталиннинг мамлакат раҳбариятидаги ўриндиғи дахлсиз бўла боргани сари ленинча сиёсатни унутиш шунчалик шафқатсиз тус олаверди. Мавзу доирасида шуни айтиш кифояки, 50-йилларга келиб ўқиш-ўқитиш ишлари атиги 50 тилда олиб бориладиган бўлиб қолди, яъни йигирма йилда 20 миллат на элат ўз фарзандларини она тилида тарбиялаш имкониятидан маҳрум бўлди. 1928—1940 йилларда алифбесини аввал лотин, сўнгра рус графикаси асосида «яратиш» оқибатида савод такрор-такрор хиралашаверган, эндиликда ҳатто тарихига, маданиятига тиши ўтмайдиган халқлар, жумладан Ўрта Осиё, Қозоғистон, Озарбойжоннинг туб жойли аҳолиси қам генералиссимус ва унинг гумашталарига «хокисорлик» лаънатини ёғдирмоқдалар.
Миллий тилларнинг келажагига тўсқинлик, яъни уларга паст назар билан қараш, юқорида айтилганидек, 50-йилларда «юксак чўққига» кўтарилди. «Печать СССР за 40 лет» (Москва, 1957) китоби маълумотларида бунга яққол ишонч ҳосил қилиш мумкин. Агар 1956 йили мамлакатда босилган китоблар номи 1925 йилдагига нисбатан 171,2 фоиз кўпайган бўлса, русчадан бошқа тилларда чоп қилинганлари 162 фоиз ўсди. Соддароқ айтганда, бу тилларда адабиёт чоп этиш аҳоли сонининг ўсиш суръатларидан сезиларли даражада паст бўлди, кескин камайди. Республикамиз мисолида уни тағин қам аниқроқ тарзда изоқлаш мумкин. Ўша йили Ўзбекистон ССРда 1396 номда китоб босиб чиқарилган бўлса, бунинг 721 таси рус тилида, 675 таси ўзбекча, яъни она тилимиздаги адабиётлар русчадагидан 46 номга кам эди.
Сталинча бедодлик даври ўтиб кетганидан сўнг занг қоқишга ҳожат борми, дегувчилар ҳам топилади. Аммо шуни унутмаслик керакки, «халқлар доҳийси»нинг тутими яна узоқ йиллар ҳукмрон бўлиб қолди. Н. С. Хрушчев ва Л. И. Брежнев оғизда уни қоралаганлари қолда «ягона тил»нинг афзалликларини «исботлаш» мусобақасида мислсиз поғоналарга кўтарилдилар. Бунинг ҳосиласи ўлароқ яна 11 тил мактаблардан сиқиб чиқарилди ва 80-йилларга келиб, ўқиш-ўқитиш асосан 39 тилда олиб бориладиган бўлди. Шунга мувофиқ, ноширлик планлари ҳам «ихчамлаштирилди». Айтайлик, 1986 йили республикамизда чоп этилган китоблар, рисолаларнинг 44,5 фоизи, журналлар ва бошқа даврий нашрларнинг (газеталардан ташқари) 35,6 фоизи ўзбек тилида чиқди, холос («Народное хозяйство Узбекской ССР за 70 лет Советской власти», Тошкент, 1987). Ижтимоий адолат ва миллий тенгҳуқуқлик қонунларига кўра, аксинча бўлиши — республика ақолисининг 75 фоизи ўзбеклар эканлиги эътиборга олиниши шарт эмасмиди?
Бугунга келиб йўл қўйилган даҳшатли хатонинг (ҳам тарихий сабоқнинг) илдизларию сабабларини ахтармоқдамиз. Адолат билан ҳукм чиқарганда, бутун айбни «юқорига» ағдариш билан ўзимизни юпатишимиз ҳам инсофдан эмас, ўша «юқори»нинг йўталини республикага момоқалдироқ мисол қилиб етказадиган «арбоблар» кўпайиб кетган эди. Ўшаларнинг саъй-ҳаракати натижасида ўзбек тилига эҳтиёж сусайиб, русча нашрларга талаб ортаётганлиги «ҳар томонлама асослаб берилди». Чунончи, 1970—1979 йилларда мамлакатимиз бўйича рус каломида эркин сўзлайдиганлар (руслардан ташқари) олдингидан 12 фоиз ортгани ҳолда Ўзбекистон ССРда бу кўрсаткич 39,9 фоизни ташкил қилди ва шу жиҳатдан биз ҳеч иккиланмай славянларга (украинлар, белоруслар) тенглашиб қолдик, яъни қўшиб ёзишлар даврининг ўша аҳоли рўйхатида ўзбекларнинг ярмидан кўпи русчада бемалол гаплашиши, билим олиши, ижод қилиши мумкинлиги қайд этилди. Аммо муҳими сўнгги хулоса: кимки мансаб, мол-мулк, беш кунлик ишрат ниятида интернационализмни сохта ниқоб этиб, ўз халқининг маданияти билан ўйнашган, унинг тили, урф-одатларини чеклашга йўл очган бўлса, тарихнинг энг қора саҳифаларини эгаллади.
Муаммолар ҳали кўплигини, партиямизнинг демократияни чуқурлаштириш, ошкораликни янада кенгайтиришга қаратилган сиёсати туфайлигина улар хусусида муфассал муҳокама юритиш имконига эга бўлганлигимизни ёддан чиқармаслигимиз жоиз. Тил, китоб ва савод масаласида тўхталаётган эканмиз, СССР Министрлар Совети органи бўлмиш «Правительственный вестник» ҳафталиги (1989 йил, 6-сон)да босилган рақамларни тилга олмасдан бўлмайди. Улардан англашиладики, рус тилида ўқийдиган болалар миллий тилларда таълим оладиган тенгдошларига нисбатан дарсликлар билан дуруст таъминланган. Масалан, кимё, чизмачилик, математика, биология фанлари дарсликлари рус мактабларида 0,6—1,5 фоиз ўқувчиларга етишмаганлиги ҳолда миллий мактабларнинг 5,3—10,7 фоизи шу хил китобларга муҳтож.
Рақамлар замиридаги ҳақиқатни билишга интилар эканмиз, республикамиздаги вазият янада чигаллигини тан олмасдан илож йўқ. Бир томондан, пахта якка зироатчилиги, иккинчи ёқдан, дарслик ва қўлланмалар етишмаслиги натижасида, нари борса, еттинчи-саккизинчи синф ҳажмида савод чиқарган ўғил-қизлар техникумлар-у, олий ўқув юртларининг талабалари бўлаверишди. Русчани-ку қўя туринг: улар ўз она тилисида — ўзбек адабий тилида ярим-ёрти сўзлашадилар. Оқибатда олий мактаб орқали халқ хўжалигига етказиб берилаётган мутахассисларимиз техникум битирувчиси даражасидан, техникум ҳужжатини олаётган ёшларимиз эса, ҳунар-техника билим юрти ўқувчиси савиясидан ошиб ўтолмаяптилар.
Тўғри, ўрта махсус ва олий таълим тармоғини бугуноқ тўласича миллий тилларга кўчириш керак, дея шарт қўйиш бургага аччиқ қилиб кўрпага ўт қўйишдек гап. Негаки, машинасозлик, электроника, транспорт каби қатор соҳаларда аввало шу тилларда ўқитиладиган ва ўқита оладиган домлаларни тайёрлаш, айни чоғда дарсликлар-у, қўлланмаларни нашр этиш зарур. Ўзбекистон ССР халқ таълими министри ўринбосарлари М. Қорабоев ва М. Науменконинг гувоҳлик беришларича («Правда Востока» газ. 1989 йил, 7 апрель), Тошкент давлат политехника институти ўқитадиган 72 хил мутахассисликнинг ҳар қайсиси учун 4—5 номдаги асосий ҳамда 10—12 номдаги ихтисослашган дарслик, қўлланма талаб этилар экан. Мухтасар айтганда, бу ерда барча мутахассисликларни ўзбекча ўқитишни йўлга қўймоқ учун 1008— 1224 номдаги китобни шу тилга ўгириш лоэим. Бироқ бу умидсизлик туғдирмаслиги, аксинча, имкониятларни излаб кўришга ундамоғи даркор. Қаловини топсанг — қор ёнар, деб бежиз айтмаганлар-ку. Масалан, тармоқдаги ишга нафи кам тегадиган бўлинмаларни қисқартириш эвазига Халқ таълими министрлигининг ўзида лаёқатли муҳаррирлар, малакали таржимонлар гуруҳини тузиш асло қийинчилик туғдирмайди.
Техника фанларига оид китобларни миллий тилларда кўплаб чиқаришнинг ўнғайсизликлари ҳам бор, албатта. Бироқ юзлаб чизма, минглаб ҳар хил формула ва тенгламаларни ўз ичига оладиган, оддий матнли ижтимоий-сиёсий адабиётни етарли даражада чоп этишга нима халал беради? Шу ўринда яна бир тарихий ҳужжатга назар ташлайлик. Партиямиз Марказий Комитети «Нашриёт иши тўғрисида»ги қарори билан Маркс, Энгельс, Лениннинг асосий асарларини миллий тилларда нашр қилишни йўлга қўйиш керак, деб вазифа белгилаганига 58 йил тўлаяпти. Хўш, ушбу банддан келиб чиқадиган ишлар қай тарзда бажарилди?
В. И. Ленин тўла асарлар тўплами 55 томга жамлаб чиқарилганлигининг аҳамиятини сўз билан ифодалаб бўлмайди. У она тилимизнинг имкониятлари нақадар кенглигига, буюклигига ёрқин исбот ҳамдир. Лекин К. Маркс ва Ф. Энгельсдан ҳеч бўлмаса ҳаммабоп 9 томни (12 китобни) ўзбекчада чиқаришга жиддий киришилмаётганлиги кишини ажаблантиради.
Ижтимоий фанларни, жумладан КПСС тарихини ўрганишдаги ҳангомалар ҳозир ҳеч кимга сир эмас. Яхшиямки, «ВКП(б) тарихи қисқача курси» андозасида қоралаб ташланган «илмий асарлар»ни қироат қилавериш оқибатида манқуртга айланишимизга бир бахя қолганимизда вақтли матбуот жонимизга оро кирди. Аммо тарихимиздаги «қора доғлар»ни оқартувчи янги материалларнинг деярли ҳаммаси ҳали рус тилида. Шундай экан, нашриётларимиз топшириқ кутиш тарки одатидан узил-кесил қутулишлари, Москва, Ленинграддаги ҳамкасбларидан ўрнак олишлари лозим. «Высшая школа» салкам 37 босма тобоқли — «Учат уроки истории»ни, «Лениздат» «Страницы истории»ни ва бошқаларни матбуот материаллари асосида тўплаб чиқара олди-ку.
Республикамиз ноширлик ишида ижтимоий, иқтисодий, сиёсий мавзудаги илмий ёки бадиий публицистика намуналарини китобхонларга яхлит ҳолида етказиб беришга эътибор суст, десак ғирт ёлғон бўлади. «Ўзбекистон» нашриёти фақат ўтган йилнинг ўзида долзарб масалаларни қамраб олган бир қанча тўплам, жумладан, «Обновление», «За социальную справедливость», «Первые шаги» каби китобларни етакчи газеталаримизнинг материаллари асосида чоп этди. Лекин сарлавҳалардан пайқаб олдингизки, улар ҳам рус тилида бўлганлиги учун китоб магазинлари жавонларида харидор пойлашга маҳкум. «Меҳнат» нашриёти 1987 йили «Уроки хлопкового поля» китобини чиқараётганида қайси тоифадаги ўқувчиларга мўлжаллаганлигини билиш айниқса муҳимдир. Дарҳақиқат, у кимга аталган: пахта якказироатчилигини тугатиш йўлларини излаётган деҳқонларимизгами, қишлоқ хўжалиги ўқув юртларининг талабаларигами ёки… шунчаки ҳисобот учунми?
Қисқаси, умумий саводхонликни ошириш вазифаси, биринчидан, Ўзбекистон ССР Халқ таълими министрлиги ҳамда нашриёт, матбаа ва китоб савдоси ишлари давлат комитети раҳбарларининг эҳтиёжларини қалбан тушунишларини, иккинчидан, муаллифликка лаёқатли зиёлилар ва илмий идрокка қурби етадиган ноширларнинг мустаҳкам ҳамкорлигини тақозо этади. «Ўзбек тили» программасида бу ҳол алоҳида акс эттирилиши, айни чоқда бошқа тиллардан ўзбекчага таржима қилувчи моддий-маънавий жиҳатдан асло камситилмаслиги, нашриёт, матбаа ва китоб савдоси давлат комитети тасарруфида уларнинг муаммолари, режалари билан мунтазам қизиқиб борадиган бўлинма очилиши зарур. Бунда хаёлий важ-карсонларга эмас, балки реалликка асосланиш ва ўғил-қизларимиз аввало она тилига меҳр қўйсаларгина рус тилининг, билимнинг, социалистик қадриятларимизнинг бебаҳолигини тушуниб етишларини унутмаслигимиз ҳам қарз, ҳам фарз.
Нарзулла Аҳмедов, Алишер Навоий номидаги СамДу доценти, тарих фанлари номзоди
Абдураҳим Убайдуллаев, СамДУ ўқитувчиси
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 11-сон