Наим Каримов. Ҳамзани ким ўлдирган ёхуд Шоҳимардоннинг қора баҳори (1991)

Шоҳимардон! О, тоғлар қўйнида пинҳон,
Гўзал диёр, кўксингда даҳшатли, аччиқ
Қандай қонли сирлар бор?..
Юрак зирқирар
Босади хотиралар — қора босириқ…
Ойбек.

Кишиларни ларзага келтирган ҳар қандай воқеа йиллар карвони ўтиши билан, қор қатламлари остида қолган қабрдек, ўзининг даҳшатли садосини йўқотади. Бора-бора кишилар уларни тарих учун катта эътиборга молик бўлмаган оддий бир воқеа сифатида идрок этадилар.

1929 йил баҳорида Шоҳимардонда бўлиб ўтган ва узоқ йиллар мобайнида ўзбек халкини ҳаяжонга солган воқеа бугунги ташвишли ва серғалва давр учун, эҳтимол, у қадар аҳамиятли эмасдир. Зеро, орадан бор-йўғи саккиз йил ўтгач, бир эмас, ўнлаб адабиётимизнинг азамат чинорлари она заминдан қўпориб ташланди; ўша мудҳиш йилда ва кейинги катағон-сатағон йилларда эса юзлаб ва минглаб кора кўзлар авжи нурга тўлган бир пайтларнда ноҳақлик ва туҳмат қурбони бўлдилар. Ана шундай тарихий манзарада бундан олтмиш икки йил муқаддам рўй берган фожиага яна эътиборни қаратиш, балки, тўғри эмасдир.

Лекин инсон табиати қизиқ. Уни орада ўтган даврлар ҳам, бошқа муҳимроқ бўлган воқеалар ҳам баъзан қизиқтирмай, у чала айтилган ҳақиқатни билишга, ўша воқеани ўзига ҳамоҳанг бўлган воқеалар маржонига теришга ва тарихнинг қандайдир сирли ҳаракатини англашга интилади.

Бир пайтлар — биз мактаб ва олий ўқув юртида таҳсил кўрган йилларда — Ҳамзанинг ўлимида инглиз жосуслари ва умуман, жаҳон империализмининг қўли борлиги айтилар эди. Ҳамзашунос Юсуф Султоннинг 1949 йилда чоп этилган рисоласида эса инкилоб куйчисининг «бир тўда қутурган халқ душманлари, буржуа миллатчиларидан мадад олган қора кучлар» томонидан ўлдирилгани ҳақида маълумот берилган. Халқ орасида эса шу кеча-кундузда ҳам Ҳамзанинг аёллар бобидаги қилмишлари учун тошбўрон қилинганлиги тўғрисида миш-мишлар юради.

Хўш, аслида 1929 йил баҳорида Шоҳимардонда қандай фожиа рўй берган?

Шоҳимардон мозори

Ривоятларга кўра, бундан қарийб беш ярим аср муқаддам Шоҳимардон қишлоғида ҳазрат Алининг қабри пайдо бўлган ва мусулмон олами учун мукаддас бўлган бу маскан яқин атрофдаги шаҳар ва қишлоқларда истиқомат қилувчи кишиларнинггина эмас, ҳатто Яқин Шарқ халқларининг ҳам зиёратгоҳига айланган.

Тарихий манбаларда айтилишича, халқ ўртасида ҳазрат Али номи билан машҳур бўлган Али ибн Абу Толиб хулафо ар-рошидин, яъни ҳақ йўлидан борган халифаларнинг тўртинчисидир.

656 йилда халифа Усмон ўлдирилгач, Али Мадинада халифалик ҳокимиятини ўз қўлига олган. Аммо халифа Усмон тарафдорлари исён кўтариб, Алига қарши кураш бошлашган. Али 656 йил декабрида Басра бўсағаларида бўлиб ўтган «туялар жанги»да исёнчиларни тор-мор этганига қарамай, улар томонида бўлган Сурия ҳокими Муовия узок йиллар давомида Алига каршилик кўрсатган. Али тахт учун курашда Муовия устидан ғалаба козона олмагач, у билан сулҳ тузишга мажбур бўлган. Бироқ Алининг бу хатти-ҳаракатидан норози бўлган 12 минг лашкардан иборат кўшини уни тарк этган. Али бошига тушган савдолар шу билангина ниҳоя топмай, унинг тарафдорлари икки қутбга ажралиб, уларнинг бири — хорижийлар Алига карши муросасиз курашда уни ўлдирганлар. Бу фожиа 661 йили содир бўлган. Алининг жасади фожиа рўй берган шаҳар — Кўфада дафн этилган.

Али ислом тарихига энг фожиали сиймолардан бири сифатида кирган. Унга бўлган муносабат бир хил эмас. Агар суннийлар уни ҳақ йўлидан борган тўрт халифанинг бири, художўйлик ва олижанобликнинг тимсоли бўлган оддий инсон сифатида эътироф этсалар, шиалар эса унинг сиймосини илоҳийлаштирадилар. Али улар наздида ҳатто Муҳаммад пайгамбардан ҳам улуғроқ сиймодир. Улар бу ҳолни Алининг Оллоҳ-таолога алоҳида ришталар ёрдамида боғланганлиги билан изоҳлаб, мусулмон жамоасига раҳнамолик килиш ҳуқуқини фақат унга берадилар.

Кўпгина ислом мамлакатларида Али, унинг Дулдули ва зулфиқори тўғрисида хилма-хил афсоналар юради. Ўрта Осиё халқларида мавжуд бўлган ривоятга кўра, Алини дафн қилиш маросимида унинг еттита тани борлиги маълум бўлган ва бу жасадлар етти жойга дафн этилган. Шу ривоятга кўра, унинг еттинчи қабри Шоҳимардоннинг хушманзара манзилида бўлган.

Тарихий Алининг қабри Арабистоннинг Кўфа шаҳрида эканлиги мусулмон оламига сир эмас, албатта. Аммо бу ривоят аҳолини ўз таъсирига олиш, унда фақат Алига эмас, балки чорёрлардан, хусусан, Алининг ўзидан тарқалган хўжалар кавмига нисбатан ҳам эътикод уйғотиш ниятида тўқилган. Ҳатто бу манзил Али авлодидан бўлган Шоҳимардоннинг исми билан аталиб, унинг ўз аждоди изидан келганлиги ва унинг қабрини зиёрат этганлиги ҳақида ҳам ривоят яратилган. Ушбу ривоятларнинг элдан-элга, юртдан-юртга кўчиши натижасида Шоҳимардон Ўрта Осиё мусулмонларининг муқаддас масканига айланган.

Хуллас, ҳазрати Али ётган тупроқни зиёрат этиш учун 30-йилларга қадар ёз фаслида, хусусан, июн-октябр ойларида бу ерга 15—16 мингга қадар зиёратчи келган. Уларнинг аксари бирор дардига шифо топиш, фарзанд кўрмаган аёллар фарзандли бўлиш умидида келганлиги сабабли мозор аҳли зиёрат ойларида катта фойда кўрган. Бу фойда зиёратчилар тўлқинининг мавжига караб 20—30 минг сўм атрофида тебраниб турган. Шоҳимардон аҳли эса зиёратчиларга ўрин-жой берганлари эвазига яна 30 минг сўм миқдорида даромад олган. Бундан ташқари, яна бошка турли-туман даромад манбалари ҳам бўлган. Хуллас, Шоҳимардон хўжалари бир фаслда 80 минг сўмлик даромадга эга бўлганлар.

Зиёратчиларга хизмат қилиш ва улардан келган даромадни тақсим этиш «маданияти» узоқ йиллар давомида шаклланиб, шайхлар орасидан мозорнинг мутаваллиси сайланган. Бу мутаваллинимг ёрдамчиси ҳам сайланиб, мозор калиди унинг ихтиёрида бўлган. Кейинчалик мутавалли лавозими авлоддан-авлодга мерос сифатида ўта берган ва кексайган мутавалли вафоти олдидан ўз вазифасини кимга раво кўриши тўғрисида васият ёзиб қолдирган. Шу тарзда Шоҳимардон руҳонийлари орасида нуфузли хўжалар авлоди пайдо бўлган ва улар қаерда яшашларидан қатъи назар мозордан келган фойданинг ягона эгаси бўлганлар. Бу тартиб қатъий тус олгани сабабли Шохимардоннинг бадавлат хўжалари Марғилон, Чимён, Новқат каби шаҳар ва қишлоқлардан хам ер-сув сотиб олиб, ўша жойларда кун кечира берганлар.

1929 йилда ана шундай хўжалар 124 нафар бўлиб, улардан фақат 42 тасигина Шоҳимардоннинг ўзида жойлашган. Шоҳимардондан четда яшаган хўжалар ҳазрати Али мозорига келганларида, қариндош-уруғларининг уйида яшаб, диний одатларни бажо келтирганлар. Бошқа руҳонийлар мозор яқинидаги тепа уйларда маълум маблағ эвазига яшаб, мозордан тушган даромаддан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаганлар. Оддий зиёратчилар эса пастликда жойлашган хўжа ва шайхларнинг уйида 10—15 талаб яшаб, ижара ҳақи тўлаганлар; авлиё шарафига таом тайёрлаб, уни хўжаларга берганлар; қўй сўйиб, терисини шайхларга инъом этганлар. Шайхлар шу териларнинг ўзидан кунига 40—50 сўм атрофида фойда кўришган.

Босмачилик ҳаракати авж олган йилларда зиёратчилар оқими камайиб, хўжалар катта даромад манбаидан махрум бўлдилар. Аммо улар янги тарихий вазиятдан ҳам фойдаланиш йўлини топдилар: улар босмачиларга муқаддас сўзлар ёзилган туморлар ясаб, қизиллар ўқидан ва турли-туман балолардан «асровчи» бу туморларни пуллашга киришдилар. 1925 йилдан эътиборан эса ўлкада тинчлик ўрнатилиши сабабли Шохимардон яна зиёратчилар билан гавжум бўла бошлади.

Хуллас, хўжалар бирор тайинли меҳнат билан шуғулланмаган бўлсалар-да, ана шу тоифа даромад оркасида инқилобга қадар Шоҳимардондаги барча ҳосилдор ва ҳушманзара ерларни ўз тасарруфларига олган, моддий жиҳатдан аҳолининг бошка катламларига нисбатан ҳар томонлама таъминланганлари учун ўзларини улардан устун деб ҳисоблар эдилар.

Ўша пайтларда мозорга кириб қолган киши бир нарсадан ҳайратланмаслиги мумкин эмас эди. Мозор атрофидаги уйларнинг бўғотларидан тортиб қабр ораларидаги дарахтларнинг шох-шаббаларига қадар ҳамма жойга қўтос думлари осилган бўларди. Ривоятларга кўра, ҳазрати Али ҳаётлик чоғида Шоҳимардон яйловларида шу қўтослар ўтлаб юрган ва авлиё улар гўштини тановвул қилган экан. Мозорга қўтос думини осишга ҳазрати Алига содиқлик белгиси деб қаралар ва ким қандай ниятда дум осган бўлса, ўша одамга ҳазратнинг руҳи мададкор деб саналар эди. Шунинг учун ҳам мозорга оқ думларни осиш муқаддас диний маросим тусини олган, қўтос думи эса Шоҳимардон мозорининг рамзига айланган эди.

Ҳамза Шоҳимардонда

Оқ подшонинг ҳукмдорлик йилларида Шоҳимардондаги ҳаёт тарзига бўлган муносабат ҳеч бир ўзгармади. Ўлканинг диний бидъат ва хурофот иқлимида яшашидан манфаатдор бўлган чоризм Шоҳимардондаги шайхлар ва хўжалар топаётган даромадга ҳам, мозорнинг жаҳолат ўчоғига айланганига ҳам заррача эътибор бермади. Бу ҳол инқилобдан кейин ҳам давом этди. Борди-ю, ватандошлар уруш йилларида Шоҳимардон Кўршермат ва Мадаминбек сингари кўрбошиларнинг оромгоҳи бўлмаганида, улар шайхлардан моддий ва маънавий мадад олмаганларида 20-йилларда хам бу ерга Октябр шабадаси эсмаган бўлармиди? Худди шу ҳол — Шоҳимардоннинг босмачилик ҳаракати йилларида инқилобнинг ўзга соҳилида бўлганлиги 1928 йил августида жумҳурият раҳбар ташкилотларининг эътиборини қаратди.

1928 йил августининг бошларида Олтиариқ депара ижроия қўмитасининг жумҳурият президенти Йўлдош Охунбобоев иштирокида пленуми бўлиб ўтди. Пленум қарорига биноан Шоҳимардонда бидъат ва хурофотга қарши чора ва тадбирларни амалга оширувчи комиссия тузилиб, унда жумҳурият Марказий Ижроия Қўмитасининг таклифи билан қатнашган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий комиссияга инспектор (бошлиқ) сифатида киритилди. 10 август куни эса Шоҳимардонга Йўлдош Охунбобоев ва бошқа раҳбарлар билан бирга Ҳамза ҳам етиб келди.

Шоҳимардонда 1924 йили ташкил этилган битта кундузги, битта кечки синфга эга бўлган икки хонали мактаб бўлиб, бу мактабдаги ўқиш ҳам ўлда-жўлда эди. Шу мактабдан бошка бирор маданий-оқартув биноси бўлмагани учун мажлис аҳли шу ерга тўпланиб, қишлоқ шўроларининг диний бидъатга қарши кураш, артеллар тузиш ва бошқа маданий-ижтимоий тадбирларни амалга ошириш бўйича вазифаларини белгилаб берди.

20-йиллардаги Шоҳимардоннинг юраги мозор бўлгани, бу мозорни текин даромад манбаига айлантирган хўжалар эса унинг қудратли посбонлари бўлганлиги учун уларга қарши курашмасдан туриб, жаҳолат уясини тугатиш, маърифат ва маданият ниҳолларини экиш мумкин эмас эди. Шунинг учун бўлса керак, Ҳамза Шоҳимардондаги фаолиятини мозорни тугатиш, хўжаларни текин даромаддан маҳрум этишдан бошлашга киришди.

Бугунги кунга келиб, Ҳамза ўзбек маданиятининг улуғ сиймолари сафидан ўрин олган бир даврда унинг ижодий ва ижтимоий фаолиятини ҳаддан зиёд кўпиртириб тасвирлаш оддий ходиса бўлиб қолган. Ана шу тамойил таъсирида 20-йилларда Ҳамза билан учрашган замондошларимиз ҳам ўз хотираларини Ҳамза фойдасига безашга уриндилар. Натижада, на уларнинг хотираларига, на бу хотираларга таяниб илмий фикр юритган олимларга тўла ишониб бўлмайди. Шунинг учун ҳам Хамзанинг Шоҳимардонда олиб борган фаолияти тўғрисида сўз юритганда, фақат ўша давр ҳужжатларигагина таяниш мумкин.

Ҳамза 1928 йил 25 сентябрда журналист Комил Алиев номига йўллаган мактубида, хусусан, бундай ёзади:

«Ўзинг кўрган дастархони силлиқ Исмоил мутавалли ва унинг марказдан тортиб мойлаган кекирдаклари билан очиқдан-очиқ курашмоқ жудаям қийинларини мушкули эди… На илож, олдимда бўладурғон ҳужумларни кўзда тутуб, Исмоил бошлиқ зўр бандаларни қўлға олиб, ўз қўллари билан калитни топшуртириш, бир ёқдан, ораларида бўлғон бир қисм камбағал батракларни ташвиқот билан қўлға олиш, бир ёқдан, маҳаллий ҳукуматда деҳқон батракларини ҳозирлаб ташкил ҳолиға келтириш, бир ёқдан оилавий кружокни очиб юбориш… Ҳозир ўзунгга маълум бўлгон шароитларни тайёрлаш орқасинда юқори, қуйида бўлғон тўсқунчиларни оғзиға кавшар қуйиш билан аранг мана шу ҳолға келтира олдим».

Ҳамзанинг бу сўзларидан шундай хулосага келиш мумкинки, у, биринчидан, мозор мутаваллиси Исмоилхўжа Саидхўжаев ва унинг маслакдошларига қарши ҳаракат қилар экан, уларни ҳимоя қилувчи кишилар марказдаги раҳбарлар орасида ҳам, Шоҳимардондаги камбағал батраклар орасида ҳам бор эканлигини яхши билар эди; шунинг учун ҳам у «мозорни битиришда деҳқон ва рабочий оммасини ҳукуматдин шубҳалантирмаслик»ка уринди. Иккинчидан, Ҳамза мозор хўжалари таъсирида бўлган батрак оммани «ташвиқот билан қўлға олиш» чорасини кўрди; учинчидан эса, юқоридан ҳам, қуйидан ҳам қаршилик кўрсата бошлаган кишилар оғзига «кавшар қуйиш»дан ўзга илож топмади: Бу уч омилнинг, бу уч масаланинг фақат иккинчисигина Хамзанинг Шоҳимардонда олиб борган ишларида мададкор бўлиши мумкин эди. Аслида, шундай бўлди ҳам. Ҳамза ўз таъсирига олган батракларга таяниб, хўжаларга карши курашди, Шоҳимардонда истироҳат уйини барпо этмоқчи бўлди ва шу мақсадда очилган ғишт ишлаб чиқувчи артел (хумдон)га қишлоқ аҳлини жалб этмоқчи бўлди, «Ўртоқ» артелининг барпо этилиши, қизил чойхонанинг ишга тушиши, Ленинга ҳайкалча ўрнатилиши, Октябр 11 йиллигининг нишонланиши, хотин-қизлар билан ишлаш каби масалаларда бош-қош бўлди. Аммо бу ҳол батраклар оммасининг мутлақо Ҳамза тарафига ўтганини англатмас эди. Қолган икки «омил» эса Шоҳимардондаги етакчи кучларнинг Хамзага қарши ҳаёт-мамот кураши тобора кескин тус олиши ва авж нуқтага кўтарилишига ёрдам берди.

Ҳамза икки ўт ўртасида колган эди.

Ҳамза қазиган чоҳ

Ҳамза «Ўртоқ» артели батракларига таяниб, 1928 йил охирларида мутавалли Исмоилхўжа Саййидхўжага ўғли мозорнинг обрўли хўжа ва шайхларини тўплашни таклиф этиб, шу йиғинда зиёратчилардан шариат қонун-қоидаларига хилоф равишда олинаётган маблағга барҳам бериш масаласини ҳал этмоқчи бўлди. Исмоилхўжа Хамзанинг илтимосини қондириб, кенгашга мозор калиддори Ғиёсхўжа Салохиддинхўжа ўғли ва мутаваллининг ўринбосари Бузрукхўжа Лангархўжа ўғлини таклиф этди, аммо бу учрашув натижа бермади. Орадан бир неча кун ўтгач, Исмоилхўжа мозорнинг кўзга кўринган барча хўжа ва шайхларидан иборат кенгашни чақирди. Ҳамза бу кенгашда сўзга чиқиб, зиёратчилардан олинаётган ионалар ҳаром эканлигини тушунтирмоқчи ва улардан воз кечишга даъват этмоқчи бўлди. Аммо хўжалар шоирнинг таклифини бир оғиздан рад килдилар.

1928 йил 1 октябрда бўлиб ўтган бу воқеа Ҳамзага бағишланган илмий адабиёт ва хотираларда тасвир этилар экан, муаллифлар шу учрашувдан кейин шоирга қарши туҳмат ва иғвонинг авж олганлигини таъкидлайдилар. Аммо, афтидан, хўжа ва шайхлардан рад жавобини олган Хамза уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлган ва ҳақорат килган. Шундан кейин бир гуруҳ хўжалар жумҳурият Марказий Ижроия Қўмитасига ариза билан мурожаат этиб, Ҳамзани Шоҳимардондан чақириб олишни илтимос қилганлар. Аммо шўро давлатида жорий этилган тартибга кўра, бу ариза яна Ҳамзанинг қўлига келиб тушган. Шубҳасиз, ўзини ҳақ деб билган шоир хўжаларга кучлироқ таъсир қилиш йўлларини ахтарган. Шундан кейин хўжалар Махсус Бош Сиёсий Бошқарма (ОГПУ)нинг Фарғона округ бўлимига янги шикоят билан мурожаат қилганлар. Қуйида ана шу аризанинг рус тилидан қайта таржима қилинган нусхаси ҳурматли муштарийлар эътиборига ҳавола этилади:

«Ушбу билан шу ҳакда ариза берамизким, шу йил 1 октябрда Ҳамза Ҳакимзода хўжаларни йиғиб, мозордан тушган даромаддан фойдаланиш (шўро) конун-қоидаларига ҳам, шариатга ҳам қарши жиноятдир, деган қарор чиқаришни таклиф этди. Ҳакимзода «бу қарорга муфтийларнинг тегишли хулосалари асосида келинган», деб матбуотда эълон бериш лозимлигини айтди. Биз, хўжалар, бунга рози эмаслигимизни билдирдик; зероки, биз бир неча асрлар мобайнида мозордан тушган даромаддан яшаб, озиқланиб келдик, ҳаром едик, деб меҳнаткашлар оммаси олдида айта олмаймиз. Шунинг учун ҳам биз Ҳакимзодадан барча хўжаларни шарманда қилувчи бу таклифни меҳнаткашлар ўртасига олиб чиқмасликни, балки Олтиариқ депарасининг ЎзССЖ Марказий Ижроия Қўмитасининг раиси Охунбобоев иштирокида ўтган пленумининг 1928 йил 10 август қарорларига амал қилишни илтимос қилдик. Ҳакимзода бунга рози бўлмади ва хўжалар умумий йиғилишининг мазкур қарорини имзолашга милиция оркали мажбур этди. Шундан кейин биз хўжаларни шармандаи шармисор қилувчи юқорида қайд қилинган қарорни матбуотда эълон қилмасликни ва раҳм-шафқат қилишни сўраб, ариза билан ЎзССЖ Марказий Ижроия Қўмитаси ва Фарғона округига мурожаат этдик, аммо улар шошилинч чоралар кўриш ўрнига аризамиздан нусхалар олиб, Ҳакимзоданинг ихтиёрига юборди ва у ариза нусхаларини шу йилнинг 27 октябрида олди. У хўжаларни йиғиб, деди: «Мана, устимдан ёзган шикоятларингиз, улар менинг ихтиёримга юборилди. Устимдан шикоят ёзиб, мени нима қилмоқчи бўлган эдингиз? Мен сизларнинг ҳамма мол-мулкингизни тортиб олиб, ўзингизни Ўзбекистондан чиқариб юбораман». Ҳакимзода шундай сўзларни айтиб, бизнинг номимиздан ЎзССЖ Марказий Ижроия Қўмитасига ариза ёзди, гўё аввалги аризаларимиз нодонлигимиз ва онгсизлигимиз оркасида ёзилганлиги сабабли уларни жавобсиз қолдиришни сўраб ёзилган бу аризага шу заҳотиёқ қўл қўйишимизни сўради. Биз Ҳакимзода томонидан ёзилган аризага қўл қўйишдан бош тортганимиздан кейин у ҳар куни тўрт-бешталаб хўжаларни ўз ҳузурига чақириб, гоҳ сургун қилиш ва мол-мулкни тортиб олиш билан қўрқитиб, гоҳ яхши гапириб, ЎзССЖ Марказий Ижроия Қўмитасига ёзган аризамизни оқибатсиз қолдиришни сўраб ариза ёзишга даъват этмоқда.

Шохимардон босмачилик даврида, 8 йил мобайнида эзилиб келди. Босмачилар аҳолини шафқатсиз равишда қийнадилар. Бизнинг хўжалигимиз эндигина тикланаётган ҳозирги пайтда Ҳакимзоданинг фаолияти туфайли биз, 50 хўжалик хўжалар, ўз юртимизни ташлаб кетишга мажбур бўлмоқдамиз, бизнинг Шоҳимардондаги оилаларимиз эса бир тишлам нонга ҳам зор бўлиб қолмоқда.

Биз, хўжалар, ушбу аризани берар эканмиз, ўз юртимизда тинч ва хотиржам яшашимиз учун Ҳамза фаолиятини текшириб кўрадиган бир вакил ажратишингизни сўраймиз».

1928 йил 6 ноябр куни битилган ушбу аризага Шоҳимардон хўжаларидан 12 киши имзо чеккан. Шубҳасиз, бу аризадаги хамма гапларни тўғри деб бўлмайди. Ҳамза сиймосида ўзларининг муросасиз душманларини кўрган хўжалар унинг хатти-ҳаракатларини фақат қора кўзойнак орқали кўришга интилганлар. Аммо шу билан бирга бу аризадан Хамзанинг Шоҳимардонда ҳамиша ҳам тўғри иш олиб бормаганлиги сезилиб турибди. Ҳамзанинг Шоҳимардонда олиб борган фаолиятидаги ўзбошимчалик, хўжалар билан қўпол муносабат, мавжуд тарихий вазиятни эътиборга олмаслик ёмон оқибатларга олиб бориши мумкинлиги ўша кезлардаёқ аён бўлган эди. Воқеадан хабардор бўлган Фарғона чекистлари шоирнинг ҳам, хўжаларнинг ҳам ҳар бир қадамини кузатиб турдилар. Қуйидаги ҳужжат Фарғона чекистларининг шу мураккаблашиб бораётган шароитда жумҳурият Марказий Ижроия Қўмитасининг вакили бўлмиш Ҳамзанинг ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қила бошлаганлиги муносабати билан ташвишга тушганларидан ва Ҳамза танлаган йўл хатарли сўқмоқларга олиб бориши мумкинлигини ўз вақтида сезганларидан дарак беради:

«Ўрта Осиёдаги МБСБ Мухтор Ваколатхонаси ўр. Бёлскийга

ЎзССЖ МИҚ раиси ўр. Охунбобоев иштирок этган Олтиариқ депара ижроия қўмитасининг шу йил 10/VII да бўлиб ўтган пленуми қарорларини бажариш учун УзКП(б) МҚ вакили Ҳамза Ҳакимзода Ниёзов Шоҳимардондаги мозорни тугатиш вазифаси билан келди.

Мозор шайхларининг умумий йиғилишида шайхлар Ҳакимзоданинг тазйиқи остида мозор калидини Ўзбекистон МИҚга бериш ҳақида қарор чиқардилар ва бу нарса катта шайх, мутавалли Исмоилхўжа томонидан амалга оширилди, аммо шу билан бирга Ҳакимзоданинг шайхларни мозордан ҳайдаб чиқариш учун Қизил Армия қисмларини чақираман, сургун қиламан, қамоққа оламан, деган ўзбошимчаликларига барҳам бериш ҳамда унга таъсир кўрсатишни сўраб Ўзбекистон МИҚга шикоят йўлладилар.

Биз ўз вакилимизга Ҳакимзодани Шоҳимардондан чақириш ва унга мазкур ишни эҳтиёткорлик билан олиб боришни маслаҳат бериш тўғрисида кўрсатма бердик.

Ҳакимзода бизнинг вакилимиз билан суҳбатда ЎзҚП(б) Марказий Қўмитасидан топшириқ олганлиги ва гўё унинг ташвиқотидан кейин шайхлар ўз хоҳишларига кўра мозорни ташлаб кетмоқчи бўлганларини айтди.

Ҳакимзода биз билан музокарадан сўнг Шоҳимардонга бориб, шайхларни йиғди ва уларни сўкиб, шикоят қилганлари учун ҳаммаларини қаматтираман, деб дўқ-пўписа қилди, уларни ўзининг хатти-ҳаракатига жавобан қилган шикоятларини рад этувчи аризани ёзишга мажбур этди.

Шундан кейин Ҳакимзода 25—80 атрофида камбағал батракларни йиғиб, улар билан бирга мозорга борди, шайхларни у ердан қувиб, улар ўрнига камбағаллар, девоналар ва ҳ. к.ларни жойлаштирди.

Ўша куни МБСБ Фарғона округ бўлимига Шоҳимардон аҳолиси ва барча шайхлари номидан битилган ариза билан Шоҳимардондан 10 га яқин шайх келди.

Мазкур аризалар таржимасининг нусхалари ушбуга илова қилинади.

Бизга келган шайхлар билан суҳбатдан шу нарса аниқландики, ҳар йили мозорга асосан Марғилон депараси ва Шоҳимардондан 300—500 атрофида шайхлар тўпланар экан. Шоҳимардонда ўз оиласи билан мунтазам яшовчи шайхлар 60 хўжаликка қадар бўлиб, улар ҳеч қандай даромад, шунингдек ер-сувга эга бўлмаганликлари учун мозордан тушадиган даромад асосида тирикчилик ўтказар эканлар. Шу 60 оилали шайхнинг 40 таси меҳнат қилиш қобилиятидан маҳрум бўлган чоллардир.

Бизга келган шайхлар бир бурда нон топмагунларига қадар Ҳакимзода уларни у ердан қувмаслигини, энг муҳими, матбуотда мозордан воз кечамиз, топган назримиз ҳаром, деб чиқишга мажбур қилмаслигини илтимос қилдилар, зеро, уларнинг айтишига кўра, бундай эълон улар обрўсига доғ туширади; модомики,дедилар улар,бизнинг ота-боболаримиз ҳам шу назрдан фойдаланган эканлар, бу нарса уларга ҳам мерос сифатида ўтади ва шариат қонунларига кўра ҳаром деб ҳисобланмайди. Мутавалли Исмоилхўжа бошчилигидаги шайхларнинг аксар қисми Ҳакимзоданинг таъқибидан қўрқиб, Шоҳимардонни тарк этган ва ҳозирги пайтда Шоҳимардон ҳамда Марғилон атрофларида истиқомат қилмоқда.

Меҳнат қобилиятига эга бўлмаган, тирикчилик манбаларига эга бўлмаган шайхларнинг бошқа борадиган жойлари бўлмагани учун… шу заминда кутилмаган оқибатлар келиб чиқиши мумкин. Сизнинг кўрсатмаларингизни кутамиз.»

МБСБ Фарғона округ бўлимининг бошлиғи Денисов ва 1-бўлим бошлиғи Баланин имзоси билан тайёрланган бу мактуб нусхалари Ўзбекистон БСБ раиси номига (Самаркандга) ва Фарғона округ фирқа қўмитасининг масъул котиби ўр. Шермуҳамедовга ҳам юборилган.

Бу ҳар иккала ҳужжатлар Хамзанинг Шоҳимардонда олиб борган фаолиятининг бизга нотаниш бўлган манзараси очилади. Агар биз шайхларнинг аризаларида келтирилган айрим фактларни Ҳамзага нисбатан туҳмат деб карасак, у ҳолда хўжаларга ён босишлари учун ҳеч бир асослари бўлмаган чекистларнинг бу расмий хатини, унда келтирилган фактларни кандай тушуниш лозим бўлади? Тўғри, Хамза дастидан дод деб, нажот сўраб келган шайхлар чекистларда раҳм-шафқат туйғуларини уйғотган бўлишлари мумкин. Лекин улар, бизнингча ҳукумат номидан иш олиб бораётган Хамзага эмас, балки инқилобнинг ўзга қирғоғида турган, диний тарғибот ва ташвиқотлари ҳукумат сиёсатига карши каратилган шайхларга кўпроқ ишонишлари учун етарли маълумотга эга эдилар.

«Амударё» лақаби билан маълумот бериб турган хуфя 1928 йил 8 октябрда берган маълумотида Хамзанинг юқорида қайд этилган ўзбошимчаликлари тўғрисида гапириб келиб, қуйидагиларни ёзган: «…бундай мажбурий чоралар шу жой аҳолисига зарарли таъсир кўрсатади. Ҳолбуки, Зода (Хакимзода дейилмоқчи. — Н. К) қамаш ва сургун қилиш билан қўрқитган ҳолда уларни имзо қўйишга мажбур қилмоқдаки, бунга ҳеч бир йўл қўйиш мумкин эмас, чунки бундай хатти-ҳаракатлар шўро ҳокимиятига путур етказиб, аҳолини шўроларга қарши қуроллантиради. Бу масалани дастлаб умуман аҳоли ўртасида, хусусан, Шоҳимардон мозорининг шайхлари ўртасида тушунтириб, сўнг мозорни меҳнаткашларнинг истироҳатгоҳига айлантириш масаласини қўйиш керак.»

«Зарафшон» лақабли хуфя ўша йилнинг 22 октябрида берган хабарига кўра, «…Саййидхўжаев калидни топширгандан кейин Шоҳимардонга келиб, … калид Ҳамза Ҳакимзода томонидан зўрлаб тортиб олингани ва гўё у уларнинг шайхликдан воз кечганликлари ҳамда мозорни истироҳатгоҳ учун топширганликлари тўғрисидаги қайднома қарорига имзо чекишга мажбур қилганлигини айтган…

Саййидхўжаев шу вақтда бутун кучини барча шайхларнинг умумий йиғилиш қарорига қарши чиқишига қаратиб, шайхлар билан бирга мозорда яшашда ва аввалги имкониятдан фойдаланишда давом этиш учун калидни қайтариб олишга уринди.

Номлари юқорида зикр этилган шахслар Марғилон шаҳрида, Мамадхўжаев уйида йиғилиш ўтказганларида, уларга 200 сўм миқдорида пул зарур бўлиб қолди. Мамадхўжаев бу пулни олиб келиш учун Саййидхўжаев ёзиб берган хат билан Шоҳимардонга борди. Хатда Бузрукхонхўжа мутаваллидан (мозор кассири) мозор ҳисобидан 200 сўмни бериб юбориш сўралган эди… Шу куннинг эртасига зикр этилган руҳонийлар Ҳамзага қарши чора кўриш учун Қўқон шаҳрига бордилар.

Зикр этилган шахсларнинг кирдикорлари Шоҳимардоннинг барча шайхларига маълум бўлди. Улар зикр этилган шахсларнинг хатти-ҳаракатларини муҳокама қилиб, уларни ғийбатда ва умумий йиғилиш қарорига қарши чиқишда айбладилар…»

«Бургут» лақабли хуфя эса 15 октябрга оид маълумотномасида бундай хабар қилади:

«Шу йилнинг 1/VIII да Ҳамза Ҳакимзода ҳеч қандай ҳужжатсиз (таъкид бизники.Н. К.) истироҳат қилгани келиб, Шоҳимардон шайхлари ўртасида ҳаддан ташқари ўринсиз сиёсат олиб бормоқда. Масалан, 2/X да қайд этилган Ҳакимзода Шоҳимардон қишлоқ шўросининг раиси, 2 милиционер ва 25 нафар камбағал кишилар билан бирга мозорга йиғилиб, тарғибот ишларини олиб борди. У шайхларга мурожаат этиб, деди: «Сиз Исмоилхўжа билан Марказий Ижроия Қўмитага яширин равишда шикоят йўллаган экансиз, Марказий Ижроия Қўмита раиси Охунбобоев… (сўкиш) юборибди. Агар сизларнинг ҳаммаларингиз менинг талабларимни бажармасангиз, мен батракларга барча мозорларни бузиб ташлашни буюраман, Сизларни бўлса… (сўкиш) ҳайдаб юборишади.» Ҳозир бўлган 100 та шайх қўрқиб кетди, баъзилари эса йиғлаб, тарқала бошлади. Ҳакимзода шайхларга қараб, Шоҳимардонда яшириниб юрган Исмоилхўжа Саййидхўжаев унинг буйруғи билан ҳибсга олиниши ва қамоққа ташланажагини айтди. Шайхлар бу сўзларни эшитиб, йиғлай бошлашди ва Саййидхўжаевга нисбатан бундай чоралар кўрмасликни сўраб, худога ёлборишди.

Ҳакимзода шу йиғилишдан кейин 70 ёшга кирган Хўжа Асқар Ҳожиев деган шайхни ушлаб, уни милиция ҳамроҳлигида қишлоқ шўросига олиб борди ва шайхликдан воз кечиш ҳақидаги Ҳакимзоданинг ўзи ёзган аризага қўл қўймагани учун ҳибсга оламан ва қамоққа ташлайман, деб дағдаға қилди. Қайд этилган хўжа азбаройи қўрқиб кетганидан ҳозирга қадар касалхонада ётибди. Қишлоқ шўросининг раиси Қамбаров Ҳакимзода кўрсатмасига амал қилиб, агар улар Ҳакимзоданинг сўзларига қулоқ солишмаса, Қизил Армияни бошлаб келиб, ҳаммаларини қамоққа олиши, мол-мулкларини эса мусодара қилишини шайхлар ўртасида очиқдан-очиқ айтмоқда, яъни шайхлар билан аҳолини ҳокимиятга қарши қўймоқда.»

Бу хуфялар орасида Хамзага ғаразгўйлик билан муносабатда бўлган, у олиб борган сиёсатга қарши чиққан, у тўғрида Махсус Бош Сиёсий Бошкармада бир томонлама, нотўғри фикр уйғотишга интилган кишилар мавжуд бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Аммо қарийб барча хуфяларнинг Хамза фаолиятидаги ўзбошимчалик, тўралик, шафқатсизлик сингари қусурларга эътиборни қаратиши тасодифий эмас. Бидъат ва хурофот аҳлини янги жамиятнинг ашаддий душмани деб билган, Шоҳимардон шайхларини мозордан қувмай туриб, бу хушманзара диёрда артеллар ташкил этиш ва истироҳатгоҳлар барпо этишнинг мумкин эмаслигини тушунган Ҳамза, чиндан ҳам, уларга нисбатан ҳақоратомуз ва қўпол муносабатда бўлган кўринади.

МБСБнинг Фарғона округ бўлими Ҳамзанинг Шоҳимардондаги фаолиятига доир бундай маълумотларни тўплаш билангина кифояланмай, уларни тегишли идораларга йўллаб, улардан маслаҳат кутган. Ўйлаш мумкинки, Ўзбекистон БСБ ҳам, Фарғона округ фирқа қўмитаси ҳам Денисов ва Баланин имзолари билан жўнатилган ҳужжатларни жавобсиз қолдирмаган ва бу ташкилотлар Ҳамзага хурофотга қарши курашда эҳтиёткорлик чораларини кўришни, кенг бўлишни, шайхларда ва Шоҳимардон аҳолисида шўроларга нисбатан нотўғри кайфият уйғотмасликни тушунтирганлар. Лекин Ҳамза қизиққонлиги туфайли бундай панд-насиҳатларга қулоқ осмаган ва ўзини ҳақ деб билган.

«Бургут» лақабли хуфя берган маълумотга кўра, 1928 йилнинг 1 августида Шоҳимардонга келганида, Хамзада ҳеч кандай ваколатнома бўлмаган. Демак, у Олтиариқ депара ижроия қўмитасининг пленумида қатнашган жумҳурият президенти Йўлдош Охунбобоев билан учрашгандан сўнггина ва унинг ёрдамида Шоҳимардонда хурофотга қарши кураш олиб борувчи комиссияга инспектор сифатида киритилган, холос.

Шу йилнинг ноябр ойида ЎзК(б)П Олтиариқ депара фирқа қўмитасига Ҳамза, Қамбаров ва Ҳотамовдан иборат уч кишилик комиссия томонидан йўлланган хатда бундай бир модда бор:

«Ўр. Ҳакимзодани, маҳаллий ҳокимият ва хўжаларнинг талабларига кўра, шу ерда доимий ишга бириктириб кўйилсин, бу масалани ҳал қилишни тезлатиш МИҚдан сўралсин».

Шубҳасиз, хатдаги бу сўзларни Ҳамзанинг ўзи ёзган ва у «маҳаллий ҳокимият ва хўжаларнинг талаблари»дан эмас, балки ўзининг хоҳишидан келиб чиққан. Шундан кейин у Ҳамроқул Турсунқуловнинг айтишига кўра, унга бир неча марта мурожаат этиб, ундан Марказий Ижроия Қўмитасидан тегишли ваколатномани олиб беришни сўраган.

Хуллас, Ҳамза ўзини қамраб бораётган гирдобни кўра туриб, ундан халос бўлиш чораларини ахтариш ўрнига бу гирдобнинг катта тезлик билан айланаётган ўтли ҳалқасига ўз хоҳиши билан отилган.

Фитна

Ҳамзанинг Шоҳимардонда қолиши мозор орқасида тирикчилик ўтказаётган шайхлар ва хўжалар учун ўлим билан баравар эди. Шунинг учун ҳам улар ўз ҳаётларини сақлаш йўлида бир тану бир жон бўлдилар. Бу уюшган омма Ҳамзанинг мозор ўрнида қироатхона очиш тўғрисидаги қароридан кейин яшаш учун ҳимоя эмас, балки кураш тактикасини ўзига дастур килиб олди. Бир гуруҳ шайхлар ва хўжалар Марғилонда махфий йиғилиш ўтказиб, Хамза устидан Фарғона округ прокурори номига ариза ёзишга жазм қилдилар. Ҳамзанинг гўё ҳуда-беҳудага деҳқонларни йиғиб, мажлис ўтказавериши уларнинг кўклам меҳнати билан шуғулланишларига ҳалал бераётгани, Шоҳимардон аҳлининг тўй-маъракаларига аралашиб, уларни тақиқлаётгани, на совуқ, на иссиқ демай, батракларни ишлатиб, улар елкасини яғир қилаётгани, азиз шайхларни сўкиб, хўжаларнинг муборак авлодини беҳурмат ва бадном қилаётгани устидан ёзилган бу аризага юздан ортиқ имзо тўпладилар. Улар бахтига, ўша кунларда Тиллабоев деган ўртаҳол бир деҳкон тўй ўтказиб, унга хўжалар билан бирга деҳқонларни ҳам таклиф этган эди. Ана шу тўйда ҳозир бўлган хўжалар ижроқўмга хат ёзиб, ун, буғдой, қанд-шакар каби маҳсулотларни беришни сўрадик, деган важ-кор билан аризага деҳқонларнинг ҳам қўл қўйишларига эришдилар. Тарихга «бир юз саккизлар аризаси» деган ном билан кирган иш ана шу тарзда майдонга келди. 1928 йил ноябрининг сўнгги кунларида Олтиариқ депара милицияси шу ариза юзасидан текшириш ўтказиб, уч кун давомида «шикоятчилар» билан ҳам, аризани ёзишда ташаббускор бўлганлар билан ҳам суҳбатлашиб чиқди. Бу орада қанча миш-мишлар тарқалди. Лекин текшириш натижасида аризада Ҳамзага қўйилган айбларнинг аксари туҳмат бўлиб чикди.

Ҳамза «бир юз саккизлар аризаси»га, тўғрироғи, уни ташкил этган ва батрак-деҳқонларни алдаб қўл қўйдирган унсурларга жавобан декабр ойининг сўнгги кунларида «Янги Фарғона» рўзномасида «Шоҳимардон пўнқарғалари» деган танқидий маколани босиб чиқаришга эришди. Бу мақолада Алихон Хонхўжа ўғли ва Умарали Охунхўжа ўғли бошчилигидаги ўн саккиз нафар «муштумзўрлар, текинхўрлар»нинг исмлари тилга олинган ва «юқорида номи номубораклари ёзилғон зоти бебаракотларни Шоҳимардондан йўқотиш» масаласи «фирқўм, ижроқўм ҳам қўшчи қўмитаси»дан талаб қилинган эди. Назаримда, бу заҳарли мақоланинг босилиб чиқиши ҳар икки куч ўртасидаги ҳаёт-мамот жангига янги нафас бағишлади.

Ҳамза назарида, бу жанг тақдири аллақачон унинг фойдасига ҳал этилган эди. У ҳатто 1928 йил 7 ноябр кунн Шоҳимардон меҳнаткашлари билан тушган сурат тагига «Шоҳимардон хурофоти ўн биринчи Октябрь социалистик революциясига юз фойиз битирилди», деб ёзиб қўйган бўлса-да, шайх ва хўжалар бу масалада бошқача фикрда эдилар. Улар илтимос ва шикоятлар ёрдами билан Ҳамзадан нажот топиш иложини қила олмагач, сўнгги чорани қўлламоқчи бўлдилар. Иброҳимхўжа ва Турсунқори «Шоҳимардонлик қариндошлари Жалолхўжа ва Ҳидоятхўжа, Исмоил мутаваллилар номига» хат ёзиб, уларни Ҳамзага нисбатан қатъий чорани кўришга даъват этдилар.

Бу хатда, чунончи, бундай сўзлар бор эди:

«Унинг заҳарли сўзларидан бағримиз тешилди. Бош кўтариб юришга ҳам иложимиз қолмади… Илгари бизга муте бўлган, оғзидан гапи тушган ялангоёқлар энди бизни писанд қилмай, шарманда қила бошладилар. У баттол қаердан келди, билмай қолдик.

Ҳар йўл билан одамларни қўзғаб, нима билан бўлса ҳам ҒИШТ ҚОЛИПИДАН КЎЧСИН, сиримиз кўчага чиқмасин, жон қариндошлар.

Иш битиб, ғишт қолипидан кўчганидан кейин шовқин-сурон кўтариб, мозорни бузмоқчи бўлгани учун кўпчилик қилди, деб жар солинса, батраклар ўзи бир-бирини ушлаб, ўзаро талашиб кетадилар. Биз, иншоолло, ўзи асраса, қутулиб қоламиз.»

Бу хатдан кейин Ҳидоятхўжа Дадахўжа ўғли, Жалолхўжа Камолхўжа ўғли, Маъруфхон Охунхўжа ўғли, Алихон Хонхўжа ўғли сингари ўндан зиёд хўжалар Хуррам Холиқ ўғлининг уйида учрашиб, Ҳамзани гумдон килиш йўлини келишиб олдилар.

Аммо Ҳамза назарида, Шоҳимардон шайхлари таслим бўлиб, куни кеча бидъат ва хурофотнинг Фарғона водийсидаги сўнгги ўчоғи бўлган масканда рўй бераётган вокеаларга ўлик қузғунларнинг кўзлари билан қараётгандек эди. У Шоҳимардонда 8 март байрамини 8 нафар аёлнинг паранжидан халос этилиши билан нишонлаб, Қўқонга — Фарғона округ ижроия кўмитасининг қурултойида қатнашиш учун кетар экан, фақатгина бир кишидан, артелга кириб, доим ўзининг пинжида юрган, аммо ҳамма гапни хўжаларга тўкмай-нетмай етказиб турган Ғиёсхўжа Салоҳиддинхўжа ўғлигагина кўз-қулоқ бўлиб туришни тайинлади ва мартнинг 14—15-кунларидан кечикмай келишини айтди.

Хўжалар ана шу Ҳамзасиз фурсатдан фойдаланиб, уни маҳв этиш режасини муфассал ишлаб чиқдилар.

Ғиёсхўжа Салохиддинхўжа ўғли Шоҳимардон хўжаларининг топшириғи билан Олтиариқ депара милициясига бориб, Ҳамза ва унинг котиби Абдулла Ҳотамовнинг хурофотга қарши курашда нотўғри иш олиб бораётгани ва бу ишлар Совет ҳокимиятининг халқ ўртасидаги обрўсини тўкаётгани тўғрисида шикоят қилди. Милиция бошлиғи Юсуфжон Тожиев эса унга бу маълумотларни Бош Сиёсий Бошқармага етказиш лозимлигини маслаҳат қилди. Ғиёсхўжанинг сўнгги идорага бориб учраганлиги ва бу учрашув қандай натижа билан тугаганиги тўғрисида, афсуски, маълумотлар сақланмаган. Аммо у 17 март куни Фарғона бозорига бориб, у ерда Мансурхон Охунхўжа ўғлини учратганида, унга 18 март куни Ҳамзанинг ўлдирилажагини айтган.

Шу орада вокеалар окимига яна бир одам аралашади. У 10 март куни Водилдан Ҳидоятхўжа Дадахўжа ўғли ва Музаффархўжа Исмоилхўжа ўғли номига мактуб йўллаб, улардан Ҳамзани даф қилишни сўрайди. Шоҳимардон хўжалари 12—15 март кунлари нишонланган курбон ийди айёмида бу масалани Исмоилхўжанинг Новқатдаги муваққат уйида узил-кесил ҳал қилишга келишадилар. 15 март, жума куни, Маъруфхўжа Охунхўжа ўғли, унинг укаси Умаралихон ва Алихон Хонхўжаўғли, 16 март куни эрталаб эса Кўканбой Тўрақул ўғли Новқатга етиб келадилар. Улар Исмоилхўжа мутаваллининг уйида тўпланиб, Ҳамза устидан ўлим ҳукмини чикаргач, Турсунқори Маҳаматхўжа ўғлининг куёви Собитжон Мадали ўғлининг уйига чиқиб, у ерда суиқасд режасини ипидан игнасига қадар пишитиб оладилар.

Суиқасд ташаббускорларидан 17 киши — Ҳидоятхўжа Дадахўжа ўғли, Жалолхўжа Камолхўжа ўғли, Мунаввархўжа Мирзахўжа ўғли, Эшонхўжа Дадахўжа ўғли, Музаффархўжа Саййидхўжа ўғли, Йўлдошхўжа Саййидаҳмадхўжа ўғли, Ғиёсхўжа Бузрукхўжа ўғли, Юсуфхон Собир ўғли, Тўхтасинхўжа Ҳаким ўғли, Исроилхўжа Исмоилхўжа ўғли, Ориф хўжа, Бойбува Охунхўжа ўғли, Раҳмонали Маъмурали ўғли, Хуррам Холиқ ўғли, Акбар Мадрайим ўғли, Нишон Саййидаҳмад ўғли, Козимжон Саййидали ўғли 18 март куни, суд материалларига кўра, ўз таъсир доираларидаги батракларни ичириб, қонли фожиага шай бўлиб турадилар. Суиқасд ташаббускорларидан 4 киши — Баҳодирхон Саййидхўжа ўғли, Бобохон Эшонхон ўғли, Зокирхўжа Ҳамидхўжа ўғли ва Саййидорифхўжа Ёкубхўжа ўғли суиқасднинг бўлажак оқибатларидан чўчиб, турли баҳоналар билан Шоҳимардон тупроғидан чиқиб кетадилар.

Шоҳимардонда ўлим шарпаси кеза бошлайди.

Ҳамзанинг сўнгги куни

Замондошларнинг хотираларига кўра, Ҳамза қурултой тугагач, фақат бир кунгина — 16 март кунигина қариндош-уруғлари ва ёр-дўстлари билан бир даврада бўлди. Сўнг йўлга чикиб, 17 март оқшомида Шоҳимардонга етиб келди. Агар қурултой беш кун давом этиши маҳол эканлигини эътиборга олсак, унинг шу давр оралиғида баъзи бир раҳбар идораларда бўлгани ва ўзининг кейинги такдири билан боғлик масалаларни ҳал этгани маълум бўлади. У ўша кунларда факат округ ижроия кўмитаси раҳбарлари билангина эмас, балки Бош Сиёсий Бошкарма ходимлари билан ҳам учрашган бўлиши мумкин. Шоҳимардонда Ҳамза атрофида уюшган оловли ҳалқадан хабардор бўлган чекистлар ҳам, улардан тегишли маълумотларни олиб турган округ раҳбарлари ҳам Ҳамзани ҳушёр бўлишга даъват этган бўлишлари табиий. Яна тахмин қилишда давом этиб, айтиш мумкинки, Ҳамза улар билан суҳбатдан кейин Шоҳимардонда чала қолган ишларини тез кунда тугатиб, бола-чақаси ва уй-жой анжомларини олиб қайтишга, сўнг Самарқандга бориб, бошқа юмушлар билан банд бўлишга қарор қилган.

Абдулла Ҳотамовнинг «Хамза Шоҳимардонда» (1979) номли китобидаги қуйидаги сўзлар шундан далолат беради:

«Шоир Ҳамза Ҳакимзода округ қурултойидан 17 март куни кечаси қайтиб келди.

Қўқонда нима ишлар қилгани, кимлар билан учрашгани ҳақида ҳали бизларга гапириб улгурмаган эди. Лекин биз …у Шоҳимардонда олиб борилаётган хурофотга қарши кураш юзасидан баъзи зарур ишларни тугаллаб, сўнгра Самарқандга қайтишга рухсат олганлигини билолган эдик.

Кейин шоирнинг Қўқондаги опаси ва қадрдон дўсти Бўронбой ака Ҳамза Ҳакимзода 16 март кунигина уйда бўлиб, улар билан суҳбатлашгани, бу суҳбатда Шоҳимардонга бориб, у ерда мўлжалланган ишларни тезда тугатгач, кейин Самарқандга бориши, ана шунда Қўқонда ҳам бир неча кун туриб, сизлар билан отамлашаман, деб ваъда бергани ҳақида дарак топдик.

Бўронбой ака кейин шундай деди: «Нима учундир Ҳакимзода изтироб чеккан, нимадандир ғоят хафа кўринарди…»

Бу сўзларга таяниб, уни айтиш мумкинки, Ҳамза курултойдан кейин бўлиб ўтган расмий суҳбатлари натижаси Шоҳимардондаги фаолиятини тугаллашга аҳд қилган ва у ердаги хатарли вазиятдан хабар топиб изтиробга тушган.

Хуллас, 17 март оқшомида Фарғона билан Шоҳимардон ўртасидаги 50 километрлик масофанинг ярмини аравада, ярмини пиёда босиб келган, колаверса Қўқон — Фарғона йўлида ҳам ҳийла ҳориган Ҳамза 18 март куни —шоҳимардонлик биродарлари эрта тонгдан кутганларига қарамай — соат 11 ларга қадар кўчага чиқмади. Олис йўл юриб толиққан шоир мириқиб ҳордиқ чиқардими ё бир ҳафта ичида соғиниб қолгани фарзанди Аббосхон ва хотини Комилахон билан чақчақлашиб ўтирдими ёхуд яқинлашиб қолган фожиа ҳидини сезиб, таҳликада тонг оттирдими, — бу бизга номаълум. Аммо тахминан соат 11 —12 ларда у қизил чойхонага келиб, ижроқўм котиби Абдулла Ҳотамовни ва артелнинг бошқа аъзоларини учратиши билан соат 1 да қишлоқ шўроси биносида тўпланишни буюрди. Кенгашда қишлоқ шўросининг раиси Ориф Маражабов, унинг ўринбосари Абдураимов ва бошқалар йиғилиб, Ҳамза таклифи билан Шоҳимардон мачитлари ихтиёридаги вақф ерларни тортиб олиб, артелларга бериш, икки масжид ўрнида клуб очиш каби масалалар муҳокама этилди.

Воқеанинг кейинги йўналишини тергов пайтида унинг иштирокчилари бундай ҳикоя қилганлар:

Орифжон Маражабов. 1929 йилнинг 18 март куни мен Шоҳимардонда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий билан бирга эдим. У биз билан қизил чойхонада чойхўрлик қилиб ўтирар экан, орамизда Абдуллажон Ҳотамов, Мирза Ҳамидов, Юсуф Жалолов ва бошқалар бор эди…

Дўстмуҳаммад Шерматов. Ўша пайтда чойхонада менинг эски ўртоғим Олим Жалолов ҳам бор эди. У чойнакдан бўза қуйиб, менга бир пиёла узатди… Мен ярим пиёла бўза ичсам ҳам кайф берганини сезмадим. Жалолов кейинроқ менга бўзани мачитдан олганини айтди… Мендан бошқа ҳеч ким бўза ичмади. Чойхонада Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийни учратдим, у қизил чойхона мудири Саййиджон ва бошқалар билан чой ичиб ўтирган эди. Мен Ҳамза билан кўришиб, чойхоначига ўзим тутиб келган какликлардан бирини унга беришини буюрдим…

Орифжон Маражабов. Ниёзов бизга ўша заҳотиёқ мозорга бориб, у ерга осиб ташланган думларни олишни буюрди… Биз йўлга тушдик. Мозорга етиб боришимиз билан ўша думларни узиб олишга киришдик…

Муллажон Абдураҳимов. Орадан бир оз вакт ўтгач, шовкин-сурон эшитилди. Ўша пайтнинг ўзида милиция ҳуштагининг овози ҳам келди. Мен оломон милиционерларга ҳужум қилган, деб ўйлаб, ов милтиғимни олиб, мозор томонга югурдим. Шовқин-сурон ўша тарафдан келаётган эди. Бир неча қадам ташлаганимни биламан, қизил чойхонадан чиқиб, мозор тарафга қараб чопаётган Ниёзовга кўзим тушиб қолди. У мени кўриши билан дўконни ёпиб, унинг орқасидан боришим лозимлигини айтди. Ниёзовга қувиб етолмадим. Мулла Нуриддин Иброҳимовнинг дўконига аранг етиб олдим. Тўпалон кўтарган оломонни кўриб, эсанкираб колдим…

Жаҳонгир Холматов. Мирзажон оломонни тўхтатиш учун осмонга ўқ узди. Аммо кимдир «У бизни отиб ўлдирмоқчи. Ушла уни! Ўлдир!» деб бақирди.

Дўстмуҳаммад Шерматов. Шу пайт «вой, дод» деган овозлар келди. Мозор томонда шовқин-сурон кучайди. Мен оломоннинг… Абдуллажон Ҳотамовни тутиб олиб, ураётганини кўрдим. Бир амаллаб уни қутқардим. Оломон орасида Муллажон Абдураҳимов ҳам бор экан. Уни урмасинлар, деб қуролини тортиб олдим…

Муллажон Абдураҳимов. Тўполон қатнашчиларидан бири Дўстмуҳаммад Шерматов мушти билан бошимга туширди. Мен ҳушимни йўқотиб, йиқилдим. Шу пайт милтиғимни олиб қўйишган экан. Шундан кейин бир оз фурсат ўтгач, ҳушимга келдим. Сўнг Юсуфжон Қамбаровнинг ёрдамида қочиб, Жалол мулла Тожиевнинг уйига бориб, сандиғига тушиб ётдим.

Жаҳонгир Холматов. Биз Ҳотамов ва Ҳаким билан мозорга бориб, у ерда осилган думлар ва икки оқ туғни узиб ташлаш учун том устига чиқиб, эмаклаб кетдик. Бу дум ва туғларни эндигина узиб бўлган эдик, бир пайт кўзим мозор атрофида ўтирган ва «Вой, додам», «Вой, хўжам», деб бақирган икки хотинга тушди… Бир дақиқа ҳам ўтмаган эдики, бояги хотинларнинг олдида Ҳидоятхўжанинг (фамилиясини билмайман) таниш башараси кўринди. У ҳам ўша хотинларга ўхшаб бақира бошлади. Мен унинг гапидан фақат, «оломон», «мусулмонлар» деган сўзларни англадим. Бир-икки дақиқадан сўнг тахминан 100—150 кишидан иборат оломон менинг атрофимда пайдо булди. Биз томдан пастга тушдик. Мен пастликда, деҳқонлар ва батраклар яшайдиган жойда одамларнинг тўпланиб, мозорга қараб келаётганини кўрдим… мен уларни бизни ҳимоя қилиш учун келаётир, деб ўйлаб, бошим осмонга етди…

Орифжон Маражабов. Орадан бир дақиқа ҳам ўтгани йўқ эди, мозор олдида эркаклар ва аёллардан иборат оломон пайдо бўлди. Эркаклар олдинда, аёллар эса орқадан югуриб келмоқда эди. Мен қишлоққа қараган дарвозани ёпишга киришдим. Шу лаҳзада Жалолхужа Камолхўжаев билан Ҳидоятхўжа Дадахўжаев мени орқамдан ушлаб олиб, дарвозадан узоқлаштиришди. Кейин улар қўлимдан ушлаб, етаклаб кетишди. Хотинлар мушт билан елкамни яғир қилишди. Жалолхўжа Камолхўжаев: «Ҳа, мозорни бузувчилар, қўлга тушдингларми?» деб бақирди. Қўчқорхон Охунов бўлса, «Сен ўтган сафар менга хуруж қилган эдинг, энди мен сенга кунингни кўрсатаман. Нега мозорни бузасан?» деб менга ёпиша кетди… Шундан кейин мен оломон қайнаб турган қизил чойхонага келдим. Югуриб бориб, отхонамга яшириниб олдим. У ерда туриб, «Артел аъзоларини ўлдир! Уларнинг ҳаммаси худосиз. Қим хотинини очган бўлса, ҳаммасини ўлдир. Ур коммунистларни!» деган овозларни эшитдим…

Жаҳонгир Холматов. Оломон шовқин-сурон билан олға қараб юрди, биз ундан қочдик. Мен Ҳотамов билан қизил чойхонага қараб югуриб, у ерда батраклардан тузилган фаолларимизни йиғмоқчи ва оломонга қарши ташкилий равишда бормоқчи бўлдим…

Лекин қизил чойхона атрофида учраган батраклар ҳам оломонга қўшилиб, Ҳамза тарафдорларини ўлдириш мақсади билан уларга ҳужум қилди. Ҳамза топшириғи билан мозорга қўтос думларини олиш учун борган фаоллар бир амал-тақал қилиб, тум-тарақай қочишга эришдилар. Улар ҳаёти учун ҳавфсираб, мозорга йўл олган Ҳамзанинг ўзи эса ваҳшийлашган оломоннинг қонли гирдобига тушди.

«Айблов хулосаси»дан. Ҳамза Ҳакимзода мозор томондан «дод» деган қичқириқларни эшитгач, матлубот дўкони мудири Абдураҳимов Муллажон билан чойхонадан чиқиб, юқорига, воқеа рўй бераётган мозорга қараб юрди. Шу фурсат Дўсмат Шерматов уларга яқин келиб, Абдураҳимовнинг бошига мушт билан уриб, йиқитди-да, милтиғини тортиб олди, бошқалар эса шу заҳоти Ҳамза Ҳакимзодани қуршаб олиб, уни зинапоя ёнидаги йўлакдан мозорга қараб судраб кетдилар. Биринчи бўлиб шайх-бой Раҳмонали Маъмурали Ҳамза Ҳакимзоданинг олдига келиб, унинг бошига ёпишган ҳолда «Сен мозорни буздинг. Ур буни!» деб бақирди. Шундан кейин қўрбоши Алиёрнинг собиқ босмачилари Ёдгор Нуриддинов ва Болта Ёқубов Ҳамза Ҳакимзодага ташландилар ва уни уриб, ерга йиқитдилар. Холдор Рустамов эса унинг юзига пичоқ тортиб юборди. Абдулла Тошев, Сотиболди Расулев, Зариф Абдумўминов, Шаропов, Узоқов, Маҳкам Шерматов ва бошқалар Хамза Ҳакимзодани тошбўрон қилишди… Оломон орасида ҳозир бўлган Ҳидоятхўжа Дадахўжаев, Жалолхўжа Камолхўжаев ва Эшонхўжа Саййидхўжаев «Ур уни!» дея бақиришди. Оломон Дўсмамат Шерматов билан биргаликда Ҳамза Ҳакимзодага тош отиб, тепишди…»

XX аср ўзбек адабиёти ва санъатининг йирик арбобларидан бири ана шу тарзда ҳалок бўлди.

Фожиадан сўнг

Қутурган оломон, ваҳшиёна нияти амалга ошгандан сўнг Хуррамбой Холиқ ўғли, Жалолхўжа Камолхўжа ўғли ва Ҳидоятхўжа Дадахўжа ўғли даъвати билан қизил чойхона сари йўл олди. У Ҳамзани ўлдириш билангина чекланмай, у амалга оширган ишларни ҳам барбод килиш истагида эди. Ваҳший оқим чойхонага етиб келгач, шоирга биринчилардан бўлиб тош отган батрак Сотиболди Расул ўғли чойхона эшигига солинган қулфни ҳалқа-палқаси билан суғуриб ташлади. (Мозор томондан келган шовқин-сурон авж олиб, Ҳамза ёш дўстларини қутқариш учун чиқиб кетиши билан чойхоначи Собир Ҳамид ўғли эшикка қулф солиб, қаергадир ғойиб бўлган ва, эҳтимол, оломон денгизига сингиб улгурган эди.) Қулф шарақлаб ерга тушиши ва эшик очилиши билан оломоннинг хотин-халаждан иборат қисми чойхонага отилиб кириб, рўзномаю рисолаларни бурда-бурда килди-да, Ленин хайкалчасини тошбўрон қилишга киришди. Сўнг маълум фурсат ўтиб, оломон раҳбарлари эс-ҳушларини йиғиб олгач, кутурган оқим улар фатвоси билан Водилга қараб оқа бошлади. Одамлар дарёси Водил йўлида камайиш ўрнига борган сари кўпайиб, тошиб, қайнаб борди. Бу оқимни Водилга йўллаган хўжа ва шайхларнинг режаларига кўра, батраклар Олтиариқ депарасининг ушбу марказларидан бирига бориб, «Ҳамзани биз, батраклар, ўлдирдик. У бизнинг тинчимизни, ҳаловатимизни бузди, мозорни яксон қилди. Шунинг учун уни ўлдирдик. Энди ҳукуматнинг ўзи айтсин: ким ҳақ? Бизми ё Ҳамза?» дейишлари ва фожиа ташаббускорларини жазодан сақлаб қолишлари лозим эди.

Оқим Водилга яқинлашгач, Ҳидоятхўжа Дадахўжа ўғли икки элчини Водилда истиқомат қилувчи Ҳамроқул Турсунқуловнинг ҳузурига юборди. (Ҳамроқул Турсунқулов 20-йилларнинг бошларида қўрбоши Алиёрнинг Водилга амин бўлишига ёрдам берган, кейинчалик ўзи шу кимсанинг ёрдамида инқилобий қўмита ревком раиси этиб тайинланган эди.) Элчилар унинг ҳузурига бориб, Шоҳимардонда рўй берган даҳшатли воқеани сўзлаб берганларидан сўнг у бундай жавоб берган: «Шундай қилиб, Ҳамза Ҳакимзодани ўлдирдик, денг. Яхши. Аммо яна бир кишини ўлдириш зарур эди».

Абдулла Ҳотамов 1929 йил 24 март куни терговчига гувоҳ сифатида маълумот берар экан, бундай сўзларни айтган:

«Мен ўша куннинг эртасига Водилга тушиб, ДКСМ депара қўмитасининг масъул котиби Муз… (ўқиб бўлмади — Н. Қ.) Масобиров билан бирга касалхонага борар эканмиз, Турсунқуловни кўриб қолдик. У билан сўрашганимиздан сўнг, деди: «Маълум бўлишича, Ҳамза Ҳакимзодани ўлдиришмапти. Сен ҳам Ҳакимзодасан!» У бу сўзларни менга нисбатан нафрат билан айтди. Мен буни унинг сўзларининг оҳангидан, кўзларининг ғаразли қарашидан сездим. Турсунқулов давом этиб, деди: «Мен сенинг кўлингни синдиришди, деб эшитган эдим. Кўриниб турибди: сенга жин ҳам урмапти…»

«Унинг жавоб сўзларидан шу нарса маълум бўладики, — дейилади айблов хулосасида,хўжалар ўз режаларини ишлаб чиқиш пайтида у билан маслаҳатлашганлар ва у тайёргарлик ишларидан хабардор бўлган».

Ҳамроқул Турсунқуловнинг Ҳамза ўлимига қанчалик алоқаси борлиги хусусида сўз юритишдан олдин фожиадан кейинги вокеаларнинг йўналиши билан танишишда давом этайлик.

…Орадан бир ёхуд узоғи билан икки кун ўтгач, Шоҳимардонга бошқа иш билан келган ер-сув бўлимининг вакили Эралиев фожиадан дарак топиб, ўлган шоир жасадини қотиллик юз берган жойга келтиришни буюрди. Оломон қизил чойхонадаги «жинлар базми»дан кейин жасаднинг икки оёғини бўйнига боғлаб, судраб Шохимардон қишлоғидан олиб чиққан ва сойга ташлаган, бир мунча фурсат ўтгандан кейин эса яна қайтиб келиб, уни Гултанги орқасидаги тошлар орасига ташлаган эди. Эралиевнинг буйруғи билан Ёдгор Нуриддинов ва Болтабой Ёкубов жасадни қизил чойхона олдига келтириб ташлади. Шундан кёйин Олтиариқ депара ички ишлар бўлимининг ходимлари келиб, тергов ишларини бошлаб юбордилар. 20—21 март кунлари қотилликка алоқадор деб топилган бир гуруҳ хўжа ва батраклар қамоққа олинди. Қотилликнинг бевосита ташкилотчилари бўлган, аммо фожиа рўй берган куни Шоҳимардондан олис қишлоқларда туриб, уни кузатган хўжалар эса хийла кейин қора курсига келиб қўшилдилар.

21 март куни Абдулла Ҳотамов ва Саиджон Мамажоновнинг саъй-харакатлари билан хибсга олинган кишилар орасида Ҳамроқул Турсунқулов ҳам бор эди. У Бош Сиёсий Бошқарма номига санасиз ёзган аризасида ўзининг фожиага мутлақо алоқасиз эканлигиии айтиб, хусусан, бундай маълумотни ҳам берган: «Мен гўё Ҳакимзодага қарши уюштирилган суиқасднинг асосий раҳбари эмишман. Мен Ҳакимзодани сўнгги маротаба 17 март куни Водилда Жавод Ориповнинг чойхонасида кўрдим. Биз у билан чой ичиб, иш юзасидан сухбатлашдик. Шундан кейин у Шохимардонга кетди. Ҳотамов Ҳакимзоданинг хотинини йўлдан оздириб, асосий айбни менинг гарданимга кўювчи аризага қўл қўйдириб олган. Мен ҳамиша уларнинг асл қиёфаларини фош этиб, уларга қарши курашиб келганман.»

Ҳамрокул Турсунқуловнинг аризасидаги бу сўнгги сўзлар унинг оғзидан тасодифан чиқиб кетган. У кейинчалик ўзини Ҳамзага яқин қилиб кўрсатишга уринган бўлса-да, аслида, бу икки киши ўт билан сувдек бир-биридан узоқ ва бир-бирига бегона бўлган.

Ҳамза 1928 йил 25 сентябрда Комил Алиевга йўллаган мактубида ўша кунларда ўзига қарши тайёрланган иғво тўғрисида сўз очиб, бундай сўзларни ёзган: «…Исмоил мутавалли беш-ўн иғвогарларни тўплаб, йўқ бўҳтонлар билан Фарғона округ сиёсий идорасига ариза бериб, Фарғона шаҳар шўъбасиға 20 октябрга охири чақиртурдилар. Ҳайрият, депара райкоми хабарлашиб, ҳақиқат ўз йўлини топгандай бўлди. Агар аввалғи маълумотлар билан борилғонда, бошимға кўп ҳодисалар тушмоғи аниқ эди. Алам қайда, десанг, ўзларини ривоят қилиб беришларидадир. Бу ҳақда Ҳамроқул мингбоши ўйнаган ролларини ва бошқаларни иккинчи мақоламда ёзсам керак.»

Бу хатдан маълум бўлишича, Ҳамзага карши 1928 йил октябрида уюштирилган курашда Ҳамроқул Турсунқулов ҳам беғараз бир холатда турмаган, аксинча, шу курашнинг ташкилотчиларидан бири бўлган кўринади.

Абдулла Ҳотамов 1929 йил 24 март куни берган кўрсатмасида бу шахс юзасидан бундай иқрорномани баён этган: «Турсунқулов ичдан Ниёзовни ёмон кўрган бўлса ҳам ўзини ташқи жиҳатдан унинг маслакдоши қилиб кўрсатишга уринди. Мунофиқлик қилди. Ҳамзага қарши ғалаён ва унинг ўлдирилиши Турсунқуловнинг билвосита раҳбарлигида бўлган, деб ўйлайман. Буни шу нарса билан исботлайманки, оломон ғалаён пайтида мени судраб уйга олиб борганда, Акбарбойвачча Мадраҳимов (савдогар) менга: «Ҳакимзодани ўлдирдик. Сен бу тўғрида омма ўртасида очиқдан-очиқ айта бер. Бу ҳақда Ҳамроқул Турсунқуловга хат ёз», деди. Мен «Хўп», деб розилик билдирдим. Аммо кўчага чиқсам, Мадраҳимов оломонга қўшилиб, Водилга кетган экан.»

Шу куни бўлиб ўтган тергов чоғида Ҳ. Турсунқулов ўзи билан Ҳамза ўртасидаги муносабатларга ойдинлик киритиб, бундай деган: «Биз Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий билан дастлаб дўст эдик. Аммо кейинги пайтларда у менга ғаразли муносабатда бўла бошлади. Бунинг сабаби шунда эдики, мен у сўраган граммафонни унга бермаган эдим. Кейин у менга Шоҳимардонда олинган суратлар учун 120 сўм пулни бермади. Мен сурат ҳақини ундан бир неча маротаба сўраттирган бўлсам ҳам, у барибир бермади. Ниёзов ана шу заминда менга душман бўлиб қолди… Кейинчалик Шоҳимардонда канал қазилганда, сув қурултойининг қарори билан каналга сув берилмади. Ниёзов эса сув берилмаганини мендан кўрди.»

Ҳ. Турсунқулов шу тергов чоғида яна баъзи бир, назаримда, ғоят муҳим маълумотларни ҳам берган. Унинг айтишига кўра, Ҳамза, Комил Алиев сингари, матбуотда унга қарши мақола билан чиқмоқчи ҳам бўлган. Бундан ташқари, у Ҳ. Турсунқуловнинг Самарқандга бориб, ундан Марказий Ижроия Қўмитасининг вакили эканлиги тўғрисида Охунбобоевдан хат олиб келишни илтимос қилган.

Агар Ҳ. Турсунқуловнинг бу сўзларида жон бўлса, демак, Ҳамзанинг на ЎзҚ(б)П, на Марказий Ижроия Қўмитаси вакили сифатидаги расмий ҳужжатлари умуман бўлмаган ё улар муддати аллақачон тугаган чиқади. (Бу ҳақда қуйироқда яна сўз юритамиз.)

Тергов материалларидан маълум бўлишича, Ҳ. Турсунқуловнинг фожиага дахлдорлиги масаласида дастлаб Алихон Хонхўжа ўғли ҳам тегишли кўрсатма берган. Аммо у кучли тазйиқ остида Фарғона шаҳар 6-участка халқ терговчисининг номига ёзган аризасида ўз гувоҳликларидан воз кечган. Ҳ. Турсунқулов Алихон Хонхўжа ўғли сингари гувоҳларга тазйиқ ўтказиш билангина қаноатланмай, турли юқори идораларга ҳам ариза ёзиб, ўзининг шўро ҳукумати олдидаги хизматларини эслатишга ҳаракат қилган. У, чунончи, 1928 йилда Қизил Армиянинг ҳарбий округлар бўйича қўмондони қилиб тайинланган Дибенко номига юборган аризасида бундай деб ёзган:

«Мен 1918 йилдан то 1923 йилга кадар 2-Махсус Туркистон отлиқ аскарлар бригадасида ҳарбий разведкачи сифатида хизмат килдим ва ҳарбий кисмларнинг босмачиларга карши муваффақиятли курашларига ҳар томонлама ёрдам бердим… Масалан, 1922 йилнинг январ ойида Нурмат қўрбошининг шайкаси 2-Махсус отлиқ аскарлар бригадаси алоқа эскадронининг ярмини ва штаб взводини қуршаб олганда, Водил қишлоқ ревкомининг раиси сифатида, хавф-хатар остида қолган қизил жангчилар ҳақида бир дақиқа ҳам кечиктирмай бригада штабига хабар килганман.

Кейинчалик, 1923 йилнинг ёзида Ёрмат Махсус шайкаларини тугатиш операцияси вақтида катта разведкачи сифатида ишлар эканман, инқилобга бўлган чексиз садокатим ва беадад ғайрат-шижоатим туфайли агентура алоқаларини йўлга қўйдим. Шундай килиб, 13 қўрбоши ва 80 га яқин йигит шўро ҳукумати ҳузурига келиб, таслим бўлди… 1923 йилда Кўршермат шайкаси билан Сўх қишлоғида бўлиб ўтган жангда эса мен йўл бошловчи сифатида шайкага қарши биринчилардан бўлиб ташланиб, «Максим» пулемётини ишга солдим… Ҳарбий қўмондонлик менинг шўро ҳокимиятига бўлган садоқатимни эътиборга олиб, мени Қизил Байроқ орденига тақдим қилди… Кейинчалик, босмачилик ҳаракати ўзининг сўнгги кунларини кечираётган дамларда мен махсус бўлимга хизматга ўтдим…»

Хуллас, на қотилликнинг ташкилотчилари деб ҳисобланган хўжалар ҳам, на батрак деҳқонлар хам ўзларига қўйилган айбни тан олмаганлар. Фақатгина икки батрак — Сотиболди Расул ўғли билан Кўкамбой Тўрақул ўғлигина Ҳамзани ўлдиришда хўжалар ташвиқоти билан бевосита қатнашганликларини эътироф этганлар, холос. Бошқа айбланувчиларнинг уст-бошларида қон излари бўлишига қарамай, улар фожиада бевосита иштирок этганликлари фактидан бош тортганлар. Шунга қарамай, суд гувоҳлар берган маълумотлар ва бошқа ҳужжатларга асосланиб, 50 кишини айбдор сифатида жавобгарликка тортди. 4 киши — Жалолхўжа Камолхўжа ўғли, Ҳидоятхўжа Дадахўжа ўғли, Орифхон (Кўчқор) Охунхўжа ўғли ва Хуррам Холиқ ўғли ўлим жазосига ҳукм этилди. Қолганлар турли муддатга қамоқ ва сургунга юборилди. 4 киши эса айбсиз деб топилди.

Ўлим жазоси берилган маҳбуслар 1929 йил 4 июль куни кеч соат 12 да Фарғонада отиб ташланди. Улар ва ўлим жазоси 10 йиллик қамоқ муддати билан алмаштирилган Музаффархўжа Исмоилхўжа ўғлининг мол-мулклари мусодара этилиб, улардан тушган даромад ҳисобига шоирнинг рафиқаси Комилахон Усмоновага 300 сўм хажмида нафақа берилди, марҳумнинг ўғли Аббосга эса вояга етгунга қадар ҳар ойда 25 сўм хажмида нафақа белгиланди.

Аммо Шоҳимардон фожиаси шу билан тугамади.

Ҳамроқул Турсунқулов Ҳамзанинг фожиали такдирида билвосита иштирок этгани учун Ўзбекистон тасарруфидан 5 йил муддатга чиқиб кетишга ҳукм этилган эди. У шундай ҳукмга маҳкум этилган 6 нафар шериги билан жумҳурият Олий Судига шикоят билан мурожаат этиб, адолатсиз чиқарилган мазкур ҳукмни қайта кўриб чиқишни илтимос қилди. Олий Суд 1929 йил 17 ноябрда Самарқандда бўлиб ўтган ялпи йиғилишида уни ва яна 6 нафар шеригини оқлаб, аммо шу билан бирга уларнинг ижтимоий жиҳатдан хавфли эканликларини ҳисобга олиб, уларни Фарғона ва Андижон округлари тасарруфидан 5 йил муддатга чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.

Ҳ. Турсунқулов юкоридаги хукмни ўзгартириш тўғрисида Ўзбекистон ССЖ Олий Судининг раиси Эрматов бнлан бирга ВКП(б) Марказий Назорат комиссиясининг вакили Манжарага ҳам илтимоснома билан мурожаат этган эди. Эрматов Манжаранинг 1929 йил 24 сентябрда шу масала юзасидан йўллаган мактубига жавобан, жумладан, бундай деб ёзган: «Ҳамроқул Турсунқуловнинг ЎзССЖ тасарруфидан 5 йил муддатга чиқариб юборилиши тўғри бўлган, зероки, у Водил қишлоғида доимий турар жойига эга, ва ҳатто шўро ҳокимияти олдида катта хизматлари бўла туриб, сўнгги йил ичида бутунлай бузилиб кетди; хўжалар ва бойлар билан доимий алоқада бўлган ва аввалги обрўсидан фойдаланган ҳолда аҳолининг батрак-камбағаллар ва ўртаҳол қатламига таъсир кўрсатиб келди; партия ва ҳукумат тадбирлари манфаатини эмас, балки шахсий манфаатини кўзлаган ҳолда сўнгги сайлов кампаниясида йўқотган ҳуқуқларини тиклашга уринди. Ҳамроқул Турсунқулов шўро органларида, шўро хокимияти фойдасига ишлаб турган ҳолда ўзининг моддий шароитини етарли даражада яхшилаб олди…»

Эрматовнинг бу мактубида гарчанд Ҳ. Турсунқуловнинг босмачилик ҳаракати йилларидаги фаолиятидан келиб чиққан ҳолда «ижтимоий жиҳатдан хавфли» эканлиги айтилса-да, унинг Ҳамза фожиасига бўлган «билвосита алоқаси» нимадан иборат эканлиги масаласи очиқ қолган.

Шундай қилиб, кунлар ва йиллар ўтган сайин бу масала тобора қалин туман пардаси билан қопланаверган.

Жумбоқ

Бугунги кунда босмачилик ҳаракати 1917 йил Октябрь инқилобидан кейин ҳам давом этган мустамлакачилик сиёсатига ўзбек халқининг тарихий ҳақ-ҳуқуқларини топташ сиёсатига қарши кўтарилган миллий-озодлик ҳаракати сифатида баҳоланмокда. Бу баҳо гарчанд хозир олий идораларнинг муҳри билан тасдиқланмаган ва стихияли тарзда ифодаланаётган бўлса-да, етарли асосга эга. Аммо бу мавзу мустақил аҳамиятга молик бўлганлиги ва ушбу мақолага бевосита дахлдор эмаслиги сабабли биз яқин кунларда ўз ечимини топиши зарур бўлган мавзунинг Шоҳимардон билан туташган нуқтасигагина назар ташлаб ўтамиз, холос.

1923 йилда Шоҳимардонда босмачиларга карши ўтказилган ҳарбий операцияларнинг бирида собиқ қўрбошилардан бири махсус бўлимнинг топшириғи билан собиқ қуролдошларини ўша атрофдаги тўрт томони тоғ билан ўралган дарага бошлаб кириб, уларнинг қириб ташланишида бир жанговар нишонга арзирли хизмат килган. Айтишларича, нишонга олинган бирорта кимсанинг бу ўлим дарасидан омон чиқиши мумкин эмас экан.

1928 йил августида Ҳамза хам Шоҳимардонга келганида, ана шундай ўлим даражасига тушиб колган эди. Тарих унга фақат 10-17 март кунларигина бу қопқондан чиқиш имконини берди. Аммо бу қопқоннинг қўйилишида Ҳамзанинг ўзи ҳам иштирок этган, тўғрироғи, у ўзининг чор атрофидаги кенгликни миналаштирган ва бу миналашган майдон кун сайин унга яқинлашиб, торайиб, уни ўз қаърига тортувчи қуюнли нуқтага айланмокда эди. 1928 йил 18 март куни Ҳамза, ниҳоят, ана шу қуюн бағрида ўз ҳаётига сўнгги паноҳ топди.

Ҳамзашунослар узоқ йиллар мобайнида шоирни инқилобийлаштириб, дахрийлаштириб, уни диний-маънавий заминда ҳалок қилган муҳитни ва бу муҳитни ташкил этган кишиларни халқ душманлари сифатида қоралаб келдилар. Бу кишилар гўё «бир тўда халқ душманлари, буржуа миллатчилари»дан мадад олган эмишлар. Агар бу кишилар Ҳамза олиб борган диний сиёсатга, тўғрироғи, динга карши курашга хайрихоҳ бўлганларида, гарчанд уларни кимдир ичирган бўлса хам пичоқ ва тош билан шоирга қарши борган ва уни ваҳшиёна ўлдирган бўлармидилар?!… Йўқ, албатта.

Ҳамза 1913—1914 йилларда илк девонига тартиб бериш мақсадида «Ё илоҳо, сангадур хамду сано, Қодиро, ҳайю тавоно зул-ъало», Ё Муҳаммад, айланай, номннггадур жоним фидо, Тожи сар ўлди лаамрук подшоҳи ду саро» байтлари билан бошланган ғазаллар ёзиб, уларда ўзининг ислом динининг фалсафий ақидаларига мутлақо садоқатли эканлигини намойиш этган ва бугун халқ ўртасида «Девони Ниҳоний» номи билан машҳур бўлган тўпламини шу ғазаллар билан очган эди. Яна шу даврда ўзи ташкил этган жадид мактаблари учун тузган «Енгил адабиёт» китобининг дастлабки беш дарсини хам ёш авлодда Оллох таолога эътиқод туйғусинн ўстиришга бағишлади. Бу китобнинг учинчи дарсида маърифатпарвар шоир, жумладан, бундай ёзган эди:

Худодир бу жаҳонни
Бор этган барча жонни,
Бошқа кимса қодирмас
Яратмокка бир жонни
Худо бордур, ҳозирдур,
Ҳар бир ишга қодирдур,
Кимки ишонмас экан,
Ҳар мазҳабда кофирдур.

Ҳамза қаерда жадид мактабини очган ва ёш авлодга тарбия бериш билан машғул бўлган бўлса, у ўз мактабларидаги дастлабки камида беш соатни ана шу руҳдаги диний тарбияга бағишлади. У 1913 йилда, ҳамзашунослар айтиб келганларидек, Истамбулда ўқиш истаги билан эмас, балки Маккаю Мадинани зиёрат этиш иштиёқида чет эл сафарига борган.

У ана шу сафардан кейин ўзининг ҳожи бўлганлиги билан ифтихор қилган. Ҳалқнинг Ҳамзага бўлган муносабати ҳам у ҳожи бўлиб қайтгандан кейин самимий тус олган.

Хўш, ана шу Ҳамза 1928 йилга келиб қандай қилиб, Шоҳимардондаги динга қарши курашга раҳбарлик қилди? Умуман, «Миллий ашулалар учун миллий шеърлар мажмуаси» деган умумий ном остида чоп этилган «гул» тўпламларида шеърий санъат ва халқчил ижод «сир»ларини эгаллаган ва ижодий камолот босқичига кўтарилган Ҳамза қандай қилиб 1917 йилдан кейин юзаки инқилобий пафосни ифодалашдан нарига ўтмади? Тўғри, у драматургияда «Майсаранинг иши» ва «Паранжи сирларидан бир лавҳа ёки Яллачилар иши» сингари баркамол асарлар яратди. Аммо шеъриятда-чи?..

Ҳар ҳолда Ҳамза инқилобдан кейинги даврда бадиий ижоддан узоқ бўлган, аммо адабиётни инқилобий сиёсатнинг жўн қуролига айлантиришни истаган кимсаларнинг таъсирига тушган кўринади. Чамаси, у кимнингдир таъсирига тушиб қолгангина эмас, балки унинг измида бўлган, у чизган чизиқдан чиқолмаган. Ҳамзанинг таржимаи ҳолида, хусусан, бундай сирли сатрлар бор: «1918 йил Хўқандда муаллимликда давом этдим. Ундан Скобелга юборилдим». Хўш, Қўқонда муаллимлик қилаётган шоирни Фарғона шаҳрига ким юборган? Уни Туркфронт бўйлаб босмачиларга қарши ташвиқот ва тарғибот ишларини олиб бориш учун ким юборган? У қандай қилиб 1921 йилда Хоразм Халқ Жумҳуриятининг (эътибор беринг: бошқа жумҳурият!) вилоятларига бориб колган? У нима учун «қишлоқ рўзғори, табиат бойлиги билан танишув билан бирликда қишлоқ турмушидан саҳналарга пьеса ҳозирламоқ» мақсади билан борган Аввал ва Шоҳимардон қишлоқларида ижодга алоқаси кам бўлган ишлар билан шуғулланган?..

Афсуски, Ҳамзанинг Юсуф Султон томонидан нашр этилган таржимаи ҳоли айрим қисқартириш ва таҳрирлардан холи эмас. Шоирнинг беш жилдли «Тўла асарлар тўплами»нинг илмий нашрини тайёрлаш жараёнида бу таржимаи ҳолнинг асл нусхаси топилмади. Ҳозир жумҳурият Вазирлар маҳкамаси қошидаги архивда сақланаётган Ҳамзанинг шахсий ишида бир пайтлар мавжуд бўлган бу ҳужжат яна кимнингдир томонидан йўқотилган. Бу таржимаи ҳолдаги юлдузчалар билан ажратилган ўринларда кандай маълумотлар бўлганикин?

Ҳамза ўз табиатига кўра, расмиятчи бўлиб, сарф этган ё қарз олган ҳар бир тийинидан тортиб, поезд чиптасига қадар, ёзган ҳар бир сатридан тортиб, идоралардан олган арзир-арзимас ҳужжатларга кадар — ҳаммасини йиғиб, сақлаб юрган. У ҳатто нозик тиббий операциядан ўтганлиги ҳақидаги маълумотномани ҳам йиртиб ташлашга журъат қилмаган. Шундай табиатга эга бўлган одам ўз ҳаётининг бугун бизга сирли бўлиб қолган томонларига оид ҳужжатларни сақлаган, албатта. Лекин бу ҳужжатлар ўқтин-ўқтин кимларнингдир назоратидан ўтиб, йўқотилиб турилган.

Ҳамзанинг Шоҳимардондаги яқин кишиларидан бири, балки ягонаси Абдулла Ҳотамовдир. Унинг «Ҳамза Шоҳимардонда» деб номланган китобида «совет органларининг ҳушёр ва зийрак ходимлари»дан икки кишининг —Қашқаров ва Зайнуллиннинг номлари бир неча маротаба тилга олинган. Агар муаллиф бир ўринда «давлат хавфсизлиги органларининг ходимлари» бўлган бу «устозлар»идан «кўп нарсаларни» ўрганганлигини айтса, иккинчи бир ўринда уларнинг 1925 йиллардан бери унга ички душманларга карши кураш йўлини ўргатиб келганларини таъкидлайди. Олис Шоҳимардон қишлоғидаги 18 яшар бир йигит «давлат хавфсизлиги органлари»даги «устозлари» раҳбарлигида иш юритган экан, Қўқонда шоир ва муаллим сифатида танилган шоирнинг бу «устозлар» таъсир доирасидан четда қолиши амри маҳол эди. 20-йилларга оид махфий ҳужжатларни ўрганиш шуни кўрсатадики, Махсус Бош Сиёсий Бошқарманинг Ўрта Осиёдаги Мухтор Ваколатхонаси сиёсий вазиятни ўз назоратига олиш максадида айниқса зиёлилар орасидан ўзига содиқ кишиларни ахтарган. Айрим ҳолларда эса уларни ҳатто ўз дўст-ёрларига қарши маълумот бериб туришга мажбур қилган. Ана шундай шароитда Ҳамзанинг бу идора эътиборидан четда қолиши мумкин эмас эди. Туркистон ва Қўқон шаҳарларидаги рус ишчилари билан яқинлашиб, уларнинг инқилобий онглари таъсирида «инқилоб жангчиси ва жарчиси» сифатида шаклланган Ҳамза бу идора билан ҳамкорлик қилишга ғоявий жиҳатдан тайёр эди. Тахмин қилиш мумкинки, унинг Хоразм Халқ жумҳуриятига бориб ишлаши ҳам, бошқа айрим шаҳар ва вилоятлардаги фаолияти ҳам, хусусан, Шоҳимардонга махсус топшириқ билан бориши ҳам бу идоранинг аралашувисиз рўй бермаган.

Борди-ю фаразда муайян ҳақиқат учқунларини бор деб билсак, нега у пайтда бу идоранинг Фарғона округ бўлими Ҳамзанинг Шоҳимардондаги фаолиятига раҳбарлик қилиш ва зарур ҳолларда таҳрир киритиш ўрнига унинг қишлоқ аҳлини ташвишга солаётган хатти-ҳаракатлари тўғрисида марказга хабар бериш билан кифояланган? Афсуски, бугун биз бу саволга жавоб бериш имкониятига эга эмасмиз. Шунинг учун ҳам юқорида баён этилган тахмин ўз-ўзидан совун кўпигидек парчаланиб кетади.

Лекин шу билан бирга яна бошқа саволлар ҳам пайдо бўлади. Масалан, МБСБнинг Ўрта Осиёдаги Мухтор Ваколатхонаси ҳам, Ўзбекистон БСБ ҳам, Фарғона округ фирқа қўмитаси ҳам Денисов ва Баланин имзолари билан юборилган хатларга қандай жавоб йўллаганлар? Нега уларнинг жавоблари сақланмай қолган? Умуман, Ҳамзанинг 1928 йил октябридан кейинги фаолиятига доир ҳужжатларнинг йўқлиги, аниқроғи, йўқотилганлигида бирор сир мавжуд эмасмикан?..

Бу масалага ойдинлик киритувчи ҳужжатлар бўлмагани учун бирор ҳукмга келиш мантиқдан эмас. Шунинг учун ҳам калаванинг бу учини ечишни дориломон замонларга қолдирамиз.

“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 10-сон