Малайзияда таҳсил олиш учун 8 сабаб айтилди

Фото: EMGS

17 март куни Малайзиянинг Тошкентдаги элчихонасида таълим соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда сўз олган Малайзиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳенди Ассан икки мамлакат ўртасида турли соҳалар қатори таълим йўналишида ҳам алоқалар изчил ривожланаётганини қайд этди. Дипломат ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар Малайзиянинг халқаро рейтингларда юқори ўринда турувчи олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имконига эга эканини таъкидлади.

Education Malaysia Global Services (EMGS) дунё бўйлаб Малайзия таълим тизимини тарғиб этиш билан шуғулланади. Малайзия олий таълим вазирлиги қошида таъсис этилган мазкур ташкилот хорижлик талабаларга яқиндан кўмак беради. Тошкентдаги давра суҳбатида мазкур ташкилотнинг минтақавий менежери Raja Muhammad Fariz Raja Eyuddin ҳам қатнашди ва Малайзия таълим тизими хусусида тақдимот ўтказди.

Фото: Аскар Якубов

Хўш, Жануби-шарқий Осиёда жойлашган ушбу мамлакатда таҳсил олишнинг қандай афзалликлари бор? EMGS вакили бу борада саккиз муҳим жиҳатни санаб ўтди.

  1. Жаҳон даражасидаги таълим сифати. Малайзиядаги кўплаб олий таълим муассасалари халқаро рейтингларда юқори ўрин эгаллайди. QS рейтингига мазкур мамлакатнинг 35 та университети киритилган.
  2. Замонавий ва тараққийпарвар ўлка. Малайзия – шиддат билан ривожланаётган замонавий мамлакат. Бу ерда яшаш учун қулай шароит ва илғор транспорт тизими мавжуд. Ҳалол озиқ-овқатлар эса мусулмон дунёси учун муҳим аҳамият касб этади.
  3. Инглиз тилида таҳсил олиш имкони. Малайзияда инглиз тили жуда кенг тарқалган, ушбу халқаро тилни талаб даражасида билган талаба бемалол нуфузли ОТМларда ўқий олади.
  4. Стратегик жойлашув. Малайзия қулай стратегик минтақада, Осиёнинг юрагида жойлашган. Бу ердан қўшни йўналишларга тез ва соз сафар қилиш мумкин.
  5. Қулайлик. Малайзия барча жабҳаларда – таълим учун тўловдан тортиб егуликка қадар қулайлик таклиф этади. Шартнома пули ҳам бошқа давлатларга солиштирганда сезиларли миқдорда арзон.
  6. Тинч ва хавфсиз ўлка. Global Security Index ҳисоботига кўра, Малайзия тинчликпарвар давлатлар рўйхатида 20-ўринда қайд этилган. Жамоат хавфсизлиги юқори даражада таъминлангани, жиноятчилик сезиларли камлиги талабалар учун ҳам айни муддаодир.
  7. Кўп маданиятли жамият. Турли маданият ва эътиқод эгалари аҳил-тотув яшаб келаётган мамлакатда чет эллик талабалар учун ҳам дўстона муҳит мавжуд. Толиби илмлар турли маданият ва тиллар билан яқиндан танишиш имконига ҳам эга бўлади.
  8. Қайноқ ва завқли ҳаёт. Малайзияда таҳсил олиш жараёнида талабалар мамлакатнинг бетакрор табиати, сирли оролларига саёҳат қилиши ҳам мумкин. Бу эса олам-олам завқ бағишлайди, дунёқарашнинг кенгайишига хизмат қилади.

EMGS минтақавий менежери ўз тақдимотида Малайзия олий таълим тизими ахборот технологиялари, менежмент, муҳандислик, кимё, тиббиёт, иқтисодиёт, ислом молияси, дизайн каби йўналишларда юқори рейтингларга эга эканини қайд этди. Бу борадаги батафсил маълумотни EMGS  сайтидан олиш мумкин.

EMGS томонидан тайёрланган қуйидаги видеолавҳада ўзбекистонлик талаба Малайзияда таҳсил борасидаги таассуротлари билан ўртоқлашган:

Маълумотларга қараганда, ҳозирда Малайзияда 100 мингдан зиёд хорижлик талаба таҳсил олмоқда. Мамлакат ЮНЕСКО томонидан чет эллик талабалар сони бўйича дунё ўнталигига киритилган. Биргина 2021 йилда Малайзия ОТМларига 150 га яқин давлатдан 40 мингдан зиёд талаба қабул қилинган. 2022 йилда бу кўрсаткич янада ошиши кутилмоқда.

Шу мавзудаги мақолалар:

Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. 21.02.2022

Тошкентда “Малайзия куни” қандай ўтди? 15.12.2021