«Ёшлик» журналининг адабий тилимиз тўғрисида «Муҳокама, мунозара» олиб бораётгани она тилимизнинг бугунги ҳолатини чуқурроқ таҳлил этиш ҳамда ҳаққоний хулосалар чиқаришда катта аҳамият касб этади.
Х.Дониёров, Н. Шукуров, Б. Йўлдошевларнинг «Адабий тилимиз муаммолари» мақоласида («Ёшлик», 1989 йил. № 8) ўзбек алифбосини мукаммаллаштириш масаласи жуда тўғри кўтарилган ва кўнгилдаги гаплар айтилган.
Сир эмаски, ҳозирги алифбомизда тилимизнинг фонетик хусусиятлари, товушлар жилоси ўз ифодасини тўла топган эмас. Мустақил сўзлар ясовчи бир неча товушларнинг битта ҳарф билан ифодаланиши чалкашликлар туғдириб келмоқда. Мақола муаллифлари таъкидлашганидек, тил орқа ва тил олди «ў» товуши ана шундай товушлардан ҳисобланади. Биз қулайлик туғдириш мақсадида шартли равишди «ў»нинг қаттиқ, тил орқа варианти учун «ў» ва юмшоқ, тил олди варианти учун «ӱ» белгисини танладик.
Маълумки, «ў» ва «ӱ» товушлари тилимизда маъно ўзгартириш хусусиятига эга. Масалан, «ўт» (ўсимлик) — «ӱт» (инсон аъзоси), «бўлмоқ» (бирор жойда бўлмоқ) — «бӱлмоқ» (парчаламоқ. тақсимламоқ), «ўрмоқ» (ўсимликни ўрмоқ) — «ӱрмоқ» (сочни ўрмоқ), ўсма (ўсимлик) — «ӱсма» (касаллик) ва ҳоказо.
Мазкур товушлар омоним сўзларнинг грамматик маъноларини ҳам ўзгартиради. Масалан, «тўла» (семиз, буткул) — сифат ёки равиш, «тӱла» (пул тўлаш) — «тўламоқ» феълининг иккинчи шахс бўйруқ формаси, «ўй» (фикр) — от, «ӱй» — «ўймоқ» феълининг буйруқ формаси, «ўт» (олов) — от, «ӱт» (ҳаракат) — «ўтмоқ» феълининг буйруқ формаси, «ўз» — ўзлик олмоши, «ӱз» — «ўзмоқ» феълининг буйруқ формаси.
Энди «ў» ва «ӱ» товушлари билан боғлиқ бўлган яна бир хусусиятни кўриб чиқайлик. Бу хусусият «қ» ва «к» ҳарфлари билан боғлиқдир. Ўзбек тилида «к» товушидан кейин «ў» товушини талаффуз қилиш мумкин эмас, чунки «к» товуши «қ»га қараганда тилнинг олдинроқ қисмида талаффуз этилиши ва унинг юмшоқлиги бунга йўл бермайди. «Қ» товушидан кейин эса «ў» товушини қўллаб бўлмайди, чунки «қ» тил орқа ундош товушидир. Агар «қўл» сўзидаги «қ» ҳарфи «к»га айлантирилса, «қўл» тамоман бошқа сўзга айланади.
Тилшуносликда қабул қилинган қоидага кўра, тилда маъно ўзгартириш хусусиятига эга бўлган товушгина фонема ҳисобланади. Бинобарин, тилимиздаги «ў» ва «ӱ» товушлари янги маънодаги сўзлар ясовчи мустақил фонемалардир. Шунинг учун уларга алоҳида белгилар жорий қилиш зарурдир.
Х.Дониёров, Н. Шукуров ва Б. Йўлдошевларнинг фикрича, «бўлғон» сўзини майинлаштирмасдан, ўзининг табиий ҳолатига мос равишда қаттиқ талаффуз билан айтишнинг ҳеч иложи йўқ. Чунки амалдаги имломизда «‑ғон» аффикси йўқ, у грамматик қоидага киритилмаган, «-ган» аффикси эса «ў» унлисини қаттиқ қилиб айтишга имкон бермайди. Шунинг учун ҳам бу сўзни кўпинча тил олдида «бўлган» (майдалаган) тарзида талаффуз қиладилар ва ўз-ўзидан маъно чалкашлиги келиб чиқишига йўл очадилар». Бу фикр унча тўғри эмасга ўхшайди. Муаллифлар бу ўринда «ў» ва «ӱ» товушларининг талаффузида оғзаки нутқнинг, шеваларнинг ролига етарли эътибор беришмаётгандек туюлади бизга.
Дарҳақиқат, Самарқанд, Бухоро вилоятларида ва Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг баъзи жойларида ўзбек тилига тожик тилининг таъсири натижасида «ў» ўрнига «у»ни ишлатиш кенг тарқалган, чунки тожик тилида «ў» фонемаси кам қўлланилади. Бошқа шеваларда бунинг акси ҳам учрайди. Масалан, Тошкент шевасида «ўтқазмоқ» (кўчат ўтқазмоқ) ва «утқазмоқ» (ҳаракат) феълларининг иккови ҳам бир хил талаффуз қилинади, бунда ҳар икки ҳолда ҳам «қ» товуши ишлатилади. Фарғона водийсининг кўп жойларида эса «ў» ва «ӱ» товушлари асл ҳолида талаффуз қилинади.
Мақола муаллифларининг: «Ҳозирги ёзувимизда қўлланаётган «ў» ҳарфи амалда икки мустақил товушни ифодалашга хизмат қилади» («у» ҳарфи ҳам шундай), — деган фикрлари ҳам мунозара талабдир.
Тўғри, «у» ҳарфи ҳам икки мустақил товушни ифодалашга хизмат қилади, аммо, бизнингча, «у» ҳарфининг шу хусусиятини «ў»никидан фарқламоқ керак. «Ў» ҳарфи сўзнинг бошида келганда маъно ўзгартириш хусусиятига эга, «у» эса бундай хусусиятга эга эмас. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да ҳам атиги бир жуфт омоним сўзлар келтирилган холос» «ун» (дон маҳсулоти) ва «ун» (товуш).
«У» ҳарфининг қаттиқ ва юмшоқ вариантларда талаффуз қилинишига, назаримизда, бошқа фонетик омиллар сабаб бўлади. Масалан, «у» ҳарфи «б», «п», «қ» ҳарфларидан кейин келганда қаттиқ вариантда талаффуз қилинади. Масалан, «қул», «қурмоқ», «қурол», «қурт», «қуралай», «пул», «пудрат», «пуд», «пучуқ» ва ҳоказо. «К» ва «т» ҳарфларидан кейин эса юмшоқ вариантда талаффуз этилади. Масалан, «қува», «кудунч», «куз», «куй», «кукун», «тузум», «туйнук», «тузук», «тул», «тун» ва ҳоказо.
«У» ҳарфи талаффузининг учинчи кўриниши ҳам мавжуд: «пуфак», «кува» каби сўзлардаги «у» ҳарфи қаттиқ ва юмшоқ вариантлардан фарқли ўлароқ жуда қисқа, эшитилар-эшитилмас талаффуз қилинади.
Шу ўринда, яна бир унлига — «и»га изоҳ бериб кўрайлик. «Қибла», «қаттиқ», «қизил», «қидирмоқ» каби сўзлардаги «и» товуши «ип», «игна», «иффат», «илтифот» каби сўзлардаги «и»дан фарқ қилади. «Қизил» сўзидаги «и» тил орқа ундоши «қ»дан кейин рус тилидаги «ы»га яқин талаффуз қилинади.
Юқорида айтилганлардан келиб чиқиб, «у» ва «и» товушларининг талаффуздаги фарқлари улардан олдин ёки кейин келадиган ундош товушларнинг артикуляция ўринларига боғлиқ, деган хулосага келиш мумкин. Шу боисдан унли товушларнинг сўзда жойлашиш ўрнига кўра ҳар хил талаффуз қилиниши уларни фонема дейишга асос бермайди. Чунки улар маъно ўзгартириш хусусиятига эга эмас. Бизнингча, «ў» ҳарфидан ташқари бошқа унли ҳарфларнинг тилимиздаги турли вариантлари учун алоҳида белгилар қабул қилинишига зарурат йўқ.
Маликжон Шамситдинов, Ўктамжон Нурматов, Ҳамза номидаги Наманган Давлат педагогика институтининг катта ўқитувчилари
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 7-сон