Ислом Иноятов. Янгра, она тилим (1990)

В. И. Ленин миллий тилларга кишилар ўртасидаги энг муҳим алоқа воситасигина деб қарамасди, балки авваламбор ана шу тиллар асосида халқлар, уларнинг тақдири, маданиятлари, тарихлари ва қолаверса инсоний ҳуқуқлари борлигини тўла англаб етган эди. Шу сабабли ҳам Владимир Ильич ўзининг миллий масалаларга бағишлаб ёзган асарларида миллий тиллар ва уларнинг равнақига алоҳида эътибор берди. У партиянинг олдига қўйган биринчи вазифа — миллий масала ҳақида тўхталиб: «…аҳолига ўз она тилида маълумот олиш ҳуқуқи берилсин, бунинг учун давлат ва маҳаллий бошқарма идоралари ҳисобидан керакли миқдорда мактаблар очилеин; ҳар бир фуқаро мажлисларда ўз она тилида гапириш ҳуқуқига эга бўлсин», деб кўрсатган эди (В. И. Ленин. ТАТ. 7-том, 315-бет).

Партиянинг II съезди, 1903 йилда қабул қилган дастурида белгиланган бу вазифалар унинг кейинги дастурларида ҳам ўз аксини топганлигига қарамай яқин тарихимизда ленинча миллий сиёсатдан чекиниш, бузилиш ҳоллари содир бўлди. Бунда айрим партия ва давлат раҳбарларининг нотўғри олиб борган сиёсатлари, халқлар ўртасида байналмилалчиликни вужудга келтиришдаги шошма-шошарликлар ва уларни назарий жиҳатдан рағбатлантирган олимларимизнинг ҳам хатолари катта бўлди. «Интернационализм байроғи» остида асоссиз, шошқалоқлик билан чиқарилган хулосалар жамиятимизда миллий масалаларни чигаллаштириб юборди. Натижада кичик халқларнинг миллий мактабларини ёпиш, ялписига рус тилида ўқитишга мажбур қилиб қўйиш миллатларнинг интернационаллашуви деб хаспўшланди. 1961 йил 3 январда Молдавия ССР Маориф Министрлиги томонидан чиқарилган буйруқда «Гагауз» тилида ўқитиладиган бошланғич синф ўқувчиларини рус тилида таълим олишга ўтказиш ҳақида»ги қарори бутун бошли бир халқнинг она тили устидан чиқарилган ўлим ҳукми бўлди.

Мана шундай қарорлар ва турли нуқтаи назарлар натижасида 1926 йилги аҳолини рўйхатга олиш вақтида қайд этилган СССРдаги 194 та миллий тил 1979 йилга келиб 101 тага тушиб қолди. Маориф ишлари эса атиги 52 тилда олиб борилди. Бутун бошли эл ва элатлар ўз она тилларини бутунлай унутишгача бориб етдилар. Қаранг, XII—XIII асрларда ўлик тилга айланган сўғд тилининг бир бўлаги сифатида намоён бўлиб келаётган Тожикистон ССРнинг тоғли ноҳияларида истиқомат қилувчи яғнобийлар тили даврнинг шафқатсизлиги натижасида уларнинг турли тарафларга кўчирилиш оқибатида мангу йўқликка юз тутди. Бу халқ тилида мулоқот қилувчилар сони XX аср ўрталарида атиги икки минг киши атрофида эди. Ёшлар эса умуман ўз она тилларини билмайдилар. Мана шундай ҳолларни бошқа миллатлар тақдирида ҳам кўришимиз мумкин.

Ўтган йилларда нафақат кичик халқлар, балки айрим жумҳуриятларда яшовчи туб аҳолининг вакиллари ҳам ўз она тилларида таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлдилар.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1989 йил 20 октябр кунги сонида тарихчи олим П. Г. Ким томонидан эълон қилинган «Уйдирма ва ҳақиқат» номли мақоладаги бир манба эътиборимизни тортди. Олимнинг олиб борган тадқиқотлари натижаси шуни кўрсатадики, Россия императори томонидан берилган фармонга кўра ўтказилган рўйхатга олиш даврида аҳолининг саводлилик даражаси биргина Фарғона вилояти ҳарбий губернаторининг кўрсатмасига биноан анкета варақасига киритилган бўлиб, у ҳам «Рус тилида гапира оладими?» деган саволга жавоб тарзида ўтказилган ва шунга қараб саводхонлик даражаси аниқланган. Демак, мана шу манбаларга асосланган ҳолда айтишим мумкинки, биргина Фарғона водийсининг ўзида аҳолининг икки фоиздан кўпроғи рус тилида мулоқот қила олган. Аммо мана шу кўрсаткич яқин-яқинларгача ҳам: «Улуғ Октябр инқилобигача Ўзбекистонда атиги икки фоиз аҳоли саводли бўлган», деган мажҳул фикрни туғдиришга асос бўлиб хизмат қилди ва у ўзбек халқининг маданий ҳаёти тарихига аёвсиз босилган тамға вазифасини ўтади.

Ўзбек халқининг рус тилини ўрганишга бўлган қизиқиш ихтиёрийлик даражасидан чиқиб ниқоблантирилди. Байналмилалчиликни, миллатлараро бирдамликни вужудга келтириш учун рус тили биринчи даражали восита, деб ҳисобланди, бу тилда ўқитиш соатлари кўр-кўрона оширилгандан ошириб борилди, рус тили кунлари вужудга келди. 1970 йилларнинг охирларига келиб бу тилни ўрганиш даражаси вилоят партия қўмитаси котибларининг ёзма ҳисоботларига киритилди ва улар ўқувчиларнинг тил билиш миқдорини рақамлар билан белгилашгача бориб етди. Мана шундай дастакларга асосланган ҳолда ленинча миллий масалани ҳал этишда эришилган натижалар мутлоқлаштирилди, миллий муносабатларга, тил масалаларига чинакамига маъмурий кўз билан қарадилар. Ҳатто партия ва давлат идораларида ишловчи кишилар ўзбек тилида гапиришдан уяладиган бўлиб қолдилар. Улар атрофдагиларнинг ҳаммаси ўзбеклар бўлса-да, рус тилида гапиришни ўзларига мансаб билдилар. Мана шунинг учун ҳам айрим собиқ раҳбарларнинг бугунги кунда тутган фожиали аҳволига ҳеч кимнинг ичи ачимаяпти. Чунки улар халқдан, Ватанидан узоқлашган эдилар.

КПСС Марказий Комитетининг 1985 йил Апрел пленуми томонидан илгари сурилган ва мамлакатнинг барча жабҳаларида партия олиб бораётган қайта қуриш сиёсатида ленинча миллий тил сиёсати ҳар қалай ўз аксини топди. КПСС XIX Бутуниттифоқ конференцияси томонидан қабул қилинган «Миллатлараро муносабатлар тўғрисида»ги қарорида «СССРдаги барча гражданларнинг она тилларини эркин ривожлантириш ва улардан тенг ҳуқуқли фойдаланиш — кўп миллатли давлатимизнинг энг муҳим принципидир», деб таъкидланди. Мамлакатда ленинча миллий сиёсат ғояларининг қайта тиклайиши натижасида қатор миллий жумҳуриятлар, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам жумҳурият номи билан юритиладиган тилга Давлат тили мақоми берилди.

Маълумки, ўзбек тилига Давлат тили ҳуқуқи берилиши арафасида ҳам айрим шахслар бунга қарши туриб ўз қарашларини Ленин ғоялари билан ниқоблашга уриндилар. Турли баҳоналарни рўкач қилиб, Давлат тили ҳақидаги қонунни қабул қилиш ишини пайсалга солиб келдилар. Ва бу билан ўзларининг халқ билан ҳисоблашмасликларини яна бир бор намоён этдилар. Масаланинг қизиқ тарафи шундаки, В. И. Ленин кўп миллатли Россияда миллий тилларнинг эркин ривожланишини қўллаб-қувватлаб чиққанлиги сабабли ҳам Грузияда Совет ҳокимияти ўрнатилгач, 1922 йилда қабул қилинган жумҳурият конституциясига грузин тилини расмий равишда Давлат тили деб киритилишига қарши чиқмади. Арманистон ССР, Озарбайжон ССРда ва ҳатто 1918 йили Туркистон Коммунистик партиясининг биринчи съездида ерли халқлар тили давлат тили даражасига кўтарилганида уларга хайрихоҳ бўлган эди. У Совет давлатининг биринчи ҳужжатларидаёқ «Россия халқлари ҳақ-ҳуқуқлари Декларацияси», «Россия ва Шарқнинг мусулмон меҳнаткашларига мурожаат»и, РСФСРнинг 1918 йилда қабул қилинган биринчи Конституцияси ва қолаверса партиянинг X съездида великорус бўлмаган халқларнинг ўз она тилларида матбуот, мактаб, театр, даъватхона ишларини ва умуман маданий-оқартув муассасаларини ривожлантириш, она тилида ҳам умумий, ҳам ҳунар-техника таълими берадиган курс ва мактабларни кенг миқёсда йўлга қўйиш ва ривожлантиришда ёрдам бериш вазифаларини қўйди ҳамда чекка ўлкаларда ишлаётган, «ҳоким» миллат бўлиб яшаш шароитида ўсган ва миллий зулм кўрмаган великорус коммунистларининг партия ва советлар ишида миллий хусусиятларнинг аҳамияти кўпинча камситишлари ва бу улар билан ҳисоблашмаслик, ўз ишларида миллатларнинг синфий тузилиши, маданияти, турмуши ва тарихий ўтмишининг хусусиятларини назарга олмаслик партиянинг миллий масалада тутган сиёсатини сийқалаштиради ва бузади», деб кўрсатган эди.

В. И. Ленин кўп миллатли давлатда миллий масалада миллий тилнинг тутган ўрнини жуда зийраклик билан кўра билди. Мана шуни инобатга олган ҳолда у ўзининг сўнгги хат ва мақолаларидаги васиятларида: «Миллий тилни иттифоқимизга кирган ўзга миллий жумҳуриятларда ишлатиш ҳақида жуда қатъий қоидалар жорий қилиш ва бу қоидаларни жуда пухта текшириб туриш керак. Шубҳа йўқки, темир йўл хизматининг бирлиги баҳонаси билан, қонун-қоидалар бирлиги ва шу кабилар баҳонаси билан бизда, ҳозирги аппаратимиз шароитида кўпдан-кўп ғирт русча тахлитдаги суиистеъмоллар бўлиши турган гап. Бу суиистеъмолларга қарши курашмоқ учун алоҳида моҳирлик зарур. Бунда батафсил ишланган қонунлар мажмуаси керак бўлади, бу қонунлар мажмуасини фақат шу жумҳуриятларда яшовчи кишиларгина бир қадар муваффақият билан туза олади», деб таъкидлаган эди. Ленин ғояларининг нақадар тўғри эканлигини ҳаёт яна бир бор исбот қилиб берди.

Ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилиши, — дейишади жумҳурият ҳукумати томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон ССР Давлат тили тўғрисида»ги Қонунни амалга ошириш ҳақидаги давлат дастурида, — боғлиқ масалалар ҳал этилганлигини билдиради. Айни вақтда бошқа миллат вакилларининг ўзбек тилини ўрганишларига ёрдам бериш ва уларни рағбатлантириш Ўзбекистон ССРда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг тилларцни сақлаш ва ривожлантириш тўғрисида давлат ҳамда жамият ғамхўрлиги билан уйғунлаштирилади. Партия ва ҳукумат томонидан жумҳуриятда яшаётган миллат ва элатларнинг маданий эҳтиёжларини қондириш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Аҳолининг она тилида таълим олиш хусусидаги эҳтиёжлари тўлароқ қондирилмоқда. Бугунги кунда 259 мактабда болаларга тожик тилида, 491 мактабда қозоқ тилида, 52 мактабда туркман тилида, 40 мактабда қирғиз тилида, 12 мактабда юнон тилида, 7 та синфда корейс тилида таълим берилмоқда ва уларнинг сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги олий ўқув юртларида, Самарқанд ва Нукус дорилфунунларида тожик, қозоқ, қримтатар, корейс тилларида таълим берилмоқда. Бундан ташқари совет корейслари, Бухоро яҳудийлари, уйғурларнинг ва бошқа миллат вакилларининг миллий-маданий жамиятлари ўз она тиллари ва маданиятлари равнақи йўлида иш олиб бормоқдалар.

Жумҳуриятда истиқомат қилувчи бошқа миллат вакилларининг ўз она тиллари билан бир қаторда ўзбек тилини ўзлаштиришлари бу халқнинг маҳаллий миллат вакиллари билан янада яқинлашишларига, бу халқ урф-одати, маданияти дурдоналаридан тўла равишда баҳраманд бўлишларида янги уфқлар очиб беради.

Бугунги кунда ўзбек бўлмаган аҳоли орасида ўзбек тилини ўрганишда завод, фабрика ва жойларда ташкил этилган тўгараклар маълум миқдорда иш олиб бормоқдалар. Кўп ҳолларда бу борада вужудга келаётган муаммолар иқтисодий масалалага бориб тақалмоқда. Мана шу ўринда бир савол туғилади. Нима учун аксарият ҳолларда бу тўгаракларнинг харажати касаба уюшмалари зиммасига тушмоқда. Ахир аҳолининг ўзбек ёки рус тилини ўрганиши улар орасидаги байналмилалчилик муносабатларини вужудга келтиради-ку. Байналмилал тарбия эса партия ва комсомол ташкилотларининг биринчи даражали вазифалари эмасми? Шундай экан, уларни бу тўгаракларнинг фаолият кўрсатиши учун сарфланадиган харажатларни ўз зиммаларига олишлари мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Маълумки, ҳозирги даврда мамлакатимизнинг иқтисодий аҳволи жуда оғир. Мана шундай шароитда давлат ва хўжалик ишларини Давлат тилига ўтказиш кўплаб сарф-харажатларни талаб қилади. Масалан, Ўзбекистон ССР Нозирлар Кенгаши қошида Давлат тилини амалга ошувини назорат қилувчи комиссиянинг 1990 йил 5 январида бўлиб ўтган мажлисида биргина Маиший хизмат министрлигида бу ишларни амалга ошириш учун 7 миллион сўм атрофида маблағ лозимлиги таъкидланди. Шундай экан, ҳозирги шароитда қонунни иқтисодий йўл билан тўла амалга ошириши анча узоққа чўзилиши аниқ. Мана шунинг учун ҳам жумҳуриятда Давлат тилини амалга оширишни иқтисодий томонидан қўллаб-қувватлаш жамғарма фондини ташкил этиш лозим. Наҳотки, бир йилда бир маротаба бўлса ҳам халқимизнинг тарихан синалган анъаналаридан фойдаланиб ҳашар йўли билан тушган маблағни мана шу хайрли ишга сарф қилишнинг иложи бўлмаса?!

Қонуннинг тезроқ амалга ошиши аҳолига ўз она тилини пухта эгаллашига тўла имконият яратади. Бу эса, ўз ўрнида рус ва бошқа жаҳон халқлари тилини янада чуқур, пухта эгаллашга замин яратиб беради.

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 10-сон