Умри боқий, ғоятда нафис, жозибадор обидалар неча асрлардан буён кўҳна Самарқанд кўркига ярашиб турибди. Не бахтки, бугунги авлод улар билан ҳақли равишда фахрлана олади. Хориждан ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ эса, бу обидаларни бир бор кўрмоқ, улуғ боболар қадамжоси бўлган Самарқанд заминини зиёрат қилмоқ илинжида бўлади.
Бу гал биз ана шу бобомерос осори атиқалардан бири — Шердор мадрасаси пештоқидаги ёзувлар сири ҳақида, уни қурдирган ва қурган аждодларимиз — мусаввир ва муҳандислар ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.
Шердор мадрасаси 1618 йилда Самарқанднинг ўша даврдаги ҳокими Баҳодир Ялангтўш амри билан қурдирилган. Мадраса пештоқидаги Шер, Оҳу ва Қуёш тасвирларининг маъноси шуки, қуёш шамсий йилининг бешинчи ойи — асад (шер), ўнинчи ойи эса жаддий (кийик-оҳу)дир. Асад ўн икки бурж ойларининг буржи оташ, яъни ёз ойлари туркумига кирса, жаддий буржи об — қиш ойларига тўғри келади. Демак, мадрасанинг қурила бошланиши ва тугалланиши шу даврда кечган. Мадрасани муҳандис (уста) Абдужаббор ва мусаввир Муҳаммад Аваз бунёд этганлар. Унинг пештоқида шер акси бўлганлиги учун Шердор (шер акси бор) деб ном қўйишган. Ўша замоннинг етук шоири Мир Ҳожи Самарқандий томонидан форс-тожик тилида ёзилган қасида мадраса пештоқига чиройли қилиб кўчирилган:
Амир сафдари одил Яланггўш, ки омад.
Пай мадеҳи камолаш забони нотиқа дурдур.
Бинои мадраса кард ончунонки заминро
Ба лавҳи чарх расонид аз он ливои тафохур.
Бу сопҳо нарасад бар фарози тоқи равеш,
Ҳарифи пурфани андеша бо каманди тафаккур.
Бо қарнҳо нарасад бо сари манори манлаш,
Уқоби ақл ба нерую саъю боли тадаббур.
Чу раст кард муҳандис намунаи ҳами тоқаш
Фалак зи моҳи нав ангушт мегазад зи таҳайюр.
Ялангтўш Баҳодир чу дар бонкаш омад:
Ҳисоби соли банояш «Ялангтўш Баҳодур».
Қасиданинг маъноси қуйидагича:
«Душман сафларини бузувчи одил Ялангтўш келди. Унинг мадҳига зўр нотиқ керакки, у ер юзида шундай бир мадраса қурдики, чархи осмон бу жилодор бинойи кўриб ҳайратда қолди. Неча йилларда ҳам тафаккур арқони ила доно ҳариф (айёр ўғри) бино устига етолмас; неча қарн (1 қарн 30-35 йилга тўғри келади)ларда ҳам ақл бургути не тадбир билан тиришмасин, мадрасанинг порлоқ қуёшига етолмас; Меъмор уни шундай қурубдурким фалак бу ердаги ойни кўриб кўкдаги ойга нисбатан хушрўйлигидин бармоқ тишлаб қолади; Уни барпо этган Ялангтўш Баҳодурдурким ва унинг қурилган йилини ҳам абжад ҳисобида «Ялангтўш Баҳодур» деб билингизлар».
Ялангтўш Баҳодир сўзларини абжад ҳисоби билан сонларга айлантирсак 1028 ҳижрий йили ёки 1618 милодий йили келиб чиқади, Демак, мадраса 1618 йилда қурила бошлаган.
Умуман Самарқанд шаҳри Темур, Улуғбек ва Ялангтўш Баҳодур ҳокимлиги даврида ободонлаштирилган; илму фан ва меъморчилик ривожланган бўлиб, «Тиллакори», «Улуғбек», «Бибихоним» сингари бетакрор мачит ва мадрасалар ўша даврда сайқал топган. Табиийки бундай серҳашам, умрибоқий ва салобатли обидаларни қуриш осон бўлмаган, негаки ўша пайтда қурилиш ишлари асосан қўл кучи билан бажарилар эди.
Бино деворидаги ўчмас бўёқларнинг-ку таърифи йўқ. Кўзлар лол, ақл ҳайрон. Лекин, энг ачинарлиси шу бўлаяптики, кейинги йилларда қаровсизлик оқибатида «Шердор» мадрасасининг сувоқлари палахса-палахса бўлиб кўчиб тушаётибди. Қайта таъмирланган жойлари эса бир йил-ярим йил нари-берисида нураб кетаяпти.
Энди таъмирлашнинг пишиқ-пухта йўлини ўйлаб топиш обидаларнинг бетакрор безакларини шу ҳолда сақлаб қолишга, нодир мерос — мадрасаларнинг умрини янада боқийлаштиришга ҳаракат қилиш керак. Бунинг учун албатта катта миқдорда маблағ зарур. Шу ўринда бир тадқиқотчи сифатида нафосат тимсоли бўлган шаҳримизни томоша қилишга ташриф буюрган саёҳатчилардан тушган маблағнинг бир қисмини таъмирлаш ишларига сарфлашни йўлга қўйиш ҳар қачонгидан зарурлигини таъкидламоқчи эдим…
Комилхон Каттаев, тадқиқотчи тарихчи
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 8-сон