Сиз шудринг табиатнинг тушунтириш осон бўлган ҳодисаси, деб ўйлаётган бўлсангиз керак. Ажабланарлиси шундаки, одамлар шудринг нима эканини узоқ вақт англай олишмаган. Бу ҳақда жуда кўп китоблар ёзилган.
Аристотель — Арасту замонидан то XVIII асргача одамлар шудринг ҳам ёмғир сингари ёғади, деб ўйлашган. Аммо шудринг ёғмайди. Ўсимлик япроқларидаги биз шудринг деб ўйлайдиган нарса, умуман, шудринг эмас. Демак, ҳатто, биз ҳам бу масалада янглишар эканмиз.
Шудринг нима эканини англаш учун биз ўзимизни ўраб турган ҳаво ҳақида ҳам айрим нарсаларни билиб олишимизга тўғри келади. Ҳавода ҳамиша маълум миқдорда намлик бор. Иссиқ ҳаво намлиги совуқ ҳавоникига нисбатан юқоридир. Ҳаво совуқ юзага текканида, унинг бир қисми конденсацияланади ва ундаги намлик ўша юзада қолади. Бу шудрингдир.
Бундай салқин юза температураси шудринг ҳосил бўладиган маълум кўрсаткичдан паст бўлиши керак. Бу кўрсаткич «шудринг нуқтаси» деб аталади. Масалан, бирор стакан ёки металл идишга сув қуйилгани билан унинг сиртида шудринг ҳосил бўлавермайди. Агар ўша сувга муз солинган тақдирда ҳам идишнинг юзаси маълум бир температурага қадар совимагунча, шудринг ҳосил бўлмайди.
Шудринг табиатда ҳам ҳосил бўлиши мумкинми? Бунинг учун совуқ юзага тегадиган илиқ нам ҳаво зарур. Шудринг иссиқликни узоқ сақлайдиган ерда ёки сўқмоқларда ҳосил бўлмайди. Шу билан биргаликда, у совиган ўт-ўлан ёки ўсимликларда ҳосил бўлади.
Унда нега биз ўсимликларда шудринг пайдо бўлмайди, деб айтдик? Чунки биз тонг чоғи ўсимликларда кузатадиган намликнинг маълум бир қисмигина шудрингдир. Намликнинг асосий қисмини (баъзида бутунлай) ўсимликнинг ўзи чиқаради. Бу намлик япроқларнинг ғовак жойларидан чиқади. Бу ўсимликларнинг ўз япроқларини ер суви билан таъминлаш борасидаги ирригация жараёнининг давомидир. Бу жараён кундузи ўсимликларнинг юқори қисми — япроқларини Қуёш жазирамасидан ҳимоя қилиш мақсадида бошланади ва кечаси ҳам давом этади.
Ер шарининг айрим минтақаларида шу даражада кўп шудринг тушадики, у молларни суғориш учун махсус резервуарларга йиғилади.