Жумҳуриятимизда, шубҳасиз инқилобий ўзгаришлар кечмоқда. Бу жараённинг қизиқлиги шундаки, биз — оддий деҳқондан ҳукумат бошлиғигача — энди ўрганаяпмиз. Ўзингиз ўйланг, гунг одамга бирдан: «Сенинг тилинг бор, гапир!» дейишса, қай аҳволга тушади?!
Бугун, менимча, энг муҳими хотиржам фикрламоқ, оқил ҳаракат қилмоқдир. Жанжаллар қилдик, бақириб-чақириб кўрдик. Чунки эзилган, хўрланган ўзбек халқи ҳам ўзининг борлигини, уни ортиқ оёқ ости қилишга йўл қўймаслигини билдириб қўйди. Аммо энди нолиш, гинахонлик етар, ишлаш керак..
Жамиятда шундай аҳвол юзага келди: ҳамма гапдон. Агар ҳамма баравар қичқирса, бу шовқинда ҳеч ким бир-бирини эшитмайди. Ҳатто ҳамма ҳақиқатни айтиб қичқираётган бўлса ҳам.
Жумҳуриятимизда кейинги кунларда кинорежиссёр Элёр Эшмуҳамедовнинг «Меҳр-муҳаббат ва алам билан» телевизион бадиий фильми ҳақида турли-туман фикрлар айтилмоқда. «Бу — сотқиннинг иши!», «Бизни бутун Иттифоқда шарманда қилишди», «Нега Москвадан кўрсатишади?» — ана шундай гина-кудуратлар. Агар мен ҳам шу фикрда бўлганимда, ушбу мақолани ёзиб, шундай ҳам улкан қўшинга қўшилиб ўтирмасдим.
Бир нарсага ишончим комил — агар фильмни Тошкентдан кўрсатишганда, ўша кишилар: «Нега уни Москвадан кўрсатишмади, ўзимиз билиб, ўз ёғимизга қорилиб ётаверамизми?!» — деган бўлишарди, Бизда негадир бир-бирини айблашлар яна авжига чиқмоқда, миллий ғурур ўрнига миллий жиззакилик пайдо бўлаётир. «Фалончи — сотқин, халқ душмани!» — деган гапнинг замирида «Мен эса халқнинг дўстиман, менсиз халққа қийин…» — деган фикрнинг ҳам қулоғи кўриниб турибди.
Фильмда жумҳуриятимизда турғунлик йилларида авж олган порахўрлик, қаллоблик вазияти очиб берилган. Тўғри, унда юзаки талқинлар, бўрттиришлар, рамзий саҳналарга хос мавҳумликлар бор, аммо бу ҳар қандай ижодий жараёнда бўлганидай, изланиш машаққатларидан келиб чиққан сакталиклардир.
Порахўрлик жамиятимизнинг ярамас иллати, аввал ёзганимдай, «бизда порахўрлар бошқа жумҳуриятлардагидан куп эмас, яъни бошқа жумҳуриятларда порахўрлар биздагидан кам эмас. Аммо бу бизда порахўрлик йўқ, дегани эмас-ку.
Албатта, порахўрликнинг миллати бўлмайди. Порахўрлик — ўзбекларнинг одати, деган туҳматни тўқиганларни фош қилиш керак. Чурбанов рус бўлгани учун пора олмагани каби, Усмонхўжаев ўзбек бўлгани учун порахўр эмас. Бу — шубҳасиз. Эҳтимол, Чаушеску дунёда ўзбек борлигини билмас эди, аммо пора олишни биларди.
Аммо биз Ўзбекистонда порахўрлик борлигини, бугунги ғала-ғовурда очиқчасига айтишимиз ҳам керак.
«Меҳр-муҳаббат ва алам билан» фильмида сочлари бизникидай қора, кўзлари ўткир порахўрлар бор, аммо уларга қарши курашганлар — собиқ райком котиби, ўқитувчи Нуриев, журналист Мурод, иккиланишлардан сўнг курашчига айланган милиция ходими Болтаевлар ҳам ўзбеклар-ку! Фильм эски ҳужжатли кадрлар ёрдамида бир ёнда қаҳратонда изиллаб чигит излаётган болаларни, бошқа томонда — кўксига навбатдаги юлдузни тақаётган сохта «қаҳрамон»ларни ҳам кўрсатади. Ёдингиздадир, қаллобликни англаб етган Нуриев адолат излаб Москвага боради: «Менинг халқимни қутқаринглар, унинг фахри бўлган пахта энди офатга, халқнинг қотилига айланди, деб айтаман» дейди. Тўғри, ўшанда Москванинг қулоғи ҳам том битган эди, деҳқоннинг пешона тери билан топилган пулидан тиқин ясаб тиқиб қўйилган эди у қулоққа.
Бизда кўп фожиаларга сабаб бўлаётган бир ақида бор: «Лўлидан ботир чиқса, ўз капасига ўт қўяди!». Шундай қилиб, мен Ургутда туғилганим учун ҳали Ургутнинг муаммоларини ёзганим йўқ. Яқинда телеоператорлар билан фильм олишга борсак, райком котиби «Ука, ўзингиз шу ерликсиз, бизга ёрдам бериш ўрнига, этагимизни очиб Ўзбекистонга шарманда қилсангиз яхши бўладими?» — деди. Гўё менннг ёрдамим — уларнинг этагини ёпишдан иборат. Йўқ, ахир. Ургутликлар ҳам меҳнаткаш халқ, яхшироқ яшаши керак. Қашқадарёлик журналист, дўстим шаҳрисабзлик қизнинг иффатига теккан саккиз кишининг қилмиши ҳақида очерк ёзганда, қанча юртдошлари: «Юзимизни ерга қаратдинг!» — деб гина қилишди. Аввало очеркка мавзу бўлган ишдан юзлари ерга қараса, тўғри эмасми?!
Биз Элёр Эшмуҳамедовнинг фильмига қайғургандан кўра, ундан дурустроқ бир режиссёримиз йўқлигидан кўпроқ куюнсак, тўғри бўларди.
Турғунлик даври ўзбек халқи турмушида оғир асоратлар қолдирди. Рақамларга мурожаат қилайлик. Жон бошига тўғри келадиган даромад миқдори бўйича 1988 йил Ўэбекистонда аҳолининг 44,7 фоизи 75 сўмдан кам даромад қилади, яъни биздаги қашшоқлик СССРдаги ўртача миқдордан (12.6 фоиз) қарийб тўрт баробар кўпдир. Литвада эса бор-йўғи 3,6 фоиз. Украинада — 8.1 фоиз киши шундай кам даромад қилади. «Бойлар»-чи? Эстонияда аҳолининг 33,5 фоизи 200 сўмдан зиёд даромад қилади, Ўзбекистонда эса — 2,8 фоиз! Бу Иттифоқ кўрсаткичидан ҳам олти баробар кам. Бу «2.8 фоиз»нинг аксари ҳам шаҳарда яшайди. Иқтисодий табақаланиш адолатсизликни туғдиради.
Биз яна ҳақиқатан айтадиган бўлсак, фильмдан бошқа, зарур дардлар кўп — иқтисодий мустақиллик, инсон ҳуқуқлари эркинлиги, сиёсий ҳурфикрлилик… Бу муаммолар иқтидорни, билимни талаб қилади. Кимнидир «сотқинлик»да айблаш учун эса унчалик ақл шарт эмас.
Албатта, «Меҳр-муҳаббат ва алам билан» фильмининг менга ёқмаган қирралари ҳам бор. Бу — унинг бадиий томонидир. Менга Элёр Эшмуҳамедовнинг «Нафосат» фильми ҳаммасидан кўпроқ маъқул бўлганди. Ижодкор фильмдан фильмга «долзарблашиб» бораётир, газета-журналларбоп, муаммоларга боғланиб қолмоқда.
Ахтараверсак топамиз, албатта! Шу ҳақдаги шеъримни «Шаккоклик» деб атадим.
Чилвир сочларингни кўлим топади,
Лабингни қонталаш тилим топади.
Севгилим, оёғим толди ахтариб,
Энди изларингни йўлим топади.
Сен бировга зорсан, мен ҳам сенга зор,
Кўзларим топмаса, дилим топади.
Ҳамма бир-бирини ахтарар, топмас.
Ҳаммамизни излаб Ўлим топади…
“Ёш ленинчи” газетаси, 1990 йил, 16 январь