Карим Баҳриев. Уйғонаётган фикр (1989)

Ҳужжатли кино ҳақида мулоҳазалар

Кимки умумий фалокат дақиқаларида ватан мустақиллигидан бошқа бирон-бир хаёлга борса, у озод давлатда яшашга ҳақли эмас.

Фридрих Клингер

«Кеча 10-троллейбусга чиқиб, студентлар шаҳарчасига бораётсам…» Сўзларимни тинглаб ўтирган танқидчи дўстим ҳангома шу ерга келганда бошини кўтарди, кескин ўгирилиб қаради. Давом этдим: «…ёнимда ўтирган одам кўзимга иссиқ кўринди. Кенг пешонаси, ингичка мўйлови, духоба дўпписи кимнидир эслатди… Ҳа, танидим — Абдулҳамид Чўлпон! Худди ўзи…» Дўстим афтимга тикилди, шу зумдаёқ жаҳли чиқди: «Бекор айтибсан, 10-троллейбус у ёққа бормайди!» Бу менинг тажрибамга бирламчи жавоб, кутилмаган хабарга дўстим фикратининг акс садоси эди. Эътибор қилинг-а, уни энг катта ёлғон — аср бошида яшаган буюк шоирнинг бугунги замонга ташрифи эмас, кичкинагина фактик ноаниқлик — троллейбуснинг маршрути дарғазаб қилди. Бу тажриба инсон психикасидаги фактга ҳурмат, ҳужжатга ишониш ҳиссининг зоҳирлигини кўрсатади. Санъат бундан доимо фойдаланган.

XX аср санъати ҳужжатни ўзига сингдириб юборгани бугун ҳаммага аён. Ҳали ҳеч қайси асрда тарихий адабиётга, эсдаликларга, фактларга қизиқиш бизнинг даврдагидай кучли эмасди. Америкада суратга олинган «Спартак» фильмига патта олиш учун навбатга турганлар бир неча чақиримга чўзилганига гувоҳ бўлганмиз. Гитлернинг кундаликларини чоп этиб, «Шпигель» журнали миллионлаб долларни бир зумда топди. (Тўғри, бугун у кундалик сохта экани учун жарима ҳам тўлаётир). К. Керамнинг «Худолар, мозорлар, олимлар» китоби бир неча кун ичида сотилиб кетди. Макс Фришнинг кундаликлари, «Монток» романи, Криста Вольфнинг «Бир болалик тамойили» асарлари автобиографиялиги билан ўзига жалб қилади. Андре Моруанинг портрет романлари, эссэлари-чи? Маргарет Юрсенар, В. Пикулнинг романлари учун чайқов бозорларида ёқа йиртиб тортишишлар бўлаётир. Бу романларнинг бадиий қиммати эмас, тасвирланган даврга қизиқиш кучлидир. Ўзбек ёзувчиларидан Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодировнинг асарлари кўпгина чет элларда босилди. Аммо қайси асарлар? «Диёнат» ёки «Эр бошига иш тушса…» эмас, «Улуғбек хазинаси», «Олмос камар» ёки «Қора кўзлар» эмас, «Юлдузли тунлар» босилмоқда. Тўғри, яна бир ўзбек ёзувчисини ўқишмоқда — бу Темур Пўлатов. Лекин у бугунги ҳаётни ҳам 500 йил аввалгидай экзотик қилиб тасвирлайди-да.

Ҳа, XX аср дунё санъатида фактнинг роли шубҳасиз, ўтган аср охири ва асримиз бошида «топилдиқлар» шакли мавжуд эди. Гўёки ёзувчи бир дафтар «топиб олади» ва уни ўқувчиларга «ўзгаришсиз» ҳавола этади… Ва одамлар ишонар эдилар.

Ҳозирги замон жаҳон маънавий тафаккурида ҳужжатли санъатнинг (эсдаликлар, кундаликлар, публицистика, ҳужжатли кино) беқиёс тараққиёти фонида бизнинг ўзбекона маданиятимизда айнан шу соҳаларнинг қолоқлиги жумбоқ эди. Бугун ҳамма нарса аён бўлди: турғунлик даврида эркин тафаккурнинг қувғин қилиниши, рост гапириш имконининг йўқлиги ҳужжатли санъатнинг жони бўлмиш фактнинг етти қават сандиқда қулфлаб ташлангани бунга сабаб экан. Дейлик, бадиий кино ёхуд адабиёт тилини кесишганда ҳам имо-ишоралар, рамз ва истиоралар билан ҳақни айтишга йўл топа олади. Шоир аёллар паранжидан чиқди-ю, шеър паранжига кирди, деганида шу «гунглик» давронларини назарда тутгандир. Хаёлга муқоясалар келади — ёлғон ҳақиқатнинг қабри устида рақс тушган забун йилларда адабий танқид тирикларга мадҳиябозлик қилиб, ҳамма сакталикни ўтмиш адабиётидан излагани, халқаро журналистлар капитализмни сўкиб, ичкаридаги мухбирлар «атлас кўйлакдаги теримчилар»ни мақташ билан овора бўлгани каби ҳужжатли кино ҳам «байроқдор шунқорлар», «пўлат от чавандозлари» ҳақида буюртма фильмлар яратиш билан умрини ўтказди, «юрт оталари»га дастёрлик қилди, улар минбарга чиқиб йўталсалар ҳам абадият учун суратга олаверди.

Тўғри, шу йилларда ҳужжатли киномизда ҳам СССР халқ артисти Малик Қаюмов, Тошхўжа Акромов каби омилкор устодлар ижод қилдилар. Уларнинг заҳмати устидан чизиқ тортмоқчи эмасман. Истеъдодли солномачи Малик Қаюмовнинг паранжи ташлаш, Катта Фарғона канали қазилиши, «бизнинг кўҳна гуноҳимиз» (М. С. Горбачев) Афғонистон инқилоби ҳақидаги фильмларини қониқиш билан тилга олиш мумкин. Аммо булар ҳам аввало тарихнинг ҳужжатлари, оммавий халқ қаҳрамонлигининг тасвири сифатида қадрлидир. Лекин бошқа ёқда сув кечиб суяги қақшаётган деҳқонлар, ўпкаси шамоллаб қув-қув йўталаётган кўкйўтал болалар, далада ҳомила ташлаб қўйган, ичкин увлаётган келинлар, доридан пушти куйган эркаклар ўксиниб юргандилар, ўз ҳимоячиларига муштоқ эдилар.

Ҳужжатли кино тезкор вақтни муҳрлаб қолиши ҳам керак, тушунаман. Лекин бу унинг биринчи вазифаси эмас. Ўтмишни қайта қуриб бўлмайди, муҳими бугун учун чиқариладиган сабоқлардир. Шу нуқтаи назардан ҳужжатли кинони қийин кечаётган ҳаётда қоронғу йўлимизни ёритадиган аланга, хавф-хатардан огоҳ этувчи бонг бўлишини истардим. Мухбирлар мадҳия ўқиб юрганда муаммолар юкини шоирлар елкага олган эдилар, улар шеърнинг соҳирлиги, бадиияти ҳақида унчалик ҳам қайғурмай, ҳаётдаги ҳар бир муаммога тезкор шеърлар битардилар. Ҳозир ҳам бу юкни публицистикага бергилари келмаяпти, «фош қилувчи» шеърлар инкубацион усулда гала-гала туғилаётир. Умид қиламанки, шеъриятнинг елкасидан публицистика бу юкни олади, шеърият ўзининг азалий мавзулари — «гўзаллик ситам ва шафқат» (И. Анненский) ҳақида ўйлай бошлайди. Худди шундай бадиий кино елкасидан ҳужжатли кино ҳам муаммошунослик юкини олиши лозим ва бадиий кино энди инсоншунослик билан шуғулланиши даркор. Шунда бизда А. Тарковский, А. Куросава, Ф. Феллини фильмлари каби умумбашарий, фалсафий кино санъати дунёга келиши мумкин.

Ҳужжатли кино жим ўтирган эмас, айрим оғриқли мавзуларни кўтариб чиққан. Масалан, чайқовчилик, киссавурлик, ташмачилик каби иллатлар ҳақида фильмлар яратилган. Лекин «рухсат этилган» темалар доирасидан чиқа олмаган. Каттакон амалдор ўғрилар халқ хазинасини миллионлаб ўмараётганда, ночорликдан чўнтаккесарлик қилаётган, қашшоқликдан икки бойлам ғўзапоя олиб кетганларни «фош этиш» жасорат эмас. Илдизига боқиш, административ-амалпарастлик биносининг чангини артиш эмас, устунини қўзғатиш керак.

Бугун аён бўлдики, бизда ман қилинган даҳшатли китоблар, экранга чиқмай ётган жасур фильмлар йўқ экан. Қон-қонимизга сингиб кетган камсуқумлик, меҳмоннавозлик боисми, ҳа деб олдинги сафга суқилавермаслик, миллий камтарлик туфайлими, биз мумкин бўлмаган пайтда ёзмай қўя қолган эканмиз. Бошқа маданиятлар ёзилиб, сандиқда ётган китоблар учун куюнса, биз ёзилмаган, қўрқув мия қабатларидаёқ эзғилаб ташланган фикрлар, яратилмаган фильмлар учун қайғуришимизга тўғри келмоқда.

Ишқилиб, бу қайғу узоққа чўзилмасин. Бу ёғига маҳкам бўлайлик. Бугун ҳақиқатни айтиш учун айрим имкониятлар очилмоқда. Ҳужжатли кинодан ҳам дадиллик кутишга ҳақимиз бор.

Зукко томошабин бугун ҳужжатли кино соҳасида ҳам айрим некбин ўзгаришлар кечаётганини аллақачон сезди. Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар студиясида яратилган Хайрулла Жўраевнинг «Гражданин», «Йўқ», Ш. Маҳмудовнинг «Ёлғон жарлиги узра», «Номус ёхуд Табассум сири», Баҳодир Музаффаровнинг «Оролқум», Соли Давлатовнинг «Дардни яширсанг…» фильмлари, «Ўзбектелефильм» студиясида ишланган Р. Қодировнинг одиловчилик ҳақидаги «Тўхтатилган вақт хроникаси», Ш. Жунайдуллаевнинг «Ҳақорат», Н. Маҳмудовнинг «Космогония» фильмлари шундай фаоллашув жараёнининг ибтидосидан дарак беради. Аммо бу ҳали ҳадиксираб қўйилаётган илк қадамлардир. Ошкоралик яратган имкониятга кўникиб кетолмаслик, демократия берган тажрибанинг танқислиги сезилиб турибди, албатта.

Режиссёр Хайрулла Жўраевнинг «Гражданин» (ўзбекча айтсак, «Фуқаро») фильми Ватан мавзуси ҳақидадир. Албатта, фильм ижодкорлари бу мавзуни тўла қамраб олиш имкони йўқлигини тушунадилар, шунинг учун улар кўпроқ ватангадолар, муҳожирликда яшаётган миллатдошларимиз тақдирига эътиборни қаратдилар, уларнинг қисматига юрт қисмати мезанасидан тарих кўзи билан қарайдилар. Фильмни шоир Ўлжас Сулаймонов шарҳлаб беради, унинг ўктам ва хавотирга тўла овози, гоҳ миллий фожиага айланган гражданлар қирғини ва босмачилик, гоҳ иккинчи жаҳон уруши, гоҳ бугунги кунимиз, гоҳо хорижий ўлкаларнинг бир-биридан олис тасвирини боғлаб туради, шоирнинг «Ер ишланмаса хароб бўлади, сўз ҳақиқатга тўйинмаса ҳалокатга юз тутади!» — деб такрор-такрор қайтаришлари турли замон ва маконларни бир йўлга тизади — бу Ватан озодлиги, эрк йўлидир. Мен фильмни ҳикоя қилиб бермоқчи эмасман. Уни кўргансиз. Қарийб бир ярим йил кўрсатилмай ётган, премьераси уч марта қолдирилган бу асарни яқинда республика Киночилар уйида томоша қилдик, кейин телевидение орқали ҳам намойиш қилинди. Албата, фильм бугун суратга олинганда бошқача, дадилроқ бўларди. У яратилган пайтда ҳали кўп нарса «мумкин эмас» эди. Синчковлик билан қарасангиз, асарнинг бир қисмини қайчи юлиб кетганини сезасиз. Гап бунда эмас. Фильм бу соҳадаги ютуқлардан биридир. Муҳими, унинг ижодкорларидан янги қадамлар кутиш мумкин.

«Ҳақорат» фильми (сценарий муаллифлари — Исфандиёр ва А. Фитц, оператор — Б. Назруллаев) турғунлик даврининг ярамас иллатларидан бири — уюштирилган жиноий ишлар ҳақида. «Юрт эгалари» («беклари» десак ҳам бўлади) ўзларига ёқмай қолган кишиларни дастёрлари — судлар, прокурорлар, терговчилар ёрдамида қамаб юбораберганлар. Фильм муаллифлари куюниб меҳнат қилганликлари сезилиб турибди, аниқ мантиқий изчиллик билан «терилган» кўплаб интервьюлар, чуқур ўйлаб чиқилган режиссёр (Ш. Жунайдуллаев) ечимлари фильмдаги ташвиш пичоғи томошабин хаёлини тилиб ўтишига кўмаклашади, биз сунъий яратилган жиноий ишнинг ҳамма жараёнларига бирин-кетин гувоҳ бўламиз. Аммо, менинг назаримда, муаммога чуқурроқ ёндашиш, хатонинг илдизи юқорига итоаткор орган ходимларигагина эмас, ҳуқуқ-тартибот системасининг ўзига ҳам бориб қадалишини очишдан чўчимаслик керак эди. Чунки орган ходимлари қилаётган жиноятлар конкрет айбдорни жазолаган билан тугамаяпти. Демак, қонуннинг ўзида ҳам нотўкисликлар борки, адолатсизлик қилиб, жазосиз қолишга имкон бермоқда, тергов ва айблов жараёнидаги яширинлик, суддаги ошкораликка қарамай, айбланувчини ҳимоясиз қилиб қўймоқда. Гуноҳсиз қамашларнинг бугун ҳам содир бўлиб тургани муаммога ана шундай ёндашувни тақозо этади.

«Космогония» фильми (сценарий муаллифи ва режиссёр — Н. Маҳмудов) ягона сюжетга эга эмас. Шакли ҳам турфа — чет эл ва совет кинохроникасининг кўплаб кадрларини аниқ мақсад билан изчил «улаб» яратилган. Гўё юзлаб синиқлардан жамланган бир кўзгуга ўхшайди у. Бу кўзгуда ғира-шира табиат ва инсон зоҳир бўлади. Фильм юракни ларзага солади, айрим кадрлар ҳатто ўта шафқатсиз, дилни вайрон қилгулик. Табиатни вайрон қилаётганлар, юксак ҳосил пеш қилиб сепилган, ерни ҳам, одамларни ҳам адо қилган заҳарли дорилар… «Ҳамма нарса унинг фаровонлиги учун» бўлган Инсон «хон»лар юксак лавозим ва унвонлар олиши учун бир восита, бераҳм зулмнинг қурбонига айланди. Бунга ортиқ йўл қўйиб бўлмайди.

«Ёлғон жарлиги узра» фильми ислом динининг тарғиботчилари, уларни илҳомлантириб турган хорижий террористик ташкилотлар ҳақида ҳикоя қилади. Товламачилар гоҳ рост, гоҳ ёлғон аралаштириб ёш авлодни қўзғалишга чақирадилар. Уларнинг бири Қуръон оятларини ўқитиш билан бирга муридига шундай дейди: «Биласанми, Ўзбекистоннинг бир йиллик пахтаси ўзбекларни ўн саккиз йил боқишга етади. Ҳаммасини руслар ташиб кетмоқда!». Албатта, бизнинг ёшларимиз ҳушёр, бу гаплардан хулоса чиқара оладилар. Фильм фикрий уйғоқликка даъват этади.

Яхши асарлар қаторида Даврон Салимовнинг «Эркаклар», Ф. Хўжаевнинг «Танла!» фильмларини ҳам айтишимиз мумкин. Энг муҳими ҳужжатли кинонинг бугунги аҳволига майдагапликдан, латифабоп бачкана мавзулардан қутулиш, ташвишли темаларни дадил ёритишга ҳаракат хосдир.

Шу ўринда ҳужжатли кино ривожига тўсқинлик қилаётган айрим сабабларга ҳам тўхталсак мақсадга мувофиқ бўлади. Улар кишини хавотирлантиради.

Ҳозирча «фош қилиш» тамойили устунлик қилмоқда. Балким, йиллар бўйи қотилга қотилсан, ўғрига ўғрисан, деёлмай нафас ютиб келган ҳужжатли киночилар ошкоралик имкони туғилганидан тезкор фойдаланаётгандирлар. Шундай бўлса, масалага чуқурроқ кириш, иллатнинг ривожига йўл берган муҳитни намоён қилиш керак. Бизда ўлганни ёхуд қамалганни қоралаш кенг тарқалди. Бу тирикларни танқид қилиш имкони йўқлигидан бўлса эҳтимол. Ҳарқалай, фактнинг ортидан ижтимоий ҳодисани кўра билиш керак. Акс ҳолда браконьерга қарши курашиш ўрнига балиққа қарши курашаётганга ўхшаб қолиш мумкин, қотилликда жаллодни эмас, пичоқни айблашдай бўлади бу.

Ҳужжатли кинонинг олдидаги қийинчиликларнинг яна бири ҳали ҳам жуда кўп маълумотлар ва фактларнинг яширинлиги, сир сақланаётганидир. Кўплаб ташкилотлар ўз ютуқлари ҳақидаги маълумотларни жон деб берадилару, камчиликлари ҳақидаги фактларни «давлат сири» дейдилар. Қандай маълумотлар сиру, қайсилари мумкин экани рўйхатини ишлаб чиқиш ва эълон қилиш керак.

Ҳозир ҳам нозирларнинг қайчиси, таъқиқ тамғаси ишлаб турибди. Ҳар куни янги фактлар ошкор бўлаётган ҳозирги пайтда, фильмларнинг тезроқ томошабинга етиб бориши муҳимдир. Ҳар лаҳза қадрли. Даврон Салимовнинг «Ўзбеклар иши», Шуҳрат Маҳмудовнинг «Ўзини ёқиш» фильмлари тайёр ҳолда рухсат кутиб турибди.

Ўз халқи ва маданиятини, шу жумладан, ҳужжатли киносини ҳурмат қиладиган ҳар бир шаҳарда алоҳида «Ҳужжатли фильмлар кинотеатри» бор. Фақат ҳужжатли фильмлар кўрсатиладиган бундай кинотеатр республикамизда ҳали йўқ. Ҳеч бўлмаганда ҳозирча даставвал мавжуд кинотеатрларда ҳужжатли кино ҳафталиклари ўтказишни йўлга қўйса бўлади.

Учинчи муаммо — бу бебаҳо санъатнинг баҳоси масаласи. Унинг билети ҳозирча бадиий фильмлар билетидан олти-саккиз баробар арзон. Хўжалик ҳисобига ўтилса, студиялар хонавайрон бўлади. Телевидение, газета ва журналлар орқали ташвиқот қилиш ҳам йўлга қўйилса, мухлислар жалб қилинса, яхши бўларди.

Фильмларнинг мавзуси янада халқ ташвишларига эш бўлиши, энг муҳими унинг забонида жаранглаши лозим. Ҳозирча аксарият фильмлар «иккинчи она тили»мизда яратилмоқда. Агар бу шу баҳонада тилни ҳам ўргатиш учун қилинса, билмадим. Ҳар ҳолда халқнинг она тилида сўзланса ижодкор фикрининг юракларга йўли яқинроқ бўларди.

Билъакс бугун қайта қуришнинг, жамиятни инсонпарварлаштиришнинг тақдири кино санъатимиздан юрт тақдири, одамлар тақдири некбин бўлишига кўмаклашувчи фикран бақувват ва маърифатли фильмлар кутишга ҳақимиз бор. Элимиз шунга, арзийди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 3 февраль