1956 йили «таркибида жиноят состави йўқлиги ва топилган янги материалларга биноан» оқланган ўзбек сиёсий маҳбуслари қаторида олим ва адиб Абдурауф Фитрат ҳам бор эди. Халқ келажаги учун курашган минглаб фидойи кишилар биргина «халқ душмани» тамғаси остида олиб кетилгани каби уларнинг халққа қайтарилиши ҳам бир хил моддага! (жиноят состави йўқлиги!) тўғри келди. Бу янги тамға шахсга сиғиниш қурбони бўлган 40 миллион кишининг тақдирига XX съезднинг одил бахоси бўлиши билан бирга «топилган янги материалларга биноан» деб келтирилган илова навбатдаги сиёсий ёлғон, юмшоқроқ қилиб айтганда, халқ олдида ўзини оқлашнинг кичик бир кўриниши эди. Аслида элнинг Фитрат каби фидойи фарзандлари шундай «материаллар» қолдириб кетишган эдики, уларни ҳар қанча бекитишмасин, батамом йўқ қилиб юбориш мумкин эмасди. Бу «материаллар» 70 йил давомида ўз эгаларини кута-кута (унинг эгаси халқ) чириб, йўқ бўлиш арафасида турган бир пайтда, шукрки, қайта қуриш шамоли билан ўзбек зиёлилари бу «оқланиш»дан карийб ўттиз йил кейин ўз адибларини «излаб» топа бошлашди. Улар ҳақида мақолалар, лавҳалар эълон қилинди, асарлари қайтадан нашрга тайёрлана бошланди.
Абдурауф Абдураҳим ўғлининг адабий тахаллуси Фитрат бўлиб, бу сўз туғма табиат, туғма истеъдод маъноларини англатади. С. Айнийнинг гувоҳлик беришича, талабалик йиллари Мижмар (чўғдон, хушбўй нарсалар солиб тутатиладиган идиш маъносини англатади) тахаллуси билан ҳам ғазаллар битган экан. Абдурауф 1886 йили (хижрий 1304) Бухоро шаҳрида туғилган. (Айрим манбаларда туғилган йили 1884 деб кўрсатилади). Унинг отаси савдогарчилик билан шуғулланган диндор, ўқимишли шахс бўлиб касби юзасидан оилани тез-тез ташлаб кетар, ҳатто 1903 йилдан деярли 15 йил муддатга Қашғарга ўтиб кетгани маълум. Фитратнинг онаси Мустаф биби (оилада уни Бибижон деб аташган) нозиктаъб, саводли аёл бўлиб, фарзандлар таълим-тарбияси билан асосан шу киши шуғулланган. Онасининг таъсирида Абдурауфда шеър завқи уйғонган, бадиият дунёсига яқинлашган. Дастлаб эски мактаб ва Мирараб мадрасасида таълим олиб, 1909 йили «жамияти хайрия»нинг кўмагида Россия шаҳарлари (хусусан, Одесса) орқали Истамбулга ўқишга борган. Фитратнинг синглиси Маҳбуба Раҳим қизининг эслашича, унинг укаси Абдураҳмон (ўша пайтда Когон босмахонасида ҳарф терувчи бўлиб ишлаган) акасига моддий жиҳатдан ёрдам бериб турган. Фитрат Истамбулда ташкил этилган «Бухоро таъмими маориф жамияти»нинг фаол иштирокчиларидан эди. Бу даврда у турк инқилобчи ёшлар ҳаракати ишларига ҳам аралашади, кейинроқ бу фаолиятини ёш бухороликлар жамиятининг инқилобий курашида давом эттирди…
Фитрат деярли 17 ёшидан бошлаб, аввалига диний, сўнгра ижодий ва илмий иш билан жиддий шуғулланган, ўзининг 1929 йилги маълумотига кўра мақолалардан ташқари 110 босма тобоқ ҳажмида адабий асарлар ёзган. Бунга 1937 йили ҳибсга олингунга кадар ёзган бадиий, публицистик ва илмий асарларини қўшсак, унинг эълон қилинган асарларининг ҳажми 250 босма тобоққа яқин келади. Эълон этилмаган асарлари эса (асосан илмий ва бадиий) 80-100 босма тобоқ ҳажмида. Фитратнинг бу бой адабий ва илмий мероси ўз тадкиқотчиларини кутяпти.
Фитрат бадиий ижодга шеър билан кириб келган. Унинг шеърлари «Бухорои шариф», «Туркистон вилоятининг газети», «Садои Туркистон» ва бошқа вақтли матбуот саҳифаларида, алоҳида тўплам холида хорижда — Истамбулда 1911 йили «Сайха» («Чорлов») номи остида форс тилида эълон килинган. Фитратнинг ватани Туркистонда эса бу мажмуа «Садои Туркистон» газетасининг 1914 йил июль ойи сонларида шеърлар туркуми сифатида босилган. С. Айний «Намунаи адабиёти тожик»ни тузганда, юқоридаги нашрларга асосланиб, Фитратнинг форсча шеърларидан тўпламга киритган. Фитрат лирикаси ҳақида фикр юритганда биргина «Сайха»га кирган шеърлар билан чекланиш нохолислик бўлар эди. Шоирнинг ўзбек тилидаги шеърлари «Ўзбек ёш шоирлари» (1922) тўпламида, вақтли матбуот саҳифаларида эълон қилинган. Бундан ташқари «Ҳинд ихтилолчилари»нинг Берлин нашри (1920) муқовасида Фитратнинг босилмаган «Учқун» (туркий тилда) шеърлар тўплами нашрга тайёрланаётгани ҳақида эълон берилган бўлса, «Абулфайзхон»нинг Москва нашрида (1921) мазкур тўплам босилиб, сотувга чиққани ҳақида маълумот бор. Афсуски, ўша тўпламнинг мундарижасидан бехабармиз.
Фитратнинг шеърлари, айниқса, «Сайха. Миллий шеърлар» тўплами нафақат Туркистонда, балки Туркия, Германия, Россиянинг марказий шаҳарларида тез таркалиб, «электр қуввати каби кучли таъсир этди» (С. Айний). Бу хақда Ф. Хўжаев «Бухородаги инқилоб ва Ўрта Осиёнинг миллий чегараланиши тарихига доир» асарида шундай ёзади: «Фитратнинг асарлари ҳар қанча тақиқлаб қўйилганига қарамай кенг тарқалди, жамиятнинг ҳамма табақалари орасида бу китобчалар зўр қизиқиш билан ўқилди, улар устида баҳс ва мунозаралар бўлиб турди… ватанпарварлик шеърлар тўплами бўлган «Сайха»ни ўқиган кишиларни Бухоро ҳукуматигина эмас, шу билан бирга рус ҳукумати ҳам таъқиб кила бошлади. Чунки бу шеърларда Бухоро мустакиллиги ғояси биринчи марта ёрқин шаклда ифодалаб берилди».
Бу ўринда Фитрат шеърларининг таҳлилига имкон бўлмасада, унинг лирикаси нафис ва улуғ Шарқ шеъриятининг барча гўзалликларидан тўйинган, уни ўзига хос равишда ичдан янгилашга камарбаста шеърлардан тартиб бўлганини таъкидламаслик мумкин эмас. Дарвоқе, бу ҳақда ҳам Айнийда шундай фикр бор: «Фитратнинг шеърияти ҳақида яна шуни айтиш керак: шоир ўзбек адиблари ичида биринчилардан бўлиб фольклор шаклларида шеърлар ёзди. Бу минг йилча давр ичида аруздан бошқа шаклни билмаган ёзма шеъриятимиз соҳасида новаторлик эди».
Фитратнинг поэтик меросида «Шарқ» деб номланган кичик достон (муаллифнинг ўзи поэма деб атаган) салмоқли мавқега эга. Унда шоир ўтли Шарқнинг «дардли, оғир яраларини ёриб» кўрсатади:
«…Бироқ, бу кун эзилар ким бу ўлка,
Ҳар томондан таланмишдир йўлсизча.
…Хотинларнинг пардаси,
Болаларнинг юраги,
Қариларнинг гавдаси —
Йиртилган,
Ёрилган,
Эзилган!».
Фитрат «нега буйла?» (нега бундай?) деб ажабсинади, бу фожианинг ижтимоий илдизларини излайди:
«Ким берган
Бу оғирли ўлкага бунча ўтни?!
Ким тўккан
Бу муқаддас ишга бунча қонини?!»
Ярали Шарқ мавзуси биргина бу парчада эмас, унинг кўплаб бадиий ва публицистик асарларида, жумладан, нафис лирикасида хам акс этган. Шоирнинг «Овунчоқ», «Беҳбудийнинг сағанасин изладим» хотираномаларида «қоп-қора, эски, титрак, олдимизни тўсиб турган булут парчаси кучли бир ел кўргач турмас, йиртилар» деб умид қилади. Бироқ умид ҳали танҳо нажот йўли эмас, шу боис ўша «кучли ел»ни ташкаридан эмас, элнинг ўз фарзандларидан кутади:
«Сўкиш, қарғаш, лаънат аралаш бўғиқ товушларни…
Қувла, сен бу сезгисиз ўлкадан».
Фитрат ижодидаги дастлабки тўлқин унинг 1900-1913 йилларда Истамбулдаги муҳожирлик йиллари билан, навбатдаги кўтарилиш 1923-1924 йиллар давомида Москва, Ленинградда яшаган даври билан боғлик кечади. Бу давр кўп манбаларда Фитратни ўзи бажариб турган халқ нозирлиги кенгашининг ўринбосари ва унинг муваққат раиси вазифасидан «мансабини суиистеъмол қилгани ва молиявий характердаги камчиликларга йўл кўйганлиги учун» ишдан бўшатилгани билан изоҳланиб келди. Бироқ бу изоҳни тўлдирувчи бошқа хужжат хам бор. Туркистон МИКнинг бу қарори кейинроқ «Фитрат Россияга чақирилиб олингани муносабати билан ўрнига… тайинлансин» деб ўзгартирилган. Алоҳида тадқиқотга молик бу мунозарага киришмасдан, Фитрат ҳаётининг кейинги ҳодисотларига эътиборни каратсак, Фитрат 1923 йил ўрталаридан Москвада яшай бошлаган, аввал Лазаревлар Шарқ тиллари институти (ҳозирги Осиё ва Африка институти)да, кейинроқ Ленинград дорилфунунининг Шарқ факультетида маърузалар ўқиган ва ўша даргоҳ илмий кенгашининг қарорига мувофиқ профессорлик илмий унвонига тавсия этилган.
Бу даврда адибнинг кўпгина насрий асарлари қаторида «Қиёмат» хаёлий ҳикояси чоп этилган. Китобга сўз боши ёзган Дарвеш асарни Дантенинг машҳур «Илоҳий комедия»си билан қиёслаб, ўзбек адабиётида муҳим ўрин тутажагини таъкидлайди. Асар ўтган олтмиш йил мобайнида ўн мартага яқин босилган бўлиб, Фитрат асарлари ичида нисбатан энг кўп қайта нашр этилгани ҳисобланади. Биргина рус тилида Л. Соцердотова (Тошкент—1936, 1937), Л. Кандинов (Душанба, 1964), С. Васильева (Москва, 1965) таржималарида чиққан. Асарнинг қайта-қайта нашр этилишининг сабаби фақат унинг бадиий қимматида эмас, балки мавзу атеистик деб гумон қилингани учун унинг нашрига турғунлик йилларида монелик қилишмаган. 20-йиллар ўрталарида «Худосизлар» журналида Фитратнинг бу йўналишда олтита ҳикояси (жумладан, «Меърож», «Оқ мозор» ва бошқалар) эълон этилади. Бу асарларнинг умумий мавзусидан келиб чиқиб Фитратни «атеист»га чиқариш ва уни 10-йилларда «диннинг асирлигида бўлган» Фитратга қарши қўйиш мантиққа зиддир. Бундай чалкаш тушуниш натижасида «Мунозара» ҳақида мақола эълон қилган Гулшан Раҳимова «унинг (Фитратнинг — X. Б.) 20-йиллардан кейин яратган асарлари қатъий атеистик позицияда экан» деган нотўғри хулосага келади. Бухоро ва Истамбул олий мадрасаларини хатм қилган, «Мухтасари тарихи Исломия» номли (форс тилида) китоб ёзган диншунос олимга нисбатан «атеист» деган юзаки тамғани босиш хам илм, ҳам инсоф жихатидан номатлубдир. Лекин шуни холислик учун тан олишимиз керакки, бу тамға шахсга сиғиниш ва айниқса, турғунлик йилларида Фитрат айрим асарларининг эълон этилишига «йўл очган», бироқ шунда ҳам Фитратнинг динга эмас, бидъат ва хурофотга қарши курашганини таъкидламоқ лозим. Унинг аср бошларида ёзган «Ҳиндистонда бир фаранги ила бухороли бир мударриснинг бир неча масалалар ҳам усули жадида хусусида қилган МУНОЗАРАси» (1909 йили Истамбулда форс тилида, 1911 йили туркчада Ҳожи Мўйин Шукрулло ўғли таржимасида босилган) ва «Ҳинд сайёҳи» асарларининг умумий мундарижаси билан танишишнинг ўзиёқ юқоридаги фикрни инкор қилади. «Мунозара»нинг фақат бадиий ва диний эмас, балки ижтимоий, фалсафий, ахлоқий ва маърифий аҳамиятини асарни рус тилига ағдарған ноширлар (полковник Ягелло) ўша вақтдаёқ таъкидлашган эди. Бу асарнинг тубида исломпарастлик (панисломизм) ва туркпарастлик (пантуркизм) ақидаларидан фарқли суратда, Фитрат ижодининг мухолифлари топиб ҳужум қилганидек, жадидчилик ётади. Бироқ уни реакцион оқим сифатида эмас, балки «аср бошларида Ўрта Осиё тараққиёти учун хизмати улкан бўлган демократик оқим» (X. Мирзозода) сифатида ўрганишгина масаланинг тўғри ҳал этилишига йўл очади.
Гитлер лагеридан қочган ёки қутулган маҳбусларни Сталин қайта турмага юборгандай, уламолар «куфр» деб атаган «усули жадида» бизнинг жамиятда ҳам аёвсиз зарбаларга дучор бўлган. Асар ана шу икки система курашидан баҳс юритади. «Мунозара»да Фаранги ва Фитрат қарашларида умумийлик сезилгани билан Фитрат дунёқарашини биргина адабий қаҳрамон савияси билан чеклаш ҳам номаъқулдир. Ҳолбуки, шундай маҳдуд қараш асосида ўн йиллар давомида «Мунозара» нотўғри талқин этилиб, аёвсиз танқидларга учради.
Ф. Хўжаев Фитрат асарларининг аҳамияти ҳақида гапириб: «…мавжуд тузумни қаттиқ танқид қилган, унинг барча камчиликларини аёвсиз очиб ташлаган, амирликнинг чирик системасини фош қилиб берган… «Сайёҳи ҳиндий» асарининг аҳамиятини бу ерда қайд этолмасдан ўтолмаймиз» деб ёзганида томомила ҳақ эди. «Роман услубида ёзилган бу асар» (С. Айний) Фитрат насрий асарлари ичида алоҳида қимматга эга. Чунки унда ўлка ҳаётининг кўплаб муаммолари — халқнинг ночор ҳаёти, ҳарбий нозирларнинг интизомсизлиги, шахар ва унинг атрофидаги қишлоқларнинг экологик аҳволи, эл соғлигини сақлаш табобат ва даволаш усуллари, саноат ва ишлаб чикаришнинг ночор ҳолати, қозихоналар иши, қатор вилоятлар миллий рўзномага муҳтожлиги, йўл қурилиши, хатто темир йўллар, деҳқончилигу ҳунармандчилик — ҳаётнинг барча соҳалари кескин ислоҳга муҳтож экани Ҳинд сайёҳи назари орқали идрок этилади. Ҳатто асарга рус кишиси образи кириб келади, бу билан Фитрат аср бошида ва 20-30-йилларда оммавий жараёнга айланган руслаштириш сиёсатига ҳам ўз ижодининг асосий йўналишларидан ҳисобланган маърифатчиликнинг хусусиятларидан келиб чикиб ёндошади. Чунки Фитрат ўлкага четдан (хусусан, Россиядан) мутахассислар таклиф қилиш билан иш ўнгланмаслигини билади, Бухорода тиббий, техник ва сув иншоотлари (ирригация), махсус мадрасалар (ўқув юртлари) очиш, уларни маҳаллий кадрлар билан таъминлаш масалаларини ҳам ўртага қўядики, бу ҳозирда кун тартибида турган долзарб муаммолар эканини халқимиз ошкоралик оркасида аён пайқамоқда. Шунингдек, асарда гарчи ишоралар билан бўлса-да, Ўрта Осиёнинг Россияга қўшиб олиниши масаласига доир мулоҳазалар мавжудки, бу Фитрат идроки ва дунёқарашининг халқчиллигидан далолатдир.
Амир Бухоросини «аслидай» беришга, унинг муаммоларини енгиллатишга интилиш Фитрат публицистик асарларига ҳам хос кайфиятдир. Бу йўналишдаги асарларнинг кўпчилиги Фитрат ижодининг дастлабки даври 10-йилларга тўғри келади. Жумладан, «Шарқ сиёсати» номли асарида: «Бизга қарши (сўл жадидчилик нуқтаи назаридан туриб фикр юритиляпти — Ҳ. Б.) Бухорода икки йирик куч бор: амир тахти ва англиз олтини» деб ёзади. «Ойила», «Сиёсий ҳоллар», «Юрт қайғуси» каби макола, очерк ва лавҳалар Туркистон ҳаёти билан чекланса-да, уларда баён қилинган фикрлар тўғридан‑тўғри «бир йилда содир бўлган икки ннкилоб» (Россиядаги Ҳ. Б.) воқеаларига бориб такалади. Буларда бугунги кунда моҳиятан қайта ўрганилаётган Февраль инқилоби билан боғлиқ ҳодисаларга муносабат билдирилади. Фитрат дунёқараши ҳақида гап кетганда, уни «конституцион монархия» тарафдори килиб кўрсатиш масалага юзаки муносабат экани нафақат Фитрат асарларидан, балки бу даврда яратилган кўплаб тарихий ва публнцистик асарлардан англашилади.
Фитрат ижодига шахсга сиғиниш даври назаридан қарашнинг «юксак» намунасини эл таниган шоир Ҳамид Олимжоннинг Фитрат адабий асарларига бағишланган мақоласида учратиш мумкин. У Фитрат асарларини «текшира» туриб, «Фитрат романтик эди, бу эса реакцион романтизмдир» дейишгача бориб етади. Унинг «миллатчилиги»ни асослаш учун эса эълон қилинмаган «Ўғузхон», «Темур соғонасига» асарларидан мисоллар келтиради (Шунинг учун бўлса керак, мазкур драмалар билан биргаликда «Қон», «Абомуслим» каби бадиий ва қатор илмий ишлари шу пайтгача эълон этилмай қолиб кетган). Бу мақола Фитрат ижодини ўрганишга хам ўз таъсирини кўрсатганки, унинг асарлари то қайта қуриш даврига қадар деярли ўрганилмаган.
Фитрат драматик асарлари асосан, 1918-1925 йиллар оралиғида ёзилган бўлишига қарамай бўлғуси драматург салоҳиятининг олис шабадалари 1909 йилдаёқ Фаранги ва Мударрис («Мунозара»), Мен ва Уста, Қози ва Мен («Ҳинд сайёхи») диалогларида сезилган эди. Унинг драматик асарлари олис Ҳинд ўлкаси воқеаларига («Ҳинд ихтилолчилари», «Чин севиш») бағишланадими, Бухоро тарихининг қоронғу қатламларидан баҳс юритадими («Абулфайзхон», «Арслон») ёхуд диний сюжет материалларига асосланадими («Шайтоннинг тангрига исёни». «Рўзалар») улар барибир турли ришталар билан ўлка тарихига боғланади, юрт келажагига дилдан қайғурувчи «ватанпараст» шоирнинг истеъдоди кўламидан далолат беради. Фитрат инқилобий-тарихий мавзуда «Восе қўзголони» номли (тожик тилида) драма яратган, «Тўлқин» номли опера либреттосини ёзган. 1921 йили «Қизил байроқ» газетасида ёзилишнча, Чимкент шаҳрида тузилган театр труппасининг мажлиси бўлиб ўтган. Мажлисни бошқарган труппа режиссёри Абдуқодир Умаров труппани ўзбек театри ривожига салмоқли ҳисса кўшган драматург номи билан аташни таклиф қилади. Труппа мажлиси ўзини «Фитрат театр труппаси» деб аташга қарор қилади.
Фитрат ижоди серқирра эканлиги унинг таржималарида ҳам акс этган. Улар сиёсат («Ленин ва Шарқ», Н.Нариманов асари), фалсафа ва аҳлоқ («Дорур роҳат мусулмонлари», Гаспринский асари), риёзат («Илми ҳандаса», Камол Шамси асари), тилшунослик («Девону луғотит турк», М.Қошғарий асари), бадиий адабиёт («Минг бир кеча») каби соҳаларни ўз ичига олган бўлиб, рус, араб ва қадимги туркий тилдан таржима этилгандир.
1918 йилдан эътиборан Фитрат дорилмуаллиминда дарс бериш баробарида Туркистон Коммунистик партиясининг топшириғи билан Шокиржон Раҳимий ва Қаюм Рамазон билан хаммуаллифликда ўзбек маорифи тарихида биринчи бўлиб она тили дарслигини ёзади. Кейинроқ бу соҳадаги ишларини мукаммаллаштириб, «Ўзбек тилининг сарфи»ни эълон қилади. Туркистон маориф нозирлиги томонидан нашрга тавсия этилган бу дарслик 1925-30-йиллар давомида беш марта қайта нашр этилади. Самарқанд, Бухоро ва Тожикистон жумҳурияти аҳолисининг эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда «Тожик тилининг сарфи» («Сарфи забони точики»)ни ёзди. Фитрат тилнинг фақат назарий қонуниятларини ўрганиш билан кифояланмай, она тилимизнинг гўзаллиги ва софлиги учун курашчи сифатида «Тилимиз», «Ўзбекча тил сабоқлиги», «Имло конференцияси муносабати билан» мақолалари билан матбуотда чиқди. «Дунёнинг энг бой ва бахтсиз тили» бўлган туркийни араб, форс ва Оврупо тилларининг асоратидан қутқаришга уринган, унинг мустақиллигини Навоийдан кейин жиддий исбот этган олимлардан бири сифатида кўринган Фитрат ҳақида А.Саъдий шундай ёзади: «Ёш ўзбек адабиётида Фитратнинг роли унинг тили ва услубида кўринади. Фитрат адабиётда араб ва форс сўзларига йўлни беркитди, тил ва услубда кўплаб ўзбек шоирларини ўзига қаратди… ўзбекча шеър тузилишининг ривожланиш йўлларини белгилади». Фитратнинг ёлғиз тилшуносликкагина эмас, адабиёт, маданият тарихи ва назариясига оид ишларини кузатиб, айтиш мумкинки, Фитрат ўзбекларнинг ўз ёзуви бўлишини истади. Фитрат бу борада ўзбек зиёлиларининг ўша даврдаги вакиллари каби лотин ёзувининг «маърифий аҳамиятини ҳисобга олиб» ўзбек ёзувини лотинлаштириш жараёнида иштирок этди. Ўзбекистон КП(б) МҚнинг 1926 йил 9 июндаги топшириғи билан тузилган Янги ўзбек алифбоси комиссиясига Й. Охунбобоев (раис), Боту (раис ўринбосари), Ф. Хўжаев, А. Икромов билан бир қаторда Фитрат хам аъзо қилинди. Бу тадбир ўзбек тилини минг йиллар давомида синалган ўз имлосидан узоқлаштириш учун ташланган дастлабки қадам эканини Фитрат ҳали илғаб етмаган бўлса керак. Айрим манбаларнинг гувоҳлик беришича, Фитрат Олтой группасига кирувчи тиллар табиатини узоқ ўрганган (ҳатто бу масалада улкан тилшунос Поливанов билан мунозарага киришади) ва 30-йилларнинг ўрталарида «Қадимги мўғул тили луғати»ни тузган, Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғатит турк» асарининг тушунтириш матнларини арабчадан ўзбекчага таржима килган, лирик парчаларга эса шарҳлар ёзган эди. Бироқ нашрга тайёр ҳолида Фитратнинг уйидан олиб кетилган бу асарлар хали халққа қайтарилгани йўқ. Тилимиз давлат тили мақомини олган ҳозирги кунда бундан етмиш йил аввал ёзилган ўша асарлар нечоғли ҳаётий ва илмнй ҳақиқатга яқин эканига бугун имон келтириш мумкин.
1919 йилда Туркистон ҳукумати мухтор жумҳурият халқларининг ижодий меросини ўрганишга киришади. Туркистон ўлкасининг мусулмон бюроси бу ишга раҳбарлик қилишни Назир Тўрақулов, Лазиз Азиззода ва Абдурауф Фитратга топширади. Бу илмий ҳаракатнинг дебочаси сифатида «Инсоният ҳақида Навоий қандай фикрда?» деган тадкиқот яратилади. Бу воқеага кадар Фитратнинг «Ўқув», «Шеър ва шоирлик» каби адабий мусоҳабалари эълон этилган бўлиб, у илмий жамоатчилик ичида ўзига хос нуфуз қозонганди. Фитрат илмий мероси (адабиётшунослик соҳасида)нинг асосий қисми 1923-1935 йилларда яратилганига қарамай бу давргача олим элликдан ортиқ илмий тадқиқот ва мақолалар эълон килиб улгурганди. Улар замонавий адабиётшуносликнинг ҳамма соҳаларини қамраб олган бўлиб, асосан, Шарқ ва туркий адабиёт тарихи, назарияси ва адабий танқидга оид тадқиқотлардан ташкил топган.
Шу пайтгача бадиий ва публицистик асар сифатида баҳоланаётган «Бедил» (Бир мажлисда) илмий-фалсафий очерки ўзбек адабиётшунослигида Бедил ижоди ҳақида яратилган тадқиқотларнинг дебочаси ҳисобланади. Бу ҳақда ўша йиллардаёқ шундай ёзилганди: «Фитратнинг бу асари бизга Бедил фалсафаси ва дунёқарашини очиб кўрсатади. Бедил сўзнинг том маъносида Шарқнинг донишманди бўлган. У Шаркнинг фожеавий ҳолатини яхши тушунган… у каби Фитрат ҳам фалсафага мос оҳангда бизга тушунтириш беради».
Фитратнинг 1926 йили эълон қилинган «Адабиёт қоидалари. Адабиёт муаллимлари ҳам адабиёт ҳаваслилари учун қўлланма»си назарий ва амалий характердаги иш бўлиш билан бирга, унинг адабий танқид ривожига ҳам ҳисса қўшганини кўрсатади. Бу асарда 20-йиллар ўзбек адабиётини умумиттифоқ адабиётшунослиги нуқтаи назаридан туриб баҳолашга интилиш сезилади. Фитрат назарий масалаларни қўйиш ва ҳал этишда рус формал мактаби (В.Шкловский, Б.Эйхенбаум, Ю.Тинянов, Ю.Томашевский ва бошқалар) намояндалари каби услуб ва композицияни етакчи унсур деб билади. Бу мактаб вакилларининг таҳлил йўсинида бўлганидай Фитратнинг тадкиқотида ҳам мунозарали ўринлар бор, бирок 20-йилларнинг ўрталаридаёқ илғор рус назарий тафаккурининг энг яхши жиҳатларидан хабардор бўлиб, уни миллий адабиёт ютуқлари билан боғлаш ва умуман, ҳали шаклланиб улгурмаган ўзбек совет адабиётининг назариясини яратишга интилишни катта илмий жасорат деб баҳоламоқ лозим.
Классик меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишда Фитратнинг улкан хизматини тан олмаслик мумкин эмас. Бу, айниқса, унинг 1935 йилда битилган «Аруз хақида» рисоласида кўринади. Фитрат арузшуносликда Навоий ва Бобур «панжасига панжа уришга» журъат қилди ва мураккаб аруз сирларини тушунтиришда халқ ижодиётида кенг қўлланилган «чирманда усули»дан фойдаланди. Фитрат нафис Шарқ классикасининг илдизларини кадимги халқ қўшиқларида кўрди, уларни ўрганишга биринчилардан бўлиб киришди. Унинг «Энг эски туркий адабиёт намуналари», «Турк адабиёти намуналари» («Адабиётимиз тарихи учун материаллар»), «Ўзбек адабиёти намуналари» (1 китоб) оддий баёз ёки хрестоматиялар эмас, балки йўқолиш арафасида турган асарлар излаб топилган, текстологик жиҳатдан ишланган, шарҳлар ёзилган, луғатлар тузилган ва уларни тушуниш учун илмда дастлабки йўналишлар берилган жиддий тадқиқотлардир. Шу ўринда бир фактни келтириш жоиз. Фитрат Ўзбекистон маориф нозирлиги илмий шўросининг аъзоси сифатида 1925 йили Санжар Сиддиқ билан биргаликда Фарғона, Марғилон, Наманган ва Бухоро шаҳарлари бўйлаб илмий сафарга чиқади. (Вақтли матбуот бу сафар натижаларидан хабар бериб турган). Наманганда «Қутадғу билик»нинг Наманган нусхаси номи билан тарихга кирган қўлёзмасини топади, қўлёзмани бошқа мавжуд нусхалари билан солиштириб, у ҳақда мақола яратади. Ёки «Девону луғатит турк», «Ҳибатул ҳакойиқ» ҳақидаги илмий мақолаларида хам адабиёт тарихимизнинг нисбатан қоронғу ҳисобланган даврларини ёритишга интилган. Туркий адабиёт вакилларидан Аҳмад Яссавий, Сулаймон ота Боқирғоний (бу мактаб вакилларидан еттитаси ҳақида батафсил маълумот билан, уларнинг асарларидан намуналар келтирилади), Навоий, Бобир, Муҳаммад Солиҳ, Турди, Машраб, Нодира, Амирий, форсигўй шоирлардан Фирдавсий, Умар Хайём, Бедил ва бошқалар ижоди ҳақида тадқиқот, мақола ва илмий ахборотлар ёзгани илмий жамоатчиликка маълум бўлиши керак. Профессор Фитратнинг ўзбек ва Шарк адабиёти тарихи хусусида ёзган асарлари 20—30-йиллардаги Шарқ адабиётининг билимдонлари Е. Бертельс, В. Жирмунский, И. Крачковский, Л. Климовичларнинг асарлари билан ёнма-ён туради. Чунки Фитрат юқорида номлари саналган йирик шарқшунослар билан шунчаки таниш бўлмаган. Л. И. Климовичнинг эслашича, уларга айрим қўлёзмаларнинг матнларини етказиб берган, ўша асарларнинг ўрганилиш даражасини кўрсатиб, тушунтирган. Булардан ташқари, 1935 йили Фитратнинг нашрга тайёрланган «Жадидизм даври адабиёти тарихининг очерки» (1934 йил), «Ўзбек адабиёти тарихи (феодализм даври)» (1935 йил), «Фирдавсийнинг ҳаёти ва ижоди» каби йирик тадқиқотлари мана 50 йилдирки, ҳали эълон қилингани йўқ.
Фитратнинг ниҳоятда бой ижодий мероси унинг улкан тарихчи олим ҳам эканини билдиради. Айниқса, у ўз ватани Бухоронинг тарихини мукаммал билган киши эди, шунинг учун бўлса керак, Бухоро халқ республикасининг Маориф нозирлиги 1920 йил 30 октябрь қарорига мувофиқ «Бухоро инқилоби тарихи»ни ёзишни Фитрат ва С.Айнийга топширади. Бироқ Фитратнинг Тошкентга чақирилиб олиниши муносабати билан иш тугалланмай қолган.
Катта совет Қомусининг 1936 йил нашридаги «Фитрат» мақоласида айтилишича, «Ўрта Осиёда ер-сув муносабатлари тарихи» асари Москва Академмарказининг топшириғига биноан ёзилган ва русчага таржима этилган. Бироқ турли сабабу баҳона билан бу асар ҳам эълон этилмаган. Шунингдек, олимнинг «Ўрта Осиё суғорилиши тарихидан уч ҳужжат», «Собик Бухоро амирлигида ер муносабатларига доир материаллар», «Ўрта Осиёда ер-сув муносабатлари тарихидан материаллар» каби чуқур илмий-тарихий тадқиқотлари ҳали чоп этилганича йўқ.
Шарқ маданияти тарихи билан яқиндан таниш бўлган Фитрат 1928 йили «Шарқ шахмати» номли рисола эълон қилади. Шарқ халқлари мусиқа назарияси ва тарихи тўғрисида «Шашмақом», «Ўзбек мусиқаси тўғрисида» ва бошқа қатор мақолалар, 1927 йили эса «Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи» номли асарини ёзади. Унинг сўзбошисида «Ўзбекларни ўрганиш қўмитаси» номидан «Ўзбек мусиқасининг асосларини белгилаш, уни ташкил этган унсурларни англаш, кечирган даврларни, бутун сабаблари билан, очиқ тайин этиш ва натижада объектив, илмий хулоса чиқариш, ўзимиздан олим мусиқашунослар етишмагунча мумкин эмас» деган фикрлар билан бирга бу «қўмита сипоришига кўра ўртоқ Фитрат томонидан тузилган» тарих ҳавола қилинади. Фитратнинг мусиқа соҳасидаги тадкиқотлари назарий-илмий йўналишда қолиб кетмади, ҳамма соҳаларда бўлганидек, бу соҳада ҳам амалиёт билан чамбарчас боғланганди. Фитрат ташаббуси билан 1921 йили Бухорода биринчи мусиқа мактаби ташкил этилади ва БХСР Маориф нозирлигининг 1921 йили 10 август буйруғига биноан у Шарқ мусиқа мактабининг директори вазифасига тайинланади.
Фитратнинг нафақат адабий мероси, балки улкан илмий мероси ҳам у ҳақда чуқур тадқиқотлар яратишни кутиб турибди. Қайта қуриш насими туфайли эълон этилаётган асар ва мақолалар бу катта йўлдаги дастлабки қадам, холос. Фитратнинг адабий меросини ўрганишни бир-икки илмий ишнинг, ёки битта илмий марказининг ташаббуси доирасига сиғдириш қийин. Шунинг учун хам бу бой меросни тўплаш, ўрганиш ва келгуси авлодларга етказиш учун умумхалқ ҳашар-ҳаракатини бошлаш ниятида Фитрат ёзган асарларнинг (асосий қисми эълон қилинган) умумий рўйхатини эълон қилмокдамиз. Табиийки, бу рўйхат тўла эмас, ҳали Фитрат томонидан ёзилиб, 20-30-йилларда матбуотга етиб келмаган асарлар қанча! Қўлёзма ҳолида мавжуд бўлиб, бироқ «халқ душмани»нинг асарларини сақлашдан қўрқиб, қариндошлари томонидан ёқиб юборилганлари, 1956 йил Фитрат ижодини ўрганиш комиссияси томонидан ўрганишга олиниб, қайтарилмай айрим олим ва ёзувчилар шахсий архивини «бойитиб» турганлари қанча! Эҳтимол, 70 йил давомида қонимизга сингиб колган журъатсизлик туфайли унинг асарларини эълон қилишга шошилмаётгандирмиз. Эҳтимол, у асарлар эълон этилишй билан ўзбек совет адабиётининг «олтин фоиди»га кирган айрим бадиий ва илмий асарларнинг нурсизланиб қолишидан чўчиётгандирмиз. Эҳтимол, бунинг бизга номаълум «чун ва чаро»лари (Фитратнинг ўзи айтмокчи) бордир. Лекин Фитрат шундай улкан мерос қолдирганки, уни ўрганиш учун асарларини сақлаётганларнинг нафакат журьату жасоратлари, балки умрлари ҳам етмайди. XX аср бошларида яратилган асарларни ҳеч бўлмаса аср охирида халққа қайтариш ўзбек зиёлиларининг бурчидир.
Абдурауф Фитратнинг эълон қилинган ва нашрга тайёрланган асарлари рўйхати
Шеърий асарлари
- Сайха. Миллий шеърлар (форсча). Истамбул, 1329 (1911).
2. Сайха. Шеърлар туркуми. «Садои Туркистон», 1914, июль.
3. Учқун. Шеърлар тўплами. М., 1921.
4. Шеърлар, достон. «Ёш ўзбек шоирлари» тўпламида, Т., 1922
5. Менинг туним. «Инқилоб», 1924, № 13-14.
Насрий асарлари
- Қиёмат. Ҳикоя. М. 1923; Т. 1937; М. 1965; Душанбе, 1964; Т. 1972.
2. Меърож. «Худосизлар» журналида эълон қилинган.
3. Зайд ва Зайнаб. Ҳикоя. «Худосизлар» журналида эълон қилинган.
4. Оқ мозор. «Худосизлар» журналида эълон қилинган.
5. Қийшиқ эшон. «Худосизлар», 1930, № 2—3.
6. Қиз қотили. 1932 йилда ёзилган, эълон қилинмаган.
7. Заҳронинг имони. «Худосизлар» журналида эълон этилган.
8. Ҳиндистонда бир фаранги ила бухороли бир мударриснинг бир неча масалалар ҳам усули жадида хусусида қилғон МУНОЗАРАси. Истамбул, 1327 (форсча) 1909; М. 1911 (русча); Т. 1913 (туркча); Баку, 1914.
9. Ҳинд сайёҳи (Сайёҳи ҳиндий баёноти). Истамбул, 1330 (1912).
Драматик асарлари
- Бегижон. Беш пардали фожиа. 1916.
2. Мавлуду Шариф. 1916.
3. Або Муслим. Олти пардали фожиа. 1916 (босилмаган).
4. Темур сағанасига. Бир пардали драма. 1918 (босилмаган).
5. Ўғузхон. Бир пардали драма. 1919 (эълон қилинмаган).
6. Қон. Беш пардали фожиа. 1920 (босилмаган).
7. Чин севиш. Беш пардали фожиа. 1920.
8. Ҳинд ихтилолчилари. Беш пардали фожиали театру Самарқанд-Тошкент, 1923; Берлин, 1923.
9. Абулфайзихон. Бухоро ўлкасининг тарихидан. Беш пардали фожиа. М. 1924.
10. Шайтрннинг Тангрига исёни. Пьеса. Ўрта Осиё Давнашри, 1924; Тошкент, 1967.
11. Арслон. Бурунги Бухорода яшаган деҳқон ҳаётидан олинган беш пардали драма. Самарқанд-Тошкент, 1926.
12. Рўзалар. Икки пардали комедия. Самарқанд-Тошкент, 1932.
13. Восеъ қўзғолони. Тарихий-инқилобий драма. 1932 (эълон қилинмаган).
14. Тўлқин. Опера либреттоси. 1934 (эълон қилинмаган).
Публицистик асарлари
- Раҳбари нажот. Боку, 1915.
2. Ойила (Вазифаи хонадори). Боку, 1916.
3. Сиёсий ҳоллар. «Ҳуррият», 1917, 7 ноябрь № 49.
4. Туркистон мухторияти. «Ҳуррият», 1917, 8 декабрь, № 57.
5. Бухоро ёшлари ҳақида. «Улуғ Туркистон», 1918, 30 май.
6. Шарқ сиёсати. «Иштирокиюн», 1919, 25-26 октябрь.
7. Йиғла, Ислом, 1920.
8. Юрт қайғуси. «Ҳуррият», 1917, № 31.
9. Эски мактабларни нима қилиш керак? «Қизил Ўзбекистон», 1927, 6 март.
Таржималари
- Камол Шамси. Илми ҳандаси. Т. 1920.
2. Наримон Наримонов. Ленин ва Шарқ.. М. 1924.
3. Маҳмуд Кошғарий. Девону луғатит турк (эълон қилинмаган).
4. Минг бир кеча. Танланган эртаклар (босилмаган).
5. И. Гаспринский. Мусулмони дорур роҳат. 1914.
Тилшунослик
- Тилимиз. «Иштирокиюн», 1919, 12 июль, 23 август.
2. Она тили. Дарслик (Шокиржон Раҳимий, Қаюм Рамазон билан ҳаммуаллифликда), 1918.
3. Ўзбек тилининг сарфи. Т. 1924-1930.
4. Сарфи забони тожики. Самарқанд, 1925.
5. Ўзбек тилининг сарфи тўғрисида. 1925. Мақола «Қизил Ўзбекистон» газетасида эълон этилган.
6. Ўзбекча тил сабоқлиги. 1926. Мақола «Қизил Ўзбекистон» газетасида эълон этилган.
7. Имло конференцияси муносабати билан. 1928. «Маориф ва ўқитғувчи»да эълон этилган.
8. Энг эски (қадимги) мўғул тили луғати (нашрга тайёрланган, аммо босилмаган).
Адабиёт назарияси
- Ўқув. 1917.
2. Шеър ва шоирлик. Адабий мусоҳаба. «Иштирокиюн»да босилган. 1919.
3. Муқаддиматул адаб. 1926. «Маориф ва ўқитғувчи»да босилган.
4. Адабиёт қоидалари. Адабиёт муаллимлари ҳам адабиёт ҳаваслилари учун қўлланма. Самарқанд-Тошкент, 1926.
5. Ёпишмаган гажжаклар. Ж. Бойбўлатовга очиқ хат. 1929. «Қизил Узбекистон»да босилган.
6. За чуткую литературную среду. 1933. «Литература Средней Азии»да рус тилида босилган.
7. Аруз ҳақида. Тошкент, 1936.
Ўзбек ва Шарқ адабиёти тарихи
- «Фарҳоду Ширин» достони тўғрисида. 1920. «Аланга» журналида босилган.
2. Бедил. Бир мажлисда. М. 1923; Т. 1924.
3. Навоийнинг форсий шоирлиги ҳам унинг форсий девони хақида. 1925. «Маориф ва ўқитғувчи»да босилган.
4. Қутадғу билик. «Маориф ва ўқитғувчи»да босилган. 1926.
5. Энг эски туркий адабиёт намуналари. Самарқанд-Тошкент, 1927.
6. Аҳмад Яссавий. 1927. «Маориф ва ўқитғувчи»да босилган.
7. Турк адабиёти намуналари. (Адабиётимиз тарихи учун материаллар). Самарқанд-Тошкент, 1927.
8. Ўзбек шоири Турди. 1928. «Маориф ва ўқитғувчи»да босилган.
9. Яссави мактаби шоирлари тўғрисида текширишлар. 1928. «Маориф ва ўқитғувчи»да босилган.
10. Ҳибатул ҳақойиқ. 1928. «Маориф ва ўқитғувчи»да босилган.
11. Ўзбек адабиёти намуналари (1-китоб). Самарқанд-Тошкент. 1929.
12. Умар Хайём. «Қизил қалам» мажмуаси, 1-китоб. 1928.
13. Форс шоири Умар Хайём. Самарканд-Тошкент. 1929.
14. XVI асрдан сўнгра ўзбек адабиётига умумий бир қараш. 1929. Мақола «Аланга»да босилган.
15. Муҳаммад Солиҳ. 1929. «Аланга»да босилган.
16. Чиғатой адабиёти. «Қизил Қалам» тўплами. 2-китоб, Самарқанд-Тошкент, 1929.
17. Исследование о старой тюрской литературе (Энг қадимги турк адабиётига доир текширишлар). Самарканд-Тошкент, 1930.
18. Машраб. «Научная мысль». Самарқанд-Тошкент. 1930, № 2.
19. Цепь персидской литературы замкнута (Форс адабиётининг ёпиқ занжири). 1934, «Литература Средней Азии»да босилган.
20. Абулқосим Фирдавсий. «Ўзбекистон шўро адабиёти», 1934, № 7-8.
21. Фирдавсий. «Социалистик фан ва техника», 1934. № 10-11.
22. Эртаклар ва ҳақиқатлар. (Фирдавсийнинг 1000 йиллиги). 1934, «Машъала»да босилган.
23. Ўзбек адабиёти тарихи (феодализм даври). 1934 (нашрга тайёрланган, аммо босилмаган).
24. Форс адабиётининг тарихи. 1935 (нашрга тайёрланган, аммо босилмаган).
25. Абулқосим Фирдавсий замони ва муҳити. «Ўзбек совет адабиёти», 1936, № 10.
26. Фирдавсийнинг ҳаёти ва ижоди (нашрга тайёрланган, аммо босилмаган).
27. Персидский поэт Омар Хайям (перевод, комментарии, новые материалы). Самарқанд-Тошкент. 1929.
Шарқ маданияти ва тарихи
- Мухтасари тарихи Исломия. 1918.
2. Бухорода инқилоб тарихи (С. Айний билан ҳамкорликда, тугалланмаган).
3. Собиқ Бухоро хонлигида ер муносабати материаллари (эълон қилинмаган).
4. Санъатнинг маншаи. 1927, «Маориф ва ўқитғувчи»да эълон қилинган.
5. Шарқ шахмати. 1928.
6. Ўрта Осиёнинг суғорилиш тарихидан уч ҳужжат (тугалланган), эълон қилинмаган.
7. Ўрта Осиёда ер муносабати тарихидан материаллар (нашрга тайёрланган, аммо босилмаган).
Мусиқа назарияси ва тарихи
- Шашмақом. 1925. «Маориф ва ўкитғувчи»да босилган.
2. Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи. 1926. «Маориф ва ўқитғувчи»да босилган.
3. Ўзбек классик мусикаси ва унинг тарихи. Рисола. Самарқанд-Тошкент. 1927.
4. Ўзбек мусиқаси тўғрисида. 1928. «Аланга» журналида эълон қилинган.
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 4–сон