Ҳамидулла Болтабоев. Эл севган адиб

Адиб зоти борки, ўз асарларининг ўқилиши, уқилиши ва китобхонлар томонидан тушуниб қабул қилинишини истайди. “Сени тушунишса, катта бахт”, деган ҳикмат аслида ёзувчилик қисматига дахлдор. Ҳатто ҳазрат Навоийдай даҳо санъаткор ҳам “Эл нетиб топғай мениким…”, дея андишаларга боргани ва муножот пайтида Яратганга “Илоё дегонимни улусқа марғуб эт…”, дея мусалло этгани барчамизга маълум. Ижод ва ижодкор қисматига боғлиқ бу сўзлар нафақат мумтоз адибларга, балки замонавий руҳда асарлар ёзиб, эл эъзозига мушарраф бўлган адибларга ҳам хос. Шундай экан, замонавий адиб ҳам ўз асарларини замондошлари томонидан қабул этилишини исташи табиий. “Ҳамиша бир орзу билан яшайман, — деб ёзади Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов. — Шунақа китоб ёзсангки, уни ўқиган китобхон ҳамма нарсани унутса, асар қаҳрамонлари ҳаёти билан яшаса. Китобни ўқиб бўлган куни кечаси билан ухлолмай, тўлғониб чиқса. Орадан йиллар ўтиб асарни қайтадан қўлига олганида тағин ҳаяжонланса, янги маънолар топса”.

Адибнинг бу орзу-истаги ушалаётганига барчамиз — китобхонлар ҳам, адабий жамоатчилик ҳам гувоҳ. Зотан, халқ меҳрига сазовор бўлган ёзувчининг ҳикоя, қисса ва романлари маънавий мулкимизга айлангани рост. Атоқли адиб Саид Аҳмад таъкидлаганидек, Ўткир Ҳошимовнинг «Баҳор қайтмайди», «Қалбингга қулоқ сол», «Нур борки, соя бор», «Дунёнинг ишлари», «Икки эшик ораси», «Тушда кечган умрлар», «Икки карра икки – беш» каби қисса ва романлари, юздан ортиқ дилбар ҳикоялари, комедия ва фожиалари халқ орасида жуда машҳур бўлиб кетган”.

Чиндан ҳам ёзувчининг қиссаларини, романларини ўқиётганда қаҳрамонларининг ҳаёти кўз ўнгимизда яққол намоён бўлади, асарни ўқиб бўлгач онгимиз ва шууримизда уларнинг қиёфаси қайта жонланади: улар сиз билан диллашади, ҳис-туйғуларингизга таъсир этиб, ҳаёт ҳақида, инсон тақдири ҳақида ўйга толдиради. Анча вақт шу асарлар таъсирида юрасиз, қаҳрамонлар билан хаёлан баҳслашасиз, кўнглингиздан кечган ўй-кечинмалар таъсирида айрим қаҳрамонлар тарафига ўтиб олиб, уларнинг мухолифлари билан курашасиз. Аслида бадиий асарнинг таъсир кучи, китобхон қалбини забт этиш мўъжизаси ҳам шунда.

Машҳур бўлишнинг сиру асрорлари ҳамиша адабиёт аҳлини қизиқтириб келади. Ўткир Ҳошимов ижодий фаолиятига назар ташлаганда бу феномен бир неча жиҳатлари билан намоён бўлади. У илк асари биланоқ Абдулла Қаҳҳордай улуғ адибнинг назарига тушди. Ҳар гал Озод Шарафиддиновдай қилни қирқ ёрадиган устоз мунаққид китобимни ўқиб нима деркин, деган андиша билан қўлига қалам олди. Ҳар бир асарида халқнинг кўнглидаги гапни топиб айтишга, дилидаги пинҳон дардларни оқ қоғозга кўчиришга кучли иштиёқ туйди. Аллоҳ берган истеъдодни парваришлаб, эзгу ишларга, яхши асарлар ёзишга сарф этди…

Ўткир Ҳошимов истеъдодининг ўзига хослиги, биринчи галда, ижодкорнинг услуби, асарларининг тил хусусиятларида кўринади. Айниқса, муҳаббат мавзусидаги қиссалари тили ва услубига хос равонлик, оҳангдорлик қаҳрамонларнинг ҳис-туйғулари ифодасига майинлик ва таъсирчанлик бағишлаган. Бу жиҳатдан адибни “прозанинг шоири” деганда устоз шоиримиз Эркин Воҳидов тўла ҳақ. Дарҳақиқат, ёзувчининг китобхон назаридан четда қолмай келаётгани сабабларидан бири ҳам шунда.

Китобхон назаридан қолмаслик, доимо унинг кўз ўнгида бўлиш, ёзганларини эл назаридан ўтказиб, унинг баҳосию талаблари даражасида асарлар ёзиш учун устозларнинг “оқ йўли”-ю замондошларининг хайрихоҳлиги камлик қилади. Адиб узоқ ва машаққатли ижодий йўлни босиб ўтди. Бу йўлнинг ҳар бир бекати қанчадан-қанча тўлғанишлару изтиробларга, масрурлигу ташвишларга тўла. “Ижод ўта мураккаб, ўта масъулиятли, олис ва машаққатли йўл”, деб ёзади Ўткир Ҳошимов. Дарҳақиқат, ижодий сафарга отланган йўлчи (ижодкор) йўл(ижод жараёни)нинг барча баланд-пастликларини олдиндан тасаввур эта олиши, унинг нотекисликларидан ҳайиқмай юриши, жиддий тўсиқлар учраганда енгиб, олдинга интилиши ва натижада китобхон қалби деган “финиш”га эсон-омон етиб олиши керак. Бироқ ижод “юз метрли масофада ким ўзарга югуриш ҳам эмас”. Унда “ким ўзарлик”, тезроқ маррага етиб, рақибларини доғда қолдириш етакчи моҳият касб этмайди. Биринчилик тезликда, тез шуҳрат қозонишда эмас, балки китобхон қалбига кира олишда, унинг ўй-ташвишларини асарларига сингдира билишда, оддий ўқувчидан тортиб зукко адабиётшуносларгача истеъдодининг эътироф этилишидадир.

Ўткир Ҳошимов ижоди аллақачон китобхон элимизнинг меҳрини қозонган, роман ва қиссалари миллий ҳудуддан ташқарига чиқиб, ўнлаб хорижий тилларга таржима қилинган. Сўнгги йилларда амалга оширилаётган тадқиқотларда унинг асарлари Гоголь, Фолкнер, В.Распутин каби машҳур адиблар ижод намуналарига қиёсланиб таҳлил этилаётгани ёзувчининг истеъдоди миқёсини кўрсатади. Бироқ ҳали асарлари қатидаги бадиийлик сирларию адиб ижод лабораториясидаги жараёнлар тўла ўрганилмаган. Уларни ўрганиш, тад­қиқ этиш нафақат адабиётшунос олимлар зиммасида, балки ёш ижодкорлар ҳам адиб маҳорати қирраларини ўзига мактаб билиб, унинг тажрибасидан амалда, ўз ижодларида фойдаланишлари лозим. Қолаверса, олий ҳакам — бешафқат Вақт ҳукми ҳам бор. Бу ҳақиқатни англаб етган ижодкор, нафақат бугунги кунини ўйлайди, балки эртанги кунга ҳам асқотадиган асарлар ёзиш, халқ орзу-умидларини келажак учун муҳрлаш пайида бўлади. Бу ҳақиқатни, ижодий тажрибаларига асосланиб, ёзувчи шундай изоҳлайди: “Қаламкаш учун китобхон қалбига озми-кўпми эзгулик нурини олиб кириш, унинг қувонч ва ташвишлари, муҳаббат ва нафратини ҳалол, таъсирчан тасвирлашдан ортиқ бахт йўқ. Зеро, ҳар қандай китобнинг холис баҳосини китобхон ва вақт белгилайди. Шу маънода айтиш мумкинки, асарнинг эгаси ёзувчи эмас. Асарнинг эгаси – ўқувчи. Ўқувчиси йўқ асар эгаси ташлаб кетган ҳовлига ўхшайди”.

Дарҳақиқат, бадиий асарнинг ҳақиқий эгаси — китобхон. Ёзилган китоблар китоб жавонларини тўлдириб, безаб турмаслиги, балки ўқувчилар томонидан “шавқ билан ўқилиши” (Абдулла Қаҳҳор) лозим. Шунда улар кўнгил мулкига айланиб, миллат маънавий хазинасидан муносиб ўрин олади.

Шубҳасиз, ижод аҳли китобхон диди ва савияси, маънавияти ва руҳий дунёсини эътиборда тутади. Шу маънода ёзувчи китобхонни ўзига ҳамкор, деб билади. Таниқли адабиётшунос Иброҳим Ғафуров таъкидлаганидек, “Ёзувчи… китобхонга тенглашишни эмас, балки китобхондан баландроқ туришга интилади. Шунинг учун китобхонни ҳайратга солади, ёзувчи китобхонга эмас, китобхон ёзувчига қараб ҳайрат бармоғини тишлайди ва ўзи илгари кўрмаган, билмаган нотаниш оламларга киради. Китобхон ўрнак излайди. Ёзувчи ўрнак беради… Ўткир Ҳошимов ўз ўқувчиси билан муттасил изчил алоқада ишлайди. У кимга ёзаётганини билади. Ўқувчиси унинг учун мавҳум шахс эмас, жуда жонли ва жуда фаол фикрловчи кимса. Ўқувчисини ўзининг ижодий ишларига шерик деб тушунади. Маърифатли муносабатга маърифатли муносабат билан жавоб беради”.

Маърифатли китобхонни тарбиялаш, унинг дидини ўстириш ва маънавиятини бойитиш ҳар бир адибнинг вазифаси. Зотан, ижодкор асарларининг савияси ўқувчиларнинг бадиий-эстетик тарбиясида ҳам ўзига хос манба бўлиб хизмат қилади. Муаллифнинг қалб бисотидаги бойликлар ўқувчи онгига кўчиши баробарида унинг учун эзгулик ва гўзаллик сари йўл очади. Таъсир ва таассуротларга бой бу ижодий ҳамкорлик китобхонни нафосат сафарга ундайди, унинг сафардош бўлишга имкон яратади.

Дарҳақиқат, эл севган адиб Ўткир Ҳошимовнинг баркамол ижод йўли ўқувчиларининг камолот сари интилган йўли билан туташ. Мана шу сермеҳнат ижод йўлнинг етмишинчи бекатини босиб ўтган адибимизга доимо бетакрор истеъдодига муносиб салоҳиятли, маърифатли, диди баланд китобхонлар ҳамроҳ бўлишига тилакдошмиз.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 32-сонидан олинди.