Тошкент шаҳар фирқа қўмитасининг XI пленумида қилинган маърузада олий ва ўрта мактабнинг ўн минглаб битирувчилари орасида… саводсиз дипломлилар, маънавий қадриятларни йўқотган ёшлар тобора кўпайиб бораётганлиги айтилган эди. Ўқиймиз: «Шуниси ажабланарли ҳолки, олий ўқув юртларида носоғлом эҳтирослар бошқа ҳар қандай муассасалардагига нисбатан кўпроқ кучаймоқда, нафсониятга ҳаддан зиёд берилиш ҳоллари намоён бўлмоқда. Шахсий ўч олиш чоғида ҳар қандай ярамас воситалардан фойдаланилмоқда, зиёли мураббийнинг энг асосий фазилати — ўзаро муносабат одоби, мунозара этикаси, ўзганинг ҳақ эканлигини эътироф эта билиш фазилати мутлақо унутиб қўйилмоқда».
Бу дашном биз, инсоншунослик (гуманитария) соҳасининг кишиларига ҳам дахлдор. Зотан, «гуманизм» лотинча «ҳуманус» — инсоний дегани. Одамлар, уларнинг равиш-рафтори, хулқ-атвори, ўзаро муносабатлари ҳаммавақт ҳам силлиқ ва текис бўлавермайди.
Калом (сўз) билан иш кўрувчи фаолиятнинг масъулияти катта. Тарихан олиб қараганда, «сўз»нинг бир маъноси — «куйдириш», «ўрташ», «олов», «аланга» демак. Бинобарин, ана шу «ёндириш санъати»га ёшларни даъват этишга, уларнинг қалбини «ёқишга» чорланган мураббий, устодларнинг ўзлари ҳам «ёнишлари», яшнаб турган қалб қўрига эга бўлишлари керак. Зеро, улар ўзлари ёнмасалар, қандай қилиб зиё таратадилар?
Таълим, таҳсил, тадқиқот ва тарбия соҳасида барчамизнинг фаолиятимизга дахлдор аччиқ бир ҳақиқатни тан олишга тўғри келади.
Жумҳуриятимизда сўзшунослик (филология) соҳасида билағон фан номзодлари кам эмас. Ўнлаб фан докторлари, профессорлар, фан арбобларимиз бор. Лекин ёзув, матн, имло, иншо, тарих ва назарияда бирон жиддий илмий масалани ҳал қилиш гали келганда бақувват мутахассис — анқонинг уруғи.
Бутун Оврупо маданияти учун лотин тили қандай мақомга эга бўлса, ўзбек маданияти тарихида баайни шундай мавқега эга бўлган араб ва форс тиллари, ўзимизнинг эски ёзувимиздан гап очилса, аксарият олимларимиз, «хатимиз андак бадхатроқ», деб четга чиқишади.
Бирон ишни кўнгилдагидай таҳрир қилдириш, оқилона бир маслаҳат сўраш, муайян мавзу ёхуд даврни чуқур ёритишни ишониб топширадиган олимлар, дидли муҳаррирларимиз камдан-кам. Сабаби, олий гуманитар таълимда ҳам инсон омили, таъбир жоиз бўлса, «олим омили» долзарб муаммо бўлиб қолган.
Васиқали илмий мартаба соҳиблари кўп, чинакам саводхон олим кам. Натижада чуқур илмий рисолалар, аллақанча фанлардан дарсликлар, ўқув қўлланмалари, қомус, луғат, билгич (справочник)ларимиз танқис. Борлари ҳам баъзан саёз, қурама, ҳатто рўй-рост кўчирмакашликдан иборат бўлганлари ҳам йўқ эмас. Қўйингки, ҳамон поляк адиби Станислав Ежи Лец айтган ўша гап-гап: «Давр бизга даҳоларни ҳадя этишда сахийлик кўргазди. Шояд, улар орасидан бир нечта «пичоққа илинадиганлари» ҳам топилиб қолса»…
Бу нуқсонларнинг илдизи қаерда?
Оббаҳолам, 1973 йиллар эди. Ёдимда, Тошкент дорилфунуни журналистика факультетининг илмий кенгашида сўзга чиқиб, студентларимизнинг хат-саводи ниҳоятда пастлигидан ўкиниб гапирганим. Чунончи, қўлимга тушган бир диплом ишидан 490 та имловий ва услубий қусур кўзга чалингани, давлат имтиҳон ҳайъати эса ўша ишга… «беш» баҳо қўйганлигини таассуф билан қайд этдим. Беғараз. Нима бўлди? Ақл-идрок ва адолат содир бўлган нуқсонларни бартараф этишни, ҳар хил нопок, наҳс нарсалардан фориғ бўлишни тақозо этар эди. Аммо бундай бўлмади.
Биз ҳали етмишинчи йилларнинг бошларидаёқ дорилфунун таълими ва тадқиқоти фаолиятида янги — таржима ва таҳрир йўналишини дадил бошлаган эдик. Аммо ҳаёт билан олий мактаб ўртасида ўпқон, жарлик юзага келган экан. (Бу узилиш ҳозиргача давом этади…) Узоқ йиллар давомида олий таълим соҳасида томир отиб кетган бидъат, ақидапарастлик, маънавий ҳаёт тарзи ва ахлоқий фазилатларнинг жиддий тарзда бузилганлиги ҳар қандай соғлом фикр, янгиликни рад этар эди. Ўқув планлари аҳён-аҳёнда, «хўжа кўрсинга» янгиланарди, холос. Ҳаёт эса туб ўзгаришларни, бутун ўқиш-ўқитиш ишини қайта қуришни талаб қилар эди.
Тошкент дорилфунунини кўз очиб кўрган дастлабки кунлардаёқ ҳайрон бўлгандим: нега ўқув тархи (планлари)да ҳаёт бир ёқлама, хира акс этган?
Нима сабабдан журналистика ихтисоси учун нондай азиз нарсалар: ёзув-чизув маҳорати, услуб (соф «лингвистик стилистика» эмас), таржима санъати ва йўл-йўриқлари, луғатчилик ва қомусчилик ишларидан назарий ва амалий машғулотлар, мулоқотлар кўзда тутилмаган, таҳрирга жуда қимтиниб, оз вақт ажратилган? Нега ҳаммаёқни баъзан сохта, биздан йироқ тарих (тарихнинг ҳам ўнлаб «тур» ва «хил»лари) булутдай босиб ётибди?
Хорижий тилларга сахийлик қилиб 372 соат берилгани ҳолда, журналистика маҳоратига атиги — 88 соат, амалий услубиётга ниҳояти — 64 соат, адабий таҳрирга — бор-йўғи 36 соат ажратилган.
Бундан чиқадики, касб-кори калом (сўз) билан ишлашга даъват этилган студентнинг адабий таҳрирдан кўра, айтайлик, хорижий тилларни ўрганишига нақ ўн баравар кўп вақти сарфланади. Ўнга бир нисбат! Тағин бунинг устига, бўлажак «юқори малакали» журналист айнан шу хорижий тиллардан саводсиз ёки чаласавод бўлиб чиқади…
Шубҳасиз, тарих ҳам (ақидапараст бўлмаган тарих, албатта), бошқа ижтимоий фанлар, адабиёт ва хорижий тиллар ҳам журналистга жуда керак. Бироқ журналистика тарих билан филология ихтисосликлари орасида бу қадар сиқилиб, бўғилиб, хомталаш бўлиб кетмасин-да.
Одамларни манфаат ҳаракатга келтиради, дейдилар. Одатда, эзгу ниятли кишиларнинг бошини қовуштириш қийин. Қинғир мақсадларда юрганлар эса бир-бирлари билан тез топишадилар. (Кўр кўрни қоронғида топади, қабилида.) Бундайлар пастдан то юқоригача ўзаро ипсиз боғланган. Шу билан улар геркулесдай қудратли. Улардан ҳар хил ишларда, қабул имтиҳонларида, бошқа «нозик» ўринларда «фойдаланилади». Башарти, бундай арзандалардан биронтасига бехосдан қоқилиб кетсангиз, бутун занжир… жаранг-журунг қилмасдан… ҳаракатга келади. Олий таҳсил соҳаси учун номатлуб ҳар бир шахснинг ўз «эгаси» бор. Уларнинг ортида бир нечтадан ички ва ташқи нуфузли амалдорлар туради. Бу «содиқ фуқаро» билан «ҳазиллашиб» бўлмайди.
Тўртта ғаламис бирлашса — «коллектив» бўлади. Бундай гуруҳ бор жойда ҳар қандай олимнинг шўри қурийди. Бирон иллатни кўрсатиб, уни тузатишдан гапирсанг, тафтишбозлик, «огоҳлантириш», ҳайфсан, хизматларингни кўриб кўрмасликка олишлар… Дунёда нима кўп, камситиш, хўрлашнинг «тури» ва «хили» кўп. Хуллас, қонинг бузилади ва шу билан ҳаммаси тугайди. Бундай бўлмасин десанг, жим юр. «Жимитиш» фалсафаси! Ҳар бир фикрловчи одамнинг ёнида ва ортида икки-учтадан, таъбир жоиз бўлса, «ғайри фикрловчилар» юради…
Аввал менга журналистика факультетидаги одамлар, ишлар, муносабатлар аллақандай нотабиий бўлиб туюлди. Бу мўъжаз даргоҳ баайни «кичкина декча, ичи тўла михча» эди. Юқорида ғиж-ғиж нуқсони бўлган диплом ишига «аъло» баҳо қўйилганини айтувдим. Табиийки, мен ҳеч қандай рисолага сиғмайдиган бу иллатнинг сабабига қизиқдим. Нега шундай? Бу тасодифми ёки иш зайлими? Мен учун ҳодисанинг ўзи эмас, балки илдизи, уни келтириб чиқазаётган манбаларни топиш муҳим эди. Ана шу сабабиятни топгандай бўлдим.
Мана, қўлимизда журналистика ва филология факультетларининг талабалари учун қўлланма деб тақдим этилган «Ўзбек тили стилистикаси». Асар 1974, 1981, 1983 йилларда чоп этилган.
Санаб чиқдим: унда беш юзтадан ортиқ хатога йўл қўйилган. Шулардан икки юздан зиёди ғализ услубий нуқсон. Башарти, муаллиф дорилфунунда ўттиз-қирқ йил ишлаган услубчи олим бўлмасдан, фараз қилайлик, олий мактабга энди ўқишга киришга даъвогар (абитуриент) бўлганида, атиги уч саҳифадан иборат иншода тўққизта (аллақанчаси — услубий) хатони ўтказиб юборган бўлиб, расмий рисолага кўра «ёмон» баҳо олган, бинобарин, «йиқилган» бўларди.
Муаллиф Абдулла Қаҳҳорнинг «Қуюшқон» фелъетонидан иқтибос келтиради: «Гап шундаки, ҳозирги вақтда тилимизнинг бойлиги, унинг қочириқларини ўрганишга эринган, сўз санъатини ҳунар деб эмас, касб деб қарайдиган, бисотидаги бир ҳовуч сўзни йиллар давомида айлантириб кун кўрадиган бир туркум қалам аҳлининг «фаолияти», чаламулла баъзи олимларнинг «илмий хулоса»лари натижасида ажиб бир тил бунёдга келган… Бу тил ҳар қанақа жонли фикрга кафан кийгизади, ҳар қанақа ўйноқи мазмунни тахтага тортади».
Айни шу китоб А. Қаҳҳорнинг «чаламулла» олимлар, «мурдор» тил ҳақида қаҳрланиб айтган фикрини жуда ажиб бир тарзда исботлайди. Ёзувчи «тилбузарларга» қарши шафқатсиз уруш эълон қилаётганида, жумладан, худди шу «Стилистика»ни назарда тутаётгандай туюлади кишига.
Эшитинг: «Нутқдаги ҳар бир айни ҳолда фикр оттенкаси». Бу нима дегани? Ёки: «Довулларнинг данғиллаган садоси», «сўз… стилистик нуқтаи назардан бетараф», «гапларнинг фикрдошлиги», «стилистик ҳодисалар… умумий стилистик бўёқ билан бирлашган», «стиль билан мактабларда ва ўқув юртларида ўқитилади», «манфий маъно…»
Қандайдир нўноқ одамнинг русча манбалардан гула кўтарган хомаки таржимасига ўхшайди. Қани, яна нималар бор: «Ситуациал ҳолат», «давлатнинг… давлат тузилиши», «интилинади», «ҳозирги кунда кундалик воқеалар», «функционал стиллар эстетик таъсир кўрсатиш ҳолатига эга бўлмайди»…
Наҳотки, шу гапларни одам тушунадиган тилда ифодалаб бўлмаса? Ахир, кечирасиз-у, бу қандайдир «Махлуқшунослик» дарслиги эмас-ку.
Ўқишда давом этамиз: «Миллий эквивалентлар», «чет тилга мансублик бўёғи», «манфий бўёқ», «стилистик ва эмоционал-экспрессив бўёқлар», «сўзнинг эмоционал бўёғи», «фикрга бўёқ бериш», «функционал-стилистик бўёқ», «сўзлашув бўёғи»… Қўлланма бошдан-оёқ мана шунақа «бўёқлар» билан чаплаб ташланган. «Сўзбўямачилик» билан «кўзбўямачилик» қоришиб кетган. Бундай теша тегмаган, сунъий, олимона «икир-чикирлар»ни, ясама жумлаларни унча-бунча манбалардан қидириб тополмайсиз. Ҳатто атайин «тўқиб» ҳам бўлмайди.
«…Таркибида русча «солдат», «счет» сўзлари бўлган хонасаллот, хомчўт лексемалари ҳам оддий сўзлашув стилига мансублигига кўра фарқланади», — деб сабоқ беради «Ўзбек тили стилистикаси» (1983 йил, 17-бет). Антиқа «стилистик кашфиёт»! Наҳотки бизнинг қилни қирқ ёрган тилшунос олимларимиз, услубшунос афандилар билмасаларки, хонасаллот хона ва олмон (немис) тилидан русча орқали кирган солдат сўзларининг бирикувидан эмас, балки тожикча мазкур хона билан арабча сало (чақириқ, мурожаат, нидо) калимасининг қўшилишидан таркиб топганлигини? Тожик билан ўзбекнинг «хона»сида… олмон «солдат»и нима қилиб юрибди?..
Қўйингки, китоб қандайдир «бир қайнови ичида» қолган тил билан ёзилгандай. Таърифлар мантиқсиз, гаплар пойма-пой, даъволар зўрма-зўраки, исботсиз.
Мен мутлақо ноимконий бир нарса: ўлик тиллар ҳисобланмиш лотин ва санскритда ҳатто ҳозир ҳам — роман, фожиа, достон, шеър ёзишнинг ҳар қалай иложи бор, ҳисоблайман. Агар шунга зарурат бўлса. (Бир сунъий тилда ярим минг жилд китоб ёзилибди-ку.) Аммо бизнинг ўша чаламулла тилшунос олимларимиз «кашф» қилган тилда арзигулик бирон нарса яратиб бўлмайди. Исбот дейсизми? Ахир, биз улардан ўз олимлик рутбаларига муносиб тадқиқотларни мана ярим асрдан буён кутавериб толиқдик. Деярли ҳеч нарса чиқмади. Чиқмайди ҳам. Чунки тил бу фикрнинг изҳори демак. Илмий тадқиқот яратиш учун фикрловчи, мутафаккир бўлиш керак. Олимларимизнинг луғатида эса мингта сўз бор. Бир мингу биринчи сўзга ўрин йўқ. Қатрон. Фикр ҳам шунга яраша-да. Ҳар қанча устаси фаранг бўлманг, ҳалиги мингта сўзни ўн марта «чайнаганингиздан» сўнг, «милт» этган чўғфикр ҳам абадий ёнмас бўлиб сўнади, кулга айланади.
Тўғри, илм абстракциядан иборат, абстракциялаш маҳсули, лекин мавҳумот эмас. Ҳар қанча мураккаб ва зиддиятли бўлмасин, абстракция маҳсулини ҳазм қилиш мумкин, бироқ қалин туман чойшаб билан ўралган мавҳумотга ҳеч кимнинг тиши ўтмайди. Муаллифнинг ўзи-ку ўзи, ҳатто дунёнинг юзинчи сир-асроридан воқиф бўлган Сулаймоннинг ҳам!
Бизнинг аксари тилчиларимиз тавсифида муддао, ифодавий тарз қанчалик ғалат, тушунарсиз, мужмал бўлса — шунчалик яхши. Олимлик «қадрияти» шунчалик сарбаланд. Сенга шунчалик сирли шахс, ҳатто донишманд деб қарайдилар.
Ҳайратомуз бир гап. Буюк тилшунос олимлар Вилҳелм Ҳумболдт, Ҳерман Вамбери, Бодуен де Куртене, А. А. Потебня, Е. Д: Поливанов, Н. Я. Марр,
В. В. Виноградов, Л. В. Успенский, А. Пешковский, Л. В. Шчерба, А. А. Шахматов ва бошқаларнинг рус тилидаги асарларини ўқиб тушунасиз. Лекин бизнинг бир қанча тилшуносларимизнинг ўзбек тили ҳақида битган ўзбекча китобларини ўқиб… тушунмайсиз. Ёраб: руснинг русчасига тушунса бўлади, ўзбекнинг ўзбекчасига тушуниш амри маҳол.
Ватанпарварлик, халқчиллик туйғулари бизнинг зиёлиларимизга ҳам ёт тушунча эмас шекилли. Худди шунинг учун қам «хонанишин» тил олимларига қараб:
— Ҳай, диққинафас бўлиб ўтираверманг. Хонани шамоллатинг, ташқарига чиқинг, ахир. Халқингизга боринг, унинг аҳволидан, тирикчилигидан, тафаккуридан, маънавиётидан, ўзидан ва тилидан хабар олинг. Одамлар билан одамдай гаплашинг. Ёруғ жаҳонга ўз мўрингиздан туриб мўраламанг. Балки ташқаридан туриб ўз мўрингизга қараб кўринг. Қийшайиб қолган бўлмасин тағин. Қийшиқ мўридан эса, биласизки, қийшиқ тутун чиқади…— дегинг келади. Йўқ, бизда тил масаласи чатоқ. Тилшунос олимларимиздан қалин-қалин китоблар қолаяпти, лекин тил қолмаяпти.
Одатда, тилшуносликка бағишланган асарларда рус тилининг грамматикасидан «келиб чиқилиб»… ўзбек тилига «кириб келинади». Бир тилнинг табиати, қонун-қоидалари мажмуасини бошқа бир тилнинг сарфу-наҳви андазалари асосида ишлаб чиқишга уриниш яхши натижа бермайди. Чунки тилларнинг қурилиши, уларда сўзларнинг маъно сиғими, товланишлари, мажозийлиги, қўйингки, тилларнинг ёши ҳам, луғавий қатламлари ҳам ҳар хил.
Олимларимиз кўҳна луғавий «осор-атиқалар» саналмиш архаизмларга муносабатни рус тилшунослиги мезонларидан олишади. Чунки тайёр нарсани ўзлаштириб қўя қолиш ўнғай-да. Аммо улар ўйлашмайдики, ахир рус тили билан ўзбек тили грамматик қурилиши тарафидан тамом бошқа-бошқа тиллар-ку! Бинобарин, бу ерда ўзбек тилининг ўз тарихий ва замонавий тараққиёт омиллари ва ҳолатига қараб бус-бутун мустақил иш кўришга тўғри келади. Чунончи, архаизмларга нисбатан бир вақтлари содир бўлгани каби, меъёрсиз «қаттиққўллик» давом этаверганида, бизда «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён», «Навоий», «Сароб», «Мирзо Улуғбек», «Улуғбек хазинаси», «Меъмор», «Кўҳна дунё», «Юлдузли тунлар» сингари асарларнинг, «Декамерон», «Ҳамлет», «Илиада», «Евгений Онегин», «Дон Жуан», «Анна Каренина», «Уруш ва тинчлик», «Жалолиддин Румий», «Асрга татигулик кун», «Қиёмат» сингари сўз санъати обидалари таржималарининг дунёга келиши амри маҳол эди. Бу асарларсиз ўзбек адабиёти ва маданиятининг ҳолатини тасаввур қилиб кўринг!..
Ўзининг кичкина илмий рисоласи ёки тадқиқотларини одам тушунадиган бир тилда эплаб-сеплаб ёза олмаган бир «ўтроқ» тил олими қандай қилиб жонли ва адабий тил масалаларини ҳал қилсин? Тағин улар бошқа бировларга эмас, худди ёзувчиларнинг ўзларига «ундоқ қил», «бундоқ қилма» деб ҳар хил тавсиялар берадилар, ақл ва ҳатто… тил ўргатмоқчи бўлишади! Тилга «тил тегизиш» учун ўзимизнинг маънавий ҳаққимиз бўлиши керак-ку деб ўйламайдилар. Наинки тил ўргатиш, ҳар хил «изм»лар билан уларга таҳдид қиладилар, ёзувчилар тилни бузаяптилар деб уларнинг дастидан дод соладилар. Ҳолбуки, адабий тилни ким яратади ўзи — ёзувчими ёки узлатга чекинган олимми?
Ҳар кун, ҳар соат ҳар бир кишининг бошига сон-саноқсиз ахборот ёғилиб туради: радио, телекўрсатув, рўзнома (газета), журнал, китоб… Ишхонада, маҳаллада, клубларда турфа йиғин, мажлис ва суҳбатлар… Қулоқлар батанг. Биз қабул қилаётган мана шу ахборот тилда қандай ифодаланмоқда?
Матбуотимиз тили бузилиб кетяпти. Матбуот деганда эса жумҳуриятда мунтазам чиқиб турган юзлаб рўзномалар, ўнлаб номдаги журналлар кўзда тутилади!
Мана «Тошкент оқшоми» рўзномасида (1988 йил, 10 май) босилган «Тимсоҳ гўштидан бифштекс» деган хабар. Ўқиймиз: «Тимсоҳлар нисбатан мўмин ҳайвонлар ҳисобланади». Мўмин… тимсоҳ? («Ювош» деса бўлмайдими?) Ўқишда давом этамиз: «Тимсоҳлар узоқ умр кўришади, юз ёшгача яшашади». Тимсоҳлар «умр кўради»? «Яшашади», «кўришади»? Яна ўқиймиз: «…Тимсоҳнинг гўшти ҳам юксак қадрланишини кўпчилик билмаса керак». «Ла Бока» питомнигига ташриф буюрувчи туристлар…», «Рестораннинг фирмали тансиқ таомлари» ва ҳоказо.
Тимсоҳ гўштидан тайёрланган овқатга нисбатан иштаҳа қўзғовчи бу қадар ҳавойи гапларнинг нима кераги бор? Дунёда эшак, кучук, тошбақа гўштлари, ҳатто илон, чаён, қурбақа, чигиртка ейдиган халқлар бор. Ҳар кимнинг таъби-да. Ҳар бир нарса ўз ўрнида тансиқ. Бироқ «таъмли», «мазали хўрак» дейиш ўрнига «юксак қадрланган таом» (кўз олдингизга каклик ёки бедана гўштидан тайёрланган димлама келади!), қўриқхонага бориб турадиган одамларга нисбатан «ташриф буюрмоқ» (А?) сингари таърифу-тавсифлар жиғингизга тегади. «Юксак унвон», «юксак мартаба», «юксак маданият», «юксак ҳурмат» дейиш мумкин. Аммо тимсоҳ гўштининг «юксак қадрланиши» — интиҳойи ғализ. Қўйингки: «Аҳволинг қалай, ўзбек тилим? Тилинг, фикринг, алфозинг нечук, адабиётим, маданиятим, фаним, матбуот, нашриёт, радио, кино, ойнаи жаҳоним?» — дейдиган вақт келганга ўхшайди.
Таассуфки, оддий жаридахонлар орасида кўпчилик мана шу нарсаларнинг ғализлигини пайқамайди ҳам. Чунки бунақа алмойи-алжойи гапларни эшитавериб, кўравериб улар кўникиб кетган. Бундай нуқсонлар кундалик матбуотдагина эмас, балки дарслик, қарор, фармойиш, жиддий ҳужжатларда ҳам қайнаб ётибди. Бу сингари дид, фаҳм-фаросатни ерга урадиган «икир-чикирлар»га қанчалик кўникиб борсак, нутқимиз, идрокимиз ҳам шунчалик булғаниб, ўтмаслашиб кетаверади.
Тил соҳасидаги чаласаводлик мактабдан бошланади. Нутқ маданияти, икки тиллилик, таржима ва таҳрир илмини, аслида, мактабдан бошлаш керакка ўхшайди. Менимча, мактабда тил ўқитиш сиёсатини тубдан ўзгартириш лозим. Тан олайлик, грамматика одамларни гўё саводхон қилди. Бироқ ҳамма бир қолипда, ўйланган, ўлчанган, «олдиндан белгиланган» адабий тилда сўзлашни ўрганди. К. Маркс «амалий-воқеий онг» деб таърифлаган тилимиз фаолиятида таъқиқловчи ва таъқиб этувчи нарсалар ҳаддан ташқари кўп. «Изм»лар тиқилиб кетган, ҳаммаёқ шиорбозлик, чақириқ, даъват ва ҳоказо… «Асат — ғўзангни ясат», «пахта — ундоқ, пахта — бундоқ» деган гаплар. Эркин фикрлаш, ижод, изланиш, таъб-дид чекланиб қолди. Улуғ мақсадлар, олижаноб ўй-ниятларни қабариқ жумлалар, пуч, тумтароқ, ғовак, баландпарвоз сўзлар билан таърифлаш эса таҳқир билан тенг.
Бедилхонлар қадимда бу улуғ шоирнинг бир мисрасидан тўқсон тўққизта маъно топган эканлар (мисранинг юзинчи маъноси Бедилнинг дилида қолган!..), ҳозир қайси бир назм устасининг бир мисрасидан ўнта маъно топасиз? Қаёққа кетдийкин у шоири замон, фозил, «абулмаоний», шориҳлар? Ё адибларимизнинг сатрлари ғариблашиб, жўнлашиб қолган, ё мунаққидларимиз уларнинг маъноларини топишолмаяпти. Эҳтимол, сўз «улгуржи» бўлиб кетганда маъно қадрсизланар?
Шундай қилиб, мен икки масалага қадалиб гапирдим: бири инсоншунослик (гуманитария) студентининг савияси, иккинчиси шу соҳа олимининг савияси. Уларнинг асарларида учраган нуқсонлар нисбати — 490 га 587. Ҳар иккала тоифа кишиси ҳам: саводсиз васиқа эгаси ва васиқали саводсиз.
Журналистика факультетида ҳаёт бор, албатта. Сўзни қис ҳиладиган ёш ижодкорлар бу ерга интилади. Ўн йилдан буён Осиё, Африка ва Лотин Америкасидан келган ёшлар ҳам бу ўқув даргоҳида таҳсил кўрмоқдалар. Матбуот назарияси, радио ва телекўрсатув минбаргоҳларида анча мазмунли ишлар қилинмоқда. Хусусан, кейинги йилларда раҳбарият таҳсил ва тадқиқотчилик ишида, ёш домлаларни тайёрлаш, ишчанлик қобилиятига қараб улардан ўз ўрнида оқилона фойдаланишда ибратли ишларни ҳалоллик ва собитқадамлик билан амалга оширмоқда.
Умуман олганда эса, профессор-ўқитувчилар жамоасининг назарий тайёргарлиги, амалий ишчанлик малакаси ва қобилияти умумдорилфунун даражасидан паст. Буни фақат биз айтаётганимиз йўқ ва бу фақат бугун айтилаётган ҳам эмас.
Мана қўлимизда «Муштум» журналининг 1963 йил, 5-сони. Бунда О. Ҳусанов билан Р. Мирзақуловларнинг «Қаламлари яхшироқ қайралсин» деган фельетони босилган. Эътибор қилинг: «Қаламлари яхшироқ қайралсин»!..
Ўтмишда йўл қўйилган камчиликлар тузатилиши ва бу келажак учун сабоқ бўлиши керак эди. Орадан йигирма етти йил ўтибди. Бу орада қусурлар-хатога, хатолар-нуқсонга, нуқсонлар-иллатга айланди. Нима учун шундай бўлди? Сабаби, фельетонда қайд этилган (ва қайд этилмаган) бир талай иллатлар юзаки эмас, балки факультет ҳаётининг чуқур қатламларига лат етказган эди. (Буни кейинги икки йил ичида «Ёш куч» журнали, «Ёш ленинчи» рўзномасида босилиб чиққан бир қанча ўткир чиқишлар ҳам яққол кўрсатди.)
Ўтган давр ичида марҳум профессор Тўғон Эрназаровдан кейин бўлган икки декан атрофида уюшган чаласавод домлалар, «ранда ушламаган шогирдлар» сони муттасил ошиб борди. Шунга мос равишда гуруҳбозлик, васваса, турли йўллар билан «ётларни» орадан сиқиб чиқариш ва яна аллақандай жирканч нарсалар ҳам чуқурлашаверди.
Журналистика факультетида учта фан доктори, профессор, ўн бешдан зиёд фан номзоди, доцент хизмат қилади. Чоққина илмий жамоа учун ёмон эмас. Бу тарафдан анча фаровончилик. Лекин шу билан бирга, матбуотчилик илмий фикр тараққиёти суст.
Баъзан ўйлаб қоласан киши: илмий даража-ю унвонлар кишиларга нима учун берилади ўзи? Бир умрга илм-фан, олий ўқув даргоҳининг «имтиёзли» боқимандалари бўлиб ётиш учун эмас, ҳар ҳолда. Олимлар орасида номзодлик васиқаси-ю доцентлик гувоҳномасидан бўлак оғирлиги йўқ шахслар ҳам кам эмас. Диссертация уларнинг биринчи ва охирги «жиддий» илмий иши бўлиб қолган. Назаримда, юз-хотир қилиб ўтирмай, бундай «васиқали илмий тоифа» олдига кескин талабларни кўндаланг қилиб қўядиган вақт келди: қани бизнинг мактабимиз? Қани илмий иқлимимиз? Қатор-қатор китобларимиз, ихтироларимиз, дарсликларимиз, ворисларимиз, саф тортиб турган шогирдларимиз қани? Дидли, зўр муҳаррирлар, ноширлар, қилни қирқ ёрадиган мухбирлар, ўткир фельетончи, иқтидорли қомусчи мутахассисларимиз кўпми? Биз тарбиялаган ҳозирги замон «комил алиевлари», «аъзам айюблари», «собира холдоровалари», «зиё саидлари», «санжар сиддиқлари», «назир тўрақуловлари», «жулқунбойлари», «анқабойлари», «наим саидлари» қани? Борларида эса — бизнинг шахсий рағбатимиз, ғайрат-шижоатимиз, билимимиз, малакамиз ва ҳиссамиз қанча? Қайси бир истеъдод соҳибини қидириб топдик ва рўёбга чиқардик?
Ҳар бир факультетнинг қиёфасини ўзида акс эттирадиган, профессор-ўқитувчилар жамоасининг пешқадам олими бўлади. Назарий журналистикада
ҳам шундай йирик мутахассис борми? (Ўйга толаман).
— Мана, Очил Тоғаев бор. Фан доктори, профессор. Таниқли олим.
— Ким?
— Очил Тоға…
— Яна ким?
— Очил То…
— Бошқалар-чи?
— Бошқалар ҳам — бор. Қимирлаб туришибди. Аммо, истиқболли ёшлар кўп. Бойбўта, Файзулла, Бекир, Назира, Алишер, Юсуф… Булардан катта ишларни кутса бўлади.
Сайди Умиров фикрловчи, ёзувчи олим, дидли қаламкаш. Бойбўта Дўстқораевнинг ишлари бизда журналистика соҳасида бақувват олим етишиб келаётганлигини кўрсатади. Иқтидорли тадқиқотчининг асарларида 20—30-йиллар ўзбек матбуоти тарихининг, биздаги манбалар парокандалиги шароитида, замонавийлик, маҳорат ва ғоявийлик билан боғлиқ мураккаб, чигал масалалари пухта ёритиб берилди. Шунингдек, Анвар Каримов билан Қудрат Эрназаровлар ўз соҳасининг билағон мутахассислари, деса бўлади. Бекир Мамутов факультет иқлимини, унинг паст-баланд жойларини яхши билади, узоқни кўра олади…
Айни вақтда, худди шу даргоҳда давлат текширув комиссияси аъзолари томонидан берилган: «Чингиз Айтматов қандай роман ёзган?» — деган саволга жавоб беролмай ўсал бўлган доцент ҳам кўкрак кериб юрибди-да!
Бу ерда айрим домлалар дунёни даъво қиладилар. Дунё эса уларни танимайди.
Услубиёт минбаргоҳининг мудири Ирисали Тошалиев ишнинг кўзини билади. Яхши олим. Илмий рисолалари ҳам бисёр. Жамоатчи. Шуниси борки, у «соф» тилшунос. Матбуот, нашриёт ишларидан тамом йироқ. Ўзинг билмаган, юракдан ҳис этмаган нарсани бошқаларга қандай ўргатасан киши? Бу ердаги бошқа бир қанча домлалар ҳам босмахона бўёғининг «стилистикасини» ҳидлаб кўришмаган. Таҳрир неча ўн йиллар давомида икки оёғи билан оқсаб келмоқда.
Факультетда ўнга яқин ўсишдан тўхтаган, ҳар қандай илмий ҳаёт аломатларидан маҳрум кимсалар бор.
Мевали дарахтнинг бошига тош отадилар. Профессор Очил Тоғаев совет даври ўзбек бадиий публицистика назариясига асос солди. Янги илмий йўналиш очди, бир нечта қалин китоблар, ўқув қўлланмалари яратди, ўзининг юзлаб мақолаларида чуқур назарий масалаларни ёритди, адабиёт, ҳаёт, журналистика муаммоларини кўтарди. Яна муҳими, дўндириб дарс беради. Уни факультетнинг дарғаси деса бўлади.
Хўш?.. Бутун калтак бошқа ўнлаб даққиларнинг эмас, худди шу одамнинг бошида синди. Бир вақтлар тил бириктиришиб, уни ҳатто фирқа сафидан ўчириб юборишларига сал қолувди. Бу аҳволда қандай ишлаш эмас, қандай яшаш мумкин? Олим букилди, аммо синмади.
Фанда баҳс, мунозара, фикрлар кураши бўлиши керак, албатта. Бу жуда зарур. Бусиз турғунлик, чириш бошланади. Бироқ фикрлар кураши — бошқа, рақибинг устидан мағзава тўкиб юбориш, уни мутлақо «ҳазм қилолмаслик» — бошқа.
Тўғри, Очил Тоға ҳам жилла «авлиё» эмас. Одамлар билан ҳадеганда моши очилмайди. Баъзан қичиган-қичимаган жойларни қитиқлайди. «Об-ҳаво»нинг келишига қараб, ҳар хил гапиради. Ўз мухолифларидан ўч олиш пайида юргани-юрган. «Аччиқни аччиқ кесади», деган ақидага оғишмай амал қилади шекилли. Зукко адабий танқидчи бўла туриб, гоҳида шеърий нафосат билан қуруқ сиёсатни қориштириб юборади. Дуруст, адабиётда «ижтимоиюнчилик» деган эскидан келаётган маълум бир маслак бор. Бундайлар нозик, жўшқин шеърий туйғуни совуқ таҳлил қилишга мойил бўлади. Бадиий ижодга «росмана» мантиқ асосида ҳукм чиқаришга интилади. Аммо худди шу нуқтада шеърий нафосат хира тортишини, наинки хира тортиш, ўлишини тушунишмайди.
Албатта, ҳар қандай олимнинг ҳам айрим фикрларига қўшилиш ёки қўшилмаслик мумкин. Ҳеч кимни ўзлигидан воз кечишга мажбур қилиб бўлмайди. Илмда, адабиётда ва санъатда мактаб, йўналиш, тариқатлар кўп. Аммо улар бир-бирларини инкор этмасликлари керак. Муҳими, фикри ва «юлдузи тўғри келмаганлиги», ростгўй ва ҳалоллиги учун олимга тазйиқ ўтказиш қатъиян мумкин эмас.
Очил Тоғаев, қандай бўлмасин, фикрловчи одам. У мудом студентларни ўйлайди. Уларни ҳаётдаги иллатларга муросасиз бўлишга, ҳақиқатга содиқ кишиларнинг тақдир-қисматига лоқайд бўлмасликка даъват этади. Майли-да. Ёмонми? Айни шундай саъй-ҳаракатлари учун рақиблари уни яккалайдилар, маънавий эзадилар.
Аслида, бундай эзишлар, ҳақорат ва таҳқирлар икки тарафлама ва кўп тарафлама, давомли ва сурункали бўлади. Бунинг оқибати дейсизми?
Шундай бир манзарани кўз олдингизга келтиринг. Асаблар қақшаган, қон бузилган. Домла тўйиб кетган, аламидан паққос йиғлаб юборай деб турибди… Буёқда — дарс. Сабоқ кўнгилга сиғадими шу топда! Ўзининг «сабоғи» чиқиб турибди-ю… Қарабсизки, дарс — 80 минут вақт мазмунсиз, қуп-қуруқ ўтади. йўқ, фаразан, аудиторияда 26 студент бўлса, ўша 80 минутни уларнинг ҳаммасига зарб урамиз. 80Х26= 2080 минут, ёки 34 соатдан зиёд вақт қулоғини ушлаб кетди, деяверинг. Қарши тарафнинг ҳам дарси бор-ку. Демак, 34X2=68 соат дарснинг қут-баракаси ўчади. Давлат баҳосида бир неча юз сўм маблағ бирпасда елга учиб кетди, деган сўз. Бу атиги бир хунобгарчиликнинг оқибати. Ойлар, йиллар, ўн йилларнинг бадалида шу тарзда сувга уриб кетган дарс соатлари, маблағлар ҳажми ва миқдорини ким ҳисоблаб чиққан? Шундай бир ўлчағич асбоб ихтиро қилинганми дунёда? Аммо мақол бор: бир кунлик жанжал чиққан уйдан қирқ кунлик барака кўтарилади.
Сабоқ жудаям ўзига хос, такрорланмас руҳий жараён. Билим, тажриба, малакадан ташқари, кишининг айни ҳолатдаги кайфиятига боғлиқ. Ижод ва бадиҳа. Мен, «сайраб» дарс бераман, дегувчиларга ишонмайман. Бутун дарс давомида домла — студентларнигина эмас, студентлар ҳам — домлани кузатади, имтиҳон қилади. Марҳум профессор Айюб Ғулом: 90 минутлик машғулотдан сўнг, шунча вақт ичида бир ўзим, холи сайр қилиб, аста-секин совийман, деган эди.
Узоқ йиллар давомида домлалар орасидаги муросасиз ихтилофларни кузатиб, руҳий одамкушлик фақат ҳарбий истилоҳ эмас, хийла кенг ижтимоий маънога эга бўлган иллат эканлигини англадим.
…Мен телевизорда бир ҳужжатли фильмни кўрганим бор. Ҳайҳотдай заҳарли бўғма илон баҳайбат тимсоҳ билан жанг қилмоқда. Ҳаёт-мамот кураши. Гоҳ униси човут солади, гоҳ буниси ғажийди. Мана, ниҳоят, илон ўз кушандасини заҳарлади. Тимсоҳ кўзи тиниб, гандираклаб кетди. Лекин — ўлмади! Бир оз фурсат ўтгач, ўзини ўнглаб олди. Айтишларича, инсонга қараганда тимсоҳ илон заҳарига йигирма марта кўпроқ чидамли экан. Қўйингки, тимсоҳ ғолиб чиқди — илон ҳалок бўлди.
«Яшаш учун кураш»нинг бу ноинсоний турқи қанчалик мусибатли бўлмасин, менда олишган томонларга нисбатан аллақандай… «шукроналик» ҳисси пайдо бўлди. Яхшиямки, деб ўйладим ўзимча, тимсоҳлар билан илонлар очиқ жанг қилади. Йиртқичлар, одамлардан фарқ қилароқ, «туҳмат», «иғво», «фисқ-фужур», «ҳасад» нималигини билмайди. Уларда бундай «қурол-аслаҳа» йўқ.
Ўғирлик, бировни тунаш, жонига қасд қилиш ва ҳоказолар — жиноят. Лекин пинҳоний, «кунжаки» уруш-чи? Бу ёмон. Ёмонлиги шу яширинлигида. Дунёда энг қабиҳ уруш — эълон қилинмаган уруш. Бу росмана уруш бўлиб уруш ҳам эмас, уни тинчитиб ҳам бўлмайди. Сулҳ тузишнинг ҳам иложи йўқ. Ким билан сулҳ тузасан? Рақиб томон бўлмаса. Айни вақтда рақиб бор ва у даҳшатли рақиб.
Ҳайронсан киши. Олишувчи томонлар нимани истайди ўзи? Нимасини йўқотган ва нима топмоқчи? Ахир, йиллаб чўзилган мутлақо бемаъни рақобат — бу қилинмаган иш, рўёбга чиқмаган ўй-ният, ўқилмаган маъруза, ўтилмаган сабоқ, тайёрланмаган шогирд, чоп этилмаган китоб, заҳарланган ҳаёт…
Янги гап: энди машъум «юмалоқ-хат»ларнинг умри тугади, дейишяпти. Рост. Аммо, қиёфасиз қора хатлар тугаган бўлса, тугагандир, бироқ афсус ва надоматлар бўлсинки, қора хусумат, қора иғво, қора бидъатлар ҳали-вери тугайдиганга ўхшамайди. Буёқда зукко шоиримиз: «Қачон халқ бўласан, эй оломон!» — деб ётибди, уёқда эса баъзи бировлар: «Қачон ғарқ бўласан, эй оломон!» — дегани-деган. Бас, қандай қилиб дориломонлик бўлсин, э…
Ўзбекнинг ўзбекчилиги, олижаноблиги, салоҳияти, собирлиги ҳам, бошига битмас-туганмас балоқазоларнинг ёғилиб туриши ҳам — унинг андишанавозлигидан. Даъват — нимага? Фикрдаги эски хирқа-жандаларни ташлайлик! Ҳозирги вақтда йиллаб пайимизни қирқиб келган иллатларни очиқ айтиш эмас, балки уларни хаспўшлаш, сукут сақлаш — андишасизликдир.
Тошкент дорилфунунида 1969 йилдан ўз фаолиятимни бошлаб, журналистика, ўзбек ва рус филологияси, роман-герман ҳамда шарқ факультетларида таҳсил олиб борган бўлсам, муттасил тиллар, адабиётлар, таржима масалалари билан шуғулландим.
Иккинчи фаслга озиқ берган воқеалар асосан 1969—1975 йилларда кечган даврни акс эттиради. Бу даврда камина мудирлик қилган таржима назарияси минбаргоҳи журналистика факультети негизида ташкил этилган эди.
Дорилфунунда қисматимиз жуда оғир бўлди. Бизни «қуйида» ҳеч ким тушунмас ва тушунишни истамасди. Чунки бирон факультетнинг ўқув тарҳида «таржима» деган сўзнинг ўзи йўқ эди. Шу боис, ҳамма жойда том маънода бегона ва ўгай бўлиб қолдик. Бизнинг томонимизда бор-йўғи битта таянч қолганди, холос. Бу — ҳақиқат эди.
Аммо ҳақиқат ўз йўлига. Сенинг соҳанг, фанинг, ишинг ҳаётга, жамиятга қанчалик зарур бўлмасин, ўқув тарҳида йўқми — тамом, бу «қонунсиз» ҳисобланарди.
Атоқли олимлар Саъдихон Сирожиддинов, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Шавкат Алимов, Эркин Юсуповлар ректор бўлган даврда дорилфунунда хизмат қилдик. Уларнинг барчаси, бемустасно, энг қийин паллаларда ҳам шахсий хусуматлар, расмиятчиликни рад этиб, таржимани, бизнинг мудом «ғайри қонуний» деб ҳисоблаб келинган минбаргоҳни бамисоли ўз фарзандларидай қўйинларида сақлаб келдилар. Уларга ҳамд ва таҳсин.
Бугунга келиб, ниҳоят, юзимиз ёруғ бўлди: дорилфунун кенг миқёсда таржиманинг ҳаётий зарурат эканлигини расман тўла тан олди.
Ҳа, мен бу фаслда кечаги кун қийинчиликлари, зиддиятлари ва унинг кўпроқ соя томонларини гапирдим. Чунки эндиликда булар менинг (фақат — менингми?..) йўқотган ёшлигим, ҳасратим, дил армонларим бўлиб қолди.
Хўш, кечаги гаплар — бугунга керакми? Ҳа, фақат бугунимизга эмас, эртамиз ва индинимизга ҳам керак бўлади. Негаки, қайта қуриш бу мавсумий, ўткинчи тадбир эмас. Огоҳ бўлингиз: турғунлик ва инқироз даврининг оқавалари ҳали-вери тугамайди… Шундай экан, биз бўш жойларимизни бартараф этишимиз, олий таълимдаги кўҳна ва янги бидъатлардан қутулишимиз, ҳаёт ўзи тақозо этаётган билим ва тажрибаларни барқарорлаштиришимиз лозим.
Олдинда қиладиган ишларимиз ниҳоятда кўп.