Унинг номи бугунги ўқувчига унчалик яхши таниш эмас, 20-йиллардаги авлод уни яхши билган. Машъум 30-йилларда бу ном Беҳбудий ва Фитрат билан бир қаторда унутилган эди. Тўғрироғи, китобхонлар қалбидан кўплаб шу хил номлар қаторида ситиб чиқарилди. Замона зайли билан 60-йилларда яна тилга тушди. Ҳатто уч-тўртта шеъри матбуотда ҳам чиқди. Бироқ кўп ўтмай, тўхтаб қолди. Ва бу қайта қуриш шабадалари эсгунга қадар давом этди.
Тўлаган Хўжамёров — Тавалло 1882 йилда Тошкентнинг Кўкча даҳасида зиёли оиласида туғилди. Эски мактабда саводини чиқаргач, «Беклар беги» мадрасасида ўқиди. Эски Жўвада — ҳозирги Калинин майдонининг кунботарида жойлашган ва ур-йиқит йиллари тўс-тўполонда бузиб юборилган бу мадрасанинг ўз даврида эътибори баланд эди. Икки қаватли ҳужралари шимол ва жанубга қараб тизилиб кетган, олд томондаги тик зинапоялар текис, катта саҳндан тўппа-тўғри гавжум бозорга олиб тушувчи бу маскан ўтган 90-йилларда Тошкентдаги қизғин адабий даргоҳлардан эди. Унинг ҳужраларидан бирида Муқимий ва Фурқатнинг яқин дўсти, даврнинг машҳур шоирларидан Каримбек Шарифбек ўғли Камий (1865 —1922) фақирона ҳаёт кечирарди. Яна бирида Шайх Саъдийнинг «Гулистон»ини шу йиллари ўзбекчага ўгирган Муродхўжа домла истиқомат қиларди. Довруқли шоирлардан Юсуф Сарёмий (1840—1912) Тошкентга ҳар келганида бу ерга албатта тушар эди. «Калила ва Димна»нинг таржимони, ўзбек, форс, араб тилларида бирдай ижод қилувчи қўштутлик закий ва нозиктаъб Қори Фазлуллоҳ Алмаий кунда-шунда эди. Бу ерга қўшни «Кўкалдош» талабаларидан Мулла Қўшоқ Мискин (1880—1937), Саид Ҳайбатуллохўжа Хислат (1880— 1945), Сирожиддин Сидқий-Хондайлиқий (1884—1934) тез-тез чиқиб туришарди. Мушоира-мусоҳабаларни кўпинча мадрасанинг бош мударриси улуғ ёшли «ҳазрати домла» Шомаҳмуд (1903 йилда вафот этган) бошқарарди. Бедилхонликда эса муаммони Тошкентда тан олинган етти бедилхоннинг бири, «Бароқхон» мадрасаси мударриси Алоуддин Фунуний (1861 —1932) ажрим қилиб берарди.
«Беклар беги»даги бу муҳит ёш Тўлаганнинг қаламкаш сифатида шаклланишига катта таъсир кўрсатди. 1913 йилда Тавалло шоир Юсуф Сарёмийнинг «Девон»ини нашрга тайёрлар экан, шундай ёзади:
Эдим бу соҳиби девона шогирд,
Этардим хизматини аз дилу жон.
Отамнинг номи Хўжамёр эрди,
Манинг отим эди Мирзо Тўлагон.
«Тавалло» деб тахаллус лутф бирлан
Жаноби устозим манго қўйгон.
Уфадаги «Олия»да ўқиб келганлиги ва янгипараст бўлганлиги учун «Мўмин кофир» лақабини орттирган, «Беклар беги»да Тавалло билан деярли бир вақтда — 1898—1905 йилларда таҳсил кўрган Мўминжон Муҳаммаджонов (1883—1964) Юсуф Сарёмийнинг Тошкентга келганида доимо қаландархоналик шеър муҳиби Қосимхонтўранинг уйига қўнганини маълум қилади.
Бу уйда самарқандлик Саидаҳмад Васлий (1870 —1925), хўжандлик Тошхўжа Асирий (1864 —1916), тошкентлик Каримбек Камий, Мираҳмадхон Мирий (1833—1916), Мулла Қосим Омилий (1868—1944) ва ёш ҳаваскор шоирлардан Хислат билан Тавалло тез-тез шеър суҳбатига йиғилиб турар эдилар. Қосимхонтўранинг ўзи ҳам Музтариб (1858—1944) тахаллуси билан ғазал машқ қилар эди. Гоҳо Юсуф Сарёмий Сайрамдан миниб келган отини шу ҳовлида қолдириб, Самарқанд, Бухоро, Фарғона шаҳарларига — дўстлариникига йўл олар экан.
1905 йил воқеалари Туркистонга ҳам етиб келди. Маҳаллий матбуот изга тушди. Бешёғочлик Нозимахонимнинг «Қонли якшанба» воқеалари таъсирида ёзилган, эзилган халқ ҳуқуқини ҳимоя қилувчи шеъри босилиб чиқди.
10-йилларда Марказий Россияда юз берган очарчилик ўзбек қаламкашларининг асарларида акс-садо берди.
Каримбек Камий:
Оч қолдилар Уфау ғариб Оренбурғ,
На парча нон аларда ва на бор қатра дуғ.
Аҳли аёл бирла чўжуқлар еб сағуғ.
Тарки ҳаёт қилди десам, сўз дегил, дариғ.
Боён, вақт этсангиз, имдод вақтидур.
Вайрона дилни айлангиз, обод вақтидур.
— деб ёзди. Улкан Россия бағридаги эзилган миллатлар ва миллатлар ичидаги синфлар ўртасида қандайдир ҳамият, ҳамдардлик ва ҳамкорлик пайдо бўла бошлади.
1913 йилнинг охирларида Абдулла Авлонийнинг ташаббус ва ғайрати билан тошкентлик тараққийпарвар ёшларни ўз атрофига уюштирган «Турон» театр труппаси ташкил топди. 1914 йилнинг 27 февралида «Колизей» (ҳозирги Свердлов концерт зали)да труппанинг биринчи спектакли — Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» асари илк марта намойиш қилинди. Бу кунни маҳаллий газеталар «тарихий кун» деб ёзди.
Томоша олдидан Мунаввар Қори нутқ сўзлади. Халқ унинг сўзларини олқиш ва карсак билан кутиб олди. Залда «сартия» — ўзбеклардан ташқари «рус, арман, татар» миллатларидан ҳам бор эди. 1916 йилда Тошкентга келган шарқшунос А. Н. Самойлович «Колизей»га тушиб, маҳаллий спектаклларни кўрар экан, «Туркистонда янги адабиёт майдонга келди. Бу мен учун кутилган ҳол эди», деб ёзди. Ўзбек театрининг майдонга келиши чиндан ҳам Туркистондаги тараққийчиликнинг энг муҳим белгиларидан эди. Театр учун кураш тараққиёт учун курашнинг рамзига айланиб кетди.
Тавалло театрга бағишлаб тўртта шеър ёзди. Уларнинг иккитаси бевосита 1914 йил 27 февраль таассуротлари, қувончлари асосида майдонга келган эди.
Кўрунди кўзга букун миллат(н)инг ҳаёт асари.
Театр ўйнади ёшлар — тараққийнинг хабари.
Келинг, кўринг, югуринг, сиз эмди ёшу қари.
Верар натижалар, аммо йўқ бунинг тамом зарари.
Кўрингки, миллата эмди бу бир ҳаёт асари.
Театр ўйнади ёшлар — тараққийнинг хабари, — деган сатрлар билан бошланар эди уларнинг бири.
1914 йил 30 августда бир гуруҳ тошкентлик тараққийчи ёшлар «Нашриёт» ширкатини туздилар. Улар орасида Тавалло ҳам бор эди. Санаи таъсиси ўша йил 19 сентябрь деб белгиланган бу ширкатнинг нотариус Дм. Бгоров томонидан тасдиқланган нусхаси сақланган. Унда қуйидагиларни ўқиймиз:
«Минг тўққиз юз ўн тўртинчи йилда 30 августда Тошканд шаҳрида биз, тубанда қўл қўювчилар — Тошканд мусулмонлариндан: Охунжон Абдулраҳим ўғли, Абдулҳаким Саримсоқов, Мунаввар Қори Абдурашидхон ўғли, Мулло Абдулла Авлонов, Тожихўжа Азизхўжа ўғли, Муҳаммадхон Подшохўжа ўғли, Ҳусанхўжа Дадахўжа ўғли (ёзувчи Саид Аҳмаднинг отаси — Б. Қ.), Убайдуллахўжа Умархўжа ўғли, Тўлаган Хўжамёров, Саидабдулло Саидкарим ўғли Саидазимбоев (машҳур бойлардан — Б. Қ.), Илҳомжон Инъомжон ўғли ҳам Комилбек Норбековлар тубандаги моддалардан иборат ширкат аҳдномасига содиқ бўлмоқ учун иттифоқ ясадук».
«Аҳднома»нинг биринчи пункти қуйидагича эди:
— 1) Биз, юқорида ёзилган кишилар Туркистон мусулмонлари орасиға жарида, мажла ва китоб каби матбуот нашр қилиб, Оврупо маданиятиға халқимизни бошламоқ ва аҳолини оқартмак нияти ила «Нашриёт» ном бир ширкат ясадук. Мазкур ширкатга тамом шериклик ҳуқуқи ила биз, тубандаги кишилар бош муассислар бўлиб саналамиз…»
Жадидчилик деган гап узоқ йиллар миллатчиликдек қабул қилиниб келди. Пантуркизм, панисломизм ҳамиша унинг икки қаноти сифатида талқин этилди. Ҳолбуки, юқоридаги фактлар бунинг аксини кўрсатиб турибди. Улар ўз халқини «Оврупо маданиятиға бошлаган» эдилар, «ўзбеку тотор»нинг «рус», «арман» билан ёнма-ён ўтириб театр кўришидан мамнуният изҳор этдилар.
1914—1917 йиллар матбуотида Таваллонинг шеър ва мақолалари кўп учрайди. Умуман, бу йиллар шоир ижодида муҳим йиллар бўлди. 1914 йилда унинг «миллий шеърлар»ининг биринчи жузъи босилиб чиқди. Шоир уни «Равнақул ислом» деб атаган эди. Аслида унда ислом эмас, Туркистон мусулмонлари — тубжой халқ равнақи кўзда тутилган бўлса-да, бу ном узоқ муддат тадқиқотчиларни ҳуркитиб келди.
Китобнинг бошқа жузлари ҳақида маълумот йўқ. Уларнинг босилган-босилмагани, ҳатто тайёрланган-тайёрланмагани ҳақида бир нарса дейиш қийин. Мазкур биринчи жуз 64 саҳифа, 70 тача шеърни ўз ичига олган. Дастлабки шеърни ҳисобга олмаганда, тўпламда бирорта диний шеър йўқ. Ўша шеърнинг ўзи ҳам пировард-оқибатда замонавий масалалар билан боғланади.
«Равнақул ислом» мудроқ, гунгу лол, «икки елкасига тепсалар ҳам индамас» Туркистонни уйғотиш дарди билан ўртанган шоирнинг изтироб тўла кечинмалари билан йўғрилган.
Ватан мавзуи, хотин-қизлар озодлиги, маънавий-ахлоқий камолот XX аср боши ўзбек шеъриятининг энг долзарб масалаларидан бўлган эди. Тавалло бу мавзуларда ҳам бир қатор эсда қоларли шеърлар ёзди. Масалан, «Қариндош ва ҳамшираларимиз — мазлума қизлар тилиндан» шеърида қизлар оталарига хитобан уларни «ҳалокатдан», «маломатдан» қутқаришни — ўқитишни, эрк ва ҳурлик беришни илтижо қиладилар. Бугина эмас. Келажак оила, тенг ва саодатли, муҳаббатли ва садоқатли турмуш масаласини ҳам қўзғайдилар:
Ўқутгон сўнгра вергонда куёв тенгдошимиз ўлсун,
Иков ҳам илмлик, ёшликда — бирдек ёшимиз ўлсун.
Жаҳонда шод ўлуб, ҳамохират қардошимиз ўлсун.
Агар чолларга тушсак, заҳр ичгон ошимиз ўлсун.
Илоҳо, сақла бизни дунёда мундоқ фалокатдан.
Мана, «Равнақул ислом»да 1914 йилда босилган шеър!
Шоирнинг «Суюкли ватан ҳақинда» шеъри
Мовароуннаҳрдур тарихда бизларга ватан,
Арзиғай бизлар санга хизматда бўлсак жону тан. —
деган сатрлар билан бошланар эди. У ватанни васф этаркан, баданга қиёслайди, «бу ватандандур бадан» деб ёзади. Бинобарин, у ҳар бир инсоннинг тан-жонига уланган вужуди. Инсон деган тушунча бор экан, у — мавжуд. Инсоният яшар экан, у муқаддас.
1915 —16 йилларда «Туркистон вилоятининг газети», «Садойи Туркистон» саҳифаларида, журналлар, «Сабзазор» каби тўпламларда Таваллонинг жуда кўплаб шеърлари босилган. Жумладан, 1916 йилги қаҳатчилик муносабати билан ёзилган ва «ТВГ»нинг ўша йил 13 ноябрь сонида босилган «Дариғ» радифли ғазали илгарироқ Комил Яшин мақолаларидан бирида келтирилган ҳам эди. Унда қуйидаги сатрларни учратиш мумкин эди:
Камбағал бечоралар ҳолин сўрар кимса йўқ,
Тортадур қимматчиликда кунда заҳматлар, дариғ.
Бойлар олди ғалла арзон чоғда омбор тўлдуруб.
Камбағаллардан чиқар чанг, қилса ҳасратлар, дариғ,
Ўлди бу қимматчиликдан камбағаллар ҳоли танг,
Илтифот этмас ғанилар, йўқму тийнатлар, дариғ…
Ўйлангиз инсоф этиб, ёшу қарилар, эмди оз.
Ёзаман ҳаққонасин, йўқ манда туҳматлар, дариғ.
Кел, Тавалло, сен ҳақиқат сўзни ёз ёшурмайин,
Зое ўлмас миллата ҳар қанча хизматлар дариғ.
Октябрь инқилобидан кейин у 1918 йилдаёқ партия сафига кирди. Эски шаҳар фавқулодда комиссияси бошлиғи бўлиб ишлади. Сўнгроқ бутунлай адабий ишга ўтди. «Муштум» журналининг муассисларидан бўлди. Ўзбек совет ҳажвиётининг ажойиб намуналарини яратди. Кекса журналхонлар унинг «Мағзава» лақаби билан босилган кескин сатирик шеърларини ҳали-ҳануз эслайдилар. Ленин ва Октябрь ҳақидаги ғоявий, бадиий баркамол шеърлари сиёсий-бадиий лирикамиз ривожида, умуман ўзбек совет поэзиясининг майдонга келишида маълум роль ўйнаган эди.
Тавалло 1939 йилда вафот этди.
Бегали Қосимов, филология фанлари доктори, профессор
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 5-сон