Республикамизда экологик муҳитни яхшилашнинг асосий йўли Орол муаммосининг ечими билан чамбарчас боғлиқдир. Орол денгизининг қуриши ўзининг кўлами ва оқибатлари жиҳатидан шу даражада оғир ва мураккабки, унинг ечими хусусида бирон-бир аниқ фикрни топиш мушкул.
Бинобарин, ҳозирги кунда энг оғир дардга чалинган, аҳён-аҳёнда зўрға нафас олаётган “хаста” денгиз “муолажаси” хусусида шу қадар кўп ва хилма-хил фикрлар баён этилмоқдаки, уларни эшитган ҳар қандай энг иқтидорли мутахассис ҳам гангиб қолиши ҳеч гап эмас. Чунки кўплаб таклиф ва фикрларни ўқиб ёки эшитиб ҳайратга тушасиз.
Орол тўғрисида билдирилаётган таклифларнинг сон-саноғи йўқ. Аслида, бу борада баҳслар бўлиб тургани ҳам яхши, булар Оролнинг касалига тўғри ташхис қўйишда асқотади.
Ҳурматли Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 50-сессиясида ҳамда Дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакат раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган учрашув ҳамда ўтган йилги Душанба шаҳрида Орол муаммосининг ечимига бағишланган йиғилишида сўзлаган маърузасининг асосий қисми Орол денгизи сувининг қуриши оқибатида юз бераётган даҳшатли воқеалар, бу нафақат Ўзбекистон, ер юзидаги халқлар учун катта фожиа эканлигини қайта-қайта гапириб, бутун Дунё халқига мурожаат қилишлари, бу фожиани энг нуфузли давлатлар ва ташкилотлар биргалашиб ҳал қилиши зарурлигини таъкидлаган эдилар.
Хўш, Орол муаммоси жуда катта фожиа экан, бунинг олдини олиш учун қандай амалий ишлар қилинмоқда.
Оролни қутқаришга бағишланган юзлаб нуфузли кенгашлар бўлмоқда, юзлаб лойиҳалар ишлаб чиқилди, Оролни қутқаришга мўлжалланган бир нечта ташкилотлар тузилди, оқибатда миллион-миллионлаб маблағлар сарфланмоқда. Сон-саноқсиз мулоҳазалар, таклифлар бўлмоқда, аммо Оролнинг дарди кундан-кунга оғирлашиб, денгиз суви қуриган майдонларда қум саҳролар ҳажми соат сайин кўпаймоқда.
Ҳа, Орол фожиаси ҳақиқатан энг оғир муаммодир.
Ярим асрдан кўпроқ даврда республикамизнинг бутун суғориладиган ерларига ишлатиладиган кимёвий ўғитлар, гербицидлар, айниқса пахтага самолётларда сепилган заҳарли дефолиантларнинг ҳаммаси ерости сизот сувлари билан Амударё ва Сирдарё орқали Орол денгизига бориб чўкма сифатида ўрнашиб қолди. Ҳозирги кунда Орол сувининг қуриши натижасида бу чўкма қумлар кучли шамоллар таъсирида ҳавога кўтарилиб, атроф муҳитни заҳарламоқда, ерларга ёғилиб, тупроқларни шўрлатиб юбормоқда, сувларни яроқсиз ҳолга келтирмоқда. Инсонларга, айниқса ёш болаларга, она қорнидаги ҳали туғилиб улгурмаган болаларга нафас орқали бўлаётган таъсири туфайли ҳар хил кутилмаган оғир хасталикларни келтириб чиқараётганлиги ҳозирги кунда ҳеч кимга сир эмас.
Хўш, Оролнинг оғир таъсири, фожиаси шу билан чегараланиб қоладими ёки бошқа оқибатларга ҳам олиб келадими? Ҳа, худди шундай. Орол денгизининг қуриши натижасида янада даҳшатлироқ воқеалар содир бўлиши табиийдир.
Бу яна қандай офат бўлиши мумкин?
Бизнинг республикамиз ҳудудида жойлашган 25 млн.гектарга яқин бўлган Қизилқум воҳасининг асосий қисми қумликлардан иборат бўлиб, шундан 5 млн. гектардан ошиғи хавфли, 1 млн. гектари эса ўта хавфли кўчма қум барханларидан иборат. 1940 йилларгача ушбу воҳада кучли шамоллар, бўронлар тез-тез кўтарилиб турган ва 30-40 метр баландликда кўчма қумлар шамол йўналишига қараб доим ҳаракатда бўлган, ўша пайтлари аҳолининг бу воҳада аниқ бир жойда макон қилиб яшаши ёки деҳқончилик қилиши, қишлоқ ҳўжалик экинлари экиш имкони бўлмаган, чунки кутилмаган пайтда миллионлаб тонна қум барханлари остида қолиб кетмасликка ҳеч ким кафолат бера олмаган. Ҳатто Амударё, Сирдарёлар қум босиш оқибатида бир неча маротаба ўз ўзанини ўзгартирган. Варахша, Варданзе каби ёдгорликка бой шаҳарлар қум остида қолиб кетган. Бу воҳа республикамизнинг 70 фоизига яқин майдонини эгаллайди. 1924 йиллардан бошлаб Қизилқум воҳасидаги бу даҳшатли талафотларнинг олдини олиш мақсадида қум барханларининг ҳаракатини тўхтатувчи тадбирлар ишлаб чиқилиб, уни бажарувчи ўрмончи гуруҳлар ташкил қилинган, аста-секин бу гуруҳлар Қоракўл, Тўрткўл ва Шофиркон ўрмон ҳўжаликларига айлантирилиб, буларнинг асосий вазифаси кўчиб юрувчи қум барханларини тўхтатиб қолишдан иборат бўлган. У пайтда минглаб туя, от, эшакларда кўллар атрофларида ўсувчи юлғун ва қамишларни юзлаб километрларга ташиб бориб, қум барханлари атрофларига тўсиқлар қуриб, улар атрофига чўл ўсимликлари ҳисобланган саксовул, черкез, кандим кабиларнинг табиий ўсганларини топиб, уруғидан ва қаламчасидан экиб, жуда катта қийинчилик билан аста-секин чўл ўрмонзорлари пайдо қила бошлаганлар.
Ота-бобо ўрмончиларимизнинг бу машаққатли ва тинимсиз меҳнатлари 1960 йилларга келиб ўзининг ижобий самарасини бера бошлаган.
Кўчма қум барханлари аста-секин ям-яшил ўрмонзорлар орасида қолиб кета бошлаган ва қумлар ўз-ўзидан теп-текис ерга айланиб қолган.
Ҳозирги кунга келиб бир пайтлари ҳар қандай нарсани бир зумда домига тортиб кетган Қизилқум воҳасида 6 млн. гектардан ошиқ майдонда саксовул, черкез, кандимзор ўрмонлари барпо қилиниб, ям-яшил воҳага айланиб қолган.
Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари ҳамда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг бир қисми асосан қумли ҳудудлардан иборат бўлиб, республикамизнинг қишлоқ хўжалиги экинлари, ғалла, пахтачилик ва чорвачиликнинг ҳам асосий қисми шу ҳудудларда етиштирилиши ҳаммага маълум.
Демак, бу вилоятлар ҳудудларидаги бир пайтлар катта офат ҳисобланган қум барханларини ўрмончиларимиз саъй-ҳаракати билан барпо этилган; чўл ўрмонлари туфайли ҳозирги кунда бу катта офат — кўчма қумлар ҳаракати тўхтаган.
Аммо, минг афсуски, ҳозирги кунда Орол денгизининг қуриши Қизилқум воҳасидаги қум барханларини тинч-осойишта ушлаб турган ям-яшил ўрмонзорларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Агар ястаниб ётган 5-6 млн. гектардаги қум барханлари қайта ҳаракатга келса, буни ҳеч бир куч тўхтата олмаслиги ва республикамиз иқтисодиётига катта зарар етказилиши мумкин.
Бу даҳшатли офат қандай содир бўлиши мумкин ва унинг сабаблари нимада?
Орол денгизи суви қуриган майдонлардан ҳозирги кунларда юз миллионлаб заҳар-заққум чанг, тузлар кўтарилиб, атроф-муҳитни заҳарламоқда, ерларни шўрлатмоқда.
Бу, биринчи навбатда, Қизилқум воҳасига, ундаги ўсимлик дунёсига ўзининг катта таъсирини ўтказмоқда.
Аслини олганда ер юзида ўсимлик дунёсининг асосий қисми табиий ҳолда кўпаяди, қолган қисми инсонлар қўли билан яратилади.
Оролдан кўтарилаётган тузлар Қизилқум воҳасидаги ўсимликлар айни гуллаган пайтида улар устига ёғилмоқда, натижада гуллаган новдалар уруғламасдан қуриб-қовжирамоқда. Осмондан ёғилаётган зарарли тузлар таъсирида катта-катта майдонларда қум барханларини тўсиб турган чўл ўрмонлари йўқолиб бормоқда.
Агар аҳвол шу йўсинда давом этаверса, чўл ўрмонлари қуриб қолиши натижасида тинч ётган қум барханлари қайта уйғониши ва яна ҳаракатга келиши, пахтачиликка, қишлоқ ҳўжалиги экинзорларига, аҳоли яшайдиган ҳудудларга, катта-катта иншоотларга кутилмаганда талафотлар етказилиши мумкин.
Биз фақат Қизилқум воҳаси билан боғлиқ бўлган мисолни келтирдик, аммо бошқа ҳудудларда ҳам бўлаётган бу таъсирлар турли хил салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Орол фожиасининг олдини олиш мумкинми?
Бутун ер юзида ўсимлик дунёсини кўпайтирмасдан, борини асраб қолмасдан туриб ҳеч вақт экологик муаммо ҳал бўлмайди. Чунки ўсимлик, ўрмонзорлар, бу тоза кислород ва тоза сув демак, бу ҳаёт дегани, шундай экан, биринчи навбатда ўрмончиликка катта аҳамият берилмоғи ва бу соҳани қўллаб-қувватламоқ зарурдир.
Мамлакатимиз кам ўрмонли ҳудудлардан ҳисобланади, аммо тоғ ва чўл ўрмонларининг аҳамияти шу қадар каттаки, дангал қилиб айтганда бу ўлкамиз тақдирини ҳал қилувчи асосий манбалардан бири ҳисобланади.
Биз, ўрмончилар, Орол денгизи суви қуриган майдонларда 1990-2000 йиллар мобайнида олиб борган изланишлар натижасида шуни аниқ исботладикки, Орол денгизи фожиасининг олдини олишнинг фақат икки йўли бор.
Биринчи йўли — Оролни сувга тўлғазиш, лекин бунинг иложи йўқ.
Иккинчи йўл — аниқ синалган йўл, денгиз суви қуриган майдонларни тезлик билан яшил ўрмонзорларга айлантириш.
Ушбу иккинчи йўл аниқ, бизнингча энг ишончли ва Оролнинг асосан атроф-муҳитга кўрсатаётган таъсирини бутунлай тўхтата оладиган йўлдир.
Биз, ўрмончилар, буни ўн йил мобайнида тўлиқ ўз синовимиздан ўтказдик ва амалда исботладик, ҳозирги кунда бундан бошқа ҳеч қандай ечим йўқ.
1990-2003 йиллар ичида бир пайтлар суви қалқиб ётган Орол тубида ҳозирги кунга келиб 180 минг гектардан ошиқ ерда ям-яшил, бўйи 4-5 метр келадиган саксовулзорлар барпо қилинди. Мана шу ўрмонзорлар барпо қилинган ерга борган кишининг у ердан кетгиси келмайди. Тўлиқ экотизим тиклана бошланди, ўрмонлар ичида ҳар хил ўт-ўланлар кўпайди ва кўплаб ёввойи ҳайвонлар пайдо бўла бошлади, ўрмонзорлар майдони қанчалик кўпайса, ер ости сувларининг кўтарилиши тўхтайди, иккинчидан шўрланишнинг ҳам олди олинади. Энг асосийси, ҳавога кўтариладиган заҳарли чанг-тузлар бутунлай тўхтаб, пайдо бўлган қум барханлар теп-текис ерга айланиб қолади. Ўтмишда Қизилқум воҳасида ота-боболаримиз қилган ишларни биз ҳозирги кунда Орол тубида такрор амалга оширдикки, бу қилинган ишлар ўзининг катта ижобий таъсирини яна бир бор исботлади.
Орол тубида ҳар бир гектар ердан ҳавога кўтарилаётган заҳарли чанг-тузлар кўплаб кишиларни, ёш болаларни, ўсимлик ва ҳайвонот оламини заҳарлаётганини ҳисобга олсак, бугунги кунда ўрмончилар саъй-ҳаракати билан 180 минг гектар ерда барпо қилинган ўрмонзорлар туфайли бу ердан миллионлаб тонна заҳарли чанг тузларнинг ҳавога кўтарилиши батамом тўхтатилиши, бу биз сезмаган ҳолда минглаб, юз минглаб кишиларнинг, минглаб гектар унумдор ерларнинг заҳарланиб, шўрланиб кетишидан сақлаб қолинганлигини яққол исботланиб турибди.
Бу ишлар, албатта, ўз-ўзидан бўлмаяпти, чунки чўлда ўсадиган — саксовул, черкез, кандимлар сувсиз 50-60 даража иссиқликда ҳам ям-яшил бўлиб турадиган мўъжизавий ўсимликлардир. Асосан чўл ҳудудларида ўрмон барпо этиш учун миллионлаб кўчат етиштирилади, юз тонналаб чўл ўсимликлари уруғлари тайёрланади ва минг-минглаб куб метр қамиш ўрилиб, ҳар бир кўчатни шамол учириб кетмаслиги учун ёнига жайдари тўсиқ қилиб қўйилади. Бу ишлар асосан айни изғирин совуқ – ноябр, декабр, январ, феврал, март ойларида ертўлаларда яшаб туриб бажарилмоқда.
Қуриган Орол таъсирида инсонлар азият чекаяпти, оғир дардларга чалинаяпти. Бундай салбий таъсирларнинг олдини олиш учун мамлакатимизда жуда катта ишлар қилинмоқда, чет эл инвестициялари ва ўз маблағларимиз сарфланмоқда. Орол ҳудудида яшовчи халқлар саломатлиги учун вагонлаб дори-дармонлар етказиб берилмоқда. Янги-янги шифохона ва амбулаториялар қурилмоқда, ичимлик сувларини кўпайтириш, тозалаш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Аммо бир савол туғилади: салбий оқибатларни келтириб чиқараётган, инсонлар соғлиғига катта таъсир қилаётган, ерларга туз бўлиб ёғилаётган, инсонларда кутилмаган хасталикларни келтириб чиқараётган асосий манба—Орол денгизи суви қуриган майдонлардан кўтарилаётган заҳарли чанг-тузлар эмасми? Хўш, асосий заҳарни тарқатаётган манбани тўхтатмасдан туриб, у ердан кўтарилиб, устимизга ёғилаётган ажал заррачаларини бартараф этмасдан туриб, ҳар хил мулоҳазалар қилиш, вагонлаб дори-дармонлар ташиш, беқиёс маблағлар сарфлашдан қанчалик фойда келиши мумкинлигини ўйлаб кўриш вақти келмадимикан?
Биз, ўрмончиларнинг, таклифларимиз қуйидагилардан иборат:
Бизнингча, чангиб ётган майдонларни тезлик билан яшил ўрмонзорларга айлантиришда ўрмончиларга барча шароитларни яратиб, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш, техника, маблағ масаласини етарли миқдорда ҳал қилиб, бу ишга Давлат миқёсидаги асосий масала сифатида ёндашиш, у ерда барпо қилинаётган ўрмонзорлар ҳажмини бир неча баробарга кўпайтириш ва қумлоқларни яшил майдонга айлантиришни тезлатиш учун барча чораларни кўришдир.
Чунки Оролнинг суви қуриган майдонининг 1 млн. 300 минг гектарга яқини мамлакатимиз ҳудудига тўғри келади, шу майдоннинг ичида асосан 600 минг гектарга яқин майдонидан заҳарли чанг-тузлар ҳавога кўтарилиб, атроф-муҳитни заҳарлаётгани аниқ. Биз, ўрмончилар, ҳозирги кундаги бор имкониятларимизни ишга солиб, маблағимиз ва техникамизнинг кучи етганича, оғир шароитларда ҳар йили 18 минг гектардан янги ўрмонзорлар барпо қилмоқдамиз. Агар ҳар йили 18 минг гектардан ўрмон барпо қилинса, демак 600 минг гектарни 30-35 йилда тугатиш мумкин, шунча йил мобайнида Оролнинг қандай салбий таъсири бўлишини юқорида таъкидлаб ўтдик. Шу сабабли — биринчидан, ҳар йили суви қуриган Орол денгизи тубида ишлаш учун барча шароитларни яратиб, маблағ ва кучли техникалар муаммосини ҳал қилиб, йилига 50-60 минг ва ундан ҳам кўпроқ майдонда иш бажарилишини таъминлаш — ҳозирги куннинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири бўлиши лозим.
Орол денгизининг суви қуриган майдонидан кўтарилиб, ҳавони заҳарлаётган зарарли таъсирлари камайтирилса ёки бутунлай тўхтатилса, биринчи навбатда шу минтақада яшаётган халқлар учун кўрсатилаётган тиббий ва бошқа ёрдамлар натижаси ҳам ижобий томонга ўзгаради, унумдор ерларга, ўсимлик дунёси устига ёғилаётган заҳарли тузларга барҳам берилади, бу ўз республикамиз иқтисодиётига катта ижобий таъсири кўрсатади.
Иккинчидан, ҳозирги кунда Орол денгизи томонидан бўлаётган салбий оқибатларнинг олдини олиш учун қўшимча энг зарур тадбирий чоралардан бири — барча суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдонлари атрофларини камида ҳар 300-400 метр оралиқда 4-6 қатордан иҳота дарахтзорларини барпо этмоқлик ҳам муҳимдир. Чунки бу тадбир, агар аниқ режа, лойиҳа асосида кўнгилдагидай амалга оширилса, бунинг эвазига ҳосилдорлик кўтарилади.
Маълумки, баландлиги 1 метр келадиган иҳота дарахтлар ўзидан орқада экилган 10 метр ердаги экинни ҳар қандай табиий офат, иссиқ гармсел шамоллардан асрайди, агар иҳота дарахтларининг баландлиги 15-20 метр бўлса, улар 150-200 метр ва ундан ошиқ майдондаги қишлоқ хўжалиги экинлари, ғаллазор ва пахтазорларни ҳар хил офатлардан, ҳаттоки занг касалининг ҳавода бир даладан иккинчисига ўтиб, тарқалиб кетишининг олдини олади. Ерости зах сувларининг кўтарилиши камаяди, ернинг нами сақланади, ҳаво ҳароратининг ошишига, гармсел шамоллар кучайишига йўл қўйилмайди.
Ҳозирги кунда иқлимнинг йилдан-йилга салбий томонга ўзгариши ҳамда жуда кўп вилоятларда июл, август ойларида бўладиган кучли иссиқ гермсел шамоллар натижасида катта миқдорда пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги кескин камаймоқда. Шунинг учун ҳам иҳота дарахтларини кўпайтиришга бир кун бўлса ҳам олдинроқ киришилса, бу тадбир келажакда муҳим самарасини беради.
Бу тадбирни тез ва қисқа муддатда сифатли қилиб амалга ошириш учун нима қилиш керак? — деган савол туғилиши табиий.
Бунинг учун ҳозирги кунда суғориладиган ва лалми экинлар экиладиган ерлар асосан деҳқон фермерлар қўлига ўтмоқда, мана шу фермерлар авваламбор дала иҳота ўрмонларининг аҳамиятини тўлиқ тушуниб етишлари лозим, чунки иҳотазорлар, юқорида таъкидланганидек, ҳар қандай қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини 6-8 центер ва ундан ҳам кўпроққа оширади. Айрим кишилар иҳота ўрмонлари экинларга соя солади, 3-4 метр жойда ҳосил бўлмайди, деган фикрга боради, бу мутлақо нотўғри, аксинча, ҳосилдорлик ошади. Шунинг учун ҳар бир фермер ўз ери атрофини мутахассислар кўрсатмаси асосида иҳотазорлаштириши керак бўлади. Агар фермер келажагини, ўз иқтисодини тубдан яхшилашни ўйласа, бу тадбирни, албатта, амалга ошириши лозим.
Ўйлаймизки, ҳар бир тадбиркор фермер ўз фойдасини ўйлаган ҳолда бу ишга тезлик билан киришади, керак бўлса зарур кўчатларни сотиб олмасдан ўзида етиштириши ҳам мумкин.
Бу ишларни давлат ўзи қилиб беради, деган эски ўйларни миядан чиқариш вақти келди, чунки бу тадбир, агар давлат томонидан амалга оширилса, ўнлаб йиллар керак, фермерлар учун эса атиги 1 йил кифоя қилади, холос, ортиқча харажат ҳам талаб этилмайди.
Учинчидан: Қизилқум воҳасида 200 минг гектарга яқин майдонда Бухоро “яшил қалқони”ни барпо қилиш ҳамда Орол денгизи тубида ўрмонзорлар яратиш бўйича олиб борилаётган тадбирларни катта миқёсда амалга ошириш учун давлат инвестиция дастурига бу масалани ҳам киритиш зарур. Бу борада Республика Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинса, мақсадга мувофиқ иш бўлур эди.
Қачонки инсонлар тоза ҳаводан нафас олиб, тоза сув ичмас экан, уни ҳар қанча дори-дармон билан даволаш беҳудадир, буни ҳаммамиз ҳам яхши тушунамиз.
Хулоса қилиб айтганда, Орол фожиасининг бартараф қилиниши мамлакатимиз иқтисодиётининг янада юксалишига, халқимиз саломатлигининг тубдан яхшиланишига, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг сақлаб қолинишига, энг асосийси, келажак авлодимиз учун она табиатимизни бутунлигича асраб қолиб, хайрли ва савоб иш қилишимизга олиб келар эди.
Шермуҳаммад Юсупов, Республика Ўрмон хўжалиги
Бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2004 йил, 4-сон