Матёқуб Қўшжонов. Бадииятдан ўн икки сабоқ (китобдан боблар)

МАФКУРАВИЙ МУҲИТ ВА БАДИИЯТ ҚИСМАТИ

Тоталитар мафкура ҳукм сурган етмиш йил давомида марксистик дунёқарашнинг баъзи принциплари бадиий ижоднинг ўзига хос хусусиятларини, хусусан, мазмун билан шакл бирлигини ҳисобга олмасдан зўрма-зўраки тарзда қўлланилди. Жумладан, партиявийлик, синфийлик масалалари хусусида гап борганда, ижодкорнинг объектив ҳаёт қонуниятларини ўрганиб, ҳақиқатни, фақат ҳақиқатни акс эттириши зарурат ҳисобланавермас эди. “Партиявийлик”, “синфийлик» назариялари ижодкор ишини назоратга олиш, тафтиш қилиш учун ишлатиладиган қурол эди. Бу иш “мутасаддилари” ёзувчи ҳаётнинг қайси томонларига кўпроқ эътибор бериши керак ва қай йўсинда тасвирлаши керак, маъносида юқоридан туриб буйруқбозлик қилишарди. ВКП (б) Марказий комитетининг 1925 ва 1946 йиллардаги Адабиёт ва санъат ҳақидаги қарорлари худди шу мақсадда қабул қилинган эди. Шу асосда ўша йиллари қатор истеъдодли ижодкорлар қаттиқ танқид остига олинди, ҳатто ижоддан узоқлаштириб қўйилди. Улардан бир қисми қатағон қилинди. Назорат усуллари ҳам ғалати бўларди. Масалани кўпроқ бир ёки бир неча шахслар ҳал қилиб қўяқоларди. Назоратчиларнинг бадиий ижодга қай даражада дахли бор ё йўқлиги билан ҳеч кимнинг иши бўлмасди. Баъзан масалани ҳал қилувчи “арбоб” дидига тўғри келадиган шахслардан иборат дабдабали комиссиялар хўжакўрсинга тузиларди. Уларнинг тайёрлаган маълумотлари асосида қарорлар қабул қилиниб, қонун сифатида ижодкорлар муҳокамаларига қўйилар, катта-кичик мажлислар бу ишга бағишланиб, оммавий ахборотчилар бир хил андозадаги мақолаларни сонма-сон эълон қилаверишар эди. Масала моҳиятига тушуниб етишни ўйлаб кўрмаган “мутахассислар” бу хил тўқима қарорлардан чексиз кўчирмалар олиб, маълум бир ижодкорни дўппослашга киришар эди. Одатда, ўзига хос, истеъдодли ижодкорлар бу буйруқбозликнинг қурбони бўларди. Буйруқбозликнинг энг даҳшатли жойи ҳам шунда эди.

Бу ноҳалол ишнинг назарий қарашлари ҳам тайёр турар эди: “ўтмишни қўмсаш, идеаллаштириш”, “миллий масалани тушунмаслик”, “майда буржуазия идеологиясига берилиш”, “замонавий мавзуни назар-писанд қилмаслик”, “ҳаётни бир томонлама тасвирлаш”, “меҳнаткаш образига кам эътибор бериш”, ҳоказо ва ҳоказолар. Буларнинг ҳаммаси йиғилиб, ҳаёт воқелигига синфий қарамаслик, партиявийлик ақидасида мустаҳкам турмаслик, деб аталар эди.

Шу орада марксизм классиклари етарли даражада ўрганилмабди, бинобарин, уларга шак келтирилибди, деган навбатдаги хулосалар ҳам айтиларди. Шу тарзда бадиий шакл масалалари эътибордан қолдирилиб, ғоянинг ҳукмронлиги, унинг ҳал қилувчи кучи таъминланарди.

Шу йўсинда қарийб 50 йил давомида ўзбек адабиётининг илк классиклари, ўзига хос истеъдод эгалари Чўлпон ва Фитрат янги тузумнинг ашаддий душманлари, деб эълон қилинди. Шу талаблар асосида биринчи ўзбек романнависи Абдулла Қодирий “халқ душманига” чиқарилиб, унинг романлари китобхонлар қўлидан тортиб олинди. Қодирийчилар деб номланган “айбнома”лар жорий қилинди. Шу асосда қанчадан-қанча истеъдодларнинг қаноти қайрилди. Адабиётимиз тараққиётига хизмати сингган М.Шайхзода, Шуҳрат, С.Аҳмад. Шукрулло советга ёт унсурлар, деб эълон қилинди. Ойбекнинг “Навоий” романи “зарарли асар” қаторига чиқарилди.

Бадиий шакл масалаларини назар-писанд қилмаган, сунъий ғояларнинг ҳукмронлигига асосланган айбловлар яқин-яқин вақтларгача давом қилди. Йигирманчи йиллар охирида пайдо бўлган машъум “майда буржуазия мафкураси” айбномаси 30-йилларда ҳам жиддий равишда бош кўтарди. Шу асосда ЎзФА Тил ва адабиёт институтининг ишлари (1982) мафкура жиҳатдан зарарли, деб топилди; кейинги йилларнинг жозибали романларидан бири “Юлдузли тунлар” совет адабиёти учун ёт асар сифатида баҳоланди. Шуҳрат ва Шукрулло ҳаётдан орқада қолган ижодкорлар, деб эълон қилинди. Адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов қора рўйхатга тушди. Булар ҳаммаси партия номи билан, партиявийлик, синфийлик шиори, фақат мазмун, гўё мазмунни соф сақлаш мақсадида қилинди.

Масалага яна ҳам аниқроқ қарасак, қуйидаги манзара кўз олдимизда намоён бўлади: адабиёт ишига догматик қарашни одат қилганларнинг асосий ақидаси ёзувчи ҳаётнинг қайси томонини кўрди, нимага эътибор берди, деган масала бўлди. Улар назарида бу бош масала эди. Уларни асосий масала – ҳаёт тасвиридан келиб чиқадиган маъно қизиқтиравермас эди. “Ўтган кунлар”нинг асосий қаҳрамонлари ҳоким синф вакиллари эканликларини ҳазм қила олмасдилар. Ҳоким синф вакиллари ҳам жамият ҳаётидаги тенгсизлик, феодал урф-одатлар қурбони бўлиб, фожеий ҳолатга тушиб қолишлари мумкинлиги уларнинг хаёлига ҳам келмас эди. Синфий қарашни догмага айлантирганлар “Навоий” романида Алишер Навоийни улуғ гуманист сифатида эмас, балки “йирик феодал” сифатида кўришни истардилар. Фитратнинг “Чин севиш”, “Ҳинд истилочилари”даги инглиз истилочиларига қарши курашган ишчи комитетларининг фаолиятидан хулосалар чиқариб, ҳиндларнинг инглизларга қарши курашини ўзбекларнинг русларга қарши ишораси деб тушундилар. Мазмунга биринчи даражали аҳамият бериш, бадииятни назар-писанд қилмаслик бу хулосалар замирида турган омил эди.

Бунинг устига, бадиий жиҳатдан анча баркамол, халқ муҳаббатини қозонган қатор мумтоз асарларимизни партиявийлик, синфийлик жиҳатидан чиқитга чиқармоқчи бўлган “билағонлар” синфий курашни чекланган, маълум бир қолипга солган ҳолда тушундилар. Улар синфий курашнинг классик шаклини, унда ҳам бир хил кўринишини – йўқсилларнинг ҳоким синфга қарши очиқ курашинигина тушундилар. Улар назарида бу ҳаракатлар туфайли ҳоким синф вакиллари орасида туғиладиган турли зиддиятлар, бу зиддиятлар натижасида пайдо бўладиган, “Кеча ва кундуз”да тасвирланганидек, емирилишлар, ахлоқий бузилишлар, “Ўтган кунлар”дагидек, кескин фожиавий ечимлар, “Навоий” романидагидек, гуманизм билан қора кучлар ўртасидаги олишувлар, “Юлдузли тунлар”дагидек, ҳокимлик мавқеи ва тахт талашиш, халқ бошига ёғдирилган оғир кулфатларнинг гўё синфий курашга ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Тоталитар мунаққидлар бу ҳолатдаги воқеалар хусусида жиддийроқ ўйлаб ҳам кўрмасдилар. Ҳолбуки мазкур зиддиятлар, емирилишлар, фожиалар, қирғинлар синфий курашнинг халқчиллик, гуманизм одамийлик шаклида намоён бўлган кўринишлари эмасми?! Нега биз яқиндагини кўриб, узоқдагини назарга илмаслигимиз, ялтироқ ташқи кўринишга эътибор бериб, воқелик моҳиятини очиб берадиган чигалликларни кўрмаслигимиз керак? Борди-ю, бадиият сирлари, бу жиҳатдан қўлга киритилган ютуқлар етарли ўрганилса, уларга суяниб иш тутилса, тўғри хулосага келиш қийин бўлмас эди-ку! Афсус, шундай қилинмади. Бадиий ижодга догматик қарашнинг принциплари, бир хил ижодкорга нимани танлашни ва қандай тасвирлашни “кўрсатиб” бериш ҳам даврларга, жанрларга қараб ҳар хил йўсинда намоён бўлар эди. Маълум бир вақтлар “асарда партия раҳбари роли тўғри кўрсатилмаган”, “рус кишиси образи заиф”, “салбий қаҳрамонлар тўла очилган-у, ижобий қаҳрамонлар ёрқин эмас”, “совет кишиси табиат устидан ғалаба қозонавермайди”, “диний руҳдаги сўзларни ишлатади”, “оғир вазиятдан чиқиб кета олмайди”, “курашчи эмас” ва ҳоказо айбномалар тўқиб ташланаверарди. Шундай ҳоллар ҳам рўй бердики, “тангри”, “худо” “олло таоло” сингари сўзлар ҳатто қаҳрамонлар тилидан ҳам айтилиши мумкин эмасди. 80-йилларнинг биринчи ярмида ёзилган бадиий асар муаллифлари қаҳрамон тилидан ишлатиладиган бу сўзларни “кўк” (само маъносида), “осмон” сингари сўзларга алмаштиришга мажбур бўлдилар.

Догматик айбномалар фақат мажлислару матбуот саҳифаларида айтиб қўйила қолса ҳам майли эди. Энг даҳшатлиси, улардан сиёсий хулосалар чиқарилиб, муаллифларга ҳар хил йўсиндаги тазйиқлар ўтказиларди.

Бундай пайтларда асар қаҳрамони қандай вазиятда яшайди, ҳаракат қилади, ёзувчи нияти қандай, унинг услуби нима билан характерли, материал мантиқи нимани тақозо этади – бу билан кўрсатма берувчиларнинг ишлари бўлмасди.

Яна бир масалага эътибор қилинг: бугун биз табиат мувозанатининг бузилиши хусусида ташвишга тушиб қолдик. Кейинги 50-60 йил давомида адабиётимиз бошқа соҳалар қатори “ўжар табиат”ни тўла равишда инсон измига бўйсундириш йўналишида ривожланди? Адабиёт ишларида ҳам Мичуриннинг “Биз табиатдан марҳамат кутмаймиз!” деган сўзлари ҳадеб такрорланаверарди.

Адабиёт табиат устидан зўравонлик қиладиган қаҳрамонга мадҳиялар ўқиди, уни улуғлади. “Ўжар табиат”ни инсонга бўйсундирувчи қаҳрамонлар галереяси пайдо бўлди. Улар бу ишда ҳеч қандай тўсиқ бўлишмасди. Энди маълум бўлаяптики, улар табиатни пайҳон қилувчилар, унинг умр илдизига болта урувчилар экан.

Ҳаётда учраб турадиган сон-саноқсиз фожеий ҳолатлар, комик ва сатирик воқеалар бадиий ижод майдонидан четлатилди. Матбуот саҳифалари-ю, катта-кичик анжуманларда, ҳатто партия қурултойларида барча камчиликларни сатира ўти билан куйдириш керак, деган шиорлар ўртага ташланарди. Бироқ амалда бу шиорларга зид ишлар қилинарди. Бу ўринда сўз билан амалиёт орасида осмон билан ерча фарқ бўларди. Тарғибот ва ташвиқот шу даражада қудратли эдики, бу фарқни ўз вақтида англаб қолгудек бўлсак, осонгина халқ душмани сафига қўшиб қўйилардик.

Бу ҳолатдаги шиорларнинг кучини қайтарадиган омиллар ҳам мавжуд эди. Сатирик асар яратмоқчи бўлган муаллифлар олдига ҳаётнинг салбий томонларини акс эттириш учун биринчи галда унинг ижобий томонларини кўрсатиш керак, деган қатъий талаб қўйилар эди. Шундай қилиб, адабиётда текис, силлиқ, фақат “яратувчилик” билан банд қаҳрамонлар ҳукмронлиги пайдо бўлди, адабий жараёнда асосий омил шулар бўлиб қолди. Кимдир фожеий ёки ҳажвий ҳолатлар тасвирига мурожаат қилиб қолса, “Бизнинг илғор жамиятимизда, фаровон ҳаётимизда бу хилдаги воқеалар бўлиши мумкин эмас, бу социалистик тузумга туҳмат”, деган овозлар янграйдиган бўлди. Ҳатто “бизга Гоголлар керак, Шчедринлар керак” деб катта ва обрўли минбарлардан бонг урилар эди-ю, Гоголь ва шчедринчасига ҳақиқатни айтишга интилган ижодкорлар катта зарбага учрар ва бундай ижодкорларни соцреализм ижодкори сафидан чиқариб қўйишгача бориб етар эди. 1962 йилда яратилган Абдулла Қаҳҳорнинг “Тобутдан товуш” комедиясининг қисмати фикримизнинг тўла далилидир. Комедия ҳақиқатан ҳам гоголчасига, ҳам шчедринчасига яратилган эди. Асар муваффақият билан саҳналаштирилди ҳам. Бироқ кўп ўтмасдан, уч нафар забардаст мафкурачилар имзоси билан асарни тамомила йўққа чиқарадиган мақола эълон қилинди. Асар дарҳол саҳнадан олиб ташланди.

Баъзи ўринларда гап шунга бориб етар эдики, адабий асарларда яратилган типларнинг салбий хислатлари бироз бўрттирилиб, ижобий белгилари камроқ таъкидланиб қоладиган бўлса ҳам ҳаёт бузиб кўрсатилган, социалистик тузум камситилаётган ҳисобланарди. Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романи узоқ йиллар зарарли асарлар қаторига қўшиб қўйилди. Адабиётда совет кишиси бир хилда – ўта ишчан, ўта илғор, ўта етук бўлиши керак. Шундай бўлмаса, бу капитализмга ён босган, индивидуализмга йўл очиб берган, социалистик ҳаётга хос бўёқларни топа олмаган ҳисобланарди. Қизиғи шуки, ҳеч ким ҳажвий асар яратиш керак эмас, дея олмас эди. Бироқ ҳажвий типлар социалистик тузум талаблари доирасидан чиқмаслиги керак, энг муҳими, адашган нобоп ҳолга тушиб қолган кимса “қайта тарбияланиши” талаб қилинарди. Қайта тарбиялаш вазифасини ижобий қаҳрамон бажариши муқаррар ҳисобланарди. Бунинг учун ижобий қаҳрамон ҳеч қандай камчиликка йўл қўймайдиган, кам-кўсти йўқ шахс бўлиши зарур эди. Шундай қилиб, ҳажвиёт баркамолликка эриша олмас, яратиладиган ҳажвий типлар чала туғилган болаларни эслатарди. Ижобий қаҳрамонлар масаласи ҳам тўғри талқин қилинавермасди. Асосан: у бекаму кўст, ўта мукаммал, коммунистик идеал ақидаларига тўла мос одам бўлиши керак эди. Ҳатто ижобий қаҳрамон қиёфасида маълум камчиликларни кўрсатишга интилишлар сезилиб қолгудек бўлса, “зарбдор адабиётчилар “огоҳ бўлинг”, “адабиётимизда дегероизация оқими” бошланди, деб бонг урадиган бўлишди. Шундай қилиб, адабиётнинг ҳажвиёт жанри бошқа жанрларга нисбатан кўпроқ зарар кўрди. Жанр сифатида тараққиётдан маҳрум бўлди.

Лекин шу билан бирга ҳаёт шуни кўрсатдики, адабиёт йўлини тўсиб қўйишдан кўра азим дарёга тўғон босиш осонроқ. Бир томони тўсилса, адабиёт иккинчи томондан ўзига йўл очди. Баъзан қабиҳ низомлар даврасидан йўл топиб, баъзан четга чиқиб бўлса ҳам, ҳақиқатни айтадиган асарлар яратилар, давр ҳаётини тўғри акс эттирадиган типлар пайдо бўлиб қолар эди. Баъзи асарларда шахсга сиғиниш даврларини характерлайдиган, рағбату эътибордан боши айланган ўзбошимча раҳбарлар типи чизилса (“Синчалак” қиссасида Қаландаров образи), баъзи асарларда бошқа хўжаликлар ҳисобига мавқеини яна ҳам юқориларга кўтаришга ҳаракат қиладиган раҳбарлар образи яратилди (“Диёнат” романида Отақўзи). Баъзи асарларда эса ўзини илм даҳоси ҳисоблаб, бошқалар йўлини тўсиб қўяётган қолоқ ва амалпараст олимлар образи яратилди (“Гирдоб” романи). Бир хил асарларда камчиликлардан кўз юма олмаган журналист образи яратилса (“Нур борки, соя бор”, “Икки эшик ораси” романлари), бошқа бирида дунёда ўзини яхшиликдан узоқда тутган олчоқ, фирибгар, аммо фахрталаб худбинлар (“Жаннатга йўл”), ҳаромдан ҳазар қилмайдиган порахўрлар (“Сўнгги нусхалар”) фош қилинди. Қанчадан-қанча қийинчиликлар билан Абдулла Ориповнинг “Жаннатга йўл” ҳажвий достони ёруғ дунёни кўрди. Эркин Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” достони ўтмиш орқали замонавий фожеаларга нур сочди.

Бугун айтиш керакки, мазкур асарларнинг муаллифлари ўша кезлари бу асарларни юрак ҳовучлаб, минг андишаю андуҳлар билан ёзиб, китобхонга етказган эдилар. Бу ҳолни биз ижодкорларга хос жасорат, деб баҳолашимиз керак. Тўқсонинчи йилларнинг бошларида даврнинг қанчадан-қанча машаққатларини бошидан ўтказган адибларимиз ижодини яна бир бор йўққа чиқарадиган овозлар эшитилди. Абдулла Қаҳҳорни “Сароб”да кўчирмачи, “Синчалак”да қизил котиба образини яратганликда айблашди. Ойбекни “Қутлуғ қон”да ҳаётни бузиб кўрсатган дейишди. Бу ижодкорлар меросида ўзига яраша давр тамғаси борлигини тан олган ҳолда, уларнинг адабиёт олдидаги хизматларини қадрлаш бурчимиздир.

Дебочада биз узоқ йиллар давомида адабиёт тараққиётига тўсиқ бўлган тоталитар мафкура оқибатлари хусусида кўпроқ фикр юритдик. Бироқ ХХ аср ўзбек адабиёти бой ва кўп қиррали адабиёт эканлиги шубҳасиздир. Бу даврда адабиётнинг барча жанрлари ўсди, улғайди, тараққий этди. Бироқ кўп машаққатлар, йўқотишлар эвазига бўлди бу тараққиёт. Шунинг ўзи ҳам сабоқ.

Табиий, бадиият сабоқлари ҳақидаги гапни бир миллий адабиёт доирасидаги асарлар асосида чеклаб қўйиш мумкин эмас. Шу сабабдан биз жаҳон адабиётининг етук ижодкорлари тажрибасига ҳам мурожаат қилдикки, бу ҳол фикрларимизни тўлароқ далиллашга имкон берди.

АДАБИЁТДА ШАКЛ ВА МАЗМУН

Бадиий ижод оламида мазмуннинг бирламчилиги аксиома сифатида қайд этилади. Бу мазмуннинг шаклсиз эмаслигидир. Ҳар бир предмет, ҳар бир ҳодиса маълум бир кўринишда намоён бўлганидек, адабиёт ва санъатдаги ҳар бир ижод намунаси ҳам муайян шаклда гавдаланади.

Мазмун билан шаклга тегишли масалани тадқиқ этар эканмиз, бу билан биз бир-биридан ажратиш мумкин бўлмаган бирлик қонуниятига хилоф иш тутаётгандек кўринишимиз мумкин. Аслида эса ундай эмас. Мазмун ва шакл масалаларини бир-биридан ажратган ҳолда фикр юритганимизда масала моҳиятини чуқурроқ очиб бериш учун шартлилик қонуниятига асосланиб иш тутишга тўғри келади.

Бадиий ижодда мазмун ҳақида сўз кетганда, бу масаланинг ўзаро мустаҳкам боғлиқ икки томони борлигини назарда тутишимиз керак. Булар масаланинг субъектив ҳамда объектив томонларидир.

МАЗМУН ВА ШАКЛНИНГ СУБЪЕКТИВ ОМИЛИ

Бадиий ижод мураккаб иш. Ёзувчи воқеа ва ҳодисаларни шунчаки қайд қилиб қўя қолмайди. У авваламбор ижодкор, энг муҳими истеъдод эгаси. У ҳаётда нималарнидир кўрган, кузатган, нималарнидир ўз бошидан ўтказган шахс – субъект. Қайсидир воқеа ва ҳодисаларни у оилада, тенгдошлари орасида, жамоат қуршовида кўрган ва кузатган. Бу оддий кузатиш эмас. Воқеа-ҳодисаларга нисбатан муайян муносабат пайдо бўлади унда. Воқеаларнинг қайси бир жиҳатлари унга ёқади ва хайрихоҳлик ҳисси уйғонади. Нималардир ёқмайди унга, натижада нохуш туйғулар уйғонади. Қисқаси нималардандир у завқланади ёки нафратланади. Вақтлар ўтиб, ўзига ёққан ёки ёқмаган воқеа ва ҳодисаларни у тарихий тажриба билан ўлчаб кўради, илмий жиҳатдан, ўзининг қай даражада ҳақ ёки ноҳақлигини англаб олади. Шу асосда санъаткор ёзувчи кўнглида китобхонга, халққа қандайдир шаклларда айтиш зарур фикрлар пайдо бўлади. Бу мушоҳада ва ўйлар шу даражада йиғиладики, уни бошқаларга изҳор қилмасликнинг иложи бўлмайди. Буни “ижод дарди” деган сўз билан ифодалаш тўғрироқ бўлса керак.

Кўнгилда дард боғлаш – ҳаётда кўрган-билганлари тўғрисида безовта бўлиш, ёхуд ҳайратланиш, уни бошқаларга етказиш истаги ҳар кимда ҳам туғилаверадиган ҳодиса эмас. Алишер Навоий сўзлари билан айтганда, халқ ғамини ейиш, унинг дардини ҳис қила билиш, бу ҳисни бошқаларга юқтира олиш ноёб шахсларгагина насиб қилади. Бу хислатга эга бўлган шахсларни истеъдод эгаси деб атайдилар. Демак, кўрган-кечирган, кузатган ҳаёт ҳодисалари хусусида ўз нуқтаи назарига эга бўлиш бу истеъдоднинг биринчи белгисидир.

Улуғ Алишер Навоий “Хамса”ни яратиш учун қўлига қалам олар экан, шунчаки анъана талабига мувофиқ беш достондан иборат катта ҳажмдаги яхлит асар яратиб, “бошқалар қўлидан келган иш менинг ҳам қўлимдан келади” қабилида қандайдир шахсий эҳтиёжини қондириш мақсадида иш кўрган эмас. Унда “Хамса” ҳажмига мувофиқ лирик шеърлар рамкасига сиғабермайдиган дард-ўйлар, китобхонга етказиш зарурати туғилган катта-кичик орзу ва истаклар бўлган. У шу дардни юзага чиқариш, ҳаётий муаммолар ҳақидаги мулоҳазаларини яхлит ва кенг кўламда халққа етказиш эҳтиёжи асосида иш тутган. Демак, “Хамса” яратиш унинг учун анъана мажбуриятидан кўра халқ олдидаги бурч талаби эди. Шу йўсиндаги ҳис ва мушоҳада шоирни безовта қилмаганда эди, умрининг қадрли давридан бир неча йилларини ажратиб кўз нурини тўкмас, парвона сингари ўзини ижод оловига урмасди.

Амир Темур ўлимидан кейин у яратган улуғ салтанат парчаланди. Дунёга донғи кетган давлат емирилиб, давлатчалар пайдо бўлди. Катта-кичик шаҳзодалар ҳар бири ўзини улуғ бобонинг меросхўри ҳисоблаб, бошқа шаҳзодалар ҳукмронлик қилаётган элларга аёвсиз юришлар қила бошладилар. Жангу жадал қизиди. Бу жангу жадалларнинг оғир юки халқ зиммасига тушди. Инсонпарварлик, одамийлик, раҳм-шафқат давлатни идора қилиш, эл ва элатларнинг тинч-тотув яшашига ундаш Навоий яшаган даврнинг долзарб масаласига айланди. Ва шоирнинг кўнглида дард бўлиб шаклланди. “Хамса” замоннинг мана шу ҳаётий муаммоларини акс эттириб, шоир кўнглидаги дардни юзага чиқаришга шу муносабат билан даврнинг шоҳу шаҳзодаларига таъсир ўтказиш, оддий халқни огоҳ қилиш йўсинида майдонга келди.

Абдулла Қодирий биринчи ўзбек романини яратишга уринар экан, шунчаки ҳавас юзасидан бир ўтириб роман битиб ташлайман, йўсинида иш тутган эмас. Унда йиллар давомида йиғилиб, қуюқлашган, ўз миллатига айтиши зарур бўлган, тинимсиз безовта қилиб юрган дард бор эди. Бу – ўтмишда миллионларнинг эркига тўғаноқ бўлиб қанчадан-қанча фожеаларга сабабчи бўлган қолоқлик, жаҳолат, эрк-ихтиёрсизлик, зарарли урф-одатлар, нотавонликлар. Булар ҳақидаги қарашларни баралла айтмасликка Абдулла Қодирийнинг иложи йўқ эди. Бу дардни юзага чиқариш ёзувчи назарида, фақат мудҳиш қолоқлик иллатларини фош қилиш учун эмас, балки ҳур ҳаётга интилаётган замондошларига йўл-йўриқ кўрсатиш учун ҳам зарур эди. Тўғри, Абдулла Қодирий бу дардни ўзининг дастлабки ҳикояларида, драмаларида, публицистик асарларида ҳам баён қилган эди. Бироқ сочма тарзда яратилган бу кичик асарлар унинг дилида илдиз отган катта дардни тўла юзага чиқаришга ожиз эди. Бунинг учун каттароқ майдон, ҳаёт чигалликларини тўлароқ очиб берадиган ҳажм зарур эди.

Шу йўсинда йирик асарда акс этган кўламни бера оладиган янги жанр – роман майдонга келди. Тўғри, Абдулла Қодирий изҳор қилмоқчи бўлган ғоялар ундан олдинги ижодкорлар – Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Зиё Саид сингари шоир ва адибларнинг ижодларида ҳам мавжуд эди. Бироқ Абдулла Қодирийнинг хизмати шу бўлдики, у бу муаммоларни тўла, аниқ ва яхлит акс эттиришга қодир жанр – романни кашф қилди.

Бу ўринда масаланинг бир томонини изоҳлаш зарур. “Ўтган кунлар” мазмуни жиҳатидан дунё адабиётларида яратилган романчиликка мос тушса ҳам шакл жиҳатдан улардан фарқ қилади. Бу фарқ шарқий халқларнинг оғзаки ақидаларидан кенгроқ фойдаланишдан иборатдир. Қисқаси, жаҳон адабиётида йирик жанр бўлмиш роман олдинги жабҳага чиққан бир пайтда Абдулла Қодирий ўзбекнинг ўзига хос романини яратди. Бунинг негизида ҳам, юқорида қайд қилганимиздек, ёзувчи кўнглига тугилган дард ва алам ётарди.

Ҳаёт шундай тараққий этадики, ҳар бир даврга хос ижтимоий дард фақат битта-иккита шахсгагина боғлиқ эмас, гарчи улар катта истеъдод эгалари бўлса ҳам. Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”ида ифодаланган дард ва аламлар Ҳамза ижодида ҳам – шеърларида, хусусан, драмаларида ўз аксини топган. Бу жиҳатдан унинг “Заҳарли ҳаёт” драмаси характерлидир. Тўғри, “Заҳарли ҳаёт” ифода жиҳатдан бир мунча ибтидоий. Бироқ ўша давр ижтимоий ҳаётидаги қолоқликка, жаҳолатга муносабат билдириш, ўзбек адабиётида янги бир жанр – драманинг камол топишида бир босқич бўлди.

Беҳбудийнинг “Падаркуш”и, Ҳамзанинг “Заҳарли ҳаёт”и, “Ўтган кунлар” бугун давлат тўнтариши деб аталаётган октябр инқилоби арафасида, ёхуд социализм деб аталган “янги” тузумнинг илк пайтларида яратилган эди. Бу асарлар шўро мафкурасининг ҳукмрон даврида бошқача талқин қилинди. Гўё инқилоб дард, чигаллигу тугунларни ечиб берди. Асида бундай эмас эди. Шу боисдан бўлса керак, ижтимоий ҳаётдаги мазкур муаммолар ҳамон адабиёт саҳнасидан тушиб кетмади. Балки янги-янги кўринишда ифодаланадиган бўлди. Бу жиҳатдан Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи характерлидир.

Кўпгина шеър, драма, публицистик асарлар битиб, ҳаёт сирларини англай олган Чўлпон 30 йилларнинг ўрталарида “Кеча ва кундуз” романини эълон қилди. Адиб роман ёзишга киришар экан, кўрган ва кузатган воқеаларини шунчаки қайд қилиб ўтишни ният қилган эмас. Санъаткор ўша кезлари салкам анъанага айланиб келаётган “ёзувчи бўлсанг роман бит!” ақидаси талабидан ҳам узоқда эди. Асосий юк уни безовта қилган, дилида дард сифатида йиғилган муаммоларда эди.

Асримизнинг бошларидаги феодал ва мустамлака тартиб-тузгунлари асосида равнақ топган зўравонлик, ҳуқуқсизликлар, шунингдек ахлоқий бузилишлар, маънавий тушкунликлар уни безовта қилган эди. Ижтимоий ҳаётдаги жиддий бурилиш тарихий зарурат эканлигини исботлаш учун бу ҳодиса ҳақида истеъдод сўзи керак эди. Шу билан баробар бу иллатларни фош қилиш, уларнинг асл моҳиятини очиб ташлаш замон талаби эди.

Ижтимоий дардни ифода қилиш жиҳатидан Чўлпон асарлари, жумладан унинг “Кеча ва кундуз” романи адабиётимиз тарихида янгилик бўлди.

Романда тасвирланган Зеби, Раззоқсўфи, Қурвонбиби қисматлари ўта фожеали эди. Бироқ асарда акс эттирилаётган даврни тўлароқ кўрсатиш учун бу фожеалар етарли бўлиб кўринмади ёзувчига. Истеъдод эгаси бу фожеалардан ҳам даҳшатлироқ ҳақиқатни айтишни зарур кўрди. Бу Россиянинг мустамлакачилик сиёсатига боғлиқ масала эди. Чоризм мустамлакачилари халқдан танланган нодон, ношуд раҳбарларни қўллаб-қувватладилар. Улар роман қаҳрамонларининг фожеасига замин бўлди. Бунинг устига Чоризм мустамлакачи сифатида халқнинг моддий ва маънавий ҳаётига катта зарар етказди. Асарга киритилган ноиб тўраларга ўхшаган мустамлакачилар халқнинг моддий бойлиги ҳисобига ўзларининг маиший ҳаётларини таъмин қилишдан ташқари халқ мулки ҳисобланган маданий қадриятларни йиғиб, ўз марказларига йўллаб турдилар. Бу ҳол халқнинг маънавий бойлигига нисбатан тажовуздан бошқа нарса эмас эди.

“Кеча ва кундуз”да ёзувчини безовта қилган бошқа бир ижтимоий дард ҳам бор эди. Мустамлакачилар ўзбек халқининг ахлоқ ақидаларига ёт бўлган бузуқчилик, ҳаёсизлик сингари “янгилик”ларни олиб кирди. Бу ҳам Чўлпон назарида ўзбек халқи учун катта фожеа эди.

Санъаткор асарларида ифода қилинадиган дарду-изтироблар, ҳайрату қаноатлар давр талабига биноан ўзгариб туриши ҳам мумкин. Бироқ ҳақиқий санъаткорлар ижодида бу ўзгаришлар жузъий бўлиб, моҳиятан сақланиб қолаверадилар.

“Ўтган кунлар”, “Кеча ва кундуз” романларида алам ва изтироблар – ижод дарди қатъий эди. Бироқ қизил империянинг мафкуравий талаблари баъзан Қодирий ва Чўлпонларнинг ҳам дард ва аламларини тебратиб турди.

Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романи 20-йилларнинг охирларида майдонга келди. Бу даврларга келиб, миллий озодлик кураши чекинишга мажбур бўлди. Россиянинг мустамлакачилик сиёсати авжига чиқди. Рус ҳукмдорлигининг “ҳурриятпарвар”лиги жиддий равишда таъкидланаверадиган бўлиб қолди. Шу сиёсатнинг таъсири ўлароқ Абдулла Қодирий “Меҳробдан чаён”даги фожеий ечимни юмшатишга мажбур бўлди. Хон зулмидан азият чеккан ошуқ-маъшуқлар Қўқонни тарк этиб, Россиянинг қўл остида бўлган Тошкентга ўтишади-да, мурод-мақсадларига эришгандек бўлиб тирикчилигини ўтказадилар.

Ўттизинчи йиллардан бошлаб қизил империя мафкураси яна кучаяди. Минг тўққиз юз ўттиз олтинчи йилда Максим Горький томонидан “социалистик реализм” принциплари эълон қилинади. Бундан кейин адабиёт оламида қалам тебратиш мушкул ишга айланади. Яъни ёзувчининг дард ва ҳасратларини айтиши, уларни бадиий асарга асос қилиб олиши қийинлашади, мафкура талабларига мослашиш типик ҳолга айланади. Энди ижодкорлар ўзларининг дард ва аламларини кўпроқ ўтмиш воқеалари билан боғлайдиган бўладилар. Баъзи ўринларда ўз дард ва аламларини изҳор қилишда ҳажвиётдан фойдаланадилар. Шу йўсинда Абдулла Қодирийнинг “Калвак маҳзумнинг хотира дафтаридан”: “Тошпўлат тажанг нима дейдир”, Фитратнинг “Абулфайзхон”, “Қиёмат”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Анор”, “Ўғри”, “Ўтмишдан эртаклар”, “Бемор”, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” каби асарлари пайдо бўлади. Шу йўсинда ҳажвиёт йўли билан, шунингдек ўтмиш воқелигини акс эттириш орқали асар битиш қизил империянинг кейинги даврларида ҳам давом қилди.

Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовнинг шеърларида шоирона дард сезилиб турди. Хусусан, уларнинг “Жаннатга йўл”, “Руҳлар исёни”, “Ўзбегим” сингари достонлари жиддий дард билан ёзилган асарлар бўлди. Шу боисдан қизил империя мафкурасининг қўриқчилари бу асарларни шўролар мафкурасига ёт асарлар деб эълон қилишга уриндилар.

Дард, алам, изтиробларни юзага чиқариш асар яратишнинг муҳим шартларидан бири, дедик. Бу билан асар яратишнинг асл андозаси шу экан-да, деган хулосага келиш ҳам тўғри бўлавермайди.

“Кеча ва кундуз” яратилган пайтларда ўзбек адабиёти тарихида бошқа бир асар майдонга келди. Бу Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романидир. Бу асар ҳақида нималар дейилмади, қандай баҳолар берилмади дейсиз! Асар асл моҳияти билан ёзувчи нияти, ўйларига қараганда, янги тузумни, шўролар мафкурасини қўллаб-қувватлаш йўсинида бўлган. Гарчи унда “қизил империячи”ларга катта ўрин берилмаса ҳам шу йўлни бирдан-бир тўғри ҳисоблаган адиб гўё тўғри йўлни қўйиб, эгри йўлни танлаган – миллатчилар томон ўтиб кетган Саидий образини яратди. Шунга асосан шўро мафкурачилари “Сароб”ни янги тузумга қарши ёзилган асар сифатида баҳоладилар. Шунга асосан асар йиллар давомида қатағонга учради. Бугун энди шу тарздаги хулосага келиш айб эмас. Аксинча, Абдулла Қаҳҳор ўша даврларда босмачи деб аталган “аксилинқилобчи”ларни қувватлаган экан, деган хулосага келиш мумкин. Бироқ масаланинг бошқа бир томони ҳам бор. Тоталитар мафкура намояндалари ўз фикрларини бу даражада очиқ айтмасалар ҳам шундай фикрни назарда тутган эдилар.

Абдулла Қаҳҳор ҳам ноёб истеъдодлардан бири. Мафкурачиларга чап бермоқчи бўлгандек, Саидий образига бошқа, яъни иккинчи бир маъно ҳам жойлайди. Бу – худбинлик. Умуминсоний ақидаларга қараганда, худбинлик одамлар орасида учраб турадиган катта қусурлардан биридир. Шу туфайли “Сароб” ҳар қандай мафкуравий муҳитда ҳам ўз қимматини йўқотмайдиган асар бўлиб қолаверади. Бундан шундай хулоса чиқади: маълум бирор дард, изтироб билан битилган асарни замонга қараб ҳар хил тушуниш мумкин. Бир ният билан яратилган асар ўша ниятнинг ифодаси билан эмас, балки образларга юкланган бошқа бир ғоя туфайли тарихда ўз қимматини сақлаб қолаверади.

Фикримизни тўлароқ исботлаш учун бошқа бир ҳодисага назар ташлаб кўрайлик. Гап яна Абдулла Қаҳҳорнинг бошқа бир асари – “Синчалак” хусусида боради. “Синчалак” ўз даврида бадииятнинг етук намунаси сифатида тан олинган асарлардан бири эди. Бу тан олиш, асосан Саида образи туфайли бўлди. Бу ҳол ўша давр мафкурасига мос эди. Мафкура ўзгарди. Саида образига муносабат ҳам ўзгарди.

“Синчалак”ни адабиёт тарихидан ўчириш керакми? Йўқ! Ёзувчи асарга бошқа маъно ҳам берган эди. Унинг учун бу маъно Саидани мадҳ қилишдан кўра ҳам муҳим эди! “Синчалак” ёзилган даврларда лаънатлаш керак бўлган, кейин ҳам, ҳатто бугун ҳам қораланишга лойиқ бир масала бор эди. Бу – ўзбошимчалик. Ўзидан бошқани тан олмаслик, атрофдагиларга беписанд қарашлик. Бу маъно Қаландаров образида ифодаланди. Шу йўсинда ҳаётга кириб келган зарарли ҳодисани фош қилиб бериш учун Саида образи восита бўлди. Асар битилган даврда ўша давр мафкураси Саидадан маъно излади. Эндиликда ўша даврнинг типик вакили сифатида Қаландаров образи ҳам муҳимдир. Демак, истеъдод билан яратилган асар тамом чиқитга чиқиб кетмайди. Маълум бир қирраси билан ўтиш мафкурасига хизмат қилган бўлса, ўзининг бошқа бир қирралари билан бошқа замонлар талабига жавоб бераверади. Асар умуминсоний масалалар доирасида бўлиши керак, деган тушунча ҳам шу бўлса керак!

Хуллас, истеъдод андазаларга сиғавермайди. Гап ёзувчининг истеъдод қувватида, унинг умуминсоний ақидаларга асосланиб қалам тебратишидадир.

Биз бу ерда истеъдод эгалари изҳор қилиши мумкин бўлган дард, алам ва изтироблар ҳақида анча гапирдик. Бунга биз ижод мазмунининг субъектив омили сифатида қараяпмиз. Бироқ истеъдоднинг субъектив омили билан боғлиқ бошқа бир тушунча ҳам бор. Бу – ижодкорга нисбатан кўп ишлатиладиган илҳом масаласи. Юқорида биз истеъдод билан яратилган баъзи асарларнигина тилга олдик. Бу асарларни яратишда санъаткор кўнглида тугилган маънавий ниятдан бошлаб, охирги нуқтани қўйганича бўлган ижодий жараёнда илҳом йўлдош бўлгани кучига куч қўшиб тургани шубҳасиз. Илҳомнинг ўзига хос асоси ҳам бор. У ҳаёт тараққиётига тўсиқ бўлиб турган, жамиятнинг олға силжишига монелик кўрсатган иллатларга қарши туриш ва курашиш қай даражада зарурат эканини китобхонга етказишдир.

Шундай экан, ҳаётнинг ижобий томонларини акс эттиришда ёзувчига илҳом берадиган бирор куч борми? Бу ўринда ижодкор нимадан илҳомланади, нима асосида қалам тебратади?

Истеъдод ҳаётдаги тараққиётга тўсиқ бўладиган иллатларни кўришга қай даражада бетоқат бўлса, қай даражада уларнинг сир-асрорини очиб ташлашга иштиёқманд бўлса, шу даражадаги дарднинг мавжудлиги, мазкур асарларнинг яралишига сабаб бўлиши табиийдир. Баъзан бирор истеъдоднинг туғилиши хусусида гап борганда, унинг ҳали болалик даврларидаёқ эътиборга сазовор асарлар яратгани хусусида фикр юритишади. Алишер Навоий ёки А.Пушкин ҳали болалик даврларидаёқ ўз машқлари билан атрофдагилар эътиборини қозонганлар. Буни қандай тушуниш мумкин?

Назаримда, бу хилдаги ҳодисани шундай тушуниш керак. Ҳали ёш, бироқ улуғликдан нишона бераётган ёш истеъдод биринчи қадамларида кимларнингдир таъсирида бўлади, кимларнингдир дардига жўр бўлади.

А.Пушкин лицей талабаси чоғларидаёқ шеър ёзишни машқ қилган ва унинг илк машқларидан бирини эшитиб, шоир Жуковский янги истеъдоднинг туғилишини башорат қилган эди. Шу маънода ёш йигитчага нисбатан айтилган Жуковскийнинг илиқ сўзлари Пушкинга далда берди ва унинг катта ижод йўлига киришига сабаблардан бири бўлди. Биринчи қиссасини битиб, газета ва журналларнинг эшигини қоқиб юрганда, Чингиз Айтматовни ҳали ҳеч ким танимас эди. Ёш муаллифнинг «Жамила»сини ўқиб кўрган Луи Арагон шарқда катта бир талантнинг туғилишини олқишлади. Бу ҳол Чингиз Айтматовни катта ижод йўлига бошлади. Улуғ Алишер Навоий ҳам ўзининг истеъдодини устозлар фотиҳаси билан бошлагани маълум. Бошқача қилиб айтганда, истеъдод туғилади, уни кимлардир ихтиро қилади, оқ йўл тилайди, шу ўринда истеъдоднинг камолот сари боришига йўл очилади. Демак, йирик ижтимоий маънодаги классик асарларнинг пайдо бўлиши, кўпроқ истеъдод эгаларининг жамият ҳаёти таъсирида пайдо бўлган дард, алам ва изтироблар натижаси ўлароқ майдонга келса ҳам аксарият ҳолларда бу истеъдодларнинг туғилиши, ўсиб-улғайишига улуғ ҳакамлар хизмати, табиат неъмати, олий руҳ марҳамати деб қараш керак бўлади. Истеъдод одамийликка тегишли хислатларни ўзида мужассамлаган шахслардаги гўзаллик белгиларини кўриб ҳайратланади. Бу ҳайрат ёзувчи учун илҳом манбаидир. Отабек ва Анварлардаги муҳаббатга садоқат, софдиллик; Юсуфбек ҳожидаги ҳақиқатгўйлик, Кумушдаги иффат, Раънодаги бахтга интилиш – булар ҳаммаси А.Қодирийга юксак мазмундаги асарлар яратиш учун илҳом бағишлаган. Ойбек яратган Йўлчи ва Гулнорда ифодаланган соддадилликсиз «Қутлуғ қон»ни тасаввур қилиш қийин бўлар эди.

Юқорида биз «Хамса»нинг ижтимоий маъноси ҳақида анча фикр юритдик. Бироқ Фарҳод ва Ширинлардаги гўзалликлар – муҳаббатга садоқат, тўсиқларга бардош бериб мақсадга интилиш, шунинг натижасида юзага келган қаҳрамонликлар Навоийга ижодий қувват берган.

Демак, истеъдод учун тараққиётга тўсиқ бўладиган иллатларни фош қилиш қай даражада зарурат ҳисобланса, унга қарши тарққийпарвар кучларни улуғлаш, унга хос олижаноб хислатларни мадҳ этиш ҳам шу даражада заруратдир. Кўраяпсизки, ҳаётнинг мураккаб ижтимоий қатламларини фош ва инкор қилиш, шунингдек, ижобий томонларини улуғлаш ҳам истеъдод бурчидир. Аслида ижоднинг бу икки нуқтаси бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир.

Умуман, ҳақиқий истеъдод ҳеч вақт ҳаётнинг маълум томонларини ажратиб олиб, тор ва биқиқ ҳолда иш кўрмайди. Етук асарларда доим истеъдод ва илҳомнинг ҳар икки томони – фош қилиш ҳам, улуғлаш ҳам бир хилда кўзга яққол ташланиб туради.

Демак, санъаткор учун биринчи даражали хислат – бу истеъдод. Фақат истеъдодгина жамият ҳаётининг қайси томонида ўпирилиш бўлган ва ёки бўлаётир, қайси бир томони уни олға элтаётганини ҳис қилади. Илҳом эса истеъдоднинг доимий ҳамроҳи, унинг ажралмас қисмидир. Илҳомсиз истеъдодни тасаввур қилиб бўлмайди. Бу иккала омилнинг бирлиги бамисоли одам боласининг кўз-қўл билан туғилишидек табиий бир ҳолдир.

Истеъдодли ёзувчи асар битганда жамият ҳаётидаги иллатларни қоралаш, тараққиётга хизмат қилувчи ҳодисаларни улуғлаш маълум режа, андаза асосида юзага келар экан-да, деган хаёлга бормаслик керак. Ижодкор доимо ноаниқлик ва мавҳумиятдан аниқлик сари қадам қўяди. Ижод жараёни асар яратиш ниятидан тортиб, маълум тугалликка эришгунга қадар, истеъдодларга қандайдир сеҳрли куч асосида боргандек бўлади.

Истеъдод ўз ижодининг биринчи босқичларида тўла, онгли равишда бадииятнинг барча қонуниятларини англаган ҳолда асар яратади, деб бўлмайди. Нималарнидир у англайди, нималарнидир у тўла тасаввур қилаолмайди. Ҳатто шундай ҳам бўлиши мумкинки, асар тўла битгунига қадар ижодкор нималарни ният қилди, нималар чиқиши мумкин эканини аниқ тасаввур қилаолмаслиги ҳам мумкин. Асар яратишда деталларгача режалаштириш сўзсиз андазавозликка олиб келади. Шу маънода ижод дарди ва бу дарднинг маълум бир шаклга тушган ёки тушмаганлиги асарга охирги нуқта қўйилгандан кейин ҳам ижодкор ўз асаридан келиб чиқадиган маънони тўла тасаввур қилаолмаслиги мумкин. Бу ҳақда у кўп мушоҳада ҳам юритиб ўтирмайди. У ўз асарининг фазилатларини китобхонлар қўлига бериб, кейингина ҳис қила бошлайди. Донолардан бири асар яратилишидаги онглиликни тўла тан олган ҳолда «… ҳақиқий талантнинг асар яратишида жуда кўп режасизлик, мавҳумият, инстинктивликнинг ўрни бор», деган эди.

Мазмуннинг субъектив томони ҳақида гап кетганда истеъдоднинг эркинлиги масаласини ҳам ҳисобга олиш керак бўлади. Истеъдод фаолияти турли хил бошқарувларга, сиртдан кўрсатиладиган йўл-йўриқларга бўйсунавермайдиган ҳодисадир. Ҳақиқий истеъдоднинг фаолиятини асаларининг меҳнатига қиёс қилиш мумкин. Қайси бир гулдан шарбат йиғишни асаларига кўрсатиш мумкин бўлмаганидек, истеъдодга ҳам йўл кўрсатавериш тўғри келмайди. Асалари боғ оралаб, ўз талабига мос гулни, ёзувчи эса ўз қавми эҳтиёжига мувофиқ воқеа-ҳодисаларни танлайди. Шундагина ўз ижодий меҳнатидан қаноат ҳосил қилади, ўзининг руҳий эҳтиёжини қондирганини ҳис этади. Ҳақиқий санъаткор ёзувчининг руҳий эҳтиёжи доим ўз халқининг руҳий эҳтиёжини ифода қилади. Акс ҳолда асар реалистик қимматга эга бўлмайди.

Шахсга сиғиниш ва турғунлик йилларида истеъдод эркинлигига жиддий путур етказилди. Кўпгина истеъдод эгаларининг ижоди ҳаётнинг зарур томонларини акс эттиришда оқсайди, деган маънода қаттиқ танқид остига олинди. Абдулла Қодирий асарларида ҳоким синф вакиллари қаҳрамон сифатида танланди, деб важ қилишди. Ойбекнинг «Навоий» романида Алишер Навоий катта ер эгаси, ижобий қаҳрамонлар тўлалигича тасвирланмаган, деб асар узоқ вақт чиқитга чиқариб қўйилди.

Биз бу ерда энг ёрқин мисолларни келтирдик, холос. Аслида эса шу йўсинда яъни «ҳаётнинг анау томонини» эмас, «мана бу томонини» тасвирлагани принцип асосда бутун-бутун ижодкор асарлари, баъзан маълум бир даврга хос юксак бадиият намуналари китобхон қўлига бориб етмади ёхуд унинг қўлидан тортиб олинди: чинакам истеъдодларнинг аксарияти қамоққа олинди, нобуд қилинди, қолганлари оғир касалликларга чалиниб, ногирон бўлиб қолишди.

Истеъдодни ўз измига солмоқчи бўлганлар, даврларга қараб ўз талабларини ўзгартириб турдилар. Ҳар бир давр ўз тушунча ва терминларини яратди. Бу тушунча ва терминлар бамисоли «уртўқмоқ» эди. «Ғоявий заифлик», «хорижий маданиятга сажда қилиш» – «космополитизм», «феодал ўтмишни бўяб кўрсатиш», «социалистик воқеликни назар-писанд қилмаслик», «ишчи ёки пахтакор деҳқон образини яратмаслик», «хотин-қизлар образини иккинчи планда кўрсатиш», «бошқа миллат, хусусан, улуғ рус халқи вакилларини назарга илмаслик», «партия раҳбари образини яратмаслик» ҳоказо ва ҳоказолар. Буларнинг ҳаммаси истеъдодни жиловлаш, уни маълум бир «темир қонун»га бўйсундириб қўйишнинг ўзи эди. Ҳақиқий истеъдод эса бу «темир қонун» доирасида тура олмасди. Шу сабабдан туғилиб вояга етиши керак бўлган кўп истеъдодлар туғилмасдан бўғиларди. Бирор истеъдод бадиий жиҳатдан пухта асар яратган бўлса, ўша «темир қонун» исканжасидан чиққан ҳолда яратди. Айрим ҳолларда улар йўл излаб «эзоп» услубига ўтар – ҳар хил маъно чиқадиган услубларни ишга солиб, кўнгилдаги дардларини айтишга уринарди. Эркин Воҳидовнинг «Руҳлар исёни», Абдулла Ориповнинг «Жаннатга йўл» драматик достонлари шу услубда яратилган асарлардир. Бу хилдаги ижодкорлар «темир қонун»чилар томонидан доим тазйиқ остига олинар, уларга нисбатан тўхтовсиз туҳматлар уюштирилар, қанчадан-қанча дўқ-пўписалар, танбеҳу тазйиқлар эълон қилиниб туриларди.

Баъзи ҳолларда истеъдодлар ўзларини ижоддан чеклаб қўйишга мажбур бўлишди. Шу йўсинда адабиётда маълум бўшлиқ пайдо бўлди. Унинг ўрнига истеъдоди заиф «ижодкорлар» бостириб кирди. Адабиётимиз бадиий жиҳатдан ўта заиф; улуғ шахсларни мадҳ этадиган шеър, драма, қисса ва романлар тўлиб-тошди. Маданий экин қай даражада эътиборсиз қолдирилса, шу даражада бегона ўт-ўланлар ривож топади. Деҳқонлар тилида ер учун бегона ўтлар асл фарзанд-у, маданий экинлар ўгай «фарзанд» ҳисобланаркан. Тоталитар мафкуранинг яккаҳокимлиги даврида адабиётимиз, маданиятимиз тараққиёти халқ оғзида юрган шу ҳикматли сўзларни эслатадиган бўлди. Бу ҳол бадиий асарлар шаклининг ранг-баранглигига, бўёқларининг хилма-хиллигига путур етказди, андазавозлик кучайди, мазмун бениҳоя камбағаллашди, унинг доираси чидаб бўлмайдиган даражада торайди. Аксарият ҳолларда бир-бирига ўхшаб кетадиган, баъзан биридан иккинчисини ажратиб бўлмайдиган асарлар кўпайди. Мазмун ва шакл жиҳатдан намуна бўладиган асарларни топиш қийин бўлиб қолди.

Шундай қилиб, ижодкор шахси издан чиқди, ҳаёт талабига мувофиқ иш бермай қўйди. Яъни, мева бериши керак бўлган дарахт илдизидан, кейин танадан ажралди.

Хўш, мустақиллик ижоднинг шахсий омилига қандай таъсир ўтказди? Ўзгаришлар бўлгани аниқ. Бироқ бу ўзгаришлар нимадан иборат?

Тоталитар мафкуранинг яккаҳокимлиги даврида ижод бамисоли олдига тўғон босилган дарё эди. Истиқлол бу тўғонни бузди. Ижодкорлар ўзларини эркин ҳис қила бошладилар. Ҳар хил шакл, ҳар хил мазмун йўналишидаги асарлар эълон қилинадиган бўлди. Сўзсиз буларнинг аксарияти ҳаётни объектив ва маънодор акс эттиради. Истиқлол ҳали гўдак ёшида. Истеъдоднинг туғилиши, унинг ривож топиши учун бу унча катта давр эмас. Шунга қарамасдан, бу даврда ҳар хил йўналишда қалам тебратаётган ижодкорларнинг меҳнатини чуқур таҳлил қилиш, уларга объектив баҳо бериш, уларнинг жамият тараққиётида тутган ўрнини кўрсатиш адабиётшунослик олдида турган муҳим вазифадир.

Истеъдодга тегишли масаланинг бошқа бир томони бор. Бу масала юзасидан навбатдаги бобда фикр юритамиз.

ИСТЕЪДОД ВА ИЖТИМОИЙ ТАРТИБОТ

Ижод мавҳум ҳодиса эмас. Ижод этишга истаги бор ҳар бир кимса хаёлига келган мавзуда, тасодифан танланган шаклда асар ёзиб ташлайвермайди. Ижодкор муайян давр фарзанди, муҳит ҳодисасидир. Шу маънода бадиий ижодга тегишли ҳар бир ҳодиса – истеъдоднинг туғилишидан тортиб, алоҳида асарларнинг яратилишигача – макон, замон ва муҳит билан боғлиқдир.

Ижодкорлар октябр тўнтаришидан кейин ҳам XIX аср охирлари, XX аср бошларидаги зиддиятларни – синфий ва миллий жиҳатдан ўзлигини англаш жараёнларини бадиий изоҳлаш йўлидан воз кечмадилар. Темурийлар давридаги зиддиятлар Навоийни яратган бўлса, XIX аср охири, XX аср бошларидаги зиддиятлар – миллий уйғонишларнинг адоғига келиб, Абдулла Қодирий ва Чўлпонларни ижод майдонига олиб чиқди. Шу маънода XIХ аср охири XХ аср бошларидаги зиддият, миллий уйғонишлар асримизнинг 20-30 йилларигача келиб «Ўтган кунлар» ва «Кеча ва кундуз» сингари бадиий мумтоз асарларнинг пайдо бўлишига туртки бўлганлиги қонуний ва табиийдир.

Кўраяпсизки, улуғ истеъдодлар ижтимоий ва сиёсий зиддиятларнинг айни авжига чиққан пайтидагина эмас, балки кўпроқ бу зиддиятлар маълум даражада ўз ечимини топгандан кейин, у гўё ўша зиддиятларни изоҳлаш, китобхонга тўлалигича етказиш учун туғилгандек кўринади. Мазкур бадиий изоҳлар фақат ўтмишни изоҳлаш учун эмас, балки ўз навбатида келажакка йўл кўрсатиш – халқни нималардандир асраш, нималаргадир тайёрлаш ҳамдир.

Одатда, момақалдироқдан кейин жала қуйиб беради. Баъзан бошқариб бўлмайдиган сел ҳам келади. Айрим истеъдодларнинг туғилиши ва равнақи табиатдаги шу ҳодисани – момақалдироқдан кейин қуйилиб келадиган жалани эслатади.

Бошқа бир ҳақиқат ҳам бор. Бадиий тафаккур, истеъдоднинг туғилиши ҳамма даврларга ҳам хос хусусиятдир. Ижтимоий ҳаётда мураккаб зиддиятлар кечаётган даврда ҳам, уларнинг маълум бир ечимга борган кезларида ҳам истеъдодлар юзага келаверади. Ҳамма гап бадиий тафаккурнинг ижтимоий кўламида, истеъдод тафаккурининг юзага чиқиши ва кўринишларидадир.

Жамият ҳаётида, жумладан, адабиёт тараққиётида ҳам қай даражада турғунликка учрамасин қандайдир шаклларда у тараққий этади. XIV-XVIII асрларда ўзбек адабиёти тарихи турғунлик билан характерланса ҳам бошқа бир жиҳатдан у тараққий этди. Бу даврда, хусусан, XV асрдан бошлаб яратилиши керак бўлган катта асарларнинг ўрнини таржима эгаллади. Қутб, Ҳайдар Хоразмий, Сайфи Сароий сингари ижодкорлар Алишер Навоийнинг йирик асарларини тарғиб ва ташвиқ қилишдан ташқари Шайх Саъдий, хусусан, Низомий Ганжавийнинг асарларини эркин таржима қилиб, китобхонлар орасида кенг тарқатишга муваффақ бўлдилар. Шу йўл билан улар адабиётни турғунлик ҳолатидан олиб чиқишга бел боғладилар.

Истеъдодларнинг қай вақтда, қайси бир жанрга мурожаат қилиши ҳам кўпроқ ҳаёт талаби билан боғлиқдир. Ижтимоий зиддиятлар авжга чиққан пайтларда адабиётнинг кўпроқ ҳозиржавоб жанрлари олдинги сафда бўлади. Бу публицистика, очерк, шеър ва қисман драмадир. Шу сабабдан жадидизм оқимининг кучайиб борган ва ниҳоят октябр тўнтариши рўй берган пайтларда Беҳбудий ва Фитрат публицистикаси, Абдулла Авлоний, Сидқий Хондайлиқий, Аваз Ўтарларнинг жанговар шеърлари юзага келди. Шу билан баробар Абдулла Қодирийнинг ҳикоя ва драмалари, Ҳамзанинг кичик насрий ва саҳна асарлари ҳам ижтимоий бурилиш тафакурининг шаклланишида катта вазифани адо этди. Хуллас, жамиятнинг серзиддият даврига муносабати билан ўзларини намоён этдилар. Октябр бурилишидан кейин ҳам ҳозиржавоб кичик жанр истеъдодлари ўз мавқеларини сақлаб қолди.

Октябр тўнтариши натижасида жадидизмнинг мағлубиятга учраши бадиий тафаккур оламида янги-янги интилишларга олиб келди. Бу зиддиятларни умумлаштириш учун йирик асар зарур бўлди. Шу даврга келиб, публицистикада донг қозонган истеъдодлар, юқорида айтганимиздек, ўз қаламларини йирик асарлар томон бурдилар. Биринчи ўзбек романи «Ўтган кунлар» шу тарзда, бадиий тафаккурнинг кўлами ифодаси сифатида майдонга келди. Бугина эмас, «Кеча ва кундуз», «Меҳрондан чаён», «Дохунда», «Сароб»лар мана шу кўламлиликнинг давоми эди.

Асримиз бошидаги ижтимоий бурилиш даврида ҳозиржавоб истеъдодлар ичида Ҳамза ижоди кўпроқ ўрин эгаллади. Афсуски, 1917 йилдан бошланган тоталитар мафкура «синфийлик», «партиявийлик» деган тушунчаларни олға сурди-да, адабиётшуносликни маълум бир андазага бўйсундириб қўйди.

Бу ўринда бошқа бир вазиятни ҳам ҳисобга олиш керак. Тоталитар мафкуранинг негизида шахсга сиғиниш ақидаси ётарди. Бутун ҳаёт тараққиёти шу ақидага бўйсундирилгандан кейин адабиёт оламида, жумладан, адабиётшуносликда ҳам «доҳий» танлаш тамойили пайдо бўлди. Рус адабиётида «бахт қуши» Максим Горький бошига қўнди. У умумдунё йўқсилларининг ёзувчиси деб эълон қилинди. Ҳар бир миллий адабиётда, жумладан, ўзбек адабиётида ҳам доҳий излаш жараёни ишга тушди. Бу ерда «бахт қуши» Ҳамзанинг бошига келиб қўнди. Фақат тўла тан олиниб, ҳозиржавобликда иш кўрсатган адабиётимизнинг бошқа арбоблари иккинчи, учинчи ўринга тушириб қўйилди. Баъзан эса умуман эътиборсиз қолдирилди. Андазага тўғри келавермаганлар қатағон ҳам қилинди. Улар ичида халқнинг бадиият эҳтиёжини қондиришда, дунё адабиёти талаблари даражасида турадиган биринчи ўзбек романини яратиб берган Абдулла Қодирий бор эди. Тоталитар мафкура фақат Абдулла Қодирий билан чекланмади. Ўзбек адабиётининг тараққиётига катта ҳисса қўшган Чўлпон, Фитратларнинг қисмати ҳам шу тарзда ҳал бўлди. Қодирий, Чўлпон, Фиратлар-ку катта истеъдод эгалари эди. Бу сиймоларнинг атрофида бўлган ўнлаб, юзлаб ёзувчи, адабиётшунос ва маданиятнинг бошқа соҳаларидаги арбобларнинг қисмати ҳам шу бўлди.

Шундай қилиб, зўравонлик натижасида адабиёт олдида турган бош вазифа – ҳаёт ҳақиқатини тўғри акс эттириш, унда рўй бераётган зиддият ва қарама-қаршиликларнинг объектив манзарасини яратиш принципи кескин равишда бузилди. Яъни истеъдодлар ўз олдида турган бурчни адо этишдан ожиз қолдилар. Хайриятки, адабиётимиз тарихида рўй берган бу адолатсизликлар кўп машаққатлар билан бўлса ҳам кейинги йилларда тўғри изга тушди. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитратлар ўзларининг ҳақиқий ўрнини топдилар. Йиллар давомида камситилиб келаётган бу ижодкорлар эндиликда ўзбек адабиётининг классиклари сифатида баҳоланаётирлар. Индаллосини айтганда, ижтимоий тузум истеъдодларга имконият бериши, ҳатто уларнинг ўсиб улғайишига йўл очиб бериши мумкин. Бундай ҳолда адабиёт тўла равишда тараққий этади. Айрим ҳолларда ижтимоий ҳаёт йирик истеъдодларга тўсиқ бўлиб, уларнинг имкониятларини намоён қилишдан маҳрум этиши ҳам мумкин. Оқибатда адабиёт ва маданиятнинг тараққиёти шикастланади.

Ижтимоий ҳаётнинг муносабати жиҳатидан шўролар давридаги адабиётга бир назар ташлаш ҳам зарур кўринади.

Бугун айни ҳақиқатни айтиш пайти. Шўро даврида ижодкорлар эрк нуқтаи назаридан мушкул ҳолда қолган эдилар. Истеъдод сифатида бир жиҳатдан асл ҳақиқатни айтиш керак эди. Бунинг учун умуминсоний мавзуларга мурожаат қилиб, кўнгилда бор дардларни юзага чиқариш лозим эди. Иккинчи жиҳатдан тоталитар мафкуранинг талабларини ҳам қондириш шарт ҳисобланарди. Шундай қилиб, адабиётда бири иккинчисига тўғри келавермайдиган тамойил пайдо бўлди. Шу икки жиҳатни бир қалбга сиғдира оладиганлар адабиёт майдонида қолдилар. Сиғдира олмаганлар эса адабиётдан тамом чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Эвини топган истеъдодлар учун тарих – узоқ ўтмиш ҳақиқатни айтишнинг йўлларидан бири бўлди. Шу йўсинда «Навоий» романи, «Улуғбек», «Муқанна» драмалари яратилди. Кейинчалик бу тамойил тараққий этиб, «Улуғбек хазинаси», «Юлдузли тунлар» сингари романлар ҳам майдонга келди. Бу асарларда тарихий ҳақиқат асосан тўғри тикланган бўлса ҳам, айрим ўринларида тоталитар мафкура талаб қиладиган образлар, эпизодлар киритилди. Бусиз тарих ҳақида асл ҳақиқатни айтиш мумкин эмас эди.

Гап яқин ўтмиш, ёхуд замонавий мавзуга келганда эса ҳақиқий истеъдод олдида қатор тўсиқлар турар эди. Қатор талаб ва шартлар қўйиларди. Замонавий мавзуда асар ёзадиган ёзувчи асар марказида ижобий қаҳрамон образини бош ўринда тутиши шарт эди. Борди-ю, бу образ миллий шахс бўлса, унинг атрофида бир ёки бир неча рус кишисининг образлари ҳам бўлиши шарт ҳисобланарди. Асарда конфликтнинг ечимига бориш ҳам шунга монанд эди. Ҳамма тугун ва жумбоқлар партия ходими томонидан очиб бериларди. Шундай қилиб, мутлоқ мафкура асар яратишнинг мажбурий андазасини яратиб берган эдики, бу андазадан чиқиб асар ёзишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ эди. Хуллас, гап истеъдодга нисбатан ўрнатилган қатъий зулм ҳақида кетаяпти.

Шундай экан, ХХ асрнинг 40 йиллардан бошлаб, то мустақилликкача яратилган адабий маҳсулотнинг бирор қиммати борми? Агар бўлса, бу қимматни нималарда кўриш мумкин? Бунга жавоб топиш учун андазавозлик талабларига ким қай даражада амал қилгани ҳақида ўйлаб кўриш лозим. Бу хусусда олдин ҳам бир қадар тўхталган эдик. Бироқ ҳақиқатни яна ҳам ойдинлаштириш учун ўша давр тоталитар мафкура зулми ҳақида яна баъзи фикрларни қўшиб қўйиш жоиз кўринади. Истеъдодли адиб ва шоирлар маълум даражада ўша андаза талабларини назарда тутган ҳолда халқ ҳаётига тегишли айрим муаммоларни, миллатимиз руҳига оид айрим ҳикояларни акс эттиришга интилдилар. Шу йўсинда маълум ютуқларга эришдилар ҳам. «Қутлуғ қон», «Улуғ йўл», «Қўшчинор чироқлари»нинг илк вариантида, кейинчалик Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимовларнинг насрий асарларида, Шайхзода, Миртемир, сўнгра Абдулла Орипов Эркин Воҳидов, Омон Матжон шеърларида шу хилдаги фазилатларни кўриш мумкин бўлди. Бу хилдаги асарлар, албатта, адабиётимиз хазинасида ўзига муносиб ўринни эгаллаб қолиши шубҳасиз.

XX асрнинг ўрталарида «шўролар адабиёти» деб аталган умумоқимда баъзан ўта ноёб ҳодисалар ҳам рўй бериб турди. Чингиз Айтматовнинг ижоди шу хилдаги ноёб ҳодисалардан биридир. Унинг «Асрга татигулик кун» романида тоталитар мафкура андазасига сиғмайдиган кенг маъно ўртага ташланди. Бу романнинг марказида турган манқуртлик масаласидир. Романнинг пайдо бўлиши, биринчидан, Чингиз Айтматовнинг умумобрўйига боғлиқ бўлса, иккинчидан, асл ҳақиқатни айта билиш қобилияти – маҳорати билан боғлиқ бўлди. У бу масалани ривоят шаклида тарих қаъридан тортиб олди-да, унга замонавий маъно бағишлади. Бу ҳол андазавозлик мафкурасини ноилож бир ҳолатда қолдирган эди.

Истеъдоди заиф, шахсий манфаатларни ўйлаб адабиётга кирган айрим ёзувчи ва шоирлар ҳаёт муаммоларини назар-писанд қилавермасдан андазавозлик талабларига тўла риоя қилиш учун ҳаракат қилдилар. Табиий, тоталитар мафкура ҳам бу хилдаги «ижодкорлар»ни рағбатлантирди, кенг йўл очиб берди. Натижада китобхон дилига таъсир ўтказмайдиган, онгини бойитишга хизмат қилавермайдиган жилд-жилд, баъзан дилогия, трилогия деб аталадиган асарлар пайдо бўлдики, эндиликда улар ўзбек китобхонининг назаридан қолиб кетиши турган гап.

Бадиий ижод намуналарига баҳо бериш ҳам шунга монанд бўлди. Мунаққидларда бугун биз ўйлаганимиз даражасида эрк-ихтиёр йўқ эди. Улар ёзувчилардан кўра ҳам кўпроқ андазавозлик талабларига бўйсунишга мажбур эдилар. Умуман жамоат, жумладан адабиёт хусусида фикр юритувчилар олдига мустаҳкам тўғон ташлаб қўйилган эди. Бу тўғон вақти-вақти билан шиббаланиб ҳам туриларди. Шу хилдаги шиббаланишлар 40-йилларда «Ленинград» ва «Звезда» журналлари ҳақида Жданов нутқи ва ВКП (б)нинг қарори бўлса, 60–70-йилларда сарой адабиёти ва тасаввуфга қарши Ўзбекистон компартияси томонидан қабул қилинган қарор билан боғлиқ эди. 80-йилларда эса, тўғоннинг шиббаланиши Тошкент шаҳар комитетининг Тил ва адабиёт институти фаолияти хусусидаги қарори муносабати билан бўлди.

Айрим истеъдодли ёзувчи, шоирлар ўз қобилияти туфайли андазавозлик доирасини ёриб ўтиб ёки айрим ҳолларда унинг талабларига чап бериб, объектив ҳақиқатни юзага чиқара олган бўлса, истеъдодли мунаққидлар ҳам ўрни келганда ўша мустаҳкам тўғонни бузиб ўтиб ёки бир чеккадан йўл топиб, фақат ўз қобилиятлари туфайлигина адабиётнинг тараққиёти ҳақида асл ҳақиқатни айта олдилар.

Хуллас, истеъдоднинг вояга етиб, бор куч ва қобилиятини сафарбар қилиб, ижодий маҳсулот яратиш кўп жиҳатдан жамиятнинг унга муносабати билан боғлиқдир. Истеъдод олдига ҳар хил тўғон тўсиқлар ташланаверса, у бор қобилиятини юзага чиқара олмайди. Аксинча, унга кенг эрк-ихтиёр берилса, зарур пайтда рағбатлантирилса, унинг куч-қудрати оша боради ва китобхон дилига етиб борадиган асарлар пайдо бўлаверади.

Истеъдод қайси бир шароитда, қайси бир ижтимоий муҳитда яшаб ижод қилмасин, у ўз қобилиятига мувофиқ жанр танлайди. Ўша жанрдагина у ўз ғояларини тўла ифодалай олади.