Қулман Очилов. «Интизорлик билан кутамиз!»

Чегаланган чойнак

Шундай жойлар ва одамлар бўладики, кўрганингда, эслаганингда беихтиёр қувониб, яйраб кетасан. Тотли орзиқиш билан қўмсайсан.

Тошкентнинг Бешёғоч майдонидан Бобур кўчаси бўйлаб Низомий номидаги педагогика университети томон юрганимда мени ана шундай ажиб бир ҳаяжон чулғаб олганини сезаман. Дорилфунун рўпарасидаги одмигина иморат – Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг биноси томонга қарайман. Ногоҳон нигоҳим оппоқ пардалар осилган деразалар томон шошилади. Бирор табақаси ёки пардасини очиқ кўрсам, кўнглим таскин топгандек бўлади: демак, ичкарида одамлар бор, иш давом этмоқда.

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошида мен бир муддат шу бинода, шу деразалардан бирининг ортида ўтирган, «Бир сафда» журнали таҳририяти ходими сифатида кўп яхши одамларнинг суҳбатлари, ўгитлари-ю кўмакларидан баҳраманд бўлган эдим. Хонамизни унчалик шинам, жиҳозларимизни жуда бой деб бўлмаса-да, кўнгилларимиз тоғдек баланд, орзуларимиз мўл, ўзимиз эса ғоят аҳил эдик. Ҳали-ҳамон кўз олдимда: икки бурчагига ранги ўчган уч стол, тўрт-бешта омонат курси қўйилган чоғроққина хона. Занг босган илгаклари аллақачон шалвираб қолган «уч оёқли» баланд кийимилгич. Деразалар рахидаги катта-кичик сопол туваклардан бўй чўзган гуллар, тўрдаги бир парча мармар тош устидан жой олган эски самоварни айтмаса, кўзга илинадиган деярли ҳеч вақо йўқ. Бўм-бўш.

Бу — даҳлиз.

Даҳлизнинг тўридаги мудом очиқ турадиган эшикдан ичкарига мўраласангиз, гавжум манзарани кўрасиз: уч бурчакни банд этган учала столнинг усти ҳам лаш-луш билан тўла: қоғоз тахламлари, папкалар, газета-журналлару китоблардан кулдонгача бор. Тўрда бош муҳаррир ўринбосари Нормўмин ака Очилов, берироқда масъул котиб Анвар ака Қулмуҳамедов, ўнгда юзидан табассум, суханидан ҳазил-мутойиба аримайдиган Зокир ака Йигиталиев– бўлим мудири ўтиради.

Ўртада — пастқам стол. «Ресторан!» Ана энди «ресторан»нинг мулкига разм солинг: кўкрагини ғоз қилиб турган бу тумшуғи баланд идиш – хўм-чойнак. Қорнига улай-булай эмас, уч литрдан ортиқ сув, чой кетади. Чойини бир ҳафта ётиб олиб ичсангиз етади. Кўксига — жумрагига — консерва тунукасидан «орден» тақилган. Балдоғининг икки ёни пўлат (зангламайди!) сим билан чегаланган. Номи ҳам ҳайбатига мос: «фронтовик». Бу ерга у қачон, қандай келиб қолган — Худо билади. Лекин хона аҳлининг фахри, ифтихори! Ёнида —“шогирдлари”, олти пиёла! Ҳар бири айрон ичиладиган товоқдай келади. Қалин, оғир. Олтитаси олти хил! Бетакрор! Уларни ҳам гўё ҳозиргина жангу жадалдан чиқиб келган кекса жангчи дейсиз – тана-тўшига заха етган: лаби учган, дарз кетган…

Шунинг учун уларнинг орасида болдоқли пиёла фариштага ўхшайди. Бели ингичка, гуллари нафис. Жойи ҳам, эгаси ҳам нозик. Ўнг томондаги тоза-озода тўртинчи столда. Оврўпа томонлардан келгани, ажнабийлиги шундоқ сезилиб туради. Номи ҳам «ажнабий». Шу боис унга эгаси — Мурод Муҳаммад Дўстдан бошқа ҳеч ким қўл теккиза олмайди. Журъати етмайди, чамаси. Бошқа пиёлаларнинг вазифаси кўп: гоҳ қадаҳ, гоҳ кулдон, гоҳ сиёҳдон…

«Ака Мурод келармиш»

Иш доим қизғин. Лекин гурунг — деҳқончилик. Зукко ва самимий, ўз ишининг устаси бўлган фидойи инсонлар билан ишлаш – ҳузур. Зерикмайсиз, ҳоримайсиз. Эрталаб таҳририятга байрам бошланаётгандек қувониб кириб келасиз. Оқшом уйга эшитган янгиликларингиз, олган ҳаётий сабоқларингиздан қанотланиб учасиз. Қўлингиздан китоб, тилингиздан шукрона тушмайди.

Олти йил «Тошкент шаҳар бош қурилиш бошқармаси» — «Главташкентстрой»да кундузлари лой кечиб, бетон қуйиб, оқшомлари ТошДУнинг (ҳозирги ЎзМУ) кечки бўлимида ўқиган мендек қора ишчига журнал таҳририятидаги шу камтарин шароит ҳам Боғи Эрамдек мўъжиза бўлиб туюлади. Кийимларинг тоза-озода, ҳамкасбларинг — элнинг олди. Ўқиганинг — китоб, газета-журнал, эл-улуснинг фикру тилаклари битилган мактублар, эшитганинг — самимий ва оқилона гаплар.

«Бир сафда» ихтисослашган журнал бўлса-да, таҳририят муштарийлар, фаол муаллифлар, илғор зиёлилар – шоирлар, ёзувчилар, рассомлар, олимлар, шифокорлар билан доим гавжум бўлади. Журнални янада ўқишли, қизиқарли, чоп этилаётган материалларни тағин ҳам ранг-баранг этиш борасидаги қизғин муҳокамалар тўхтамайди. Муқовасидан мундарижасигача синчиклаб ўрганилади, таҳрир қилинади ва тўғриланади.

Идорамизда байрамлар, тўйлар, ўтиришлар — қувончли кунлар кўп бўларди. Лекин уларнинг бирортаси Мурод ака келадиган кундагичалик жўшқин ўтганини эслай олмайман. Бундай пайтларда каттадан-кичик — ҳамма яйраб кетади. Кимдир чойнак-пиёлаларни ош тузи билан ювиб тозалаган, кимдир самоварни чайиб, сувини янгилаган, кимдир тушликка пул йиққан, яна кимдир узоқ-яқиндаги кўнгил етарларни бу муҳим янгиликдан хабардор қилишга шошилган.

«Ташриф куни» эрталаб масъул котиб Анвар акани жуда хуш ҳол кўрамиз:

— Муҳим янгилик, — дейди у гўё қўшимча мукофот берилишидан огоҳ этаётгандек. – Бугун ака Мурод келадилар.

— Йўғ-е, — дейди ҳамма столидан бошини кўтариб. — Қачон?

— Тушликка яқин.

— Унда тайёргарлик кўришимиз керак…

— Ҳа. Бу ёғи энди тэпэхўрлик.

Иш таққа тўхтайди.

Мен, жамодаги энг ёш ходим, дастёр бола, ўртага ташланган пулларни ғижимлаб, «ТП» – тўрт тийинлик пирожка — гуммага эртароқ навбат олиш учун Бешёғоч томон шошиламан. Икки соатдан кейин ишхонага халлослаб етиб келганимда «ресторан»ни маросимга шай ҳолда кўраман: чойлар дамланган, пиёлалар артилган. Ҳамма нарса бадастир. Ҳатто сарғиш газета қоғозидан ясалган салфеткагача бор. Хоналар ҳам келинчакнинг гўшангасидек батартиб.

Турган-битгани талант

Гуммани ўртага, ўн киши ош ейдиган каттакон сопол лаганга ағдарамиз. Ана хирмон!

Шу пайт йўлакдан гулдираган овоз келади:

— Қориномада тинчликми, оғалар? Ёмони йўқми?

— Ассалому алайкум, Мурод ака!

— Салом, салом!.. Уҳ-ҳу! Регесторанимизда жуда маъмурчилик-ку! Лекин бунча гуммани тинчитишга кучимиз етармикан?

— Етади, бемалол етади!

— Ҳайноҳой, бу ёш авлоднинг навбатдаги жасорати бўлса керак? — дейди менга имо қилиб.

— Ҳа.

— Овқатга қолганда ёш авлод биздан анча ўзиб кетишига жонажон коммунистик партиямиз билан одил ҳукуматимизнинг ишончи қатъий!

Мурод ака қўлидаги портатив машинкаси, қоғоз-поғозларини четга қўйиб, тўрдан жой олади ва дарҳол дастурхонга қўл узатади. Кўзлари, қовоқлари қизариб кетган, ўта ҳорғин. Туни билан ишлаб, беҳад чарчагани сезилиб турибди. Адиб ўз асарлари билан адабиётимизга катта ғавғолар солиб, эскича қолипларни бузиб ташлаётган кезлар. Ҳамманинг тилида унинг номи.

— Бўйдоқчилик қурсин, — дейди у. — Бир ҳафтадан бери дурустроқ овқат еганим йўқ… Қоринни ўйлашга вақт йўқ… Оҳ-оҳ, қайноқлигини қаранг!..

Ўн дақиқадан сўнг бир хирмон гумманинг чангини чиқариб ташлаймиз.

— Таржимани олиб келдингизми, Муроджон? — деб ошдан ишга ўтади Анвар ака. У журналнинг навбатдаги сонини босмахонага топшириш ғамида. Мурод ака — тилмоч. Русчадан ўзбекчага, ўзбекчадан, ўзи айтмоқчи, «иккинчи она тилимиз»га ўгиради. Таҳририятга кам келади. Лекин ҳаммадан кўп ва оғир ишни бажаради — журналнинг ўзбекча-ю, русча нашрларининг юки елкасида.

— Таржима-ку, тайёр, — дейди мутаржим. — Лекин бир иш чатоқ бўлди.

— Тинчликми? — Ҳамма унга хавотир билан тикилади. — Нима бўлди?

Мурод ака бирпас сукут сақлагач, жиддий жавоб қилади:

— Ўртоқ Эломонов кеча оқшом ишдан кетдилар. Аризасини олишди.

Ҳамма бир-бирига қарайди: Эломонов ким бўлди? Министрларнинг орасида бундай одам йўқ эди. Савдо соҳасидаги бирорта корчалонларданмикин?

Мурод ака сукутини чўзгандан-чўзади.

— Мурод, бодиланмай айт, — дейди Норўмин ака. — Эломоновинг ким?

Нормўмин Очилов — Мурод аканинг синфдоши. Самарқанднинг Жомидан. Иккиси тепшиб ўсган бўйинсалар.

— Иб-е, — деб ажабланади синфдош. — Бошқалар-ку, майли, Эломонов кимлигини сен ҳам билмайсанми ҳали?

Маълум бўладики, Эломонов майдароқ амалдор. Бечоратоб бир мардум, Мурод ака ёзаётган қиссанинг бош қаҳрамони. Кеча оқшом битикда истеъфога чиқарилган. Муаллиф энди уни ҳар кўйга солиб, эзиб, эзғилаб роҳатланаётир.

Кейинги гал адиб бошқа гап топиб келади:

— Полвон ўзини осиб қўймаса, гўрга эди. Аҳволи оғир. Хотини Ҳадича ташлаб кетди.

Биламизки, Полвон — кейинчалик катта шов-шувларга сабаб бўлган, адабий танқидчилар муҳаббат мавзуидаги қисқа, лекин ғоят ўзига хос асар сифатида жаҳон адабиётининг энг ноёб дурдоналари сафидан ҳақли равишда жой берган «Дашту далаларда» ҳикоясининг қаҳрамони. Асар «Бир сафда» журналида ҳам чоп этилган.

Гурунг авж олади. Биров Чингиз Айтматовнинг романидан, кимдир Абдулла Ориповнинг янги шеърларидан гап очади. Эркин Воҳидовдан ғазал ўқилади. Жамиятда, дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларнинг у ёғидан кириб — бу ёғидан чиқилади. Тортишув, баҳс-мунозара узоқ давом этади. Ҳеч кимнинг ўрнидан қўзғолгиси, ишга қўл ургиси йўқ. Ҳамма Мурод аканинг оғзига қараган. Унинг эса қайси гапи жидди-ю, қайси бири ҳазил — билиш қийин. Ҳангоманинг уяси. Шуниси қизиқ.

Бу орада мен чегаланган чойнакдаги чойни бир неча бор янгилайман.

— Бўлди, оғажон, етар, — деб қўзғалади Мурод Муҳаммад Дўст. — Чой шароб эмаски, тўхтовсиз симираверсанг… Яна қориномада учрашгунча хайр, дўстлар!..

— Барака топсин, шу йигитнинг турган-битгани талант-да, — дейди эртаси куни Анвар ака унинг таржималарини ўқиб. — Икки тилда ҳам сўз деганингизни ўйнатиб юборади. Шундай йигитларимизнинг борлиги — журналимизнинг, халқимизнинг бахти.

Ибратли амал

Аслини олганда, у замонларда журналимиз таҳририятидаги каби камкўрим манзара ва жиҳозлар аллақачон йўқлик қаърига кетган советлар салтанатидаги барча корхона-ю рўзғорларига хос эди. Кейинчалик мен қизил империянинг турли ҳудудларидаги катта-кичик идоралар, жумладан, анчайин номдор газета-журналлар таҳририятларида бўлганимда ҳам ана шундай ғариб манзараларни кўрдим. Танқислик ҳар қадамда, барча соҳада ўз ҳукмини ўтказиб турар, эл-улус ҳам шунга кўниккан. Кўникишга маҳкум эди. Бугунгидек тўкинлик, файзу барака, компьютеру ноутбуклар, қишда илиқ, саратонда ёқимли шабада уфуриб турадиган кондиционерлар, замонавий бинолар, автомобиллар, алоқа воситалари, ранг-баранг жиҳозлар энг хаёлпараст жуналистнинг ҳам тушига кирмас, кира олмас эди. Арзимаган бир нарса-буюмни олиш, ҳарид қилиш учун соатлаб, кунлаб, ойлаб, йиллаб, бир умр навбатда туриш керак. Ўшанда мен тушликка пирожка олиш учун Бешёғочдаги гуммафурушга чой-чақа ташлаб, эрталабдан навбатга ёзилиб келардим, десам, кулманг. Бор гап. Негаки, бутун шаҳар аҳли келиб шу ердан гумма оларди. Товар ширин ва сифатли бўлгани учун эмас. Гумма сотиладиган бошқа жойнинг, танлаш имкониятининг ўзи кам эди. Олсанг — шу, олмасанг — катта кўча!..

Даҳлиздаги ингичкароқ тиркама стол — менга, эски телефон тургани — катта муҳаррир Қулмуҳаммад ака Эшматовга қарашли. Мен — у кишининг ёрдамчиси, кўзи. Дорилфунундаги сабоқдошларим тили билан айтганда, «йўлчи юлдуз», расман — техник котиб.

Журналнинг қабариқ нашри учун масъул Қулмуҳаммад ака муштарийлардан келган хатларни ўқийди. Хат Брайль алифбосида битилган. Мен ясси матнга кўчираман. Кўча темирчининг босқонини, хона ҳаммомни эслатади. Очиқ турган деразадан серқатнов кўча шовқини-ю гармселдан бошқа нарса кирмайди. Қани энди ғир этган шабада эсса. Нафас олиш азоб. Лекин Қулмуҳаммад ака ҳар доимгидек тетик. Бийрон. Хатни дикторлардек баланд овозда, мароқ билан бўғинлаб-бўғинлаб ўқийди: «Ас-са-лом-у алай-кум, ҳур-мат-ли ре-дак-ци-я-я!..»

Мен ручкани қитирлатишга тушаман. Кафтларим, ёзаётганим — сарғимтил қоғоз нам тортиб, ручка сирғалиб кетаверади…

— Укажон, ухласангиз ухланг-у, лекин хуррак отманг-да! — деган сас келади қулоғимга. — Бошқаларни ҳам уйғотиб юборасиз, а! Ҳа-ҳа-ҳа!..

Кўзим илинганидан уялиб кетаман. Юз-кўзимни қаттиқ ишқалаб ташлаб, яна ручкамни қўлимга оламан.

«Бир сафда» журналининг ҳар бир сонини интизорлик билан кутамиз, — деб давом этади «диктор». — Оиламиз даврасида мириқиб ўқиймиз. Муҳокама қиламиз. Шундай ажойиб, дилкаш журнални ато этганига шукроналар айтамиз..»

Жазираманинг сал тафти қайта бошлайди. Қулмуҳаммад ака ҳассасини олиб, бовини билагига ўтказади:

— Бугунча шуниси етар.

Троллейбус бекати томон юрамиз. 14-троллейбус одатдагидек лиқ тўла. Лекин Қулмуҳаммад ака чиқиши билан ҳамма сурилиб, олди ўриндиқдан жой беради:

«Келинг, қори ака. Ўтиринг!»

Троллейбусда у Чорсугача, сўнг автобусда Тошкент вилоятининг Минвода қасабасигача боради. Камида қирқ чақирим йўл. Шаҳардан ҳийла узоқда яшашига, анча чигал йўллардан қатнашига қарамай, бирор марта ишга кеч келганини, адашиб-нетиб, йиқилиб-сурилиб юрганини эслай олмайман. Қулмуҳаммад ака, раҳматли, мен бу дунёда кўрган-билган энг батартиб, меҳнатсевар, хушмуомала ва бағрикенг одамлардан эди.

Таҳририятда бирорта хат, бирорта хабар эътиборсиз қолмайди. Милт этган фикри бўлса, журнал юзини кўради. Хатларга жавоб ёзиш лозим бўлса, қитирлатиш навбати Қулмуҳаммад акага келади. Мен тайёрланган жавоб матнини ўқиб тураман. У «темир дафтари» — Брайль қолипининг орасига юпқа картонни солади:

«Ҳурматли Фалончи Фалончиев! Аввало, таҳририятимизга йўллаган мактубингиз, билдирган самимий фикрларингиз ва тилакларингиз учун кўпдан-кўп раҳмат! Биз Сиздек зукко муштарийларимиз борлиги билан фахрланамиз…»

Бугун улкан меҳр-оқибат, юксак ҳурмат билан йўғрилган ана шундай самимий сатрларни, хатларни эсласам, дилим ёришиб кетади. Аслида бу оламда инсондан қоладигани шу эмасми? Ширин сўз, ибратли амал, эзгу иш.

«Бир сафда» журнали ўз муштарийларини олтмиш йилдан буён ана шундай ибратли амалларга чорлаб, бошлаб, рағбатлантириб келаётгани қандай яхши. Эл-юртга самимий сўзи ва ибратли ишлари билан маърифат тарқатиб келаётгани қандай яхши. Журнални ўқиганингда кўнглингда чароғон шуълалар порлаб, умидларинг, эзгу амалларга рағбатинг янада ошса, мўъжазгина таҳририят аҳлининг орзулари ушалгани, ушалаётгани шу эмасми.

Мен бу йўлда заҳматкаш ва фидойи ҳамкасбларимга омад ҳамиша ёр бўлишини чин дилдан тилайман!

 “Ҳуррият” газетаси, 2017 йил 20 сентябрь.