“Ораларингда Саъдулла Қосимовни билган борми?” Менинг бу саволимга ҳозирги ёшлар елка қисиб жавоб беради. Кексароқ одамларнинг ҳам кўпчилиги “Йўқ, билмаймиз” дейди. Фақат аҳён-аҳёндагина битта-ярим мункиллаган, лекин қиёфасидан бир замонлар зиёлилар тоифасига мансублиги сезилиб турадиган қария: “Қулоғимга чалингандек бўлган эди, лекин ким эканини, нима ишлар қилганини билмайман” дейди афсус билан. Мен бу саволни одамларга кўпдан бери бераман, адашмасам, буни суриштира бошлаганимга камида эллик йил бўлдиёв…
Мана ҳозир сиз ҳам “Билмайман, эшитмаганман” деб турибсиз. Гарчи ярим аср мобайнида одамлардан бу инсон тўғрисида тузукроқ бирон маълумот ололмаган бўлсам-да, изланишларимни тўхтатганим йўқ ва натижада тўла бўлмаса-да унинг тўғрисида бироз тасаввурга эга бўлдим. Бироқ шу чала тасаввуримнинг ўзиёқ шаҳид кетган бу йигит олдида, унинг пок хотираси қаршисида бош эгишга мажбур қилади. Истасангиз, шўро замонида бегуноҳ завол топган шаҳидлардан яна бирининг аламли қисмати ҳақидаги ҳикояни мен айтай, сиз тингланг…
…Кўзингизни бир лаҳза юминг, азиз ўқувчим, ва ўзингизни бундан етмиш икки йил аввалги Самарқандда деб ҳис қилинг. Ўша кезларда Самарқанд Ўзбекистоннинг пойтахти эди. Табиийки, республикада ҳамманинг нигоҳи унга қаратилган, ўлка ҳаётидаги ҳамма йирик воқеалар пойтахтда содир бўларди. Мана, бугун — 1930 йилнинг 21июн куни бу шаҳарда бутун республикани тўлқинлантирган, салкам уч ойдан бери давом этган, довруғи оғизлардан оғизларга кўчиб юрган суд жараёни тугамоқда. Бугун ҳукм ўқилмоқда…
Кўримсизгина бир иморатнинг чоғроқ зали. Уч ойдан бери давом этаётган суд жараёнининг овозаси ҳамма ёқни тутиб кетган бўлса-да, суд залида одам кам. Бунақа суд мажлисларига кўп одам киритилмайди — улар “очиқ” деб аталсалар-да, аслида “ёпиқ” мажлислардан фарқи йўқ. Фақат судланувчиларнинг яқин қариндошларига-ю, махсус текширувдан ўтказилган тўрт-бешта “томошабин”га рухсатнома берилади, холос.
Ҳукм ўқилаётганига 5 соатлар бўлиб қолди. Авжи саратон, ҳаво дим. Иссиққа чидаб бўлмайди. Одамлар терга ботган, кийимлар жиққа ҳўл. Суд раиси ҳам овози совуқдан-совуқ, худди чаласавод одамдек тутилиб-тутилиб, сўзларни ямлаб, тушуниб бўлмайдиган талаффузда ҳукм ўқимоқда. Залдагилар аллақачон сиқилиб, тарс ёрилиб кетадиган даражага етган бўлса-да, миқ этмай тинглашга мажбур — қоидаси шунақа — ҳукмни судянинг ўзи ўқиб эшиттиради. Унга қолса-ку, аллақачон жонига тегиб улгурган шаҳарни ҳам, бу суд мажлисини ҳам ташлаб, жон-жон деб салқингина Москвасига қайтиб кетарди, бу димиққан залда сувдан чиқариб олинган балиқдай, ҳавонинг етишмаслигидан каппа-каппа оғзини очиб ўтирмас эди. Аммо ундай қилиб бўлмайди.
Ниҳоят, ҳамма сабрсизлик билан кутаётган фурсат ҳам етиб келди — судя маҳкумларга қандай жазо берилганини ўқий бошлади:
“Судланувчиларнинг юқорида зикр этилган жиноятларда айбдор эканини аниқлаб, Совет Социалистик Республикалар Иттифоқининг Олий Суди
ҲУКМ ҚИЛАДИ:
1.Саъдулла Рашидович Қосимов… Олий жазога — отувга, унга тегишли ҳамма молу мулки мусодара қилишга…
2. Бадриддин Шарипов… олий жазога — отувга, унга тегишли ҳамма молу мулки мусодара қилишга…
3. Насриддин Олимов… олий жазога — отувга, унга тегишли ҳамма молу мулки мусодара қилишга…
4. Вячеслав Петрович Спиридонов — олий жазога, молу мулки мусодара қилишга ҳукм қилинсин.”
Бундан ташқари, ҳукмда Мирсоат Мирзокиров, Акбар Самиғжонов ва Рустамхўжа Иброҳимхўжаевларнинг ҳар хил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинганлари айтилган эди.
Албатта, бу суд жараёни шунчаки оддий бир жиноий ишни кўрмаётгани, балки у сиёсий жараён экани, шунинг учун суд ҳукми бошқача бўлиши мумкин эмаслиги аввалданоқ ҳаммага маълум эди. Буни маҳкумларнинг қариндош-уруғлари ҳам билишарди. Лекин шунга қарамай, бу ҳукм уларга ногаҳон портлаган бомбадай таъсир қилди. Залда қий-чув бўлиб кетди. Кимдир уввос солиб фарёд кўтарди, кимдир чинқириб юборди. Яна кимдир ҳушидан кетиб йиқилди. “Сув! Сув беринг!” деган ҳайқириқлар янгради. Суднинг котиби йўғон овоз билан залдагиларга ўшқирди: “Жим! Жим бўлинглар!”
Суд аъзолари, терговчилар, жамоатчи ҳимоячилар апил-тапил қоғозларини йиғиштириб, залдан чиқиб кетишди.
Суд мажлиси ана шундай тамом бўлди.
Мажлис тамом бўлди-ю, аммо унинг одамлар юрагида туғдирган ваҳимаси қолди. Суд мажлисидан тарқалган халқалар яна анча вақтгача — бир ой эмас, олти ой эмас, камида икки-уч йилгача бутун жамият ҳаётини тўлқинлантириб турди. Суд жараёни бошланиши билан, яъни 1930 йилнинг 25 мартидан бошлаб матбуотда кўтарилган шовқин-сурон, таҳдидли, маъноли, маъносиз даъватлар, ҳар хил дўқ-пўписалару писандалар, огоҳлантиришу, қобил-мўмин бўлишга чақиришлар яна камида уч йил давом этди. Шўро матбуоти ўша пайтда ҳам пашшадан фил ясашга устаси фаранг эди.
Қосимовнинг иши ҳақидаги материалларга мен биринчи марта 50-йилларнинг ўрталарида рўпара келган эдим. У кезларда мен аспирант эдим. Номзодлик диссертациямга материал йиғиш мақсадида Ўзбекистонда 20-30-йилларда чоп этилган газета тахламларини ва журналларни синчиклаб кўздан кечириб чиқишга тўғри келди. Ўшанда 30-йилларнинг ўрталаридан бошлаб газеталар ва журналларда бот-бот учраб турадиган бир сарлавҳа эътиборимни тортди. Унга қараганда, бу мақоланинг адабиётга дахли йўқ эди, лекин сарлавҳаларнинг ҳар бирида шунақа ғазаб ва нафрат бор эдики, улардан ларзага тушмасликнинг иложи йўқ эди. Сарлавҳаларнинг ҳаммасида рус тилида ҳам, ўзбек тилида ҳам Қосимовнинг фамилияси ҳар мақомда такрорланар ва ҳар кўйга солиниб таҳқирланарди. Сарлавҳалар турли шаклда бўлсалар-да, мазмунан бир-бирини айнан такрорларди. — Қосимов пролетариатнинг душмани, ёт унсур, зараркунанда, порахўр, шўро ҳукуматини ичдан қўпорувчи, бундай газандаларни мажақлаб ташламоқ керак, Қосимов ва унинг думларини таг-туги билан қуритайлик, бир тўда аксилинқилобчиларга қақшатқич зарба берайлик ва ҳоказо… Бундай ваҳимали мақолалар деярли икки йил, балки ундан ҳам ортиқроқ вақт мобайнида матбуотда мунтазам босила борди. Кейин-кейин бунақа сарлавҳалар йўқолди-ю, ҳар хил мафкуравий масалаларга бағишланган мақолаларнинг ичида ўрни бўлса-бўлмаса, Қосимовчилик қолдиқларини аёвсиз фош қилишга ундаган даъватлар учраб турди. Албатта, буларнинг ҳеч қайсисининг ажабланадиган жойи йўқ эди — уларнинг бари ўша замонларда шаклланиб қолган янгича шўро услубига жуда мос тушарди. Бу услубнинг характерли белгиларидан бири шунда эдики, ҳар қайси газета шундай айюҳаннослар ва асабий замзамалар йўли билан ўзининг инқилобий онглилигини, шўроларга, коммунистик партияга садоқати чексиз эканини, синфий курашнинг олдинги марраларида дадил кўкрак кериб бораётганини намойиш қиларди. Уларнинг ажабланадиган томони бошқа нарсада эди — мақолаларда Қосимов эҳтирос билан, жунбушга тушиб,аёвсиз фош қилинса-да, унинг ўзи ким, нима жиноят қилган, аксилинқилобчилиги нимада кўринади деганга ўхшаган саволларга уларнинг биронтасидан тайинли жавоб топиб бўлмас эди. Асалнинг ози яхши деган мақол бор. Шунга ўхшаш матбуотда босилган гаплар мадҳия бўладими ёхуд фош қилувчи мақола бўладими, дастлабки пайтларда унга чин деб ишонилган. Мен ҳам масаланинг бирор тафсилотидан хабардор бўлмай туриб, Қосимов тўғрисидаги гапларнинг ҳаммасига чиппа-чин ишондим, шўро ҳукуматининг ўн уч йиллигида шунақа бадкирдорлар, маразлар чиққанига ажабландим, уларни ўз вақтида фош қилган ва жазосини берган НКВД ходимларига, суд органларига тасаннолар ўқидим. Бироқ ҳамма нарсанинг ҳам меъёри бўлади. Чинга ўхшаган ёлғон ҳам меъёрдан ошса, унинг ёлғонлиги ўз-ўзидан билиниб қолади, одамлар ишонмай қўяди. Менда ҳам шундай бўлди — бу одамнинг “ёвуз”лигига шубҳа уйғонди. Мақолаларда тасвирлашганидек, Қосимов ҳар қанча зўр ва баҳайбат бўлмасин, ҳатто шериклари билан бирга Совет Иттифоқини ағдариб ташлай оладиган иқтидорга эга эканига одам ишонгиси келмас эди. Икки йил давомида матбуотда ёғдирилган нафратлару таҳдидлар гўё чумчуқларга қарши ўт очишдай беҳуда гап бўлиб кўрина бошлади. Бунинг устига унинг кирдикорларини исбот қиладиган жиддий далилларнинг йўқлиги ҳам матбуот материалларининг ишонтириш кучини кескин камайтирар эди. Хуллас, мен шубҳаларимни ҳеч кимга айтганим йўқ — у пайтларда бунақа гапларни бировга гапириб бўлмас эди, лекин аста-секин имида-жимида Қосимовнинг кимлигини, қанақа одам бўлганию, нима жиноят қилганини суриштира бошладим. Аммо юқорида айтганимдек, анча вақтгача бу суриштиришлар ҳеч қандай натижа бермади.
Ниҳоят, қайта қуриш ва ошкоралик йилларида калаванинг учини топгандай бўлдим. Кунлардан бирида Абдулла Қаҳҳор романларининг ижодий тарихи тўғрисида илмий иш қилаётган шогирдим Раҳмон Қўчқоров “Сароб” романининг манбалари тўғрисида бир қатор фикрлар айтиб қолди. Улар ҳали адабиётшунослигимизда айтилмаган дадил ва янги фикрлар эди. Мен Раҳмоннинг қандай қилиб бундай фикрларга келганини сўрадим. Аввал унинг айтгиси келмади, тайсалланди, ҳа деб ижиғилаб сўрайверганимдан сўнг у менга учта рисола кўрсатди. Буларнинг учови ҳам 30-йилларнинг бошида, рус тилида юпқа муқовада босилган китоблар эди. Улардан бири М. Алексеевнинг “Қўқон мухторияти” деган рисоласи, иккинчиси ва учинчиси 1931 йилда Ўзбекистон давлат нашриёти (ЎзГИЗ)да рус тилида чоп этилган “Аксилинқилобия миллатчиликка зарба” ва “Қосимовга қарши, қосимовчиликка қарши” деган китобчалар эди. Уларнинг иккови ҳам Қосимовнинг ишига дахлдор бўлиб, биттаси Қосимов ва унинг шериклари устидан чиқарилган ҳукм, иккинчиси эса шу иш бўйича давлат қораловчиси Р.Катанянинг нутқидан иборат эди. Қизиғи шундаки, рисолаларнинг уччовида ҳам “Абдулла Қаҳҳорнинг шахсий кутубхонаси” деган муҳр босилганди. Китобларнинг сўнгида қизил қалам билан “1932 йил” деб сана қўйилганига қараганда, Абдулла Қаҳҳор ўша кезларда бу китобларни синчиклаб, ҳошияларига белгилар қўйиб ўқиб чиққан ва қай бир жойларидан “Сароб” романини ёзишда фойдаланган. Шу воқеадан бир неча муддат аввал мен Кибриё опанинг ижозати билан уч ёки тўрт кун давомида Абдулла аканинг кутубхонасини “ревизия” қилган эдим — ҳар бир китобни кўздан ўтказиб, уларни муайян тартиб билан қайтадан териб чиққандим. Ўшанда юқоридаги рисолаларга рўпара келганим йўқ. Мен Раҳмондан бу китоблар унинг қўлига қаердан тушиб қолганини суриштирдим. У нимадир деб жавоб бергани ҳозир эсимда қолмапти. Сўнг бу китобларни ўқиб чиқмоқ учун Раҳмондан сўраб олдим. Лекин уларни ўқишим бир неча йилларга чўзилиб кетди. Рисолалар ҳозир ҳам менинг кутубхонамда сақланмоқда. Хуллас, мен шу рисолалардан илк марта Қосимов тўғрисида маълумотлар олдим.
Қосимов ва унинг шериклари устидан суд жараёни Самарқанд шаҳрида 1930 йилнинг 25 мартидан 21 июнига қадар бўлиб ўтган. Уларни СССР Олий судининг Жиноят-Судлов коллегияси суд қилган. Раис М.И. Василев-Южин, суд аъзолари Я. П. Дмитриев ва Фахриддин Нуриев, котиблари А. Ф. Яковлев ва И.С. Дудниченколар бўлган. Давлат қораловчиси Р.П. Катанян ва Г.М. Островскийлар, оқловчилар Самарқанд округ ҳимоячилар коллегиясининг аъзолари Гречишев, Салмо, Бессонова ва Оллоёровалар иштирок этишган. Суд жараёнида улардан ташқари жамоатчилик қораловчилари сифатида Сотти Ҳусайн билан Жаҳон Обидовалар қатнашган эди. Буни ўқиб, мен ғоятда таажжубланган эдим, чунки уларни озми-кўпми билардим. Тўғри, Сотти Ҳусайнни кўрган эмасдиму, лекин унинг ёзувчилигидан, “Юксалиш” деган пиеса ёзганидан, кейинроқ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раҳбарларидан бири бўлганидан ва 37-йилда халқ душмани сифатида қамалиб кетганидан хабарим бор эди. Кейинчалик — 60-йилларнинг бошида мен Сотти Ҳусайннинг рафиқаси Фотима опа Йулдошбоева билан дорулфунунда бирга ишлаганман. Бу аёл асли фарғоналик, кўҳликкина, ҳатто 60-йилларда ҳам ҳуснини йўқотмаган, тили бурро, эркаклар билан баравар аския айта оладиган шаддод аёл эди. Одатда эри қамалса, унинг оила аъзолари ва биринчи навбатда, хотини ҳам қамалар ва сургун қилинарди. Бироқ тақдир Фотима опадан меҳрини аямаган шекилли, у Сталин қатағонларидан омон қолган, ҳатто кўп йиллар партия ва совет идораларида юқори лавозимларда ҳам ишлаган эди. Шахсга сиғиниш фош қилиниб, собиқ сиёсий маҳбуслар оқлана бошлагандан кейин, Фотима опа Сотти Ҳусайнни оқлаш учун кўп елиб-югурди, бунга эришди ва унинг кичикроқ ҳажмдаги танланган асарларини нашр этишга ҳам муваффақ бўлди.
Жаҳон Обидовани эса бир неча марта кўрган эдим. У ғалати бир аёл эди. Бўйи ўртадан пастроқ, гавдаси эркакларникига ўхшаш йўғонгина, эркакчасига соч қўйган, овози ҳам дўриллаган, шашти баланд, қадам ташлашлари шахдам, гапни чўрт кесиб гапирарди. Тўғрисини айтганда, у кўпроқ эркакшода бир кимсага ўхшарди. Уларнинг жамоатчилик қораловчиси бўлганларига кўп таажжубландим. Бу ишга улар, афтидан, содиқ фуқарочилик туйғулари жўшиб кетганидан ёки бирон тузукроқ амал илинжида рози бўлган бўлишса керак.
Бу ишни СССР Олий Суди кўрганлигига эътибор бериш керак — демак, шўро ҳокимиятининг энг юқори доиралари бу ишга алоҳида урғу берганлар, уни жуда катта ўрнакли жараён сифатида ўтказишга қарор қилишган. Шундай қилмаса бўлмас ҳам эди, чунки судланувчи Қосимовнинг ўзи Ўзбекистон Олий Судининг раиси эди. Уни Ўзбекистон Жиноят Мажмуасининг 63-моддаси билан, яъни аксилинқилобия, аксилшўровия фаолияти учун суд қилишди. Ўз-ўзидан равшанки, аксилинқилобия фаолияти учун бир кишини ёлғиз ўзини суд қилгандилар, суднинг намунали ва таъсирчан чиқмоғи учун аксилинқилобий миллатчилик ташкилоти ҳам керак. Шунинг учун қора курсига Қосимовнинг шериклари сифатида яна олти кишини ўтқазиб қўйишди. Улар 64 яшар собиқ мударрис ва қози Мирсоат Мирзокиров, 40 яшар собиқ адвокат Вячеслав Петрович Спиридонив, 41 яшар савдогар Насриддин Олимов, 37 яшар савдогар Акбар Самиғжонов, 46 яшар собиқ халқ судяси Рустамхўжа Иброҳимхўжаев, 33 яшар Ўзбекистон Олий Судининг собиқ прокурори Бадриддин Латифович Шарипов эдилар. Лекин булар жиддий жазоларга мустаҳиқ бўлган бўлсалар-да, расмий доираларнинг ҳақиқий ниятларини яширмоқ учун бир беўхшов парда эдилар, холос. Асосий мақсад эса Қосимов эди.
Бу ишнинг яна бир эътиборли томони шундаки, Қосимов теварагидаги машмашалар суд жараёни бошланмасдан бир мунча аввал бошланган эди. 1929 йилнинг бошларида юқори ташкилотларга Қосимов устидан юмалоқ хат тушади. Унда Қосимов миллатчиликда, порахўрликда ва яна алланима балоларда айбланади. Бу хатни текшириш учун ВКП(б) Марказий Комитетининг Назорат комиссияси Растопчин, Ахматбек Мавлонбеков ва Корнилов таркибида комиссия тузади. Эътибор беринг — уч кишининг иккитаси Москвадан, бунинг устига Корнилов ОГПУ дан. Комиссия Қосимовнинг изоҳларини ҳам тинглаб ўтирмайди, уни ишдан бўшатади ва қамоққа олади. Иш терговга оширилади, Москвадан алоҳида муҳим ишлар билан шуғулланувчи терговчи чақирилади. У уч ой мобайнида ишни обдон тергов қилади ва Қосимовни айблаш учун асос бўла оладиган бирор гуноҳини топа олмайди(!). Қосимовни озод қиладилар ва ишга тиклашга мажбур бўладилар. Бундай ечим олий рутбалик шўро идораларини мутлақо қаноатлантирмас эди, негаки, айби борлиги ёки йўқлигидан қатъий назар Қосимов албатта йўқ қилинмоғи шарт эди. Хўш, нега?
Менинг назаримда, Қосимовнинг бошига шундай фожиали қисмат тушишига унинг ўзи “айбдор”. Суд материаллари билан танишганимда шунга амин бўлдим. Ҳар ҳолда унинг кам деганда иккита кечириб бўлмайдиган катта “гуноҳи” бўлган. Бу “гуноҳлар”ни ҳамма кечирганда ҳам шўро ҳокимияти кечира олмас эди, шўро ҳокимияти юритган сиёсат бунақа “гуноҳлар”га лоқайд, бамайлихотир қараб туришга йўл қўймас эди. “Хўш, қандай “гуноҳлар” экан улар?” дейсизми? Биринчидан шуки, Қосимов фавқулодда истеъдод эгаси бўлган. У жуда заковатли, ишнинг кўзини биладиган ташаббускор одам бўлган. Афтидан, унинг табиати ҳам ғоят жўшқин бўлган, ғайрати ичига сиғмаган йигит бўлган. Шу ўринда китобхон “Ие, шошманг, сиз бу одам билан бирон марта бақамти ўтириб гурунглашмаган бўлсангиз, қолаверса, уни мутлақо кўрмаган бўлсангиз, лоақал унинг тўғрисида бирон китоб ёки мақола ўқимаган бўлсангиз, бу инсоннинг фавқулодда истеъдод эгаси эканини қаёқдан биласиз?” дея менга эътироз билдириши мумкин. Бу — тўғри, мен Қосимов билан учрашмаганман, учрашмоғим мумкин ҳам эмас эди, унинг тўғрисида ҳатто юқорида айтилган иккита рисоладан бошқа ҳеч қандай материалга эга эмасман. Аммо суд материалларининг ўзидаги баъзи бир фактларга тузукроқ эътибор берилса, унинг фавқулодда қобилияти тўғрисида қатъий ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Ҳукмдан ва қораловчининг узундан узоқ нутқидан маълум бўлишича, Саъдулла Қосимов 22 ёшидан бошлабоқ суд идораларида ишлай бошлаган. У аввал Тошкент вилоят судининг аъзоси бўлган. Кейин бир йил ўтар-ўтмас вилоят судининг раиси бўлган, 1925 йилда эса, яъни 24 ёшида(!) Республика Олий Судининг раиси лавозимини эгаллаган. Бу лавозим республикадаги энг олий лавозимлардан бири эди. Ўз-ўзидан маълумки, бу лавозимга илтимос қилиб юриб, ёки таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ёрдамида ва ҳатто пул сарф қилиб ҳам эришиб бўлмасди. Ўша пайтларда Олий суд раиси сайланганми ёки тайинланганми — буни аниқ билмайману, лекин бу лавозимга номзод то уни эгаллагунча катта-катта идораларда обдон синовдан, текширувлардан ўтказилган бўлиши муқаррар. Эҳтимолки, у Москванинг чиғириғидан ҳам ўтгандир. Табиийки, номзод зарур сифатларга эга бўлмаса, бу синовларнинг бирортасида йиқилиб қолиши турган гап эди. Йўқ? Саъдулла Қосимов 24 ёшида бу юксак лавозимни эгаллаган ва кейин ҳукмда ва қораловчининг нутқида эътироф этилганидек, беш йил мобайнида муваффақият билан иш олиб борган экан, у шунчаки оддий бир инсон бўлмаган — ё унинг билимлари зўр бўлган, ё у ёрқин ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган, ё зеҳни ўткир бўлган, ё муаммоларни мардона ва тантилик билан ҳал қилиб ташлай олган, ё майда-чуйда гаплардан устун туриб, дадиллик билан қарор қабул қила оладиган бир инсон бўлган. Хуллас, унинг бу мансабни эгалламоғи учун асос берадиган юксак фазилатлар эгаси бўлганига менинг заррача шубҳам йўқ. Аммо айнан шу нарса унинг фожиасига, бевақт нобуд бўлишига асосий сабаб бўлди. Ахир, маълумки — мевали дарахт ҳосилга кириши биланоқ унинг танасида ширасини сўриб оладиган қурт-қумурсқалар, турли ҳашаротлар пайдо бўлади. Худди шунингдек, одам эътиқодли ва фавқулодда истеъдод эгаси бўлса, улар намоён бўлган куннинг ўзидаёқ, унинг истеъдод ва эътиқоди кушандалари пайдо бўлади. Одамзот табиатида ҳасад, кўролмаслик, бахиллик каби сифатлар бошқа ўнлаб фазилатлар билан бир қаторда мангу яшайдиган сифатлардир. Хуллас, Саъдулла Қосимов вилоят судининг раиси бўлган кундан бошлабоқ унинг атрофида кўзга кўринмас душманлари ғимирлаб қолишган, республика судига ўтгандан кейин эса улар кўзга тушган оқдек ҳунук кўринадиган бу “олифта”ни гумдон қилиш йўлига тушишган. Ҳасадгўйларнинг қора ниятлари ўша пайтда болшевиклар яратиб улгурган тоталитар тузум шароитида жуда кенг кўламда қўллаб-қувватланган.
Чақимчилик, думалоқ хатлар, бировларнинг тагига сув қуйиш, “олтинчи бармоқ” ҳар қандай тоталитар тузумнинг “гуллаб-яшнаши”га йўл очадиган омиллардир. Бундан ташқари, пролетариат диктатураси шундай ҳодисаки, унга истеъдодлар керак эмас, айниқса, миллий ўлкаларда мустақил фикрлайдиган, ўзи билиб иш юритадиган одамларнинг сира ҳожати йўқ. Бундай одамлар — ғалванинг кони, улар одамларга раҳнамо бўлиб, бош кўтаришдан ҳам тоймайди. Диктатурага ижрочилар керак, юқоридан айтилган ҳар қандай гапни сўзсиз бажарадиган итоаткор ижрочилар керак. Шунинг учун пролетариат диктатураси “чилпиш сиёсати”ни яхши кўрарди — бот-бот умумий қолипга сиғмай, кўриниб қолган бошларни “чилпиб” турарди. Бу сиёсат халқни содиқ фуқарочилик, кўр-кўрона ижрочилик руҳида тарбиялашга, одамларни эркдан, иродадан маҳрум қилишда жуда қўл келарди. Буюк шоиримиз Чўлпоннинг “бир сомон парчадек оқиб бораман, ҳар буйруқ, ҳар гапни ҳақ деб бораман” деб афсусу надоматлар чекиши бежиз эмас эди. Хуллас, Саъдулла Қосимов бирдан оломон ичидан бир бош кўтарилиб кетган, ўзининг истеъдоди билан лидерга — раҳнамога айлана бошлаган кимса эди.
Унинг иккинчи гуноҳи шунда эдики, у ўзининг судялик фаолиятида қонунларни пролетариат диктатураси манфаатларини кўзлаб эмас, оддий одамлар манфаатини кўзлаб талқин қиларди. Натижада, айбдорларни олий жазога ҳукм қилиш ўрнига ўта кўнгилчанлик билан қанчадир муддатга қамоқ жазосига ҳукм қиларди. Шу йўл билан ўзини инсофли, виждонли, диёнатли қилиб кўрсатмоқчи бўлар, “гуманистлик” ниқобини кийиб олишга уринарди. Пролетариат диктатурасида эса бунақа нарсалар унчалик маъқул кўрилмайди. Негаки, виждон деганлари ҳам, ҳатто гуманизм деганлари ҳам ўтмишда ўйлаб топилган, учига чиққан буржуа аҳлоқининг қуроллари-ку! Инсоф, диёнат деган нарсалар қатъий ҳаракат қилишга, синфий душманларни супуриб ташлашга халақит беради, холос. Пролетар диктатураси — мақсадга элтадиган ҳар қандай восита яхши деб ҳисоблайди — керак бўлса, ур, яна мажақла, керак бўлса от, ос, заҳарла — нима қилсанг ҳам олий мақсадга коммунизм салтанатига яқинлашсак бас. Қосимовга ўхшаганлар эса “қандоқ бўларкин? Бу адолатдан эмас-ку”, деганга ўхшаш минғирлашлар билан оёқ остида ўралашиб, умумий ишимизга халақит бериш ва ҳатто зарар келтиришдан бошқага ярамайди. Шунинг учун ҳар хил Қосимовларни ҳам темир супурги билан аёвсиз супуриб ташлаш керак.
Олис 1930 йилдаги суд жараёнини акс эттирган рисолалар билан танишиб чиққач, мен бунга қатъий амин бўлдим. Ўшанда ҳуқуқшунослик тарихидаги энг бадбашара, энг манфур, энг беандиша фожиали комедиялардан бири ўйналган экан. Бу “суд жараёни” умуман инсон ҳуқуқи, адолат, ҳақиқат деган қадриятларни оёқ остига олиб тепкилаган, одамлар тақдирини ҳал қилишда қонун нормаларига, мантиққа эмас, зўравонликка, ўзбошимчаликка асосланиб иш юритишнинг энг аянчли намуналаридан бири бўлган эди. Бунга амин бўлмоқ учун ишнинг баъзи бир саҳифалари билан танишиш кифоя. Қосимов ва унинг шерикларини суд қилган СССР Олий Суди Жиноят Судлов коллегиясининг суди бошдан оёқ бир томонлама ғаразгўйлик билан иш тутган. Суд ҳайъати учун судланувчилар устидан чиқариладиган ҳукм аввалданоқ маълум бўлган. Шунинг учун салкам уч ой давом этган суд жараёни улар учун шунчаки ўйиндан бошқа нарса эмас эди. Ундаги ҳамма нарса — айбнома ҳам, гувоҳларнинг сўроғи ҳам, қораловчиларнинг нутқлари ва ҳатто судянинг саволларию луқмалари фақат бир нарсага қаратилган — ҳар нима қилиб бўлса-да, Қосимовнинг синфий душман эканини, ашаддий миллатчи эканини, босмачиларнинг малайи бўлганини, савдогарлар, қулоқлар ва бошқа текинхўрларнинг манфаатига хизмат қилганини кўрсатиб бермоғи керак эди. Бу борада, айниқса, давлат қораловчиси Р.Катанян катта жонбозлик кўрсатади. У қораловчи нутқида ўзининг гапга чечанлигини, ҳуқуқшунослик бобида илми ғоятда “теранлигини”, ҳатто кам қўлланадиган лотинча атамаларни ҳам билишини намойиш қилган. Худо уни бир томондан, айниқса, энг оддий инсоний мантиқ масаласида анча сиқиб қўйганини яшира олмаган. Унинг далил-исботсиз айбловлари, бармоқдан сўриб олингандай мулоҳазалари кейинчалик суд ҳукмининг матнида айнан такрорланган.
Улардан баъзи бир мисоллар келтирайлик. Қораловчи Саъдулла Рашидович Қосимовнинг 1901 йилда Тошкентда туғилганини айтади-да — шу жойнинг ўзида “майда буржуа оиласида” деб қўшиб қўяди. Хўш, унинг “майда буржуалиги” нимада экан? Отаси Қосимхўжа Абдурашидов Тошкентдаги атоқли бойлардан бири Юсуф Давидовнинг қўлида гумашта бўлган экан ва унинг учун деҳқонлардан пахта сотиб олиш билан шуғулланган экан, бу ўриндаги чалкашликка қаранг — отасининг исми Қосимхўжа бўлса, Саъдулла нега “Рашидович” бўлади. Бувасининг исмини ота исми ўрнида кўрсатилмайди-ку? Майли, бу ноаниқликни сезмаган бўлайлик. У Саъдулланинг отаси нима иш қилганини гапирган жойда “унинг деҳқонларни аёвсиз эксплуатация” қилгани таъкидланади. Оддий бир гап, лекин бу ҳам тингловчида бу хонадоннинг синфий душман экани ҳақидаги тасаввурни шакллантиришга хизмат қилади. Ҳолбуки, бу ёлғон гап — пахта сотиб оладиган одам деҳқонни сира эксплуатация қила олмайди. Чунки савдо-сотиқ икки томоннинг ўзаро келишуви, ўзаро розилиги асосида битадиган энг ҳалол ишлардан бири. Буни “эксплуатация” деб аташ нохолисликнинг айнан ўзидир.
Кейин Қосимовнинг маълумоти ўрта экани айтилади. Бу ҳам ғалати. Қосимов 22-йилдан меҳнат фаолиятини бошлади дейлик. 1922 йилгача бизнинг ўлкамизда ўрта маълумот берадиган мактаб бўлмаган. Бу ҳам майли — бу гапнинг кетидан қораловчи унинг муаллимлари Эшонхўжа Хони ва Мунаввар Қорилар бўлганини англатади-да, кетидан уларнинг аксилинқилобий ва миллатчилик фаолияти тўғрисида сайраб кетади. Хўп, бу гапларни тўғри ҳам дейлик. Лекин уларнинг Саъдуллага нима даҳли бор? Ахир, мактабга борган бола ўқитувчи танлаш имкониятидан маҳрум бўлади-ку? Бу гаплар ҳам Саъдулланинг болалигиданоқ душманлик руҳида тарбия топганини кўрсатишга хизмат қилади.
Қораловчи Қосимовнинг кимлар билан дўст эканини, ошна-оғайнигарчилик қилганини, гапларда иштирок этганини санайди. Албатта, уларнинг ҳаммаси ҳам, миллатчи, аксилинқилобчи, савдогар ва қулоқ унсурлар. Унинг ўзи ҳам уйида гап берган экан. Ва унда қайнотаси қатнашган экан. Қизиқ, борингки, Қосимовнинг қайнотаси катта савдогар бўлсин, нима, куёви уни уйида бўлаётган зиёфатга киритмаслиги керакми? Ёки қайнота куёвнинг гапида қатнашган бўлса, бу факт қандай қилиб Саъдулланинг миллатчилиги ёки аксилинқилобчи эканини исботлайди.
Ёки яна бир бошқа фактни олайлик: машҳур адвокат Убайдулла Хўжаев Қосимов раислик қилган баъзи суд мажлисларида оқловчи сифатида иштирок этган экан. Шундан кейин қораловчи ҳар нима қилиб бўлса-да, Қосимовнинг унга яқин дўст бўлганини исбот қилишга ҳаракат қилади; уларнинг иноқлигини далиллаши мумкин бўлган бирорта факт арзиса-арзимаса қораловчининг назаридан четда қолмайди: мана, Қосимов билан Убайдулла Хўжаев бирга овқатланишипти. Мана, суд жараёнидан кейин кўпчилик бирга суратга тушишипти — Қосимов унинг энг садоқатли шогирди сифатида ўнг томонида ўтирибди; мана, улар Андижонда бирга ҳаммомга тушишган экан. Буларнинг бари яна ўша гапни — Қосимовнинг миллатчилигини тасдиқлаш учун керак, чунки Убайдулла Хўжаев — Саъдулланинг устози, донғи кетган миллатчи ва синфий душман.
Қораловчи Қосимов биографиясидаги энг қизил фактларни ҳам унга қарши йўналтиришга ҳаракат қилади — бироқ бундай туҳматларни бирор далил билан тасдиқлашдан ожизлик қилади. Масалан, Қосимов 1920 йилда, яъни 19 ёшида партия сафига кирган экан. Қораловчи бу фактни шундай изоҳлайди: “Қосимов партияга кираётганида унинг моҳиятини ва мақсадларини тушунмаган, кейин тушуниб олган бўлса, унга қарши курашмоқ учун тушунган”.
Хўп, булар-ку шунчаки ҳавойи гаплар, туҳматнома бўҳтонлар экан, унинг аксилинқилобчи эканини кўрсатадиган бирор аниқ далил борми? Ахир, шунчалик довруғ солган суд жараёнида фактсиз-далилсиз иш юритмаган бўлишса керак? Ҳа, бор. Масалан, Қосимов бир неча марта пора олган дейилади. У баъзи бир тадбиркорларнинг солиғини камайтириш ҳақида ҳукм чиқарган экан. Ёки баъзи бир босмачиларнинг ҳомийлари ва ҳамкорларига ўлим жазоси тайинлаш ўрнига енгил жазолар беради. Бу даъволар ҳам мутлақо далил-исботларсиз айтилган. Албатта, “Ҳа, энди, қораловчи ҳаддан оширган экан-да!” деб унинг гапларига эътибор бермай қўя қолса бўларди. Лекин буларнинг бари бир ҳарфи ўзгартирилмаган ҳолда шубҳа остига олиб, бўлмайдиган исботланган фактлар сифатида ҳукм матнида такрорланган ва Қосимовга олий жазо бериш ҳақида ҳукм чиқаришга асос бўлган.
Саъдулла Қосимовнинг бениҳоя заковатли ва ҳуқуқшунослик асосларини пухта билиши суд жараёнида ҳам неча марталаб яққол кўринган. У турли бўҳтонлар ва туҳматларга индамай кўниб кетаверган эмас, балки имкон даражасида ўзининг ҳақлигини исботлашга ҳаракат қилган, суддан, қораловчидан айбларини далилловчи фактлар ва ҳужжатлар кўрсатишни талаб қилган, ёзма мурожаат қилган. Масалан, бир талабномасида у “Агар мен аксилинқилобчи бўлсам, буни менга исбот қилиб беринглар!” дея хитоб қилади. Қораловчи эса унинг бу ҳақли талабига сурбетларча шундай деб жавоб беради: “Сиз ўз ҳатти-ҳаракатларингизнинг оқибатлари қандай бўлишини олдиндан кўргансиз, сиз ўз фаолиятингиз билан совет ҳокимиятининг обрўйига путур етказаётганингизни олдиндан билгансиз. Шунинг ўзи бизга кифоя!” Билмадим, бу жавобда қандай мантиқ бор экан? Ҳар ҳолда, СССР Олий Судининг қораловчиси ҳақиқатга мос келадиган гапларни кўпроқ келтирса тузукроқ бўлармиди? Аммо судя учун ҳам, қораловчилар учун ҳам мантиқнинг мутлақо аҳамияти йўқ эди. Улар Қосимовни, у билан бирга яна уч одамни қурбон қилиши керак эди, шундай қилишди ҳам.
* * *
Уларнинг отилиши ҳақидаги ҳукм 1930 йилнинг 21 июн куни ўқилди. Лекин улар қачон, қаерда отилган, қабрлари қаерда — бу ҳанузга қадар маълум эмас. Бироқ мен аминман — ёш тадқиқотчилар қачонлардир бунинг тагига етишади. Бугун эса — Истиқлолимизнинг ўн бир йиллигида шаҳид кетган фидойиларимиз хотирасини ёд этар эканмиз, уларнинг руҳи покларига фотиҳалар ўқиймиз. Шу жумладан, Саъдулла Қосимов деган ўн гулидан бир гули очилмай, нобуд бўлган эл фарзанди шаънига ҳам “Оллоҳ охиратингни обод қилган бўлсин” дея дуолар ўқиймиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 35-сонидан олинди.