Қудрат Дўстмуҳаммад. Зилзила (ҳикоя)

Еттинчи қаватда яшаб турган Садир уйини сотди-ю тўққизинчи қаватдаги Ҳикматулла домланинг тинчи бузилди. У уй олди-сотдисидан безиллаб қолган. Сотиб олган одам албатта таъмир қилади. Гулқоғозларни кўчирадими, девор бўёқларини қирадими ёки эшикни кўчириб ташлаб, энг сўнгги, ғаройиб қулфлар ўрнатилган ва темирдан ясалганини қўядими, домланинг булар билан иши йўқ. Унинг учун энг хатарлиси — бетон деворларни бузиш.
Домла одамларнинг кўнглини тушунади. Уй олган одам орзу-ҳавас билан келиши тайин. Бунда-ай қарайди: хоналарнинг ўрнашуви, катта-кичиклиги, ошхона, ҳожатхона деганлари, ҳаммаси кўнгилдагидек жойлашган бўлавермайди. Барака топкур лойиҳалаган меъморлар ҳам хом сут эмган банда-да, ўзининг ақли етганча лойиҳалайди, ҳаммага бирдек маъқул келадиган қилолмайди-ку.
Ҳикматулла домла яшайдиган уй лойиҳаси, агар эшитгани тўғри бўлса, французлардан олинган эмиш. Фарангилар ўзбек учун лойиҳаламагандир? Ўз ватани, ўз шароити ва ўзининг фарангиларига мослаб лойиҳалагану бизнинг амалдорлардан кимгадир ёқиб қолиб, сотиб олган бўлса бордир, деб ўйларди домла.
Тез кунда хавотири рост бўлиб чиқди. Тонгда ишга кетмоқчи эди, қаердандир аста “тиқ-тиқ” этган товуш келди. Домла қулоқ солди. Ён қўшним бир нимани тузатаяпти, деб ўйлади. Деворга қулоғини яқинлаштирди. Ҳа, ён қўшнисиникидан эшитилаяпти. Нариги хонага ўтиб, қулоқ берганди, у ерда ҳам шунақа аҳвол. Тиқиллаган овоз гўё иккинчи томондаги қўшнидан чиқаяпти. Гиламга ётиб, қулоғини босган эди, пастдан келаётгани билинди.
Ишга кечикишдан қўрқиб, домла овозга ортиқча эътибор қилмади, еттинчи қаватдан келаётган бўлса ҳам таҳлика уйғотадиган эмасди.     

* * *

Домла ишдан барвақт қайтаётиб, уйига яқинлашганда тўққиз қаватли сунъий “тоғ” ва унинг “ғор”ларига разм солди. Йўлакларнинг ўрни пастдан тепагача оппоқ, ажралиб турибди. Шулардан ўзига тегишлисини топди. Еттинчи қаватнинг бетон панжарали кичкина равоғида нимадир қорайиб, дўмбайиб кўринди. Домланинг юраги ачишди — янги қўшни нима қилмоқчи эканини сезди. Ўз йўлагига яқинлашгунича кўзи тепада бўлди. Ўша томондан гурсиллаган овоз баралла эшитиларди.
Ўн дақиқалардан кейин янги қўшни эшигининг тугмасини босди. Эшикни уст-боши чанг бир ўрис йигит очди.
— Вы хозяин квартиры?
— Хозяина нет. Утром придёт.
Домла рухсат сўраб ўтирмай, ичкарига кирди, хоналарга мўралади. Кичик равоққа чиқиладиган эшик, дераза, унинг остидаги бетон пойдевор олиб ташланган, энди панжарани буза бошлашган.
— Что вы делаете! — қичқирди домла, нима қилаётганини кўриб турган бўлса ҳам.
— Ломаю, — жавоб қилди ўрис хотиржамгина, гўё домла ҳеч нарсани билмаяпти-ю у тушунтираяпти.
— Почему?!
— Хозяин сказал.
— А вы знаете, что ломаете прочность здания? Не дай бог, если завтра будет землетрясение, что тогда будет с жильцами?
— Ну, — понимаю… мне платят, я ломаю.
— Нельзя! Прекратите! Я доложу в ЖЭК, милицию!
Ўриснинг ранги ўчди, индамади. Домла ҳам унга ортиқча гап бекор эканлигини сезиб, ортига бурилди.
Аксига олиб, қўшнилардан биронтаси топилмади, тўғри ЖЭКка йўл олди.

* * *

Аччиқ ичакдек чўзилиб кетган тўртта тўққиз қаватли уйнинг охирига етгунча домланинг хаёли бузилди, фикрлари тўзитилган қушлардек ҳар томонга учди.
“Қаёқданам шу тўққизинчи қаватни олақолувдим? Озгина чиқимидан қочмаганимда пастроқдан, ҳеч бўлмаганда биринчи қаватдан олган бўлардим. Имконим бор эди. Эҳ, мен қанақа одамман, ўзи! Қариган чоғимда яна кўчимни кўтариб юраманми? Қаёққа бораман, энди?!”
Домла чувалган хаёлларини идрок қилишга улгурмаёқ, ЖЭКка етиб келди.
Бошлиқ чиқиб кетган экан, навбатчи ўрис хотин домланинг арзини эшитди-да, “Опять ломают!” дея хитоб қилди-да, бир парча қоғозга манзилини ёзиб олди ва сим қоқиш учун бир телефон рақамини берди.
Домланинг ичи ёришиб, уйи томон шаҳдам одимлай кетди. Тўққизинчи қаватдан уй олганига ичидан зил кетиб юргани энди арзимас нарсадек туюлди.
Хонадонига келганида, бояги тарақ-туруқ овозлар эшитилмаётганди. Демак, ўрис йигит панжара бузишни тўхтатган. Ўрис-да, гапга тушунади. Тўғри гапни тан олишади булар.
Навбатчи ўрис хотин берган телефон рақами терилганда, кимдир эринибгина жавоб қилди. Гапнинг оҳангидан ўзбек киши эканлиги билинди, домла фақат “Баталйон” деган сўзни илғаб қолди, ҳайрон бўлди.
— Кечирасиз, қаёққа тушиб қолдим?
— Милитсия санитар баталйони.
— Менга шу рақамни беришувди.
— Нима масалада?
— Бетон уйни бузишаётганди, шунга…
— Ундай бўлса, ЖЭКка боринг, ҳокимликка боринг.
— Сизлар бунақа ишга қарамайсизларми?
— Йўқ. Рухсат этилмаган жойга ахлат ташланган бўлса, борамиз.
— Кечирасиз.
Домланинг ҳафсаласи пир бўлиб, хомуш бир алфозда ўтирганча қолди. Кўз олдига навбатчи ўрис хотин келди. Билиб туриб шу рақамни бердими ёки билмай?..
Бир пас хаёл суриб ўтирди-да, телефонда “09” рақамини терди, туман ҳокимлигининг телефон рақамини аниқлаб, бир неча бор сим қоқди. Ниҳоят, котиба жавоб қилди.
— Қизим, одамлар бетон уйни бузишаётган бўлса, кимга арз қилиш керак?
— ЖЭКка чиқинг.
— Ҳокимликдан ҳеч ким шуғулланмайдими?
— Қурилиш бўлимига айтинг.
— Телефонини билмайман-да.
Котиба айтди, домла ёзиб олди.
Қурилиш бўлимида гўшакни ҳеч ким кўтармади. Домла уф тортди, бояги тушкун руҳ яна бостириб кела бошлади. Елкасидан тоғ босди, қаддини ростлади-да, яна котибага сим қоқди.
— Қизим, қурилиш бўлимидагилар жавоб беришмаяпти. Илтимос, арзимни ўзингиз ёзиб олинг.
— Мен ёзиб ололмайман. Ҳозир ҳамма мажлисда, бир пасдан кейин чиқиб қолишади, яна қўнғироқ қилинг.
Домла яна хаёллар оғушида. Ўн беш йил бурун уй оламан, дея югуриб юрганларини эслади. Эзилиб-ла кетган эди, ўшанда. Уй-жой ширкатига ҳужжат тайёрлаш жуда қийин кечди.

* * *

Домла яна сим қоққанди, ҳайтовур, гўшак кўтарилди.
— Қурилиш бўлимими?
— Ҳа.
— Бетон уйимиз деворини бузишаяпти.
— Ким?
— Янги кўчиб келган одамлар.
— Миршабга боринг, айтинг ҳаммасини. Келиб, қанақа одамлигини текширади.
— Қанақалигида гап йўқ. Сотиб олган, энди таъмир қилаяпти.
— ЖЭКка чиқиб айтинг.
— Сизлар бунақа ишга аралашмайсизларми?
— Э, ока, аралашвуриб балоларга қолдик-ку.
— Энди нима қилдим? Девор бузилса, уйнинг зилзилабардошлиги пасайиб, эрта бир кун ер қимирлаб берса, нима бўлади? Наҳотки, сизлар аралашмайсизлар?
— Йўқ. ЖЭКка боринг.
— Балки, қараб турмассизлар? Бир ўйлаб кўринг. Ҳар эҳтимолга манзилни ёзиб олинг.
— Хўп, айтақолинг.
Домла айтди, у одам ёздими, ёзмадими, ёзса ҳам бу одамнинг соддалигидан кулиб қўйдими, телефон орқали кўриб бўлмаса!..

* * *

Қош қорайди. Домла қўшнилар билан гаплашишга аҳд қилди. Бу ишда кўплашиб уринмаса, бўлмайди. Кўпчиликнинг гапи — гап-да! Ишни ўз қаватидаги, рўпара қўшниси Усмондан бошлади. Унинг тўртта боласи бор, ҳаммаси мактаб ёшида. Эшикни Усмоннинг ўзи очди.
— Э, келинг, домла! Киринг.
— Йўқ. Сиз бу ёққа чиқинг.
Қўл бериб кўришдилар.
— Усмонжон, шу уйдан кўчиб кетмасам бўлмайди, шекилли.
— Нега, домла?
— Кўрмайсизми, яна бузишаяпти-ку.
— Э-э-э…
— Янги қўшнига бир нарса деймизми?
— Бузса, бузар, сотиб олган, ўзининг уйи.
— Бутун уйнинг зилзилабардошлиги пасаймайдими?
— Э… бузса, бузар, — кулди Усмон. — Бутун шаҳар бузиб ётибди-ку. Битта биздами? Одамлар пул билан ним-ма ишлар қилмаяпти! Ўзиз тушунасиз-ку.
— Мен ҳам ўзимни шундай юпатишим мумкин эди, лекин бу — тўғри иш эмас-да.
— Хўп. Биз нима қила оламиз? Давлат чиқариб қўйган қонун-қоида борми, ўзи?
— Бунақа нарса умуман йўқ.
— Унда биз нима дея оламиз?
— Уйни бузмайсан, деймиз, сабабини тушунтирамиз. Одамлар индамай юраверса, давлат ҳам қонун чиқармайди.
— Янги қўшни нима қилмоқчийкан, ўзи?
— Кичик равоқнинг бетон панжараларини синдираяпти, эшик-деразасини кўчириб бўпти.
— Ўша кичкина равоқ нимага керак, ўзи? Бир нарса қўёлмасанг, бемалол кириб чиқолмасанг. Кўрпа тахлаб қўймоқчи бўлсанг, сиғмаса! Нима кераги бор? Очиғини айтганда, шу ерда яшаб қоладиган бўлсам, мен ҳам бузмоқчиман. Эшик-деразасини олиб ташлаб, мундоқ, болаларимнинг устол-устулини бемалол қўядиган жой қилмоқчиман.Французлар бу равоқни кашандалик учун ажратган бўлса керак. Бизга бунақаси тўғри келмайди.
Домла: “Равоқ сиз айтганчалик тор эмас, мана биз бемалол кўрпа тахлаймиз, кириб-чиқаверамиз”,— демоқчийди, Усмоннинг гавдасига қараб: “Эҳтимол, бунга торлик қилаётгандир”,— деган фикрга борди.
— Менга қаранг, Усмонжон! Яхшими, ёмонми, лойиҳа риёзий ҳисоб-китоблар билан ишлаб чиқилганми?
— Ҳа, худди шундай.
— Бетон панжаралар ичида пўлат зувалалар борми?
— Бор.
— Шу зувалалар кесиб ташланса, деворга таъсир этаётган кучни нима ўзига олиб, бошқа ёққа ўтказади-ю тарқатиб, сўндириб юборади? Сиз риёзиётчисиз, зуваланинг вазифаси эмасми, бу?
— Айнан, менинг соҳам бунақа ҳисоблар. Панжаранинг зувалаларига ҳеч қанақа куч тушмайди.
— Йўқ! Мен бунга ишонмайман. Сиз ўзингизни четга тортиш учун шундай деяпсиз.
— Очиғи, мен бунақа ишга аралашолмайман, вақтим ҳам йўқ.
— Мен сизни югур-югурга жалб қилмоқчи эмасман. Ҳокимликка арзнома ёзсам, қўл қўясизми?
— Ҳамма қўл қўйса, мен ҳам қўяман.

* * *

Қўшниларнинг биттаси билан маслаҳат пучга чиқди. Зиёлининг муносабати шундай бўлгач, бошқалардан нимани кутиш мумкин?
Ҳикматулла домла нима қилишини билмай қолди. Ҳамма қаватда яшайдиганларни бир-бир кўз олдига келтирди. Қай бири жиддийроқ қараркин, қўллаб-қувватларкин? Бизга бари бир деб қолишса, домла нима деган одам бўлади. Юзи шувут бўлиб, орада “ёзғувчи” деган иснод орттириб олмасмикин.
Қўшни йўлакда яшайдиган Исроил қўл қўйиши мумкин. У ҳам домла, анча ёш, тўққизинчи қаватда эмас, саккизинчида истиқомат қилади.
Ҳикматулла домла унга мурожаат этишни ўзига эп кўрмади, чунки бу йўлакдаги буз-бузлар унга кўпам ташвиш келтирмайди, қолаверса, ўзининг йўлагида ўн саккизта оила бўла туриб, қўшни йўлакдан мадад сўрасинми?
Домла кўп ўйлади, энди бир илинжи саккизинчи қаватдаги Азиздан.. Девор бузаётган қўшни унинг шундоққина пастида, тарақ-туруқ, гурсиллаган овозлардан у кўпроқ азият чекади, уйга бир кори ҳол бўлса, энг аввал унга зарар етади. Олтинчи қаватдагилар ҳам Азиз билан баравар безовта бўлишади, лекин ҳар бир хонадон ўз остидаги уйдан хавотир қилиши табиий, тепадагидан қўрқмайди. Бундан ташқари, Ҳикматулла домла эшитишича, олтинчи қаватдаги қўшни панжарага тегмаган бўлса-да, кичик равоқни ажратиб турган тўсиқни аллақачон олиб ташлабди…
Новчагина, доим лабида табассум илиниб турадиган, лекин ҳеч қачон кулмайдиган Азизнинг болалари кўп, бир этак норасидалар. Домлани илиққина қарши олди-ю, маслаҳатга келганда терслик қилди.
— Нима бўпти? Бузса бузвурсин, ўзининг уйи.
Ҳикматулла домла, бир кун ер силкиниб берса, хатарли эканини тушунтирмоқчи эди, Азиз қўл силтади:
— Э, Худо сақласин, денг. Нафасиззи иссиқроқ қилинг.
Бошқа гап ортиқча эди, домла индамай тўққизинчи қаватига жўнади.

* * *

Эрталаб домла ЖЭКка йўл олганди, бир нарса хаёлига келиб, ортга қайтди. Олдин янги қўшни билан гаплашиб кўрай, гапни тушунадиган одам бўлса, деворни бузмай қўяр, балки. Унинг олдидан ўтмай, ЖЭКдан одам бошлаб келсам, яхши бўлмас, деди. Йўлакка кираверишда бир пас туриб қолди, назарида янги қўшни ана-мана келиб қоладигандек. Ҳали танимайди, лекин нотаниш одам келса, қадам босишига қараб ўзидан сўрайди-да.
Бир йигитча йўлакка кирди. Юриши ўхшамайди, у эмас. Салдан кейин икки киши уйнинг қаватларига қараб-қараб: “Шуми? Шу ёқдами?” — деб гаплашиб келаверди. Домла индамай кузатди. Ёши қирқлар атрофида, иккаласи баравар салом берди. Еттинчи қаватдаги хонадон рақамини сўраб, шу йўлакдами, дейишди ва домла тасдиқлагач, “Телефон қилишган экан”, деб кириб кетишди. Домланинг юраги бир сира ҳаприқди. Наҳотки, ҳокимликдан келишган бўлса? Лекин кийинишидан ишчиларга ўхшайди-ку. Бориб, билиб келинглар, деб юборишдимикин?
Домла ҳам еттинчи қаватга чиқди. Эшикни бояги кишилардан бири очди.
— Сизлар ҳокимликданмисизлар?
— Йўқ, — деди эшик очгани. — Чилангармиз. Уйимизга телефон қилиб, ишга чақиришибди.
— Хонадон хўжайини шу ердами?
— Ҳозир келиб қолади. Гаплашдик.
Уй эгаси кўп кутдирмади. Эшикдан кириб келган гавдали аёлнинг кўзи домлага тушиб, алланечук чақнаб кетди. Домла ҳам уни қаердадир кўргандек. Иш излаб келганлар гап бошлаб, домла ўйлаб олишига имкон яратишди. Аёл хонадан хонага ўтиб, қилинадиган ишларни кўрсатди. Ниҳоят, домлага қараб,
— Ўтиришга таклиф қиладиган жой ҳам йўқ, — деди.
— Ўтиришнинг мавриди эмас. Ман тўққизинчи қаватдан қўшниз бўламан.
— Э, кеча сиз келувмидиз?
— Ҳа, аввало, уй муборак. Буюрсин. Тўйлар қилинг.
— Раҳмат, амаки. Аҳил қўшни бўлиб юрайлик.
— Кўзимга иссиқ кўринаяпсиз.
— Ҳа, бирор ерда кўргандирсиз-де, амаки, — кулди аёл.
— Қаердалигини эслолмаяпман-де.
Аёл яна кулди, афтидан, у домлани эшикдан кириб келгандаёқ таниганди.
— Балки, сиз эслатарсиз?
— Бозорга ҳар куни кириб турасиз-ку, — деб яна кулди аёл.
— Э, ҳа! Бўлди, бўлди! Энди эсимдан чиқмайди. Мана, қўшни бўбмиз. Яхши. Энди, муддаога ўтсам, сиздан бир илтимос, қанча таъмир бўлса қилинг-у, лекин деворни буздирманг.
— Нага?
“Нага”лигини домла тушунтирди, биргина ўзи эмас, бошқалар учун ҳам хатарли эканини айтди. Қайсидир мамлакатларда кучли зилзила бўлиб, уйлар босиб қолганигача мисол келтирди.
— Вой, амаки, бундан ҳечам қўрқманг! Ҳеч нима қимийди. Ман қурувчиларни обкеб кўрсатдим, олиб ташлайверинг дейишди.
— Қурувчи ўзига иш топиш учун айтаверади,— домла бўш келмади. — Нима бўлганда ҳам лойиҳачилар ҳаммасини ҳисоб-китоб қилишган. Ўзи-ку, қурувчилар уйни не аҳволда кўтаришган, фақат ўзлари-ю яна Худога аён. Лойиҳани бузмасдан ишлай олмайдилар, бу — ойдек равшан. Шуниси етмагандек, ҳар бир оила яна аллақаерларини бузса, уйнинг зилзилабардошлигидан асар қолмайди-ку.
— Вой, амаки! Энди, сизни деб уйни сотиб кетарканман-де!..
— Қани, бир гаплашиб кўрай-чи, гапга тушунадиган одамлардир, деб келганим. Энди, мандан хафа бўлмайсиз, ЖЭКка, ҳокимликка бораман.
— Қаёққа борсайиз, борвуринг!
Домла пишириқлар сотиладиган бозорда шанғиллаб турадиган овозни энди таниди. Ўз хонадонига кирган ҳам эдики, гурсиллаган зарбадан ҳамма ёқ титраб кетди. Зарба кетма-кет тушаверди. Кампир деразани очиб, токчасига қопланган тунукани тақиллатди.
— Қўявер! Бари бир эшитмайди.

* * *

ЖЭКдагилар нимагадир югургилаб қолишган. Бошлиқ аёл — Ҳафиза димоғига зўр бериб: “Ҳа, бўл!” — қилаяпти, бошқалар бирма-бир ташқарига чиқишаяпти. Ҳафиза домлани кўриб, илиққина сўрашди, арзни эшитиб: “Хабарим бор. Ўша хонадоннинг телефонини биласизми? — деди. Домла, йўқ, деганди, “Муовинимга айтаман, ҳозир боради,” — деди-да, ўзиям ташқарига чиқди.
Домла навбатчи аёлнинг рўпарасига ўтириб, кеча сим қоқиб дараклаган одамларнинг бу ишга алоқаси йўқлигини айтди. Кутавериб тоқати тоқ бўлгач, нав-батчидан муовинни сўраганди: “Ҳамма нариги уйнинг ҳовлисида”, деди. Ўша томонга борганди, ростданам ЖЭК одамлари ҳовлидаги хазонларни супураётган экан. Ҳафиза қўлини белига тираб кузатаяпти.
— Шу иш уй бузилишидан ҳам зарурми? — деди домла унга яқинлашиб.
— Ҳокимликдан одам келармиш, тозалаб қўймасак бўлмайди, — деди Ҳафиза манқаланиб ва муовинга қарата: — Бўлганидан кейин сан буларнинг уйига бориб келасан, — деб қўшиб қўйди-да, ўзи идорасига қайтди. Домла унга эргашди.
— Ўзиз борсайиз бўлмайдими?
— Вой, ман бир ўзим қайси ишга улгураман? Ҳали униси келади, ҳали буниси! Бир ёқда уйларга иссиқ сув бериш керак, бир ёқда…
— Уй бузилаяпти! Ҳазилакам иш эмас! Эрта бир кун зилзила бўлиб қолса, уй босиб тушмайдими?
— Хўп, амаки, ўзим бораман, Фақат навбатчи миршаб келсин, бирга бораман. У баённома ёзади. Бузаётган одамга жарима соламиз, жазолаймиз.
— Жазоламанг, керакмас. Ундан нима фойда? Бузишни тўхтатинг.
— Хўп. Хўп. Ҳозир миршаб идорасини очади. Келиб қолади, соат тўққизга яқинлашди. Бир пас кутинг.
Яна кутиш бошланди. Узоқдаги гурсиллаган овоз бу ерга ҳам етиб келаяпти. Ҳар гурсиллаганда, домланинг ичи узилиб кетаётгандек. Соат ўн бўлдиямки миршабдан дарак йўқ. ЖЭК ходимлари ҳам ғойиб бўлишди, фақат навбатчи билан ғазначи ўз жойида. Соат ўн бирда миршаб кўринди. Бошяланг, қўлида калит ўйнаб келаяпти, ёнида бир йигит, коржомада. Улар ЖЭК идораси ёнидаги темир эшикка томон келишаётган эди.
У — майор экан. Домла кутиб турганини тушунди-да, “Келинг” деб қўйди, эшикни очаётиб ёнидаги йигитга айтаётган гапини давом эттирди: “Ҳозир текшириб кўрамиз-да”.
Домла майорга арзини айтди.
— Мана, обкелдим. Шу бола бузаяптими?
— Йўқ, бу эмас, — деди домла ҳайрон бўлиб.
— Бешинчи қаватдаги деразани кўчираётган экан.
— Йўқ. Ман айтаётганим еттинчи қаватда, панжарани бузаяпти.
— Ҳа, у бошқа экан. ЖЭКка айтдизми?
— Айтдим. Сиз билан бирга боришармиш. Баённома ёзаркансизларми, Ҳафиза шундай девди.
— Далолатнома тузиш ЖЭКнинг иши, биз бузаётган одамни текширамиз. Ким у, қаердан келган, пропискаси борми, йўқми?
— Ҳафизахон ўзим бораман, деб айтди, фақат сизни кутиб турувди. Қаёққадир обкетиб қолишди, шекилли. Биргалашиб боринглар, ман ишга кечикаяпман.
— Хўп, амаки, бораверинг, ўзимиз текширамиз, — деди майор.
Домла ташқарига чиқаётганида, майор йигитга: “Яна бир марта ушлаб олсам…” дея гап бошлади.

* * *

Домла кечқурун ишдан қайтаётса, еттинчи қаватдаги гурсиллаш ҳамон давом этарди. Хонадонига кирмасдан тўппа-тўғри назоратчи хонасига йўл олди. Майор билан лейтенант ўтирган экан.
— Амаки, эртага бормоқчийдим. Ҳозир у одамни обкелиб, ўтқазиб қўяй десам, кеч бўб қолди, бари бир чиқариб юборишим керак.
— Ҳалиям бузиб ётибди-ку.
— Сан бориб обке, ўша одамни, — буюрди майор лейтенантга. — Боя сиз кўрган бола прокурорнинг хонадонида ишлаётган экан. Обориб топширворувдим, прокуратурадан телефон қилиб: “Нима қивоссила?” — дейишди. Мажбур бўлиб, яна жойига обкеб қўйдим.
Домла майор бераётган “ҳисобот”дан ҳайрон бўлди, бунинг манга нима алоқаси бор, демоқчи эдию, айтолмади. Эҳтимол, аҳамияти бордир? Шу тариқа бир нималарни англатмоқчидир?
— Бу, одамларга ҳайронман, — давом этди майор. — Уйни тўққиз баллга мўлжаллаб қуришган бўлса, шундан еттитаси қолдимикин?
“Шуни билиб, индамай ўтирганингга ман ҳайронман”, деди домла ичида.
Домла лейтенантни еттинчи қаватда тушириб, ўзи тўққизга кўтарилди.

* * *

Еттинчи қаватда буз-буз бошланганига уч кун бўлди. Домла эрталабдан ЖЭКка йўл олди. Ҳафизага бир-икки нордонгина сўз айтиш ниятида кириб борса, у навбатчи аёл олдида тик турганча нималарнидир муҳокама қилаяпти, домлани кўриши биланоқ ўзи гап бошлади:
— Кеча боришипти-ку. Прокуратурадан одам келибди,— деди гўё ҳамма ишни битириб қўйган бўлиб. Домланинг костюми енгига чанг юққан экан, аста қоқиб қўйди.
— Прокуратурадагилар ўз иши билан сим қоқишган. Миршабни кечқурун ман обордим.
Ҳафиза энди домланинг елкасида чанг кўрган бўлиб, қоқиб қўйди, бу — аллақайси кинодаги жиннихона бош ҳакимининг ҳаракатларини эслатарди. Домланинг ғаши келса ҳам гапидан чалғигиси келмади.
— Сиз нага бормадиз? Муовинниям юбормабсиз.
— Назоратчига ўзим кириб айтиб қўйдим, борипти-ку! — Ҳафизанинг нафсонияти жунбушга келди.
— Ман сизни тушунолмаяпман, — домланинг авзойи бузилди.
— Тўхтанг! Ўша хонадон телефонини биласизми?
— Кечаям сўраган эдингиз, билмайман, дегандим.
Ҳафиза навбатчи хотиннинг устолидаги бир дафтарни олди-да, ўз хонасига кирди. “Бу ёққа келинг, ҳозир телефон қиламиз”, деди. Ўз ўрнига ўтириб, ўша хонадон ёзилган саҳифани очди. “Мана, боракан рақами”, деди.
Гўшакни ҳеч ким кўтармади.
— Хўжайини ҳали келмаган, бир пасдан кейин телефон қиламан, жавобини сизга айтаман. Сизнинг телефониз неччи?
— Манга жавоб бериш керак эмас, девор бузаётганни тўхтатиш керак!
— Хўп девотман-ку! Айтинг, телефонизни.
— Қўйинг, сиполикни! Анави дафтаризда ҳаммаси бор.
Домла шаҳд билан чиқиб кетди.

* * *

Домла туман ҳокимлигига ҳам шаҳд билан кириб келди. Қурилиш бўлимини суриштириб топди-да, хонага мўралади.
Каттакон хонада одамлар кўп, чақчақлашиб ўтиришибди. Ичкари кириб, одамларга бир-бир қараб чиқди. Ҳаммаси ёш-яланг йигитлар. Биттаси аллақандай ҳангомани айтиб, бошқаларини кулдираяпти. Домла атайлаб индамай тураверди. Домла қараса, йигитлар инсофга келадиган эмас.
— Мен билан ҳам гаплашасизларми? — деди.
— Нима гапиз бор, — деди ҳангома айтаётган бола.
Домла арзини қисқагина тушунтирди.
— Аризангизни котибага ташлаб кетинг. Улар қайд қилиб, кейин бизга юборишади.
— Ариза ёзмадим. Оғзаки айтаман.
Йигитчалар бир-бирига қараб олишди.
— Унда, тўртинчи хонага киринг, — деди ҳангомачи ва ҳикоясини давом эттиришга чоғланди.
Тўртинчи хона ҳоким котибасининг рўпарасида экан. Эшикка “муовин” деб ёзилган. Домла тортиб кўрмоқчи эди:
— Сизга ким керак? — деди котиба.
— Мани шу хонага кирасиз, дейишувди.
Котибанинг бир юзи тиришди. “Кутиб туринг, муовин ҳокимнинг ҳузурида” деб қўя қолди.
Домла устулга чўкиб, уҳ тортди. Кириб-чиқаётган ходимларга, арзнома билан келганларга разм солиб ўтирди.
Тушундики, бир ўзининг номидан бўлса ҳам арзнома битиб келиши керак экан. Энди, кап-катта одам учраган тирранчага арз қилиб юрибди. Адолатсизлик қилишдан кўра “ёзғувчи” деган ном даҳшатлироқ. Қаерда сени эслашса, шу тамғани босиб гапиришади…
Домланинг хаёлларини ҳокимнинг очилган эшиги тарқатиб юборди. Муовин чиқиб келди-да, эшик тагида ўтирган домлага парво қилмай, ичкари кириб кетди. Домла котибага савол аломати билан қаради, у тушуниб бўлмайдиган имо қилди. Домла эшикни журъатсизгина очиб, киришга рухсат сўради. Уч дақиқа ўтар-ўтмас тарвузи қўлтиғидан тушиб чиқди-да, котибага ҳам қарамай, ташқарига отилди.

* * *

Ҳоким муовини дастлаб сўрагани арзнома бўлди. Кейин домланинг важларини эшитиб, бироз норози бўлди, лекин манзилни, бузилаётган уйни, домланинг исми-насабию уй телефонигача ёзиб олди: “Бораверинг , чора кўрамиз”, — деб гапни қисқа қилди.
У автобусга ҳам тушмай пиёда юргиси, хаёлларини жамлаб, руҳини мувозанатлаб олгиси келди. Чорраҳани амаллаб кесиб ўтди-да, узун йўлакдан кетди. Унинг ботинида ғалаён қўпган эди.
Муовин ёмон одамга ўхшамади, масалага жиддий муносабат билдирди, бироқ “Чора кўрамиз” дегани ёқмади. Нима экан, чораси? Девор бузилишини зудлик билан тўхтатишни ўйлаган одам ўша заҳоти ЖЭКка сим қоқиб, “Тўхтатинг!” деб буйруқ қиларди-да, кейин кўрадиган чорасини кўраверарди.
Домла энтикиб нафас олди, узоқ уф тортди.
“Тўғри гапни тан олишни билмаймиз-да. Бу — ҳақиқатнинг юзига тик қаролмаслик, деган гап. Ҳали кўп ўрганишимиз керак экан, кўниккунимизча жуда кўп қовун пишиғи ўтади, шекилли.”
Хаёллари ўша пайтлар бермаган порага бориб тақалаверди.

* * *

…Домла пул тўлаб қўйган ширкат уй бир ой эмас, икки ойда аранг битди. Уйларни тақсимлаш кунини сўраб, идорага келганида, ширкат раиси уни гапга тутиб, қаерда яшаб турганини, иш жойини сўради ва ниҳоят:
Сизга ҳам ордер ёзиб қўйганман, лекин ҳокимликдан, бермай туринглар, дейишди. Чунки ҳужжатларингизда камчилик бор экан. Тўғрилашингиз керак.
Домланинг юраги шиғ этди. Ахири, ўша чатоқ жойини топибди-да? Бу жузъий камчилик, уни тўғрилаб бўлмаслигини, ҳозирги кунда ота-онадан қолган каталакдек ҳовли-жойда иккита катта оила яшаб турганини, қўшимча уй қурадиган жойнинг ўзи йўқлигини, яна анча-мунча асосларини айтди. Ҳар қанча тушунтирмасин, бошлиқ без бўлиб, нуқул юқоридагиларга ағдаради, мен ҳеч нима қилолмайман, дейди.
Ўша кунлари домла девонага ўхшаб қолди. Оғзи энди ошга етганда, ундан бенасиб қилмоқчилар. Кимга арзини айтсин? Ҳокимлик номига икки варақ тушунтириш хати ёзиб қўйди, лекин ижобий ҳал бўлишига кўзи етмади. Обормади.
Ногоҳон, эсига собиқ толибаси, ширкатда ишлайдиган аёл келди. Ўша заҳоти идорага бориб, аёлни топди, мушкулини айтди. Аёл индамай эшитди-да, хўп, гаплашаман, деди ва ўзи ҳам дилидаги бир гапни айтди:
— Сиз ҳужжат топшириб чиққаниздан кейин бошлиқ хонасига кириб, “Мани ўқитган домла бўладилар, пастроқдан уй беринг”, деб илтимос қилдим. “Ўзи сўрадими?” девди, ман ўшанда ҳеч нима деёлмабман-а!
— Ҳечқиси йўқ. Манга тўққизинчи қават ҳам бўлаверади, — яна эски гапини такрорлади домла.
Дейишга дедию, ичидан зил кетди ўшанда, мана, ўн беш йилдирки ўша гаплар юрагини алғов-далғов қилиб, ”Пора олмаганман, бермайман ҳам!” деган ақидасидан воз кечишга ундайди.
Собиқ толиба ўз ваъдасида турди. Ордер қўлга тегадиган қилиб, гаплашиб берди. Домла энди ширкатнинг бош муҳандисига учрашиши керак. Иш вақти тугашига яқин борди. Мош еган хўроздек қизариб юрадиган муҳандис қабул қилди. Ҳол-аҳвол сўрашиб бўлиб, ширкат бошлиғи ордерни унинг қўлига топширганини айтди ва “Қанча бермоқчисиз?” деди.
— Ўзиз айтақолинг.
— Мани тўғри тушунинг, ўзимга сўравотганим йўқ. Домла экансиз, манга қолса, шундоқ берворардим.
— Тушунаман, айтаверинг.
— Уч юз сўм берақолинг.
Хайрият, деди домла ичида. Чўнтагидан пул чиқариб, муҳандисга узатаётган эди, у “Тўхтанг” деди ва ўрнидан туриб эшикка йўналаркан, “Юринг” деди домлага қарата.
Икковлашиб йўлакнинг охиригача боришди. Муҳандис бир ҳужрани очди, бекор ётадиган хона экан. Ичи гир айлана ёғоч тахталар, ҳаммаси лиқ-лиқ қоғоз. Муҳандис бир токчадаги қоғоз уюмини кўтарди-да, домлага кўрсатди.
— Мана шу ерга қўйиб, кейин хонамга борасиз. Тушундизми?
Домла муҳандис айтгандек қилиб, хонасига борди.
— Мана, ордериз.
Ўша дақиқадан бошлаб, домла тўққизинчи қаватдаги тўрт хонали хонадоннинг қонуний эгаси бўлиб, ўзини етти қават осмонда ҳис этди. Энди бўлса, ўша пайтда қилиб қўйган ишларидан етти қават ер остига кириб кетгудек бўлиб юрибди.

* * *

Домла кечқурун уйига қайтиб не кўз билан кўрсинки, еттинчи қаватнинг равоғи бомба тушгандек ўпирилиб ётарди.
Тушунарли. На ЖЭК, на ҳокимлик қараган! Биттаси келиб кўрмаган, ҳой, нима қилаяпсан, демаган. Келган, деган бўлсаям…
Домла эзилиб кетди, лифт тугмасини босган эди, ҳеч қанақа овоз бермади. Бу ёғи ҳам тушунарли: лифт ишламаяпти. Ҳар қаватда тўхтаб-тўхтаб, тўққизинчига аранг чиқиб олди. Еттинчидан ўтаётганида бозорчи аёл, уймалашиб юрган экан, пичинг қилди:
— Ҳа, амаки, қўлиздан нима иш келди?
Домланинг нафаси тиқилганидан ҳеч нима деёлмади, демоқчи ҳам эмас. Бунақаларга панд-насиҳат ҳайф.
Хонага кирди-ю катга таппа ташлаб, қимирламай ётди. Кампири гапга солиб, чалғитиб кўрди. Чарчадим, деб ётаверди…
Қаердадир деворга зарб билан уришди, ҳамма ёқ ларзага келди. Яна, яна. Уйнинг деворлари қисирлай бошлади. Домланинг кўз ўнгига ўпирилиб ётган равоқ келди, яхшилаб қараса, тўққиз қаватли уйнинг ҳамма деразалари-ю равоқлари шу аҳволда. Одамлар ўз хоналарида туриб, қўлидаги гурзи билан уйининг шипига ураяпти. Кампири бўлса, дераза токчасига қопланган тунукани тақиллатаяпти. Домла ердан туриб, уни тўхтатмоқчи бўлади, лекин овози чиқмайди.
Уй шамолда тебранган дарахтдек бориб-кела бошлади. Домла буни ўз кўзи билан кўрди, айни вақтда ўз хонадонида — тўққизинчи қаватида эмиш. Бетон деворлар ағанай бошлади. Дод-вой, қий-чув! Дунёни аллақандай, тушуниб бўлмайдиган даҳшатли овозлар тутиб кетди. Қочиш керак! Лекин қаёққа? Лифт ишламайди, зиналарни ағанаётган деворлар тўсиб ташлаяпти. Домла ўзини бўшлиққа отди ва… учиб кетди. Оёқларини жуфт қилиб узатганча, ўтирган кўйи ҳавода сузиб бораяпти. Бир-бирига тиралиб қолган деворлар орасидаги бўшлиқлардан ўтаркан: “Деразадан сакрасам бўларкан”,— дея афсусланди ва кампири ёдига тушди, шу заҳоти яна ўз хонадонида пайдо бўлиб қолди. Кампири дод солиб, ўзини дуч келган тарафга ураяпти. Домла уни даст кўтарди-ю деразадан пастга отилди.Бу гал учиш қийинроқ кечди, шундай бўлса ҳам қўниш учун уйнинг этагидан нарироқни мўлжаллади. Пастдаги одамлар митти бўлиб кўринади. Домла ерга яқинлашгани сари учиш қийинлашаверди: “Нимжонгина кампирим мунча оғир бўлмаса?” деб, бундоқ қараса, кўтариб учаётгани бозорчи аёл экан.
Сесканиб, кўзларини очди.
Эрталаб домла нонушта қилаётганида кампири қўшнисиникига чиқиб, янгилик топиб келди: бозорчи хотин хонадонида уймалашиб ётган алланарсага қоқилиб кетиб, оёғи синибди ва тундаёқ касалхонага тушибди. Бу фалокатни эшитиб, домланинг эти жимирлаб кетди.
“Ахир, ман дил-дилимдан оғринмаган эдим-ку. …Уйида одам бўлса, кўнгил сўраб қўйиш керак экан”.