Абдулла Аъзам. Ўрта Осиё мумтоз илмий мероси: истифода муаммолари

http://n.ziyouz.com/images/ulugbek-madrasah.jpg

Ўрта Осиёдан етишиб чиққан олимлар томонидан жаҳон илм хазинасига қўшилган ҳиссанинг нақадар буюклиги фан тарихчилари томонидан қайд этилган, жамиятшунослар, публицистлар, журналистлар томонидан эса мунтазам тарғиб қилиб келинади. Лекин ана шу буюк ҳисса конкрет нималардан иборат деган саволга жавоб, тор доирадаги мутахассисларни ҳисобга олмаганда, кўпинча умумий мулоҳазалардан иборат бўлади. Бу ҳолат ҳатто дарсликларда ҳам кузатилади. Масалан, физика дарслигида Беруний, Ибн Сино каби олимларнинг таржимаи ҳоллари ҳамда илмий фаолиятлари ҳақида қомуслардан олинган умумий маълумотлар илова тарзида баён қилинади-ю, аммо ҳар бирининг муайян фан ривожига қўшган ҳиссаси илмий факт сифатида асосий матнга сингдирилмайди. Қиёс учун тасаввур қилайлик: Ньютон буюк табиатшунос аталиб, таржимаи ҳоли берилса-ю, аммо механиканинг асосий қонунлари унинг номи билан аталмаса?! Буюк аждодларимизнинг фан тараққиётидаги ҳиссалари дарсликларда конкрет тарзда баён этилмаслиги эса уларнинг илмий ихтиролари номларидан ажралган ҳолда ўқитилади ва ҳолат шу тарзда авлоддан авлодга ўтаверади.

Мазкур номувофиқликнинг сабаби нимада? Ўрта Осиё мумтоз фани ютуқларининг истифодаси қониқарсиз ҳолда қолиб келаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Тўғрироғи, бу ҳолатни тузатиш учун қандай чоралар лозим?

Муаммони ойдинлаштириш мақсадида яна конкрет фан соҳаси — математикага мурожаат этайлик. Бу фан тараққиётида Ўрта Осиё олимларининг ўрни бус-бутун босқични ташкил қилиши бугун ҳар бир маълумотли кишига маълум. Лекин на ўрта мактаб, на олий мактаб дарсликларида ана шу олимларнинг номи билан аталадиган теорема, лемма ёки формулани учратмайсиз. Ҳолбуки, улардан аввал яшаган юнон олимлари номи билан боғлиқ фактлар (Фалес леммаси, Пифагор теоремаси, Герон формуласи ва б.), улардан кейинроқ яшаган европалик салафлари номи билан боғлиқ фактлар (Виет теоремаси, Паскаль учбурчаги, Ньютон биноми ва б.) дарсликларга албатта киритилади. Таъкидлаш лозимки, юнон олимларига нисбатан ҳам, европалик математикларга нисбатан ҳам бу тамойил тўғрилигига шубҳа йўқ. Лекин тарихий адолат тўла бўлиши учун ана шу фактлар қаторида Шарқ олимлари ихтиро этган илмий фактлар ҳам уларнинг номи билан дарсликлардан ўрин эгаллаши лозим. Қолаверса, Виет теоремаси қадимги бобилликларга, Паскаль учбурчаги қадимги хитойликларга маълум бўлган, Ньютон биномидан эса Улуғбек илмий мактабининг вакиллари исталган даражали илдизларни тақрибий ҳисоблашда фойдаланишган.

Бу мавзуда сўз юритилса, “алгоритм” атамаси Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий нисбасидан олингани албатта далил қилиб кўрсатилади. Шарқ олимларига нисбатан бу ноёб, балки ягона истиснодир. Умумий қоидадан истисно мавжудлиги эса ўша қоиданинг умумийлигини инкор этмай, балки аксинча, уни тасдиқловчи далил бўлиши яхши маълум.

Ўрта Осиё олимларининг фан тараққиётига қўшган ҳиссаларини илмий истифодага киритиш муаммоси деганда уларнинг ижоди маҳсулидан иборат фактларни илмий муомалага, ўқув дастурларига, дарсликларга киритишни тушунамиз. Бизнингча, мазкур муаммо биринчи марта конкрет шаклда академик О.Файзуллаев томонидан кўтарилди. Бу мақолада уни ҳал этиш бўйича таклифлар жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади.

* * *

Шарқ фани ютуқларини илмий истифодага киритиш мураккаб муаммо бўлиб, уни ҳал этиш муайян тизим асосидагина тўла ҳал этилиши мумкин. Бу тизимни лўнда тарзда қуйида тасвирланган схема билан ифодаласа бўлади.

Унинг ҳар бир ҳалқаси устида батафсилроқ тўхталайлик.

  1. Шарқ олимларининг дунёдаги турли оммавий ва хусусий кутубхоналарда, музейларда сақланаётган қўлёзмаларини излаб топиш ва каталогларга киритиш фаолиятини давом эттириш муҳим. Бу борада қандай имкониятлар мавжудлиги шундан ҳам кўринадики, 1973 йилда— ал-Хоразмий таваллудининг 1200 йиллиги нишонланганда олимнинг атиги 6 тагина асари маълум эди. Орадан кўп ўтмай унинг аввал номаълум бўлган асарлари ёки улардан парчалар топила бошланди. Бугунга келиб бундай асарлар сони 16 тадан ошди. Хусусан, унинг математика, астрономия ва географияга оид машҳур китобларидан ташқари асбобсозликка (астурлоб ва қуёш соатлари ясашга) доир асарлари топилди, тарих, этнографияга оид китобларидан парчалар нашр қилинди. Хоразмийшуносликда яна янги ихтиролар имконияти мавжуд. Қолаверса, ал-Хоразмий номини абадийлашишига сабаб бўлган арифметикага оид асари (шартли равишда “Ҳинд ҳисоби ҳақида китоб” ёки “Арифметика”) ҳозиргача топилган эмас. У мусиқа ҳақида ҳам асар ёзган деган фараз мавжуд. Берунийнинг 150 дан ортиқ асарларидан мутлақ кўпчилиги ҳозиргача топилмаган. Проф. А.Аҳмедов Аҳмад Фарғоний таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан уюштирилган экспедиция давомида Дамашқ, Қоҳира каби Яқин Шарқдаги қадимий шаҳарлар китоб хазиналарининг каталогларида “Хоразмий”, “Фарғоний”, “Бухорий” каби нисбали ўнлаб муаллифларнинг номларини учратган. Одатда кичик ҳажмли қўлёзмаларнинг бир нечтасини бир китоб тарзида муқовалаш расм бўлган. Ана шундай китоблар таркибида машҳур ватандошларимизнинг ҳали номаълум асарлари ҳам бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Сўнгги йилларда Истанбулдаги Тўпқопи музейи кутубхонасидан ҳали ўрганилмаган қўлёзмалар кўп топилаётгани ҳам шундан дарак беради. Олий Мажлиснинг шарқшунос олим Н.Иброҳимов раҳбарлигидаги махсус комиссияси олиб бораётган изланишлар ҳам бу борада умидбахшликка асос беради.

Бундай топилмаларнинг ҳар бири фан оламида катта воқеа бўлишини назардан қочирмаслик керак.

  1. Топилган ёки мавжуд қўлёзмаларни бирламчи ўрганиш, хусусан, унинг манба сифатида тавсифини бериш муҳимлиги билан бирга мураккаб вазифадир.Гап шундаки, узоқ йиллар алғов-далғовли замонлардан ўтиб келганлиги боис, қўлёзмалар, айниқса, уларнинг энг қимматли асл ва эски нусхалари камдан-кам ҳолда бешикаст сақланган. Кўпинча улар муқовасиз, бошидан ва охиридан бир неча саҳифалар йўқотилган бўлади. Қўлёзма, унинг муаллифи, кўчирган хаттот ҳақидаги маълумотлар, одатда, айнан мана шу саҳифаларда бўлиши ҳисобга олинса, уни дастлабки ўрганишнинг қийинчилиги ҳақида тасавур ҳосил қилиш мумкин.

Қўлёзманинг муаллифи ким? Қачон ёзилган? Қайси манбаларга асосланган? Муаллифнинг таржимаи ҳоли ва ижодига оид қандай маълумотлар сақланган? Қўлёзма қачон, ким томонидан, кимнинг буюртмаси бўйича кўчирилган? Аслидан қай даражада фарқ қилади? — каби саволларга жавоб ахтариш ўзига хос (палеографик) илмий тадқиқот талаб этади. Қўлёзма ва унинг муаллифи ҳақидаги маълумотлар қай даражада тўлиқ ёки тикланиши мумкинлигидан қатъи назар, асарнинг мундарижаси, мавзуси ва мазмуни билан танишиб, тегишли аннотация тузиш ва бу маълумотларни китоб хазиналари каталогларига, фихристларга киритиш унинг кейинги тақдири учун муҳимдир.

  1. Табиийки, қўлёзма мазмунига баҳо бериш, жумладан, унинг фан тарихидаги аҳамиятини белгилашда дастлабки танишувнинг ўзи кифоя қилмайди. Айниқса, қўлёзма оригинал асар бўлиб, унга яқин бошқа китоблар аввал учрамаган бўлса, китобнинг мазмуни билан батафсил танишиб чиқилмагунча, унинг аҳамияти ҳақида якуний хулосага келиш қийин — қўлёзма ўта ноёб, ҳатто фан тарихи соҳасида улкан илмий ихтиро даражасидаги асар бўлиши ҳам ёки, аксинча, деярли илмий аҳамиятга молик бўлмаган нусха бўлиб чиқиши ҳам мумкин.

Шарқ олимлари асарларининг қўлёзмалари асосан араб ва форс тилларида ёзилганини ҳисобга олсак, уларни ўқиб чиқиш моҳиятан ўзбек, рус ёки бошқа жаҳон тилларидан бирига таржима қилишдан иборат бўлади. Бу жуда зарур ва хайрли, лекин айни пайтда ўта сермашаққат юмушдир. Чунки математика, астрономия, медицина каби фанларга оид асарларни таржима қилиш учун араб ёзуви ва тилини билишнинг ўзи кифоя эмас, бундан ташқари, бу фанларнинг ўзидан ҳам хабардор, имкони бўлса мутахассис бўлиш лозим. Кўпинча бу ҳам камлик қилади — тегишли фан соҳасининг асар ёзилган даврида қўлланган атамаларини, баён ва мушоҳада услубини билиш ҳам талаб этилади. Мисол учун, астрономияга оид асар таржима қилинадиган бўлса, таржимоннинг олий маълумотли астроном бўлиши кифоя қилмайди — таржимон Птолемейнинг “сайёралар Ер атрофида айланади”, деган ғоясига асосланган геоцентрик астрономияга оид тушунча ва мушоҳадалар билан иш кўришига тўғри келади.

  1. Қўлёзманинг фан тарихидаги ўрнига баҳо берилгач, ана шу баҳога асосланган ҳолда уни нашр этиш — навбатдаги муҳим вазифадир. Техникага оид қўлёзмаларнинг оригиналини китоб ҳолида нашр этишни ғоят қулайлаштирди. Лекин бундай нашр кўпроқ асарни тарихий ёдгорлик сифатида кўпайтириш учун қўлланади. Навоийнинг Султонали Машҳадий томонидан кўчирилган “Илк девони”нинг факсимил (фотонусха) нашри бунинг намунасидир. Бундай усул, шунингдек, асарни таржима қилиш ва нашрга тайёрлашда мураккабликларга йўлиқилган ҳолларда ҳам қўлланиши мумкин — факсимил нашр қўлёзма билан тезроқ шарқшунослар танишувига имкон яратади.

Ҳозирги шароитда Шарқ мумтоз фани ёдгорликлари таржимасини жорий ёзувда нашр этиш уни илмий истифодага киритишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Албатта, мумтоз асарларни шунчаки таржимада нашр этиш ҳам етарли эмас. Нашр асар муаллифи ҳамда унинг қўлёзмасини ўрганиш тарихига оид етарли маълумотлар берувчи сўзбоши ҳамда шарҳлар (изоҳлар) билан таъминланса, унинг қиймати ортади. Бугун библиографик маълумотларни жамлашда Интернет, нашрга тегишли чизма ва иллюстрацияларни илова қилишда эса компьютерлашган нашриёт тизимлари ишни анча енгиллаштирмоқда.

Қайд этиш лозимки, ҳозиргача Ўрта Осиё мумтоз фанининг энг нодир ёдгорликлари ўзбек, рус ва европа тилларига ўгирилиб, нашр этилганига қарамай, ҳали бу соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишларни тоққа қиёсласа бўлади. Қолаверса, “Қонуни Масъудий”, “Зижи жадиди Кўрагоний” каби фан тарихида буюк мавқега эга асарларни қайта, дастлабки нашрига нисбатан мукаммалроқ тарзда босиб чиқариш уларни илмий истифодага киритиш учун зарур. Масалан, 1994 йилги нашр камёблиги ва проф. А.Аҳмедовнинг батафсил изоҳларига қарамай, баённинг ўта мураккаблиги билан, ундаги илмий ихтироларни истифодага киритиш амалга ошмай келмоқда. (Тан олиш лозимки, бу асарни ҳозир шарқшуноснинг ҳам, профессионал астрономнинг ҳам ўқиб тушуниши оғир.) Ҳолбуки, Ньютоннинг “Табиат фалсафасининг математик негизлари” асари ҳозиргача лотин тилидан инглиз тилига уч марта таржима қилиниб, нашр этилган, Аристотель, Платон асарларини қайта таржима қилиш ҳамон давом этмоқда.

  1. Хуллас, қўлёзманинг нашри Шарқ мумтоз фани ютуқларини амалда илмий истифодага киритишнинг яна бир муҳим босқичига замин тайёрлайди: улар тегишли соҳа мутахассислари томонидан ўқиб-ўрганилиш, мумтоз фан алломасининг шу фан тараққиётига қўшган тайин ҳиссасини аниқлаш ҳамда рисолаларга, дарсликларга киритиш учун имконият яратади.

Бу иш муайян даражада бевосита манбашунослар томонидан ҳам амалга ошириладиган ҳоллар мавжуд. Масалан, Б.А.Розенфельд (АҚШ) ал-Хоразмийнинг қуёш соати ясашга бағишланган рисоласида қутб координатлари системасидан фойдаланилганини исботлашга муваффақ бўлди. Шарқ мумтоз фани манбаларини ўқиб таржима қила оладиган ва айни пайтда замонавий илму фан билан параллел шуғулланган олимлар ҳам йўқ эмас (математика соҳасида, масалан, голланд олими Б.Ван дер Варден), лекин бундай мутахассислар дунё миқёсида ҳам бармоқ билан санарли, чунки ҳозирги ўта ихтисослашган фан замонида бир-биридан йироқ икки соҳада баравар муваффақиятга эришиш мушкул. Аслида тарихий манбаларни ҳозирги фан нуқтаи назаридан таҳлил эта оладиган мутахассислар ҳам кўп эмас. Ана шундай мутахассислардан бири, МДУ профессори А.П.Юшкевич 1966 (!) йилда ўтказилган Халқаро математика конгрессидаги маърузасида ўрта асрлар Шарқ математикасининг оригиналлиги ҳақида сўз юритар экан, ислом мамлакатлари олимларининг ҳозир олий математика дастурига кирган бир қатор ихтироларини санаб ўтган (Қ.“Физико-математические науки в странах Востока”, выпуск 2, Москва, “Наука”, 1969). Лекин бу ихтироларнинг кўпчилиги истифодага киритилмаган, айримлари эса (Кеплер тенгламасини тақрибий ечиш, илдизни тақрибий ҳисоблашда қаторга ёйиш усули, экстремумни аниқлашнинг дифференциал ҳисоб ғоясига асосланган усули) ўзбекистонлик фан тарихчилари томонидан ўрганилаётгани ҳам йўқ.

Биз замонавий фан билан шуғулланувчи олимларимиз Ўрта Осиё мумтоз фани илмий меросига бутунлай бефарқ, деган фикрдан йироқмиз. Лекин ҳозирча бу мероснинг илмий истифодаси эпизодик табиатли бўлиб қолаётганини таъкидлаб, бу муаммо комплекс тарзда ечилиши зарурлигига эътибор қаратмоқчимиз, холос. Айтайлик, мазкур илмий мерос университетлар ўқув курсларидан пухта ўрин эгаллаганидан сўнг, орадан маълум йиллар ўтгач — мана шу дарсликлардан таълим олган талабалар мутахассис бўлиб етишиб, мактаблар учун дарслик ёзишга киришса, мумтоз фанимиз умумтаълим дастурларидан ўзининг муносиб ўрнини эгаллай бошлайди. Лекин бу анчайин узун жараён. Уни қисқартишнинг реал йўлларидан бири — табиий фанлар бўйича дарсликларнинг муаллифлари гуруҳига албатта Ўрта Осиё мумтоз фани тарихи бўйича тегишли мутахассис мажбурий тарзда қўшилиши лозим. Чунки ҳозир нашр этилаётган дарсликларнинг аксари асосан собиқ СССР давридаги ёки хорижда нашр этилган дарсликлар, хусусан, европацентризм руҳида ёзилаётганини кўплаб далиллар билан исботлаш мумкин.

Шундай қилиб, юқорида саналган объектив ва субъектив сабабларга кўра Ўрта Осиё мумтоз фани ютуқларини замонавий фан нуқтаи назаридан таҳлил қилиш, баҳо бериш, сўнг шу асосда илмий истифодага киритиш тизимининг ҳалқасида узилиш рўй бермоқда. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, гарчи Берунийнинг “Қонуни Масъудий”, Жамшид Кошийнинг “Муфтаҳ ул-ҳисоб”, Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асарлари асосан чоп этилган бўлса-да, лекин бу асарлар республикамизнинг профессионал математиклари томонидан ўрганиб чиқилган, уларнинг ихтиролари эса дарсликларга машҳур алломалар номи билан киритилган, деёлмаймиз. Ҳолат, агар янглишмасак, бошқа аниқ фанлар соҳасида ҳам шунга яқин (Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” балки истиснодир).

Масалани ойдинлаштириш учун мисол тариқасида математикадан барчага яхши маълум мисолга мурожаат этайлик. Ал-Хоразмий “Алжабр ва алмуқобаладан қисқача китоб” асарида квадрат тенгламаларни таснифлаб, олтита каноник кўринишга келтиради. Улардан учтаси содда (чала квадрат) тенгламалар, учтаси эса тўла квадрат тенглама. Сўнгги уч тоифа тенгламадан икки хилини ечиш усули ал-Хоразмийдан анча олдин, қадимги Бобил, Хитой ва Ҳиндистондаёқ маълум бўлган, Эвклиднинг “Негизлар” асарида ҳам шунга мисоллар бор. Лекин учинчи тоифани ташкил этувчи (ах2 =bx+c кўринишидаги) тенглама ал-Хоразмийгача давр математикасида учрамайди. Бу тенгламани ечиш қоидаси биринчи марта “Алжабр ва алмуқобаладан қисқача китоб”да исботлангани тан олинади. Чунки, ўша даврда манфий сонлардан фойдаланилмагани учун, учинчи тоифа тенгламани ечиш қоидасининг исботи бошқа икки тоифаникига қараганда анча мураккаб. Шунинг учун квадрат тенглама илдизлари учун формулани ал-Хоразмий формуласи деб аташ ва шу ном билан дарсликларга киритиш адолатдан бўлади.

Яна бир мисол — ал-Фарғоний леммасидир. Бу лемма ўрта асрларнинг асосий астрономик кузатув асбоби бўлган астролябия назариясида қўлланадиган стереографик проекция хоссасини исботлаш учун қўлланилган. Бу хоссанинг ўзини Птолемей топган, аммо исботи сақланмаган ва Аҳмад ал-Фарғоний тиклаган, шу мақсадда леммани топган. У мазмунан мактаб геометрия дастурининг ўхшаш шакллар, айланага ички чизилган бурчаклар мавзуларига тўғри келади. Бошқа мамлакатлар дарсликларининг мазмуни уларнинг муаллифларига ҳавола, аммо бизнинг мактабларимиз учун ёзилган дарсликлардан “Фарғоний леммаси” ўрин олиши керак.

Худди шунингдек, тилга олинган Птолемей теоремаси ҳозир университетлар математика факультетларининг ўқув режасидаги “Комплекс ўзгарувчанли функциялар назарияси” фанида (ҳеч кимнинг номи билан боғланмай) эслатилади. Дарсликда бу теорема албатта “Птолемей теоремаси, Фарғоний исботланган”, дея қайд этилиши мақсадга мувофиқ.

Геометрия юнон олимларининг ихтироси бўлса, тригонометрия асосан Ўрта Осиёлик математиклар ихтироси эканлиги фан тарихчилари томонидан эътироф этилади. Аниқроқ айтганда, асосий тригонометрик функциялар — синус, косинус, тангенс Шарқ олимлари — ал-Хоразмий, Беруний, Абул Вафо, Насриддин Тусий ва бошқалар томонидан киритилган, уларнинг қатор хоссалари исботланган, юқори аниқликдаги жадваллари тузилган, геометрия ва астрономия масалаларига татбиқ қилинган. Дарсликларда бу умумий тарзда қайд этилади холос. Бизнингча, фақат умумий қайд билан чекланиш тўғри эмас — тригонометриянинг қайси формуласи қайси олим томонидан истифодага киритилгани (имкони борича) аниқ кўрсатилиши лозим.

Бундай мисолларни бошқа фанлардан ҳам исталганча келтириш мумкин. Масалан, Ер қобиғи плиталарининг ҳаракати назарияси Беруний томонидан мукаммал тарзда исботланган (бу фактга геологларнинг диққатини 1974 йилда фан тарихи бўйича ўтказилган халқаро конгрессда рус геологи Н.И.Леонтьев тортган. (Қ. “ХШ Международный когресс по истории нуки”, Москва, 1974). Шунга қарамай мазкур назария ХIХ асрда яшаган геолог олим Вегенер номи билан “Вагенер гипотезаси” дея аталиб келмоқда. У ҳеч бўлмаганда “Беруний-Вагенер назарияси” (ёки фарази) деб юритилса, тарихий адолатга мувофиқ бўлар эди.

Ўрта Осиё олимларининг илмий тафаккур тараққиётидаги хизматларини ҳозирги замон фани нуқтаи назаридан таҳлил қилиш баробарида уларнинг ижодий меросини фалсафий-методологик нуқтаи назардан ўрганиш ҳам долзарб вазифа. Аслида бу ҳам ана шу меросни истифодага киритишнинг яна бир муҳим йўлидир. Ўрта Осиё олимлари юнон, ҳинд олимлари эришган натижаларни ўзлаштириш баробарида, фанни бутунлай янгича ёндашувлар, оригинал ғоялар билан бойитгани борасида далиллар етарли. Илмий ҳақиқат излашда фаол эксперимент қўллай бошлангани, Ер куррасининг қобиғи ҳаракатдаги геологик объект эканлиги, диалектика таълимоти шулар жумласидандир.

Бу йўналишнинг ҳам ўзига хос мураккабликлари мавжуд. У нафақат Шарқ олимлари асарларини чуқур ўрганиб чиқишни, айни пайтда Ғарб фалсафасининг ўрта асрлардан то бугунги кунгача бўлган ривожи давомида кўтарилган ғояларнинг генезиси билан танишишни ва қиёсий таҳлил қилишни талаб этади. Айни пайтда жаҳоннинг ўнлаб йирик илмий марказларида кўплаб шарқшунослар Ўрта Осиё мумтоз фанини ўрганиш, хусусан, фалсафий-методологик ва қиёсий таҳлил қилиш бўйича чуқур тадқиқотларни амалга ошириб келмоқдаларки, улар ҳам муҳокама қилинаётган муаммони ҳал этишда муҳим роль ўйнаши мумкин.

Ўрта Осиёнинг мумтоз фанини истифодага киритиш соҳасида айнан мана шу бўғин — фалсафий-методологик таҳлил муайян натижаларга эришилаётганини қайд этиш лозим. Олий ўқув юртлари учун фалсафа дарсликларида Ўрта Осиё мумтоз фалсафаси вакилларининг таълимотларни баён қилишга кенг ўрин берила бошлади. Яна бир муҳим амалий иш — республикамизнинг бир гуруҳ етакчи олимлари томонидан “Ўрта Осиёнинг мумтоз фани ва ҳозирги замон жаҳон цивилизацияси” рисоласи нашр этилди (қ. “Классическая наука Средней Азии и современная мировая цивилизация”, под редакцией П.К.Ҳабибуллаева и А.Ф.Файзуллаева, Ташкент, “Фан”, 2000). Рисола Ўрта Осиё мумтоз фани натижаларини ҳозирги замон нуқтаи назаридан баҳолашга бағишланган. У гарчи ягона ғояга асосланиб тузилган бўлса-да, мазмунан деярли мустақил мавзуларга бағишланган мақолалардан таркиб топган. Мақолалар республикамизнинг таниқли фан арбоблари — математика, физика, кибернетика, биология, медицина, фалсафа, тарих фанлари вакиллари томонидан ёзилганиёқ унинг аҳамияти ҳақида тасаввур беради. Рисолага академиклар Г.А.Пугаченкова ва Э.В.Ртвеладзе тақризлари илова қилинган.

Рисоланинг мумтоз фанимиз истифодасидаги аҳамиятини тўғри баҳолаган проф. О.Шарафиддинов уни тақриз ва тарғиб қилиш зарурлигини уқтиради. Бу ўринли, албатта. Аммо рисола мундарижасининг кенг қамровлилиги яхлит тақриз қилишга имкон бермайди ҳар бир боб шу соҳа мутахассислари томонидан тақриз қилиниши мумкин. Бу ерда рисола йўналишидаги тадқиқотларни давом эттириш долзарб ва зарурлигини назарда тутиб, рисолада етарлича акс этмаган айрим масалаларга эътибор қаратишни лозим топамиз.

Масалан, алгебранинг пайдо бўлишидан ҳозирги рижоланиш даражасини баён қилишга ўтишда унинг ал-Хоразмийдан кейинги тадрижий тараққиёт йўлини ҳам ёритиш фойдали бўлар эди. Шунингдек, нафақат алгебра, балки тригонометрияга ҳам тўлалигича Ўрта ва Яқин Шарқ олимлари томонидан асос солинганини ҳам мана шу каби рисолада таҳлил қилиш пайти келди.

XVIII асргача алгоритм фақат арифметик ҳисоблашлар қоидаларини ифодалаган, ХХ асрга келиб эса у компьютерлаштиришнинг математик таъминотида ҳал қилувчи роль ўйнаши рисолада анча кенг очиб берилган. Бизнингча, ХХ асрнинг сўнгги чорагидан алгоритм тушунчаси яна бир янги сифат касб этди — инсон тафаккурининг ассоциатив, индуктив, аналитик ва ҳ.к. услублар қаторида яна бир, янги, ўзига хос алгоритмик мушоҳада услубига айланди. Аввал у фақат математикларга хос, ХХ аср ўрталарида ахборотларни қайта ишлаш соҳасида муҳим роль ўйнаган бўлса, компьютер ва дастурлаш саводхонлиги тушунчаси пайдо бўлиши билан универсал умуминсоний тафаккур унсурини ташкил этмоқда. Бу, шубҳасиз, чуқур фалсафий-методологик таҳлил талаб этувчи мавзу.

Рисоланинг 6-бобида Ўрта Осиёлик олимларнинг астрономия, геодезия, картографияга қўшган ҳиссалари анча батафсил баён қилинган, лекин бу бобда Фарғоний, Беруний ва Улуғбек ғоялари фаннинг кейинги тараққиётига, жумладан, ҳозирги ҳолатига қандай таъсир кўрсатгани ўз аксини топмаган.

Рисоланинг полиграфик сифати, айниқса, ундаги формулалар терилиши ҳозирги талаб даражасида чиқмаганини ҳам қайд этиш лозим. Зеро, бундай асарлар имкони борича инжиқлик билан таҳрир қилиниши ва замонавий полиграфик сифат билан нашр этилиб, дунёнинг йирик илмий марказларига тарқатилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўйлаймизки, рисолада бошлаб берилган хайрли иш янада кенгроқ ва чуқурроқ давом эттирилади ва Ўрта Осиё мумтоз фанининг ютуқлари дарсликлардан ўз муносиб ўрнини эгаллашига олиб келади.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 1-сон