Улуғ муаррих бобомиз Абдураззоқ Самарқандий ғоят нодир тарихий манба бўлган «Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн» асарининг муаллифи сифатида ном қолдирди. Унинг болалик ва ўсмирлик йиллари, таҳсил олган даври ҳақида «Матлаи саъдайн…»да маълумотлар учрамаса-да, аммо сўзларидан отасининг мавқеига мувофиқ диний илмлар бўйича яхши маълумот олгани, араб тилини, ўз даври адабиётини мукаммал билгани англашилади…
Таниқли шарқшунос олим Асомиддин Ўринбоевнинг фикрича, асарнинг биринчи жилди «Абдураззоқдан илгари ёзилган асарлар, хусусан, Ҳофизи Абрунинг «Зубдат ут-таворихи Бойсунғурий» («Бойсунғурга бағишланган тарихлар сараси») номли китоби асосида ёзилган».
Китобнинг иккинчи жилди айниқса ўзига хос бўлиб, у Абдураззоқ Самарқандий давлат ишларида фаол қатнашган даврларга доир, унинг ўзи кўриб ёки ишончли гувоҳлардан эшитиб ёзган тарихий маълумотлардан ташкил топган. Шу сабабли асл манба сифатида қиммати каттадир. Унда муаллиф Амир Темур ворислари даврида содир бўлган воқеалардан сўзлайди. Китобда у Шоҳруҳ, Мирзо Абдуллатиф (1449), Мирзо Абдулло (1450 — 1452) Мирзо Абдулқосим Бобур (1452 — 1457), Абу Саъид (1451 — 1469) ва бошқа темурийлар тарихини муфассал баён этиб, Ҳусайн Бойқаронинг Ҳиротда тахтга ўтирган йили (1469) воқеалари билан тугатади.
Абдураззоқ Самарқандий асарида тарихий воқеаларни изчил баён қилмай, йил тартиби бўйича, яъни ҳар бир катта сарлавҳа остида шу йили рўй берган воқеалар баён этилади. Муаллиф муайян йил воқеалари баёнини тугатгач, ундан сўнг шу йили вафот этган олимлар ёки санъаткорлар ҳақида қисқа, лўнда, лекин Шарқ халқлари маданияти ва маънавияти тарихи учун муҳим маълумотларни келтиради.
Абдураззоқ Самарқандий темурийларнинг салкам 170 йиллик тарихини, яъни 1304 — 1470 йиллар мобайнида содир бўлган воқеаларни ўзига хос бир усулда тарих саҳифасига муҳрлаб кетган. Бизга ҳозирги вақтга қадар Амир Темурнинг ўғли Шоҳруҳнинг давлатчилик бобида олиб борган саъй-ҳаракатлари, адолати, маданиятга оид амалга оширган ишлари, умуман, унинг давлат бошлиғи сифатидаги қирқ уч йиллик фаолияти мавҳум бўлиб келарди. Абдураззоқ Самарқандий эса, Шоҳруҳ Мирзо ибн Амир Темур Кўрагонни узоқни кўра олган сиёсатчи, мамлакатнинг адолатли подшоси, хорижий давлатлар билан дўстона алоқа ўрнатган зийрак дипломат, темурийзодаларнинг бошини қовуштиришга жиддий ҳаракат қилган давлат арбоби сифатида кўрсатади. Шоҳруҳнинг бу хислатлари, айниқса, вилоятларга бошлиқлар тасдиқланаётганда уларга берган ўгит ва панд-насиҳатлари баёнида ўз аксини топган.
“Ҳазрат хоқони Саид (Шоҳруҳ Мирзо — Ж.Ҳ.) Мовароуннаҳр ва Туркистон мамлакати вилоятини Мирзо Улуғбек Кўрагонга бағишлаб, гарчи у адолат усулларини адо этиш ва сиёсат ҳукмларини юргизиш бобида бирон кўрсатмага муҳтож бўлмаса-да, онҳазрат оталик шафқати юзасидан подшоҳона илтифот билан қуйидагича насиҳат қилади: «Ҳақ таоло бу буюк инъом ва улуғ марҳаматни бизга ато қилди; яроғ-аслаҳамизнинг ожизлиги ва ҳолатимизнинг нуқсонлигига қарамай …фармонимизни олам мамлакатлари узра жорий қилди. Энди давлат ва подшоҳлик қадрини билиб, …инсоф ва адолат эшикларини ҳожатмандлар юзига очиқ тутгин, …пайғамлар варасалари бўлмиш уламоларни эҳтиром кўзи тагига олиб, инъом назари билан мамнун тутгин, диний можаролар бўйича (иш кўрганда) уларнинг фатвосини четлаб ўтмагин …олам ободонлигининг сабаби ва одамзод ризқининг воситаси бўлмиш деҳқонларни зулму адолатсизликдан ҳимоя қилиб, адлу инсоф билан (ўзингга) яқин қилгин, давлат чегараларининг нигоҳбонлари ва мамлакат ичкарисининг қўриқчилари бўлган лашкарлар тоифасини…, уларнинг ёлланма ҳақлари ва маошларини белгиланган вақтда тўла етказиб тургин, жонсипорлик шартларини бажаришда тегишлича жидду жаҳд кўрсатганларга инъомни оширгин ва баъзи ташлаб қочувчилар йўлини тутганларга саза бериб жазолагин; хулласи, барча ҳолларда …ҳаддан ортиқ ёки керагидан оз чора кўришдан эҳтиёт бўлгин, чегараларга иш кўрган ва тирикликнинг аччиқ-чучугини татиган кишиларни тайин қилиб, у ерлар қалъаларининг мустаҳкамлиги борасида зарурий чораларни кўргин».
Ҳазрати хоқон Шоҳруҳ Мирзо турли вилоятларга темурийзодаларни ҳоким этиб тайинлашда, албатта, улар олдига қатъий талаблар қўйган. Масалан, Мирзо Бойқарога Ҳамадон ва Луристон вилоятини топшираётганда, «…ўз ҳимматини одиллик ва олижаноблик билан жаҳон аҳлининг оройиш ва осойишига сарф қилмоққа, бирор махлуқ зулм қўлини бошқа биров юзига кўтаришига йўл қўймасликка, кучли ва кучсиз, авом ва шариф орасида инсоф ва адолат эшикларини очиб қўймоққа, …савдогарлар ҳолига лозим тарзда ғамхўрлик қилмоққа буюрди».
Шоҳруҳ ҳазратлари «давлат турғунлиги сипоҳ ҳам ҳашамлар миқдорини, қуллар ҳам хизматкорлар мартабаларини билишда, мамлакат суянчиғи бўлган халқ оммасига жиддий эътибор беришда, раият аҳволига доимий ғамхўрлик кўрсатишда», деб билди. Шу боис у Шерозни Мирзо Иброҳим Султонга суюрғол қилиб бераётган пайтда унга шундай деб тайинлайди: «У (Иброҳим Султон) шундай қилмоғи лозимки, раиятлар раҳм-шафқат тўшагида осойишталик роҳатини суриб, дуо қилиш билан машғул бўлсинлар ва хатарсизлик лаззати ҳам инсоф ҳаловатини жон завқи билан ҳис этсинлар, у шундай қатъий ҳукм жорий қилсинки, ноиблар сира ҳам адолат йўлидан ташқари чиқмасинлар ва девонга тегишли молларни ҳосил қилишда ўрнатилган қоидадан нари ўтмасинлар».
Асарда давлатни бошқаришда молиявий ишларнинг ўта муҳимлиги, уни доимо назорат қилиб туриш зарурлиги, давлат идора ва ходимлари ҳақида халқ орасида тарқалган гап-сўзлар беэътибор қолмаслигига жиддий эътибор берганлиги қайд этилиб, гоҳида тафтиш ўтказиб турилганлигини, яъни жаҳон бунёдга келгандан бошлаб бизнинг кунгача тарихнавислар назарига тушмаган ва битикчилар қаламига олинмаган воқеаларни ҳам кўрсатиб, унинг не оқибатларга олиб келишини баён қилган. Бунга Амир Саййид Фахриддин вазирнинг аҳволи ва унинг оқибати мисол бўла олади.
Саййид Фахриддин давлат зиналарининг юқори поғоналарига кўтарилгач, «у ўзига кўп аъёнлар ва ҳадсиз буюмлар ҳосил қилиб, мол-мулкининг кўплигидан ўз даври Қорунига ва шаън-шавкат ғуруридан замон Фиръавнига айланган эди». Хуллас, унинг ишларини текширишга фармон берилади. Текшириш жараёнида Саййид Фахриддиннинг номаъқул ҳаёти ва нодуруст тирикчилиги, мусулмонлар мол-мулкига таъмаси ва девон маблағларини ўзлаштираётганлиги — унинг барча хиёнат ва жиноятлари ошкор бўлади. Лекин у ҳануз давлат маснадида ўтирганлиги туфайли унга сўз қотишга одамларда мажол ва қарши туришга юрак бетламайди. Ҳазрати хоқони Саид (Шоҳруҳ Мирзо) уларни ўз ҳузурига чақириб юзма-юз сўроққа тутади ва адолатли ҳукм чиқаради. Аммо «Саййид Фахриддин қайтадан вазирликни олиш иштиёқи»да на кечаси ухлар ва на кундузи тинчир эди. Унинг таъма оташи шундай аланга оладики, «у бутун олам молини ўз жиғилдонидаги бир луқма деб биларди».
Саййид Фахриддин нажот тилаб жавоб ололмагач, маҳди улё Гавҳаршод оғонинг кўмагидан паноҳ излайди, таниш-билишларини тинмай ишга солади, аммо адолат қарор топади, унга замона омонлик бермайди, қайғули кечмиш ва қўрқинч таҳликасидан турли-туман касаллик ва зидма-зид иллатларга мубтало бўлиб, ҳаётдан кўз юмади.
Муаллиф бу ҳаётий воқеадан сиёсий-ижтимоий хулоса чиқариб ёзади: «Хуросон ва Ироқнинг машҳур кишилари, балки бутун дунёнинг улуғлари у (Саййид) ҳаёт экан, ҳаётларига ишончлари йўқ эди, чунки оддий, кичик арзимас бўлиб кўринган» воқеа давлат асосларига зарба бериши, одамларнинг давлатга ишончи йўқолишига сабаб бўлишини уқтиради.
Давлатчиликнинг энг муҳим атрибутларидан бири дипломатиядир. Қадимдан Марказий Осиё мамлакатларининг турли давлатлар билан олиб борган турли алоқалари, жумладан, савдо-иқтисодий муносабатлари кўпгина тарихий асарларда, ҳужжатларда муҳрланган. Айниқса, Амир Темур ва темурий шаҳзодалар даврида олиб борилган дипломатик фаолият жуда катта географик кенгликларни, яъни Шарқда Хитойдан тортиб, Ғарбда Европа давлатларигача қамраб олган.
Шаҳзода Мироншоҳнинг Ғарбий Европа давлатлари билан мулоқоти, Бойсунғур мирзо томонидан 1419 йили Хитойга элчи этиб йўлланган Ғиёсиддин Наққош хотираларини, Хитой элчиларининг 1409 йили Шоҳруҳ Мирзо ҳузурига келганлиги ва ҳоказоларни эслатиш кифоя. Аммо бу тарихий фактлар орасида 1442—1444 йиллари Ўрта Осиёдан Ҳиндистонга борган Абдураззоқ Самарқандийнинг Ҳиндистон сафарномаси муҳим ўрин эгаллайди. Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн» асарининг бир қисмини ташкил этган бу сафарномада келтирилган нодир тарихий маълумотлар Марказий Осиё ва Ҳиндистон халқлари ўртасида қадим замонлардан олиб борилган иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқалар XV асрда ҳам мавжуд эканлигига ишончли далил бўлишидан ташқари, икки халқнинг – ўзбек ва ҳинд халқларининг ўрта асрларда эришган иқтисодий ва маданий даражалари, давлат тузуми, савдо муносабатлари, урф-одатлари ҳақида тарихий манбаларда кам учрайдиган муҳим маълумотларга бойлиги билан ҳам тарих фани учун жуда катта илмий қимматга эгадир.
Устод манбашунос олим А.Ўринбоев бу нодир тарихий ёзма ёдгорлик устида кўп заҳмат чекиб, уни ўтган асрнинг 60-йилларидаёқ ўзбек тилига таржима қилиб, мукаммал илмий изоҳлар билан бойитди ҳамда асарнинг Тошкент ва Санкт-Петербургда сақланаётган қўлёзма, босма нусхалари билан танишиб, покистонлик олим Муҳаммад Шафиъ томонидан амалга оширилган Лоҳур босмаси, Санкт-Петергбург қўлёзмаси ва француз олими М.Катрмер нусхаси асосида Ҳиндистон сафарномасининг танқидий матнини тузди ва 1960 йили «Абдураззоқ Самарқандийнинг “Ҳиндистон сафарномаси» номи билан нашр эттирди, аммо амалга оширилган бу иш катта ва муҳим илмий-тадқиқотнинг дебочаси эди. Бугун мустақиллик шарофати билан эса, юқорида эслатилган асарнинг иккинчи жилди ҳам тўлиқ ва мукаммал шарҳу изоҳлар билан кўнгилдагидек нашрдан чиқди.
Абдураззоқ Самарқандий қарийб йигирма йил темурий шаҳзодалар ҳукмронлиги даврида дипломат сифатида хизмат қилган. Унинг Ҳиндистонга элчи бошлиғи бўлиб боргани ва у ерда кўрганлари ҳақидаги тарихий маълумотлар, аниқ тарихий фактларга асосланган бу сафарнома мустақил асар ҳисобланади.
Абдураззоқ Самарқандий таҳликали ва қалтис пайтларда ҳам темурий шаҳзодалар давлатнинг ички ишлари, қурилиш ва кўҳна иморатларни таъмирлаш, мадраса, хонақоҳ ва масжидлар аҳволи, тўғон қуриб сув чиқариш ишларига жиддий эътибор берганликларини асар воқеалари баёнида эслатиб боради.
Абдураззоқ Самарқандий 1420 йил воқеаларини ёзар экан, шу йиллари Самарқандда Улуғбекнинг буйруғи билан қуриб битказилган мадраса ва хонақоҳ таърифини келтириш асносида «бу варақларни ёзиб тўпловчи Абдураззоқ қутли бир муносабат билан бир қанча вақт доруссалтана Самарқандда муқим яшаб турганида бу иморатларни ўз кўзи билан кўрди», дейди.
Абдураззоқ Самарқандий илм-маърифат борасида темурий шаҳзодаларнинг, айниқса, Мирзо Улуғбекнинг саъй-ҳаракатлари, кадрлар тайёрлашдаги хизматлари, атрофига олимларни тўплагани, уларнинг чиқим-харажатлари манбаи ҳақида ҳам аниқ маълумотлар келтирган ва «у замон Афлотуни Мавлоно Салоҳиддин Мусо Қозизодайи Румий», ўзи тарбиялаб «фарзандим» деб атаган даврон Батлиймуси бўлмиш Мавлоно Алоуддин Али Қушчи, Мирзо Улуғбек Кошондан Самарқандга келтирган улуғ мавлоно Ғиёсиддин Жамшид» билан бир илмий анжуман тузганлигини қайд этади ва ёзади: «(Бу соҳада) етук камолот ҳосил қилгач ва асбобларни шайлагач, (Улуғбек) расад ва зийж тузишга майл қилди ва Самарқанднинг шимолида, Шарқ томонга мойилроқ ерда мос бир жойни тайин қилди… У(расадхона)нинг биноси давлат асосидек пойдор, пойдевори эса, салтанат қоидасидек устувор қилиб мустаҳкамланди. Иморатнинг хоналари ичига тўққиз фалакнинг ҳайъатию тўққиз (осмон) доиралари шаклларини даражалар, дақиқалар, сониялардан тортиб то ошираларигача (чизилди) ҳамда айланувчи фалаклар, етти сайёра юлдузлари, собита юлдузлар кўриниши ва ер курраси» ва унга «нимаики тегишли бўлса (ҳаммасини)… рақамлар билан чизишга буюрди… Бу муҳим ишнинг овозаси шаҳар ва мамлакатлар бўйлаб тарқалиб, шуҳрат топди. Шаҳзода у зийжга тузатишлар киритилиб тамомланишига муваффақ бўлди ва унга «Зийжи Султоний Кўрагоний» деб ном берилди».
Бундай яратувчилик ишларида темурий маликалар ҳам бевосита ёки билвосита фаол қатнашганлиги асар ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотиши табиийдир.
«Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн»да темурий маликаларга алоҳида боблар ажратилмаса-да, бироқ воқеалар жараёнида улар давлат аҳамиятига молик ишларни амалга оширганликлари ёки уғруқда турсалар ҳам темурийларнинг ички ва ташқи сиёсатларини тўғри англаб иш кўрганликлари зикр қилинади. Мисол тариқасида айтиш мумкинки, темурийзодалардан Мирзо Саъд Ваққос соддадиллиги туфайли фитначиларнинг гапига кириб Амир Бистомни олиб «исёнкорлик биёбонию хатокорлик чўлида гумроҳ бўлиб” Амир Қаро Юсуф ҳузурига боради, чунки Амир Бистом билан Қаро Юсуф орасида душманлик адовати мавжуд бўлиб, Қаро Юсуф учун Амир Бистомни қўлга киритишдан кўра қимматлироқ совға йўқ эди. Мирзо Саъд Ваққос шу ерда яшашга майл қилиб, Қум шаҳрида қолган ҳарамини келтиришни буюради. Шаҳзоданинг рафиқаси Оғо беги Мирзо Мироншоҳнинг қизи бўлиб, оқила ва олийҳиммат бир хотин эди. Мазкур аҳволни кўриб, у ўз-ўзига: «Саъд Ваққос хато иш қилди, агар биз у бегона мамлакатга тушиб қолсак бизнинг ҳолимиз не кечади? – деб айтди. У тадбирли, чуқур фикрли аёл бўлганлиги туфайли ўз навкарларини қуроллантириб, олиб кетишга келганларнинг ҳаммасини асир олади-да, Саъд Ваққосни душман тарафига ўтишга рағбатлантирган кишиларни (Темур шайх, Қуллуқхожа ва Шайх Али (Ҳасан) Зиндалар билан қўшиб қатл эттиради ва у шер хотин номардларнинг каллаларини ўз навкари Шерзод орқали ҳазрат хоқони саъид (Шоҳруҳ — Ж.Ҳ.) ҳузурига юбориб, бўлиб ўтган воқеа шарҳидан огоҳ қилади. Онҳазрат (Шоҳруҳ) унинг бу мардоналиги учун кўпдан-кўп таҳсинлар” айтади.
«Матлаи саъдайн…»да Гавҳаршод бегимнинг мамлакат сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва маданий-маърифий ҳаётида фаол, энг муҳими, одилона, оқилона қатнашганлиги асарнинг ибтидосидан интиҳосигача рўй берган воқеаларга сингдирилган. Афсуски, бир гуруҳ ёвуз кишилар ҳаракатлари туфайли «у замон Билқиси ва у даврон қайдофаси» муборак рамазон ойининг тўққизинчисида (1457 йил, 31 июл) қатл эттирилади. Абдураззоқ Самарқандий бу мудҳиш воқеанинг тафсилотларини ёзган эмас, аммо маҳди улё Гавҳаршод оғонинг бутун ҳаёти моҳиятини қисқа қилиб қуйидагича берган: «Гавҳаршод оғо муборак сояли ва баланд мартабали, шиори покизали ва иффат пардасига ўралган, хатти-ҳаракати одилона ва қилмишлари пок, олийҳиммат ва улуғ орзули, иффат пардасида Робиасифатлик ва покизалик ёпинчиғида Зубайда янглиғ бир малика эди. Унинг эзгу фазилатлари адолат нигористонига соябону мақтовли ишлари олийжаноблик дебочасига мундарижа эди. У шуҳратли бонудан тириклик (олами)да кўп хайрли ёдгорликлар қолди: доруссалтанат Ҳиротнинг шимолида Байтулмағфира, Машҳади муқаддасда Масжиди Жомеъ… Бу иморат сифатларидан баъзилари ўтган йиллар (воқеалари ораси)да ўтди». Мана шу мисолда, менингча, маҳди улё Гавҳаршод оғонинг шахсий ҳаётдаги оналик сифати ва мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётидаги ўрни акс этган.
Устод матншунос, аллома Асомиддин Ўринбоев таъкидлаганидек: «Асардаги тарихий мазмун ажойиб бир маҳорат билан бадиий шаклга ўралган ва қофияли наср (сажъ) услубида ёзилган». Бу асар ўз вақтида буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг диққат-эътиборини тортганлиги бежиз эмас. Таржимон «Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн»ни ўзбек тилига ўгирибгина қолмасдан, унинг форс тилидаги нафис тароватини, мураккаб услубини сақлашга эришган. Чунки ундаги араб, форс тилларидаги сўз ва ибораларни ўз ўрни, мавриди ва мезони, меъёри билан моҳирона қўллагани бунинг ёрқин мисолидир. Асар тилига жиддий эътибор берилса, ўз даври туркий тилининг форсий вариантига ўхшаб туюлади, яъни ўзбекча ўйлаб форсча ёзилганга ўхшайди, чунки бу тарихий асарнинг оригинал тили ўқувчида бевосита шундай фикр уйғотади.
Асарнинг номига келсак, ўрта асрлар анъанасига кўра, барча асар номлари одатда арабча берилган ҳамда унинг гўзал, нафис ва шоирона бўлишига ҳаракат қилинган. Шу маънода «Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн» («Икки саодатли юлдузнинг чиқиш ва икки денгизнинг қўшилиш жойи») асари ҳам бундан мустасно эмас.
Матншунос, тарихчи олим Асомиддин Ўринбоев кириш сўзида Абдураззоқ Самарқандий ўзи яшаган даврлардан олдинги йилларда содир бўлган тарихий воқеаларни ёритишда бошқа манбаларга, айниқса, XV асрнинг биринчи чорагида Ҳиротда тарихий ва географик асарлар ёзган машҳур тарихнавис ва географ Ҳофизи Абрунинг «Зубдат ут-таворихи Бойсунғурий» асарига таянганлиги, ундан фойдаланганлиги ҳақида ёзади. Бизнинг назаримизда, ҳар гулнинг ўз иси, ўз нафислиги борлиги сингари, ҳар бир муаллифнинг ўз баён усули, ўз тасвирий услуби, ўз дунёқараши, қолаверса, муайян тарихий воқеага нисбатан ўз фикри ёзган асарида акс этади. Шу маънода, у тарихий асарлар қайси бир жиҳатдан бир-бирини тўлдиради, бир-бирини бойитади, натижада муайян тарихий воқеага нисбатан турли қараш ва фикрларни уйғотади. Бинобарин, аждодларимиз ёзган асарларнинг бирон саҳифаси ҳам қолдирилмасдан таржима қилинса ўзбек халқи тарихи тўла-тўкис бўлади.
Бетакрор матншунос ва донишманд олим Асомиддин ака Ўринбоевга мазкур мақолани ўқиш насиб этмади, аммо ёзилаётганидан хабарлари борлигини чуқур таассуф билан айтиш лозим. Илойим, жойлари жаннатда бўлсин, яхши инсон эдилар!
Жалил Ҳазратқулов,
ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг етакчи илмий ходими
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 16-сонидан олинди.