Нусратулло Жумахўжа. Илм аниқликка таянади (2010)

Ўзбек халқининг буюк шоири, мутафаккири, маҳсулдор муаррих, моҳир таржимон Муҳаммадризо Огаҳий таваллудига 200 йил тўлиши муносабати билан матбуотда бир неча мақолалар эълон қилинди. Ушбу мақолалар Огаҳий тарихий хизматларининг аҳамиятини, ижодиётининг моҳиятини ёритиши билан диққатга сазовордир. Бироқ “Огаҳий таваллудининг 200 йиллиги” рукни остида чоп этилган И.Ҳаққуловнинг “Маоний боғини доно қилур сайр…” сарлавҳали мақоласи (“ЎзАС”, 2009 йил, 11 декабр) тўғрисида бундай дея олмаймиз.

Мақоланинг қурилмаси ғалати. Мундарижа ва мазмун пароканда. Огаҳийга бағишланган мақолада кириш қисмидан кейин сўз тавсифига ўтилади-да, кейин тасаввуф ва тасаввуфшунослик ҳақида гапирилади. Огаҳий бир четда қолиб, Абу Аъло Афифий, Абу Наср Саррождан кўчирмалар келтирилади. Уларнинг Огаҳий ва унинг ижодиётига нима алоқаси бор? Келтирилган кўчирмаларнинг манбалари кўрсатилмайди. Бу — илмийликка хилоф. “Атоқли турк шоири” Номиқ Камолдан ва Ҳорис ал-Мусоҳибийдан кўчирмалар келтириладики, уларнинг бевосита Огаҳий ва унинг ижодига дахли йўқ. Уларсиз Огаҳий ижодини таҳлил этишнинг имконияти йўқми? Афсуски, мақола муаллифи билан у кўчирма келтирган “донишманд”ларнинг нуқтаи назарини фарқлаш, ажратиб олиш қийин. Чунки баъзи ўринларда муаллиф тилидан айтилган фикр бошқа ўринда у келтирган кўчирмада айнан акс этган. Қизиғи шундаки, И.Ҳаққулов фақат турк, араб, Ғарб шоирлари ва тасаввуфшуносларидангина иқтибос келтиради ҳамда уларни сунъий равишда ўзбек тасаввуф шеъриятига татбиқ этади. Наҳотки, ўзимизда бирорта арзигулик тасаввуфшунос топилмаса! У олимларимизга нисбатан “зеҳн, мушоҳада, хусусан, сезги пачоқлиги…, бефаҳмлик” сифатларини раво кўради. Ахир, булар нутқ маданиятидан йироқ сўзлар-ку!

Баҳс маданиятига кўра, мубоҳасага тортилаётган ҳамкасби ҳамда унинг кўчирма олинган асари номи аниқ келтирилиши ва баҳс мазмуни ифодаланганда унга нисбатан ҳурмат, холис муносабат сақланиши лозим. Мақоладаги мана бу мунозара тарзи баҳс маданиятига асло тўғри келмайди: “Огаҳийнинг мутафаккир ва орифлиги шундаки, у қисмат белгилаган йўл – шеър ва шоирлик тариқидан чалғимаган, ҳеч қачон сўфийлик ва мутасаввуфликни санъаткорликдан баланд қўймаган. Унинг шеърларида неча ўнлаб тасаввуфий тимсол, рамз ва истилоҳларни учратиш мумкин. Улар нечоғли кўп ва такрор-такрор қўлланилган бўлмасин, Огаҳийни сўфийлик маслагига соҳиб шоир, дейишга ҳеч асос бермайди. Уни “сўфийи соф сиймолар” қаторига қўшиш эса ғирт ёлғондир. Чунки ўзини Ҳақ ишқига қурбон айлаган сўфийни Ҳақдан бошқа бир нима қизиқтирмайди. Ҳар қандай ижтимоий муносабат ва муассасага у ўзича ёт назарда қарайди. Огаҳийда эса, бундай эмас”.

Парчадаги қўштирноқсиз, ўзгартириб келтирилган “сўфийлик маслагига соҳиб” ва қўштирноқда келтирилган “сўфийи соф сиймолар” иборалари мазкур сатрлар муаллифига мансубдир. Муаллиф ушбу тушунчаларни рад этса, танқид қилса, улар билан маданий мунозарага киришса, чидаш мумкин. Лекин уларни баралла “ғирт ёлғондир” дейиш бориб турган ҳурматсизликдир.

Хўш, Огаҳий ҳақида 15-20 йиллар олдин ёзилган ишларга бунчалар кескин муносабат билдиришга зарурат борми? Умумтаълим мактабларининг 10-синфлари учун янги дарслик яратиш жараёнида 1990-йилларнинг бошларида Огаҳийнинг:

Бизки, букун жаҳон аро кишвари фақр шоҳимиз,
Бошимиз узра оҳимиз шуъласидур кулоҳимиз —

бошланмали ғазалини таҳлил этган эдик. И.Ҳаққулов келтирган иборалар мана шу дарсликнинг қуйидаги жумлаларидан узиб олинган: “Фақр — тариқат соҳибларининг муқаддас шиорига айланади. Муҳаммадризо Огаҳий фақр мақомига эришган сўфийи соф сиймолардан эди” (Б.Қосимов, Н.Жумахўжа. Ўзбек адабиёти.10-синф учун дарслик. Муҳаммадризо Огаҳий қисми, “Ўқитувчи”, Тошкент, 1999, 373-бет.). Ушбу дарслик тўрт марта қайта нашр этилди. Ҳар йили тўрт юз минг 10-синф ўқувчиси, 40 минг она тили ва адабиёт ўқитувчиси ундан фойдаланди.

Назаримизда, таҳлилларимиз шу қадар номаъқул бўлганида, аввало, дарсликдаги ҳаммуаллифимиз, талабчан устозимиз, марҳум профессор Б.Қосимов, дарсликнинг масъул муҳаррири, профессор Ҳ.Ҳомидов, қолаверса, Халқ таълими вазирлиги илмий-методик кенгашидаги ўнлаб олимлар уни ўтказмас эди. Башарти таҳлил ва талқинларимиз тўғри эмас, деган иддаоси бор экан, И.Ҳаққулов уни ўз вақтида айтганида, дарсликнинг иккинчи нашридаёқ тузатмасмидик.

Ушбу иддаоларда асос йўқ. Хўш, Огаҳий сўфиёна ғояларни куйласа, мутасаввуф бўлса, “шеър ва шоирлик тариқидан чалғи”ган бўладими? Масалан, бошқа бир мутафаккиримиз, сўфи ва мутасаввуф Машраб шеър ва шоирлик тариқидан чалғиганми? Бирор киши Огаҳий “сўфийлик ва мутасаввуфликни санъаткорликдан баланд қўйган”, деган даъвони илгари сурмаган-ку! Бордию, бирор ерда “Огаҳий сўфийлик маслагига соҳиб шоир”, дейилган бўлса, бу Огаҳий яссавия, нақшбандия, кубравия каби махсус тариқат яратган, деган маънони англатадими? Йўқ, асло. Бу Огаҳий бошқа мутасаввуфлар билан маслакдош бўлганлигини билдиради, холос. Огаҳий “сўфийи соф сиймолар қаторига қўшилса”, бунинг нимаси “ғирт ёлғон” экан? Огаҳийни ҳақдан бошқа қандай “ижтимоий муносабат ва муассаса(?)” қизиқтирган экан? Афтидан, И.Ҳаққулов Огаҳийни сарой шоири ва тарихчиси, бош мироб, хонларнинг яқин маслаҳатгўйи, сарой “муассаса”сига мансуб давлат арбоби бўлган-у, мансаб-мартаба кетидан ҳузур-ҳаловатда яшаган, деб ўйлайди ва адашади. Сарой муҳитини ўрганган олимлар билишадики, давлат хизматида бўлган ижодкорлар сарой ичида маишатда яшамаганлар. Уларга бебилиска маош ҳам тўланмаган, бебаҳо хизматлари учун устларидан зар ҳам сочилмаган. Сарой хизматидан холи пайтда ўз манзилларида фақир ва хокисор ҳаёт кечирганлар.

Фақирлик фақат Огаҳийнинг лирик қаҳрамонида мужассам этилган эмас, балки шоир шахсиятининг “мен”ига сингиб кетган, унинг турмуш тарзига айланган маънавий хислат эди. Бутун ижодида, хусусан, 1440 саҳифадан иборат “Фирдавс ул-иқбол” солномасининг қайси бетида ўзи ҳақида гап борар экан, Огаҳий ўзини “фақир”, дея тилга олади. Бу фақат анъанавий ҳол эмас. Сарой расмий маъмурлари ва лашкар билан ҳарбий сафарларда қадам-бақадам, гоҳо отлиқ, гоҳо пиёда, гоҳо шодон, гоҳо нолон юрар экан, бу ўткинчи, ёлғончи ва шафқатсиз дунё манфаатларидан шоир ва муаррихнинг умид гулшани куллий сўнган, инсон сийратидаги ёвузлик ва ҳирсу ҳавасдан буткул юз ўгирган. Лашкар мағлуб ва ҳимоясиз қолган одамларнинг зару зеваридан оддий уй жиҳозларигача талаб олганида шоир ва муаррих ҳалол ва меҳнаткаш қўлини бирор нарса илинжида булғамаган. Ғалаба нашидасини сурган хону амалдорлар ҳам шоир ва муаррихга ҳеч қандай насиба ажратмаган. Унинг учун ягона юпанч, илинж ва паноҳ ёлғиз Оллоҳ бўлган, ҳар сония жонини ҳовучлаб Оллоҳга таваккал билан яшаган. Огаҳийнинг мудҳиш замонда, сонсиз-саноқсиз қатлу торож аросатида ажал сиртмоғидан омон чиқиши, имкон топиб юксак бадиият намуналарини яратишининг ўзи мўъжиза эди.

Энди бутун Хоразм хонларини улуғлаб ёзилган буюк “Фирдавс ул-иқбол” солномасини якунлаётган ҳазин ва дардманд, муҳтож ва мададсиз қолган мутафаккирнинг аҳволи руҳияси тасвирланган қуйидаги сатрларга зеҳн солинг:

“Нечук бўлмас аламдин тоқатим тоқ
Ки, борман ғамга жуфту жуфтдин тоқ.
Уйим вайрондуру даврон ғамидин,
Кўнгул ошуфтадур уй мотамидин.
На ётсам, бистари хобим муҳайё,
На турсам, уйда асбобим муҳайё.
Ҳужум айлаб манга фақр ибтилоси,
Яна бир сори танҳолиғ балоси.
Эрур ҳолимға нозир йиғлағудек,
Мусулмон бирла кофир йиғлағудек.

Алғараз, бағримға тиш қадаб ўйланмоқ тақозосин қилди. Харожот учун хейли пул ҳожот бўлди. Бир неча аҳбобким, фақирға дўстлиғ ва якжиҳатликдин дам урур эрдилар, ҳар қайсисидин беш-ўн динор қарзи ҳасана тиладим. Бу муддаода муддати мадид жустужў ва тараддуд қилдим. Алар бовужудеким, давлат ва сарватда қорун ганжин закот чиқарур эрдилар, зодаоллоҳу таолло, иқболи давлатиҳум бир қаро пул била умидим кўзин равшан қилмадилар. Маҳрумлиғға аҳлин носияе муродимға қўйдилар. Оқибатул-амр, Муҳаммадпаноҳбеги соний ҳанналло таолло аън ул-офотдин юздин кўпрак ашрафий қарз истижоро олдим. Илоҳи, фақирни бу қарздорлиқ ибтилосидин осонлиқ била ботроқ қутқар ва бу буруж дағдағасидин тезроқ чиқар, омин”.

Қизиғи шундаки, олдинроқ Огаҳийни тариқатдан йироқлаштиришга уринган муаллиф, сал ўтмай уни: “Қалбида олий моҳият юз очиб, бош кўтаргани боис, тариқат ва тасаввуфий шеърият имтиёзларидан фойдаланган”, дейди.

Ушбу мақоласида И.Ҳаққулов нафс ҳақида ҳам бир маҳаллар ёзган фикрларига бемалол тескари гапларни ёзади ва ўзича аллақандай “нафсшунос”ларга зарба беради. У нафснинг тури кўплигини, мутасаввуф ва тасаввуфшунослар “нафсни ўлдириш, мағлуб этиш” деганда, нафснинг ёмон тури — нафси амморани назарда тутганларини била туриб шундай ёзади: “Шу жойда таъкидлайликки, бугунги айрим “нафсшунос”ларга эргашиб, нафсдан бутунлай кечиш, нафсни ўлдириш тўғрисида ҳеч қачон сўзламаслик лозим. Нафс ўлдими — одам ўлади. Бу эса, худкушликнинг бир тури эрур. Нафсни қанча қийнаб, қанча азобга гирифтор этманг, тиниб-тинчиш ҳолида ҳам у барибир ўзининг сифатларидан кечмайди”.

Ушбу мулоҳазалардан келиб чиқсак, дунё ҳою ҳавасларидан воз кечиб — нафсини мағлуб этиб, 63 ёшида тарки дунё қилган Аҳмад Яссавий худкушлик билан шуғулланганми? Унда Яссавийнинг ер остида яна шунча ҳаёт кечиргани ҳам “ғирт ёлғон” экан-да? Унинг тақдири мисолида нафс ўлди, лекин одам ўлмади-ку! Ёки Алишер Навоийнинг ҳаётни тоқ ва мужаррад кечиргани ҳам — нафсни енгиш, мағлуб этиш, ўлдириш эмасми? Унинг қисмати мисолида ҳам нафс ўлди, аммо одам ўлмади-ку!

И.Ҳаққулов ҳатто яхшилик ва яхшилик қилувчиларни ҳам шубҳа остида қолдиради: “Ҳатто, яхшилик ҳам нафснинг ҳаммолидир, чунки яхшилик зоҳиран итоаткор эрур. Инсон, шу сабабдан, қилган ишини алоқаси бўлсин ё бўлмасин, Оллоҳ учун деб ҳисоблайверади. Ҳолбуки, яширин тарзда нафс уни тузоғига туширган бўлади”. Оддий тушунчаларни бунчалар чигаллаштиришга нима зарурат бор? Ахир, Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида нафс ва унинг яхши-ёмон турларини соддагина тушунтириб қўйган: “Инсон икки нарсадан мураккабдур. Бири жасад, иккинчиси нафсдур… Агар нафси тарбият топиб, яхши ишларни қилурга одат қилса, яхшиликға тавсиф бўлуб — “яхши хулқ”, агар тарбиятсиз ўсуб, ёмон ишлар ишлайдургон бўлуб кетса, ёмонлиқға тавсиф бўлуб — “ёмон хулқ” деб аталур… Миқёси нафс деб қиладургон амалларимизни, ишларимизни шариат, инсоният қонунига мувофиқ ўлуб-ўлмадиғини виждонимиз ила ўлчаб кўрмакни айтилур. Нафс ўлчови ҳақиқий бир ўлчовдирки, инсоннинг ўз нафсига лойиқ кўрмагон муомалани бошқалар ҳақида ижро этмоқға қўймас”.

Назаримизда, бундан бир аср аввал аниқ шаклланган тушунчаларни чалкаштиришга асло ҳожат йўқ эди.

Нусратулло Жумахўжа,

филология фанлари доктори

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 16-сонидан олинди.