Бобур халқаро илмий экспедициясининг ўтган йил октябр ойида амалга оширилган режасидан Кунар шаҳрининг ўрин олишига «Бобурнома»даги ушбу сатрлар сабаб бўлганди:
«Яна бир туман Кунардур. Бу туман Ламғонотдан бошқачароқ бунёд топгандир… Мир Саййид Али Ҳамадоний раҳматуллоҳ саёҳат қилиб келиб, Кунардан бир шаръий (3км.) юқорироқда вафот этганлар. Муридлари бу ердан Хатлонга элтибдилар. Оламдан кўз юмган ерлари ҳозир бир мозор бўлиб қолган. 925 (1519) йили келиб Чағонсаройни олганимда, бу жойни тавоф қилиб эдим».
Ушбу маълумотни ўқиганимда улуғлар ҳақидаги қайдларда «сиз»лашни қўлламаган Бобур Мир Саййид Али Ҳамадоний ҳақида нега бунчалик катта эҳтиром изҳор этган экан, деб ўйлаб қолдим. Ва бу андишам бежиз эмаслигини таниқли афғон олимаси Шафиқа хоним Ёрқин нашрга тайёрлаган «Бобур Девони» китобидаги Бобурнинг Мир Саййид Али Ҳамадонийга бағишланган шеърини кўрганимдан сўнг англаб етдим. Рубоий мазмуни:
Бу мақбара соҳибини ҳар соҳада оқил бил. Ҳар қайғую ҳасратда у барчани қўллайди. Мен сенга айтайину сен буни англаб олгин, Али фарзандию Ҳамадон амиридир.Ҳамадоний мақбарасини зиёрат этишга мушарраф бўлдик.
Буюк аллома мақбараси…
Мир Саййид Али Ҳамадоний (Ҳамадон шаҳри ҳокими Саййид Шаҳобуддин оиласида 1314 йили дунёга келган ва 1386 йилда вафот этган) Бадахшон ва Ҳиндистон, хусусан, Кашмир ўлкаларида ислом дини ва маърифатини ёйган машҳур сиймо бўлган.
У ислом маърифатида ўзи каби кўплаб собит шогирдлар етиштирди: Хожа Исҳоқ Хатлоний, Нуриддин Жаъфари Бадахший, Мир Саййид Байҳақийлар шулар жумласидандир. Улуғ алломанинг икки юзга яқин ислом ва тасаввуф, ахлоқ, фиқҳ ва фалсафага оид асарлари маълум. Шулардан йирик ва муҳимлари «Захират ул-мулук» (Подшоҳлар хазиналари), «Миръот ут-толибин» (Толиблар кўзгуси), «Сайр ут- тоибин» (Тоиблар сайри), «Рисолаи зикрия», «Одоб ул-машойих» (Шайхлар одоби), «Мактуботи амирия», «Мақомоти сўфия», «Ҳафт води» (Етти водий), «Рисолаи истилоҳоти сўфия» (Сўфийлик истилоҳлари рисоласи), «Минҳож ул-орифин» (Орифларнинг тўғри йўли), «Шарҳи фусус ул-ҳикам» ва бошқалардир.
Ахлоқ-одоб масаласи ҳамма замонларда ҳаёт-мамот масаласи бўлиб келган. Кишининг бахтиёр ёки бахтсиз бўлиши унинг ахлоқи натижасидир. Шунинг учун Мир Саййид Али Ҳамадоний кишиларни юмшоқ табиатли, ҳаёли, одобли, кечиримли бўлишга даъват этади.
«Минҳож ул-орифин» асари эзгу панд-насиҳатларга бой китоблардан биридир. Аллома Имом Жаъфари Содиқдан ривоят келтириб, у киши беш тоифадаги одамлар билан дўстлашмаслик кераклигини уқтирганлар, дейди.
Мир Саййид Али Ҳамадоний диний маърифат, иймон, инсоф, маънавий камолот, дарвешлик одоби ва моҳияти, фиқҳий масалаларда ҳам муҳим фикрларни ўз асарларида ёритган.
Амир Темур ва Мир Саййид Али Ҳамадоний
Мир Саййид Али Ҳамадоний яшаган замонда унинг она шаҳри Ҳамадон ҳам Амир Темур тасарруфида эди. Соҳибқирон бобомизнинг ҳарбий сафарлари саҳифаларига назар солсак, азиз-авлиё қабр-мақбараларини ихлос билан тавоф қилгани, тирик сўфий, дарвиш ёки пирларни сафарларда камоли эҳтиром билан зиёрат этгани, Самарқандда — пойтахтда эса нуфузли мажлисларининг зийнати Амир Темурнинг пир-муршидлари ва бошқа донишмандлар бўлганликлари маълумдир. “Тарихи Рашидий” таржимасига расм-миниатюралар излаётган пайтимизда «Шарқ миниатюраси» (Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1980) китобидан айнан биз кутган воқеа: Амир Темур ва Мир Саййид Али Ҳамадонийнинг суҳбатлашиб ўтирган расмлари чиқиб қолди.
ХV аср охирлари ва ХVI аср бошларида Ҳиротда форс тилида ёзилган «Мажолис ул- ушшоқ» (Ошиқлар мажлиси) номли китоб Марказий Осиё илмий марказларида кўп нусхада сақланган. Каталогларнинг бирига қарасак, бу китоб муаллифи Султон Ҳусайн Бойқаро деб кўрсатилади; бошқасини варақласак, бу китоб ижодкори Камолиддин Ҳусайн Гозургоҳий деб қайд этилганига гувоҳ бўламиз. Бу борада “Бобурнома”ни варақласак: Заҳириддин Муҳаммад Бобур муаллифлик масаласини Камолиддин Ҳусайн Гозургоҳий фойдасига ҳал қилган.
«Шарқ миниатюраси» китобининг «Мажолис ул-ушшоқ»дан олинган бизга керакли саҳифадаги изоҳларни кўчирамиз: «Амир Темурнинг Амир Саййид Али Ҳамадоний билан бўлган баҳсда енггани». Ўрта Осиё услуби. 1606 йил. «Мажолис ул-ушшоқ» (Ошиқлар мажлиси). Султон Ҳусайн Бойқарога нисбат берилади… Хаттот Мир Солиҳ.
Энди «Мажолис ул-ушшоқ» китобидан олинган парча таржимаси билан танишамиз: бир кун у ҳазрат (Мир Саййид Али Ҳамадоний)дан буюк Амир Темур сўрадилар: «Нега бошингизга қора мато чирмагансиз? Бунда қандай ҳикмат бор? Ва бунинг маъноси нимада?” Мир Саййид Али Ҳамадоний ҳазратлари айтдиларки: «Нафсимни ўлдириб, унга мотам тутяпман». Ҳазрат Амир Темур сўрадиларки: «Нафс ўлдириладиганмиди ёки ўлдирилмайдиганмиди? Агар ўлдирилмайдиган бўлса, нега уни ўлдирадилар? Агар ўлдириладиган бўлса, нега унга мотам тутадилар?»
Шунчалик йирик камолот эгаси бўлган аллома ушбу савол-жавобда ожиз қолдилар.
Бу ерда кечаётган фикр шоҳмоти таҳлилига киришайлик: «Аллома: «Ўлдирилган нафсимга мотам тутяпман», деди. Одатда, комил инсонлар нафсни ўлдиришни юксак ғалаба деб биладилар ва бундан қувонадилар. Шайх эса, аксинча, мотам тутмоқда. Ана шу мантиққа зид ҳолатдан Амир Темур зукколик билан фойдаланиб, «Ўлдирилган нафсга нега мотам тутасиз?», деган эътирозли савол берган ва аллома ўз фикрий зиддияти тузоғига илиниб қолади.
Биз ушбу расм ва китоб матнини ўқувчиларга ҳавола этар эканмиз, мақсадимиз буюк алломанинг Соҳибқирон Амир Темурдан енгилганини қайд этиш эмас, албатта.
Амир Темур ўз атрофига, мажлисларига таниқли уламолар, мутафаккирларни жалб этгани ушбу расмдаги манзарадан кўриниб турибди. Амир Темур Мир Саййид Али Ҳамадонийнинг иззат ва ҳурматини жуда ўрнига қўйиб, ўзаро илмий суҳбат уюштирган. Эътиборлиси шундаки, Амир Темур саволи чуқур илоҳий ёки ирфоний мавҳум масала юзасидан эмас, балки шундоққина очиқ-ойдин, олим бошидаги салланинг ранги-туси ҳақида, холос. Ҳамадоний жавоби эса, олимона, жуда орифона: «Ўлдирилган нафсимга мотам тутяпман». Энди Амир Темур саволни мантиқан теранлаштириб беради ва аллома бу теранликнинг тубига етолмай, лол қолади.
Расмда Ҳамадонийнинг шуҳрати унинг ёнидаги дарвешларнинг зикру самога тушиб турганликларида ҳам яққол сезилмоқда.
Миниатюрадан биз икки ўртадаги суҳбат одобини кузатамиз: Амир Темур юксак тахтда эмас. Шунчаки остида тўшак бор. Унда ҳукмдорга хос ҳашаматли кийим ҳам, дабдабаю асъаса ҳам йўқ. Амир одмигина кийимда бутун диққат-эътиборини олимга қаратган. Унинг ёнида давлат арконлари ҳам кўринмайди. Рассом суврат марказига олим ва илмпарвар шоҳни ёнма-ён қўйган. Тасвирда ҳатто давлатнинг диндан устунлигига ишора қилувчи бирор детал ҳам йўқ (агар Амир Темур остидаги тўшакни айтмасак). Фақат Амир Темурнинг мантиқий закоси Ҳамадонийдек алломани ҳайратга солган ва жавобга ожиз қолдирган.
Камолиддин Беҳзод мактабига мансуб бўлган рассомнинг ушбу миниатюрасидан санъатшунослик нуқтаи назаридан бир неча нуқсонни кузатиш мумкин. Энг қўполроғи иккита:
биринчиси: саволда салла қора рангда эди, расмда эса… Мир Саййид Али Ҳамадоний оқ саллада.
иккинчиси: миниатюрадаги шарқона нозикликка сўрининг қизилёғоч панжаралари сингишмай турибди.
Булардан қатъи назар, мусаввир маҳоратига тан берамиз: мавзу, ғоя пухта ишланган.
Рассом санъатга — тасвирга тазод, зидлаш усулини олиб кирган. Муҳитда ҳукмфармолик — Ҳамадоний бошлиқ гуруҳда. Амалда эса Амир Темур осудалиги ва закоси туфайли тўла-тўкис ғалаба қилган.
Бизга Амир Темурнинг ҳаёти саҳифалари, жанги жадаллари, тузуклари, тажрибалари ва ўгитлари маълум эди. Миниатюрачи мусаввир Соҳибқирон Амир Темур сиймосининг баҳсда ўта маданиятли бўлган янги қиррасини ҳам бизга намойиш эта олган.
Ваҳоб Раҳмонов,
Халқаро Бобур мукофоти совриндори
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 15-сонидан олинди.