Кутилмаган қувонч дилни яйратиб, тўнғиган вужудга иссиқлик беради, деган гап бор. Лекин, буни қарангки, совуқ саҳрода қувонч ҳам ожиз қоларкан, яъни вужудни иситолмас экан. Биз ўзимиз учун ниҳоятда зарур бўлган ўша ҳароратни тунда саҳро бўйлаб узоқдан-узоқ тентиганимиздан сўнг, тасодифан йўлимизда учраган чўпоннинг ёлғиз ўтовидан топдик. Ота-боболаримиз бежиз, «жон олов, жоним олов», демаганларини ўтов ўртасидаги каттагина темир печка яқинидан жой олганимиздан сўнггина илк бор ҳис қилгандай бўлдик.
Ўтов тор бўлса-да, мезбонларнинг кўнгли кенг экан. Улар биздан қайноқ чойини, ширин сўзини аямадилар. Қизиқ томони, ичкарида дўмбира, ташқарида эса бўрилар сас таратарди. Нима ҳам дердик, саҳро саҳро-да!
Эртаси Учқудуққа қайтиб, унинг номланишига асос бўлган қудуқлар билан қизиқамиз. Маълумки, Учқудуқ 1958 йили ташкил топган кон шаҳарларидан биридир. Шаҳар номи жой номидан олинган. Хўш, ўша учта қудуқ чиндан ҳам мавжудми? Агар мавжуд бўлса, улар ҳудуднинг қаерида жойлашган? Биз жой тарихини яхши биладиган Сафар Жабборов билан қудуқлар ўрнини қидиришга тушамиз. Шаҳар ва саноат корхоналари тараққий этганидан сўнг, табиийки, бу қудуқларга эҳтиёж қолмаган. Бирор тирик жон йиқилиб тушмасин, деб қудуқлар кўмилиб, тошлардан белги қолдирилган экан. Йиллар ўтиб, тошлар ҳам кўмилиб кетганми, қудуқ ўрнини аниқлаш бир оз қийин кечмоқда эди.
Ҳайтовур, қудуқларни топишга муяссар бўлдик. Сафар буванинг таъкидлашича, шу майдонда қадимдан учта қудуқ мавжуд бўлиб, улар чорвадорлар ҳамда саҳродан ўтган-кетган карвонларни оби ҳаёт билан таъминлаб турган.
Энди уларнинг номи шаҳарнинг бугунги навқирон қиёфасида қайта жонланиб, маъно ва мазмун касб этган.
Оқшом палласи Учқудуқ шаҳрини тарк эта бошлаймиз.
Экспедиция иши жуда қизиқ-да. Кеча айни шу пайт бу бепоён саҳронинг Тошўрмон ҳамда «Ўлик водий» ҳудудларида совуқдан дийдираб юрган эдик. Бугун эса кун илиқ, замонавий типдаги текис ва равон йўлдан кетмоқдамиз. Кеча кимсасиз бу ҳудуд, бу кенгликнинг бирор ерида ночор қолиб кетиш эҳтимоли хавф солиб турарди. Бугун эса бу хавфдан асар ҳам йўқ. Биз одамлар ва шаҳар тафтини юракдан туйган ҳолда Қизилқумнинг иккинчи дурдонаси ҳисобланмиш Зарафшон шаҳрига интилардик.
Нурга ғарқ кўмилган Зарафшон ўзининг тунги жамолини кўз-кўз қилган ҳолда қаршилади. Саҳро қўйнида ёғдуга чулғаниб, нурланиб турган шаҳар. Бу шаҳарнинг тунги қиёфаси кундузгисидан, кундузгиси эса тунгисидан гўзал дейишади. Бу шаҳарда гўзаллик рақобатлашади. Тунги шаҳар жамолига ҳавас билан тикиларкансиз, ундан сал наридан ҳудудсиз саҳро бошланишига ҳеч ишонгинг келмайди.
Ҳа, тунги Зарафшон саҳро қўйнида ёқутдек товланиб, жилваланиб турарди! Шаҳарни ердан эмас, кўкдан туриб тасвирга олишни режалаштирарканмиз, бу ишни бошлашдан аввал унинг теварагидаги қоя ва тошлар юзидаги қадимий тошсуратларни тасвирга муҳрлашни ният қиламиз. Саҳрода тошбитиклар нима қилади, деб ўйлайсиз? Буни қарангки, саҳрода ҳам тошсуратлар мавжуд экан.
Аслида биз саҳро қўйнидаги тошсуратларни қидиришни Сармишсой сафари давридаёқ кўнгилга тугиб қўйгандик. Нега деганда, аксарият кишилар тошбитикларни тоғли ҳудудга хос ҳолат деб ўйлашади. Ахир, инсоният фақат тоғли ҳудудда фаолият юритмаган-ку, унинг изларини ўзга сарҳадлардан, жумладан, саҳро бағридан ҳам қидириб кўриш мумкин эмасми?
Сармишсойга эмас, балки Қизилқумга тегишли ўта ноёб тошбитикларни биз Зарафшон шаҳри теварагидаги қоя ва тошлар юзида учратдик. Улар тошлар юзига ўйиб ишланган. Вақт ўтиши билан тош юзасидаги шакллар хира тортганини назарда тутиб, тасвирга олиш олдидан чизгилар устидан бўр юритиб чиқдик. Эртанги ёмғирда бўр ювилади, суратлар эса асл ҳолида қолаверади. Тошбитиклар кўз ўнгимизда юксак бир фалсафани, яъни инсон заковатининг буюклигини намойиш этади. Қоя ва тошларга муҳрланган суратларнинг шаклу шамоили Зараутсой (Сурхондарё) дарасининг ёхуд Нурота яқинидаги Сармишсой чизгиларига ўхшаб кетса-да, уларнинг ҳар бири ўзига хос бўлиб, алоҳида ўрганишни тақозо этади. Инсоният қадимда ҳам фақат тириклик ғами билан чекланиб қолмаган, балки ўзининг мушоҳада эта олиш қудратини намоён этган ҳолда ўз мулоҳаза ва муносабатларини, мавжуд оламга нисбатан ўз қараши ва кечинмаларини, ҳаттоки мўъжазгина орзу- ўйлари ва ақидаларини ҳам хаёлот дунёсининг юксак парвозларига эш тутган ҳолда бу чизгиларда, яъниким битикларда акс эттириб кетган. Бу тошбитикларни шунчаки томоша қилишдан ҳеч наф йўқ, уларга ақл кўзи ва тасаввур эта олиш туйғуси билан боқилсагина нимадир англаб, нимадир тушунгандай бўласиз.
* * *
Тошсуратлардан сўнг Зарафшон шаҳри ҳамда унга ёндош саҳро манзараларини тасвирга олиш ниятида «Навоий тоғ-металлургия комбинати» қошидаги аэроклуб майдонига келамиз.
Бахтимизга ўша куни учиш майдонида республика биринчилиги учун навбатдаги мусобақа ўтказилаётган экан. Биз ҳам осмондан сакрашга ҳозирланаётган парашютчилар сафига бориб қўшиламиз. Клуб раҳбари, спорт устаси ва бир неча марта республика мутлақ чемпионлигини қўлга киритган Дониёр Нуржонов билан суҳбатимиз тезгина қовуша қолди. У мақсадимизни эшитгач, йигитларнинг сакраши олдидан шаҳар ва унинг тевараги бўйлаб парвоз этишимизга розилик билдирди.
Бироқ қўшқанотли самолётда кўкка парвоз этиб, тасвирга олиш биз ўйлаганчалик осон эмас экан. Негаки, биз тасвирга олиш ишларини юқорида парвоз этаётган самолётнинг очиқ эшиги орқалигина амалга оширишимиз мумкин эди. Буни ҳисобга олган йигитлар тасвирчимизга махсус камар тақадиган бўлишди. Камарнинг бир учи самолёт бандига маҳкамланганидан сўнг, тасвирга олишни бемалол уддалаш мумкин. Фақат қўлдаги камера маҳкам тутилса бас, қолган ишлар ўз йўсинида кетаверади.
Шунга қарамай, камарнинг маҳкамлигини яна бир бор ўзимизча кўрикдан ўтказамиз. Ҳаводан сакраши лозим бўлган биринчи гуруҳ билан самолёт томон юрамиз. Баҳонада йигитларнинг парашютда сакрашини ҳам бевосита кузатадиган бўлдик. Самолётга чиқаётган йигитларни зимдан кузатамиз. Барининг юз-кўзида ним ҳаяжон сезилади. Бу сакраш ваҳимаси эмас, балки ғолибликка интилиш ҳаяжони. Чунки бу йигитларга қўрқув бегона, ҳаммаси нақ лочиннинг ўзи, қўйиб берсанг, қанот чиқариб учгидек бари.
Йигитларнинг ҳозирлигини кўриб, кўнгил экан-да, бизнинг ҳам парашютга осилиб ерга сакрагимиз келади. Бироқ бу мумкин эмас, биз фақат уларга ҳамроҳ бўлишимиз мумкин, холос. Ниҳоят, парвозга буйруқ берилди. Самолёт гуриллаганча кўкка интилди. Дастлаб шаҳар бўйлаб парвоз қила бошлаймиз. Саҳро қучоғидаги Зарафшон худди кафтдагидек кўзга ташланиб турибди. Бир неча соатгина бурун биз шаҳарга ёндош қумли ҳудуддаги қоя ва тошлар юзидаги суратларни тасвирга олгандик. Энди эса, мана, унинг осмони бўйлаб парвоз қилмоқдамиз.
Шаҳар шу қадар дид билан тикланганки, бинолар, кўчалар ва бошқа қатор маиший бинолар бир-бирига мос ва ҳамоҳанг тушган. Атиги ярим аср бурун шаҳар ўрни саҳро измида бўлиб, унда қум бўронлар қутурганига кишининг ҳеч ишонгиси келмайди. Саҳро энди бу ҳудудга ўз ҳукмини ўтказолмайди. У инсон заковати ва меҳнатига тан бергандек, нари чекинган, лекин кўпам узоқлаб кетмаган.
Сакрашга шай йигитлар эса, негадир бетоқатланишади. Тўғри-да, парашютда кўкда қушдай парвоз қилишнинг гаштига нима етсин, ахир! Биз шаҳарни чирмаб, тевараклаб турган саҳро бўйлаб парвоз қила бошлаймиз. Саҳро ердангина эмас, кўкдан ҳам сокин ва гўзал кўринади. Умуман олганда, саҳро табиатининг ўзига хос гўзал жиҳатлари ниҳоятда бисёр. Фақат бу гўзаллик саҳро сокинлиги билан уйғунлашиб, сукунатга йўғрилган улуғвор бир теранлик ҳамда сарҳадсизлик касб этгани боис, унинг маҳобати олдида гоҳида инсон ўзини ожизроқ сезади, холос. Аммо сиз саҳронинг айни шу хусусиятини қалбга яқинроқ тутсангиз, беихтиёр унинг шайдосига айланганингизни пайқамай қоласиз. Кексалар бежиз, саҳро ўзига шайдо қалбни асрайди, авайлайди, демаган. Бу орада парашютчи йигитлардан бири очиқ эшикка яқинлашиб, қуйига мўралаганча, ниманидир чамалай бошлайди. Сакрашдан олдин аввало шамолнинг ҳолати ва тезлиги ҳисобга олинаркан. Ана, биринчи йигит сакради. Кейин унинг изидан бошқалари ҳам сакрай бошлади.
Бир зумда самолёт бўшаб, ичкарида биз ва икки учувчидан бўлак ҳеч ким қолмади. Йигитлар эса худди бургутдай осмон бағирлаб, белгиланган марра сари сузиб боришарди.
Биринчи гуруҳдаги йигитлар сакраб бўлганидан кейин самолёт навбатдаги гуруҳни олиш учун ерга қайтади. Биз биринчилик учун курашаётган йигитларни холи қолдириб, яна саҳро қўйнига қайтиш учун улар билан хайр-хўшлашиб, йўл тадоригини кўрамиз.
* * *
Саҳронинг бағри кенг, йўли эса узун дейдилар.
Унинг йўли шу қадар узунки, ҳадеб йўл юраверганингданми, гоҳида бутун олам фақат йўлдан иборатдек туюлиб қолади. Экспедиция шу кетишида, режага кўра, саҳро денгизи — Тўдакўлни қора тортганди. Олдимизда эса тўрт юз километрга яқин узоқдан-узоқ масофа ястаниб ётарди…
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 14-сонидан олинди.