Назар Эшонқул: “Инсонни англаш — асосий мезон” (2010)

— Назар ака, адабиётимизнинг, бадиий сўзнинг аҳамияти бугунги кунда, сизнингча, нима билан белгиланади?

— Маълумки, адабиётнинг азалий мавзуси инсон. Яъни, замон ва унинг муаммолари билан юзма-юз турган, уларни ўзгартираётган, янги ҳаёт асосини яратаётган шахс, халқ. Шунинг учун инсонни, халқни замон билан тенгма-тенг муносабатга киришган, давр руҳи билан яшаётган ҳолатда тасвирлаш муҳим.

Бинобарин, замонавий қаҳрамон миллатнинг, халқнинг яратувчилик қудратини, қиёфасини, фазилатларини, шаъну шарафини ўзида мужассам этган қаҳрамондир. Албатта, адабиётни мавзу билан бирга, истеъдод, маҳорат ва бадиият белгилайди.

Шу маънода, бугунги кунда адабиётнинг таъсири ва аҳамияти аввало ҳаётимиздаги улкан ўзгаришларни энг долзарб мавзулар асосида юксак бадиий маҳорат билан акс эттириш ва шу орқали халқимиз маънавиятини бойитиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан белгиланади.

— Адабиётшунослар ўртасида модернизм оқимига нисбатан икки хил муносабатни кўрамиз: бир гуруҳ мутахассислар модернизмни адабиёт ва бошқа вербал санъатлар учун янги оқим сифатида баҳолаётган бўлсалар, иккинчи томондан эса “Модернизм — инсониятнинг маънавий инқирози маҳсули”, деб инкор этилаяпти. Уларнинг айтишича, модернчилар чекилган сигаретанинг кулини оқ матога босиб: “Мана шу ҳам модернизм”, деб даъво қилишлари ҳеч гап эмас, эмиш…

— Мен бу баҳсда оқловчилик ҳам, қораловчилик ҳам қилишдан узоқман. Аммо мен “модернизмни инсониятнинг маънавий инқирози” сифатида баҳолаётганларнинг эътирозларини ўқиганимда бир воқеа ёдимга тушади: 70-йиллар боши эди. Қишлоғимиздаги мактаб директорининг уйида телевизор пайдо бўлганда оми одамлар ”бу шайтоннинг кўзгуси, агар кимки уни томоша қилса, иблиснинг измига тушиб қолади”, деб қўрқитишганди. Бугун эса ўша омилар ҳам телевизорсиз ҳаётларини тасаввур қилишолмайди. Илгари ҳам қайсидир суҳбатда айтгандим: “Модернизм — олабўжи эмас!” У санъатда инсон руҳиятини чуқурроқ акс эттириш учун янги метафора, янги шакл топишга уринаётган оқим. Пруст, Кафка, Жойс, Беккет, Музил, Аполлионер ва ҳоказолар чин модернистлар эди. Бу номларсиз ХХ аср адабиётини тасаввур қилиб бўлмайди. Улар маънавий инқирозни эмас, инсон изтиробини, инсон зотига шафқатни, инсон муҳаббатинию матонатини янги шакл ва ифодаларда тасвирлашган. Сигарета қолдиғини оқ матога босганча, мана шу ҳам “модернизм” дейишса, мен бундан сира ажабланмайман. Агар ана шу оқ матога босилган сигарет қолдиғи инсон руҳиятини, унинг ҳаётини илкис, янги образи, метафораси сифатида маҳоратли талқин қилса, нега у модернизм бўлмас экан? Бундай пайтда мен айбни модернизмдан эмас, ўзимнинг танбал ақлиму ноқис дидимдан қидирган бўлардим…

Бошқа томондан қарайдиган бўлсак, модернистлик қиламан деб, лабларига папирос қўндириб, босишга мато излаб юрган, ўзини ошкора тарзда “модернистман” деб атаётганларни кўриб, энсам қотади. Бунақа иддао қилаётганлар модернист эмас, улар шунчаки адабий олифталар. Модернизм иддао эмас, у истеъдодни ифода этиш усули, адабиётни, адабий қарашни янгилаш маҳоратидир.

— Адабиётга янгича нафас ва фикр билан кириб келаётган ёш ижодкорлардан кимларни эътироф этган бўлардингиз?

— Ўтган йили Баҳодир Абдураззоқнинг “Ёшлик” журналида иккита ҳикоясини ўқидим. Бир тун эртаги” ва “Қирон” асари нималарнидир ваъда қилади. Муҳими воқелик яхлит, жумлалар пишиқ, тасвирлар ойдин. Поэтик жиҳатдан кучли замин, дард, нигоҳ билинади. Баҳодирнинг бу икки ҳикоясини ёшлар ҳикоячилиги эмас, умуман, ҳикоячилигимиз ютуғи сифатида бемалол эътироф этиш мумкин.

Яна Умид Ёқубнинг “Тўлқинлар унутган тош” деб номланган қиссасини қўлёзма ҳолатда ўқидим. Бу асар кўп жиҳатдан янги авлод асари дейишга имкон беради. Эҳтимол, бу асар XXI аср адабиётининг дастлабки намунасидир? Умиднинг асари менга насрга, тилга, жумлага, образ яратишга, воқеликка янгича қараш бўлиб туюлди.

Умуман, ёшлар насрида яхши анъаналар шаклланаяпти. Аммо ёшларнинг энг катта нуқсони — улар дадил эмас.

— 2008 йилда “Ялпиз ҳиди” деб номланган китобингиз чиқди. Унда китобхонни инсон руҳиятининг сўқмоқларига олиб кириб кетадиган қаҳрамонларни кўраман. Бу жиҳат сизнинг ўзига хос услубингизни яққол акс эттиради. Шу китоб ва унга киритилган асарлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак…

— “Ялпиз ҳиди” тўплами ўтган асрнинг 80-йиллар охири ва 90-йилларида ёзилган қисса ва ҳикоялардан иборат. Асли мен бу китобни ва бошқа асарларни қўшиб, “Мен”, “Сен”, “У” деган уч китоб қиламан, деб юргандим. Бу китобларда “мен” тилидан ҳикоя қилингани “Мен”, “сен” тилидан ёзилгани “Сен”, “у”нинг тилидан айтилганини “У” китобига жамлаш ниятим бор эди. Аммо ноширлик ҳам ўзига хос маҳорат, чоғи, бу таклиф нашриётга маъқул тушмади. Лекин ҳали ҳам бу мақсаддан воз кечганим йўқ.

Гарчи “Ялпиз ҳиди”да ҳикояларнинг жойлашуви, дизайн жиҳатдан кўнглим тўлмаган айрим ўринлар бўлса-да, бу китоб ижодим ҳақида тасаввур уйғотади, деб ўйлайман.

— Айнан шу нашрда босилган қиссангизда бир фикрни тушунгандек бўлдим, инсоннинг барча хатти-ҳаракатлари, ҳатто туғилишининг ўзи ҳам сирли ҳодиса.

— Бу асар инсоннинг покланиши ҳақида. Мен уни шундай орзу ва мақсад билан ёзганман. Бироқ бу саволга жавоб борми? …Ўйлашимча, агар жами одамзод шу саволга жавоб излаш жараёнида яхлитлашса, нажот йўли топилади. “Қора китоб”даги фожиа якка шахс фожиаси эмас, у инсоният фожиаси. Шу сабабли асар сўнгида қаҳрамон: “…Иблис билан бир тўшакда ухлаб ётган ушбу дунёни ларзага солиб, масту мустар ҳайқираман. Майли, менинг ҳайқириғим дунёнинг адашган сўнгги ҳайқириғи бўлиб қолсин”, дейди.

— “Оғриқ лаззати” ҳикоянгизда Ғарб ёзувчиларининг таъсири сезилади.

— Бу ҳикояни аниқ қилиб “фалон асар, фалон ёзувчи таъсирида ёзилган” деб айтолмайман. Умуман олганда, мен ҳамиша асарларини ўқишга эҳтиёж сезадиган, қайта-қайта ўқийдиган адибларнинг ҳаммаси ҳам таъсир қилган бўлиши мумкин. Булар — Онетти, Кафка, Кортасар, Камю, Акутагава, Эдгар По, Фолкнер, С. Беккет, Ф. Аттор, “101 дзен ҳикмати”, Антонио Поркянинг “Товушлар” тўплами, мен яхши кўрган ўнлаб япон адиблари ҳикоялари… Аммо бу ҳикоянинг метафораси хаёлимга тўсатдан келган, кейин мен уни тарашлаб, ҳозирги шаклга солдим (ўнлаб вариантдан кейин “мен” тилидан ҳикоя қилинган, шу шакл менга маъқулдай туюлди). Аслида уни бошқачароқ ёзиш мумкин эди. Чунончи дастлабки вариантда, ўша юрагини суғуриб кўрсатган қаҳрамон (Горькийнинг Данькоси каби) тилидан ҳикоя қилинади. Аммо бу шакл мени қониқтирмади. Агар қаҳрамон тилидан ҳикоя қилинса, оломон кайфияти тўла акс этмасди. Менга эса ўз лаззати, завқи учун ижодкорни ўлимга ҳам маҳкум қилиш даражасидаги оломон манзараси керак эди. Ижодкор ўзининг беадад оғриқлари, дардлари, изтироблари эвазига ўз санъатини намойиш қилади, китобхон эса санъаткордан аёвсиз равишда яна ҳам кўпроқ оғриқ, дард акс этган санъат усулини талаб қилади. Охири у ўз юрагини суғуриб, фавқулодда санъатини намойиш қилади. Ижодкор қанча эзилса, қанча дард чекса, оломон шунча завқланиб, уни олқишлайди, унинг санъати маҳсулини шунча улуғлашади. Улар учун бу шунчаки бир томоша! Машҳур сатрни эсланг: “Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига Қандай чидай олди экан одамзот?!” Аслида ҳам бизга завқ бераётган санъат асари ижодкорнинг оғриқлари эвазига яралган.

— Назар ака, шу кунгача ёзган асарларингиз кўнглингизга таскин берадими?

— Йўқ. Ҳафсала қилса бўладиганлари бор. Аммо мен ҳали ўзим ўйлаган асарни энди ёзаман деб ўйлайман. Шу пайтгача ёзганларимдаги хато, нуқсонларни энди яққолроқ сезяпман. Мен бошқача ёзишга уриняпман. Оддий отахоннинг пешонасидаги оддий ажинда ҳам, чўпоннинг тутилавериб, йиллар ўз асоратини қолдириб силлиқлаган таёғининг ҳар бир ёриғида ҳам катта романларни тўлдирадиган дард-изтироб, ҳаёт, поэтика борлигини кўряпман.

Шоҳсанам Хидирова суҳбатлашди

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 13-сонидан олинди.