Устоз Шукур Холмирзаев сабоқлари
Биз ўша пайтлар эндигина бошоқлай бошлаган ҳаваскор талабалар эдик.
Адашмасам, ўтган асрнинг 77-йиллари эди. Ёзувчилар уюшмасининг Пушкин кўчасидаги биносида Эркин Аъзам билан Муҳаммад Раҳмоннинг яқиндагина нашрдан чиққан илк китоблари муҳокамасида ўтирибмиз. Одам кўп, зал лиқ тўла.
Бир маҳал минбарга сочлари елкаларига ҳурпайиб тушган, қошлари қалин ва ўсиқ, ўзини тутиши, ҳолати ва қиёфаси буюк бастакор Паганинининг кинодаги сиймосини эслатувчи бир киши чиқди. Қуюқ қора қошлари билан бош-оёқ қора кийими бир-бирини бўрттириб, гавдасига жиддийлик ва қатъият бахш этиб турган, сўз берилиши биланоқ залда ўтирганлар ҳам бир сергакланиб олган бу киши, кутилмаганда дағал, дўриллаган овозда шеър ўқий бошлади. Бизнинг ёш, шоирона тасаввуримизда жуда баджаҳл, қаҳрли кўринган бу одам умуман шеър ўқиши мумкин эмас эди – ҳаммамиз ҳангу манг бўлиб қолдик.
“Бу киши ким?” деб ёнимизда ўтирган Мирзо Кенжабоевдан сўрасак:
— Ие, Шукур ака-ку, Шукур Холмирзаев шу киши-да, — дея шеър тинглашда давом этди.
Биз ҳайрат ва ҳаяжон оғушида эдик. Шукур ака ҳақиқатан ҳам шеърни зўр ўқиди. Ўқиди ҳам эмас, сидқидилдан ижро этди. Кейин: “Мана шундай гўзал шеърларни ёзгувчи шоир укамиз Муҳаммад Раҳмон бўлади”, дея гапида давом этди.
Усмон ака, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим адиб ҳақидаги битикларига “Узоқ хайрлашувлар”, деб жуда гўзал ном қўйган.
Бизнинг Шукур ака билан илк танишувдан кейинги барча дийдорлашувлару суҳбатларга ҳам “Узоқ учрашувлар ва хайрлашувлар”, деб сарлавҳа қўйилса тўғри бўлар.
Умр — оқар сув деганича бор экан, йиллар хотираларга, хотиралар йилларга айланиб боравераркан.
Талабалик йиллари, унча-мунча китобни бир кечада симириб ўқийдиган, муҳаббатга, мутолаага чанқоқ ёрқин паллалар.
Ётоқхонамизда ҳужрадан ҳужрага, қўлдан-қўлга айланиб, кезиб юргувчи машҳур асарлар қаторида деярли кўпчилик ўқиб чиққан севимли китоблар: “Ўн саккизга кирмаган ким бор”, “Олис юлдузлар остида”, “Ҳаёт абадий”…
Оқшомлари биздан бир курс баланд ўқийдиган китоб жинниси Қурбон билан ёш ҳикоянавис Алиқул деган сирдарёлик йигит баҳслашади:
— Масалан, “Олис юлдузлар остида” деган ҳикоясининг яхшилигини қандай исботлайсан? Ёзувчи бўлсанг бир сўз билан айт-да!
— Яхшилиги шундаки, ҳикояни ўқигач, ўзингни ҳам бирдан ўша олис юлдузлар остига кетгинг келади…
Сурхон воҳасидан чиққан адибларнинг карвонбошиси, ёш чоғиданоқ Абдулла Қаҳҳордек устоз адибларнинг назарига тушиб, дуосини олган Шукур оғамиз билан биз ҳақли равишда фахрланардик. Ва қаламларимиз қитирлаб, илк машқларимиз матбуотда кўрина бошлаган пайтда “Бу тупроқни улуғлайдиган, халқининг шодлик туйғулари, дардларини ифода қиладиган шоир ва ёзувчилари” қаторида “кенжалар” деб бизнинг номларни ҳам тилга олганида олам-олам қувонганмиз. Университетни битирганимиздан кейин, бир дўстимизни нашриётга, яна бировини радиога, мени эса ўша пайтдаги бош муҳаррир Саъдулла Кароматовга далолат қилиб, “Тошкент оқшоми” газетасига ишга жойлаштирган қадрли инсон ҳам Шукур ака бўлади.
Баъзан шеърларимиз билан ҳаволанганча “Адабиёт” газетасининг йўлагида пайдо бўламиз. Жадидлар замонининг муҳаррирларини эслатувчи Маҳмуд ака, устоз Маҳмуд Саъдий елка учириб юрган бўлади. У кишининг фақатгина бизга таниш “пароли” бор, шуни айтгач, гурунгга тушиб кетамиз. “Шолоховни ҳам кўриб турибсизларми?” дея сўрайди ҳар гал Маҳмуд ака. Ёки хайрлашаётиб: “Шолоховга ҳам салом айтинглар” дейди. “Шолохов” дегани — Шукур ака. Бу таъриф бизнинг ғашимизга тегмайди, аксинча, оғамизнинг улуғ ёзувчи эканини беғараз, самимий эътироф этганидан хурсанд бўламиз.
Шукур аканинг ҳамма асарларида юракка етиб борадиган, қалбни жиззилатадиган бир нима бор. Ҳикоями, эссеми – фарқи йўқ, албатта, сизни орзиқтиргувчи, ўзингизга азиз ва керакли ниманидир топа оласиз.
Шу ўринда муҳим бир нуқтани алоҳида айтиб ўтмоқни истар эдик:
“Ўн саккизга кирмаган ким бор” қиссасининг оташ ҳарорати нечоғли баланд бўлмасин, Шукур ака насридаги бир йўналиш — юрт, Ватан, она тупроқ тарихи мавзусининг юксаклиги, адиб бу мавзуни бутун умри давомида бўлакча меҳр ва синчковлик билан ифодалаганининг гувоҳи бўласиз. Шу маънода, ёш, тажрибасиз бўлишимизга қарамасдан, “Ўн саккизга кирмаган ким бор” асаридан юз чандон кўпроқ таъсир этган, бизнинг Ватан, тарих, адабиёт ҳақидаги тасаввур ва билимимизни том маънода ағдар-тўнтар қилиб берган мўъжазгина “Қадимий Бақтрия тупроғида” эссе-ҳикоясини мисол келтириш мумкин.
Эссе 1973 йилда ёзилган. Биз уни “Шарқ юлдузи” журналининг эски тахламларидан топиб ўқиганмиз. Шукур ака ҳаёти давомида бир неча маротаба такрор-такрор бу асарига мурожаат қилиб, қайта ишлаб, тўлдириб, сайқал берган. Бир гал “Олди-ортингга қара” деб сарлавҳасини ўзгартириб ҳам нашр эттирган. Эссе “Авесто”дан олинган (тасаввур этинг: ХХ аср, шўро замонининг авж палласи!): “Мен Оҳура-Мазда шафқат-ҳимоятим остида оламнинг тўртинчи мамлакати қилиб туғи баланд эрлар юрти Бақтрияни яратдим” деган эпиграф-сўзлар билан бошланади. Эпиграфнинг ўзиёқ ўқувчига жуда катта, кутилмаган бир нарсани ваъда беради. Умуман, Шукур ака эпиграф танлашда, устозлар ижодидаги энг зўр, ҳамма ўқиган, лекин ҳеч ким эътибор бермаган сара сўзлар, сатрларни топиб “реклама” қилиш бобида ҳам жуда уста эди. У киши бирор-бир даврада айтган бундай ёмби сатрлар икки-уч кун ичида адабий жамоатчилик орасида машҳур бўлиб кетарди. Масалан, ҳазрат Алишер Навоийнинг “Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмамон”, Миртемир домланинг “Дунё кенг, бибижон, кўзлар илғамас” ёки озар шоири Самад Вурғуннинг “Келди шоир, кетди шоир, ҳеч ким билмади” сатрларининг эл аро ёйилиб, овоза бўлиб кетишида Шукур аканинг катта ҳиссаси бор.
“Қадимий Бақтрия тупроғида”. Биз бу асарни деярли ёд билардик. Мактаб дарсликларида, университет қўлланмаларида бизга мутлақо бошқа – етти ёт бегона ва сохта тарих ўқитиларди, бу тарих эса худди момомиздай таниш, қадрдон, бобомиз мисоли яқин ва азиз. Унисидан ёлғон ва ҳақорат билиниб турса, бунисидан шаъну ғуруримиз балқиб, момо бешикларнинг иси уфуриб турарди.
Асардан кўзланган мақсад ва ҳолатини адиб эрамиздан икки юз йил аввал ўтган юнон ҳажвчи ёзувчиси Лукианнинг сўзлари билан ифодалаб беради: “Менинг бу гапларим ғоят эски гаплардир (Бу гап икки минг йил бурун айтиляпти – Ш.Х.). Лекин ҳақиқат шундаки, ўз отасини севмаган фарзанд ўзганинг отасини ҳам ҳурмат қила билмайди ва … ўз Ватанини севмаган киши ўзгалар Ватанини ҳам қадрлай билмайди”.
Бор-йўғи йигирма тўрт-йигирма беш бетдан иборат мазкур эссенинг ичи ғиж-ғиж тарих ва қадимият, йигирма беш саҳифагинанинг қатларида икки юз минг йиллик қатлам-қатлам тарих тиғиз қилиб жойлаштирилган.
Тепалар. Тепалар. Қумтепалар. Тупроқтепалар. Бақтрия, Юнон-Бақтрия давлатлари. Қушонлар империяси.
Биз кечагина шу тепаларда қўй ҳайдаб, пода боқиб юрган болакайлар эдик. Шаҳарга ўқишга келдигу, бир ёзувчи ака бизни шу тепалар, шу ажиб ва сирли ғорларнинг ичига олиб кирди. “Ўв инижонларим-ай, мана кўринглар, бу тепалар қаърида ватанларинг ётибди, боболаринг, тарихингизу ўзлигингиз, орингиз билан ғурурингиз ётибди – деди. — Билинглар, ўрганинглар!”
Бинобарин, биз англадикки, бизнинг кўҳна тарих қанақадир “1917” йилдан эмас, балки Бойсундаги Тешиктош деган қадим ғорлардан, у ердан топилган юз миллион йил аввал яшаган Неондертал одамнинг шу тупроқда томган киндик қонидан, Навоий бобомиз “Хамса” достонларида тасвирлаб ўтган Зараутсойдаги ибтидоий одамлар чизган суратларнинг-да юз минг йиллик чизиқларидан бошланар экан. Неча-неча асрлар, давру замонларни ўткизган сопол синиқлари, ғишт парчалари. Будда ибодатхоналари. Қалъалар, қалъалар. Яна тепалар, тепалар. Қумтепалар. Тупроқтепалар. Улуғ бир элнинг қадим буюк маданияти ва санъати, улуғвор тамаддунидан гувоҳлик берадилар.
Биз мана шу Ватанни — Шукур акамиз юрак қонию умрини сарфлаб, соғлиғи билан оилавий фароғати, дунё ҳашамию роҳатидан кечиб, бутун ҳаётини бахш этганча сўзма-сўз, бетма-бет, тепама-тепа ёзиб қолдирган шу азиз, серсоғинч Ватанни ўрганмоққа киришдик.
Қўш адирнинг икки ўркачида қирдай-қирдай бўлиб икки бахши ўтирибди. Дўмбира товуши асрлар қаъридан мунграниб келаётгандай. Гўё дўмбира торлари қирларнинг қорни узра тортилгану, қўҳна ва туганмас тарих ингроғи таралаётгандай.
Қўш тепадан чанг чиқдиё, бу нимадир чечажон?
Икки отлиқ тенг чиқдиё, бу нимадир чечажон?..
Элнинг икки улуғ куйчиси — Қодир бахши, Шоберди бахши, бири қўйиб бири олаяпти. Тоғлар, дараларни гумбурлатганча, Бойчиборини ўйнатиб Алпомиш келяпти. Дўмбираларнинг жони тошдан экан, тош бўлганда ҳам аллақачон қумланиб, уваланиб кетарди. “Э, Алпомишни берган ота-бовангга раҳмат-е!” Қирдай-қирдай бўлиб икки ёнда икки бахши ўтирибди, биз шунда, ўртада сел бўлиб оққан, Сайҳун, Жайҳун бўлиб кетган одамни кўрганмиз — ўша Шукур ака эди.
Сўзга садоқат кўйида сарфланган, Адабиётга садқа кетган умр. Адибнинг юки оғир, залворли асарларидан бири, «Ўн тўққизинчи асрнинг энг мураккаб одами” (М. Горький ибораси), улуғ адиб Л.Н. Толстойга бағишланган “Танҳолик” ҳикоясидир. Ҳикоя Шукур ака ҳаёти ва ижодининг ғалвир сувдан кўтарилаётган паллаларида – 1998 йили ёзилган. Барча асарларида бўлгани каби, ёзувчи ушбу ҳикоясида ҳам ўз маҳорати, диди, билими ва санъатини кўрсата олган. Ҳикояни ўқигач, шак-шубҳасиз катта қониқиш ва ўзгариш ҳосил қиласиз. Толстой бобонинг умр хазонрезгисидаги аламли дамлари бор зиддиятларию изтироблари, фалсафасию донишмандлиги билан моҳирона ифодаланган мазкур ҳикоясида Шукур ака ўқувчини чигал ҳаётий саволларнинг қуюқ саксовулзор саҳросидан олиб ўтади. Жавоблар қудуғига эса ўқувчи тамомила бошқа одам бўлиб келади.
Буни қаранг-а: Чор Россиясининг подшоси Александр I га “Нима қилиб бўлса ҳам Ўрта Осиё билан Туркияни босиб олмоқ керак (Во что бы то не было, надо завоевать Среднюю Азию и Турцию!)” деб ким маслаҳат берган экан, биласизми? Достоевский. “Жиноят ва жазо”, “Ака-ука Карамазовлар” сингари муҳташам асарларни ёзган Достоевский айтган экан. Мана сизга, “Дунёни гўзаллик қутқаради” деган оламшумул сўзлар муаллифининг бошқа бир — “халоскорлик”, истилочилик қиёфаси.
Қисқа, узуқ-юлуқ суҳбатлар, узоқ учрашувлару давомли хайрлашувлар.
Шукур ака тарихни Ватандай, Ватанни тарих мисоли яхши кўрарди. Шу боис Ватан тарихига дахлдор бўлса агар, арзимасдек туюлса-да, сопол синиғини ҳам бир баҳонайи сабаб билан асарига киритиб ўтади. Шу сополгинага-да меҳри, муносабатини изҳор этади. Сизнинг эса бу сопол синиғини авайлаб-эъзозлаб кўзга суртгиларингиз келади.
“Хоразм, жонгинам” ҳикоясида шундай сўзларни ўқиймиз:
“… Ўша минорлар, эски карвич деворлар, тор кўчалар, сағаназор мозорлар мени тортди.
Мен ўша ерга бораман.
Балки… балки бу бир ҳолатдир.
Лекин мен туғилган юртимни қайтадан кашф этдим: у тап-тақир чўл, саҳро бўлиб қолгандаям — менинг тупроғим экан. Ўлиблар кетмайманми ўша ерда!”
Ҳикояларда ота юрт, она тупроқ бор. Ҳар бир ҳикоя гўёки бир юртдай, тасвирланаётган ҳар бир инсон худдики бир Ватандай таассурот қолдиради. Бу инсонлар ҳаёт йўлларида, кўнгил ва қисмат кўчаларида бир умр, умр бўйи талпиниб, интилиб яшайдилар. Энг муҳими, ким бўлмасин, ҳар бирининг борар манзили тайин. Уларнинг қалблари, армонлари билан соғинчлари Бойсуннинг зангору шингарф, мовий ва мусаффо осмонларига ўхшайди.
Тагига “1996” йил санаси қўйилган ҳикоя қаҳрамонининг бир армонли нидоси бор: “Ай, манинг умрим…умримнинг энг яхши, нурли чоғлари ўтиб бўлди…”.
Тўрт жилдли сайланма асарларнинг энг оғриқли, дардли-армонли нуқтаси — адибнинг “Эна қизим Сайёражон!” номли видолашуви, хўшлашув номаси. Шу икки қоғозгина хайрлашувда чексиз-поёнсиз бир диёрнинг битмас-туганмас меҳр ва соғинчлари жо қилингандай. Устоз Ғафур Ғулом таъбири билан айтганда, “Оталик ҳиссининг бебаҳо, лазиз, тўлқинлари ичра ғарқ бўлиб” кетасизу, бу сершафқат ва бешафқат ҳаёт қаршисида йиғлай бошлайсиз.
(“Ай, Шуҳрат акам-а…” эссесидан):
“Кейин Саид Аҳмад аканинг сўнгги — видолашув нутқини эслаб, агар мана шу ўйларга бормаган бўлсам, Оллоҳ олдида гуноҳкорман:
Саид Аҳмад ака, борган жойингда тинч ёт дедилар… Аттанг, бир кун келиб орқангдан биз ҳам борамиз, демадилар. Балки ичларида айтгандир. Мен, мана, сиртимда айтаман: Шуҳрат ака, вақти-соати келганда мен ҳам орқангиздан етиб бораман. Ахир, руҳлар тирик! Менинг ҳам руҳим Сизнинг руҳингизни топади, албатта. Айтишларича, ёмон руҳлар ҳам бўларкан у оламда… ўшандаям, Шуҳрат ака, Сизнинг руҳингиздан паноҳ топсам керак…”.
….Сўнгги кунлари, оғир ётганида шоир Рустам Мусурмон билан кўргани бордик. Неваралари йўлакда велосипед тузатаётган экан. «Киринглар, ичкарида” дейишди. Торлари узилган дўмбирадай бўлиб бир вужуд ётибди. Кўзларини очди. Чеҳраси бир ёришди. “Ай, менинг полвонларим келибди!”, деди. Синиқ жилмайди. Кейин: “Рустамжон, сув беринг”, деди. Иккими, уч қултумми сув ичди — “Шукур” айтди. Ўзи билан ўзи гапираётгандек туюлди. Бир нуқта яқинлашгандек бўлиб кўринаверди.
Кейин, орадан Вақт ўтиб (“умр ўтиб” деса дурустроқ бўлар) адибимиз Эркин Аъзам “Ёзувчи” сарлавҳали, “Шукур ака ҳам боғини яхши кўрарди”, дея бошланувчи ҳикоя чиқарди. Ҳикоядан қисқагина парча будир:
“ — Амаки, вергул зўрми, нуқтами? , — деб сўрайди бўлажак адиб ёзувидан бош кўтариб.
Қанчалаб китоб битиб, умр бўйи муҳаррирлик қилган одам болакайнинг шугина саволидан лол, ўйланиб қолади.
— Нуқта зўр бўлса керак-да. Вергулинг бир гапда бир нечта бўлиши мумкин, нуқта эса — битта!
— Лекин вергулнинг думи узун-ку?!
— Вергул – гап ҳали давом этади дегани. Нуқта қўйилдими, демак – бас, тамом!
— Дарров тамом бўлгандан кўра, давом этгани яхши эмасми?..”
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 12-сонидан олинди.