Шерали Турдиев. Туркийшунос олим қисмати (2009)

ХХ аср ўзбек халқи жуда кўп фидойи фарзандларини майдонга чиқарди. Ана шундай асл инсонлардан бири машҳур туркийшунос олим Холид Саид Хўжаев эди. Биз мақоламизда унинг ибратли ҳаёт йўли ва жўшқин илмий-ижтимоий фаолияти ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.
Холид Саид Хўжаев 1888 йили ҳозирги Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Қўшқўрғон қишлоғида эскича саводхон оилада таваллуд топади. У дастлаб шу ердаги мактабда савод чиқаради, 1911 — 1913 йиллари Тошкентда мадрасада ўқийди, мадрасада ўқиш билан бирга, янги замонавий мактаб-маориф, матбуот янгиликлари билан таниша бошлайди. Натижада унда жиддий фикрий ўзгаришлар рўй беради. У 1914 йили Туркияга бориб, у ерда 1918 йилга қадар Истанбул университетининг тарих-филология факултетида атоқли олимлардан чуқур сабоқ олади. 1918 йили Озарбайжонга келиб Ганжа шаҳридаги гимназияда туркий тиллар ва адабиётлардан сабоқ беради. 1921 йили эса, Тошкентда янги очилган ўзбек билим юртида ўзбек тили ва адабиётидан дарс ўта бошлайди. Лекин кўп ўтмай бу ернинг об-ҳавоси ёқмаганлигидан соғлиғи ёмонлашади ва у яна Озарбайжонга қайтади…
У 1926 — 1934 йиллари Озарбайжон олий педагогика институти ҳамда университетда озарбайжон тили ва адабиёти, туркий тиллар грамматикасини қиёсий ўрганиш бўйича мароқли маърузалар ўқийди.
1934 йил сентябридан СССР Фанлар академияси Озарбайжон филиалининг тилшунослик бўлимида биринчи даражали илмий ходим бўлиб ишлай бошлайди. Шу йиллар ичида у “Усмонли, ўзбек, қозоқ тилларининг қиёсий мифологияси”(Боку, 1926), “Янги алифбо борасида эски хотира ва туйғуларим”(1929), “Озарбайжон мактаблари учун рус тили”(1934) каби илмий-педагогик асарлар яратади ва озарбайжон тилига турк, ўзбек романларини таржима қилади.
Холид Саид 1926 йилга қадар Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги маданий-маърифий ва илмий алоқалар бўйича вакили бўлиб ҳам ишлайди. Бокудаги турли санъат педбилим юртлари, олий мактабларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалар ётоқхонаси мудири ва тарбиячиси бўлиб хизмат қилади. Санъат соҳасида таълим олаётган Сайфи Олимов, Ҳалима Носирова, Назира Алиева, педагогика, тил ва адабиёт бўйича ўқиётган Олим Шарафиддинов, Ҳоди Зарифов, Ғайратий, Файзулла Султонов (академик Иззат Султоновнинг акаси) каби ёшларга турк, озарбайжон ва ўзбек адабиётидан сабоқ беради, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Ҳоди Зарифов бирмунча вақт унинг уйида ҳам яшайди.
1928 йили машҳур ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини озарбайжон тилига таржима қилади ва унга шу даврда Ўзбекистондан Бокуга бориб турган Абдулла Қамчинбек билан каттагина сўзбоши ҳам ёзади. Роман Бокуда нашр этилади. Сўзбошида “Ўтган кунлар” тарихий романининг янги ўзбек адабиёти ва тили тарихидаги ўрни ҳамда аҳамияти, асарнинг бадиий қимматига юксак баҳо берилади. “Ўзбек адабиёти тарихида биринчи ўлароқ ҳаётий бир тарихий роман ёзилиши билан ўзбек ижтимоий ҳаётида, ўзбек насрий адабиётида жонланиш орзуси туғилди, — деб ёзадилар сўзбоши муаллифлари. — “Ўтган кунлар” ўзбек халқининг ўтмишини, хонлар давридаги жоҳилона сиёсатни, халқнинг у фожиали даврларда чеккан азоб-уқубатларини кўрсатган бир романдир… Асар ўзбек адабиётининг биринчи романларидан ҳисобланади. Асарда бир тарафдан ўзбек ҳаёти, хотин-қизлар турмуши, уларнинг нозик табиатлари, севги-садоқатлари, ширин одатлари тасвирланган. Иккинчи тарафдан эса, уларнинг оила ичидаги юриш-туришлари нафис бир тарзда кўрсатилган.
Абдулла Қодирий ўзбекларнинг Мирзо Фаталисидир. Бу роман Ўзбекистондаги ҳар бир саводхон китобхон томонидан севилиб-севилиб ўқилмоқдадир”.
Бу даврда Ўзбекистонда вулгар социологик танқидчилик намоёндалари Михаил Шевердин, Сотти Ҳусайн ва бошқалар Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини тарихий ўтмишни идеаллаштирувчи, ғоявий зарарли асар деб танқид қилиб турган бир пайтда Озарбайжонда романнинг юксак ғоявий ва бадиий асар сифатида юқори баҳоланиши муҳим аҳамиятга эга эди.
У 1935 йил декабрида машҳур қирим-татар туркийшунос олими, профессор Бакир Чўбонзода таклифи ва тавсиясига кўра, туркий тилшунослик масалаларига оид асарлари асосида филология фанлари номзодлиги диссертациясини ёқлайди ва доцент унвонини олади. Бундан ташқари, Холид Саид 20 — 30 йиллари “Чиғатой адабиётидан маърузалар”, “Синтаксис ва услубият назарияси”, “Туркистон тарихининг қисқача баёни”, “Туркий адабиёт назарияси”, “Эрон тиллари грамматикаси” каби асарларини ёзади. Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит турк” асарини озарбайжон тилига таржима қилади. Улар ўша даврдаёқ фақат Озарбайжондагина эмас, балки Ўрта Осиё, Қирим, Волгабўйи, Туркиядаги туркийшунос ва эроншунос олимлар томонидан ҳам илиқ кутиб олинади. Булар ичида, айниқса, олимнинг Маҳмуд Қошғарийнинг дунёга машҳур “Девони луғотит турк” асарини озарбайжон тилига таржимаси ва бу борадаги илмий ишларининг тугалланиши бўлади. Бироқ 1937 йилнинг 4 сентябрида олим бехосдан советларга қарши бўлган пантуркистик миллатчилик ташкилотининг аъзоси, хорижий мамлакат жосуси, деган туҳмат билан ҳибсга олинади.
Орадан бир кун ўтгач, эртасигаёқ зудлик билан уни қамоққа олган НКВД бўлим бошлиғи Зиков тегов ишларини бошлаб юборади…
Холид Саид 1937 йилнинг 19 октябригача — қарийб бир ярим ой тергов қийноқлари, руҳий ва жисмоний азоблашларга дучор қиланади. Оқибатда унга қўйилаётган туҳмат-айбловларни қисман бўйнига олишга мажбур бўлади…
СССР Олий суди ҳарбий коллегиясининг 1937 йил 19 октябрда Боку шаҳридаги кўчма сессиясининг ёпиқ суд мажлисида ҳеч қандай гувоҳсиз, судсиз, сўроқсиз Холид Саид Хўжаев олий жазо — отувга ҳукм этилади. Бу суд ҳукми у отувга ҳукм қилинган 1937 йил 19 октябрдан салкам бир ҳафта бурун — 1937 йил 13 октябрида Боку шаҳрида ижро этилган эди.
Холид Саиднинг оила аъзолари ҳам таъқиб остига олинади. Унинг ёш рафиқаси Сорахоним, 12 ёшли мактаб ўқувчиси бўлган ёлғиз қизи Бахижа қўрқувда яшай бошлайдилар. Ниҳоят, Сорахоним халқ душманининг хотини деган айб билан қамоққа олиб кетилади. Бахижа онасининг қариндош-уруғлари қўлида фарёд чекиб қолаверади. Қамоқда Сорахонимни эри Холид Саиднинг миллатчилик айбларини била туриб фош қилмаганликда айблашади. Бироқ у бу ҳақда ҳеч нарса билмаслиги ва эшитмаганлигини айтиб, қатъий туриб эрини ҳимоя қила бошлайди. Охири, туҳмат, иғво иш беравермагач, ноилож, уни қарийб бир ярим йиллик тергов қийноқлари ва зиндон азобидан кейин — 1941 йил 15 майда бўшатишади…
1953 йили Сталин вафотидан кейин — 1954 йилнинг 14 декабрида Холид Саид Хўжаевнинг рафиқаси Сорахоним Хўжаева эрининг тергов ишларини қайта кўриб, уни оқлашларини сўраб, Озарбайжон Республикаси ҳарбий прокурори номига ариза беради…
Ниҳоят, 1956 йил 16 майда СССР Олий суди ҳарбий коллегияси бу масалани қайта кўриб, ўзининг 1937 йил 19 октябридаги Холид Саид Хўжаев ҳақидаги ҳукмини асоссиз топиб, бекор қилади ва Холид Саид Хўжаев оқланади. Холид Саид Хўжаев расман оқлангандан кейин ҳам узоқ вақт матбуот жимликда бўлди. Унинг қизи Бахижа Мамедова ва Холид Саиднинг собиқ шогирдларининг саъй-ҳаракатлари билан орадан ўттиз йилдан ортиқ жимликдан сўнггина Бокуда чиқиб турган “Советская тюркология” журналининг 1988 йил 3-сонида тилшунос олим А.Тағизоданинг “Холид Саид Хўжаев” деган мақоласи эълон қилинади; Холид Саид таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан Озарбайжон Тилшунослик институтида илмий кенгаш бўлиб ўтади.
Ўша йили Холид Саид ҳақида “Гулистон” журналида озарбайжонлик олим Асқар Қулиевнинг “Икки халқ фарзанди” номли мақоласи босилиб чиқади. Мақолани ўқиган унинг юртдошлари — Қўшқўрғондаги 30-ўрта мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчилари турли ташкилотларга олимнинг номини адабийлаштиришга ёрдам беришларини сўраб мурожаат қиладилар. Пировардида мактуб ва мақолалардаги таклиф-мулоҳазалар ҳисобга олиниб, Тошкент вилояти Бўстонлик туманининг Қўшқўрғон қишлоғидаги 30-ўрта мактаб ва кўчага Холид Саид Хўжаев номи берилади, мактабда олим ҳаёти ва фаолиятини ёритувчи кўргазма ташкил қилиниб, хотира кечалари бўлиб ўтади.
Кейинчалик ўзбек матбуотида Ҳайдарали Узоқовнинг “Гуноҳсиз отилган олим”(1994), каминанинг “Холид Саид мероси Ўзбекистонга қачон қайтарилади?”(1996) каби мақолалари эълон қилинди. Уларда Холид Саиднинг илмий меросини она-Ватани Ўзбекистонга олиб келиш масаласи ҳам қўйилган эди. Лекин, афсуски, бу масала ҳали амалга ошганича йўқ. Умид қиламизки, халқимиз фидойи фарзандининг қимматли асарлари маданиятимиз хазинасидан ўз муносиб ўрнини эгаллайди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 11-сонидан олинди.