Шаҳло Ботирова. Романчиликда эврилишлар (2009)

Роман бадиий адабиётнинг нисбатан навқирон, ривожланишда давом этаётган замонавий жанрларидан бири ҳисобланади. Жаҳон адабиётида у драма, достон сингари жанрлардан анча кейин пайдо бўлган. Ўзбек романчилиги ҳам салкам бир асрлик тараққиёт тарихига эга. Абдулла Қодирий етук намуналарини яратиб берган ўзбек романчилиги тез ривожланди, ўсди, изланди ва адабиётимизнинг асосий жанрларидан бирига айланди.
Ўзбек романи руҳи поэзияга, драматургияга таъсир этди ва шеърий романлар, романга монанд драмалар яратилди. Ўзбек адабиётида тарихий, биографик, мистик, фантастик, детектив, сатирик ва маиший романлар пайдо бўлди.
Ўтмиш даври муаммолари фақат мамлакат иқтисодиёти ёки сиёсатига эмас, жамият эстетикасига, маънавиятига, маданиятига ва маорифига ҳам хосдир. Роман жамият бадиий-эстетик тафаккурини иниъкос қилувчи жанр бўлгани учун ҳам воқелик ичра эврилиши, инсон ўй-хаёллари, кўрган-кечирганлари, топган-йўқотганлари билан бадиий талқинга жалб этилади. Ҳозирги турланиб-тусланиб турувчи бозор иқтисодиёти шароитида инсон яна бир бор синовдан ўтади. Моддий манфаатдорлик қанчалар қийинлашгани сайин инсон онгида ечимсиз муаммолар бўй кўрсата боради. Бу нафақат давр, воқелик ичра тизимсиз ўй-хаёллар ичра эврилган инсонни бадиий кашф этган модерн романларига хос хусусият бўлибгина қолмай, анъанавий реалистик романлар қаҳрамонлари руҳиятига ҳам хос хусусият бўлиб намоён бормоқда.
Роман изланишга имкон берувчи жанр. Сўнгги 10-17 йил ичида яратилган «Лолазор», «Отамдан қолган далалар», «Минг бир кеча», «Фано даштидаги қуш», «Капалаклар ўйини», «Жазирамадаги одамлар», «Мувозанат» сингари асарлар бу жанр имкониятлари, роман тарихи, тадрижи ҳақида фикр-мулоҳаза юритишга ундайди.
Жаҳон адабиётида романнинг тараққиёт йўли равон бўлмаган: Л.Толстойнинг «Уруш ва тинчлик», Ж.Жойснинг «Улисс» асарлари моҳиятан ўта сирли, шаклан мураккаб романлар сирасига киради. Бундан ташқари Марсел Прустнинг «Йўқотилган вақтни излаб», Уильям Фолкнернинг «Кошона», «Ривоят» каби фалсафий романларига ҳар кимнинг ҳам тиши ўтавермайди.
Инсон руҳиятининг таҳлили, уни чуқур тушуниш ва тасвирлаш маҳорати — адабиётнинг туб моҳиятини белгиловчи хусусиятлардан бири даражасига кўтарилиши бирданига юз бермаган. Жумладан, Аристотелнинг «Поэтика» асарида қайд қилинишича, бадиий асарнинг асосий белгиси — ташқи ҳодисаларнинг тасвиридир, характер эса ташқи ҳодисалар тасвиридан кейинги воситадир.
Адабиётшунос Ҳотам Умуров ёзганидек, «А.Қодирий «Ўткан кунлар» романида Отабек ва Кумушларнинг дилбар қалби, ички дунёси тасвирида аналитик («қалб диалектикаси») принципига амал қилган. Ёзувчи бутун эътиборини бош қаҳрамонлар ҳис ва эҳтирослари таҳлилига, лирик интим туйғулар туфайли пайдо бўлмиш фикрлар диалектикасига қаратади». Отабек ва Кумуш қалбидаги ранго-ранг кечинмалар, ширин, мастона ва оғир кайфиятлар, психик, фожиавий драмалар, трагик коллизиялар ва оилавий-маиший, демак, ижтимоий томонлар билан боғлиқдир.
Танқидчи Умарали Норматов айтганидек, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Бозор» романи «Ўткан кунлар» билан бошланган ХХ аср ўзбек романчилигининг муносиб якуни дегингиз келади. «Асрнинг илк романи билан сўнгги романи «Бозор» ўртасида муайян муштаракликлар бор. «Бозор» қаҳрамони «Ўткан кунлар» қаҳрамони Отабек исмига оҳангдош тарзда Фозилбек деб аталган. Фозилбек ҳам Отабек сингари бозор — тижорат одами. Отабек миллат тарихининг энг қалтис бурилиш палласида, Чор Россияси босқини — истибдоди арафасида нажот йўлини излайди; Фозилбек эса салкам бир ярим аср давом этган истибдоддан сўнг истиқлолнинг дастлабки йилларида, миллий тикланиш палласида, янги ижтимоий муносабатларга ўтиш жараёнида йўл қидиради».
Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Бозор» романи ҳам онгда кечаётган ўйларнинг мураккаб, табиий оқими тарзида ёзилган бўлиб, роман қаҳрамони Фозилбек бир қарасангиз, ҳаётини бозорсиз тасаввур қилолмайди, бир қарасангиз, бозорни мутлақо жини суймайди. Ана шу зиддиятли туйғулари орасидаги дарбадар ўй-хаёллардан Фозилбекнинг ҳеч кимникига ўхшамаган дунёқараши, қизиқишлари, изтироблари ва тафаккури шаклланади. Бозорда ҳар ким керагини сўрайди, ҳар ким топганини сотади, эплаганини олади. Бозор мана-ман деган инсонни ҳам бозорга солади. Чунки «нафс» деган бир балои азим бор. Фозилбек: «Бозор — одамларнинг асл башарасини кундай равшан кўриш мумкин бўлган энг қулай жой», — деб таърифлайди. Шубҳасиз, бу ўринда Фозилбекнинг ушбу мулоҳазалари айни ҳақиқат.
Фозилбек бозорнинг сир-синоатларини кузатиш билан, отаси ва кичик онаси Умри она эса уни уйлаш, яъни унга «муносибхон»ларни излаш билан овора.
Фозилбек онасидан қолган жумбоқларга тўла ва англаб бўлмас соғинч туйғуси билан, онасининг ўлимига доимо ўзини айбдор ҳис қилади.
Хуршид Дўстмуҳаммад «Бозор» романида Қосимбекнинг невараси Аёнбек — бегуноҳ, фариштадай болакай доимо бобоси Қосимбекни кимдир чақиришини айтади. Катталар чиқиб қарашса ҳеч ким йўқ… Бу тасвирда муаллиф болакайни гуноҳсиз, пок ва фариштадек бўлганлиги учун бобосининг жонини олиб кетувчи фаришталар кўзига кўринадиган ва гаплашадиган тарзда тасвирлайди.
Хулоса қилиб айтганда, Хуршид Дўстмуҳаммад Мустақиллик даври ўзбек романчилиги соҳасида қалам тебратаётган ижодкорлар орасида ўзининг ҳаётий, жозибадор, руҳий-маънавий, бетакрор изланишлари орқали ўзига хос муваффақиятларга эришаётган истеъдодли адибларимиздан бири ҳисобланади.

«Ёшлик» журнали, 2009, № 4