Шерали Турдиев. Ҳамкорликда гап кўп (2009)

Ўзбек халқи дунёдаги барча халқлар каби қардош озарбайжон халқи билан қадимдан адабий-маданий алоқада бўлиб келган. Уларнинг бу ўзаро алоқалари кейинчалик тобора кенгайиб бориб, озарбайжон адабиётида Низомий ва Фузулий, ўзбек адабиётида Навоий ва ундан кейинги даврларда кучая борган. Уларнинг асарлари ҳар икки халқнинг аввалги эски мактаб ва мадрасаларида, сўнгги замонлардаги дунёвий Янги усул (жадид) мактабларининг ўқиш китобларида ёнма-ён ўқитилиб келинган, ёд олинган.

ХХ асрнинг бошларида ҳар икки халқлар ҳаётида ижтимоий-сиёсий ва маданий ўзгаришлар таъсирида жонлана бошлаган янги матбуот, адабиёт ва театр алоқалари янги йўналиш ола бошлади. Бу даврда Тифлисда чиқиб турган озарбайжонча «Мулла Насриддин» (1906), «Фаюзот» ва бошқа журналлар орқали Алиакбар Собир, Жалил Муҳаммадқулизода, Муҳаммад Ҳоди асарлари Туркистонга қанчалик кенг тарқалган бўлса, бу ерларда чиқиб турган «Ойина» (1913) «Садойи Туркистон», «Садойи Фарғона» (1914) каби ўзбекча газета ва журналлар орқали М.Беҳбудий, Фитрат, Ҳамза, С.Айний, Сиддиқий (Ажзий), А.Авлоний ва бошқаларнинг маърифатпарварлик ва сатирик асарлари ҳам Озарбайжонга шунчалик тез тарқала бошлаган эди. Улар ҳар икки халқни жаҳолатга, қолоқликка қарши илғор маърифат ва тараққиёт учун кураш руҳида тарбиялашда катта рол ўйнадилар. Бу алоқалар айниқса 1916 йилда Туркистонга Озарбайжон театри режиссёри Сидқи Руҳуллоҳнинг келиши ва унинг бу ердаги маҳаллий ўзбек театри ҳаваскорлари А.Авлоний, Хуршид, Маннон Уйғур билан бўлган ижодий ҳамкорликлари натижасида Тошкентда «Лайли ва Мажнун» асарининг қўйилиши билан яна ҳам кенгая бошлади. Бундан ташқари ўша йили яна Тошкентга машҳур Озарбайжон сатирик-ёзувчиси Жалил Муҳаммадқулизоданинг келиши ва унинг бу ердаги «Колизей» театрида ўзи иштирокида «Ўликлар» номли сатирик пьесасининг ўзбек томошабинларига кўрсатилиши ҳам бу ердаги маҳаллий театр шинавандаларини озарбайжон театр ва адабиётига бўлган ихлосларини кучайтира борди.

Ўзбек-озарбайжон адабий-маданий алоқаларининг кучайиши билан бирга бу даврда ҳар икки халқнинг илғор адабиёт, матбуот, театр намояндаларининг ўлкадаги амир-амалдорлар ва чор мустамлакачи тўраларнинг сатирик қиёфаларини фош қилувчи асарларга бўлган таъқиб ва назоратлар ҳам тобора кучая борди. Булар ичида айниқса шу даврда Бухоро амири зулми ва Чор мустамлакачилиги сиёсатини кескин фош қилиб, уларга нисбатан халқ нафратини кучайтираётган машҳур озарбайжон сатирик журнали «Мулла Насриддин» уларнинг диққатини ўзига торта бошлади. Унинг Туркистон ва Бухорога кенг тарқалиши чор махфий охранкасининг алоҳида кузатуви остига олина бошлади. Ўша даврда Тифлисда чиқиб турган «Мулло Насриддин» журналининг Бухорога қанчалик тез тарқалиши ва амирга кўрсатган таъсири ҳақида 1909 йилда Бухородаги чоризм сиёсий махфий идораси айғоқчиси бўлиб ишлаган Буйлин ахборотида айниқса очиқ сезилади. Унинг сўзига қараганда ўша йилларда «Мулло Насриддин» журналининг Бухоро амирлиги пойтахтида пайдо бўлган ҳар бир янги сони ҳам амирни ниҳоятда ташвишга солган ва ғазабга келтирган экан.

Буйлиннинг хабар беришига қараганда, амир бу журнални кўрганда худди безгак тутгандек касал ҳолига тушиб қолар экан. (Қаранг: З.Ражабов. «Россия и таджикская литература конца XIX — начала ХХ века, Таджикгосиздат-1959. Стр. 371).

Ўзбек-озарбайжон адабий-маданий алоқалари 1917 йил рус феврал инқилобидан кейин бутун чор мустамлакачиларидаги бўлгани каби Кавказорти ва Туркистонда бошланган миллий истиқлол ҳаракатлари билан чамбарчас боғланиб кетди. Озарбайжон халқининг илғор зиёлилари ҳам туркистонлик қардошларини чор истибдодидан тезроқ қутулиб, миллий истиқлол олишларини қўллаб-қувватлайдилар. 1917 йил ноябр охирларида эълон қилинган Туркистон Мухториятидан сўнг Тошкентда чиқиб турган «Улуғ Туркистон» газетасининг 1917 йил 31 декабр сонида озарбайжон миллий гимнининг муаллифи бўлган машҳур бастакор Узайирбек Ҳожибековнинг «Миллий марши» босилди.

Буюрдилар майдона, санчдуқ,
Тузилдик аскарлар саф бўлиб.
Юрайлик, шавқда душман тараф,
Билингиз, Темурдир бизга салаф.

Такрор:

Кирингиз майдона, сизки шер!
Олингизда шамшир ила, тир!
Дилингизда бўлсун бу зикр!
Олло, Олло, ё Акбар!
Темурлари, Темурлари!
Ки ул замон, турк ҳукмрон,
Туркка мадҳ, насиб жаҳон.
Энди кўр, кечди на зиллат,
Чекди бу миллат!

Озарбайжон бастакори Узайирбек Ҳожибековнинг ўзбек матбуотида босилган бу миллий марши ўша даврда ўзининг миллий уйғониш руҳи билан ўзбек ижодкорларидан Чўлпоннинг «Озод Турк байрами» (1917), Ҳамзанинг «Туркистон мухторияти» (1918) асарларидаги миллий истиқлолчилик ғояларига ниҳоятда ҳамоҳанг бўлиб эшитила бошлади.

Бу алоқалар кейинчалик бутун собиқ СССРдаги каби Туркистон ва Кавказ ортида Сталинча сиёсий тузум зуғумлари кучая бошлаган даврларда ҳам тўхтаб қолмай, баъзи бир қийинчиликлар билан бўлса-да давом этди. Бу ҳамкорликлар йигирманчи йилларда асосан матбуот, адабиёт, театр ва илм-фан соҳаларида бўлди. Бунда айниқса, ҳар икки халқнинг қадимий тарихий, маданий-адабий дўстлиги, шонли анъана­ларининг таъсири муҳим рол ўйнади. Бу йилларда Ўзбекистонга Озарбайжондан машҳур туркийшунос олим, профессор Оғамали ўғли, Боқир Чўбонзода келиб, бу ердаги янги ўзбек маорифи ва маданияти ишларида фаол иштирок этади. Фитрат, Чўлпон, Шаҳид Эсон Мусаев ва бошқалар билан мулоқотда бўладилар. Улар айниқса, эски араб алифбесидан янги лотин алифбесига ўтиш борасидаги тадбирларда ўзбек зиёлиларидан Ғози олим Юнусов, Боту, Шокир Сулаймон ва бошқалар билан бирга жонбозлик кўрсатдилар. Ҳали Ўзбекистонда Навоий юбилейлари кенг нишонланмаган бир даврда Озарбайжон олим ва ёзувчилари 1925 йил Бокуда ўзбек халқининг буюк шоири Навоий юбилейини ўтказиб, уларнинг юбилей кунлари қилинган энг яхши маърузалари 1926 йилда Бокуда «Навоий» номи билан алоҳида китоб бўлиб нашр этилади.

Бундан ташқари озарбайжон олим ва санъат усталари бу даврда Ўзбекистон учун юқори малакали, илмий ва санъат кадрлари тарбиялаб етказишда катта ёрдам кўрсатдилар. Йигирманчи йилларнинг бошлари ва ўрталарида Ўзбекистондан Озарбайжонга таниқли адабиётшунос ва фольклоршунос олимлар Олим Шарафуддинов, Ҳоди Зариф, маориф ходимлари Файзулла Султонов, Ҳожимурод Абдуллаев, шоир Ғайратий ва бошқалар олий махсус ўқув юртларида таҳсил оладилар. Озарбайжон ва турк адабиёти, тилини ўрганадилар, кейинроқ улар кетидан (1925 йилдан) Тошкентдан Бокунинг бир неча санъат ва театр билим юртларида Сайфи Қори Олимов, Ҳалима Носирова, Ҳакима Хўжаева, Назира Алиева каби бир қанча ўзбек йигит ва қизлари бориб ўқиб қайтдилар.

Шундан кейинги даврда ўзбек вақтли матбуотида ўзбек санъаткорлари, шоирларининг бу дўстликнинг шонли тарихий анъаналари, озарбайжон халқининг ўзбек халқига бўлган қардошлик меҳрлари ҳақидаги қатор шеър, очерк, мақола ва лавҳалари ҳам босила бошлади. (Масалан, Чўлпон, «Шайх Санъон» (1923), «Ойдин» (1927), «Фузулий пичинглари» (1936), Юнус Латиф, «Жаббор Жабборзода», Элбек, «Фузулий ва Навоий», Ҳ.Олимжон, «Озор қизи», Ғ.Шоди, «Ой шаҳар» (1928), М.Шайхзода «Озарбайжон халқининг санъати», Ҳ.Носирова «Санъат бешиги» (1939). Хусусан, Ғулом Шодининг «Ой шаҳар» (1928) шеърида Боку тунларида порлаб нур сочиб турган ададсиз электр чироқларини кўкдаги юлдузларга қиёслаш орқали ўша даврлардаги кенг Ҳазар бағридаги илғор санъат шаҳрининг жонли манзараси яратилади.

Кенг Ҳазар қўйнида
Мен оқиб келганда,
Ярқираб оловдай
Юзимга ташланди.
Муҳташам қурилиш,
Кўнглимда чексиз зўр.
Бир умид бошланди,
Куларди меҳнат, иш.
Сийнангда чироқлар,
Нур сочиб ёнади.
Табиат қизлари —
Кўкдаги юлдуздай кўринар

Озарбайжон олим ва ёзувчилари ҳам ўзбек классик ва замонавий адабиётининг улуғ намояндалари Навоий, А.Қодирий асарларини озарбайжон тилига маҳорат билан таржима этиб, улар ҳақида қизғин тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб бора бошладилар (масалан «Навоий», мақолалар тўплами, Боку, 1926), Холид Саид, А.Қамчинбой «Абдулла Қодирий ҳақида» («Ўтган кунлар»нинг озарбайжончага таржимасига сўзбоши, (1928), Ҳ.Орасли «Навоий ва озарбайжон адабиёти» (1948), «Сени эслайман» (Ғ.Ғулом ҳақида. 1967).

Озарбайжонда яшаб турган таниқли туркийшунос олим Холид Саид ҳали 20-30-йилларда Абдулла Қодирий асарлари ҳақида ўзбек матбуотида вульгар социологик қарашлар кучли бўлган бир вақтда «Ўтган кунлар»нинг озарбайжончасига ёзган сўзбошисида унинг тарихий романлари, айниқса, «Ўтган кунлар»нинг Ўзбекис­тондаги тарихий-ижтимоий, тарбиявий аҳамияти тўғрисида биринчилардан бўлиб катта баҳо берди. Бу ҳақда алоҳида тўхтаб, «Роман ўзбек адабиётининг биринчи романларидан ҳисобланади. Асарда ўзбек ҳаёти, хотин-қизлар турмуши, уларнинг юмшоқ, гўзал табиатлари, севги-садоқат ва ширин қилиқлари нафис тасвирланган. Асар реалистик, Абдулла Қодирий ўзбекларнинг Мирза Фаталисидир.

Бу роман Ўзбекистонда ҳар бир саводхон ватандош томонидан севилиб ўқилмоқда ва ўқилажак», деб фахр билан ёзган эди. Кейинчалик Озарбайжонда ўзбек мумтоз адабиёти, айниқса Навоий ва озарбайжон адабиётининг жонкуяр тарғиботчиси, профессор Ҳамид Орасли ўзбек классик ва янги давр адабиёти, унинг улкан намояндалари, Навоий, Ғафур Ғулом ҳақида ёзган мақола ва эсдаликларида Навоий ва Фузулий, Навоий ва Жомий ўртасидаги дўстлик алоқаларининг янги даврдаги ривожи ҳақида тўхталиб, Самад Вурғун ва Ғафур Ғулом, Мирзо Турсунзода, М.Шайхзодаларнинг дўстлик давралари, бунда айниқса шоир Ғафур Ғуломнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида фахр билан шундай ёзган эди: «Марҳум Ҳамид Олимжон билан биргаликда сени илк бор кўрганман, Ғафур!.. Мақсуд Шайхзода уйида меҳмон сифатида, дўстона суҳбатда бўлдик, бизни Навоий ва Фузулий ғазаллари яқинлаштирди. Самад Вурғуннинг ўша мажлисда ўзбек халқи, ўзбек адабиёти шарафига айтган самимий сўзларига жавоб нутқи сўзлаган ҳам ўзинг эдинг. Суратда биз билан биргаликда марҳум Садриддин Айний, Самад Вурғун, Мақсуд Шайхзода ва Мирзо Турсунзода ҳам бор эдилар. Биз Бокуда, Тошкентда Низомий, Навоий юбилейларида, шеър, санъат анжуманларида, илмий кенгашларда тез-тез учрашиб турдик. (Ҳамид Орасли, «Сени эслайман» (Боку, 1967 йил, 7 феврал), «Ўзбекистон маданияти», 1967, 15 феврал).

Абдулла Авлоний, М.Уйғур ва Сидқий Руҳуллонинг ХХ аср бошидаги театрчилик алоқалари билан боғланган бу дўстлик 20-50 йилларда Ғайратий ва Сулаймон Рустам, Ғафур Ғулом ва Ҳамид Орасли, М.Шайхзода ва Самад Вурғун ва бошқаларнинг адабий-илмий алоқалари билан янада бойий бошлади. Бу даврда энди Ғ.Ғулом ва Сулаймон Рустам дўстлиги, Зулфия ва Марварид Дилбози дўстликлари ўша Навоий ва Низомий, Алиакбар Собир ва Абдулла Авлоний, М.Қулизода ва Абдулла Қодирий дўстлигининг қонуний давоми ва ривожи сифатида кўрина бошлади. 60-70 йилларда ўзбек-озарбайжон адабиётининг янги авлодлари Эркин Воҳидов, А.Орипов, Ҳалил Ризо ва бошқалар бу улкан анъанавий дўстликни янги поғонага кўтара бошладилар. Ҳамид Ғуломнинг «Озарбайжон гўзали», А.Ориповнинг «Озарбайжон» номли шеърларида ҳар икки халқнинг қадимий ва мустаҳкам дўстлик алоқалари ишқий лирик ва умуминсоний фалсафий ғоялар заминида ёритилди. Айниқса, Ўзбекистон Қаҳрамони, Абдулла Ориповнинг шеърида ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасидаги бу дўстлик чуқур тарихий илдизлари, янги давр шароитида уларнинг янги ютуқ ва самаралари ҳар икки қардош халқнинг турли тарихий ва замонавий қаҳрамонлари фонида образли ташбеҳлар орқали ифода этилди:

Сўйласин минг йиллик мўйсафид тарих,
Бу дўстлик билганми шубҳа, гумонни…
Низомий болидан ҳалво пиширмиш,
Навоий забт этиб туркий жаҳонни.
Бир лаҳза қўлидан қўйганми ўзбек
Ўзинг айт, Фузулий битган девонни.
Азизим, дилимда асраб юрибман,
Насимий қолдирган собит имонни.
Вурғуннинг шеъри деб жон чекса ўзбек,
Озор ҳам аярми Ғафурдан жонни,
Воқифдан Мушфиқнинг сатригача
Маҳлиё айламиш пиру жувонни.

1979 йил июнда Озарбайжонда Ўзбекистон адабиёти ва санъати декадаси ва ўша йили охирларида Ўзбекистонда Озарбайжон адабиёти ва санъати декадаси бўлиб ўтди. 1980 йил июнда эса Ўзбекистонда Озарбайжон адабиёти ва санъати кунлари тантаналари бўлди. Шу муносабат ила Озарбайжон ва Ўзбекистонда ҳар икки халқнинг энг қадимги даврдан кейинги йилларгача бўлган фольклор, ёзма адабиёти, театр ва мусиқа соҳасидаги ўзаро алоқалари ҳақида таниқли ўзбек ва озарбайжон олимлари, ёзувчи ва шоирлари, театр мутахассисларининг қатор мақола ва тадқиқотлари босилиб чиқди. Профессорлардан Н.Маллаев, В.Абдуллаев, С.Эргашев, Паноҳ Ҳалилов, Жаннат Нагиева ва бошқаларнинг тадқиқот ва китобларида Навоий ва Низомий, М.Фатали Охундов ва Ҳамза, А.Қодирий, С.Вурғун ва Ғ.Ғулом ижодлари муносиб ўрин олиб келди. Озарбайжон мумтоз адабиётининг буюк вакиллари Низомий ва Фузулий янги замон сўз санъаткорлари С.Вурғун, Меҳти Ҳусайн асарлари ўзбекчага таржима бўлиб, юбилейлари Ўзбекистонда нишонланди. Озарбайжон халқининг улуғ фарзанди, шоир ва олим Мақсуд Шайхзода бутун умри давомида Ўзбекистонда Низомий номидаги педагогика университетида ўзбек адабиёти тарихидан дарс берди. Навоий бўйича йирик тадқиқотлар яратди. Шеърият ва драматургияда самарали ижод қилди. Озарбайжон олими ва шоири Халил Ризонинг «Мақсуд Шайхзода ижоди ва ХХ аср ўзбек-озарбайжон адабий алоқалари» номли йирик монографияси ҳам узоқ даврдан буён давом этиб келаётган шу адабий-илмий ҳамкорликнинг самара­сидир.

1984 йил ўзбек ва озарбайжон адабиётшунос олимлари билан ҳамкорликда Бокуда «Ўзбек ва озарбайжон адабий алоқаларининг саҳифалари» номли махсус тўплам нашр этилди.

Бу алоқалар ҳар икки жумҳуриятларнинг мустақилликка эришганларидан сўнг, (1991 йилдан кейин) янги миллий истиқлол ғоялари асосида давом этди. Шоир Усмон Қўчқор машҳур озарбайжон драматурги Ҳусайн Жовуднинг ўзбек халқининг буюк фарзанди Амир Темурга бағишланган «Амир Темур» драмасини, Ю.Самадўғлининг «Қатл куни» романини, шоир Рауф Парфи озарбайжон маърифатпарвари Муҳаммад Ҳодининг шеърларини таржима этиб, чоп этдилар. Низомий номидаги педагогика университети ўқитувчиси Азим Шоимов бу йил «Ҳусайн Жовуд ва ўзбек адабиёти» мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Бу фактларнинг ҳаммаси ўзбек ва озарбайжон адабиётларининг қадимий ва амалий алоқалари яна ҳам давом этаётган бугунги мустақиллик даврида унинг авлодлар томонидан тобора ривожлантириб борила­ётгани ҳам табиий ва қонуний эканини кўрсатади.

«Ёшлик» журнали, 2009, № 4