Иззат Султон. Устод сабоқлари (2009)

Атоқли адабиётшунос олим ва драматург Иззат Султоннинг илмий ва ижодий фаолияти марказида Алишер Навоий мавзуи турган эди, десак муболаға бўлмайди. Буюк ўзбек шоирига бағишланган, ўзбек кино ва театр санъатларининг дурдоналари ҳисобланган асарларнинг майдонга келишида унинг ҳам ҳиссаси оз эмас. У олим сифатида Алишер Навоийнинг бой мероси билан қизиқиб, “Мезон ул-авзон” тўғрисида тадқиқот ишларини олиб борди ва бу асарни нашрга тайёрлади. Бундан ташқари, Иззат Султон академик Воҳид Зоҳидов билан бирга Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида ўтказилиб келинган анъанавий навоийхонлик анжуманларига раҳбарлик қилиб, улуғ шоир ижодига бағишланган кўплаб илмий мақолалар ёзди. Навоийшунослик фанига муҳим ҳисса бўлиб қўшилган бу мақолалар ҳозир ҳам илмий қимматини асло йўқотмаган.
Иззат Султоннинг қуйида ҳурматли муштарийлар эътиборига ҳавола этилаётган “Устод сабоқлари” мақоласи бундан қирқ икки йил муқаддам матбуотда эълон қилинган.
Наим КАРИМОВ

Ўтмишдаги буюк сиймоларнинг тақдирида ажиб бир ўхшашлик бор: Данте ҳаётлигида етиша олмаган шуҳратга вафотидан кейин муяссар бўлиш умидида эди. Бальзак “Буюк кишиларнинг ёлғизлиги” ҳақида надомат чекиб дунёдан ўтди. Пушкин ва Лермонтовларни гўрга тиқмагунча рус подшоҳларининг кўнгли ўрнига тушмади. Муқимийнинг жонига ҳеч ким қасд этмаган бўлса ҳам, беқадрлик алами, худди Дантеснинг ўқидек, шоирнинг қалбидан қон тирқиратган эди.
Буюклар орасида Алишер Навоий омадлироқ чиқди: замонаси унинг қудратли талантини ва улуғ хизматларини тан олди. Навоий ҳаётлигидаёқ халқ ичида, азиз ва ҳукмронлар орасида баобрў бўлди. Ақлли, тадбиркор ва салоҳиятли Ҳусайн Бойқаро унга ўз девонидан энг мўътабар жой кўрсатди, болаликда у билан бошланган дўстлик ипини то умрининг охиригача узмасликка тиришди. Замонасининг бошқа бир улкан ҳукмрони, шоир ва мутафаккир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Навоийга берган юксак баҳоси билан халқ оғзаки ижодида Алишернинг донолиги, ҳақиқатпарварлиги ва адолатпарварлиги ҳақида сон-саноқсиз ҳикоялар ва латифаларнинг туғилиши, ҳатто Навоийнинг гўзал Гулига муҳаббати ҳақида ҳам ажойиб афсонанинг майдонга келиши орасида узвий боғланиш бор. Бу — Алишер Навоий сиймосининг барча ижтимоий табақалар зеҳнидан маҳкам ўрин олганининг шоҳидидир.
Шундай бўлса ҳам, Алишер Навоийнинг тақдири тарихдаги кўп буюк сиймоларнинг тақдирига ўхшаб кетадигина эмас, улардан принципиал фарқ этмайди: ўша ёлғизлик, ўз социал муҳити билан нифоқ, умидлар билан воқелик орасидаги ер билан осмондек масофани идрок этган ақлнинг даҳшати, ўша ушалмаган орзулар надомати Навоийнинг ёшликдаги шеърий машқларидан тортиб монументал “Чор довон” ва “Хамса”гача оша борди ва унинг васиятномаси “Маҳбуб ул-қулуб”га тож бўлди.

Гаҳе топдим фалакдин нотавонлик,
Гаҳе кўрдим замондин комронлик.
Басе иссиғ-совуғ кўрдим замонда,
Басе аччиқ-чучук тотдим жаҳонда.

Буюк шоир ва мутафаккирнинг бу надоматида феодал зулми остида қолган меҳнаткаш халқнинг оҳу фарёдидан шарпа бор.
Алишер Навоий ўзидан кейинги авлодларга фақат буюк асарларида сўнмас эҳтирос билан ифода этилган ана шу муқаддас надоматнинг ўзинигина мерос қолдирганда ҳам инсоният ундан абадий миннатдор бўлар эди. Чунки ҳар қандай савоб иш, шу жумладан, инсонни зулм ва қулликдан озод этиш — ёмонликни ёмон кўришдан, яхшиликнинг ғалабасини қумсагувчи надоматдан, нафратдан, ғазабдан бошланади.
Аммо, бахтимизга, Алишер Навоий сиймосида ва ижодида муқаддас надоматдан ҳам савоблироқ ва қудратлироқ динамит бор: ҳаётга кўнгил бериш, ҳаётнинг жамолидан маст-аластлик: Навоийнинг 120 минг мисрадан ортиқ шеърий мероси ҳаёт мадҳига бағишланган улкан симфония, деб аталиши мумкин. Бу симфонияда, худди ҳаётдагидек, гоҳ ғамгин, гоҳ ўйчан, гоҳ ғазабли, гоҳ қувноқ оҳанглар эшитилади, аммо доимо ҳаётга меҳр уйғотади. Киши руҳининг хилма-хил ҳолатларини нозик бўёқларда тасвирлаши билан “Чор девон” ва “Хамса” ўз замонасининггина эмас, ўзидан кейинги кўп наслларнинг қувончи ва ғам-ғуссаларига таржимон бўлиб хизмат этди. Навоий ижоди маънавий дурларга бой бир дарёки, ҳар авлод ундан қонгунича баҳраманд бўлса ҳам, бу дарёнинг дурри камаймайди. Навоий ўз устоди ва дўсти Абдураҳмон Жомий ҳақида айтган сўзларини унинг ўзига бемалол нисбат бериш мумкин:

Кўнгул дуржин демай бўлғай лаболаб,
Ким ул дарёға солғай дурни то лаб.
Ким ул гавҳардин олса халқ ҳар дам,
Юз йилда бўлмағай мингдан бири кам.

Чуқур инсоний фожиаларни тасвир этган “Хамса”нинг бирор достони ёки ҳикоясида Навоийнинг ҳаёт тазйиқи остида қаддини букканини кўрмаймиз: унинг қаҳрамонлари ҳалок бўлганларида ҳам ўқувчи ўзи учун жуда тўғри хулосалар чиқаради: халқи манфаатларини ва унинг олдидаги ўз бурчини унутган Баҳромни ер ютади, Фарҳод ва Лайли каби қаҳрамонлар эса ўзлари дунёдан кетаётиб, бизга ўзларининг нуроний қиёфаларини, ҳақиқат ва адолатга ишончларини мерос қилиб кетадилар. Халқ психикасининг жуда муҳим хусусияти — ўз кучига ишонувчи оптимизм Навоийнинг кишилик қиёфасининг жони ва ижодининг забардаст устунидир. Навоий худди ўз қаҳрамонларидек, дунёдан ўтаётиб, кишиларга ажойиб фазилатларни васият қилиб кетди ва шу билан ўзидан кейинги авлодларга ҳамдард бўлди, далда берди, уларнинг ҳаёт ва кураш юкини енгиллатди.
Навоий ижодида халқнинг яна бир фазилати — ўз идеали учун амалий кураша билиш ҳам чуқур из қолдирган. Навоий ижоди ва фаолияти ўз замонасининг сиёсий фикри ва кураши қозонида қайнади, балоғатга етди, шу курашга ўзининг катта ҳиссасини қўшди. Сиёсатчи Навоий билан ёзувчи Навоийни бир-биридан ажратиш сира мумкин эмас. Агар Навоий ижоди ўз замонасининг қалтис ва муҳим сиёсий, ижтимоий муаммоларидан узилган бўлса эди, агар шоир ва мутафаккир ўз эстетик ва социал орзуларини ҳаётга татбиқ этишга ва шу йўл билан замонасининг сиёсатини халқ манфаатларига бўйсундиришга интилмаган бўлса эди, зулмкор замонаси унинг сиёсий орзуларини поймол этгандан кейин ҳам шоир ўз асарларида (масалан, афсонавий одил ва доно подшоҳ Искандар образи орқали) ўз ижтимоий-сиёсий ғояларини эҳтирос билан ёқламаганида эди, Навоий ижоди қуёшдек ҳарорат касб этмаган ва у ҳароратнинг тафти беш аср оша бизнинг кунларимизга етиб келмаган бўлар эди. Бу гапнинг санъатнинг бугунги ривожи масалаларига бевосита алоқаси бор: сиёсатга аралашувнинг ёки сиёсатнинг санъат ривожига аралашувининг (иккови ҳам бир гап) зарари ҳақида сафсата сотувчилар Навоий каби гигантларнинг ҳаётига ва фаолиятига назар ташласалар, зора ўзлари учун фойдали сабоқ чиқариб олурлар. Хорижлик санъаткорлар, ёзувчилар ва олимларга келсак, биз Навоийни доимо бошимизда тутиб, “сиёсатга аралашувимиз”ни намойиш қиладиган ҳар бир қадамимизга “баракалло” деб мадад бераётгандек ҳис этамиз. Далилимиз — Навоийнинг ўз даврининг энг қалтис ва муҳим ижтимоий масалалари билан лиқ тўлган асарлари. Санъат асари умрбоқий бўлсин учун унинг яратувчиси замона заминига чуқур илдиз отиши керак. Дарахтнинг томирлари қанча тийран бўлса, қадди шунчалик баланд ва серсоя бўлади.
Биз, ўзбеклар ва бошқа туркий халқларнинг Навоийга ихлосимиз айниқса баланд: у “туркий” деб аталмиш тилни (бизнинг қадимий она тилимизни) ўз бадиий асарларида поэтик тил даражасига кўтарди, махсус лингвистик илмий асарларида (“Муҳокамат ул-луғатайн”) унинг бошқа тиллар қаторида мукаммал тил ҳисобланиш ҳуқуқини ҳимоя этди. Шунинг ўзи, бутун бир халқнинг маданий ҳаётида катта бурилиш ва юксалиш эди. Навоийнинг ўзбек тилининг мартабасини кўтариш йўлидаги фаолиятидан миллий торлик излаш — тарихий ҳақиқатни бузиш ва буюк шоирни ҳақоратлаш бўлар эди. Ўз халқини бошқа халқлардан афзал кўриш ва уларга қарши қўйиш — Навоий табиатига, ахлоқига ва дунёқарашига тамом ётдир.
Шу сабабли Навоийни бир ўзбекларгина эмас, тожиклар ҳам, озарбайжонлар ҳам, қозоқлар ҳам, туркманлар ҳам, қорақалпоқлар ва бошқа халқлар ҳам ўз маданияти хазинасига катта мамнуният ва миннатдорлик билан қабул этдилар. Бизнинг юртимизда Навоийнинг буюк ва бой меросига қизиқиш айниқса кучайди. Навоий мероси ҳақиқий халқ мулкига айланди.
Бойлик эгаси бўлиш бошқаю, заршунослик бошқа. Навоий мураккаб меросининг заршуноси бўлиш учун бизга кўп ўқишга, ўрганишга, адашишга ва хатоларнинг аччиғини тотишга тўғри келди. Йигирманчи йилларда ёш ва ғўр адабиётшуносларимиз адабиётимизнинг қадрига етолмади, унинг фазилатларидан кўра кўпроқ ожиз томонларига эътибор берди. Биз 30-йилларда Лутфий, Навоий, Бобур, Турди, Муқимий, Фурқат ва бошқа классикларимизнинг қадрига ета бошладик: бу ҳам бизнинг ўсишимизнинг, балоғатга етаётганимизнинг нишонаси бўлди.
Навоийни “кашф этиш” бизни чексиз қувонтирди. Янги тарихий давр бой адабий меросни бекик сандиқдан олиб халқ бойлигига қўшиш зарурлиги ҳақида бонг урди. Шундан кейингина биз классикларни синчиклаб мутолаа қилишга ўтирдик. Каминанинг Ҳамид Олимжон билан бўлган учрашувим эсимда. Ҳамид аллақандай руҳланган, ҳаяжонли эди. Мен бунинг сабабини сўрадим. Жавоб жуда қувончли эди:
— Бир ойдан бери Навоийни ўқияпман, бугун “Хамса”ни тугатдим.
Ҳақиқий талант эгаси томонидан таҳсин ва ихлос билан айтилган бу сўзлар ниҳоятда маъноли, салмоқли эди.
Навоий “мазасига тушунганлар” унинг юбилейига қизғин тайёргарликка шўнғиб кетдилар. Ўзбек тарихчилари ва археологлари Навоий даврини ўрганишга ўз ҳиссаларини қўшдилар. Таржималар орқали Навоий юртимиздаги ва ундан ташқаридаги жуда кўп халқлар маданиятига абадий кирди. Уруш 1941 йилга мўлжалланган Навоий юбилейининг ўтмай қолишига сабаб бўлди, аммо бутунлай эмас, қамалда қолган ва Навоий туғилган куннинг беш юз йиллигини нишонлаш вақтинча кечиктирилганлигидан бехабар Ленинград фашист бомбардимони остида бу юбилейни ўтказди. Биз, ўзбеклар, бу ҳодисани ҳамон миннатдорлик ва ғурур билан тилга оламиз, чунки бу фактни рус халқининг ва бошқа қардош халқларнинг бизнинг маданиятимизга ҳурмати қанчалик зўрлигидан нишона деб биламиз.
Шундан бери ўтган йигирма беш йил ичида Навоий доимо маданиятимизни тараққий эттирувчи қудратли омил хизматини ўтаб келмоқда. Бугун бутун бир навоийшунослик илми юзага келди. Бу илмнинг ўзи адабиётшунослик деб аталмиш ва бизда фақат ХХ асрдагина кенг ва янги илмий асосда тараққий этган илмнинг бир тармоғидир. Навоий ҳаёти ва ижоди санъатимизда — адабиётда, театрда, музикада, рассомчиликда янги йирик асарлар яратилишига илҳом ва манба бўлди.
Навоий ҳамма соҳалардан кўпроқ адабиётимиз тараққиётига таъсир кўрсатади. Аммо бизнинг янги адабиётимизнинг ўз мустақил йўли бор. У Навоийнинг энг яхши анъаналарини давом эттиради, ривожлантиради. Мустақил йўл билан бориш соҳасида ҳам бизнинг санъатимиз ва адабиётимиз Навоийнинг энг яхши васиятларига амал қилади: ўзидан аввалгиларни такрор этмаган ва шу сабабли буюклик даражасига кўтарила олган Навоий ҳаёт гулшанида нима қилиш ҳақида бизга яхши маслаҳат бериб кетган:

Бировким бир чаманда сойир эрди,
Неча ким гул очилғон, кўрди, терди;
Ҳамул ерда эмас гул истамоқ хўб,
Бу бўстон саҳнида гул кўп, чаман кўп…
Ки бу баҳр ичраким поён анга йўқ,
Етишмоқ қаҳрига имкон анга йўқ.
Етишган эл неча дур олғон эрмиш,
Не олий қадр дурлар қолғон эрмиш.

Ҳаётдан янги йўллар, янги ҳақиқатлар ахтаришда ўз мустақил йўлидан бораётган ва бу йўлда “Навоий” романидек етук реалистик асарни майдонга келтира олган адабиётимиз ўз устодининг ана шундай маслаҳатларига қанчалик изчил риоя қилса, шунчалик янги, юқори босқичга кўтарила беради.
Янги санъатимиз ва адабиётимизнинг йўли порлоқ ва узоқ. Бу йўлда Навоий сиймоси бизга доимо раҳнамо ва унинг бой ижодий мероси асо бўлади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 11-сонидан олинди.