Қирқ йилга яқин узлуксиз ишлаб, нафақага чиққач, туғилган қишлоғимга қайтдим. “Энди истаганимча ижод қиламан, қолган умримни жаҳон кезиб ўтказаман,” деб ўйлаб юрардим, бўлмади. Қишлоқ фуқаролари йиғини раиси келиб, “Бизларга маслаҳатгўй бўлиб туринг,” деб қолдилар. Йўқ, дея олмадим. Шу билан ижод ҳам, сайру саёҳатлар ҳам бир чеккада қолиб кетди. Йил давомида чала қурилишларни охирига етказиш, қишлоққа ичимлик сув олиб келиш, Сидқий Хондайлиқий мажмуасини бунёд этиш сингари ишларни йўлга қўйиш учун нафақат туман ҳокимлиги, ҳатто вилоят ҳокимлигини ҳам безовта қилдик.
Бир куни оинаи жаҳонда “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи”ни кўриб қолдим. Кўрсатувдаги воқеа жуда таъсирчан экан: ёш ва гўзал аёл макрига учган ота икки фарзанди ҳамда касалванд хотинини хор-зор айлаб, ташлаб кетади. Ҳам дард, ҳам ҳижрон азобига дош бера олмаган она болаларини бағрига босганча, йиғлай-йиғлай ҳаётдан кўз юмади. Бундан хабар топган “учар” ота, эл кўзи учунми, хонадонига овози борича ўкраб кириб келади. Аммо фарзандлари беоқибат отани қабул қилмайди. Шундан кейингина кўзи очилган бу йигит нохуш хаёллар гирдобида машинасини учириб бораётиб, фалокатга йўлиқади ва оғир жароҳат билан шифохонага тушади. Ундан фарзандлар ҳам, “севимли” аёли ҳам хабар олмайди. Охирги дақиқаларда у болаларини қўмсайди, ҳеч бўлмаса, кўз юмар чоғимда мадад бўлар, деб умид қилади. Шу зумда болалари хаёлан ёнида пайдо бўладилар. У ўғли билан қизига жон-жаҳд ила интилади, “Қўлимдан тортинглар, болаларим!” дея додлаб ялинади. Бироқ, болалар ундан юз ўгирадилар…
Бу воқеа менга қаттиқ таъсир этди. “Агар шундай ҳолатга тушсам, умр йўлдошим ва фарзандларим менга нисбатан қандай муносабатда бўлишар экан?!” деган даҳшатли фикр хаёлимдан ўтди. Худди шу дамда фаришталар “омин” деб юборган эканми…
Шу йилнинг 12 апрел куни ширкат хўжалиги идорасидаги мажлисга бораётиб, – машинани кескин пастлаб кетувчи асфалт йўлга бурдим. Ё, тавба, “Жигули” бир зумда шундайин отилдики, қаршимдаги чойхона биносига урилиб кетишдан аранг четлаб, торгина асфальт кўчадан ўқдек отилиб тушиб кетдик. Қайта-қайта тормозни босаман, қани энди тормоз ишласа! Машина ҳўл асфальтда тўхтовсиз тойиб, учиб бораяпти! Мен жуда эҳтиёткор одамман, машинани ҳар доим техник кўрикдан ўтказиб, созловчиларга кўрсатиб – тузаттириб юраман. Аммо кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидай, техниканинг қаеридадир хом жойлари қолган экан-да!
Хуллас, мен фалокат сари учиб боряпман. Икки томон бир-бирига уланиб кетган уйлардан иборат, абжағи чиққан ўйдим-чуқур асфальтдан гоҳ сакраб, гоҳ учиб кетаётган машинанинг тезлиги жуда тез. Ё, алҳазар, рўпарадаги кўприкдан чамаси ўн чоғли мактаб болалари ўтиб бормоқда эди! Чапдаги йўл ўртасида эса трактор турибди. Ўйлашга фурсат қолмади, кўзларимни чирт юмиб, тўғридаги дарахтзор ва унинг орқасидаги пахсали уй томон учиб кетдим! Биринчи кучли зарба оёқ остидан урилди. Машина каттакон тошни анча жойга суриб борибди. Кейин чап томондан берилган зарба мени жойимдан учириб юборди. Шу дамда машина чап ёнбоши билан қари тутнинг ёнгинасига… хайрият, ёнгинасига урилиб… Каскадёрлик “фаолиятим” шу жойда поёнига етди. Аста-секин ўзимга кела бошладим, қарасам, икки оёғим жонсиз, чап қўлим ишламаяпти, пешонам ва бошимда ғурралар, рул чамбараги туртиб ўтган кўкрак қафасим сим-сим оғрияпти.
Мен ҳаётдан умид узган эдим. Парвардигор ҳар нарсага қодир: хоҳласа, жазолайди, истаса, нақд фалокатдан ҳам асраб қолади. Хуллас, тирикман, бўлар иш бўлди. Аранг бошимни буриб, ён-веримга қарадим. Атрофимизни ёшу кекса одамлар қуршаб олишган. Кимдир машинанинг қисилиб қолган олд эшигини очишга уринмоқда, яна кимдир орқа эшикдан кириб, мени ташқарига олиб чиқиш ҳаракатида. Дарвоқе, орқа ўриндиқдаги маҳалла оқсоқоли деярли шикастланмабди…
– Асад ака, тузукмисиз, “Тез ёрдам” чақирай десак, биронта ҳам телефон ишламаяпти, – деди у бошини авайлаб кўтарар экан. – Ҳамидулланинг машинасида ҳозир сизни касалхонага етказамиз, бардам бўлинг!..
Хуллас, ҳамма менга ёрдамлашишга шошиляпти. Навбатчи врач ҳам елиб-югуриб шикастланган жойларимни рентгенга туширди, синган оёғимни дарров гипслади-да, мени юпатиб қўйди: “Билишимча, олтмишдан ошгансиз. Худо хоҳласа, уч-тўрт ойларда бемалол юриб кетасиз”. Хаёлимда ҳануз бир хил фикрлар чарх урмоқда… “Оила аъзоларим наҳот ҳанузгача хабар топмади, бу аҳволим уларга қандай таъсир қилар экан, мени парваришлашга бардошлари етармикан?” Шу зумда кўзларида ёш билан умр йўлдошим тепамда пайдо бўлди!.. Қисқаси, қимирлай олмай ётган кунларим – бир-икки ой давомида кунимга шу меҳрибон зот – болаларимнинг онаси яради! Фарзандларим-чи? Оҳ менинг ширин-шакар болаларим, бунчалар меҳрибон бўлмасангиз!.. Яна бир қувончли томони – қариндош-уруғларим, қўни-қўшни ва ҳамқишлоқларим тинмай мени йўқлаб турдилар. Қишлоқдаги минг хил икир-чикирлар туфайли уларни анча хафа қилган кунларим бўлган. Аммо бирон киши менга нисбатан ғараз сақламаганига, меҳр-оқибатдан йироқ кетмаганига мана энди амин бўлдим. Айниқса, қўни-қўшниларимнинг ўзларини шунчалар яқин тутишлари, ҳар доимгидан ҳам самимийроқ бўлиб қолганлари мени лол қолдирарди. “Қорақиз”нинг донини майдалаб ичинг, тухум пўчоғини талқонлаб енг, уларни истеъмол қилмасангиз, синган жойларингиз совуқ тушган кезларда узлуксиз оғрийдиган бўлиб қолади. “Қорақиз” деганлари қандай ўсимлик экан?” – деб сўрасам, “Менда бор эди, ҳозир олиб келаман, “ дейишади-да, зумда муҳайё этишади. Самимий муомалалар ҳар қандай доридан ҳам яхшироқ эди, беқиёс руҳий кўтаринкилик бахш этарди менга. Шифокорлар айтганидай, уч-тўрт ойда эмас, икки ойга етмасданоқ қўлтиқтаёқ билан юра бошладим. Ҳаётга қайтаяпман, шекилли. Йўқ, мени ҳаётга қайтаришяпти, атрофимдаги меҳрибонларим, қўни-қўшниларим, оддий ҳамқишлоқларим ҳаётга қайтаришяпти! Ҳақиқий дўст ана шулар ва бу одамлар ҳамиша ҳаммамизга керак.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси,
2002 йил 23 август сони.