Наим Каримов. Шоирнинг олтин сандиғи (2009)

Бундан қирқ бир йил муқаддам Фанлар академиясининг муҳташам залида ўзбек фолклоршунослик фанининг асосчиси Ҳоди Зарифнинг юбилей кечаси ўтган эди. Атоқли олимнинг илм-фан равнақи йўлидаги хизматларини тавсифлаб, кимдир баланд пардада, кимдир узундан-узоқ зерикарли нутқ сўзлаётган эди. Бир маҳал кечага расман таклиф этилмаган шоир Туроб Тўла залга кириб келиб, анжуман раисидан сўз беришни сўради. Сўнгра минбарга чиқиб: “Аваз Алпомиш эшигида турипти…”, деди-да, ҳали сиёҳи қуриб улгурмаган шеърини ҳаяжон билан ўқий бошлади:

Майдон бўлмай бедов отлар чопилмас,
Излаганда бундай майдон топилмас,
Бу майдонда бедов асти қоқилмас,
Ҳоди ака тўйи экан, борайлик!..

Ҳар бир банди “Ҳоди ака тўйи экан, борайлик!” сатри билан тугаган шеърни тинглар эканмиз, кўз олдимизда ўзбек халқ достонларининг қаҳрамонлари устозни табриклаш учун от миниб залга кириб келаётгандек туюлди. Шоирнинг ҳаяжонидан Авазлар, Равшанлар, Алпомишлар минган отларнинг дупури зални ларзага келтириб юборгандек бўлди.
Камина бундай ажойиб воқеаларнинг кўп бор гувоҳи бўлганим учун Туроб Тўла шеърларининг ҳаётий асосларини — унга илҳом берган кишилар ва воқеаларни кўз олдимга келтиришга уринаман. Ана шу жараёнда унинг шеър ва қўшиқларидаги, эҳтимол, бошқалар назарига тушмай қолган бадиий латофат гул ғунчасидек барг ёза бошлайди.
Туроб Тўла бағри кенг, танти, меҳридарё инсонлардан эди. Унинг тили билан дили, худди қўшиқларидаги сўз билан куйдек, уйғун эди. У ХХ асрнинг турли ижтимоий силсилаларида гоҳ ундай, гоҳ бундай яшаётган замондошлари дилига шодлик ва қувонч, бахт ва саодат ҳисларини ҳовучлаб сочишга интилар, китобхонларни, бир неча дақиқага бўлса-да, турмуш ташвишларидан фориғ эта олганидан, уларда яшаш ва ишлаш рағбатини уйғота билганидан ўзини бахтиёр ҳисоблар эди.
Собиқ совет даври шеърияти некбин ғоялар ва туйғулар шеърияти бўлган. Ҳукмрон мафкура халқ дарди билан боғлиқ фикр ва туйғуларнинг бу шеърият бағрига кириб келмаслиги учун барча чораларни кўрган. Шунга қарамай, бу мафкура ҳали шаклланиб улгурмаган 20-йилларда, шунингдек, 60-70 йиллардаги муваққат “илиқлик” — руҳий туғёнлар даврида айрим шоирлар ижодида дардчил ғоялар ҳам ўз ифодасини топди. Шеъриятдаги ана шу жараён таъсирида айрим адабиётшунослар шоирларни икки гуруҳга ажратиб келадилар. Улар назарида, ижодида халқ дарди чатнаб турган шоирлар биринчи тоифага, шеърларида некбин ғоя ва туйғулар устиворлик қилган шоирлар эса иккинчи тоифага мансуб. Аммо адабиёт учун эл-юрт дарди билан йўғрилган асарлар қанчалик зарур ва муҳим бўлмасин, Ватанга, онага, ёрга меҳр-муҳаббат туйғулари жўш урган, ҳаётсеварлик ғоялари балқиб турган асарлар ва уларнинг муаллифларини ҳам камситиш тўғри бўлмаса керак. Адабиётга бундай ёндашиш ҳам, балки ўша сиёсатлашган даврнинг таъсиридандир.
Туроб Тўла асарлари замирида ҳаётбахш ғоя ва фикрлар ётади. У, гарчанд Шайхзода ва Шуҳрат сингари қаламкаш биродарларидек, собиқ совет давлатининг азобгоҳларида азоб-уқубат чекмаган бўлса-да, “уй қамоғи”га ҳукм этилган, миллатчилик ва ватанпарастликда айбланиб, адабиёт оламидан қувилган пайтлари ҳам бўлган. Лекин у бундай адолатсизлик туфайли кўз ёшларини шеърларига тўкмаган. “Кўз ёшдан гул кўкариб, булбул куйлаганмас. Кўз ёшдан фақат тиканак ўсган, холос, у ҳам қабристонда”, деб ёзган эди у “Шеър қаламчалари” деб номланган дафтарида. Шу дафтарнинг бошқа саҳифасида эса у қаламкаш биродарларига бундай сўзлар билан мурожаат этган: “Касбдошим! Китобхон юрагини сенга ишониб топширган. У юрак тошдан қаттиқ, гулдан нозикроқ. Қаламингни авайлаб тутиб, қаттиқ босма, яралаб қўясан”.
Бундай самимий сўзлар шоирнинг “юраги тошдан қаттиқ, гулдан нозик” китобхонларни, бинобарин, халқни астойдил ҳурмат қилганидан, унинг дил ва тан жароҳатларини “шеърий малҳам” билан даволашни истаганидан шаҳодат беради. У ёниқ ва учқур сўзи билан адабиётга, халққа ҳалол хизмат қилди. Шеър ва қўшиқларининг халқ дардига малҳам бўлаётганига ишониб яшади. Ҳатто бир шеърида шоир бундай деб ёзди:

Кўрганмисиз қоғознинг
Ёниб кул бўлганини.
Мен кўрганман, кул эмас,
Ёниб, гул бўлганини.

Йўқ, оловмас ёндирган,
Менинг юрагим эди.
Ўша қоғозга тушган
Ўлмас тилагим эди.

Шоир шундай дейишга ҳақли эди. Эзгу ният ва тилаклар билан йўғрилган шеърлар, чиндан ҳам, шоир қалбида унган ва қоғозда ўз шакл-шамойилини топган олтин гуллардир.
Биз Туроб Тўланинг мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқлари бўйлаб тез-тез ижодий сафар қилгани, шу сафарлардан унутилмас таассуротлар, гўзал шеър ва қўшиқлар билан қайтганини яхши биламиз. Кунларнинг бирида у Наманган вилоятининг Поп туманига борганида пахта далаларидаги фидокорона меҳнатлари билан донг қозонган ажойиб қизларни кўриб, улар жамоли ва камолидан шундай мутаассир бўлганки, ҳатто ўша ернинг ўзидаёқ ўлмас қўшиқларидан бирининг қуйидаги сатрлари туғилган эди:

Эй, субҳи сабоҳ еллари, тўхтанг, менга навбат,
Тингланг мени, Поп ерлари, менга навбат!..

Ширмонойга бағишланган, унинг ёрқин хотирасини эмас, гулдек яшнаб турган чоғларини ўзида муҳрлаган мазкур қўшиқнинг яратилганига роса эллик йил бўлди. Орадан ярим аср ўтганига қарамай, бу қўшиқнинг на бирор сўзи, на сўлим куйи ўз қимматини йўқотмаган. Туроб Тўла шу сафардан “Ширмоной”дан ташқари, яна бир неча шеър ва қўшиқлар билан қайтди. Шулардан бири “Уч дугона” деб аталган бўлиб, унинг:

Сарҳовузнинг бўйларидан учарми ғоз,
Чаман бўлур уч дугона қилса парвоз,
Уч дугона, уч моҳирўй, уч пахтакор,
Уч даламиз таровати, уч сарвиноз,
Попнинг попук қизларига ялли-ялли,
Ширмонойнинг изларига ялли-ялли! —

сингари жўшқин сатрлари нафақат уч дугонанинг, балки шу қўшиқни тинглаган бошқа минглаб кишиларнинг ҳам қалбларига гўзаллик ва эзгулик шуълаларини сочган.
Ўзбек шоирлари орасида қўшиқнавислар оз бўлмаган. Аммо Туроб Тўла каби қўшиқни чинни пиёладек жаранглатиб ёзган, тўй-ҳашамларда бошқа шоирларга навбат бермаган, радионинг “мусиқий” тўлқинларини эгаллаган бошқа бир шоирни топиш маҳол. “Гавҳар дарё қаъридан, қўшиқ инсон бағридан олинади, — деб ёзган эди у гўё бизни ўз сир-асрорлари билан ошно этаётгандек. — Қўшиқ ҳам қушдай нарса, сўлқиллама торга қўнади, тори таранг қалбга ин қўяди. Бу уядан чиққан қўшиқ эса учирма қанот бўлади, баланд ҳаволайди, худди бўзтўрғайдай типирчилаб куйлайди ҳавода. Ватанини, юртини, она тупроғини куйлаб туғилади, умрини бағишлайди унга”.
“Шеър қаламчалари”даги шоирнинг бундай дил сўзлари – адабий-эстетик қарашлари билан танишган киши унинг, чиндан ҳам шеърият деб аталган мўъжизага катта эҳтиром ва эътиқод билан ёндашгани, ҳар бир сўзни заргар тарозусида ўлчаб, чақмоқтош билан ёндириб ва ҳатто куйлатиб кўриб, сўнг шеърият оламига олиб киришга интилганини сезади. Унинг ана шу интилиши кўпроқ қўшиқларида сезилади. “Оддий” шеърларида эса, у кўпинча вазнни, ҳижони қасддан бузади. Бундай сакталиклар баъзан ҳис-туйғуларнинг оловли ҳаракати билан оқланган бўлса, баъзан эса оқланмай қолади.
Туроб Тўла туғма шоирлар қавмидан эди. У фақат шеър ёзгани, қушлар парвозидан, майсалар қўшиғидан, ғурубнинг алвон рангларидан илҳом олгани учунгина эмас, балки аввало ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарай билгани, оддий кишилар кўра олмаган нарсаларни кўриш, эшита олмаган нарсаларни эшитиш қобилиятига эга бўлгани билан шоир эди. Ана шу муҳим фазилат унинг энг яхши асарларида жилва бериб туради.
Бундан тўқсон йил илгари Тошкент яқинидаги Турбат қишлоғида туғилган, адабиётга қизиқиши туфайли “Тошкент, қайдасан!” деб йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, ўзбек пойтахтига етиб келган ўғлон қаерларда ўқимади, кимларни кўрмади, қаерларда ишламади, дейсиз. У унутилмас воқеаларга бой ҳаётининг бирор дақиқасини беҳуда ўтказмади. Қанчадан-қанча шеърий тўпламлардан ташқари, “Суюкмомо” достонини, “Қизбулоқ”, “Қувваи қаҳқаҳа” (“Нодирабегим”), “Момоер” (Ч.Айтматов қиссаси асосида), “Ойгул ва Бахтиёр” (Ҳ.Олимжон достони асосида), “Қабул куни”, “Муҳаббат фожиаси” драмаларини, “Зулматдан зиё” (Ойбек романи асосида), “Маликаи айёр” (халқ достони асосида) операси ва “Самарқанд афсонаси” балети либреттоларини ёзди. Унинг сценарийлари асосида “Мафтунингман” ва “Фурқат” (М.Мелкумов билан ҳамкорликда) кинофилмлари ҳамда “Шашмақом” телефилми экран юзини кўрди. У таржимон сифатида Шекспирнинг “Қийиқ қизнинг тийилиши” комедияси, Шиллернинг “Мария Стюарт” трагедияси ва бошқа ўнлаб шоирларнинг шеърларини ўзбек тилида жаранглатди. Бундан ташқари, у шеърият ва шоирлар, санъат ва санъаткорлар тўғрисида ўнлаб гўзал мақола ва хотиралар ёзди. Агар бу асарларни устма-уст тахласак, уларнинг шоир бўйидан анчагина баланд эканлигини кўриб, ҳайратга тушамиз.
Туроб Тўланинг чўл қаҳрамонларига бағишланган қўшиқларидан бирида бундай сатрлар бор:

Чўллар чаман сочдилар
Ташлаб андуҳларини.
Жаранглатиб очдилар
Олтин сандиқларини.

Оллоҳ Туроб Тўланинг боши узра чаман гулларини сочиб, унга шундай истеъдод ва имкониятлар бахш этдики, натижада у яратган асарлар адабиётимиз ва халқимизнинг маданий бойлиги бўлиб қолди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 2-сонидан олинди.