Ҳаётга чанқоқлик ёхуд Жек Лондоннинг “Ажойиб ранчо”си

Жек Лондон нафақат ХХ аср Америка, балки жаҳон адабиётига бетакрор ҳикоялари, ҳақиқий ҳаёт нафаси уфуриб турган қисса ва романлари билан улкан ҳисса қўшган адиб. Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган эсседа ёзувчининг ўзига хос портрети чизилган.
Ўта қайсар, қизларнинг бошини айлантиришга уста келишган йигит, ароқхўр, олтин излабтопар, жанжалкаш, безори Жек Лондон ҳаётда кўпдан-кўп саргузаштлар, ажиб воқеа-ҳодисаларни бошидан кечирган эди. Бошқа америкалик адиблардан фарқли ўлароқ, умрини қаҳрамонлигу жасоратлар билан “безай” олган улуғ ёзувчи қирчиллама қирқ ёшида бу фоний дунёдан кўз юмди. Таржимаи ҳоли худди ҳикоя, қиссалари каби ранг-баранг ва қизиқарли бўлган Жек Лондоннинг жўшқин ҳаёт нафаси уфуриб турган асарлари жаҳон адабиётининг олтин саҳифаларига айланди.
Калифорнияда таваллуд топган адиб болалигиданоқ мустақил ҳаётга кўникди. Балиқ овлаб Оклендга яқин денгиз бўйларида ўта мазали устрицаларга қармоқ солди, тенгқурлари мактабда сабоқ олаётган пайтда ўгай отасининг фермасида қора терга ботиб меҳнат қилди.
Устрица овлаш хавфли иш эди. Соҳилда пайт пойлаб турган соқчилар ҳеч кимни аяб ўтирмасди. Бир куни Жекнинг қайиғи ёниб кетади. Шундан сўнг у денгиз соқчиларига қўшилиб қароқчиларнинг пайига тушади ва Сан-Франциско соҳилларидаги контрабандачиларни қўлга тушириш билан шуғуллана бошлайди. Ёш Жек бандаргоҳларда айшини суриб қовоқхоналарда кайф-сафо қилади, ғирт маст ҳолда жанжал кўтаради. Унинг ҳамшишалари — балодан ҳам тап тортмайдиган безорилар, арзимаган устрица деб унинг биқинидан дарча очиб қўйиши ҳеч гап эмасди.
Жекнинг болалик ва ўсмирлик йиллари шундай турфа воқеалар билан ўтди. У оилада ҳам ҳаммадан дакки ерди. Жекнинг онаси Флора Уэллман касалманд, тажанг ва жиззаки аёл эди. Адибнинг ўзи кўрмаган отаси Уильям Чейни эса, замондошларининг гувоҳлик беришича, кўча-кўйда дайдиб юрадиган бир дарди бедаво бўлган экан.
Жекнинг онаси Флора пиёниста Чейнини ташлаб кетгач, бировдан яхшилигини аямайдиган касалманд фермерга турмушга чиққан. Фермернинг қизи Элиза Жекка опаларча меҳрибон эди. Уйга юзлари кўкариб қайтган безори болага Элиза доим яхши муомала қилар, кечқурунлари китоб ўқиб берарди. Эҳтимол, ўсмир ҳаётидаги мураккаб даврда Элизанинг Жекка бўлган меҳр-муҳаббати жаҳонга буюк ёзувчини етиштириб бергандир.
Жек ҳаётида бир неча бор ўлим хавфига дуч келади. Бир сафар ақлдан озгунча бўкиб ичиб, кемадан денгизга қулайди, уни аранг қутқариб қолишади. Яна бир сафар поезд вагонининг тагига кириб олиб, Америка бўйлаб “темир йўл саёҳати”га чиққанда локомотив учқунидан курткаси ёниб кетади. Кўп ўтмай қамоққа тушиб, ўттиз кун азоб чекади. Озодликка чиққач, ҳеч қачон бу қадар тубан, паст кетмасликка қасам ичади.
Орадан йиллар ўтиб, навқирон Жек Лондон Мейбл Эпплгарт исмли қизни яхши кўриб қолади. Учрашувлар, шаҳар ташқарисидаги сайрлар, қизнинг уйидаги зиёфатлар чоғи у ўрта табақа вакиллари гапирадиган лаҳжани, уларнинг юриш-туришини ўрганиб олади. Луғат сотиб олиб, Мейбл ўқиган билим даргоҳига ўқишга кирмоқчи бўлади. Бироқ имтиҳонга тайёрланишга вақти йўқ, онасига ёрдам бериши керак эди. Шундан сўнг у пул топиш учун қисқа-қисқа ҳикоялар ёзиб, газета ва нашриётларга жўната бошлайди. Қоғоз сотиб олиш учун кийим-бошу лаш-лушларини гаровга қўяди. Лекин унинг бирорта ҳикоясини чоп этмайдилар. Шунда Жек ёзувчиликка қўл силтаб, кирхонага ишга киради. Кўп йиллар ўтгач, улуғ адиб бу воқеаларни ўзининг “Мартин Иден” романига кўчиради.
1899 йили ниҳоят Лондоннинг омади юришади. Унинг ҳикоялари ҳали шаҳарликка айланмаган, мамлакатнинг ўтмиши ҳақида билишни истаган америкаликлар эътиборини қозонади. Лондоннинг саргузаштга бой асарлари америкаликлар руҳига жуда мос эди. Негаки адибнинг ҳикоялари романтик, ҳаётсевар ҳисларга тўла, куч-ғайрат ва ирода бўлса ҳамма қийинчиликларни енгиш мумкин, деган ишончга йўғрилган эди. Бошқа адиблардан фарқли равишда, Жек Лондон ўзининг курашга тўла ҳаёти билан бу фикрни исботлай олди. “Хавф-хатар остида яшанг, ҳали вулқон олови сўнмаган Везувий қояларига иморат солинг”, дейди Нитше. Лондон ҳам ана шундай мақсадга интилиб яшади. У доимо ниятига етувчи қаҳрамон билан оддий одам ўртасида ҳеч қандай фарқ кўрмасди.
Жек Лондон ХХ асрнинг биринчи ўн йиллигида америка адабиётини янги ўзанга буриб юбора олди. “Авлодлар даъвати”, “Денгиз бўриси”, “Оқ сўйлоқтиш” каби жўшқин ҳаёт нафаси уфуриб турган асарлари Лондоннинг Стейнбек ва Хемингуэйнинг ўтмишдоши бўлганлигидан далолат беради.
Лекин ёзувчилик шуҳрати ортиб боргани сари Жек Лондонда тушкунлик кайфияти кучаяди. У жонига қасд қилиш ҳақида ўйлай бошлади. Жекни бу ҳалокатдан турли бидъат-хурофотлардан батамом узоқ, самимий қиз Чармиан Киттрежга бўлган муҳаббат қутқариб қолди. Чармиан Жекнинг орзусидаги қиз бўлиб, адиб у билан қарта ўйнар, қиличбозлик қилар, ҳатто куч синашиб, бокс тушарди. Тўйларидан кейин икковлон “Снарк” елканли кемасида хатарли денгиз саёҳатига чиқиб, омад туфайлигина ҳалокатдан қутулиб қолишади.
Тўйдан аввалроқ тиниб-тинчимас Жек Лондон рус-япон уруши ҳақида матбуотга репортаж тайёрлаш учун Японияга жўнаб кетади. У Токио барларида вақт совураётган журналистларга эътибор бермай, матбуот учун ёпиқ ҳарбий ҳаракатлар ҳудидига киришга ҳаракат қилади. Ёзувчининг урушдан юборган хабарлари газеталарнинг биринчи саҳифаларини эгаллайди. Ўшанда японлар уддабурон муаллифни вақтинча ҳибсга ҳам оладилар.
1905 йил Жек Лондон Сан-Франциско шимолидаги тепаликлар билан ўралган ўрмонзорда минг акрлик ер сотиб олиб “Ажойиб ранчо” бунёд этиш ниятида чўчқа, ҳўкиз, сигир, отлар ва 16 минг туп қишин-ёзин ям-яшил бўлиб турадиган Австралия дарахти — эвкалипт кўчатини харид қилади. Бироқ тақдирнинг йўриғи бошқача бўлади: Жекнинг булутлар билан ўпишган қалъасида ёнғин чиқиб, қурилиш энди битай деганида таг-туги билан ёниб кул бўлади. Лондоннинг ўзи ҳам тобора кучдан қола бошлайди, соғлиғи кундан-кунга ёмонлашади. Ахир, ёшлик пайтлари ҳафталаб ичилган виски ўз ишини қилаётган эди. Энди Жек, шоир Роберт Бернсга ўхшаб, ўзини Жон Барликорн – Жон Арпа дони деб атайди. Бу кундалик оддий, зерикарли турмуш ташвишларини унутишга ёрдам берадиган спиртли ичимлик рамзи эди. Жек Лондон 1913 йилда нашр этилган “Жон Арпа дони” асарида ўзининг алкогол билан курашганини тасвирлаган. Бу китоб тез орада бестселлерга айланиб кетади. Шу йили буйраклари ишдан чиққан адиб даволаниш ўрнига оғриқни қолдирувчи кучли дориларни қабул қилишга ружу қўяди.
Кўп ўтмай ажали яқинлашаётганини ҳис этган улуғ адиб хотини Чармианга шундай дейди: “Мен ниҳоятда ғаройиб ва янги, ўта ваҳимали ва ажойиб, гўзал бир олам бўсағасида турганга ўхшайман. Мен бу оламга қарашга қўрқаяпман”.
1916 йил 21 ноябр кечаси Жек Лондон баданида турган қаттиқ оғриққа чидаёлмай, кучли дозада дори истеъмол қилади. Эртаси куни эса оламдан ўтади. Адибнинг хоки Ой водийси яққол кўзга ташланиб турган мўъжазгина тепаликка қўйилади.
“Ажойиб ранчо” — эндиликда Калифорния истироҳат боғи. Ушбу боғда ўсаётган токлар узумидан тайёрланган ажойиб винонинг довруғи бутун Сонома графлигида машҳур. Албатта, бу боғ ҳосилини кўрганида Жек Лондоннинг боши осмонга етар ва бунинг учун у алоҳида қадаҳ кўтарган бўларди.

Маъсума Аҳмедова тайёрлади.