Яқинда бир танишимнинг “Бобурнома”даги баъзи ифода ёки жумлани тушунмасам, асарнинг Салйе томонидан рус тилига ўгирилган нашрига мурожаат қиламан” деганини эшитиб қолдим. Бу менга ғалати туюлди, тўғриси, оғир ботди: ўз тилимизда ёзилган буюк асарни, гарчи айрим ифода ва жумлаларини бўлса-да, бошқа тилга таржимаси орқали тушунсак! Шу баҳона бўлдию, асарни таржимаси билан бироз солиштирдим ва танишимдан бежиз койинганимни тушундим. Чунки “Бобурнома”да ҳар қандай билимдон мутахассисни ҳам ўйлантириб қўядиган жиҳатлар анчагина экан. Биргина Андижон таърифи билан боғлиқ тафсилотлар мисолида бунга иқрор бўлиш мумкин. Солиштириш асносида туғилган мулоҳазаларимни қоғозга туширишга аҳд қилдим.
“Бобурнома” бошланишидаги “Тенгри таолонинг инояти билан ва ҳазрати он Сарвари коинотнинг шафоати билан ва чаҳорёри босафоларнинг ҳиммати билан сешанба куни, рамазон ойининг бешида, тарих секкиз юз тўқсон тўққузда Фарғона вилоятида ўн икки ёшта подшоҳ бўлдум” жумласи шундай берилган: “Во имя Аллаха милостивого, милосердного!
В месяце рамазане года восемьсот девяносто девятого я стал государем области Ферганы на двенадцатом году жизни”.
Таржимада жумланинг “рамазон ойининг бешида…”гача бўлган қисми ташлаб кетилган. Асар таржимасининг 1993 йилги қайта нашрида диний ифодаларни қўллаш учун тўсиқ бўлган мафкуравий тазйиқлар аллақачон барҳам топган эди. Бинобарин, қайта ишланиб, таҳрир қилинган бу нашрда аввал ташлаб кетилган ифодалар акс этиши керак эди. Улар шунчаки анъанавий бошланиш бўлиб қолмай, муаллиф дунёқараши, эътиқодининг инъикоси ҳамдир. “Тенгри таолонинг инояти” дейиш билан том мусулмонларга хос барча яхши ва ёмонликлар Оллоҳ таолодан эканлигига иқрор бўлиш, “ҳазрати он Сарвари коинотнинг шафоати”ни таъкидлаш билан айрим бузуқ тоифалар сингари пайғамбаримиз (с.а.в)нинг шафоат ҳақини инкор қилувчилардан эмас, балки Яратган томонидан расули акрамга берилган бу имтиёз неъматига, илоҳий изнга дилдан ишонувчи ҳидоятдаги мусулмон эканлиги, “чаҳорёри босафоларнинг ҳиммати” ибораси шиалар каби ўн икки имомга эмас, балки сунний бўлганлиги учун тўрт чорёрларга эргашиши таъкидланган. Шайбонийхонга қарши шиа мазҳабдаги Исмоил Сафавий билан тузган сиёсий ва ҳарбий битими туфайли ўз вақтида мазҳабфурушликда айбланган Бобурнинг бу таъкиди ўзига хос оқлов ҳамда таъналардан ҳимояланиш ҳам эди. “Сешанба куни” ҳам бежиз эсга олинмаган. Чунки мусулмон Шарқида инсоннинг қайси кунда туғилганига ҳам диққат қилинади, таваллуд кунининг киши тақдирига таъсир этишига ишонилади: тарих бунинг кўп гувоҳи бўлган. Булардан бехабар Оврупо кишиси, айни пайтда, диний билимлари бўлмаган, “Бобурнома”ни рус тилида ўқийдиган юртдошларимиз учун муқаддима сатрларнинг тўлиқ ўгирилиши шарт деб биламиз.
Бобурнинг баён услуби мазмунни бошқа тилларда беришда эҳтиёткор бўлишни талаб этади. Олайлик, “Мухтасар вилояттур, ошлиғ ва меваси фаровон. Гирдо-гирди тоғ воқиъ бўлубтур. Ғарби тарафидаким, Самарқанд ва Хўжанд бўлғай, тоғ йўқтур. Ушбу жонибтин ўзга ҳеч жонибтин қиш ёғий кела олмас” жумлалари қуйидагича таржима қилинган: “Фергана – небольшая область, хлеба и плодов там много. Вокруг Ферганы находятся горы; с западной окраины, где Самарканд и Ходженд, гор нет; зимой ни с какой стороны, кроме этой, враг не может пройти”.
Таржимадаги икки бор қўлланган “Фергана” сўзи асл матнда йўқ. Умуман, Андижон таърифигача Бобур “Фарғона” сўзини икки бор қўллаган бўлса, Салйе олти бор ишлатган. Бу адибга хос бўлган сўзга харислик, ифодадаги лўндалик фазилатига футур етказган. Назаримизда, бундан қочиш мумкин эди: “Область небольшая, хлеба и плодов много. Вокруг находятся горы” тарзида берса бўлар эди-ку. Бизнингча, иқтибоснинг охиридаги “кела олмас” феълининг “не может пройти”(ўта олмас) тарзида берилиши ўринли эмас. Бу эътироз сўзма-сўз таржимадаги мос келмаслик туфайлигина эмас. Биринчидан, “бундан бошқа ёқдан ўта олмас” маъносини қўллаш учун тоғ ёки ўрмон, сув каби табиий ёхуд бошқа хил тўсиқларни енгиб ўта олишни муаллиф назарда тутган бўлиши керак эди. Бу ерда эса, Фарғонанинг Самарқанд ва Хўжанд томони текислик, қишда ҳам ҳаракатланишга қулайлигига ишора қилинган. Иккинчидан, Бобур қайси ҳудуд, вилоят ва шаҳар тўғрисида фикр юритса, уни четдан эмас, айни пайтда худди унинг ўрамида, унинг ичида турган каби таърифлайди. Биргина мисол: Кандибодомни(ҳозирги Конибодом) тасвирлаб туриб, “Ҳамиша бу даштта ел бордур. Марғинонғаким, шарқидур, ҳамиша мундин ел борур”, дейди. Бобур “ҳамиша у ердин” эмас, гўё Конибодомда тургандек, “мундин” (бу ердан) деб ёзади. Ҳолбуки, муаллиф бу сатрларни ёзаётганда ватандан анча узоқларда эди. Маълумки, киши бирор ерда турса, у ерга яқинлашаётганларга нисбатан “келмоқ” (келди, келаяпти) феълини қўллайди. Шу боис зикр этилган парчада (уни қаерда битган бўлса ҳам) гўё Фарғонада турган каби “ёғий кела олмас” дейди. Бу жойда “пройти” эмас, балки “подступиться” сўзини қўллаш дуруст бўлармиди? Шу нуқтаи назардан таржима матнидаги “там” (у ерда) ортиқча, тўғрироғи, ноўрин қўлланган. Агар бунда равиш қўллаш зарур бўлса, “здесь” сўзи ўринли бўларди.
“…дыни и виноград хороши; во время созревания дынь (из-за обилия) не в обычае продавать их с бахчи, груш лучше андиджанских не бывает” сатрларини ўқиган одам ҳосил мўллигидан полиздан қовун сотилмайди деб тушунади. Аслида Бобур “қовун маҳали полиз бошида қовун сотмоқ расм эмас” дер экан, шу яқин йилларгача давом этиб келган удум – деҳқонларимизнинг ҳосил чўғи қандай бўлишидан, кўп ё оз етиштирилишидан қатъи назар, қовунни худди бозордаги каби полизда доналаб сотишдан ор ва ирим қилишларини назарда тутган эди. Полиз бошида ё ушур берилган ёки худо йўлида эҳсон этилган ёхуд ўзбекона жўмардлик билан келган одам қовун сўйилиб, меҳмон қилинган, сийланган. Бизнингча, қавсдаги “из-за обилия” ўрнига шу саҳифа остига (яъни ҳаволада) ўзбек деҳқонларининг мазкур танти удумини кенгроқ изоҳда бериш маъқул бўларди. Шунингдек, “Андижоннинг ношпотисидин яхшироқ ношпоти бўлмас” гапидаги “ношпоти”ни (ҳозирда нашвати) “груш” деб эмас, балки нокнинг Андижонда яхши бўладиган тури эканлигидан келиб чиқиб, уни атама сифатида таржима қилмай қўллаш тўғри бўлар эди деб ўйлаймиз. Ҳозирда ҳам Андижонда каттаю-кичик нашватини нокнинг бошқа навларидан фарқлаб гапиради. Машҳур рус биологи, таниқли селекционер олим П.М.Жуковскийнинг “Маданий ўсимликлар ва уларнинг турдошлари” номли дунё эътироф этган китобида ҳам “нашвати” таржима қилинмай, яъни “груша” дейилмай, рус тилида ҳам “наш-пути” деб берилган. Қолаверса, Бобур Кобул вилояти ҳақида гапира туриб, “Кобул ва кентларида сардсерий мевалардин узум ва анор ва ўрук ва олма ва биҳи ва амруд ва шафтолу ва олу ва санжид ва бодом ва янғоқ кўптур” дер экан, нокнинг бошқа ёввойи тури — “амруд”(олмурут)ни ўз номи билан қайд этган.
“Элининг лафзи қалам била росттур. Ани учунким, Мир Алишер Навоийнинг мусаннафоти, бовужудким Ҳирида нашъу намо топибтур, бу тил биладур” гапларининг ўгирмасида таржимоннинг матндан анча четлашганлиги кўзга ташланади: “Говор народа сходен с литературным; сочинения Мир Алишера Наваи, хотя он вырос и воспитывался в Герате, (написаны) на этом языке”. “Нашъу намо” луғатда униб-ўсиш дегани. Таржимон шундан келиб чиқиб уни Алишер Навоийга нисбатан тушунган. Аслида у “топмоқ” сўзи билан бирга (яъни нашъу намо топмоқ шаклида) юксак эътироф топмоқ, шуҳрат қозонмоқ маъносида ишлатилади. Навоийнинг Ҳиротда яратилиб, шуҳрат қозонган асарлари бу тил билан (Андижон шевасида) ёзилганлиги таржимоннинг бирикмани яхлит олиш лозимлигига диққат қаратмаганлигидан “хотя он вырос и воспитывался в Герате, (написаны) на этом языке” тарзида берилишига сабаб бўлган. Муҳаррир Сабоҳат Азимжоновадек билимдон олима таҳрирда кўздан қочирганлиги туфайли нашрда бу хато ўтиб кетган.
“Элининг орасида ҳусни хейли бордур. Хожа Юсуфким мусиқида машҳурдур, Андижонийдур” жумлаларининг таржимаси ҳам ислоҳталаб: “Среди жителей Андиджана много красавцев; Ходжа Юсуф, который известен в музыке, андиджанец”. Матндаги “ҳусни хейли бор” бирикмаси “много красавцев” деб ўгирилган. Луғатларда “ҳусн” гўзаллик, чирой, “хейли” анча, жуда деб изоҳланганлиги учун таржимон бирикмани “гўзаллик анча бор” деб тушунган. Бобурнинг Андижонда чиройли одамлар кўп деб ёзиши мумкин эмаслигини ҳар бир ўзбек кишиси билади, ҳис қилади. Негаки, гўзаллик туфайли аёлларгина мақталган. Бобур яшаган даврда эса аёлларнинг фақат юзи эмас, овози ҳам сатри аврат қилинарди. Қолаверса, ҳамиятли бир эркак ўз хонадонидаги аёлларнинг гўзаллиги тўғрисида гапириб юрмаганидек, Бобур ҳам ўз юрти аёлларининг ҳусни жамолини “Бобурнома”дек жиддий асарда бозорга солмасди. Эркаклар чиройи ҳеч маҳал мақталадиган фазилат бўлмаган. Шунинг учун ҳеч бир асарда фалон жой эрлари чиройли деган таърифга дуч келмаймиз. Хўш, унда муаллиф бу ибора билан нима демоқчи?
1960 йилги нашрда Порсо Шамсиев домла бу иборани “ҳусн хили бор” деб ўқиган экан. Унда, умуман, маъно чиқариш қийин бўлиб қолади. Мен араб ёзувида “хили”, “хейли”, “хайли” сўзларининг бир хил ёзилишидан келиб чиқиб, аслида “ҳусн хайли” эмасмикан деган фикрга бордим. Ҳусн “гўзаллик” маъносини беради, гўзаллик эса санъат сўзининг маънодоши. Хайл “аҳл” маъносида келади. Шундан келиб чиқиб, “ҳусн хайли”ни санъат аҳли деб қабул қилиш мумкин. Кейинги машҳур мусиқашунос Хожа Юсуф ҳақидаги фикр ҳам бунга мос келади. Бу ҳақда Андижон давлат университети шарқшунос домлалари Нишонбой ака Солибоев ва Шуҳратбек Қаҳҳоров билан фикрлашдик. Маъно мен ўйлаганимга яқин бўлиб чиқди. Аммо ёзувдаги ифодасига аниқлик киритилди: бирикма форсий изофа бўлиб, “ҳусни хайли” тарзида ёзилиши керак экан.
“Ҳавосининг уфунати бор. Кузлар эл безгак кўп бўлур” жумлалари устида ҳам бироз ўйлашга тўғри келади. Салйе домла “В воздухе Андиджана есть гнилостность, осенью многие болеют лихорадкой” дея ўгирган. Луғатларда, жумладан, “Навоий асарлари луғати”да “уфунат” “сассиқлик, бадбўйлик” маъносини бериши кўрсатилган. Шу боис дарсликларда “Бобурнома”дан олинган парчалар учун берилган луғатларда бу сўз айнан шундай изоҳланади. “Бобурнома”ни мазкур луғатга таяниб ўқиган одам у пайтлари (балки ҳозирда ҳам) Андижоннинг ҳавоси сассиқ, бадбўй бўлган экан-да, деб ўйлайди. Биз луғатларга мурожаат этганимизда “уфунат”га ўзакдош бўлган “афинун”нинг русча таржимаси бўлмиш “гнилой” сўзининг ўзбекчада “сернам”, “рутубатли” маънолари ҳам борлиги эътиборимизни тортди. Хўш, Бобур мирзо уфунат деганда сассиқлик, бадбўйликни назарда тутганми ёки сернамлик, рутубатними? Бу борада бир фикрга келиш учун асардаги тафсилотлар билан боғлиқ баъзи жиҳатларга тўхталишга тўғри келади.
Муаллиф Фарғона вилояти тўғрисида гапира туриб, “Етти пора қасабаси бор” деб ёзади. Қасаба луғатларда ва уларга суянилган адабиётларда шаҳарча, шаҳар деб изоҳланган. Шу боис аксар китобхонлар Андижон, Ўш, Исфара каби қасабалар ҳақида гапирилганда шаҳарларнигина тушунадилар. Аслида эса, Бобур маркази шу шаҳарлар бўлган маъмурий-ҳудудий бўлинишларни назарда тутган. Узоқ-яқин аҳоли бозор-ўчар каби иқтисодий, илм олиш каби маданий-маърифий эҳтиёжларини қондириш учун тилга олинган шаҳарларга келишган. Жумладаги “пора” сўзи бўлак, қисм маъноларини англатадики, қасаба бу сўз билан биргаликда матнда маъмурий ҳудуд маъносига тўғри келиши билиниб турибди. Ҳар бир ҳудуд (қасаба) аҳоли яшайдиган қишлоқ, овуллар, кимса яшамайдиган тўқай, чакалакзорлар, тоғлик ва текисликларни ўз ичига олган. Андижон тасвиридаги “қовун маҳали полиз бошида қовун сотмоқ расм эмас”, Марғилон тўғрисидаги “пурнеъмат: анори ва ўруги асру хўб бўлур. Бир жинс анор бўлур, “донакалон” дерлар, чучуклугида зардолу майхушлугидин андак чошни бор”, Хўжанд ҳақидаги “меваси фаровон ва бисёр яхши бўлур” каби жумлалар қишлоқ ва овуллар тавсифи бўлса; “ови қуши доғи кўп бўлур, қирғовули беҳад семиз бўлур”, “оқ кийик ёвуқта топилур” каби тафсилотлар чангалзор, тўқайларга тегишли. Бобурнинг “Соҳиби “Ҳидоя” Марғиноннинг Рушдон отлиқ кентидиндур” деб ёзишидан Бурҳониддин Марғинонийнинг ота юрти Рушдон (ҳозирги Риштон тумани) ҳам Марғилон қасабасига тегишли бўлганлигини билишимиз мумкин. Андижон қасабаси ҳозирги Асака, Андижон туманларидан Балиқчи, Пахтаобод туманларигача бўлган ерларни ўз ичига олган. Асосан Қорадарё ва қисман Норин дарёси атрофидаги бу ҳудудда ўша даврларда кўплаб аҳоли пунктлари бўлиши билан бирга, овлоқ тўқайлар, уларга ёндош ботқоқликлар талайгина жойларни эгаллаган. Каттагина бу икки дарё, улар таъсирида шаклланган ҳар ер-ҳар ердаги жажжи сув ҳавзалари, ботқоқликлар туфайли қасабанинг аксарият қисми ҳавосида намгарчилик – уфунат юқори бўлган. “Кузлар эл безгак кўп бўл”ишининг сабаби ҳам шундан эканлиги маълум бўлади. Демак, “ҳавосининг уфунати бор” жумласи Андижон қасабасининг сассиқлиги, бадбўйлигини эмас, балки сернам, рутубати борлигини англатади десак, хато бўлмайди. Бунга яна бир далил шуки, муаллиф Хўжанд табиати ҳақида ҳам шундай ёзади: “Ҳавоси бисёр мутааффиндур, кузлар безгак кўп бўлур. Андоқ ривоят қилдиларким, чупчуқ безгак бўлғондур. Дерларким, ҳавосининг тааффуни шимолдағи тоғ жиҳатидиндур”. Парчадаги “мутааффин”, “тааффун” сўзлари “уфунат” билан ўзакдош ва матнда бир маънони ифодалагани учун Салйе уларни ҳам “гнилостность” деб ўгирган. Яна ҳаводаги уфунат билан безгакни қайд этмоқда. Бунга сабаб қилиб эса шимолдаги тоғ деб изоҳланмоқда. Маълумки, бирор жойнинг ҳавоси тоғ туфайли сассиқ, бадбўй бўлмайди, балки унинг таъсирида намгарчилик юқори бўлиши мумкин.
Мақоламиз минбаъд таржима ҳақида танқидни ўз олдига мақсад қилмаган. Фақат у баҳонасида “Бобурнома” ҳали тўла ўзлаштирилмаган маънавий бойлик сифатида турганлигини янада ҳис этдик. Шу ўринда “Бобурнома”ни биринчи марта рус тилига ўгирган, бу билан халқимизнинг фахри бўлмиш мазкур асарнинг дунёга тарғиб қилинишига катта ҳисса қўшган заҳматкаш таржимон, билимдон олим ва етук шарқшунос марҳум М.А.Салйени миннатдорлик билан, унинг фидокорона меҳнатини таҳсинлар билан ёдга оламиз. Айни пайтда таржимоннинг хайрли бу ишини давом эттириш, мукаммаллаштириш, янгилаш пайти келганлигини ҳам айтмоқчимиз. Бунинг учун, аввало, олимларимиздан асар устида фундаментал тадқиқотлар, текстологик изланишлар олиб бориш талаб этилади. Асардаги ҳар бир жумла, зарур ҳолларда, ҳар бир сўз устида жиддий мулоҳаза юритиб, бу улкан адабий обидани бор бўйи, мазмун-моҳияти билан идрок этишишимиз керак. Агар Андижондаги халқаро Бобур жамғармасида сақланаётган “Бобурнома”нинг XV асрда кўчирилган мўътабар нусхаси факсимилеси оммавий нашр қилинса, республикамиз адабиётшунос ва матншунос олимлари учун катта туртки ва кўмак бўлур эди. Айнан ўзимиздаги “Бобурнома”ни англаш, тушуниш ва тушунтиришдаги ютуқлар асарнинг бошқа тилларга таржималарида акс этиши зарур. Лекин ҳаммасидан олдин “Бобурнома” ва у каби ўзбек маънавияти қомусига айланган асарларни халқимиз, хусусан, ёшлар орасида кенг тарғиб қилмоғимиз, уларнинг оммавий мутолаа қилинишига эришмоғимиз керак, токи адиб таъбири билан айтганда, “элининг орасида ҳусни хайли бор” миллат сифатидаги эътирофимиз завол топмасин, балки ортсин, юксалсин.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 11-сонидан олинди.