Абдулла Орипов: “Адабиёт — кўнгил изҳори эмас” (2008)

Эл-улус ардоқлаган, юрт меҳрига сазовор халқ шоири билан ҳамсуҳбат бўлишни орзу қилмаган инсон топилмаса керак; яна у она халқини мудроқликдан уйғотган, ғурурини юксалтирган, ўзи ҳам миллий ифтихор тимсолига айланган бўлса! Бундай шоир билан учрашув ҳақиқий мухлис учун чинакам байрамдир.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Абдулла Ориповнинг ижодий кечалари кўп ўтган. Лекин бу учрашувларнинг бири хаёлимда узоқ муҳрланиб қолган. Дорилфунун аҳли шоирни эҳтиром билан кутиб олди.

Абдулла ака мухлислар ҳузурига кириб келаркан, талабалар унинг “Сен баҳорни соғинмадингми?” қўшиғини куйлашарди. Шундай бир интиқлик билан куйлашардики, муҳаббат гимнига айланган бу қўшиқ юрагингиздаги эрка ҳисларни жўштирар, ўзингизни гўзал туйғулар оламида учиб юргандай сезардингиз.
Учрашув ана шундай бошланди. Университет ректори олқиш садолари остида азиз меҳмонни саҳнага — гуллар билан ороланган жойга таклиф этди. Шоир ўзининг дил сўзларини изҳор этаркан, аввало, таклиф учун миннатдорлик билдирди. “Жаннатга йўл” драмасидан талабалар ижро этган Она ва Йигит суҳбати саҳнасини кўзлари ёшланиб, ҳаяжон билан томоша қилди. Сўнг савол-жавоблар бўлди. Мен эл ардоғидаги шоиримизнинг ўз мухлислари, адабиёт ихлосмандлари билан юзма-юз учрашувидаги баъзи савол-жавобларни эслаб қолишга ҳаракат қилдим.
— Шеър ёзишингизга нима туртки бўлган?
— Ҳазрат Навоий бобомиз дастларига илк бор қалам тутганда бола Алишер эди. Пушкин ҳам Пушкин эмас, оддий Саша эди. Биз ҳам даставвал ҳамма қатори она, ота, мактаб, табиат, Ватан ҳақида машқлар битганмиз. Сал лофи билан айтадиган бўлсам, — шундай дея Абдулла ака бирор ҳазил гап айтгиси келганда бўладиган одатича ўзига хўп ярашадиган табассумдан очилиб кетади, — Сталинга бағишланган шеърларимнинг ўзи бир чемодан эди (мухлислар кулиб юборадилар).
Ҳар ҳолда, шеър бирор туртки билан ёзилгани яхши. Унинг таъсир кучи бўлиши керак. Туртки, сабаб шунга хизмат қилиши мумкин. Буларни кейин англадик. Шунгача ноқулай аҳволга тушган пайтларим ҳам бўлган. Ўқувчилик йилларим уйимизга меҳмонлар кўп келишарди. Бир гал уларнинг олдида шеър ўқитишди. “Кремл деворлари” деган шеъримни ўқибман. Меҳмонлардан бири (бу ҳақда Абдулла ака тўрт томлик “Танланган асарлар”ида муфассал ёзганлар): “Ўғлим, ўзинг Кремлни кўрганмисан?” — деб қолди. Мен “Йўқ” дедим. У киши “Бўлмаса, кўрмаган нарсангни бундан кейин ёзма!” — деди. Роса мулзам бўлдим — ҳеч эсимдан чиқмайди! Ўша дашном менга ҳозиргача сабоқ бўлиб келаётир.
— Аскияга муносабатинигиз?
— Аския ҳам, ҳажв ҳам шунчаки “хо-хо” деб кулиш ё кулдириш учун қилинмайди. У жудаям катта қурол. Зўраки ҳажв, зўраки аския қитиқлаб кулдиришдай бир гап.
— Саёз қўшиқларга қандай қарайсиз?
— Улар ҳам боя айтганимиз сингари одамни қитиқлаб кулдиришга ўхшайди. Бундай қўшиқларни айтувчиларни, — Абдулла ака кулиб туриб деди, — жиноий жавобгарликка тортса ҳам бўлади.

Кўзимни пирпиратиб ўтаман

— Бир шоиримиз, ўзи ёмон ижодкор эмасди, қарилик чоғи армон билан шундай деди: “Жавоним тўла китоб. Уларни кўздан кечираётиб, ўз асарларим олдидан кўзимни чирт юмиб ўтаман. Сен эса бахтлисан — китобларинг олдидан кўзингни юммай ўтасан!”
Мен: “Китобларим олдидан кўзимни пирпиратиб ўтаман”,— дедим.
Қариган чоғинг, бутун умр ёзган, чоп этган асарларингдан кўнглинг тўлмаса, бу — катта фожиа.

Ҳадислар Ҳажга олиб борди

— Чархий домла билан кўп гаплашардик. Ҳадислар ҳақида суҳбатлашардик. Гўзал ривоятлар, мукаммал ҳикоятлар мажмуаси бўлмиш пайғамбарномалар, тарихномалар, Қуръону ҳадислар нашр этилмаган ўша йиллари бундай суҳбатлар бизни олижаноб ва эзгу туйғулардан баҳраманд этарди. Асл диний дунёқараш тирик тафаккурнинг ҳаётдаги жонли қўлланмаси экан. Мустақилликнинг илк йилларида уларнинг таржима қилингани, Қуръон тафсирлари ўзбек тилида пайдо бўлгани катта ҳодиса. Олижаноб инсоний туйғулар ҳадисларда ғоят гўзал ташбеҳлар воситасида баён этилганки, биз уларни бадиий кашфиётдек қабул қиламиз. Мен ҳам Пайғамбаримиз ҳадисларини бирмунча ўрганиб, улардан илҳомланиб, дастлаб қирқта, сўнг яна анча-мунча шеърлар битдим. Бу шеърларим мусулмонлар идораси томонидан эълон қилинган танловда мукофотга лойиқ кўрилди. Идора вакиллари “Мукофот пули Маккага бориб келиш учун етади, пулни оласизми ё Макка зиёратига бориб ҳожи бўлиб келасизми?” — деб сўрашди. Мен, албатта, Ҳажга бораман, дедим. Шундай қилиб, Ҳаж сафарига мени Пайғамбаримиз ҳадисларининг ўзи олиб бориб келди.

Армон

— Беҳуда ўтиб кетган кўп йилларни эслайман. Буни сиз биласиз — мустабид тузумнинг сиёсати қаттиқ эди. Ҳар нечук, виждонга қарши бирор иш қилмаган бўлсак-да, кўп вақтимиз бекор кетгани рост. Энди, у кунларни қоралайман, деб қўйнимни тошга тўлдириб келган эмасман. Улар — бир армон.

* * *

Абдулла аканинг тилига бирор сермаъно гап келиб қолганида юзи гул-гул очилиб кетарди.
Талабалар ҳар бир йилни қайсидир мавзу ва қадриятга бағишлаш анъанага айланган йилдан келиб чиқиб савол берганларида шоир шундай жавоб берди:
— Қарияларни қадрлаш йилида ёшлар синовдан ўтади.
Адабиётга доир саволлар-жавоблар чоғида эса шоиримиз қатъий қилиб шундай деди:
— Адабиёт — кўнгил изҳори эмас!

Бухоронинг торкўчаларида

Бухорода универсиада ўтказилган йили мен ҳам шоиримизга сафардош бўлиб қолдим. Ҳинд қурувчилари барпо этган гўзал меҳмонхонанинг саккизинчи қаватига, ёнма-ён хоналарга жойлашдик. Универсиадага борган кўплаб меҳмонлар ҳар қадамда Абдулла акага пешвоз чиқишар, шоирни кўриб хурсанд бўлганларидан юз-кўзлари ёришиб кетарди.
Талабаларнинг спорт байрами жуда гўзал бошланди. Янги ўйингоҳ кўҳна шаҳар обидалари чиройини очиб юборган эди. Бухоро осмони камалакранг мушаклар маржонига безанди. Шу оқшом қадим шаҳарга улуғ руҳлар ташриф буюргандек эди…
Абдулла ака бу анжуманга атаб ёзган шеърида универсиада қатнашчилари бўлган ёш йигит-қизларимизни “Ватаннинг кўз нури, дилбандларидир, Келажак боғидан чечаклар терган Она Ўзбекистон фарзандларидир”, дея эъзоз этган эди:

Бу сафлар камолот шиддатига мос,
Гўё яралгандир чақиндан, нурдан.
Мардлик ва жасорат уларга мерос
Маҳмуд Торобийдан, Амир Темурдан…

Тантана тугагач, шоир Тошпўлат Аҳмаднинг уйига меҳмонга бордик. Азиз меҳмон шарафига хушовоз хонанда Аҳмаджон Шукуров ҳам келган экан. У мумтоз ашулалар, Абдулла ака шеърлари асосида яратган қўшиқлардан куйлаб даврани обод қилди.
Меҳмонхонага қайтар чоғимиз яна Тошпўлат аканинг машинасига чиқдик. Тунги Бухорои шарифни айланиш мароқли ва сеҳрли эди. Тўсатдан Абдулла ака шундай деб қолди:
— Тошпўлат, бу катта кўчаларингни кўп кўрганман. Сен менга Бухоронинг ўша қадимги торкўчалари, ҳеч ўзгармаган, асли қандай бўлса шундайича турган маҳаллаларини кўрсат.
Бу таклифдан қувончи тошган Тошпўлат ака «Тико»сини Бухоронинг жин кўчалари томон буриб юборди. Биз бир аср аввал ҳам мавжуд бўлган кўчаларда сайр этиб юрардик. Онда-сонда электр симу газ қувурлар янги тамаддун белгиларини ошкор қилиб қўярди.
Назаримда, Абдулла ака ўшанда Файзулла Хўжаевдек, Фитрат домладек, Мутаввакил Бурҳоновдек улуғ инсонларни камолга етказган Бухорои шариф билан ўзича суҳбат қургандек бўлганди…

Зиёрат

Эртаси куни Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратлари мақбарасини зиёрат қилгани бордик. Тошпўлат ака: “Ҳазратнинг оналари қабрини тавоф этишдан бошлайлик, зиёратни”, дея машинани ғизиллатиб тор йўлаклардан олиб ўтиб, Ориф она мақбараси сари бошлади. Сўнг Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратлари қабрини зиёрат қилдик. Мақбара томон боришда ҳам, қайтишда ҳам кенг йўлакларни тўлдирган зиёратчилар дарров шоирни таниб олишар, биров ҳайратланиб боқар, биров эҳтиром ила салом берганча қўл олиб кўришишга, яна кимлардир дастхат олишга, биргаликда суратга тушишга шошарди. Одамлар улуғ замондошларини яқиндан кўрганидан мамнун. Улар бундан ифтихор этишларини яширишмас, тўғриси, бу онларнинг ўзи мангу лаҳзалар эди. Шоир ҳам одамлар ҳол-жонига қўймай ўраб олишларига малоллик билдирмас, эҳтимол, бунга жуда оддий ва табиий ҳол деб қарарди.
Абдулла ака билан неча бор сафардош бўлмайин, бу галгиси бутунлай бошқача эди. Назаримда, оддий одамларнинг шоиримизга бўлган чексиз эҳтироми азиз авлиёни зиёрат этгани яна бир азиз сиймо келгандай қилиб кўрсатарди…
Сўнг “Чор Бакр” некрополи томон йўл олдик. Мен аввал ҳам Бухорои шарифда неча бор бўлган эсам-да, “Чор Бакр”ни биринчи кўришим. Бу манзилга ниҳоятда улуғвор сокинлик чўккандай эди. Зиёратгоҳ яхшилаб таъмирланганидан саранжом-саришта. Айниқса, эътиборимни тортгани бу манзилдаги улкан масжиду мадрасалар улуғворлигига улуғворлик бахш этган жилонжийдалар бўлди.
Жилонжийда кеч гуллар экан. Майнинг охирида бир ажойиб гуллаб, ўзидан шундай хушбўйлар таратиб турибдики, худди жаннат ҳаволарини искагандай бўласиз. Бу неъматнинг барглари шу қадар мусаффоки, гўё ҳозиргина ёмғир ёғиб, уларни ювиб ўтгандек туюларди.
Эҳтимол, бу ҳам “Чор Бакр”нинг бир сеҳримикан ё?..

* * *

Бухорои шариф сафари мана шундай улуғ зиёратлару унутилмас учрашувлар билан ўтаётганда, бир кун тунда кутилмаганда Тошкентдан нохуш қўнғироқ бўлди. Абдулла аканинг — Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётган ёзувчи Ҳожиакбар Шайхов кўп вақтдан буён оғир бетоб бўлиб ётган эди. Ҳожиакбар ака оламдан ўтибди.
Эрта тонгда биринчи учоқ билан Тошкентга қайтишимизга тўғри келди. Абдулла аканинг дилига изтироб чўкди. У таниқли фантаст адибимизни ўз инисидай яхши кўрарди. Унинг акалари ва опалари, бутун оиласи билан илгаридан қадрдон эди. Бу йўқотиш шоирнинг дилгир кўнглига жуда оғир ботди.
Ўшанда Тошкентга қайтаётиб, негадир, Абдулла аканинг икки йилча бурун Ҳожиакбар Шайховга атаб ёзган “Сирли олам” шеъридаги мана бу мисралар хаёлимдан кечди:

Ҳожиакбар, жинларингни* эплаб, аслида
Муросага келтириш ҳам мумкиндир ҳатто,
Лекин шундоқ ёнингдаги инсон шаклида
Яшаб юрган иблислардан асрасин Худо!

Мурод АБДУЛЛАЕВ

* Ўша чоғлар Ҳожиакбар Шайхов муҳаррирлик қилаётган “Сирли олам” ва ”Қалб кўзи“нашрларида босилаётган асарларга ишора.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 12-сонидан олинди.