Илгаритдан одат шу — даврага ширин кайфият бахш этиш учун Саид Аҳмад домла гапни доимо қувноқ оҳангларда бошлайди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Гурунг Азиз Абдураззоқнинг сигарет сўраш тактикалари-ю, Толиб Йўлдошнинг хотиндан пул яшириш усуллари борасидаги мутойибаларила бошланган эса-да, сўнг мавзу аста-секин жиддийлашиб, табиати жиззакиликдан йироқ бўлган Асқад Мухторнинг ҳаддан ташқари зиёлилиги унинг ғанимларига қандай қўл келгани-ю, Абдулла Қаҳҳор вафот этган отасига жаноза ўқитишга замона зайлидан чўчиброқ турган дамда Ғафур Ғуломнинг “Чол ўзига жаноза ўқитишни васият қилган, ўғил васиятни бажаришга мажбур”, дея керакли гапни топа олиши азадорнинг жонига нечоғли ора киргани кабилар олис ўтмиш қаъридан юзага бир-бир қалқиб чиқаверди.
Нодирахон: “Шерик билан есалар, дадамнинг иштаҳалари очилади”, деб иккита товоқчада палов олиб кирди. Гоҳ қошиқ шириқлайди, гоҳ суҳбат давом этади. Пайров энди турли асарларнинг турлича тақдирига — қанчалар шишириб мақталмасин, бирининг умри капалакникидек қисқа бўлгани, бирининг чоп этилиши қийин кечиб, аччиқ-чучук танқидларга учраса ҳам, китобхонлар дилидан мустаҳкам жой эгаллай олганига кўчади. Гап Шуҳрат оғанинг “Жаннат қидирганлар” романи устида йўрғалай бошлагач, суҳбат узоқроққа чўзилиб, домла китобдаги у-бу лавҳаларни худди яқиндагина ўқиб чиққандек тиниқ эслай бошлайди. Хаёли асар ёзилган даврлар узра чарх уришга тушади.
Бир замонлар эдики, роман ёзиш айрим адиблар орасида пойгага айланганди, сендан менинг нимам кам, дея баҳслашаётгандек мукофотбоп мавзуни пойдевор қилволишиб, устига шоша-пиша “уй қуришаверарди”. Шуҳрат бундайлардан эмасди. Ёзаётганида асарининг кимларгадир ёқиш-ёқмаслигини ўйлаб ўтирмасди, оддий халқнинг мусибатларига шерик бўлишга тиришарди. Бу жуда оғир йўллигини билиб туриб, шу йўлдан борганлар тоифасидан эди у.
— Бу оламда буткул мукаммал нарсани топиш мушкул, — дея танқидларни суҳбатнинг олдинроғига кўчиради Саид Аҳмад домла. — “Жаннат қидирганлар”да ҳам ўзига яраша камчиликлар бор. Менимча, ўзбекнинг мақол-маталлари керагидан кўпроқ ишлатилган. Баъзи жойларда узуқ-юлуқлик сезилиб туради. Балки, бу муҳокамалардан кейин асарнинг замон қолипига сиғмайдиган талай қисми қисқартиб ташлангани туфайлидир. Аммо булар ширин олманинг пўчоғидаги чанг-чунгларига ўхшаган нарсалар холос…
Домла овқатни чайнаётиб, бир нуқтага тикилганича ўйини жамлайди. Роман битилган маҳалларда миллатимизнинг шонли ўтмиши, бой маданий мероси ҳақида мақтаниш уёқда турсин, ҳатто “Мен — ўзбекман!” — деган сўз ғурурланиброқ айтилса ҳам, дарров урди-сурдига йўлиқарди. Шуҳрат шундай муҳитда яшаб туриб, гоҳ асардаги салбий қаҳрамонлар, гоҳ чет эллик сиёсатдонлар тилидан бўлса-да, катта-катта гапларни, ўткир-ўткир фикрларни очиқ-ойдин баён эта олди. Ўзимизда саводсиз қароқчига чиқариб қўйилган Амир Темурнинг аслида ўта улуғ зот эканлиги, халқимизнинг бебаҳо маданий мероси, жумладан Самарқанддаги ноёб тарихий обидалар кўр-кўрона оёқости қилинаётгани, босқинчилар маҳаллий элатнинг “бўйнига занглаган занжир осиб қўйиб, маржон демоқчи” бўлаётгани, қарам мамлакатда жорий этилган цензура қанчалар безантириб кўрсатилмасин, барибир фақат мустабидлар манфаати учун хизмат қилишлиги кабилар тўғрисида ёзишга ўшанда камдан-кам адибнинг юраги дов берарди.
Куни замбарак судраб келганларга қолган чорасиз ўзбекнинг бор кўргуликларини муаллиф кенг кўламда тасвирлайди, аҳволга дам мамлакат ичкарисидан, дам хориждан нигоҳ ташлайди. Қай нуқтадан кузатилмасин, миллатимиз фожиасининг асосий сабаби миллий давлатчилигимизнинг қўлдан бой берилгани эканлиги шуурларга чуқурроқ сингиб боради. Эрки қўлида турган юртда улғайиб, ота-боболардан қолган гўзал урф-одатлар, юксак ахлоқий анъаналар руҳида тарбия кўрган бўлсайди, эл-юртига кўпдан-кўп наф келтириши мумкин бўлган уч нафар иқтидорли шахс — Саидакбар ҳожи, Аъзам ва Умматали образлари асарнинг асосий ўзагидир. Барча воқеалар шуларнинг тақдирига келиб туташаверади.
Беҳад уддабурон тижоратчи, тақводор мусулмон, оиласининг мустаҳкам таянчи бўлган Саидакбар ҳожи ҳокимият қизилларнинг қўлига ўтган дастлабки даврлардаёқ чет элга қочади. Истеъдодли муҳандис Аъзам ўз юртида қадрига етишмаётгандан, арзимаган маош эвазига қаёқдаги чаласавод кимсаларга малай бўлиб юрганидан ўпкаланиб, саёҳатга борган чоғида хориждагилардан сиёсий бошпана сўрайди. Ишнинг кўзини билган, касбининг ўта фидойиси бўлган агроном Умматали ўз юртида яшаб турган эса-да, Саидакбар ҳожининг яна қайтамиз деганига ишониб, хўжасини чет элга кузатиб кетган қочқин қаролнинг ўғли сифатида тазйиққа учрайверади.
Синчиклаб кузатилса, китоб қаҳрамонларининг тақдири кишандаги миллатимизнинг қисмати аянчли аҳволда эканлигига очиқ ишорадир. Саидакбар ҳожи қанчалар давлатманд бўлмасин, бегона ўлканинг ўзгача хулқ-атворли кимсалари орасида тўзим тополмайди, ўзининг ва ёруғ оламдаги бирдан-бир юпанчига айланиб қолган фарзандларининг ҳаёти ачинарли тарзда якунланади. Советлар тузумининг хориждаги мухолифлари йўриғида кун кечира бошлаган Аъзам ғоявий курашлар саҳнасида митти қўғирчоққа, сиёсий найранглар жанггоҳида қурбонликка айланади. Ишхонасидаги тазйиқлар, оиласидаги ғалвалардан безиб, шаҳардан энг чекка қишлоққа бош олиб кетган бўлса-да, ҳануз “халқ душманининг ўғли” деган надоматдан қутулолмай яшаётган Умматалининг эртанги тақдири асарда номаълумлигича қолиб кетади.
— Бу китобни кавласанг чуқур маънолар кўп, — дея салмоқланиб чой хўплайди Саид Аҳмад домла. — Шароит тақозосига кўра тил учида айтилган айрим “замонабоп сўзлар”ни олиб ташлаб, баъзи ибораларга изоҳ бериб, кўпни кўрган адабиётшунослардан бирининг роман замирида ётган миллий озодликка ташналик туйғуларини очиб берувчи сўзбошиси билан чоп этилса, “Жаннат қидирганлар” ҳозирги ёшлар учун ҳам катта сабоқ бўларли китоб.
Сабоқ бўларлиси шундаки, Саидакбар ҳожидек қанча мол-дунё топма, рўзғорингни нечоғли бикир қилма, юртингни ўз оилангдек фаровон, миллатингни ўз фарзандингдек маърифатли этиш йўлида билим ва бойлигингни аямасликка одатланмас экансан, кунинг бир кунмас бир куни ёт зўравонларга қолади, топганинг на ўзингга буюради, на болангга. Иқтидорингга лойиқ қадр-қиммат изласанг, Аъзамга ўхшаб уни четдан ахтарма. Умматали бўлиб, ҳар қандай уқубатларга чида, яхши кунлар келмоғидан умид қил, орзуларинг ушалиши учун жон-жаҳдинг билан кураш. Агар бу дунёда жаннат яратиш мумкин бўлса, уни ўз юртингда ярат, бировларники барибир татимайди. Жаннат — ичингда, адолатга дахлдорлигингда, имон ва эътиқодингда.
Суҳбат қизиб бораверади. Саид Аҳмад домла романнинг гоҳ у, гоҳ бу жойини эслайди. Мени янги-янги сирлардан воқиф этишга тиришади:
— Эсингда бўлса, китобда Зайтуний деган араб муҳаррир бор. Мамлакатини босиб олган французларга қарши тиш-тирноғи билан курашиб юрган бу одам, бир куни Парижда бирга ўқиган француз дўстларини соғиниб эслайди. Кишини ўйлантириб қўядиган ҳолат-а? Шуҳратнинг ўзи ҳам шу Зайтунийдек кенг фикрли инсон эди — оддий рус халқига нисбатан кўнглида кеки борлигини сира пайқамаганман. Рус маданиятини жуда ҳурмат қиларди, рус классикасини севиб ўқирди, гўзал-гўзал таржималари бор. Фақат чор Россияси келтирган мустабид тузумнигина ёмон кўрарди, ўз халқининг ҳақ-ҳуқуқи учун курашиб чарчамасди. Айниқса, ошкора айтиш мумкин бўлмаган гапларни гоҳ шаъмадор қилиб, гоҳ ниқоблаб айтишнинг устаси эди.
Домланинг охирги сўзларини эшитиб, бир воқеа эсимга тушади. Тошкентга келиб, нашриётда энди иш бошлаган пайтларим эди. Бўлим мудиримиз (у зотни Худо раҳмат қилган бўлсин) мени муҳаррир сифатида тузукроқ пишитиб қўйгиси келдими, қўлёзмаларни кўраётганда баъзи “қитмирона гаплар”га жуда ҳушёр бўлмоғим лозимлигини тайинлаб, шахсан ўзи қайси асарлардаги қандай қалтис жумлаларни вақтида аниқлашга муваффақ бўлгани ҳақида мисоллар келтиришга тутинди. Жумладан, Шуҳрат оғанинг бир асаридаги (асарнинг номи ҳозир ёдимда йўқ) қаҳрамон ҳаётда устма-уст ноҳақликларга учраб, бу чиркин дунёга келган кунини назарда тутган ҳолда: “25 октябрнинг падарига минг лаънат!” — деб сўкинар экан. Бу жумла ноширга негадир тўмтоқ туюлаверибди. Узоқ ўйланиб, охири кўнгли хижил бўлганининг сабабини топибди — одатда 7 ноябрда байрам қилинадиган “Қизил инқилоб куни” русумдан чиқиб кетган эски тақвим бўйича 25 октябрга тўғри келар экан. Ўшанда санани ношир шунчаки ўзгартиб қўйганми ёки жумла бутунлай олиб ташланганми, бунисини билмадим-у, аслида Шуҳрат оға шу тўрт оғизгина сўзни ниқоблаб ишлатиш учун атайлаб асар ёзган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини ўйласа, кишининг ичи ачишади.
Шуларни мулоҳазалар эканман, Саид Аҳмад домла суҳбат орасида: “Шуҳрат — оиласининг эркаги эди. Шунга ўхшаб, адабиётдаям эркакча ишлар қиларди”, деганига бир қўшимча киритгим келади — у зот ўз юртининг ҳам эркаги эди. Ҳамиятли эркаклари бор юртнинг эса тизгинидан ушлаб туриш қийин. Мард халқининг, асов ўғлонларининг иродаси билан қайта озодликка эришган Ўзбекистонимиз ана шу ҳақиқатнинг ёрқин тимсолидир. Шуҳрат оғанинг улкан бахти шундаки, энтикиб-энтикиб орзулаган кунларини ўз кўзи билан кўра олди, бу оламни армонлари ушалган ҳолда тарк этди.
Созандалар бирон эзгин куйни ижро этса, кетидан шўхроғини чалиб қўйишади. Буни “совутма” дейдилар. Анчага чўзилган жиддий суҳбатимиз якунида Саид Аҳмад домла ҳам ўзига хос “совутма” қилиб, мени ҳазил гап билан кузатиб қолди:
— Ҳў, укам! Бодрингдан қарзимни уздим деб, туруп пишиғигача йўқ бўпкетмагин…
Киши умри давомида юзлаб хонадонларнинг тузини тотади, ҳар бири ҳақида турлича тасаввур ҳосил қилади. Саид Аҳмад домла хонадонининг эътиборли томони — қачон келманг, қалбингизга зиёдек қуюлувчи ҳикматли-ҳикматли сўзларни эшитасиз. Бу гал устозга қўшилиб, бир маҳаллар зўр қизиқиш билан ўқиган китобимнинг тубига янада чуқурроқ шўнғидим, “Жаннат қидирганлар”нинг ўзгача-ўзгача қирраларини кашф этдим, гўё Шуҳрат оғанинг ўз оғзидан нодир бир ўгит эшитгандек бўлдим: “Жаннатни ўзингдан қидир!”
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 20-сонидан олинди.
Дадахон Нурий. Устознинг сўнгги баҳори (2007)
Буюк мусаввир ҳамда фидойи мураббий Чингиз Аҳмаров бир гал Абдулла Қаҳҳор олдига бориб юрганимдан хабар топиб, шундай деганди:
— “Сароб” романига суратлар ишлаш жараёнида ёзувчи ҳузурига кўп марта борганман. Қаҳрамонлар образини яратишда кимлардан “андоза” олишни маслаҳат берарди у киши. Афсус, ўша пайтлар асар муаллифи суратини “қоралама” қилиб бўлса-да, қоғозга тушириб олмаган эканман. Мендан ўтган бу хатоликни сен қайтармаслигинг керак. Абдулла Қаҳҳор олдига борганингда ёнингда доимо қоғоз-қалам бўлсин!
Чингиз домланинг зиммамга юклаган вазифаси мен учун аввалига мутлоқ амалга ошириб бўлмайдиган мушкул ишдай туюлиб юрди. Тўғри-да, эрмак учун онда-сонда суратлар чизиб қўядиган мендай “чалашогирд” қаерда-ю, Абдулла Қаҳҳордай одамга қараб туриб суратини ишлашга журъат қаерда!
Шундай бўлса-да, орадан ойлар ўтгач, у кишининг бир нечта “қоралама” суратларини қоғозга тушириб олдим.
Устоз бир куни:
— Табиатни тасвирлашда сўз “бўёқ”ларингиз яхши. Чизишда-чи? — деб сўраб қолди.
— Манзара суратлар ишлаганим бор, — дедим.
Эртасига ман-ман деган мўйқалам соҳиби орзу қиладиган “этюдник”ка бири “Кўча бўйидаги азим дарахт” деган, иккинчисига ҳали ном қўйилмаган суратларни жойладим-да, устозга кўрсатгани олиб келдим.
Абдулла акага ҳар икки пейзаж ҳам маъқул бўлди чоғи, узоқ қараб қолди ва иккинчи манзара-сурат остидаги ёзувга ишора қилиб:
— “Нанай”. Бу Бўстонлиқдаги қишлоқлардан бирининг номи-ку! Нега қишлоқнинг ўзи кўринмайди? — деди.
— Аслида бу, қишлоқдан анча олис Чотқол тоғлари ичкарисидаги Ахсарсойнинг Пском дарёсига қуйилиш жойи, — дея адибга тушунтира бошладим. — Манави биринчи планда турган, танасидан тортиб, тепа шохларигача қорайиб кетган дарахтни бир неча бор яшин урган. Қуриб-қовжираб қолган пайтлари ҳам бўлган. Барибир янги новдалар чиқариб, кўкариб кетаверган. Бу “Бардош дарахти” ҳақида менга нанайлик кекса отахон Тиллахон бува сўзлаб берган. Энди, Абдулла ака, шу манзара суратга ўзингиз ном қўйиб берсангиз. Аслида-ку, мен ушбу дарахтни Сизга қиёслагим келади.
Адиб индамади. Юзларида ҳам бирон ўзгариш сезилмади.
Бир пайт менга ўгирилди-да:
— Айтиб турибсиз-ку, “Бардош дарахти” деб. Унга “соҳил”ни қўшайлик.
— “Соҳилдаги бардош дарахти”!
— Ана. Олам гулистон, — у кишининг чеҳраси ёришгандай бўлди…
“Абдулла Қаҳҳор замондошлари хотирасида” номли китобда “Устознинг сўнгги сурати” деган мақола билан қатнашганман. Унда 1968 йилнинг қиш оқшомларидан бирида қора туш билан чизилган сурат ҳақида гап кетади.
Аслида устоз Абдулла Қаҳҳорнинг охирги сурати ўша йилнинг айни баҳор, ҳаммаёқ гуллар тароватига бурканган кунларидан бирида қоғозга тушириб олингани яқинда адиб билан учрашувлар тафсили қисқача баён қилиб борилган папкаларни кўздан кечираётганимда маълум бўлиб қолди. Тепасига “Гулхан” деб ёзилган (аввалроқ шу болалар журналида ишлаганман) конверт ичидан Абдулла аканинг бир нечта “қоралама” суратлари чиқди. Суратларга қўйилган имзо остида “5-V-68” санаси кўзга ташланади. Демак, айнан шу ”чизги”лар Абдулла Қаҳҳор ҳаётининг Тошкентда кечган охирги кунлари билан боғлиқ бўлиб чиқади.
Мухтасар маълумот сифатида қоғозга туширилган ёзувларни ўқирканман, беихтиёр бундан салкам қирқ йил аввалги апрел кунлари кўз олдимда қайта гавдалангандай бўлди…
Абдулла ака эрталаб Озод Шарафиддиновни йўқлаб қўнғироқ қилганди, гўшакни келинойи кўтарди чоғи ”Шарофатхон, Озод келиб кетсин” дедилар.
Орадан кўп ўтмай ташқаридан гувиллаган овоз эшитилиб, машина келиб тўхтади. Эшикни очдим. Шундоқ рўпарада анчагина уриниб қолган, Абдулла ака таъбири билан айтганда, “Кострюлкаранг” машина турарди.
Бир пиёла чой устида айтилган гап қисқа бўлди:
— Озод, бу кунлар ҳам ғаниматга ўхшаб қолди. “Ако Бухор” (Абдулла ака истиқомат қиладиган ҳовлига яқин жойда дўкончаси бор сартарош)га юз-бошни бир кўрсатиб, сўнг шаҳар айланиб келсак.
Анчадан бери хонанишин бўлиб, ташқарига чиқмай қўйган Абдулла аканинг кутилмаганда бундай қарорга келиб қолиши Кибриё опани қувонтириб юборди.
Устозга маъноли қараш қилиб:
— Менам сизлар билан бораман, — деди.
Абдулла ака босиқ оҳангда:
— Аёл киши кашанда носқовоғидай доим унинг ёнида осилиб юравериши шарт эмас. Унинг бошқа вазифаси ҳам бор. Яъни, биз айланиб келгунимизча пазандалик санъатингизни намойиш қилиб турсангиз улуғ иш бўларди, — деди.
Опа индамай қолди, лекин ўзини бир гапдан тиёлмади:
— Шу баҳорий кунларни “ғанимат”га чиқармай, иккимиз бошқа пайт алоҳида айланиб келамиз, десангиз бўларди!
— Насиб этса айланармиз. Қутилдимми? Озод, энди сизнинг заҳматкаш уловингизга бироз дам берайлик-да, менинг машинамни ҳайдаб кўчага олиб чиқинг. Уни минишга-ку, оёқ ярамай қолди. Ҳеч бўлмаса уч-тўрт кун хизмат қилсин.
Озод ака қошларини чимириб устозга қаради:
— Нега энди уч-тўрт кун? Яп-янги машина бўлса! Ҳали кўп хизматингизни қилади, Абдулла ака. Даволаниб келганингиздан кейин Фарғона водийсини ўзингиз бошчилигингизда яна бир бор айланамиз.
— Улар мени тузатиб юборишига кўзингиз етяптими?
— Нега етмасин, Кремл шифохонаси бўлса!
— Мени эса “Қамчиқ” довони томонларга кетгим келяпти. Ҳозир у ерда тоғлар этаги кўм-кўк ўтларга бурканиб ётгандир. Лолалар ҳам очилган бўлса керак.
— Хўп десангиз кетаверамиз, — деди Озод ака қаддини тиклаб, овозини баланд қўйиб, ҳозироқ йўлга тушишга шай кишидек.
Абдулла ака бошини сарак-сарак қилди:
— Қайда. Дўхтирлар ҳеч қаерга чиқармай қўйишди-ку! Мени мунча аяшмаса!
— Бугун биринчи апрел, ўша дўхтирларни бемалол алдайвериш мумкин! — гапни ҳазилга бурди Озод ака.
Устознинг 60 йиллиги муносабати билан олинган “Волга” кичкина яланглик тўридаги гаражда чанг босиб ётарди. Уни ташқарига олиб чиқиб “ювиб-тарадик”.
Кейин бир оёқлари тўпиғигача қалин жигарранг жун рўмол билан ўралган Абдулла акани машинага ўтқаздик. Улар “Ако Бухор” сартарошхонасига, сўнг шаҳар айланишга кетишди.
Абдулла ака кеч пешингача чўзилган “сайр”дан анча толиққан ҳолда қайтди. Катта меҳмонхона-залга кириладиган эшикнинг шундоқ ўнг томонига деворга ёндоштириб қўйилган дивандаги пар ёстиққа оҳиста суянаркан:
— Ҳар ҳолда кўриб келганим яхши бўлди, — дея ярим жилмайиш билан Озод акага қараб, қўшиб қўйди. — Қаранг, ҳамаёқда баҳор нафаси. Яшагинг келади…
Эртасига жажжи бутоқчалари гулга бурканган бир шохчани кўтариб Шуҳрат ака кириб келди.
— Қаранг, Абдулла ака, ҳовлимиздаги ўрик гуллабди. Увол қилиб узмай дедим-у, сизга бир кўрсатгим келди-да.
Абдулла ака шохчани қўлига олиб, ундаги гардиши нозик пуштиранг гулларга тикилиб боқди, ҳидлаган бўлди, сўнг Шуҳрат акага ўгирилиб деди:
— Кеча шаҳар айланиб келдик.
— Эшитдим. Жуда яхши иш бўпти.
— Ғафур Ғуломнинг болалиги ўтган Қоратош маҳалласидаги ноклар ҳам оппоқ бўлиб, очилай деб турибди. Шуҳрат, табиатнинг ҳукми қизиқ-а, мана шу гуллар озгина вақт ўтгач, қуриб-қовжирайди, ўрнида мевалар пайдо бўлади. Улар ҳам пишиб тўкилади. Бу “тўкилиш” дегани умрнинг поёни бўлса керак…
Абдулла аканинг қочиримлари ҳамда тагдор гаплари маъносини дарров англаб олиб, жавобига шай турадиган Шуҳрат ака нима дейишини билмай, бир лаҳза тараддудланиб қолди.
Орага чўккан сукутни яна Абдулла аканинг ўзи бузди:
— Дўрмон томонлар ҳам яшнаб кетгандир. Бир бориб қўйиш керак. Энди у ерларни кўриш насиб этадими-йўқми…
Шуҳрат ака кулиб юборди:
— Нега насиб этмасин, Абдулла ака! Мана, ҳамма ёқда наврўзи олам. Яқинда Шаботхон (Хўжаев) бир гап айтиб қолди: қишдан эсон-омон чиқиб олган беморларнинг етмиш фоизидан кўпроғига табиатнинг ўзи шифо бериб тузалиб кетармиш. Кайфиятни яхши тутишда гап кўп экан.
— Тўғрику-я, мени яна қиш-қировли жойларга жўнатишаётган бўлса-чи!
Шуҳрат ака:
— Ўзбекистоннниг ҳавосидан ўзим обориб тураман, — деди.
Устознинг кейинги кунлардаги ҳар бир гапидан она тупроқдан оёқ узиб кетгиси йўқлигини англаш мумкин эди. Бироқ шифокорлар у киши Москвага бориб даволанмаса бўлмаслигини, ҳукумат шифохонасида алоҳида палата тайёрлаб қўйилганини айтишарди. Саккизинчи апрел куни учун самолёт чиптаси ҳам тайёрлаб қўйилганди.
Шуҳрат ака устознинг Дўрмонга чиқиб келиш ҳақидаги фикрини қўллаган бўлди:
— Сергей боғингизни янги тушган келинчакнинг ҳовлисидай саранжом-саришта қилиб, кутиб ўтирибди.
Бешинчи апрел куни эрталаб Дўрмонга чиқиб келдик. Абдулла ака атрофга завқ билан кўз ташлаб олди-да, ёнида қўлларини қовуштириб турган директорга деди:
— Сергей, Шредерга — Маҳмуд Мирзаевга ўринбосар қилиб юборайликми?
— Раҳмат Абдулла ака! Шундоғам мана шу кичкина хўжаликнинг ишлари етиб-ортаяпти.
Кибриё опа ўз “касб-кори” — пазандачиликка уннаб кетди. Лиммо-лим сув оқиб турган катта ариқ устига қўйилган ёғоч каравотга кўрпачалар тўшаб, ўртадаги хонтахтага дастурхон ёзилди. Бир пайт Сергей ака ижод уйи ошхонаси томондан баҳорнинг тансиқ таоми — кўкат сомса кўтариб келиб, ҳаммани каравотга чорлади.
— Абдулла ака, — деди директор ўртага қўйилган лаганга ишора қиларкан, — инсоф билан ўзингиз тақсимламасангиз, кимгадир етиб, кимларгадир етмай қолиши мумкин.
Абдулла ака жиддий қараш қилиб:
— Ишқилиб сомсалар “Литфонд” ҳисобидан эмасми! — деб қўйди-да, тарелкаларга икки донадан қилиб, сола бошлади.
… Абдулла акага сувнинг салқини таъсир этди шекилли, енгил кулранг женси палтони елкаларига тортиб, дурустроқ ўраниб олдилар. Шундан кейин биз у кишини офтобрўй жой — яланглик четидаги шафтоли дарахти остига қўйилган оромкурсига ўтқаздик. Адиб чарчоқданми, оғир нафас олиб, бошни орқа суянчиққа қўйди. Тип-тиниқ осмон юзига тикилиб турган нигоҳлари беихтиёр кўкда чарх уриб юрган қалдирғочларга тушди. Бирдан ўша баҳор элчилари пастга томон шўнғиди-да, зум ўтмай йўлакнинг нариги бошида пайдо бўлди. Кейин чуғур-чуғур қилганча Абдулла ака ўтирган яланглик узра пайдо бўлди, гир айланди-ю, яна кўкка қараб парвоз қилди.
Бу ҳолат шубҳасиз адибни ҳайратга солганди. “Наҳот, шу жажжи жониворлар ҳам мен билан хайрлашган бўлса” дегандек улар орқасидан қараб қолди.
Мен Абдулла аканинг мана шу дақиқалардаги ҳолатини қоғозга туширмоқ учун қўлимга қалам олдим ва бир нечта (ўша “5-V-68” рақами қўйилган) “қоралама”лар чизишга улгурдим. Учқун Назаров эса Абдулла аканинг “Любительский” фотоаппаратини ишга солиб, суратлар оларди.
Ўша куни кечгача Дўрмонда бўлдик. Оқшом туша бошлади ҳамки, Абдулла ака кетайлик демасди.
Ниҳоят Кибриё опа:
— Жўнайлик энди. Кунлар исиганда бемалолроқ келармиз, — деди.
Абдулла ака сал жунжигандай бўлди, сўнг ўзига хос тагдор гап қилди:
— Қишга қараб кетяпмиз-у, қанақасига бемалолроқ бўлсин! Майли, кетдик, ўша томонларга!..
Шаҳарга йўлга тушишдан олдин Абдулла ака олди айвон, бир даҳлиз, бир хонали уй ёнига кўтарма қилиб қурилган, унга чиқиб қарасангиз Фарғона водийсини эслатувчи зумрад дала-боғлар кафтда тургандай бўлиб кўринадиган нақшинкор шийпонга, қийғос гулга бурканган дарахтларга узоқ тикилиб боқди. Ҳатто машина катта йўлга чиқиб, қайрилгунга қадар ўз боғидан кўз узолмади…
1968 йилнинг 8 апрелида устозни Москвага жўнатишди. Унинг ёнида доимий ҳамдам-ҳамроҳи Кибриё Қаҳҳорова, кузатувчи бир ҳамшира қиз бор эди.
Самолёт қўнгач, шу нарса маълум бўладики, беморни олий тоифадаги врачлар тугул, оддий шифохонанинг оддий ходимлари ҳам кутмаётган экан. Кибриё опанинг зир югуриб, кўплаб идоралар эшигини қоқиши, анча-мунча сарсон-саргардонликлардан сўнг ўз юртида суюкли ва ардоқли бўлган Ўзбекнинг буюк Ёзувчиси ўртамиёна шифохонанинг оғир касаллар билан тўла умумий палатасига ётқизилади.
Кибриё Қаҳҳорованинг айтишларига қараганда, Абдулла ака у ердаги шарт-шароитни кўриб “Бу ер “Олтинчи палата” (А.Чеховнинг шу номли ҳикоясига ишора)ни ўзи-ку, бошқа жой топишолмабди-да” деган экан ўкинч билан.
Адиб қирқ етти кун давомида бир марта ҳам “оҳ” демай, нола-фиғон чекмай ўлим билан мардона олишади.
Ниҳоят умр поёнига кўзи етгач, содиқ, вафодор кишиси Шуҳратни чақиринглар, деб илтимос қилади.
Тошкентдан зудлик билан етиб келган шогирдини кўради-да:
— Яқинроқ келинг, юртимизнинг баҳорий ҳавосидан бир тўйиб нафас олай, — дейди.
Бу халқимизнинг фидойи, буюк фарзанди Абдулла Қаҳҳорнинг сўнгги сўзлари эди…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 20-сонидан олинди.