Ёзнинг айни чилласи… Уйга кеч қайтдим. Бир пиёла чой ичиб, энди ётишга чоғланган ҳам эдим-ки, кўча тарафдан дарвозанинг устма-уст тақиллагани эшитилди. Чиқсам, катта кўчанинг ўртасида “Волга” машинаси турар, унинг ёнида эса тўладан келган ёшгина йигит билан шляпа кийган Шукур ака турарди.
— Ассалому алайкум, хуш келибсизлар, — дедим меҳмонларнинг қўлини олиб.
— Сиз бормасангиз ҳам, мана, мен келдим, — деди Шукур ака мени бағрига оларкан, — Тошкентдан салом, қалайсиз?
— Раҳмат, — дедим Шукур акани қучганча, бола-чақалар, дўсту ёронларни сўрадим.
— Бу киши анжанлик, драма театрининг режиссёри, қадрдон дўстимиз, — деди ёзувчи ҳамроҳини таништириб.
Дастурхон атрофидаги суҳбатимиз одатдагидек адабиёт мавзуидан бошланди. Шукур ака бироз хаёлга толиб ён дафтарчасидан ниманидир қидиргандай бўлди.
— Ҳа, мана, балиқчилик Исмон бахши билан Ҳусан Ражаб ўғлини биларсиз? — деди жилмайиб.
— Ҳа, Имомназар бахши, Ўғил бахшилар ҳақида маълумот тўплаганман. Билсангиз керак, Андижонда Ҳошимжон Раззоқов деган олим бор, у кишидан ҳам кўп маълумот олганман.
— Мен тадқиқотчиларга тасанно дейман. Агар улар бўлмаганда, адабиёт равнақ топмасди. Достонларни ёд айтувчи халқ шоирларини эса ардоқлаш керак…
Сўнг яна гапимиз халқ оғзаки ижодига бориб тақалди. Бизнинг Пешқўрғон қишлоғида элликдан ортиқ достончи ўтганини айтдим.
— Ростданми? — Шукур ака бир зум таажжублангандай бўлди.
— Ҳа, ҳатто достончилик мактаби ҳам бўлган. Кўлбуқон достончилик мактаби орқали шаклланган, асли Жумабой бахшидан бошланган. Кейин 60-70-йилларда довруғ таратган Раззоқ бахши, Абдуазиз бахши, Исмон бахши, Мамасодиқ ва Омон бахши, Қўчқор, Суяр каби ўнлаб бахшилар ўтган.
Шукур ака яна дафтарчасини қўлига олди.
— Тўхтанг, ким дедингиз?
Мен достончилардан ўнтасини санадим. У киши эринмай ёзди, кейин ручкасини дастурхонга қўйиб, яна менга юзланди:
— Балки бирортаси билан учраштирарсиз?
— Эртагаёқ Раззоқ бахши билан учрашсак бўлади.
— Бу, Раззоқ бахши деганингиз қанча достон билади? — Шукур ака ўйчан кўзлари билан мен томон боқди.
— “Гўрўғли” туркум достонларининг қирқтасини, “Алпомиш” достонини мукаммал билади, ундан ташқари “Ёзи билан Зебо” ва “Манас” достонидан парчалар айтади, — дедим. Адиб ҳайратга тушгандай тўхтаб қолди.
— Оташ, мени жуда қизиқтириб қўйдинг-да. Бугун уйқум келмаса керак, ё тушимда ҳам ўша Раззоқ бахшини кўриб чиқаман. Яхшиси ухлайлик, соат ҳам бир бўптия!
Эрталаб Шукур ака барвақт уйғониб, “Жаҳон болалар адабиёти” туркумида чоп этилган китоблардан бирини ўқиётганини кўрдим.
— Зап китобларда, шу бир юзу беш томнинг бари ўзбек тилига ўгирилганда эди, — деди у ёстиққа суянганча. — Қизиқ, туни билан Шандор Тотан, Марли Каллоген, Петр Незнакомов, Жанни Родари… Эҳ-ҳе қанча ажойиб ҳикояларни ўқиб чиқдим, лекин барибир Абдулла Қаҳҳор ҳикояларига етмайди.
Мен ташқарига чиқдим, хаёлимда севимли адибимизнинг машҳур ҳикоялари жонлангандек бўлди. Шукур ака айтганидек Абдулла Қаҳҳор ҳикояларида ўзбек деган миллатнинг ўзи-ю кўзи, меҳр-оқибатию бутун табиати мана мен деб кўзга ташланади. Унинг “Ўғри” ёки “Анор” ҳикояларини олинг. Қайси образга мурожаат қилманг — бу ўзимизники, ўзбекнинг ўзи дейсиз.
Нонуштадан сўнг, Шукур акага ваъда берганимдек, Раззоқ бахшининг уйига йўл олдик. Бахшининг уйи қишлоқнинг Орариқ ҳудудида бўлиб, у ер адирликдан иборат эди. Беш минг гектардан ортиқ бу адирликда қишлоқ аҳолиси буғдой экар, қўй-қўзи боқарди. Адирликларда текис ерлар ҳам анчагина. Баҳор келса лолага, кўм-кўк ўтларга бурканар, ёзда эса олтиндек қайроқи буғдойларга тўлиб тошарди. Қишда бу ерлар ов қилишга ҳам жуда қулай. Шунданми, каклигу қуён, тулки овловчилар кўпаярди.
Раззоқ бахшининг бутун умри деҳқончилик билан ўтган. Бир вақтлар тўй-томошаларда достон айтиб, одамлар кўнглини хушлаган достончи бугун олиму талабаларнинг суюклиси эди.
Раззоқ бахши Шукур ака билан худди эски қадрдонидек кўришди.
— Сиз тўғрингизда Оташ Мирзо айтиб берганди.
— Раҳмат. Оташ сизни машҳур достончи деди, айтинг-чи қайси достон билан машҳур бўлгансиз?
— “Алпомиш” билан.
— Ундай бўлса ўша бизнинг “Алпомиш”дан эшитайлик.
Раззоқ ота деворда осиғлиқ турган сеторини олди, анча вақтгача диринглатиб созлади, сўнг худди отнинг дупурини эслатувчи бир куй бошлади. У шундай шиддат билан чалардики, бир қуюн от бостириб келаётгандай эди. Унинг ҳаракатлари ёш йигитнинг жўшишига ўхшаб кетарди. Бир зум соз чалишдан тўхтади, Шукур ака бўлса у киши томон интилди.
— Кечирасиз, бу от туёғининг овозини қандай чиқардингиз? — деб адиб сеторни қўлига олди. Раззоқ ота оппоқ соқолини силаганча кулиб қўйди-да:
— Хўп, энди “Алпомиш”дан айтсам айтай, — деди. Сеторини яна бир-икки диринглатди-да бир термани бошлаб юборди.
Бирдам айтай ўтган
билан кетгандан,
Юртин суйиб, қош-
қабоқда тутгандан.
Дастурхонлар ёзиб,
катта тўй қилиб,
Шукуржонни меҳмон
қилиб кутгандан.
Шукур ака достоннинг бу ҳолатда бошланишини кутмаган эканми, бир қўзғолди, кейин икки қўлини бир-бирига уриб қўйди ва Раззоқ бахшига термулиб қолди…
Бахши сеторини ерга қўйиб, бир қўли билан иккинчи қўлини силаб тураверди. Шунда Шукур ака бошидаги шляпасини олиб, ҳайрон қолиб, достончига:
— Ота, мен ҳам шеър битганман, аммо бугун ёзувчиман, шундай экан мен сиз каби шеър тўқий олмайман, агар рози бўлсангиз “Алпомиш”дан озгина айтиб берсангиз, — деди.
— Ҳа, яшанг, — деди бахши яна сеторини олиб созларкан, — айтсам айтай, майли сизнинг ҳамюртингиз, бизнинг ҳам ҳамқишлоғимиз Алпомишдан айтай.
У энди сеторини боягидан ҳам қаттиқроқ чалди, кейин шиддат билан достонни бошлаб юборди.
“…Ҳай, шундай қилиб, жуда қадим замонда, Қўнғирот деган томонда, ота-боболаримиз кўчманчи-чорвадор бўлган замонда Добонбий деган ўтди…”
…Шукур ака достонни берилиб тинглар, баъзан мен томонга боқиб, достон сатрларини ёзаётган қўлларимга термулганча хаёл сурарди. Мен қаламимни дастурхонга қўйдим. Ўшанда кеч бўлганди, аммо Раззоқ бахши ҳамон куйларди. Шукур ака бўлса бир нуқтага термулиб қолганди. Буни Раззоқ бахши ҳам сезди-да, сетор чалишдан тўхтатди.
— Қўлингиз толмадими, ишқилиб? — деди жилмайиб бахши.
Мен Раззоқ отанинг чарчоқ кўзларига боқиб:
— Ўрганиб кетган — дедим.
— Ундай бўлса овқатга, Омонбий, таомни келтир.
Хонага косада шўрва кўтариб, Мамасодиқ бахши кириб келди. Шукур ака қўлидаги ручкасини дастурхонга қўйиб, бир нима ёдига тушгандай, мен томон ўгирилди:
— Ажойиб, биз бир шеърни ёд олишга қийналамиз, булар бўлса соатлаб ёддан достон айтади. Бу — бир мўъжиза. Бундай иқтидор ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.
— Бу ҳали ҳолва, “Гўрўғли” достонини Малик Муродов, Тўхтамурод Зуфаров, Тамара Боровковалар келишганда икки кечаю кундуз ёзишган. Қўллари чидамай туриб кетишган. Яхшиям ўшанда достонни магнитафонга ҳам ёзиб олган эдик, бўлмаса матн чала бўларди.
Шукур ака эски вассали уйнинг шифтига, кейин токчаларга териб қўйилган чойнак ва пиёлаларга назар ташлади, аввал Раззоқ бахшига, кейин косада шўрва кўтариб келаётган Омон бахшига боқди, гўё у кишини биринчи марта кўраётгандай қараб қолди. Омон ака буни сезди, кейин оппоқ соқолини силади.
— Бизнинг Сурхонда ҳам одамлар шунақа содда яшашади, — деди Шукур ака қўлидаги қаламини дафтари устига уриб. — Жойларингизу ҳовлилар, одамлардаги соддалик худди бизнинг одамларга ўхшайди. Фақат кийимларда ўзгачалик бор, холос.
Ўша куни Шукур ака анчагача ўйчан юрди. Бироқ у нималар ҳақида ўйлади, нималарни мулоҳаза қилди — билиб бўлмасди. Сабаби Шукур ака жуда камгап, самимий, мулоҳазали, бирор нарсани кўрса таг-туги билан билишга қизиқадиган одам эди. Яна бир нарсани сездимки, Шукур ака ўз асарлари ҳақида бирор оғиз сўзламасди. Ёки бирор киши “фалон ҳикояни жа зўр ёзибсиз-да” деса, у киши фақат жилмаяр, айрим ёзувчилар сингари гапни олиб қочмасди.
Кечки пайт уйга қайтдик. Тошкентдан келган домлаларни ҳам таклиф қилдик. Қизиғи, фолклор экспедицияси билан келган талабалар орасида Шукур аканинг қизи Сурайё Холмирзаева ҳам бор экан. Икки кундан бери бирга бўлдиг-у, адибимиз бирор марта “сиз меҳмон қилаётган домлалар-у ўттизта талаба ичида менинг қизим ҳам бор”, — демадилар.
Эртасига дўстим Султоннинг таклифи билан Қирғизистоннинг Ариқбўйи қишлоғи юқорисидаги чиройли бир манзилга чиқдик. Ҳавоси шу қадар мусаффо эдики, эртадан кечгача булбуллар сайраб ётарди. Баланд тоғ томонга кетган сўқмоқ йўл жуда тор бўлишига қарамай қоя тошлар оралаб юрган ёввойи кийигу ҳатто арслон ва шерларни ҳам учратиш мумкин эди. Айниқса каклик кўп…
Қирғизларнинг бир одати бор, улар даврага киришса гапдон, қўшиб-чатишга жуда уста бўлишади. “Манас”чилар билан учрашиб, достонни куйлатиб кўрилганда ҳар сафар янги-янги мисралар қўшганликлари, ҳатто етти кеча, етти кундуз айтиб ҳам достонни тугата олмаганларини кузатганмиз. Ўз овули, юрти ҳақида бирорта ёмон гап айтсангиз, дарров хафа бўлишади. Яна бир яхши томони — етти авлодини тўкис билишади.
Дўстларимиз қирғиз адабиёти тугул ўзбек адабиёти ҳақида ҳам анча маълумотга эга экан. Математика ўқитувчиси Сувонқул Акимов шундай дейди: “Дунёда икки юздан ортиқ давлат бор, мингга яқин миллату элат мавжуд. Уларнинг маданият даражаси она тилини яхши билиши, урф-одатларини яхши ўзлаштирганлиги, айниқса, халқ оғзаки ижодини мукаммал билишлари билан белгиланади. Шу боис қирғизлар “Манас” достонини тўла билиши ва камида бир-икки саҳифани ёддан айтиши керак — бўлмаса у қирғиз эмас”. Мен бу удумга жуда ҳавас қилдим.
Шукур ака бу ҳақда нима дер экан, деб ўйлаб турган эдим, адибнинг ўзи сўз бошлаб қолди:
— Яхши гап, ҳавас қилса арзийди, қани энди бизда ҳам “Алпомиш” достонини ҳамма билса, уйида “Алпомиш” достонини “Қуръон”ни сақлагандек сақлашса…
Кечки пайт уйга қайтдик. Шукур ака ўз таассуротларини ўртоқлашгиси, кўрганларини мароқ билан сўзлагиси келарди. Буни мен Темур ака Шукур акани “Нанай” оромгоҳига таклиф қилган куни ҳам сездим. Нанай тепасидаги “Кўксарой”га борганимизда узоқ-узоқларга чўзилиб кетган тоғлару зилол сувли сойлардан Шукур аканинг ҳайратига ҳайрат қўшилди.
— Эҳ-ҳе… — деди у, — сизларда ҳамма ирчи, ҳамма шоир бўлиши керак. Туманларингдан кимлар ижодкор бўлиб етишган?
Мен Шукур аканинг бу саволига жавоб изладим. Хўш, кимлар бор ўзи? Робитдин Исҳоқ, Жўра Раҳим, Холмирза Юнус, Нурхон Набижонов, Қозоқжон Маҳмудов, Юсуф Қирғиз, Мурод Азиз, Маҳмуджон Маъмуров, Аълохон Ғозиев, Абдураҳмон Насриддинов. Шу номларни санадиму тўхтаб қолдим. Шукур ака бу шоирларнинг бирортасини танимаганиданми, бир зум кўзимга тикилиб қолди.
Адиб бир кўрган кишига жуда камгап одамдай туюларди. Илк маротаба Тошкентда учрашганимда ўзимга ўзим, “жуда содда одам эканми?” деган саволни берган эдим. Кейинчалик эса Шукур аканинг жуда кўп қирраларини кашф қилдим. Унинг ички дунёси тоза, самимий, зукко, меҳр-оқибатли инсон бўлишига қарамай, аммо ҳақни ҳақ дейдиган ўзига хос қайсарлиги ҳам бор эди. Ўқувчилар газетасида чоп этилган “Оқ отли” қиссасида қишлоқ болаларининг ҳаёти, “Тўлқинлар”да инсон тақдири, “Ўн саккизга кирмаган ким бор”да ўша давр ёшларининг ҳаёти ишонарли тасвир этилган. Ўшанда биз ёзувчининг бадиий адабиётдаги ўрни ҳақида кўп баҳслашган эдик.
Кейинчалик адибнинг “Олис юлдузлар остида”, “Оғир тош кўчса” китоблари чоп этилди. Энди у мақтаса арзигулик ёзувчига, Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, “ҳикоячиликнинг устаси”га айланган эди. Ёзувчи дилида ҳали ёзилиши керак бўлган, оз-моз қоралаб қўйилган асарлар ҳам кўп эди. Бу ҳақда “Кўксарой” дам олиш зонасида бўлган кичик учрашувда ҳам айтганди. “Бодом қишда гуллади” китобига кирган ҳикоялар ҳақида берилган саволларга жавоб бераётиб, “бу ҳикояларга кирган кўпгина воқеалар қисса ёки роман бўлиши ҳам мумкин”, деганди.
Дам олиш зонасидан қайтаётиб, Заркент қишлоғига ҳам қўниб ўтдик. Шукур ака Заркентнинг “Тегирмон” чойхонасида ўлтираркан, ҳар томондан айланиб оқаётган зилол сувлар, меҳмондўст ўртоқлардан хурсанд бўлиб кетди. Қозоқжон ака бир неча йил Наманган институтида чет эл адабиётидан дарс бергани учун бўлса керак, суҳбатимиз мавзуи дунё адабиёти сари бурилди. Ўшанда гап орасида ёзувчи бир роман ёзмоқчи экани, унинг номи балки “Олабўжи” бўлиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтганди.
Кейин Қозоқжон ака фахр билан қишлоғини, анҳорлар бўйида жойлашган дам олиш лагерлари, ўқиган мактабини ҳам зиёрат қилишга ундади. Гап орасида Мирзаолим Иброҳимов, Эркин Ҳайитбоев, Аҳмаджон Мелибоев, Турсунбой Адашбоевлар ҳам шу мактабда таҳсил олганларини сўзлади. Шукур ака бу номларни эшитгач жонланди, Қозоқжон аканинг қўлини қайта-қайта қисиб қўйди. Бу менга туртки бўлди. Эртасига мен қадимий қишлоғимиз Пешқўрғонни, унинг кўрки бўлган Балиқликўл ва Сутлибулоқ зиёратгоҳларини кўрсатдим. Шукур ака жуда хурсанд эди. Ниҳоят пешқўрғонликлар билан хайрлашиш они келганида бироз хомуш тортгандай бўлди. “Андижон — Тошкент” поездига чиқаётганда эса мени маҳкам бағрига босди. Кейин қандайдир мунг билан деди: “Оташ, раҳмат, бу ўтган уч кунимдан жуда розиман, сенгаю барча дўстларга раҳмат”…
* * *
Мен ҳаётим давомида Шукур Холмирзаев ижодини ўрганишга, унинг ҳар бир асарини синчиклаб ўқишга ҳаракат қилдим. Барча асарларида ўша биз кўрган, гаплашган одамлар қаламга олинганига иқрор бўлдим. Ҳа, мен билган Шукур Холмирзаев ўз халқининг суюкли фарзанди, имонли ва эътиқодли инсон, меҳрибон ота сифатида ҳамиша орамизда юргандек. Адибнинг боқий ҳаёти, эҳтимол, шундадир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 46-сонидан олинди.