Абдулла Аъзам. Ишқ сиррин нотавонлардин сўрунг (2007)

Алишер Навоий ижодида ишқ энг муҳим мавзулардан биридир. У айниқса шоирнинг одамзод ва жамият тўғрисидаги қарашлари бадиий тарзда мужассам этилган “Хамса” асарининг бош мақсадини ташкил этади:

Бўлмаса ишқ, икки жаҳон бўлмасин,
Икки жаҳон демаки, жон бўлмасин.

Бизни бу мақолада мазкур мавзу билан боғлиқ шундай савол қизиқтиради: Навоий ҳаётида севги, муҳаббат қандай ўрин тутган? Шоир асарларида, бизнинг назаримизда, дунёвий муҳаббат билан илоҳий (тасаввуфий) ишқ ўзаро сингишиб, бир бутунлик (яъни, синтез) ҳосил қилган. Мисол учун, Навоийнинг машҳур “Парийзодеки, мушкин зулфи жоним мустаманд этмиш” мисраси билан бошланадиган ғазалини олайлик. У, устоз адабиётшунос А.Рустамов талқинига кўра, тасаввуфий ишқ мавзусидадир (қ. А.Рустамов. Адиблар одобидан адаблар, “Маънавият”, 2003). Ғазалнинг қуйидаги байтига шу нуқтаи назардан эътибор берайлик:

Чекарга ишқ оташгоҳига девона кўнглумни,
Қазо ҳар бир шарар торини
бир ўтлуқ каман д этмиш.

(Навоий ғазалларида шеър унсурлари, чунончи, вазн ва қофия мукаммалдир. Ана шу хусусиятни туйиш, мисолларни вазнга солиб ўқишни қулайлаштириш учун махсус белгилар қўлланган: ўта чўзиқ ҳижо бир чўзиқ ва қисқа ҳижо ҳисобида келган ҳоллар нуқта билан, бир ҳижонинг охиридаги ундош кейинги ҳижога кўчиши остки чизиқча билан кўрсатилади, рукнлар эса тик чизиқча билан ажратилади.) Бу байтда ишқ калимаси Яратган висолига интилиш, уни қўмсашни англатади. Ғазал Навоийнинг кексалик даврида битилгани ҳам шу хусусда далолат беради. Шу билан бирга, унинг сўнгги байтига диққат қилсак, бу ўринда “парийзод ёр” инсон зотига мансублигини кўрамиз:

Навоий, кеч висол уммидидинким,
Ҳақ сени беҳад
Залилу зору ёрингни азизу
аржуманд этмиш.

Бир қарашда ғазалда ишқ талқини зиддиятлидай туюлади. (Шоир девонларида бу каби мураккаб шеърлар ниҳоятда кўплигини алоҳида таъкидлаш лозим.) Аслида эса, аксинча, ҳар икки талқин ўртасида чуқур мувофиқлик мавжуд: Навоий куйлаган эътиқодда илоҳий ишққа олиб борувчи йўл дунёвий муҳаббатдан бошланиб, уларнинг бири икинчисининг узвий унсуридир ва шу сабабли дунёвий муҳаббатсиз олий ишқ бўлиши мумкин эмас.
Илоҳий муҳаббат йўлида ниҳоятда юксак мавқега кўтарилган шоирнинг ўзи бу йўлнинг ибтидоси бўлмиш дунёвий муҳаббат босқичини ҳам, ҳеч шубҳасиз, босиб ўтган. (Аслида ҳам инсоний муҳаббат туйғусини бошдан кечирмаган одам ўртамиёна шоир даражасига етолмаслиги ҳаёт тажрибасидан яхши маълум.)
Ёзма манбаларда Навоийнинг муҳаббат тақдири тўғрисида амалда маълумот учрамайди. Шоирнинг ҳаётдан тоқ ўтиши (унинг ўз сўзи билан айтганда бекаслиги) эса жумбоқ устига жумбоқ туғдириб, навоийшуносларни ҳам, мухлисларни ҳам ўйлантириб, ҳозиргача бу масалада турли тахмин, версия ва ҳатто миш-мишларга сабаб бўлиб келади.
Бу борада Навоийнинг ижодини ўрганишга асосланган далиллар, эҳтимол, тўғрироқ хулосага олиб келса керак. Зотан, буюк шоир ҳаётининг тафсилотларини, қалбидаги сиру асрорни ҳеч ким унинг ўзичалик яхши билмаган.
Навоийнинг “Хамса”си, муҳаббат мавзусидан баҳс қилинган бошқа асарлари шоир умрининг охирги чорагида ёзилгани, унгача эса шоир ижодида ғазал асосий жанрни ташкил этгани инобатга олинса, мазкур муаммо юзасидан “Хазойин ул-маъноий”га мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлаймиз. Хуллас, Навоийнинг муҳаббат тақдири унинг ғазалиётида тўлароқ акс этган.
Алишернинг ўсмирлик йилларини кўз олдимизга келтирайлик: туғма назмий истеъдод соҳибининг қалбини илк муҳаббат ишғол қилмаслиги ва бу туйғу билан боғлиқ кечинмалар ғазалларда акс этмаслиги мумкин эдими? Йўқ, албатта. Аксинча, Навоийнинг бу мавзудаги ғазалларига ҳамда мантиқий хулосаларга таяниб, Навоийнинг илк муҳаббати фавқулодда кучли ва эҳтиросли бўлган, дея оламиз. Мисол учун, беғубор ёшлик завқи уфуриб турган, мазмунан кўтаринки руҳдаги қуйидаги ғазалда бунга аниқ ишора мавжуд:

Ул паривашким,
бўлубмен зору саргардон анга,
Ишқидин олам манга
ҳайрону мен ҳайрон анга…

Номайи шавқум не навъ
ул ойға етгай, чунки мен1
Эл отин ўқур ҳасаддин
ёзмадим унвон анга…2

Истамиш булбул вафо гулдин,
магарким жоладин3
Бағри қотмиш ғунчанинг —
баским эрур хандон анга.

Қилмағон жонин фидо
жононға етмас, дер эмиш,
Эй Навоий, ушбу сўз бирла
фидо юз жон анга.

(1Нома — мактуб; 2унвон — бу ўринда: адрес; 3жола — ёмғир, сел.)

Навоийнинг болалик йиллари ота-она бағрида бахтиёр кечгани, аммо ҳали уйланиш ёшига етмасдан туриб тақдири азал уни бир-биридан оғирроқ синовларга дучор этгани тарихий манбалардан маълум. Ана шу алғов-далғовлар оқибатида шоир муайян сабаблар билан айрилиққа йўлиққан. Бу кўргулик ёш шоир ўз ҳомийсидан ҳам узоқлашган бир пайтга тўғри келгани ушбу ғазалда акс этган бўлса керак:

Чар х айирди, тез этиб
ноламни ҳам, оҳимни ҳам,
Меҳрибон шоҳимни ҳам,
номеҳрибон моҳимни ҳам.

Ҳар киши дилхоҳу
дилжўюм эди, солди йироқ1
Шоҳи дилжўюмни, доғи
моҳи дилхоҳимни ҳам…

Ай т мон шоҳимни
ё моҳимни еткур бошима,
Ҳам маҳи ғофилвашимни,
шоҳи огоҳимни ҳам.

Жонда шоҳим ёди,
кўнглум ичра моҳим фурқати,
Денг анга қуллуқ,
бу бирга шайъалиллоҳимни2 ҳам.

Эй фалак, шоҳу маҳим
шамъин руҳидин ғам туни
Ёрутуб уй, йўлға келтур
бахти гумроҳимни ҳам.

Эй Навоий, шоҳим айвонин,
маҳим ҳуснин кўруб,
Жон тарабгоҳимни3 топса,
кўз назаргоҳимни ҳам.

(1Бу мисрадан ғазал мусофирликда ёзилгани кўринади. Дилжў(й) — кўнгил сўровчи, дилхоҳ — кўнгил истаган; 2Шайъа(н)лиллоҳ — бу ўринда: ўтинч, ёлбориш. 3Тараб — шодлик.)
Навоийнинг таржимаи ҳолидан маълумки, айни балоғат ёшида (1456 — 1464 йиллар оралиғида) кўпроқ Машҳадда яшашига тўғри келган. Шоирнинг маҳбубаси эса Ҳиротда қолган бўлиши табиий. Шундан келиб чиқиб, шоир севган қиз турмушга узатиб юборилган бўлса керак, дейиш мумкин. Бу қай даражададир ушбу ғазалда акс этган (“Илк девон”да йўқ, “Бадойеъ ул-бидоя”га кирган):

Эйки аввал қоматинг
васфини шамшод айладим,
Сарви жаннат бўлки,
эмди сени озод айладим.

Навоий кимга қарата “сени озод айладим” деганини англаш қийин эмас. Тақдирнинг бу фожиасига шоирнинг муносабати, айниқса, ҳайратланарли:

Ўзгаларни давлати
васлингда хуш тут, чунки мен
Хаста кўнглумни ғами
ҳижрон била шод айладим.

Хо ҳ сен ёр ўл манга,
хоҳ ўзгаларнинг ёри бўл,
Чун мен ўз таъбимни
бекасликка муътод айладим.1

(1Бекас — ёлғиз, тоқ; муътод — ўзни тайёрлаш, шайланиш, одат.)

Сўнгги мисра Навоийнинг тоқ ўтиш сабабини анча равшан очиб бермоқда. Навбатдаги байтда унинг кейинги руҳий ҳолати акс этган:

Мужда бер, эй шайхким,
тортиб надомат оҳини,
Булҳаваслиқ жузви
авроқини барбод айладим.1

(1Булҳаваслик — ҳавасманд, ошиқлик; жузви авроқ — варақ парчалари, бу ўринда: варақдай йиртиб ташланган.)

“Хазойин ул-маъоний”да шайх кўпроқ риёкор ва мутаассиб сифатида тасвирланади. Кейинги байтда эса “шайх” ижобий маънода тилга олинмоқда — бу ўринда шоир пир, муршид, маслаҳатчига мурожаат қилаётганига шубҳа йўқ. Тақдирга тан бериб, маҳбубасини “озод этган” ва унга саодат тилаб дуо қилган Навоий нажот ниёзини тариқат томон бурган бўлса ажаб эмас:

Неча мен маҳрум ўлуб,
бўлғай анга маҳрам рақиб,
Шукрким, ғайрат тарийқин
оқибат ёд айладим.1

(1Ғайрат тарийқи — саъй-ҳаракат йўлини танлаш.)

Руҳиятдаги бундай бурилиш осон кечмаган, албатта. Бу ғазалнинг якуний байтларида ёрқин ифодаланган:

Ул вафосиз ишқини
тарк этмагунча тинмадим,
Не ямон соатда бу шум
ишни бунёд айладим.

Кўриниб турибдики, шоир қалбида ўзи билан кураш шиддатли кечган, изтироблар, иккиланишлар уни қийнаган:

Эй Навоий, ҳеч билмонким,
уноғайму кўнгул —
Унга мунча ажнабий
сўзларни иршод айладим.1

(1Ажнабий — бу ўринда: сингмайдиган; иршод айламак — бу ерда: демоқ, буюрмоқ маъносида.)

Нақадар самимий эътироф: “Кўнглим бу айтган сўзларимга — бекасликка шайланиш, одатланиш қарорига кўнадими ё йўқми — билмайман”.
Унутмайликки, бу ғазал битилган пайтда Навоий ҳали навқирон, қалби орзу-ҳавасга тўла ёшда эди. Шу боис унинг ошиқ кўнглидаги муҳаббат “чўғ”и тез-тез қўзғалиб, қайтадан алангаланиб турган бўлса ажаб эмас. Масалан, қуйидаги ғазалда шоир ўз руҳий ҳолатини боғдаги булбулга қиёслаб баён қилади:

Яна, эй ишқ, гул рухсорин ошуби
чаман қилдинг,
Ҳазин булбул таниға ҳар биридин
бир тикан қилдинг.

Кўнгулни телба айлаб қайдиға
ҳар ён оқар судин
Чаман занжири гесусинда
юз чину шикан қилдинг.

Саҳо б атфоли жола тошларин
ёғдур ғали, эй гул,
Парий янглиғ зуҳур айлаб,
жунун булбулға фан қилдинг…

Ниҳоли гул нишиман гулшан эттинг
гўйи, эй булбул,
Фироқ ичра тикандин бистару
хасдин ватан қилдинг…

Навоий, қайда ғам сели
яна кўнглунг уйин бузғай
Ки, айларда иморат анда
балчиқ дурд дан қилдинг.

Шоир қалбида кечган изтироблар тадрижи шундан далолат берадики, Навоий муайян сабаблар билан дунёвий ишқ ҳавасини батамом тарк этишга жидду жаҳд қилган. Бу жараён нақадар мураккаб кечгани қуйидаги ғазалда айниқса яққол кўзга ташланади:

Тарки ишқ эттим,
мени ишқ аҳли хайлидин сурунг,1
Чиқмасам, таъну жафо
тоши бошимға ёғдурунг.

Балки бўйнум боғлабон,
ушшо қ ибрат олғали
Ишқ мулки тўрт бозорида
судраб кездурунг.2

Буйла расволиғ била
тортинг бало майдониға,
Ҳар уқубут бирлаким,
имкони бўлғай, ўлтурунг.

Ғусса даштидин ўтун тошиб,
тамуғдин ўт олиб,3
Солибон мен хомнинг
жисмин ул ўтқа, куйдурунг.

Чунки кул бўлдум,
эсарда ҳажр дашти сарсари4
Ову ч овуч олибон,
ул кулни кўкка совуринг…

Дўс т лар, мен ишқини
тарк айлаган бадмеҳрни
Бир баҳона бирла мен
куйган маҳалға еткурунг.5

Гарчи мен бўлдум фано,
боре уятлиғ руҳума
Бодпои сайридин
жаннат насимин эстурунг.6

Иш қ даштида наво кўптур,
Навоийдек биров
Ким, кирар анда,
ани юз минг балоға топшурунг.

(1Хайл — саф; 2“Ишқ мулки тўрт бозори” жумласи тушунарли эмас. Уни “Ишқ мулки дард бозори” деб ўқиш тўғри бўлса керак; 3тамуғ — дўзах; 4сарсар — совуқ шамол, бўрон; 5маҳал — бу ўринда: маҳалла, жой; 6бодпой — тез, жадал.)
Шуниси диққатга моликки, бу ғазал “Илк девон”да, юқорида келтирилган 8 байтдан иборат. Навоий уни “Фавойид ул-кибар” девонига киритар экан, яна икки байт қўшган. Бу эса мазкур шеър шунчаки анъанавий лирика маҳсули эмас, балки мазмунан шоир тақдиридаги муҳим воқеалар билан боғлиқ бўлганидан далолат беради.
Маълумки, тақдир тақозоси билан Навоий йигитлик даврини Самарқандда ўтказади. Сафар ҳижрон дардини енгиллатади, дейдилар. Бироқ шоир қалбининг тубига чўккан ўкинч ва аламлар турли сабаблар билан ёдга тушиб, айрилиқ дардини янгилаб турган. Мана бу ғазал шоир дўстлари билан боғу чаманзорларни сайр қилган чоғда унинг кайфияти қандай бўлганидан дарак беради:

Қаю манзилки анда ҳосил
ўлғай лаҳзае комим,1
Бу ҳасрат ўлтурурким:
не учун йўқтур дилоромим?

Қачон гул бирла сарв андомиға
боқсам чаман ичра,2
Бузар кўнглумни ёдимға
кириб сарви гуландомим.

Таҳаррук топқали лаълинг била
ғунчанг такаллумда,3
Не жоним ичрадур таскину
не кўнгулда оромим.

Фироқинг зулмидекдур
шоми ҳажрим муддати, яъни
Давосиз дардим ул янглиғдурурким —
субҳи йўқ шомим.

Кўнгул олдурмасунлар ҳусн боғи
гулларин кўргач,
Сабо, лутф айлабон ишқ аҳлиға
еткур бу пайғомим.4

Харобот ичра ишқу мастлиғдин
ҳолим оғози,
Не бўлғай билмон, эй пийри харобот,
анда анжомим?5

…Сизу нўши висол, эй, дўст ларким,
соқийи даврон6
Фироқу дард заҳридин тўла қилмиш
менинг жомим…

(1Ком — мурод; 2андом — бу ўринда: қомат; 3таҳаррук — ҳаракат қилиш; 4пайғом — хабар; 5оғоз ва анжом — бошланиш ва тугаш; 6нўши висол — висол (майи)ни татиш.)

Навоий умрини “бекаслик” билан яшаб ўтаётгани атрофидагиларни қизиқтирган, дўстларини эса ташвишлантирган бўлиши табиий. Шоир улардан ҳатто анча-мунча танбеҳ ва таклиф эшитгани ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Лекин у илк муҳаббатига садоқатда қатъий тургани аниқ:

Бор эди ул ҳамки бир чоғ —
бизга ёре бор эди,
Куллий ар ёр ўлмаса
филжумла боре ёр эди.1

Васлидин бутқормаса,
таскин берур эрди сўраб,2
Хаста кўнглум дардиниким
ҳажридин афгор эди.

Мен агар маҳрум эдим,
маҳрам ҳам¬ эрмас  эрди ул,
Кўнглум ар озурда эрди,
лек миннатдор эди.3

Шамъ агар ёрутмаса
куйдурмаса ҳам яхшидур,
Не улусқа  улфат андин,
не манга озор эди.

Гўйиё шукр этмадимким,
онсиз ўлмишмен бу дам,
Ул қуёшимни ёшурған
чархи кажрафтор эди.4

Чарх билмонким манга бу
узрни тутти раво,
Йўқса меҳ р аҳлиға
ул то бор эди, ғаддор эди.5

Ёр сиз деманг Навоий маст эмиш,
эй аҳли ҳуш
Ким, анга то ҳаж р бор эрди,
қачон ҳуш ё р эди?

(1Куллий — тўлиқ, бу ўринда: ўз-ўзимники; филжумла — хусусан, бу ўринда: хуллас, ҳар қалай; 2бутқормоқ — битказмоқ, бу ўринда: насиб этмоқ; 3озурда — озор чекиш; 4кажрафтор — тескари; 5ғаддор — бераҳм.)
(Чархи кажрафтор Навоийнинг маҳбубасини “яширган”, аммо нима учун “ғаддор чарх” шоирга узр раво кўргани, бунинг учун эса шоир миннатдор бўлаётгани ажабланарли.)
Навоий руҳиятидаги кураш давом этган. Балки ақл ва туйғу уни янги бир севги сари ундагандир, аммо кўнгил “унамаган”. Буюк қалб соҳибининг ботинидаги бу каби зиддиятлар натижасида дунёвий ишқ идеаллашиб, илоҳий ишқ томон юксала борган:

Ўзга бўлди ёру меҳри
менда боқийдур ҳануз,
Нотавон кўнглумда ул ой
иштиёқидур ҳануз.

Гарчи ўзга ёр истар хотирим,
бордур валек
Жон анга манзил, кўнгул онинг
висоқидур ҳануз.1

Ғай р ишқи кўнглум уйинда
нечук қилғай нузул?2
Ким, хаёли маскани
кўзум равоғидур ҳануз…

Эй Навоий, гарчи мени меҳрсиз
дер эрди ёр,
Ўзга бўлди ёру меҳри менда
боқийдур ҳануз.

(1Висоқ — уй, макон; нузул — бу ўринда: ўрнашиш.)

Атрофидагиларга мурожаат билан бошланган мана бу ғазалдан ана шу кураш билан боғлиқ бошқа бир кайфият насими эсади:

Ишқ таркин қилдиму чиқти
кўнгулдин ёди ҳам,
Сизга васлининг нишоти,
ҳажрининг бедоди ҳам.

Иш қ бузсун деб кўнгул мулкини
обод айладим,
Ер қуйи эмди анинг вайрони ҳам,
ободи ҳам.

Зор эдимким, шо д эмас
ишқ ичра кўнглум хотири,
Эмди кўнглум қолмади,
ул хотири ношоди ҳам…

Даҳ р боғидин, кў нгул,
нафъи вафо кўз тутмаким,
Бесамардур сарви ҳам,
саркашдурур шамшоди ҳам.

Мен вафо кимдин топай,
бу шевани чун топмади
Офаринишда парий жинси,
башар авлоди ҳам.1

Ёр сизлиғдин Навоийни
яна қўрқутмангиз
Ким, бу саъ б ишга юрак бостим,
кў нгул тўқтоди ҳам.

(1Офариниш — бу ўринда: олам яратилгандан бери.)
Бу каби зиддиятли кечинмалар узоқ йиллар давом этган бўлса керак. Навоийнинг ўрта ёшлик (“васат”) йилларида ёзилган қуйидаги ғазали ҳорғинлик руҳияти билан битилгандай туюлади:

Ёрдин ҳижрон чекар
ушшоқи зор, эй дўстлар,
Неча тортай ҳажр, чун йўқ
менда ёр, эй дўстлар.

Ёр ишқин асрағил пинҳон,
дебон саъй этмангиз,
Ваҳ, не навъ этгум йўқ ишни
ошкор, эй дўстлар.

Иш қ бирла гар биров лофи
вафою аҳ д урар,
Ишвагарлар аҳдиға йўқ эътибор,
эй дўстлар.

Айламанг бекаслигимни таън,
бир кун бор эди
Менда ҳам бир нозанин чобуксувор,
эй дўстлар.1
Ё р сиз вайронда қон йиғларме н охир,
сиз қилинг
Ё р бирла гашти боғу лолазор,
эй дўстлар.

Ё р сиз ифрот ила гар йиғласам,
айб этмангиз2
Ким, эрур бу иш ма нго беихтиёр,
эй дўстлар.

Дўс т луқ айлаб тутунг гаҳ-гаҳ
лаболаб жо м ким,
Қасди жон қилмиш манго дарди хумор,
эй дўстлар.

Май ичингким, даҳ р эли ичра
кў п истаб топмадуқ
Аҳду паймониға бўлғон устувор,
эй дўстлар.

Ёрингиз васлин ғанимат англабон
шук р айлангиз
Ким, Навоий ўлди бекасликда зор,
эй дўстлар.

(1Чобуксувор — бу ўринда: шўх, чаққон; 2ифрот — ҳадсиз.) (Бу ғазал навоийшунос олим Н.Жумахўжанинг “Сатрлар силсиласидаги сеҳр” китобида батафсилроқ шарҳланган.)

Шу тариқа ҳижрон “зардоби” билан омухта бўлган дунёвий муҳаббат “шароб”и Навоийни охир-оқибат ҳақиқий ишқ “мастлиги”га ғарқ этади.
Бу ўринда муҳим бир масалага эътибор қаратиш лозим. Навоийнинг муҳаббат тақдири кўпчиликни қизиқтириши табиий. Лекин бу мавзуда енгил-елпи мулоҳаза юритиш, хусусан, Навоий ғазалларидаги “ёр”нинг кимлигини конкретлаштиришга, бирор тарихий шахс билан боғлашга уринишдан тийилган маъқул. Айниқса, бундай “тадқиқот”ларни эълон қилишда етти ўлчаб, бир кесиш тамойилига амал қилиш лозим. Гап шундаки, Навоий асарларида “ишқ” ва “ёр” тушунчалари бугунги авлод ўрганган шундай номдаги тушунчадан анча фарқ қиладиган маъноларга эга.
Масалан, “Маҳбуб ул-қулуб” асарида Навоий “ишқ зикрида” фикр юритар экан, уни уч тоифага бўлади: биринчиси — авом ишқи бўлиб, шоир унга “бу қисмнинг бийикрак мартабаси шаръий никоҳдурким, бари халойиққа суннатдур ва мубоҳ”, дея таъриф беради. Бугунги кунда кўпчилик севги, муҳаббат деганда мана шу мақомдаги туйғуни англайди.
Иккинчиси — хослар ишқи бўлиб, унни “пок кўзни пок назар била пок юзга солмоқдур ва пок кўнгул ул пок юз ошубидин (ҳаяжонидан) қўзғолмоқ”, дея таърифлайди. Бу туйғу Европа адабиётидаги “платоник муҳаббат” деб аталган тушунчага яқин бўлиб, ҳозирги даврда у анқонинг уруғидай кам учрайди. Ниҳоят, учинчиси — “сиддиқлар ишқидурким, алар ҳақнинг тажаллиёти жамолиға мазоҳир воситасидин айру вола ва мағлубдурлар”.
Бугунги авлод “пок муҳаббат”га мойиллиги бўлмаган тақдирда ҳам, жилла қурса, уни тасаввур қилишга имкони етар. Аммо Навоий таърифлаган учинчи тоифадаги “ишқ” тушунчасини ўз умрини тасаввуфшуносликдек мураккаб илм соҳасига бағишлаган айрим олимларгина тушунади, холос. Шундай экан, бу борада анча-мунча билим ва тажриба орттирмасдан туриб, “Навоий севган ёр”нинг кимлиги хусусида фикр юритиш ўринли эмас.
Қолаверса, Алишер Навоий нафақат буюк шоир, айни пайтда Имом Бухорий, Амир Темур сингари маънавиятимизнинг улуғ даҳоларидан бирики, унинг интим ҳаёти тўғрисида “бозорбоп” гаплар тўқиш салкам шаккокликдир. (Хусусан, Навоийнинг Хадича бегимни севгани сўнгги даврда тўқилган ривоят, ёши бир жойга борганда Давлатбахт исмли канизакка ошиқ бўлгани эса Зайниддин Восифийдан қолган мишмишдир.)
Навоий ишқ-муҳаббатнинг ҳар уч босқичини босиб ўтган. Мақоламиз аввалида келтирилган байтда буюк шоир бу тушунчанинг ҳар уч маъносини назарда тутган бўлса, унинг ўрта яшарлигида ёзилган мана бу ғазал энди батамом “сиддиқлар ишқи”га бағишланган:

Иш қ сиррин ҳаж р асири
нотавонлардин сўрунг,1
Ай ш ила ишрат тарийқин
ко м ронлардин сўрунг…

Бизни даврон меҳнати ҳам ожиз этмиш,
ҳам қари,
Ҳус н ила қувватни раъно
навжувонлардин сўрунг.

Беди л эл дилжў й луқ
ё дилшиканлик расмини2
Фаҳ м қилмаслар, бу ишни
дилситонлардин сўрунг.

Не к ном эл иш қ аро
бадно м лиқлар шевасин
Яхши билмаслар, ани
биздек ёмонлардин сўрунг.

Фар д лиқ завқини сўрманг
шавкату жоҳ аҳлидин,
Ул суубат лаззатин
бехонумонлардин сўрунг…

Билмади мақсуди ганжининг
нишонин аҳли расм,
Гар сўрарсиз, они беному
нишонлардин сўрунг.

Чун Навоий ишқ саҳросида
итти, дўстлар,
Они ул ёндин етишган
ко р вонлардин сўрунг.

(1Нотавон — бу ўринда: ишқ қаршисида чорасиз; 2дилшикан — дилозор маъносида.)

Ишқ саҳросида беному нишон кетиш ғоят юксак мавқе — фано мақомига ишора. Аммо бу ҳақда сўраб-суриштириб, ҳақиқатни билиш ниятида у томонлардан келган карвон аҳлига мурожаат қилишнинг сира имкони йўқ. Ахир, ғазалда кўзда тутилган “ишқ саҳроси”га камдан-кам одам етиб бора олган.
Навоийнинг рамзий қаҳрамонлари — Фарҳод ва Мажнун сингари.
Ҳазрат Навоийнинг ўзи сингари.
Етганлар эса ортга қайтган эмас.
Қайтиб нима қилади?
Биз буюк Навоий ишқининг сир-асрорини унинг асрлар оша одимлаб бораётган асарларининг “карвони”дан сўрашимиз мумкин, холос.

P.S. “Илк девон”га жамланган ғазалларни Алишер Навоий кейинчалик ўзи тузган девонларга қай тартибда киритгани тўғрисида ниҳоятда фойдали маълумотнома (Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами, 20-жилд) муаллифларига чуқур миннатдорлик билдирамиз.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 48-сонидан олинди.